Озод Мўъмин Хўжа. Юрак-бағри бутун (фантастик ҳикоя)

“Бу дунёда бормикан-а
 юрак-бағри бутуни?…”
Ўзбек ҳалқ қўшиғидан.

 Тинмай шиддатли ёмғир ёғарди. Шамол ўз кучини намойиш қилиб, ёмғир томчиларини юзимга, эгнимга, шимларимга уриб, ҳамма ёғимни шилта-шалаббо этарди. Совуқ ҳаво баданимга ўтиб, теримни жунжиктирарди. Аммо, мен бунга писанд қилмай олға қадам ташлайверардим. Мен билардим, ҳозирги пайт бундай юриш руҳиятим учун зарур. Манзилга етиб олсам бўлди – мени иссиқ уй, чой ва хотиржамлик кутмоқда. Ҳамда, энг асосийси, у ерда юрагимга, унинг яраларга малҳам бўла оладиган бир кимса бор. У – менинг бахтим! У – менинг парчаланган юрак-бағримни бутун қилган ва яна бутун қилади.
 ***
 Ушбу сайёра менга ёқмади. Бу ерда қандайдир бир нохушлик содир бўладигандек туюларди.
 Қаёқдан ҳам рози бўлдим, бу коинот сафарига. Ўзи, бу ерга оёғим унчалик тортмаганди. Лекин, бир дунё пул топасан, у – қолган умрингга бемалол етади, ишламасдан ялло қилиб юрасан, деб менинг бошимни айлантиришди. Ҳақиқатдан ҳам, атрофимда бундай, яъни бир мартагина номаълум сайёрани тадқиқ этишда қатнашиб, эсон-омон уйига қайтиб келаётган ва мўмайгина пул ишлаб олаётган кимсалар бор эди. Баъзан-баъзан, уларга ҳавасим ҳам, ҳасадим ҳам келарди. Қанийди, мени ҳам шундай ишларга чақиришса, деб орзу қилиб юрардим. Яхши ният – ярим мол ёки фикрлар – моддийлашади, деганларидек, орзуимдаги таклифни олгандим. Ва иккиланиб, иккиланиб сафарга чиққандим.
 Мен ўсимликлардан фармацевтикада фойдаланиш бўйича етук, ёш мутахассислардан эдим. Хизмат сафарим ҳам шу йўналишда бўлди.
 Инсон учун янги, ўрганилмаган бу сайёрада нафас олиш учун яроқли тоза ҳаво бор экан. Онгли жонзотлари йўқ бу заминнинг наботот дунёси, табиийки, менга ҳам, шерикларимга ҳам – номаълум эди. Қайси дарахт, қайси ўсимлик безиён, қайсиларидан хавф кутиш мумкин, ҳеч ким билмасди.
 Эшитгандимки, ўтган йили номаълум сайёрада юрган бир наботот тадқиқотчисини дарахтдек келадиган бир ўсимлик новдалари ва барглари билан маҳкам бағрига тортибди. Унинг чангалидан бечора ботаникни бир соат уриниб ҳам, қутқара олишмабди. У ўзига яқинлашган ҳар бир кимсани ушлаб олишга уринаберар экан. Охири, икки тадқиқотчи кемага қайтиб бориб, кучли, ҳар қандай жисмни бўлак-бўлак қилиб ташлайдиган лазер нурли автомат-милтиқни олиб келишибди ва ботаникка тегиб кетмаслиги учун жуда эҳтиёткорлик билан унинг поясини кесиб ташлашга муваффақ бўлишибди. Заминидан ажралган тажовузкор ўсимлик шу ҳолатда ҳам чангалини бўшатмас эмиш. Лекин, бошқаларни ушлаб олиш хусусияти йўқолибди. Шунинг учун, унга қўрқмай яқинлашиб, ҳар бир тажовузкор новдани кесиб-кесиб, бечорани озодликка чиқаришибди. Қутқарилган ботаник икки кун ҳеч кимга оғиз очиб гапиролмабди. Оёқ-қўлларидаги титроқ фақат эртасига босилибди. Шундан сўнг, у умуман коинот сафарига чиқмасликка қасам ичибди.
 Мен ўз шеригим Махсум Назар билан, лазер тўппонча ва ўткир Чуст пичоғидан ташқари, узун махсус таёқ билан қуролланиб олгандик. Бирор ғалати ўсимлик кўрсак, унга аввал таёқни яқинлаштирардик, ўсимлик ҳеч қандай жавоб бермаса, унинг олдига чўчимай борардик ва баргларидан ва бошқа қисмларидан намуналар олардик. Уларни кемада тадқиқ қилиб, фармацевтикада ишлатса бўладими-йўқми, деб хулоса ёзардик.
 Ягона мақсадимиз – Ер юзида янги пайдо бўлган мудҳиш касалликка дори топиш эди. Кейинги уч-тўрт йилда Африка қитъасида вужудга келган “Умуртқа поғонасининг бўшашиши” вируси бутун дунёга кенг тарқала бошлаётганди.
 Ушбу касалликка даво топган кимсага ёки гуруҳга Бирлашган Давлатлар Иттифоқининг “Умумжаҳон Фармацевтика қўмитаси” Нобель мукофотини беришга ваъда қилганди. Бутун дунё олимлари жон-жаҳдлари билан айтилган вирусни йўқ қила оладиган дори топишга уринардилар, лекин ҳамон натижа йўқ эди.
 Вирус юққан кимсалар ўз гавдаларини кўтара олмай қолардилар. Умуртқалари қайрилиб, синиб кетиб, ўлиб ҳам қолардилар. Шунинг учун, касалликнинг симптомлари сезилдими, бемор дарҳол тўшакка ётиб олиши ва турмаслиги лозим эди. Бу офат – Африканинг чорак аҳолисини нариги дунёга жўнатганди. Америка қитъаси мамлакатлари ҳам ундан талофат кўришни бошлашгандан сўнг, дарҳол ўз ҳаво ва денгиз портларини африкаликлар учун ёпиб қўйдилар. Европа ҳам шундай қилди. Осиёда жуда катта миқёсга кўтарилиб, етакчи ўринга чиқиб олган Ўзбекистон улардан аввал бу ишни амалга оширганди.
 Коинот тадқиқоти соҳасида етакчи ўринларда бораётган ўзбек олимлари ниҳоят ушбу эзгу ишга қўл уришга қарор қилдилар ва бунинг учун керак бўладиган дорини фақат ўзга сайёрадан излаш керак, деган хулосага келдилар.
 Мана, кўриб турибсизки, мен, ушбу мақсадда уюштирилган учинчи экспедиция аъзосига айландим. Бундан аввалги икки уриниш муваффақиятсиз чиққанди ва бу галги коинот сафарига катта умид боғланётганди.
 Сайёра юзасига қадам қўйишдан олдин фазовий кема бошлиғи тадқиқотчиларни икки кишилик гуруҳларга бўлиб чиқди. Барча ўзига ажратилган майдонда фаолият юритиши лозим эди. Мен, юқорида айтганимдек, Махсум Назар исмли ўзим каби мутахассис билан шерик қилиндим.
 Навбатдаги ўсимликдан намуна олганимиздан сўнг, Махсум Назар менга сўз қотди.
 – Комил Пўлат, бугунга етар энди. Ўн беш хил намуна бир кечада тадқиқ қилишга етади.
 – Майли, – дедим мен. – Фақат, ҳўв анави, кўзимга балодек кўринаётган одам бўйидан ҳам баланд ўсимликдан ҳам намуна олайлик.
 – Нега у сенга балодек туюляпти? – сўради у.
 – Инсонда қандайдир бир яширин сезги ҳисси бор. Керак пайтда у юзага чиқади ва танани фалокатдан асрайди! – донолик қилдим мен. – Уни, барибир, бугун бўлмаса эртага текширишимиз лозим. Кел, шу ёқимсиз ишни бугун бажариб, эртага енгил бўлиб юрайлик!
 – Бўпти! – деди у. – Сендаги хавотирлик менга ҳам юқди. Эҳтиёт бўлиб яқинлашамиз.
 Кутганимдек, бу ўсимлик оддий эмас, антиқа қиррали экан. У таёғимизни ўз новдаларидаги тиконли учлар билан ушлаб олишга ҳаракат қилди. Махсум Назар уни базўр тортиб олди. Сўнг, менга саволомуз боқди.
 – Фалокатдан нари бўлиш учун поясини қирқамиз! – хитоб қилдим мен.
 – Қандай қилиб яқинлашасан унга? Ахир қучоқлаб олса, чангалидан қутилиб бўбсан!
 – Нима, сен Чуст пичоғини ишлатмоқчимисан? Лазер нурли тўппонча бизга нима учун берилган?
 – Йиртқич ҳайвонлар учраб қолса, уларни ўлдириш учун-да!
 – Йиртқич ўсимлик учраб қолса-чи? – сўрадим мен.
 Махсум Назар бу саволи билан, ўтган йилдаги воқеани эшитмаганини намойиш қилди. Ваҳоланки, ҳар қандай мутахассис-фазогир ҳамма экстремал воқеаларни билиши ва уларни таҳлил қилиб улгурган бўлиши керак эди. Ҳозир унга дарс бериш пайти эмасди, шунинг учун дарҳол амалий ишга ўтдим.
 Лазер тўппончамни чиқариб ўсимликнинг поясини мўлжалга олдим ва тепкини босдим. Ўсимлик заминдан айрилиб, ёнига ағдарилди.
 – Ана бўлди, у ўлди! – ҳайқирди Махсум Назар, тезгина у томон юра бошлади.
 – Тўхта! – қичқирдим мен. – Унинг ўлган-ўлмаганлигини текшириш керак олдин!
 Аммо, у бу пайтда ўсимликнинг ёнига келиб бўлганди. Қулаган йиртқич ўсимлик ўз бағрига яқинлашаётган инсонга новдаларини узатиб, уни маҳкам ушлаб олди ва улардаги нишларини танасига тиқиб, шеригимнинг қонини сўра бошлади. Махсум Назар қаттиқ ингради.
 – Комил Пўлат!.. Ёрдам бер…
 Мен нима қилиш кераклигини билмасдим. Қандай тадбир қўллаш лозим? Ўсимлик дарҳол ўлмабди. Қуласа ҳам йиртқичлигини қўймаяпти. У Ер юзида яшайдиган айрим одамларга ўхшар экан. Бундайлар тирикликларида барчага ёмонлик қилиб, уларнинг қонларини сўриб яшайдилар-да, ўлганларидан кейин ҳам яратиб кетган асосларида ва бошқа қандайдир воситаларда ёмонликлари давом этаберади.
 Яқинлашсам, ўзим ҳам асирга ва мажбурий донорга айланаман. Пайсалласам, ўсимлик Махсум Назарнинг қонини сўришни тўхтатмайди ва у ўлиб қолиши мумкин. Шеригимни қандай қутқарай?!
 Мен биринчи навбатда, рациямни чиқариб, кема бошлиғига хабар бердим. Ёрдам ва маслаҳат сўрадим. У бирон жўяли фикр билдирмади ва тезда икки қутқарувчини юборишини маълум қилди.
 Хўш, улар қачон келадилар? Махсум Назар қонсизланиб, бу дунёни тарк этгандами? Бунга ким айбдор бўлади? Хулосаларда, эҳтиётсизлик туфайли ҳалок бўлди, оиласига палон миқдорда компенсация пули тўлансин, деб ёзилса-да, менинг виждоним онгимни дўппослайверади.
 “Ётиб қолгунча, отиб қол!”, деган доно ҳалқимиз.
 Онгим яшин тезлигида ишлай бошлади. Менда ҳозир учта қурол бор: лазер тўппонча, Чуст пичоғи ва узун махсус таёқ. Пичоқ – бу шароитда кераксиз матоҳ. Шунинг учун, узун махсус калтакни ва лазер тўппончани ишлатиш зарур.
 Мен ағанаган ўсимликка бехавотир масофада яқинлашдим. Махсус таёғимни унинг новдаларига теккиздим. Улар дарҳол чимралдилар ва таёғим исканжага тушди. Энди, биргина йўл – лазер тўппончани ишлатиш қолганди. Охирги қуролимни чиқардим-да, таёғимни қамраган новдаларни аниқ мўлжалга олиб отдим. Кучли нур Махсум Назарга тегмаслиги шарт эди. Новдалар чирт узилдилар.
 “Яхши!”, фикр қилдим мен ва таёғимни тортиб олдим. Энди, шеригимни қамраган новдаларни мўлжалга олишим керак.
 – Махсум Назар! Қимирламай тур! Нур сенга тегиб кетмасин! – дедим мен.
 У шундоқ ҳам бемажол эди, хатто сўзлай олмасди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Менинг таваккал қилишга маънавий ҳаққим бор эди. Акс ҳолда, шеригим ўлади.
 Мен Махсум Назарни қамраган энг йўғон новданинг асосини мўлжалга олдим-да, тепкини босдим.
 Армияда хизмат қилганимда, бизнинг ротани илк бор синов отиш майдонига олиб боришгани эсимга тушди. Ўшанда қўлимга ўтган асрларда яратилган “Калашников” автоматини тутқизиб, турли силуетларни якка-якка ўқлар билан отишни буюришганди. Биринчи тепкилардаёқ барча мўлжалларга аниқ отгандим. Ҳарбий бошлиқ ўшанда менга ҳайрат билан боқиб, “Баракалла!” деганди.
 Бу гал ҳам мўлжалга аниқ отдим. Новда чўрт узилди. “Баракалла, Комил Пўлат!” дедим ўзимга ўзим. Чунки, олдимда мени мақтайдиган бошқа кимса йўқ эди. Сўнг, бошқа новдани мўлжалга олиб отдим. Ва яна ўзимга ўзим ташаккур эълон қилдим.
 Тўрт бақувват новда узилгандан сўнг, Махсум Назарга сал жон кирди. У қимирлай бошлади.
 – Қимирлама! – қичқирдим унга.
 – Бошқа отма! Мени ўлдириб қўясан! – базўр сўз қотди у.
 – Қимирламасанг, ўлмайсан. Балки, қутиласан! – дедим мен.
 – Йўқ, йўқ! Отма… – ингради у.
 Унга сўз тушунтириб бўлмасди. Яна икки новдани узсам, уни йиртқич ўсимлик чангалидан қутқариш осон кечарди. У эса…
 – Сўтак! Жим бўл! – жаҳлим чиқиб, қаттиқ қичқирдим мен. – Бунча калтафаҳмсан!
 Ниҳоят, у қимирлашни бас қилди. Фурсатдан фойдаланиб, навбатдаги икки новдани уздим. Ва Махсум Назар қўлларини ишлатиб, камарида осилиб турган Чуст пичоғини қинидан суғурди-да, бошқа майда қонхўр шохчаларни шаҳд билан кесиб ташлади. Оёқларини ҳам бўшатиб менга важоҳат билан ўшқирди.
 – Сен – аблаҳ экансан! Сал қолса мени отиб ташлардинг! Сенга нима ёмонлик қилгандим?!
 У бемалол ҳаракатлана олмасди. Лекин, тил-жағи яхши ишлаётганди. Менга яна алламбалолар деди. Ҳаммаси шахсимга қаратилган салбий гаплар эди. Унинг аъзойи бадани бўзариб-кўкариб кетганди. Терисининг очиқ жойларида суқилган ўсимлик нишларининг излари, уларда қотаётган қон томчилари яққол кўриниб турарди. Шеригимга ачиндим. Яна уч дақиқа кечиксам, у кўп қон йўқотиб, аниқ ҳалок бўларди. Дарҳол мўъжаз дори-дармон қутимни очиб, бинт ва лейкопластир олдим-да, унинг уст кийимни ечиб, барча яраларига йод суртиб, боғлаб қўйдим. У эса тинмай нолир, ота-боболаримнинг гўрига ғишт қаларди.
 Мен нима ғамдаман-у, у қандай қайғуда! Ажаб… Лекин, ундан хафа бўлмадим, чунки у ҳозиргина экстремал ҳолатдан чиққанди. Эс-хуши нормал ҳолатда эмасди. Бир-икки соатда тинчланиб, айтган гапларига афсус қилса керак.
 Ярим соатларда икки қутқарувчи етиб келди. Улар Махсум Назарни дарҳол сайёраюрар машиналарига ўтказиб, қолган тиббий ёрдамни бериш учун кемага олиб кетишди.
 Мен, ниҳоят, тажовузкорлигини йўқотган ўсимлик поясидан, новдаларидан ва баргларидан намуналар олдим. Уни суратга туширдим. Сўнг, бир дўнгалакка ўтириб тин ола бошладим. Ўз ишимдан хурсанд эдим. Шеригимни фалокатдан қутқардим. Муқаррар ўлимдан олиб қолдим. Бунда менга табиат инъом этган мерганлигим асқотди. Мерганликни армияда ўрганмаганимда нима бўларди?..
 Экстремал холларда ҳаяжонланиш ва тез ҳаракат қилиш инсоннинг анча кучини олади. Шунинг учун, асабларимни жойига туширгачгина, оҳиста кема томон йўлга тушдим.
 Кемада мени “Хизмат вазифаси пайтида кўрсатган топқирлиги ва шеригини нақд ўлимдан қутқариб қолганлиги учун ташаккурнома” эмас, аксинча кутилмаган туҳматона саволлар кутиб турган экан.
 Фазовий кема бошлиғи мени ўз хизмат бўлмасига таклиф қилди. Кириб кўрсатилган курсига ўтирганимдан сўнг юзимга нафрат ифодаланган нигоҳини қаратди.
 – Хўш, Комил Пўлат, менга рўйи-рост айтинг-чи, сиз нега, билатуриб, шеригингизни йиртқич ўсимлик бағрига итариб юбордингиз?!
 Ҳайратдан тилим калимага келмай қолди. Лом-мим деёлмадим.
 – Нега индамайсиз? – яна сўради кема бошлиғи.
 Амаллаб икки ибора айта олдим.
 – Хизматга туҳматми?
 – Ҳали биз туҳматчи ҳам бўлиб қолдикми? Махсум Назарни сўтак, калтафаҳм деб сўкканингиз ҳам ёлғонми?
 – Буниси рост. Йиртқич ўсимликни новдаларини лазер нурида кесмоқчи бўлган пайтимда тек турмади, шунда кескинроқ гапиришимга тўғри келди.
 – Қутқариш баҳонасида уни ўлдирмоқчи бўлганингизни ҳам инкор этасизми?
 – Бу ҳам ғирт туҳмат! Аксинча, мен уни нақд ўлимдан қутқариб қолдим.
 – Махсум Назар сизнинг хатти-ҳаракатларингиздан шикоят қилиб, расмий арзнома берди. Мен уни кўриб чиқдим. Сиз арзномада баён этилган айбларни инкор қиляпсиз. Асл воқеа қандай бўлганлигини тиклаш менинг вазифамга кирмайди. Уни фақат Махсус Тафтиш қўмитасигина аниқлашга ҳақли. Қўмита эса Ерда. Шунинг учун, қайтганимизга қадар мен сизни ҳар қандай вазифадан озод қиламан. Шу пайтдан бошлаб кемани тарк этишга ҳаққингиз йўқ. Ўз бўлмангиздан фақат менинг рухсатим билангина чиқа оласиз. Тушунарлими?
 – Махсум Назарнинг аҳволи қанақа? У кўп қон йўқотганди.
 – Тиббий ходимларимиз ёрдам беришди. Плазма қуйишди. Анча ўзига келди. Ва арзнома битди. Ҳозир тинчлантирувчи дори ичиб, ухлаяпти.
 – Биз иккимиз ўн бешта ўсимликдан намуна олгандик. Кейин, ўзим охирги ўша қонхўр ўсимликдан ҳам намуна олдим. Уларни тадқиқ қилишимга рухсат берасизми?
 Кема бошлиғи бошини қашлади. Менга тикилиб туриб, жавоб берди.
 – Йўқ, Комил Пўлат. Намуналарни бошқа тадқиқотчиларга беринг. Улар текширишади. Сиз эса ўз бўлмангизда ҳеч қаёққа чиқмай ўтиринг. Боринг, суҳбатимиз тугади.
 Икки ҳафта ўтгач, фазовий кемамиз ватанимизнинг “Зарафшон” космопортига қўнди. Мени Махсус Тафтиш қўмитаси аъзолари кутиб туришган экан, дарҳол машинага ўтказиб, идораларига олиб кетишди.
 Афсуски, менинг Махсум Назарнинг айбномасига қарши ишлата оладиган далилим йўқ эди. Ҳамиша иш сафаримда ёқилган ҳолатда турадиган диктофоним ҳам ўша куни ишдан чиққани учун ёнимда йўқ эди. Бошиданоқ менга ола қараган тафтишчи йигит сўзларимга ишонмади. У ҳар қандай инсонни қора рангга бўяб қўйишга устаси фаранг экан. Бунинг устига, Қўмита раисининг севимли шогирди ҳисобланаркан. У мени тўлиқ айбдор деб хулоса чиқарди. Натижада, мен бир умрга коинот билан боғлиқ ишларидан четлатилдим. Хизмат ҳақимни ҳам беришмади.
 Шундай қилиб, Махсум Назар ва Махсус Тафтиш қўмитаси менинг юрак-бағримни парчалашди.
 Ҳаётда одамларга яхшилик қилишнинг оқибати, ўз вазифасига сидқидилдан ёндошишнинг жавоби бундай бўлишини асло кутмагандим. Устозларим, доимо яхшиликка яхшилик қайтади, деб ўқитишганди. Афсус.
 Устига устак, ўша йиртқич ва қонхўр ўсимликдан ажратиб олинган модда “Умуртқа поғонасининг бўшашиши” касаллигига даво бўлиб чиқди. Жаҳон аҳли енгил тин олди. Биз тадқиқ қилган сайёрага “Нажоткор” номи берилди. Нобель мукофоти эса, тантанали маросимда, ўша, мен нақд ўлимдан қутқариб қолган Махсум Назарга топширилди. Унинг номи ва расмлари бутун дунё матбуотини тўлдириб ташлади. У ёвуз шеригининг яширин ва манфур ниятларини енгиб ўтиб, оламшумул қаҳрамонлик қилиб, йиртқич ўсимлик бағридан усталик билан, Чуст пичоғини ишлатиб, қутилиб кетганини ҳикоя қилабериб чарчамасди. Натижада, бутун дунёда Чуст пичоғига талаб ортгандан ортди. Водийлик пичоқчилар роса пул ишлаб олишди.
 Ушбу Мукофот аслида меники эди. Лекин, бунга даъвогарлик қилиб, ғавғо кўтариб, асло фойда топмасдим. Бу иш аксинча, ўзимга янада зарар келтирарди. Шунинг учун, миқ этмадим.
 Ҳар қандай одам бундай пайтда тушкунликка тушиб кетади. Менда ҳам шундай бўлди. Лекин, кўп мушоҳадалар қилиб, фалсафий китоблар ўқиб, руҳимни кўтардим. Узоқ тарихимизда яшаган тасаввуф аҳли ҳаёти ва уларнинг ўгитлари билан танишиб, аниқ билдимки, Борлиқ бир кунмас бир кун барча ишларни ўзининг жой-жойига қўювчидир.
 Бошқа соҳага ўтиб, фаолият юрита бошладим. Лекин, юрак-бағрим бутун эмасди. Қалбимни Буюк Ифлослик олдидаги ожизлигим ўқтин-ўқтин тирнаб турарди.
 Аммо, Борлиқ мени овутишни истадими, қалбимга бошқача ўт ташлади. Бу ўт аста-секин алангага айланди. Мен севиб қолгандим. У – бутун коинотдаги ягона нафис, солиҳа ва гўзал қиз эди. Энди, мен қандайдир пасткаш, аблаҳ ва ношукур кимсаларни ўйламай қўйдим. Кўз олдимда фақат у турарди. Ухласам – тушимга кирарди, уйғонсам – сўзлари қулоғим остида жаранглай берарди, тасаввуримдан унинг жамоли кетмасди. Фақат шу ажиб ҳилқат билан мулоқот қилишни истардим. Кунда-кунора рўй берадиган учрашувларимиз менга кам эди. Шунинг учун, ундан менга турмушга чиқишини сўрадим.
 Нафис, солиҳа ва гўзал қиз рози бўлди.
 Борлиқ менга Нобель мукофоти ўрнига, ундан миллион марта юксакроқ мукофотни берди. Энди, менинг юрак-бағрим бутун эди. Кўнглим қайтадан яна нурга, орзу-умидларга тўлди. Янги-янги режаларни туза бошладим.
 Инсоннинг ҳаёт жараёни ҳеч қачон текис, равон кечмайди. Ушбу постулатга мувофиқ, тўсатдан мени Махсус Тафтиш қўмитасига чақириб қолишди. Айтилган кунда ва соатда кечикмай боришим шарт эмиш.
 Ҳаёлимга нималар келмади. У ярамас тафтишчилар мендан яна нималарни исташаяпти? Эндигина тинч ва бахтли ҳаёт кечиришни бошлагандим-а!
 Кўрсатилган вақтда, Қўмита биносига кираверишда мени кутиб олган хос ходим, тўғри раис хонасига бошлаб кирди.
 Раис мени жилмайиб қарши олди. Атрофига муовинлари-ю бўлим бошлиқларини ҳам йиғиб олган экан. Мени важоҳат билан сўроқ қилган, туҳматлар ёғдирган, мени айбдор деб хулоса чиқарган тафтишчи йигит ҳам шу ерда турарди. Кўзларимга қаролмади.
 Раис томоқ қирди-да, тик турган ҳолда менга юзланиб гап бошлади.
 – Ҳурматли Комил Пўлат! Мен Махсус Тафтиш қўмитаси номидан ишимизда рўй берган хатолик учун узр сўрайман! Қахрамонликни Махсум Назар эмас, сиз қилган экансиз. Биз унинг ёлғон айбларга тўла аризасига нотўғри муносабатда бўлган эканмиз. Узримизни қабул қилинг.
 Мен ҳангу-манг бўлиб қолдим. Аввал туҳматдан тилим лол бўлиб қолган бўлса, бу гал ҳақиқат юзага чиққанидан эсанкираб қолдим.
 – Қандай аниқлай олдингиз? – дея олдим холос.
 Раис атрофдаги лаганбардорларига бир-бир қараб олди-да, жавоб берди.
 – Маълумки, суриштирув чоғида, сиз иш пайтида ёқилган ҳолатда туриши лозим бўлган диктофонингизни бузилиб қолганлигини айтиб, уни бизга топширмаган экансиз. Тафтишчимиз ҳам ўз навбатида бундай диктофонни Махсум Назардан сўрамаган. Бу хатоимизни ишларимизни назорат қилиб турадиган юқори идора кўрсатиб берди. Дарҳол ўша диктофонни топдирдик. Унда барча ҳақиқат ёзилган экан. Тафтишчимизга ушбу камчилиги учун хайфсан эълон қилдик. Бор гап шу!
 Мен индамадим. Нима ҳам дердим. “Ҳамманг давлат маблағини, анави йиртқич, инсон қонини ичувчи ўсимликдек, сўриб ётибсанлар! Ундан кўра гўнг титканларинг яхши эмасми, кекса товуқлар!”, деб ҳайқиргим келди. Аммо, бундан асло фойда йўқ эди. Менинг ҳаётимни ларзага келтириб, ағдар-тўнтар қилган, бутун жаҳонга мени қора қилиб кўрсатган тафтишчи бор-йўғи хайфсан олибди. Ва у яна ўз “иш”ларини давом этдиради.
 Раис сўзларини давом этдирди.
 – Сизга, коинотда ғоятда мушкул вазифаларни бажарганингиз, жонбозлик кўрсатганингиз учун коинот сафари олдидан ваъда қилинган ҳақ тўлиқ берилади. Бундан ташқари, Нобель мукофоти қўмитаси билан гаплашдик ва махсус хат юбордик. Улар Махсум Назарга берилган мукофотни бекор қилишади ва уни тез орада сизга топширишади. Табриклаймиз!
 Мен яна индамадим. “Ўз мукофотимни олиб бўлганман!”, ўйладим мен.
 – Эртага сиз Ўзбекистон Марказий ТВ сида интервью беришингиз керак. У бутун дунёга трансляция қилинади. Тайёр туринг! – деди яна раис ва атрофдагиларга юзланди. – Комил Пўлатни бир олқишлаб қўяйлик!
 Хонада гулдурос қарсаклар янгради. Қаердандир пайдо бўлган котиба аёл қўлимга чиройли гулдаста тутқизди.
 – Энди менга рухсатми? – сўрадим мен.
 – Ҳа! Эртага албатта шу ердаги гапларни жаҳон аҳлига баён қиласиз деган умиддамиз!
 Раис хос ходимга буюрди.
 – Қаҳрамонимизни кузатиб қўйинг ва менинг ҳайдовчимга айтинг, уйгача олиб бориб қўйсин!
 Ташқарига чиққач, хос ходимга ўзим якка-ёлғиз кетишни истаётганлигимни айтдим. Сўнг, гулдастани четда турган ахлат қутисига ташладим-да, ҳаво бузилганига қарамай, пиёда уйимга йўл олдим. Раиснинг ахбороти негадир мени қувонтирмади. Аксинча, юрак-бағримни қайта парчалади.
***
 Тинмай шиддатли ёмғир ёғарди. Шамол ўз кучини намойиш қилиб, ёмғир томчиларини юзимга, эгнимга, шимларимга уриб, ҳамма ёғимни шилта-шалаббо этарди. Совуқ ҳаво баданимга ўтиб, теримни жунжиктирарди. Аммо, мен бунга писанд қилмай олға қадам ташлайверардим. Мен билардим, ҳозирги пайт бундай юриш руҳиятим учун зарур. Манзилга етиб олсам бўлди – мени иссиқ уй, чой ва хотиржамлик кутмоқда. Ҳамда, энг асосийси, у ерда юрагимга, унинг яраларга малҳам бўла оладиган бир кимса бор. У – менинг бахтим! У – менинг парчаланган юрак-бағримни бутун қилган ва яна бутун қилади.
 
 Чах-Чам қишлоғи. 26.04.15. 23:00.