Кўксаройнинг тўртинчи ошиёнида энг қаттиқ қўриқланадиган четки хонада ўн тўққиз ёшлик Абдулла Мирзо олти ойдан буён қамоқда ётибди.
Хонанинг деразаси йўқ, фақат қўл етмас баландликда туйнуги бор. Яқинда шу туйнукдан турналарнинг майин қурув-қурувлари эшитилиб қолди. Ўша куни кечаси тепада кучли момақалдироқ қасир-қусур қилди.
Абдулла Мирзо баҳор кирганини ана шу товушлардан пайқади.
Олти ойдан бери бу бегуноҳ йигитни не кўйларга солишмади! Абдулатиф унинг тахтга даъвогар бўлиши мумкинлигини, бир вақтлар Улуғбек Мирзо бу ёш куёвини валиаҳд қилмоқчи бўлганини баҳона қилиб, Абдулла Мирзони ҳам қатл эттирмоқчи эди.
Бундан хабар топган Ҳабиба Султон акасидан шафоат сўрашга борди. Абдулатиф уни қабул қилмади. Ҳабиба Султон вазири аъзам Камолиддин Балхий ҳузурига кирди. Отасидан мерос йирик гавҳарни вазирга совға қилиб, уни юмшатди. Шундан сўнг вазири аъзам орага тушиб, ўлим жазосини кўзига мил тортиб кўр қилиш жазосига алмаштирди.
Бу ҳам дард устига чипқон бўлди. Шунда Бобо Ҳусайн ёрдамга келди. Тилла ва жавоҳирлар қутқарувчи куч эканини Ҳабиба Султон яна бир бор билди. Кўзга мил тортувчи жаллодни олтинга сотиб олишиб, Абдулла Мирзони ёлғондакам кўр қилишди.
Ҳибсхона назоратчисига ҳам бир ҳамён тилла беришди. Шундан сўнг бу назоратчи орқали Абдулла Мирзога сархил егуликлар, иссиқ кийимлар, ўзи сўраган бошқа нарсаларни яшириқча юбориб туришди. Бу нарсалар орасида қоғоз ва қалам ҳам бор эди.
Ҳабиба Султон умр йўлдошининг руҳини кўтарадиган мактублар ёзар, уларга Абдулла Мирзо муҳаббат изҳорига тўлган шеърлар билан жавоб берарди.
Жуда қаттиқ момақалдироқ бўлган куни тушга яқин ҳибсхона эшиги олдида тапир-тупур қадам товушлари кўпайиб кетди. Ҳибсхонанинг пўлат қулфига шошилинч калит солинди. Эшик очилганда Абдулла Мирзо Ҳабиба Султоннинг овозини эшитгандай бўлди.
Қулоқларига ишонмай, эшик томонга интилди. Кутилмаганда ҳибсхонага Ҳабиба Султон кириб келди. Абдулла Мирзо уни бағрига босар экан:
– Тушимми, ўнгим? – деб сўради.
– Ўнгингиз, жоним! – деб Ҳабиба Султон унинг сарғайиб кетган юзига юзини босиб, ўсиб кетган сочларини нозик бармоқлари билан силади.
– Офтоб қаёқдан чиқди, Ҳабиба? – деб Абдулла Мирзо соғинч тўла лаблар билан Ҳабибанинг кўзларидан, қошларидан ўпди.
– Офтоб парвардигори олам даргоҳидан чиқди! Сизни ҳибс қилган золим акамиз нариги дунёга кетди!
– Ростми? Қачон?.. Ким?
Эшик ташқарисида кимлардир одоб сақлаб таклиф кутиб турар эди.
– Ана, сизга нажот келтирган сиймолар! – деб Ҳабиба Султон эшик томонни кўрсатди.
Абдулла Мирзо эшик олдига бориб, оқ соқоллик нуроний Хўжа Бурҳониддин билан Бобо Ҳусайн Баҳодирни кўрди-ю, улар билан қучоқлашиб кетди.
– Хайрият-е! Худо шу кунга етказганига минг шукур!
– Чиқинг энди бу касофат ҳибсхонадан ёруғ дунёга! – деди Хўжа Бурҳониддин ва Абдулла Мирзони Кўксаройнинг иккинчи ошиёнидаги кенг, муҳташам қабулхонага бошлаб тушди. – Энди бу жойларнинг эгаси сиз бўласиз!
– Эртак эшитаётирменми ёки чин? Абдулатиф Мирзо не бўлди?
– Ўлди! Бобо Ҳусайн Баҳодир отган адолат ўқи уни йиқитди. Баҳодирнинг навкарлари падаркушнинг бошини кесиб келиб, Улуғбек мадрасасининг пештоқига осиб қўйдилар! Токи одамлар огоҳ бўлсинлар, падаркушга қандай жазо берилишини етти пуштигача унутмасинлар! Бундай гуноҳи азим юртимизда ҳеч вақт такрор бўлмасин!
Абдулла Мирзо Бобо Ҳусайннинг қўлини олиб, баҳодирона иш қилгани билан табриклади.
– Абдулатифнинг қўриқчилари кўп эди-ку! Уларнинг орасидан қандай омон чиқдингиз? – деб сўради.
– Худо ўзи ўнг келтирди. Боғи Баланддан чиқаверишда катта садақайрағочларнинг ортида навкарим билан паналаб турган эдим. Абдулатиф тўртта қўриқчиси билан яқин жойдан ўтиб қолди. Мен орқадан отган ёй ўқи юрагига бориб қадалган экан, отдан йиқилибоқ жон берибди. Қўриқчилари менга ҳамла қилар деб ўйладим, навкарим иккимиз камонга ўқ ўрнатиб, ҳужум қилишса отгаймиз деб шайландик. Йўқ, қўриқчилар Абдулатифнинг жасадини ташлаб тирақайлаб қочиб қолди. Шундан сездимки, қўриқчилари ҳам ундан безор бўлиб, қутулишнинг йўлини ўйлаб юрган эканлар.
– Сизнинг шу жасоратингиз туфайли биз ҳибсдан озод бўлдик. Бу нажоткорлигингизни умрбод унутмасмен, жаноб Бобо Ҳусайнбек!
– Бир мен эмас, мана, шайхулисломимиз ҳазрат Хўжа Бурҳониддин бошлиқ юзлаб адолатпарвар одамлар маслаҳатлашиб шу ишни қилдик.
– Энди нажоткорлик навбати сизга келмоқда, амирзодам! – деди Хўжа Бурҳониддин. – Мамлакатни золимлардан покламоқ учун давлатни яхши одам бошқармоғи керак. Раҳматлик Улуғбек Мирзо сизни ўзларига валиаҳд қилиш ниятлари борлигини менга айтган эдилар. Ул зоти олийнинг шу ниятларини биз васият ўрнида қабул қилурмиз.
– Ташаккур, ҳазратим. Аммо менга имкон беринг… Сал ўзимга келай!
– Абдулла Мирзонинг кўпдан бери тарашланмаган қоп-қора соқол-мўйлови ўсиб, лабларини бекитиб қўйган, сочлари пешонаси ва бўйинларини қоплаб ётарди.
– Ҳабиба Султон ясавулбоши ва сарой хизматчиларини зўрға топди. Чунки Абдулатифнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар бутун сарой аҳлини ваҳимага солиб, қочириб юборган эди.
Кўксаройдан Бўстонсаройга ўтдилар. Тахт турган қабулхона, вазирлар девонхонаси бўм-бўш. Илгариги амалдорлар тумтарақай бўлиб қочиб қолган эди. Лекин Бўстон саройда ювинадиган жой ҳам, овқатланадиган бўлмалар ҳам ҳаммаси бор эди.
Кечагина Абдулатифга хизмат қилган ва унинг қўрқинчли феълидан титраб-қалтираб юрган офтобачи энди сартарошни топиб келиб, Абдулла Мирзонинг соч-соқолини олдирди, унинг ювинишига ва шоҳона тоза кийимлар кийишига ёрдамлашди. Бошига жиға қадалган чиройли заррин салла кийдирди.
Бунгача ошхонада бедана кабоб тайёрланди. Абдулла Мирзо севгилиси Ҳабиба Султон ёзган дастурхондан тўйиб овқатланди, узум шарбатидан ичиб, чанқоғини босди.
Бу орада Бобо Ҳусайн ва бошқа содиқ амирлар Хўжа Бурҳониддин билан бирга шаҳарда осойишталикни сақлаш ва Абдулла Мирзони тахтга чиқариш тайёрлигини кўрдилар.
Жоме масжидида имомлик қилган Хўжа Бурҳониддин Абдулатифнинг падаркуш сифатида ҳалокатга учраганини ва Улуғбек Мирзонинг васиятига биноан Абдулла Мирзо тахтга чиққанини эълон қилди.
Орадан бир кун ўтгач, жума куни Абдулла Мирзонинг номи хутбага қўшиб ўқилди.
Янги тождор Бобо Ҳусайн баҳодирни вазири аъзам қилиб тайин этди. Иккови қўриқчи навкарлар ва мулозимлар қуршовида Амир Темур мақбарасини ва Шоҳи Зиндани зиёрат қилдилар. Сўнг Улуғбек Мирзо мадрасасига йўл олдилар.
Мадраса пештоқида кечадан буён падаркушнинг боши осилганича одамларга томоша бўлиб турар эди.
Абдулла Мирзо мадраса ҳовлисида кўринганда ичкаридан марҳумнинг онаси юзларини юлиб-қонатиб, дод-фарёд қилиб чиқди:
– Вой, мен она бўлмай ўлай! Боламнинг жасадини кўмгани қўймайдилар-а! Танаси бошқа жойда, боши бу ерда! Бу қандай шафқатсизлик! Вой, рухсат беринглар! Шўрликни тупроққа топширай!
Мотамзада онага кўпчиликнинг раҳми келди. Абдулла Мирзо марҳумни шу бугуноқ дафн этишга буйруқ берди.
Лекин Абдулатифни темурийлар хилхонасига – отасининг ёнига қўйишни мўйсафидлар маъқул қўрмади. Марҳумни кечки пайт четроқдаги қабристонга олиб бориб тупроққа топширдилар.
* * *
Ноҳақ ҳибс қилинган олиму мударрислар ҳам қамоқҳоналардан чиқарилди. Уларнинг орасида Абдулла Мирзога илми нужумдан сабоқ берган Али Қушчи ҳам бор эди. Абдулла Мирзо Али Қушчини ҳибсхона олдида қучоқ очиб кутиб олди, яхши бир отга миндирди.
– Уйга бориб дамингизни олинг, мавлоно, – деди. – Кейин расадхонани қайта ишга тушириш бўйича неки таклифингиз бўлса бирга кўриб чиқурмиз.
Қатағон кунлари ҳар қаёққа тарқаб кетган муллаваччалар ҳам мадрасаларга қайтдилар. Самарқандда ҳаёт аста-секин Улуғбек давридагидек изга туша бошлаган кунларда Бухоро томондан ташвишли хабар келди.
Абдулатифнинг ҳукми билан Бухоро аркига қамаб қўйилган Султон Абусайид Самарқандда юз берган ўзгаришлардан фойдаланиб ҳибсдан бўшаб чиқибди. Бухоро уламоларининг пешвоси Хўжа Арқуқий Султон Абусайиднинг Абдулла Мирзодан олти ёш катта эканини ва Шоҳруҳ Мирзонинг акаси Мироншоҳ авлодига мансублигини важ қилиб кўрсатибди.
– Самарқанд тахтига Султон Абусайид муносиброқ! – деган фикрни кўпчилик орасида тарғиб қила бошлабди.
Бу тарғибот бултур Самарқандни Улуғбек Мирзодан тортиб олишга уринган арғин уруғига беку навкарларни яна Султон Абусайид атрофига тўплайди. Хўжа Арқуқийнинг кўпчилик муридлари ҳам Абусайид Мирзо тарафига ўтади.
Бу хабарлар ишончли одамлар орқали Самарқандга етиб келгандан сўнг Абдулла Мирзо ҳам шошилинч равишда қўшин тўплашга киришди.
Султон Абусайид Бухородан икки минг аскар билан йўлга чиқиб, Самарқандга таҳдид солиб кела бошлади.
* * *
Султон Абусайид қўшинининг асосий қисми яйдоқ чўлларда от чоптириб ўрганган кўчманчи арғинлар эди. Миёнқол деб аталадиган икки дарё оралиғидаги дов-дарахтлар ва шолизорлар уларнинг ҳаракатини қийинлаштириб қўйди. Суғориладиган ерларга от қўйиб кирган арғинларнинг анча-мунчаси сув тўлдирилган шолизорларда балчиққа ботиб, юролмай қолди ва Абдулла Мирзо навкарларининг ўқларига нишон бўлди. Ёв қўшинлари полизларни топтаб, бошқалари сарғайиб етилган буғдойзорларни пайхон қилди, боғлардаги мевали дарахтларни синдириб кетди. Бу ҳаммаси Миёнқол аҳолисининг ғазабини келтирди.
Очиқ майдонда Абдулла Мирзо қўшини Абусайид аскарлари билан юзма-юз туриб қаттиқ жанг қилаётган пайтда минглаб Миёнқол йигитлари орқадан арғинларга кучли зарбалар бердилар.
Икки ўт орасида қолган Султон Абусайид жангни бой бериб, Дабусия қалъасига қараб чекинди. Аммо бу қалъадагилар уни дорвозадан ичкарига киргизмай ҳайдадилар. Бухоро қалъасидагилар ҳам қамалда қолиш эҳтимолидан чўчиб, Абусайидга дарвоза очмадилар.
Абдулла Мирзонинг қувғинчилари Абусайидни таъқиб этиб келмоқда эди. Султон Абусайид ўнг ёнида от чоптириб келаётган Хўжа Арқуқийнинг маслаҳати билан жиловини Туркистон томонга буради. Бироқ Бобо Ҳусайн бошлиқ қувғинчилар унинг изидан Туркистонга ҳам етиб борадилар. Шундан кейин Султон Абусайид Дашти Қипчоқдаги Абулхайрхонга қарашли ерларга қочиб ўтиб, зўрға жон сақлади.
* * *
Абдулла Мирзо номига битилган ғалаба фатҳномаси мамлакатнинг барча вилоятларига тарқатилди ва махсус чопар билан Ҳиротга ҳам юборилди.
Гавҳаршод бегим Абдулла Мирзонинг тахтга чиққанини эшитганидан буён:
– Менинг Самарқандга борадиган йўлларим энди очилибдир! – деб сафарга тайёрланмоқда эди. Шунинг устига суюкли неварасининг Абусайид билан жанг қилиб ғолиб чиққани ҳақидаги хушхабар ҳам келди-ю, бегим қувонганидан қанот чиқариб учгудек бўлди.
Асад ойи кириб, иссиқнинг тапти сал пасайгандан сўнг Ҳирот тождори Абулқосим Бобур момосини узоқ сафарга кузатиб қўйди. Кекса бегим йўлларда кўп озор чекмаслиги учун ипак пардалар тутилган шоҳона маҳофа унинг ихтиёрига берилди. Маҳофада толиққанда бақувват йигитлар бегимни юмшоқ тахти-равонда кўтариб борадиган бўлишди.
Замон ҳали унча тинчиган эмас. Абдулатифнинг ўлимидан кейин қувғинга учраган Балх ва Бадахшон сипоҳилари Самарқанддан ўз юртларига аламзада бўлиб қайтиб кетаётганда талончилик қилаётгани ҳақида ташвишли хабарлар бор эди.
Шунинг учун Абулқосим Бобур момосининг хавфсизлигини таъминлаб боришни Низомиддин Аҳмад Тархон бошчилигидаги беш юз кишилик қўриқчи аскарларга топширди.
Ҳиротдан момоси келаётганини эшитган Абдулла Мирзо Ҳабиба Султонни ёнига олиб, Термизга етиб келди. Гавҳаршод бегимни кемага солиб Пайғамбар оролига олиб ўтдилар. Бу ерда Улуғбек Мирзо курдирган чиройли кўшк бор эди. Шу кўшкда энг аввал Улуғбек Мирзони ёдга олиб тиловат қилдилар. Бошларидан ўтган мудҳиш воқеаларни эслаганда дил яралари янгиланиб, кўз ёш тўкдилар. Эсон-омон дийдор кўришганлари учун парвардигорга шукроналар ҳам айтишди.
Гавҳаршод бегим келин-куёвга Ҳиротдан бир сандиқ саруполар, дуру гавҳар тақинчоқлар, куёвга бедов отлар, ов қушлари олиб келган эди. Буларнинг ҳаммасидан беҳад қувонган Ҳабиба Султон момосининг бир елкасидан, Абдулла Мирзо унинг иккинчи елкасидан қучди.
– Моможон, биз икковимиз ҳам сизнинг тарбиянгизни олганмиз-а! – деди Ҳабиба Султон бувисини оппоқ сочидан ўпиб.
– Рост, сизнинг дуоларингиз билан шу кунларга етишдик! – деб Абдулла Мирзо момосининг оқ фотиҳа тилаб ёзган жавоб мактубини эслади.
– Оҳ, айланай сизлардан! Келин-куёвлик икковларинга ҳам беҳад ярашибди! Гулдай очилиб, шундай кўҳлик бўлибсизларки, илоҳим ёмон кўздан асрасин!
– Ҳа, дунёда бизга кўз тиккан ёмонлар кўп!
– Раҳматлик бобонгиз Шоҳруҳ Мирзо менга неваралар тарбиясини топшириб, «буларни лочиндай юксакда парвоз этадиган қилиб тарбияланг» деган эдилар. Аксига олиб, мен тарбиялаган неваралардан бири Алауддавла… илоннинг ишини қилди. Бири Абдулатиф… падаркуш бўлди. Бундан кўнглим вайрон бўлиб юрган эдим. Хоқони Саййиднинг топширган неки ишини уддалай олмадим деб ўксинар эдим. Лекин, хайрият, Самарқандда, мана Абдулла Мирзо билан Ҳабибажон… Ҳиротда Абулқосим Бобур… Ҳозир уччовингиз менинг энг меҳру оқибатлик невараларимсизлар. Раҳматлик боболаринг орзу қилган лочинлар сизлардан ортиқ бўлмас!
– Ундай бўлса бизнинг она лочинимиз – ўзингизсиз! –деди Ҳабиба Султон.
– Шундай ширин сўзларни айтган тилгинангдан ўргилай! – деб момоси Ҳабибани қучоқлаб, суйиб ўпди.
Дарё салқинида роҳатланиб, Пайғамбар оролида бир кеча тунадилар. Эртаси куни ўнг қирғоққа ўтиб, Самарқандга йўл олдилар.
Бора-боргунча тоғлар ҳам, водийлар ҳам, шаҳару қишлоқлар ҳам бегимга ўғли Улуғбекни эслатарди. Ана, Бойсунтоғ. Ундан нарида Ҳисор тизмаси, Хўжайи пок чўққиси… Сайроб чашмасида сузиб юрган балиқлар… Булар ҳаммаси Мирзо Улуғбекни кўп марта кўрган. Ғузор, Шаҳрисабз, Тахти Қорача довони… Бу гўзал манзиллардан Гавҳаршод бегим ўғли Улуғбек билан неча марта бирга ўтган эди. Энди бу жойлар ҳаммаси бегимдан Мирзо Улуғбекни сўроқлаётгандай бўларди. Ҳатто кечаси осмонни тўлдириб чиққан юлдузлар ҳам ер юзидан Улуғбекни тополмай, унинг онасига маъюс термилиб тургандай кўринарди.
Самарқандга, Амир Темур мақбарасига етиб борганларида Гавҳаршод бегим Улуғбек қабрини худди бешик каби қучоқлаб, елкалари силкина-силкина узоқ йиғлади. Улуғбек гўдаклик пайтида бегим кечалари унинг бешигига бағрини бериб, бола эмизганлари ёдига тушди. Шундан кейинги эллик беш йиллик ҳаёт кўз олдидан яшин тезлигида ўтди. Лекин хаёли ўзига келганда гўдакнинг илиқ нафаси келадиган бешикни эмас, қирралари кўкрагига ботиб турган совуқ қабр тошини қучоқлаб йиғлаётганини кўрди…
* * *
Гавҳаршод бегим учун Улуғбек Мирзо яхши кўрадиган Боғи Майдонда, Чиннихона қасрида махсус жой тайёрлаб қўйилган эди. Бу ердан расадхона яқин. Эртаси куни бегим Абдулла Мирзо билан Ҳабиба Султонни икки ёнига олиб, расадхонага борди.
Ер тагидан чиқиб келган ва уч қаватлик улкан бинонинг шифтигача кўтарилиб борган зинапояларда Улуғбекнинг руҳи кезиб юргандай туюларди. Гавҳаршод бегим Улуғбекнинг руҳига садоқат сақлаб келаётган ва расадхонада, унинг ишини давом эттираётган Али Қушчи бошлиқ олимларга саруполар кийгизди.
Алғов-далғов пайтларида расадхонадаги қимматбаҳо асбобу-олотлардан анчаси ўғирланган экан.
– Бу асбобларни янгидан ясатиш мумкин эмасмикин? – сўради Гавҳаршод бегим Али Қушчидан.
– Лойиҳалари бор, усталарга буюртма бериш мумкин, аммо катга маблағ керак.
– Маблағни топиб берурмиз, мавлоно! – деди Абдулла Мирзо.
– Момонгиз ҳам бу ишга озгина ҳисса қўшгай! – деди Гавҳаршод бегим ва Ҳиротдан пўлат сандиққа солиб келинган тилла тангалардан беш мингтасини
расадхона харажатлари учун иньом қилди.
Эртаси куни Улуғбек мадрасасига бориб, мударрислар ва толиби илмлар билан учрашдилар. Гавҳаршод бегим мадраса эҳтиёжлари учун ҳам беш минг тилла совға қилди.
– Моможон, бобомдан қолган олтин захираларингиз ҳали кўпми? – деб ҳазиллашиб сўради Абдулла Мирзо. – Бизга атаганингиз ҳам бордир?
– Бор, шоҳ ўғлим. Ҳиротга қайтсам сизга бир сандиқ олтин бериб юборгаймен.
Самарқандда Улуғбек Мирзо хотираси учун Гавҳаршод бегим номидан жума куни элга ош тортилди, хушовоз қорилар тиловатлар қилишди.
Куз кириб, боғларда барча мевалар етилган пайтда маҳаллаларда яна дастурхонлар ёзилиб, Улуғбек Мирзонинг йил ошиси берилди.
Бу орада Гавҳаршод бегим Боғи Дилкушога бориб, Абдулатифнинг онаси ва болаларидан хабар олди.
Ҳусн Нигор хоним касалманд бўлиб, ҳассага суяниб қолган эди. У дарвоза олдига етиб келгунча Абдулатифнинг беш ўғли бирин-кетин югуриб чиқиб катта момоларини таъзим билан кутиб олдилар. Бир йилда сочлари оппоқ оқариб кетган Ҳусн Нигор хоним Маҳди Улё қайнонасининг оёғи остига ўзини ташлаб, уввос солиб йиғлади.
Гавҳаршод бегим унинг елкасидан олиб, зўрға оёққа турғизди.
– Афу этинг, ҳазрат бегим, кечиринг!
– Парвардигорнинг ўзи кечирсин, келинпошшо! Сиз билан биз энди мана шу невараларни меҳру оқибатлик қилиб ўстирайлик.
– Бу болалар ҳам маломатга қолди, ҳазрат бегим. Мактабга борса тенгдошлари «Падаркушнинг ўғли» деб даврага қўшмас эмишлар.
– Ё, тавба! Бу норасида болаларда не айб? Ундай бўлса, мен бу чевараларимни Ҳиротга олиб кетайми?
– Борасенларми Абдураззоқ? Жўқий? Қайду? – Боргаймиз! – дейишди катта чеваралар. Кичиги Боқий Мирзо ҳали энди беш ёшга кирган эди.
– Майли келин, кичиклари сиз билан қолсин. Невара ширин бўлур. Овунгайсиз. Шу қарорга келишиб, йўл тараддудини кўришаётганда Дашти Қипчоқ томондан нохуш хабар келди.
Ёзда Самарқандга ҳужум қилиб уни ололмаган Султон Абусайид энди Саброн ва Сиғноқ томонларга бориб, Жўжихон авлодидан бўлган Абулхайрхонга қуллуқ қилаётган эмиш. Абулхайрхоннинг ўттиз мингдан ортиқ қўшини бор эди. Ўзи Улуғбек даврида бир неча марта Самарқанду Бухоро атрофларига талончилик юришлари уюштириб, катта ўлжалар билан Дашти Қипчоғига қайтиб кетган эди. Бу гал агар у Темурийзода Абусайид билан иттифоқ тузиб, Самарқандга бостириб келса, Абдулла Мирзо уларга бас келиши амри маҳол.
Бундан ташвишга тушган Гавҳаршод бегим тезроқ Ҳиротга қайтиш ва Абулқосим Бобурни Абдулла Мирзога кўмак юборишга кўндириш ниятини кўнглига тугди.
Бегим энди чеваралар тақдири учун ҳам ўзини жавобгар сезарди. Шу сабабли Абдулатифнинг ўғиллари, яъни Улуғбек Мирзонинг неваралари Абдураззоқ ва Жўқий Мирзоларни ўзи билан бирга Ҳиротга олиб кетди.
Бир вақтлар Улуғбек Мирзо давридаги уруш ҳаракатларини тўхтатишда Гавҳаршод бегим аллома Ориф Озарий орқали катта иш қилгани ва шундан кейин Ҳирот тахтини эгаллащда Абулқосим Бобурга ўз маслаҳатлари билан ёрдам бергани учун бу невара момосини жуда эъзозларди, ҳафта-ўн кунда бир марта Боғи Сафедга келиб, бегимдан хабар олиб кетарди. Абулқосим Бобур саройининг Гавҳаршод бегимга эҳтироми ҳам шунга яраша жуда баланд эди.
Бегим Самарқанддан қайтаётгани ҳақида Ҳиротга хабар келганда подшонинг топшириғи билан бош вазир ва шаҳар доруғаси бир кунлик йўлга пешвоз чиқиб, Гавҳаршод бегимни кутиб олдилар. Эртаси куни эрталаб Боғи Сафедга Абулқосим Бобурнинг ўзи ҳам момосини кўргани келди. Гавҳаршод бегим тождор неварасини бағрига босиб кўришар экан, ундан хушбўй май ҳиди келаётганини сезди.
Абулқосим Бобур ўттиз ёшлик хушсурат ва шоиртабиат йигит бўлиб, отаси Бойсунқур Мирзога ўхшаб, май базмларини яхши кўрар эди. Бугун кечаси ҳам тонготар май базми қилган бўлса керак, кам ухлаганидан кўзлари қизариб турибди. Овози ҳам дўриллаб эшитилди:
– Ҳазрат моможон, қалай, Самарқанддан хурсанд бўлиб қайтдингизми?
– Хурсандчилик кўп бўлди, сиз менга қўшган одамлар узоқ сафарда оғиримни енгил қилганларидан миннатдор бўлиб, беш вақт намозларимда сизни дуо қилдим!
– Ташаккур, момо!
Бегим Ҳирот тождорига аввал қувончли воқеаларни сўзлаб берди-да, кейин Дашти Қипчоқ томондан Самарқанд устига бостириб келиши мумкин бўлган хавф-хатардан сўз очди:
– Абусайид Мирзо йигирма еттига кирган, кўп балоларни кўриб пишган тадбирлик рақиб. Агар у Абулхайрхон билан иттифоқ тузиб, Самарқандни олса, Ҳирот ҳам хавф остида қолгай. Соҳибқирон Амир Темур Туронни чингизийлардан озод қилган эдилар. Чиғатой авлодларини Мўғулистонда, Жўжи авлодларидан бўлмиш Тўхтамишхонни Олтин Ўрдада мағлуб этган эдилар. Шундан бери чингизийлар аламзада бўлиб, темурийларга қарши неча бор тажовуз қилдилар. Уларнинг қанча ҳужумларини Улуғбек Мирзо билан раҳ-матли бобонгиз Хоқони Сайид қайтардилар. Лекин ҳали темурийлардан биронтаси Дашти Қипчоқдаги чингизийларга ёрдам сўраб борган эмас эди. Султон Абусайид Абулхайрхон билан иттифоқ тузиб, душман қўшинини Самарқандга бошлаб келса, темурийлар сулоласининг илдизига болта ургандай бўлур. Ҳазратим, сиз ҳам шу шажара дарахтининг яшнаб турган бир шохисиз. Илдизга урилган болта барча шохларга зарар келтирур. Шунинг учун мен сиздан илтижо қилурмен, Самарқандга, Абдулла Мирзога кўмак юборинг. У сизга совға-саломлар билан шайхулислом Хўжа Бурҳониддинни элчи қилиб юборган. Ҳозир сиз Ҳиротда, Абдулла Мирзо Самарқандда менинг икки қанотим бўлиб турибсизлар. Илоё, бу қанотларим доим бир-бирларидан куч олиб парвоз этсинлар!
– Айтганингиз келсин, ҳазрат момо. Мен Абдулла Мирзонинг элчисини яқин кунларда қабул қилгаймен. Ғарбий чегараларимиз нотинчроқ бўлиб турибдир. Қора қўюнли туркманлар Табризу Исфаҳонга қаноат қилмай Журжону Астрободга кўз олайтирмоқдалар. Уларни даф қилгандан сўнг амиру аёнлар билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, Абдулла Мирзога, албатта, кўмак юборгаймиз.
Лекин ғарбий чегараларни тинчитиш Абулқосим Бобур ўйлаганидан кўпроқ вақт олди. Хуросонлик амиру аёнлар, айниқса, уларнинг энг эътиборлиси бўлган Амир Шерҳожи Туронга бориб, Чингизхон авлодлари билан урушиб юришни истамас эди. Юмшоқ табиатли Абулқосим Бобур бу амирларга доим ҳам ўз сўзини ўтказолмасди.
Абдулла Мирзодан элчи бўлиб келган Хўжа Бурҳониддин қиш бўйи Ҳиротда қолиб, кутилган натижага эришолмади. У Самарқандга қайтаётганда Гавҳаршод бегим Шоҳруҳ Мирзодан мерос қолган сўнгги хазинани очтириб, Абдулла Мирзога ваъда қилган олтинларини усти ёпиқ бир аравага юклатди. Элчига ишончли қўриқчилар ҳам бериб, бу бойликни Самарқандга жўнатди.
Ҳаёт-мамот жангига тайёрланаётган Абдулла Мирзо учун момоси юборган олтинлар жуда асқотди. Ёзгача ўн минг кишилик аскарлар ёлланиб улар от улов ва қурол яроғ билан таъминланди.
Жавзо ойининг охирларида Султон Абусайид қўшини Шоҳруҳия ва Жиззах орқали Самарқандга яқинлашиб кела бошлади. Абдулла Мирзо ўз лашкари билан Самарқанддан чиқиб, унинг йўлини Булунғурда тўсди.
Абусайид Мирзонинг қўшини саккиз минг атрофида эди. Абдулла Мирзо тап тортмай бу қўшин билан жангга киришди.
Кўп урушларни кўрган тажрибали Абулхайрхон атайлаб Султон Абусайид қўшинини олдинроқ жангга солди. Ўзи эса йигирма минг аскари билан анча орқада – Сангзор дарёсига ва Маржонбулоқ томонларга борадиган сувсиз сойлар ичида, тепаликлар ортида пистирма бўлиб паналаб турди.
Абдулла Мирзо Абулхайрхоннинг алоҳида қўшин билан орқадан келаётганини биларди. Унинг назарида, аввал Султон Абусайидни тор-мор қилса, қейин Абулхайрхон билан яккама-якка олишиш осонроқ бўладиганга ўхшарди.
Бироқ Султон Абусайид лашкари орқага чекиниб бориб, Абулхайрхон қўшини билан бирлашди-ю, жуда катта кучга айланиб кетди.
Самарқандликлар Абусайидни Булунғурдан Сангзор томонга қувиб бораётганда пистирмада турган Абулхайрхоннинг йигирма минг қўшини сойлардан, тепаликлар ортидан селдай ёпирилиб чиқди.
Даштий Султонлар тўлғама усулини ишлатиб, Абдулла Мирзо қўшинининг икки қанотига тегмай айланиб ўта бошлади.
Буни кўрган Бобо Ҳусайн Абдулла Мирзо минган отнинг жиловини тутди:
– Ҳазратим, қайтмоқ керак!
– Қочайликми, а? Қайси юз билан Самарқандга қайтамиз?!
– Иложи йўқ. Даштий Султонлар бизни қуршовга олмоқчи! Қаранг, қанотларимизга тегмай орқадан зарба беришмоқчи!
Абдулла Мирзо ғулда ўзи билан бирга жанг қилиб келаётган икки минг отлиқ йигитни орқага қайтарди. Аммо даштий Султонлар бу орада от чоптириб, қайтиш йўлини ҳам бекитиб олишга улгурдилар.
Абдулла Мирзо отнинг жиловини ёли устига ташлаб, чап қўлига ҳам қилич олди. Икки қўлда икки қилични сермаб, ёв аскарларининг уч-тўрттасини эгардан ағанатди. Бобо Ҳусайн бошлиқ юзтача беку навкарлар Абдулла Мирзони икки ёндан ва орқадан ҳимоя қилиб, қуршовни ёриб ўта бошладилар.
Шу пайт очиқ турган олд томондан ёв камончилари ўқ ёғдирдилар. Бу ўқлардан беш-олтитаси Абдулла Мирзонинг зирҳли дубулғасига ва жибасига урилиб қапчиб кетди. Шунда душман мергани Абдулла Мир-зонинг бўйнини мўлжалга олди.
Бош ҳаракатда бўлиши учун зирҳни кийимнинг бўйинга ёпилган қисмида озгина очиқ жой қолдириларди. Ёв мергани эпчиллик билан отган ёй ўқи ана шу очиқ жойни топиб ўтди-ю, Абдулла Мирзонинг бўйнига санчилди.
Бўйиннинг йўғон томири ўтган жойдан қон тизиллаб отилди. Абдулла Мирзонинг ҳушдан кетиб, эгардан оғиб тушаётганини кўрган Бобо Ҳусайн тез бориб уни ушлаб қолди ва ўзининг отига ўнгариб олди.
Навкарлар энди Бобо Ҳусайн минган отни ўраб олиб, ёв қуршовини ёриб ўтдилар. Беҳуш Абдулла Мирзони жанг майдонидан олиб чиқдилар. Лекин Самарқандга етиб боргунларича Абдулла Мирзо ҳушига келмай жон берди.
Марҳумни бобокалонлари мақбарасига дафн этдилар. Унинг руҳига бағишлаб тиловат қилган Хўжа Бурҳониддин:
– Абдулла Мирзо чақмокдай ялтиллаб сўнди, боқий дунёга шаҳид бўлиб кетди! – деб кўзига ёш олди.
Ҳабиба Султон бегим мусибатдан ўртаниб йиғлаётган пайтда амакиваччалари Абусайид Мирзо Самарқандга ғалаба карнайини чалдириб кириб келди.
У билан изма-из келган Абулхайрхоннинг ғолиб лашкари бир вақтлар Амир Темур аскарларига қароргоҳ бўлиб хизмат қилган Конигилни эгалладилар.
Абусайид Мирзо ўзига ҳомийлик қилиб тожу тахтни олиб берган Абулхайрхонни хурсанд қилиш ҳаракатига тушди. Абдулла Мирзо тарафдорларининг молу мулки аёвсиз мусодара қилинди. Бутун шаҳар аҳолисидан Абулхайрхон фойдасига жуда катта моли омон йиғиб олдилар.
Ғолиб султонлар бу билан қаноатланмадилар. Султон Абусайид уларнинг талабига бўйсуниб, Улуғбек Мирзонинг ўн саккиз ёшлик гўзал ва оқила қизи Робия Султонни эллик ёшлик Абулхайрхонга ўлжа тарзида мажбуран никоҳлатиб берди.
Темурийлар тарих саҳнасига чиққандан буён ҳали чингизийлар орасидан чиққан бирорта хон темурий маликаларни ўлжа тарзида ўз никохига ололган эмас эди.
Абулхайрхон бу шарафга биринчи бўлиб эришганидан ғурурга тўлиб, Дашти Қипчоққа обрўси бениҳоя ошиб қайтди.
Бу ғурур бежиз эмас эди. Чингизийлар билан темурийлар орасида бир асрдан буён давом этиб келаётган курашлар кескин бурилиш палласига кирганини мана шу ҳодисалар илк бор намоён қилди. Лекин бунга кўп одам эътибор бермади.
Чунки темурийлар салтанати ҳали мустаҳкам кўринарди.
Орадан эллик-олтмиш йил ўтар-ўтмас Абулхайрхон очган йўллардан унинг невараси Шайбонийхон бостириб келишини, бутун Турону Хуросонни забт этиб, темурийларни Самарқанддан ҳам, Ҳиротдан ҳам сиқиб чиқаришини, тоғ кўчкисидай шафқатсиз босқинлар натижасида Султон Абусайиднинг невараси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ватанидан жудо бўлиб, Ҳиндистонга кетишини ҳали ҳеч ким тасаввур ҳам эта олмасди.
“Она лочин видоси” романидан