Турон мамлакатининг ҳукмдори Алп Эр ҳоқон ёлғиз ўғли йигирма беш ёшга тўлиб, “Эр” атаниши муносабати билан йиғилганларни бирров кўздан кечириб, издиҳом олдида қўл қовуштириб турган ўғлига кўз тикди:
– Кўк Тангрига шукурки, биз бутун Шарқу Ғарбни ўз атрофига бирлаштирган оқ хунлар авлодимиз, улим! Манови Оқсаройимизнинг бошидан нур сочиб турган Момо Офтобимиз билан унинг пойига бош уриб турган оппоқ отовимиз – Орол, бепоён қуруқликнинг қоқ ўртасидаги ёпиқ денгиз, чучук сув, оби ҳаётнинг ҳаққи-ҳурмати шуни рўй-рост айтаманки, Сиз, улим, Кўк Тангрининг бизга берган буюк эҳсони, умид чироғимиз, ушалган ва ушалажак орзуимизсиз! Шунинг учун ҳам бундан йигирма беш йил аввал сизга “ОТОВУЛ” деб от қўйган эдим! Эрта бир кун улим эр етганида шу отовимизга муносиб ул бўлсин, Турон тангриқутлари мулкига чинакамига эга бўлсин деб эдим! Мен энди қаридим! Мана, Кўк Тангрига шукурки, сиз ҳам Эр атаниб, ҳар томонлама етук, баркамол авлод, киройи эркак бўлиб турибсиз. Энди ўз отингизни оқлаб, яна бир ота, шу отовимизнинг эгаси, том маънодаги отовул бўлиш вақтингиз етиб келди. Энди Сиз ҳам оила қурмоғингиз керак! Хоҳиш билдирсангиз бас, қўл остимдаги жамики бўйсира қизларни кўз
олдингизда киприкдек тизилиштириб қўймоғим мумкин, токи улар орасидан кўнглингизга яқин ўз тенгингизни топинг-да, сиз ҳам оила қуринг энди! Эрта бир кун онангиз билан мени невара кўриш бахтига етказинг-да, ахир, улим! Манови Оқсаройимизни қуршаб турган Тупроққалъа, унинг атрофидаги Эллик қалъа, уларнинг ҳам атрофидаги эллик минг қишлоқларимизда шунақанги гўзал қизлар бисёрки, уларнинг олдида афсонавий пари-пайкарлар ҳам ип эшолмай қолади!..
Турон хоқонининг ёлғиз ўғли йиғилганларнинг кўз олдида тиз букиб, қўлини кўксига қовуштирди:
– Бир қошиқ қонимдан кечингиз, ота! Мен уйланмайман деётганим йўқ. Уйланиб, сизнинг орзу-умидларингизни ушатиш мен учун ҳам фарз, ҳам қарз. Лекин сиз ҳам менинг кўнглимга қаранг-да! Аввало шу саволимга жавоб беринг-чи! Мен тинглаган аксарият эртаклару достонларимизда қаҳрамонлар нега ўз овули, қишлоғи, кенту шаҳри, ҳатто мамлакатидан уйланиб қўя қолмайди-да, бахтини қидириб бутунлай бошқа мамлакатларга сафар-саёҳат қилади, хўш?.. Мен бу асарлар қаҳрамонларидек Қалмоққа, Кўҳи Қофга, Ваянганга, бошқа шулар каби илгари борилган маълуму машҳур манзилларга яна бормоқчи эмасман, балки уларнинг ҳаммасидан ошиб кетмоқчиман. Дунёнинг энг чеккасидаги бутунлай номаълум бир мамлакатга бориб, дунёдаги энг бокира гўзални топсам-да, сизга муносиб келин қилиб олиб келсам дейман! Биров юрган йўлдан юриб ўтишни эмас, ҳеч ким юрмаган янги йўл топишни, ўз бахтимни ўзим ана шу янги йўлдан қидириб кўришни истаб турган бўлсам, нега сиз менинг шу истагимни қўллаб-қувватламаслигин
гиз керак, ота, ҳеч тушунмаяпман?! Аввало шу истагимга етишим учун изн беринг! Кейин менга оқ йўл тилаб дуои фотиҳа қилинг, Сиздан илтимосим шу!..
Алп Эр ҳоқон беихтиёр тахтидан сапчиб туриб, асабий этак силкиди:
– Яна шу гапми, улим?! Сизга нима етишмайди ўзи?! Истаган нарсангиз муҳайё, мамлакатимнинг энг гўзал, энг оқила қизлари сизга умр йўлдоши бўлишни орзу қилиб турган бўлса! Шу қуруқликнинг қоқ ўртасидаги улкан сувлик – Орол – отовимиз – бизнинг дунёмиз, ахир! Бу дунёдан бош олиб кетиб, янги бир дунё очиш… хўш, айнан сизга нима учун керак бўлиб қолди?! “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” деган ота-боболаримиз! Қуйруқнинг ўзи ана ўша узоқларда борми-йўқми, буёғи ҳам ноаниқ бўлса!.. Нима қиласиз ўз бошингизни ўзингиз хатарга қўйиб, бизни йўлингизга зор-интизор, ўзингизни сарсон-саргардон қилиб?!.
Отовул ҳам тиз чўккан жойидан туриб, қаддини керди-да, отасига ёвқур қараш қилди:
– Мени узоқ йўлдан қайтараман деб бекорга овора бўляпсиз, ота! Аждодларимиз нафақат Туронзамин, бутун Чин-Мочин, Ҳинду Синдни кезиб чиққанида, ҳаттоки улкан қитъамизнинг тор бўйнидан юриб бутунлай янги бир қитъага ўтиб, шу ёқларда яшаб қолганларида… нега энди мени ўзингизнинг майда қадамларингизга боғлаб ташлашга уриняпсиз ўзи?! Ахир, мен ўша узоқ аждодларимиздек бошқа қитъага бутунлай ўтиб кетмоқчи эмасман-ку! Ниҳояти ўз қитъамизнинг кунботарига қараб йўл юриб, унинг нариги чеккасига бормоқчиман, холос! Оқ хунларнинг кўнглидек оппоқ яловини қитъамизнинг нариги чеккасига обориб қадаб келсам, нима, шу ёмонми?! Боз устига, кўнгли ўзимизнинг кўнглимиздек оппоқ, бу дунёдаги энг бокира гўзални сизга келин қилиб олиб келмоқчиман-ку!.. Нур устига аъло нур деганлари мана шу эмасми, ота?! Ёнимда ўзимга етгулик қоровул, ясовул, баковул, шиғовул, ҳировулларим бўлса! Бош устимизда – Кўк Тангри билан Момо Офтоб, тагимизда – учқур қорабайир отларимиз, нортуялар устида
– ўтовларимиз, кўнгилларимизда – дунёни кўриш-билиш, иложи бўлса, ернинг киндигини топиш иштиёқи бўлса!.. Сиз нега бу иштиёқимизни сўндиришга уриняпсиз ўзингизча?! Шу ишингиз бутун умрини от устида ўтказган Турк Отамиз билан Ёфас Отамизга муносибми, ахир, ота, ўзингиз ўйлаб кўринг?!.
Алп Эр ҳоқоннинг қони қайнаб, беихтиёр жумбушга келди-да, асабий бир қатъият билан қўл силтади:
– Майли, улим, Турк Ота билан Ёфас Отани ўртага қўйиб турибсизми, энди шу турк будуннинг кўз олдида сизга оқ йўл тилаб, Кўк Тангридан паноҳ сўраб дуо қилмасам, Турон ҳоқонларию хун тангриқутларининг асрий таомилларига зид иш қилган бўламан! Майли, толеингиздан кўринг энди!.. Илоё йўлингиз оқ, бошингиз тошдан бўлсин, улим! Ой бориб, омон қайтинг! Волидангиз, бутун эл-улус билан бирга кўзларимиз тўрт бўлиб йўлингизга кўз тикиб яшаймиз энди! Бошингиз иккита бўлиб қайтганингизни, эрта бир кун шу отовимизнинг қошида кўпдан-кўп набиралар – тангриқутларнинг баркамол авлодларини кўриш бахти барчамизга муяссар бўлсин!..
Эртасига тонг-саҳардан Отовул ўзининг қоровуллари, ясовуллари, шиғовуллари, баковуллари, ҳир-овуллари, бутун кўч-кўрони, башарти олдларидан ёғий чиқиб қолгудек бўлса, мустаҳкам ҳимояда туражак енгилмас қўшини билан йўлга тушди. Ортларида оппоқ отов – Орол денгизи қошида аждодлар кузатиб қолдилар. Оқ хунларнинг асосан дунёни англаш иштиёқидаги серғайрат ёшлари – энг баркамол авлодидан иборат йўлчилар эса, қўлларида – оқ байроқ, кўнгилларида – оппоқ орзулар, мўлжални кундузлари – Қуёшдан, кечалари – ой билан юлдузлардан, аввало Олтин Қозиқ – Қутб Юлдузидан олиб, кунботарга қараб кетдилар. Йўл юрдилар, йўл юрсалар ҳам мўл юрдилар. Ана, Алпомиш забт этган Қалмоқлар юрти ортда қолди. Мана, Ёйиқ тоғлардан ошиб ўтдилар. Яна бир узоқ аждоди “Э дил!” деб номлаган улкан дарёдан ҳам кечдилар. Яна не бир оқ хунлар ўзларича “Осмон томи” дея таърифлаган Кўҳи Қоф – Қофқоз тоғларидан ошдилар… Тағин не бир тоғлардан ошиб, дарёлардан кечиб ўтиб бориб, ниҳоят, д
унёнинг энг чеккасига етдилар. Етишга етдилар, лекин, не кўз билан кўрсинларки, кўм-кўк денгизга боқиб, “Ана энди маррага етиб келдик, қитъанинг энг чеккаси шу!” дея қувониб турганларида… кўзи ўткирлиги билан донг таратган шиғовул қачонлардир бир билга яратган сурнайсимон ускуна – дурбин ичига кўз тикиб айтдики: “Кўзимга бутунлай янги дунё аниқ-равшан кўриниб турибди! Афтидан, бизнинг қитъамиздан бошқа яна бир қитъа борга ўхшайди! Янги қитъа бўлганда ҳам, кўм-кўк денгизнинг нариги тарафида оппоқ оқариб турган бир отов! Лекин бу отов…, бизнинг Оролимизга ўхшаб, қуруқликнинг ўртасидаги сув эмас, аксинча, сувнинг ўртасидаги қуруқлик!..
Отовул шиғовулининг қўлидан дурбинни олиб, кўзига тутди. Ё фалак! Бу қандай Орол бўлди?! Қуруқликнинг қоқ ўртасидаги сув эмас, сувнинг ўртасидаги қуруқлик!.. Яна бир “Борса келмас”ми бу, нима бало? Қизиқ!..
Денгиз соҳилида узоқ давом этган маслаҳатлар, ҳордиқ чиқаришлару янги сафар-саёҳатга ҳозирлик кўришлардан кейин тағин йўлга тушдилар. Яхшиямки, Орол денгизидаги “Борса келмас” оролчасига сузиб бориш учун қайиқ ясаш бобида тенгсиз усталар ҳам ҳимоя қўшини орасида етарли бўлгани, улар ясаган қайиқларда суза-суза, ниҳоят, бутунлай янги соҳилга яқинлашдилар. Яқинлашар эканлар, дурбинни тағин кўзга тутиб қайта-қайта қарадилар. Не кўз билан кўрсинларки, бутун соҳил бўйлаб сонсиз-саноқсиз одамлар! Худди ўзларидек новча-новча, алпқомат-алпқомат, ранг-рўйлари оппоқ-оппоқ одамлар! Йўқ, ўзларидан ҳам оппоқроқ! Лекин ҳар бирининг қўлида ўзидан камида икки баравар узун қоп-қора-қоп-қора найза борлигига нима дейсиз! Найза учлари қуёш нурида товланади! Ҳаммалари найзадор! Беҳисоб найзадорлар! Олисдан дўст тутиниш умидида келган меҳмонни найза билан кутиб олиш!.. Бу қанақаси?! Ахир, улар оролга найза кўтариб эмас, кўнгилларидек оқ-оппоқ байроқ кўтариб келмоқдалар-ку! Қўлида
оқ байроқ билан келаётган одамни қора найза билан кутиб олиш… яхшими?!. Қўлларида ҳилпираб, тинчлик-тотувликка чорлаб бетўхтов-безовта силкиниб турган оқ байроқлар ўз таъсирини кўрсатди, шекилли, ҳартугул, орол эгалари найзаларини ерга қўйиб, ишониб-ишонмай, ҳадиксираб кутиб олдилар. Бир-бирлари билан қўл олишиб кўришгач, бирга-бирга соҳилдан оролнинг ичкарисига томон юрдилар. Йўл-йўлакай имо-ишоралар ёрдамида сўрашиб-танишдилар. Бу мамлакат, ўзларининг айтишларича, оқилчинлар мамлакати, мамлакатнинг оти эса, “Биртания” экан. Бутун орол аҳли ёғийга қарши курашда бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқара олганлари, ёвга қарши жангда ниҳоятда аҳиллиги учун мамлакат “Улуғ Биртания” деб аталар экан. Халқнинг оти шунинг учун “оқилчин” деб аталар эканки, аввало, ҳаммаларининг ранг-туслари худди оқ хунлардек оқ, оппоқ, оқимтир, оқиш, оқилчин экан, қолаверса, улар чиндан ҳам оқил-ақлли-билга экан… Орол эгаларининг тилларини ҳам, урф-одатларию турмуш тарз
ини ҳам билиб-ўрганиб-тушуниб олиш унчалик оғир бўлмади. Лекин оқ хунлар ўзларини уларга таништиришда анчагина қийналдилар. Масалан, бу оқилчинлардан биронтаси Отовулнинг исмини аниқ-тиниқ айтолмади. Тили келишгани “Аттила” бўлди. “Майли, “Аттила” бўлса “Аттила”-да! – деб ўйлади ўзича Отовул. – Ҳар қалай, тил топишиб бошлашди-ку, муҳими шу эмасми!” Ясовул, шиғовул, ҳировул, қоровулларни – жангари қўшин, уни – қўшиннинг бош қўмондони деб, ўзларининг жангари табиатларидан келиб чиққан ҳолда тўн бичишган, шекилли, яна бир тушунарсиз сўзни тўтиқушдек қайта-қайта такрорлаб қолишди: “женерал”, “женерал”!.. Табиийки, Отовул бу тушунарсиз сўзга ҳам эътироз билдириб ўтирмади: “Майли, женерал бўлса женерал-да, – деб ўйлади тағин ўзича, – муҳими, оқкўнгилу бегуноҳ хунларни ўлдирадиган хунхўру хунрез эмас, қонхўр эмас, қотил эмас, босқинчи-каллакесар эмас, ниҳояти “женерал”, ўзимизча айтганда, ниҳояти “лашкарбоши” экан-ку!..”
Узоқ давом этган сўрашув-танишувлардан сўнг ўз-ўзидан мурод-мақсадга ўтилди. Отовул сафар-саёҳатдан кўзда тутилган энг асосий мурод-мақсадни айтганида, маълум бўлдики, ё фалак, одам боласининг қони қонига нақадар туташ, тили тилига нақадар ўхшаш экан, “Элга эл қўшилса – давлат” деган қадимий мақол бу қавмда ҳам бор экан! “Биз ҳам элга эл қўшилишини ҳоҳлаймиз, албатта, – дейишди улар, – фақат бунинг бир неча шартлари бор-да!” Отовул пировард мақсадга ўтди: “Агар дунёнинг энг гўзал қизи сизнинг юртингизда топилгудек бўлса ва агар у менинг кўнглимга ўтиришса, ана ўшанда ҳар қандай шартингизга, майли, розиман”.
Ипга тизилган қалдирғочлардек тизилишган кўзлари мовий-мовий, сочлари тилларанг-тилларанг қиз-лар орасида бир қизни кўрганида Отовулнинг кўнгли беихтиёр жиз этди. “Шуниси юрагимдан урди! – беихтиёр иқрор бўлди у. – Отини айтинг энди бу қизнинг?” Жавоб қайтди: “Дездемона!” Яна сўради: “Бу сўзнинг маъноси нима?” Жавобдан кўнгли жуда тўлди-тўлиқди-тўлқинланди: “Хоҳланг “Дездемона” денг, хоҳланг “Мона Лиза”, ҳар иккисининг маъноси – “гўзал малак”, “пари-пайкар” дегани бўлади! Отовул тикилиб қаради. Ростдан ҳам, “пари-пайкар” деса дегудек экан! Шунча йил дунё кезиб, бундай афсонавий гўзал малакни кўрмаганлиги рост! Лекин у… куляптими, йиғлаяптими? Одамга меҳр билан боқяптими, ё қаҳр билан? Дилидагиси нима: макрми ё муҳаббат?.. Юз ифодаси шу қадар сирли, шу қадар илоҳий, шу қадар мубҳамки, кошки кўнглидагини юз-кўзларидан билиб бўлса! Нима бўлганда ҳам, шу бир дунё гўзали деб дунё кезиб янги дунёга келиб турган экан, энди бўладиган ишни қилмоқ керак! Бу пари пайка
рга эришиш учун ўзини ҳар нега қодир, моҳир, ҳозиру нозир деб ҳис қилди. “Бўпти, шу гўзални Турон мамлакатига олиб кетиш йўлида ҳар қандай шартингизга розиман!” – деди Отовул. “Битта эмас, бир жуфтгина шартимиз бор! – деди оқилчинлар. – Биринчи шартимиз шуки, бизни Шарқий Рим империясининг зулму зуғумларидан халос қиласан! Бунинг учун нимаики ёрдамимиз лозим бўлса, биз тайёрмиз. Масалан, қўшинингга истаганингча қўшин қўшиб беришимиз мумкин! Шартимизнинг шунга боғлиқ давоми шуки, бутун баданингга қоракуя суркаб, ўзингни маврми-ҳабаш деб эълон қиласан, токи империядагилар бизни сен билан тил бириктиришда айблаб, башарти мағлуб бўлсанг, ҳолимизни баттар танг қилишмасин! Қолаверса, анови италянлар икки оқтан тил бириктириб бир қорамағизни ўртага олишди, деб ўйлашмасин, аксинча, булар ҳам ўзимизга ўхшаш қорачагина экан, деб ўйлашсин!..” Отовулнинг кўнглига, табиийки, бу шарт ўтиришмади! Дўст бўлиб келганни душманга қарши олкишлаш… яхшими?! Буни
нг устига, оппоқни қоп-қора қилиб кўрсатишдек кўзбўямачилик… кимга нима учун керак? Табиийки, шартга қарши норозилик билдирди: “Мен ҳеч қачон ҳеч кимга биринчи бўлиб мушт кўтармаганман, бировнинг буйруғини бажармаганман, бировнинг номидан иш кўрмаганман, Отовулман, оқ хунман, енгилиш нималигини билмаганман, билмайман ҳам. Қолаверса, империясими, ундан каттароғими, агар у ростдан золим ёғий бўлса, ўша ёғийни ўз номимни ошкора айтиб бориб енгиб келаман! Бировнинг номидан иш кўришни ўзимга иснод деб биламан! Сизга кераги ўша ўзингизга зулмини ўтказаётган “империя” деган ёвуз кучни таслим қилишми, ахир?!.” Унинг ёниб-куйиб айтган сидқидил сўзларини тинглаб турганлар мийиғида кулиб айтдиларки, “Биз ҳам сувни кўрмай туриб этик ечмаймиз, қош қўяман деб кўз чиқармаймиз, жўжани кузда санаймиз… Хуллас, биринчи шартимиз шуки, агар сенга ростдан ҳам Дездемона керак бўлса, маврми-ҳабаш қиёфасида бориб Шарқий Рим империясини мағлуб қилиб қайтасан! Гап с
ҳу! Иккинчи шартимизни ана ўшандан кейин айтамиз!”
Модомики ота-боболари “Жон қийналмай жонона қайда, Тоққа чиқмай дўлона қайда” деган эканлар, бу шартга рози бўлишдан ўзга чора йўқ, шекилли, деб ўйлади у. Майли, дунё гўзалига эришиш учун бир муддат оқни қора қилиб кўрсатса кўрсатибди-да, шу билан бир умрга юзи қора бўлиб қолмас, ахир! Муҳими – зулм-зўровонликка чек қўйиш – хайрли иш-ку!
Империяни ўзи бош бўлган қурама қўшин билан муросасиз жангда таслим қилиб, туя-туя тиллоларни ўлжа олиб, бундан ташқари, ҳар йили катта миқдордаги соф тилладан ўлпон тўлашини ўша “император” деганларининг бўйнига тавқи лаънатдек осиб, ғалаба билан ортига қайтди. Ўзи ҳам қуруқ қайтмади. “Аттила” билан “женерал” деган сўзларнинг ёнига яна икки лақабни орттириб қайтди: империянинг қоқ ярми уни “Худонинг балоси”, қоқ ярми эса, “Атла” деб атаб бошлашди. “Товуқ нималар емайди, мағлуб нималар демайди, – деб ўйлади Отовул. – Барибир, ўзи истамаган ҳолда бир муддатга юзи қора бўлган экан, бу кўргиликнинг олдида “Худонинг балоси” билан “Атла” деганлари нима бўлибди! “Худонинг балоси”, аслида, кимлигини ана ўша Худодан бошқа ким аниқ билади, ким?! Башарият тарихининг аталасини чиқариб ётганлар унинг отаси қўйган исмни ҳам бир муддат аталага айлантирса айлантирибди-да! Ахир бир кун асл ҳақиқат қарор топар-ку! Тепада Тангри турибди-ку!..
Дездемонани Отовулнинг кўзларига яна бир марта кўрсатиб, унинг юрак-бағрини баттар оловлантирганлар энди иккинчи шартга ўтдилар: “Яна бир шартимиз шуки, бизнинг ноғорамизга ўйнайсан!”
Отовул умри бино бўлиб чилдирмага ўйнаган, дуторга ўйнаган, торга ўйнаган, қонунга ўйнаган, лекин… ноғорага ҳам ўйнаб бўларканми?! Гўс ноғора одатда уруш бошланиши олдидан чалинади-ку! “Империя” деганлари таслим бўлиб, уруш балоси тугади деб турганида… энди уруш-жанжалга чақириб чалинадиган ноғорага бало борми! Қизиқ бўлдию… Таажжубига нисбатан қизиқиши устун келди: қани, кўрайлик-чи! Кимнинг ноғорасига ким қандай ўйнар экан?..
“Ноғора ўйин” деганлари бу ерда урушга чақиришни англатмас экан. Ўйиннинг моҳияти шундай эканки, бир ноғорачи гумбурлатиб улкан гўс ноғорани чалиб туради, бошқалар эса, бир эркак бир аёлни қоқ белидан маҳкам қучоқлаб олиб, икковлашиб рақс тушишади!.. Бу қандай ўйин?! Ўйиндан ўт чиқариш эмасми, аслида, бу?!. Қараса, ўзи кўз остига олган ўша “пари пайкар” Дездемонани бир олакўз барзанги унинг шундоққина кўз олдида бемалол қучоғига босиб бачкана қилиқлар қиляпти! Ё фалак! Бу қанақаси? Буниси ҳаммасидан ошиб тушди-ку! Уруш деди – урушди, юзинг қора бўлсин деди – юзини қора қилди. Энди ўзининг бўлажак умр йўлдошини бошқа биров билан баҳам кўриши қолувди! Бу қандай жаҳолат ўзи?! Барибир, ҳам уришқоқ, ҳам юзи қора бўлган экан, ўша барзангининг нақ гирибонидан олди: “Ҳой, даюс ёғий! Сен нега куппа-кундузи менинг бўлажак танмаҳрамимга суркалиб шилқимлик қиляпсан ўзи?! Сендек ёғийни тилка-пора қилиб ташлайми ҳозир?! Яна бир марта қорангни Дездемонанинг
қошида кўрсам, нақ ерга қозиқ қилиб қоқаману унингни буткул ўчираман-қўяман, уқдингми?!.” Ноғора ўйини таққа тўхтаб, бутун ўйинчилар уларни бир-бирларидан ажратишга уриндилар. Базўр ажратгач, гап нимадалиги – нима гаплигини аниқлаштиришга тутиндилар. “Бу жентлмен партнерни ўз тилингда нима деб атадинг?” – деб сўради биттаси қаттиқ қизиқиб. Отовул ажабланди: “Ёғий дедим! Бўлажак умр йўлдошим, болаларимнинг онасига тирғалган нокас менга ёғий, ёв, ғаюр бўлмай ким, ахир, дўст-ёр бўлармиди?!.” Масаланинг моҳиятига тушуниб етганлар бир уни, бир ёғийни масхаралаб кулдилар. Бир қанчалари ёғийни қўллари билан нуқиб кўрсатдилар: Ана, “Яго!”, “Яго!”, бугундан бошлаб “Устаси фаранг” эмас, “Яго” бўлди энди у!
Отовул баттар хуноб бўлиб, қизишиб уқтиришга тушди: “Энди анови устаси фарангни қўя туриб, манови ўйинга келайлик! Бу қандай ноғора базм бўлди ўзи?! Келар йўлимизда бир гуржидан отнинг эркагини кўрсатиб, “Бу эркакми?” деб сўраган эдик, у айтдики, “Йўқ, бу эркак эмас, шунчаки айғиргина! Чинакам эркакда яна пул ҳам бўлиши керак!” Мен ўша гуржига қўшимча қилиб сизларга айтаманки, одам боласи пулдор бўлгани билан ҳам ўз-ўзидан чинакам эркак бўлиб қолмайди. Эркакда аввало орият, ҳамият, шаън-шавкат деган энг бебаҳо хазина-ю ганжиналар бўлиши керак! Шу бебаҳо бойликлар мана бу ерида бўлиши керак! – Отовул қўлини мушт қилиб чап кўксига дурсиллатиб урди. Кейин белбоғини ечиб, худди кўзбойлағич қўтоснинг кўз олдида қизил матони кўз-кўз қилгандек, оппоқ белбоғини йиғилганларнинг кўз олдида ёзиб силкитди. – Мана, манови тўртбурчак оқ мато тўрт қутбнинг тимсоли хисобланади. Шу тимсолдан бир жуфт йиртилади. Улар “чорчи” деб аталади. Мана шу чорчидан бири
эркакнинг белига боғланади-да, униси “белбоғ” деб, яна бири аёлнинг бошига боғланади-да, буниси “рўмолча” деб аталади. Шунинг учун ҳам бизнинг Туронимизда “Белингда белбоғинг борми?” деган савол “Эркакмисан ўзи?” деган маънони англатади. Худди шундай, “Бошингда рўмолинг борми?” деган савол “Аёлмисан ўзи? Бошингда паноҳинг борми?” деган маънони англатади. Эркак шунинг учун ҳам эркакки, у ўзининг белидаги оппоқ белбоғи билан аёлининг бошидаги оппоқ рўмолига гард юқтирмасдан авайлаб-асрайди. Эркак аввало бирон бошқа эркак қўлини ҳам ушламаган, ҳаттоки ўз туққан онаси ўпмаган бир бокира қизни умр йўлдоши сифатида танлаб, унинг бошига рўмол ўрайди. Бу “Менинг иккинчи ярмим!” дегани бўлади. Анови ёғий… бўлажак иккинчи ярмимнинг қўлини эмас, белини бемалол ушлаб, ҳамманинг кўз олдида қучоқлаб бағрига босиб турса!.. Бу қандай ноғора ўйин, бу қандай майнавозчилик, бу қандай ёввойилик?! Ўша ўзларинг айтган “ўтакетган варварлик” мана шу эмасми?! “Варварлик”нинг
чеки-чегараси бор-ку, ахир!..”
Унинг чин юракдан ёниб-куйиб айтган гапларини диққат билан тинглаб турганлар шу ерга келганда беихтиёр қарсак чалиб юбордилар. Бири олиб, бири қўйиб, хушнуд хитоб қилдилар:
– Яша, Аттила!
– Бу оламда бор экансан-ку!
– Мантиқнинг каттаси Туронингда экан-ку, билмай юрган эканмиз!
– Иккинчи шартимизни ҳам қойилмақом қилиб бажардинг! Энди юз-қўлингни ювиб, аслингга қайтаверсанг бўлади!
– Айни шу лаҳзалардан бошлаб Дездемонани – сенга, сени – Дездемонага топширдик!
– Тақдирингни узил-кесил ҳал қилувчи шартларни энди Дездемонанинг ўзидан эшитаверасан, биродар!..
– Эй, барно йигит! – деди Дездемона икковлон ҳоли қолганларида. – Сен менга бир қарашдаёқ кўнгил қўйганингдек, мен ҳам сенга бир қарашдаёқ кўнгил қўйган эдим. Мен сенингдек барно, сенингдек доно йигит билан ўз ҳаётимни бир умрга боғлашга бажонидил розиман. Лекин бутун қавмдошларим каби менинг ҳам шартим бор-да?..
– Ҳар қандай шартинг – бош устига! – деди Отовул қаттиқ гувраниб. – Мен бу шартларингни сен қандай истасанг, худди шундай адо этишга тайёрман!
– Биринчи шартим шуки, – деди Дездемона, – мени ўз юртингга олиб кетишингдан аввал олти ой уйимда яшаб, аввало менинг, қолаверса, ота-онам, қариндош-уруғларим, бутун юртдошларимнинг кўнгил райимизга қараб, кўнгилларимизга йўл топиб, жамики синовларимиздан ўтасан, агар шу синовларда синмасанг!..
Отовул шартнинг моҳиятини унчалик тушунмади. Ичкуёв-кучуккуёв бўлиб яшашни таклиф қиляптими бу “Дездемона” деган пари-пайкар? “Кўнгил райимизга қараб” деганларини қандай тушуниш керак? “Инжиқликларимизга кўниб”, “хархашаларимизга чидаб” дегани эмасми мабодо бу?! Кўнгилларига йўл топмоғи учун, хўш, нима қилмоғи керак бўлади ўзи? Қўлга ўргатилган лайчадек ялтоқланиши, игнанинг кўзидан ўтаётган ипдек эшилиб-буралиши, ип ўтказишдан аввал бурни тешилаётганида беихтиёр бўкириб юборган туядек юлқинмасдан, аксинча, курка-товуқдек пусибгина туриши, шердек наъра тортишнинг ўрнига қанжиқдек ғингшиб-улиб умргузаронлик қилиши талаб этилмоқдами?!. “Масала”ни аниқлаштирди, албатта. Маълум бўлдики, йўқ, бундай эмас, бошқачароқ экан. Шу синов муддатида энг аввало эр йигитнинг ирода кучи, муҳаббати, ҳамияти, орияти, маданияти, сабр-тоқати, сабот-матонати ва бошқа жамики инсоний фазилатлари жиддий имтиҳон қилиб кўрилар экан! Ўйлаб қараса, яхши, бамаъни гаплар
! Буларнинг ҳам дунёга қараши туронликларнинг дунёга қарашига анчагина мос келар экан-ку! Ахир, йигирма беш ёшида “Эр” атанган алп йигитнинг бу ерга келишидан бош муддаоси ҳам киройи эркак сифатида айни шундай имтиҳонлардан шараф билан ўтиши эмасмиди?!.
Синов муддатининг биринчи куниданоқ, айниқса, бир ҳол унинг кўнглига мутлақо ўтиришмади. Бу Дездемонаси тушмагур!.. Тўғри, тилладек ял-ял товланувчи олтинранг сочларининг гўзаллигига гап йўқ! Уларга бир умр мафтун-маҳлиё термулиб ўтирса арзийди! “Соч эмас бу, шаршара бу, шаршара бу, шаршара!” Лекин шаршарадек шовуллаб турган сунбул сочлар ичидаги бош!.. Уйда ҳам, кўча-кўйда ҳам ҳамиша яп-яланг, очиқ-сочиқ, тағин денг, бу бошнинг соҳибаси ўзининг шу аҳволига буткул парвойи палак! “Эй Дездемона! – деди Отовул. – Бизнинг урф-одатларимизга кўра, эркакнинг бесоқол-белбоқсизлиги қанчалик кечирилмас гуноҳ, ўтакетган уят бўлса, аёлнинг ҳам рўмолча тақмай, бошқаларга ялангбош – боши очиқ ҳолда эркакшода кўриниши ҳам шунчалик кечирилмас гуноҳ, ўтакетган уятли ҳол ҳисобланади! Одатда эркакнинг бели белбоғ билан қанчалик маҳкам боғланган бўлса, аёлнинг боши ҳам рўмолча билан шундай маҳкам танғиб боғланиши керак! Бизнинг Туронимизда бошяланглик-я
лангбошлик аёл зоти учун ялангоёқликдан минг карра оғирроқ кўргилик ҳисобланади. Энг катта фожиа – аёл зотининг бошида ишончли паноҳи, мустаҳкам бошпанаси йўқлиги, боши очиқлиги деб қаралади. Шунинг учун ҳам ёш қизчалар бошларига – дуррача, оилали аёллар – қийиқча, кайвони онахонлар – қошбоғ боғлаб юрадилар. Бу бош кийимларнинг ҳаммаси бир сўз билан “рўмолча” деб аталади. Бу ерга келаётиб билиб олдик: масалан, славянлар уни “косинка” дейишар экан!.. Сен эрта бир кун синов муддатимиз тугаганидан кейин мен билан Турон мамлакатига бориб, Турон ҳоқонлари – хун тангриқутларининг пушти-палакларини туғиб-ўстириб, тарбиялаб-вояга етказишинг керак бўлади. Бунинг учун бизда аввало аёл зотининг боши боғлиқ бўлиши талаб этилади. Шу пайтга қадар сенинг бошинг очиқ бўлса бўлгандир, бунинг уволию савоби ота-онанг билан халқингга ҳавола! Лекин энди сен боши очиқ эмас, боши боғлиқ аёлсан-ку! Мана мен сенинг пуштипаноҳинг бўлиб ёнингда турибман-ку! Модомики менинг
бўлажак ҳасми-ҳалолим, туғилажак болаларимнинг онаси экансан, онам Оққиз атайлаб бериб юборган, ўзим жон қушидек асраб юрганим манови бир жуфт оппоқ чорчидан бирини бошингга рўмолча қилиб маҳкам боғлаб ол! Бу рўмолчага гард юқтирма, ҳеч қаерда бошингдан ола кўрма! Фақатгина менинг олдимда уни ечишга ҳақлисан, шуни унутма!
Рўмолчани дастлаб тақиб кўрганида “Вой, бирам ярашдики!” дея астойдил суюнган Дездемона эртасига Отовулга қарши бош кўтариб, норозилик баёноти эълон қилди:
– Ордона қолсин бу савил! Бу бошоғриқни бошқа тақолмайман, тамом-вассалом! “Дониё – зиндон!” дея хитоб қилган экан золимларнинг зуғуму ноҳақликларидан юраги ўртанган бир ситамдийда шаҳзода. Ўйлаб қарасам, ўша шаҳзоданинг Дониёси эмас, сенинг Туронинг зиндонга ўхшайди-ку! Хўш, агар мен бошим боғлиқ бўлишини истамасам-чи, аксинча, бўш, эркин, озод бош бўлишини истасам-чи? Нима қиласан? Бу истагимни қандай йўқ қила оласан?!.
Отовулнинг қаттиқ боши қотди. Дарҳақиқат, одам боласининг истагини қанақасига йўқ қилиш мумкин? Айниқса, озодликдек жўяли истакни зулм-зуғум, тазйиқ ўтказмаган ҳолда тинч йўл билан йўқотиш, унинг ўрнига, оддийгина инсоний маданият уруғини ўтқазиш мумкин?! Баланд келиб зулм-зуғум ўтказишдан ҳам, паст келиб ялиниб-ёлворишдан ҳам тийилиб, оддийгина инсоний муроса-мадора йўлини тутиши, жумладан, ётиғи билан тушунтириши, шу йўл билан яланг бошидаги инсоний миясининг тархини очишга ҳаракат қилиши керак бўлади, албатта. Ягона чора шу!
– Ахир, тушунсанг-чи, Дездемона, азизим! – севгилисига меҳр билан боқиб оҳиста гап бошлади Отовул. – Истакда ҳам истак бор-да! Ўзинг жиддийроқ бир танангга ўйлаб қара! Тангри Таоло бу оламни фақатгина “Ҳаракатда – баракот” деб эмас, балки саралаш асосида яратган. Оламда ҳамма нарса сараланади, сараланиши ҳам керак! Фақат сараланишнинг шарофати билангина ҳамиша зўрдан зўр чиқади. Акс ҳолда ғўрдан ғўр, кўрдан кўр, шўрдан шўр чиқаверади!.. Масалан, деҳқончиликда энг сара уруғни энг сара уруғга қўшиш орқалигина улардан ҳам зўрроқ уруғга эга бўлиш мумкин. Чорвачиликда ҳам, овчиликда ҳам… Мана, мен юртингга миниб келган манови қорабайир отга қара! Аввал-бошда асли-насли энг зотдор айғирнинг энг зотдор бияга қўшилишидан дунёга келган энг гўзал қулун бўлган эди бу қорабайир, билдингми?! Шунинг учун ҳам у асл тулпор бўлиб вояга етган! Бу оламда ҳамма жонзотлар каби одам боласи ҳам жуфт-жуфт қилиб яратилган! Лекин ҳамма гап жуфтлашишнинг ўзида эмас, ким билан к
имнинг қачон қандай жуфтлашишида! Нега бизнинг Туронимиз ҳоқонлари ўз жуфтларини гоҳ Хитой императори, гоҳ Ҳиндистон рожаси, гоҳ Эрон шоҳаншоҳи, гоҳ Юнон қайсарининг муҳташам саройларидан қидирганлар-да, кўпинча топганлар ҳам?! Чунки мана шу йўл билангина бутун оламга, бутун башариятга татийдиган баркамол авлод, навқирон насл, комил инсоннинг дунёга келиши мумкин бўлади. Бундай чинакам отовулни дунёга келтира олган оила бутун башарият ибрат олса арзийдиган киройи оила бўлади. Бизнинг Туронимизда “Эркак – уйнинг устуни, аёл – чироғи” дейдилар. Устун қанчалик бақувват, чироқ қанчалик ёруғ бўлса, демак, уй ҳам шунчалик обод-фаровону ёруғ-нурафшон бўлади. Одатда оиланинг устуни бўлмиш эркакнинг қуввати – белида, оиланинг чироғи бўлмиш аёлнинг қуввати – бошида бўлади. Бақувват бел билан тилло бош эса, белбоғ билан рўмолча орқали ҳимояланади. Ахир, соғлом уруғ қақроқ чўлга ва ё ботқоқ-кўлга эмас, ҳосилдор ерга экилиши керак бўлади-да! Ана шундагина кутил
ган ҳосилни олиш мумкин-да! Шунинг учун бизнинг Туронимизда, айниқса, аёл зотининг енгилтаклиги, суюқоёқлиги, боши очиқлиги, бебошлиги, оиласизлиги қаттиқ қораланади. Бу озодлик истаги эмас, бошбошдоқлик деб тушунилади. Авлодларнинг баркамоллигига жиддий путур етказиши мумкин бўлгани учун ҳам бу истак иллат сифатида қаттиқ қораланади. Шу оддий ҳақиқатни тўғри тушун-да сен ҳам энди!..
– Майли, сен айтганингча бўла қолсин, эй барно йигит! – деди Дездемона. – Фақат яланг бошни эмас, рўмолча ўралган бошни озод бош деб ҳис қилишим учун, худди мен сенга олти ойлик муҳлат белгилаганимдек, сен ҳам менга олти ойлик муҳлат бер! Мен ҳам шу синовдан кўнгилдагидек ўтишни жуда-жуда истайман. Фақат ўзимни сенга ҳар жиҳатдан муносиб жуфти ҳалол деб ҳис қилишим – руҳан тайёр бўлишим учун имкон беришинг керак-да сен ҳам?!.
– Бажонидил! – деди беихтиёр дил-дилдан орзиқиб Отовул. – Ахир, бу олти ой фақат мен учун эмас, сен учун ҳам синов муддати бўлса, айни муддао-ку! Фақат бир илтимосим шуки, манови белимдаги белбоғимга кўзга кўринмас узвлар билан боғланган шу рўмолчани жон қушидек асраб-авайлайсан, унга доғ туширмайсан, йўқотиб қўймайсан, майли, фақат ўзинг истаган пайтингдагина бошингга дуррача қилиб тақасан! Мен “Қани рўмолча?” деб сўраганимида “Мана!” деб кўрсатасан! Келишдикми?
– Келишдик! – ял-ял ёниб рози бўлди Дездемона. – Агар сен туҳфа қилган рўмолча бошимда бўлмаса, билгинки, юрагимнинг тўрида бўлади! Агар шу аҳду паймонимизга содиқ қолмай, сенинг ишончингни оқлаёлмасам, майли, ўша куниёқ мени бўғиб ўлдирсанг ҳам розиман!
– Бўпти! – Дездемонани бағрига маҳкам босиб, ақиқ лабига лабларини қўйди Отовул. Сўнг унинг мовий кўзларига меҳр билан тикилди: – Фақат сен ўлим ҳақида бошқа гапирма! Ахир, биз ўлиш учун эмас, бирга-бирга яшаш учун аҳду паймон қилмоқдамиз-ку, тўғрими? Ишонаманки, биз бир-биримизни бўғиб-бўғишиб-бўғилиб эмас, аксинча, суйиб-эркалаб-ардоқлаб яшаймиз! Умид қиламанки, ҳар иккимиз шу синов муддатидан шараф билан ўтамиз. Мана, олти ойлик синов муддатининг уч кунини яхшигина ўтказдик, энди қолган бир юз саксон куни ҳам!..
Шу кундан эътиборан Отовул Дездемонанинг ҳар бир истагини бажонидил муҳайё қилаверди. Афсонавий Фарҳоддек тоғни қўпор деди – қўпорди. Пайғамбардек денгизни кеч деди – кечди. Жаҳонгирдек бутун империяни ўзингга бўйсундир деди – бўйсундирди. Ўзи эркак шаънига муносиб тарзда бирин-кетин ўтаётган бу имтиҳонларга жавобан Дездемонанинг олдига ўқтин-ўқтин биргина саволни кўндаланг қўйди, холос: “Қани рўмолча?” Дездемона ҳар гал “Мана рўмолчанг, азизим!” дея дам бошидан, дам кўксидан олиб кўрсатганида ошиқ кўнгли тоғдек юксалиб, ўзини ҳар нега қодир, енгилмас баҳодир, жаҳонгиру соҳибқирон деб ҳис қилди.
Синов муддатининг ярмидан кўпи шу зайлда кечди. Лекин… кунлару ойлар ўтиши билан Дездемонанинг аввалига кўнглига жуда-жуда хуш ёқувчи эркалиги-шўх-шаддодлиги тобора ошиб-тошиб, ўтакетган тантиқлик-таннозликка айланаверди. Эркак шаънига муносиб бир шартни эндигина бажариб келганида “Мана, рўмолчанг” деб кўрсатади-да, бутунлай номуносиб яна бир шартга ўтади: “Энди менинг оппоқ оёқларимни ювиб қўясан!”, “Энди менинг тилларанг сочларимни ўз қўлларинг билан тараб, оппоқ юзимни ўз қўлларинг билан пардоз қилиб қўясан!”, “Энди анови лайчага тақлид қилиб менинг пошналарим остида жилпанглайсан!..” Аввалига бундай шартларнинг ҳар икки томоннинг ҳам шаънига ярашмайдиган даражада бемаънилигини уқтиришга уриниб кўрди: “Бу қандай гап ахир, азизим Дездемона?! Киройи эркакни топтаб-таҳқирлаб, пой-патакка айлантириб, тағин уни хотинчалишликда айблаш… оқила аёлга муносиб ишми шу?! Эркакнинг шаънини таҳқирлаб хотинчалишликда айблаётган эркакшода аёл!.. Худди пулсиз-бой
ликсиз ва орият-ҳамиятсиз эркак оддийгина айғирми-ҳанги деб аталганидек, бундай аёл ҳам “урғочи”, “мода”, “байтал”, “қанжиқ”, яна алламбало деб аталиши мумкин, аммо ҳеч қачон чинакамига Ҳазрати Аёл бўлолмайди! Наҳотки шу оддийгина ҳақиқатни тушунишни истамасанг?! Ахир, мен ўз юртимнинг ҳоқониман, Буюк Турон ҳоқонларига муносиб ворислар, ўзимдан баркамолроқ авлодларга ота бўлиш умидида сенинг пойингга бош уриб турибман-ку! Менинг беғараз ниятимни тўғри тушуниб, ҳаддингдан ошма-да, инсофга кел-да сен ҳам энди, азизим!..” Лекин Дездемона қаттиқ оёқ тираб туриб олди: “Мен сенинг шартингга чидаб, рўмолчангни дам бошимда, дам кўксимда, дам қўлимда асраб-авайлаб юрганимдан кейин сен ҳам менинг шартларимга чидашинг керак – чидайсан-да, чидамай қаёққа ҳам борардинг!” Ҳар нега қодир Отовул ўзини шу ерга келганда ўтакетган ожиз-натовон ҳис қилди: Турон юртида Алп Эр ота билан Оққиз она, бутун оқ хунлар йўлларига зор-интизор бўлиб кутиб турган бўлса! Нотавон кўнгли шу
пари-пайкарнинг ихтиёрида бўлса! Синов муддатининг кўпи кетиб ози қолган бўлса!.. Кўнглимдаги пари-пайкарни топдим-у, лекин унинг инжиқлигини кўтаролмадим” дея сўлжайибгина қоқ-қуруқ бориш… унинг Эрлик, Отовуллик шаънига муносибми шу иш?!. Начора, чидашга тўғри келади, кўпи кетиб, ози қолди-ку, дея ўзини ўзи овутди. Лекин кунлар ўтиши билан Дездемонанинг таннозларча хархашаларига атрофидагиларнинг таҳқиромуз назарлари, ҳазил-мазахлари, калака-масхаралари… қўшилиб, дард устига чипқонга айланаверди. Айниқса, “устаси фаранг” лақаби билан маълуму машҳур анови “Яго” деб аталган ёғийнинг битмас-туганмас фитна-фужурлари!.. Нақ жонидан тўйдираёзди, лекин тишини тишига босиб чидади. Ой санаб, кун санаб, соат санаб, ниҳоят, бир юз саксонинчи куннинг тонггини муштоқлик билан қаршилади. Олти ойлик синов муддатининг шу бир сўнгги кунини ҳам бир амаллаб ўтказса бас, Дездемонани ёнига олиб, Турон сари қушдек учади у! Отаси Алп Эр ҳоқон билан онаси Оққизга Дездемонани кўз-
кўзлаб, кўнгли фахру ғурурга тўлиб таништиради: “Мана, дунёнинг энг гўзал ва энг бокира қизи, оти ҳам, зоти ҳам, асли ҳам, насли ҳам чинакамига пари пайкар, менинг иккинчи ярмим, хун тангриқутларининг янги насли, сизга муносиб баркамол авлоднинг волидаи мукаррамаси!..”
Унинг нурли орзуларини Ёғийнинг бемаврид ташрифи кунпаякун қилди. “Ўзи совуқнинг сўзи совуқ” деганлари, о, нақадар ҳақ-рост экан, ҳар бир сўзи нақ юрагига наштардек санчилди: “Ишонганинг Дездемона Касио билан дон олишиб юрибди! Ишонмасанг, рўмолчангни шу бугун яна бир марта сўраб кўр-чи ўзинг! Рўмолчангни Касионинг ётоқхонасидан топасан, мен сенга очиғини айтсам!”
“Яго” деган ёғийни санқи итни қувлагандек қувлаб юборди-ю, шунда ҳам кўнгли таскин топмади. Қафасдаги арслондек нажот истаб асабий бир шиддат билан наъра тортиб тўлғонди! Ортидан мушт ўқталиб ҳайқирди: “Эй ёғий! Агар шу гапларинг бўҳтон бўлса, билиб қўйки, қорнингга қозиқ қоқаман! Агар рост бўлса, агар ишонган Дездемонам менинг кўзимга чўп солиб, ишончимни саробга айлантириб, умидимни пучга чиқарса, сен устаси фарангни ҳам, бутун Европангни ҳам аяб ўтирмайман, шуни билиб қўй!!! Ўт билан ўйнашиш, ўйиндан ўт чиқаришнинг оқибати қандай бўлишини кўзингга кўрсатаман ҳали!!!” Ёғий қочиб кетаётиб уни масхаралаб кулар экан, қичқирди: “Бекор овора бўлганинг қолади, ҳой ёввойи осиёлик! Шарқ билан Ғарбнинг қони қирқ йил эмас, қирқ аср бирга қайнаса ҳам ҳеч қачон қўшилмайди! Биз бошқа-бошқа дунёлармиз, билдингми?! Бу оддийгина ҳақиқатни Дездемона ҳам яхши билади! Башарти уни ўзингнинг Туронингга олиб кетган тақдирингда ҳам, эрта бир кун ўша ёқларда сенин
г эмас, ўзининг пушти-палагини ўстириб-ундиради, шуни яхши билиб қўй!..”
Отовулнинг ақли бовар қилмади: наҳот олти ойлик синов муддатининг охири шундай вой бўлса?! Наҳот бу оламда одам боласи уддалаши мумкин бўлмаган бир ишга бекор-беҳуда овора-сарсон бўлиб юрган бўлса у?! Наҳот бу дунёи дунда Жануб билан Шимол тил топиша олади, ҳаттоки чор дарвешдек тўрт қутбдан келган тўрт сайёҳ ҳам ўзаро тил топиша олади-ю, ниҳояти биргина улкан қитъанинг Шарқи билан Ғарби ҳеч қачон тил топишолмайди?! Ҳамиша бир-бирига ёғий, ғаним, ёв эмас, дўст-ёр, биродар, ўртоқ, бир тану бир жон бўлолмайди?! Наҳот Шарқ билан Ғарбни бирлаштира олувчи куч бу оламда йўқ?! Наҳот ишонган Дездемонаси ҳам шу эзгу орзуини биргаликда баҳамжиҳат ушатишнинг ўрнига уни ҳар боб билан алдаб-авраб, шунчаки лақиллатиб юрган бўлса?!. Агар шундай бўлса, башарти анови фитнакор ёғийнинг гаплари рост бўлса, Турон юртига нима деб, қандай бош кўтариб, қандай қайтади энди у?! “Шарқлик билан ғарбликнинг қони ҳеч қачон қўшилмас экан!” дебми? “Қидирган жуфти ҳалолимни топ
ишга топдим, лекин унга эришолмадим, чунки у бутунлай бошқа бир дунё, бунинг устига, хиёнаткор экан!” дебми?.. Эркак шаънига номуносиб бундай ўтакетган иснод юкини зиммасида кўтариб борганидан шу ерларда санқи итдек хор бўлиб ўлиб кетгани яхшироқ эмасми?! Мона Лиза – Дездемонанинг кўзларида сирми, сеҳрми, жодуми, фитнами, вафо-садоқатми, муҳаббатми, нафратми… нима яширинган, аслида, ўзи?!.
Дездемонанинг ётоқхонасига селдек бостириб кириб, охирги марта “Рўмолча қани?!” деб сўради. Бироқ Дездемонанинг безовталаниб кўзларини олиб қочиши, узуқ-юлуқ гаплари унинг юрагини баттар ўртаб, ўт бўлиб ёнаётган вужудидан олов-оташ баайни вулқондек отилди: “Уввв!.. Иммм!..” Асабий ҳолда қўлларини паншаха қилиб Дездемона томон одимлар экан, саволни қайта-қайта такрорлади: “Рўмолча қани?! Қани рўмолча?!”
…Орадан ўн асрдан кўпроқ вақт ўтиб, буюк инглиз драматурги Вилям Шекспир Отовулнинг кўргиликлари – Отелло фожиасини қойилмақом қаламга олди. Орадан тағин беш аср ўтиб, Шекспирнинг “Отелло” тарихий фожиаси буюк Чўлпон томонидан ўзбек тилига қойилмақом таржима қилинди. Орадан саноқлигина йиллар ўтиб, бу фожиа буюк режиссёримиз Маннон Уйғур томонидан ўзбек театри саҳнасига қойилмақом олиб чиқилди. Отелло ролини буюк актёримиз Аброр Ҳидоятов қойилмақом ижро этди. Бу тарихий фожиа ҳатто буюк Шекспир ворислари томонидан инглиз театри саҳнасида намойиш этилди. Аброр Ҳидоятов Отелло ролини маромига етказиб ижро этган жаҳоннинг энг моҳир актёри сифатида инглиз томошабинларининг ўзлари томонидан ҳаққоний эътироф этилди. Ривоят қилишларича, ҳатто Дездемона ролини ижро этаётган Сора Эшонтўраева “Аброр ака, саҳнадасиз! Аброр ака, саҳнадасиз!” дея ўқтин-ўқтин эслатиб турган экан, токи буюк актёр “партнёр”ини ёлғондакам эмас, чинакамига бўғиб қўймасин!.. Ўйлаб қарасангиз,
бунинг ҳеч бир ажабланадиган жойи йўқдек! Зотан, Отелло ролини ўзбек актёри Аброр Ҳидоятовдан ошириброқ ишонарли ижро этиш… амалда мумкин эмас-да! Ахир, эрамизнинг бошларида Туронзаминга қайтиб келолмасдан бегона юртларда армон билан ўлиб кетган Буюк Турон ҳоқонининг изтиробини ич-ичдан ҳис қилиб, уни ўз тупроғига қайтариш истаги ўзбек актёридан бошқа қай бир актёрнинг кўнглида кучлироқ бўла оларди дейсиз! Жаҳоннинг бошқа жамики моҳир актёрлари буюк Шекспир ёзиб қолдирган гапларни қойилмақом ижро этиши мумкин, албатта. Лекин у ёзиб қолдирмаган, фақатгина ўзбекона қалб қаъридан баайни вулқондек отилиб чиққан “Увввв!” билан “Иммм!”ни ўзбек актёри Аброр Ҳидоятовдан бошқа ким ҳам маромига етказиб ижро эта олади, ахир?! Бу ув, бу уввос, бу им, бу имлаш наинки ўзбек, балки бутун жаҳон томошабини қалбини ларзага солишга қодир! Шунинг учун ҳам “Ўзбек Отеллоси”да у!..