Тарихий лавҳа
Қадим туркий сўзларнинг туб луғавий
маъноларини пухта биладиган луғатшунос олим
Эрнст Бегматовга бағишлайман
Рабғуз (Работи Ўғиз)дан Ҳазрати Султони Орифин зиёратига отланган карвон Терскай (яъни, Тескари – ҳозирги Сўзок шаҳри)да бир кеча тунаб, Қоратовни ошиб, ниҳоят, Югнактепа яқинидаги «Шакарбулоқ» деб аталувчи булоқ қошидаги работда қўним топди. Носируддин Бурхониддин Рабғузий ўзига ҳамроҳ-сафардош зиёратчилар қаторида булоқдан қониб сув ичди-ю бутун жисми-жонида ажиб бир ҳузур-ҳаловат, ғайрат-шижоат туйди. Пайғамбари Акрам ёшини қоралаб турган бўлишига қарамай, шу топда ўзини баайни ёш йигитлардек бардам-бақувват ҳис қилди. Ёнида қўл қовуштириб хизматга шай турган работ соҳибини саволга тутди:
– Ажаб хосиятли булоқ эканму? Нечун «Шакарбулоқ» деб аталур, тақсир?
Работ соҳиби айни шу саволларни кутиб тургандек кўзларидан ўт чақнаб, ўзгача завқ-шавқ билан астойдил тушунтиришга тутинди:
– Суви шакардан ширинроқ, болдан тотлироқ бўлганидан кейин, «Шакарбулоқ» дейилади-да, азиз биродарим! «Асалбулоқ» десангиз ҳам ҳақингиз кетмайди! Ривоят қилишларича, бир пайтлар чингизийлар вайронага айлантирган Югнак қалъаси – ҳов анови кўзингизга аниқ-равшан кўриниб турган Югнактепа ўрнида Адиб Аҳмад ҳазратлари таваллуд топган эканлар. Айни шу қутлуғ таваллуд санасида шу хосиятли булоқ кўз очган экан. Адиб Аҳмад ҳазратларининг ўзлари бир умр пири комиллари Аҳмад Яссавий ҳазратларига талпиниб яшаганларидек, ўшандан буён бу булоқ ҳам Туркистон шаҳрига – Яссавий ҳазратларининг хоки пойига интилиб, йўл-йўлакай бошқа катта-кичик булоқларнинг сувига қўшилиб, улкан Қорасув ариғини ҳосил қилар экан. Тоғ тепасидаги оппоқ қорлардан йиғилган сув «Оқсув» деб аталганидек, ер бағридан қайнаб чиққан булоқлардан тўпланган сув «Қорасув» деб аталишини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак?..
Носируддин Бурхониддин саволга жавобан тасдиқ маъносида бош ирғар экан, юраги тўлқинланиб, ич-ичдан орзиқди. Бу жаҳон айвонида бизнинг туркийимиздек ифода қудрати чексиз тил тағин борми экан! Аввало Яратган Эгамнинг, қолаверса, она тилимизнинг бемисл қудрати баайни қатрадаги қуёш аксидек шу бир жуфт сўздаёқ аниқ-равшан кўриниб турибди-я! «Оқсув» билан «Қорасув» сўзларининг туб луғавий маънолари Маҳмуд Кошғарий ҳазратларининг «Девони луғатит турк» асарида қаламга олинганму эди, афсус, шу топда эслаёлмай, хотираси панд бериб турибди. Ҳар қалай, бурноғи йил муқаддас Туркистон заминидаги Занги ота, Нурота, Чўпон ота, Чўлпон ота, қўйинг-чи, жами қирқ нафар азиз-авлиёларнинг қадамжоларини бир сидра кўзларига тўтиё қилиб чиққанида, айниқса, бир ҳол кўнглида ўчмас таассурот қолдирган эди. Нурота булоғининг суви йиғилган мўъжизавий ҳовуз, бу ҳовузда баҳузур ўйнаб-ўйноқлаб юрган авлиё балиқлар-ку, не бир тепса тебранмасларнинг ҳам кўрар кўзларини қувнатиб, ўзларини ҳаяжонга солишлари муқаррар! Айниқса, бу Авлиё отанинг икки томонида тизилишганча қад кериб турган икки тоғ тизмасидан бири – «Оқтов», яна бири «Қоратов» деб аталиши ўзини қаттиқ ажаблантирган эди. Ўшанда Нурота работининг соҳиби ҳам худди манови биродаридек кўзларидан ўт чақнаб, ажиб завқ-шавқ билан тушунтириш берган эди:
– Нима сабабдан авлиёи киромимизнинг ўнг томонида саф тортган тоғлар «Оқтов», сўл томонида тизилишган тоғлар «Қоратов» деб аталишини аниқ-тиниқ билишни истайсизми? Оқтовни – назмнинг, Қоратовни – насрнинг ўзига хос тимсоллари деб билаверасиз-да! Бу тизма тоғлар асрлардан буён «Ватаним Нурота, тоғлар ораси» дея ҳам назм, ҳам насрда баб-баравар қалам тебратишга қодир қалам паҳлавонининг таваллуд топишини кутиб ётибди, ахир, тақсири олам! Менинг шу гапларимни қулоғингизга қўрғошиндек қуйиб олинг-да, хулоса чиқараверинг, агар ростдан ҳам ўзим ихлос қўйган шоири замон Рабғузий ҳазратлари бўлсангиз!..
Ўшандан буён узоқ-узоқ хаёлларга чўмиб, тотли-тотли орзулардан юраги бот-бот орзиқиб кетади. Қадимий Туркистон заминида Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакийдек назм баҳодирлари-ку, ҳамиша бисёр бўлган, бугун ҳам бисёр! Демакки, булардек пурвиқор тоғлар орасида яна бир тоғ бўлиб қад ростлаш не бир илоҳий қалам соҳиблари учун ҳам анчагина душвор! Лекин бадиий наср майдонида жавлон ура оладиган «мана мен» деган носир… бу улусда борми ўзи?! Тўғри, оғзаки ижодда латифадек бутун туркий улуснинг беназир насрини яратган ўлмас Хўжа Насриддин афандимиз бор! Лекин ёзма адабиётда қани ўша заковату зарофатда тенгсиз афандимиз билан бўйлаша оладиган илоҳий қалам соҳиби?! Модомики афандитабиат падари бузрукворим Бурхониддин қози бундан олтмиш уч йил муқаддам ёлғиз ўғли бўлмиш бу фақирга не бир умидлар билан «Насриддин» деб от қўйган экан, ё Қодир Аллоҳ, ақалли энди бу бандаи ожизингга олтмишдан ошганимда шу умид тоғини кўнгилдагидек ушатиш бахтини муяссар қилармикансан Ўзинг!..
Мана, шундай узун хаёллар, тотли орзулар, сидқидил илтижо-таваллолар билан кўз очиб юмгунча бўлмай орадан уч йилга яқин вақт ўтиб кетибди-я, буни қаранг! «Умр – оқар сув» деганлари нечоғли ҳақ-рост экан! Шу уч йилдан буён қай йўсинда назмдан насрга ўтиб, носир сифатидаги ишни айнан нимадан бошласам маъқул бўлар экан, дея астойдил ўйланади. Бундан бирор ойгина муқаддам қадимий Исфижоб яқинидаги Ҳазрати Султони Орифиннинг падари бузруквори Иброҳим ота билан волидаи мукаррамаси Қорасоч она мақбараларини зиёрат қилиб, кўнгли алланечук равшан тортгач, худди манови Шакарбулоқдан сув ичгандек, Қорабулоқдан қониб-қониб сув ичди. «Қорабулоқ» деса дегудек каттакон булоқ экан ўзиям! Нақ бир тегирмон сув ер бағридан қайнаб-тошиб чиқаётган булоқнинг «Қорабулоқ» деб аталиши кўнглида туркий тилнинг нақадар пурҳикмат-пурмаънолигига ҳайрат-у ифтихор ҳисларини уйғотган эди.
Мана, энди биргина булоқ эмас, кўпдан-кўп ширин-шакар булоқлар сувининг қўшилишидан ҳосил бўлган улкан ариқ номининг «Қорасув» деб аталишини қаранг!.. Мўъжизани кўринг! Худонинг қудратини кўринг!..
Эртасига Қорасув ёқалаб йўлга тушган карвон бу ариқ суви келиб қуйилувчи улкан сой – Қорачиқ устидаги кўприкдан ўтар экан, Носируддин Бурхониддин Рабғузийнинг кўнгил кўзгуси дафъатан равшан тортиб, фикри мисли кўрилмаган даражада тиниқлашди: аввал-бошда Қорабулоқ, кейин Қорасув, мана энди – Қорачиқ!.. Агар Аҳмад Яссавий ҳазратлари бу туркий улуснинг кўз қорачиғи бўлсалар, бу кўзнинг қораси билан оқи!.. Нима бу? Туркий тилдаги назм билан наср эмасми мабодо?! Туркий назмнинг дилбар шоирларидан бири «Кўзингнинг қароси оқи бирла ажиб куфредурки, иймон бирла ҳамроҳ» деб ёзиб, кўзнинг қорасини – куфрга, оқини – иймонга менгзаган эди. Афтидан, бу ўхшатишда нуқсон бордек. Йўқ, кўз қораси, айниқса, унинг қорачиғини куфр деб билишнинг ўзи куфр, аниқроғи, куфрони неъмат эмасми?..
Қани энди насрдек қора сўзда шундай бир асар бита олсаки, у пурвиқорликда Боботоғ-у Аскартоғ, борингки, Тангритоғ билан бўйлаша олса! Аҳмад Яссавий ҳикматлари назмдаги «Қуръони туркий» деб аталганидек, бу асар ҳам насрдаги яна бир «Қуръони туркий» сифатида оламда довруғ қозониб, тарих саҳифаларида мустаҳкам сақланиб қолса!
Кўнглида туғилиб-ўсиб, ниҳоят, пишиб етилган бу ижодий ниятини қай йўсинда рўёбга чиқармоқ мумкин?! Қорачиқсой кўпригининг устидан ўтар экан, аниқ-равшан бир хулосага келиб тўхтади: «Осилсанг баланд дорга осил» деганлар. Азим Туркистон заминида Каломуллоҳ – Қуръони Карим маъноларининг тафсирларию шарҳлари ҳам, мукаллимлар-у муфассирлар ҳам беҳисоб! Лекин… оқ ёмғир, оқсой, оқдарё сувидек осмондан баайни оби раҳмат бўлиб ёғилган Каломуллоҳда тилга олинган жами етмишдан ортиқ қиссаларнинг теран маъноларини бадиий насрнинг қорабулоқ билан қорасувдек ер бағридан қайнаб чиққан илоҳий чашмасига айлантириб, уларни қора сўз кўмагида ёшу қари – барчага оппа-осон тушунарли бўлган яхлит туркумга маржондек тизиб чиқса-чи ўзи? Туркумни «Қисаси Рабғузий» деб атаса!.. Бу асар то қиёматга қадар Яссавий ҳазратларининг «Девони ҳикмат»и қаторида китобхонлар қўлларидан қўймай, қўлма-қўл қилиб қайта-қайта ўқийдиган умрбоқий асар бўлмасми экан?! Агар «умр – оқар сув» бўлса, бу оламда оқар сувнинг каттаси – қорасув – пайғамбарлар умри эмасми?! Демакки, насиб қилса, Қуръони Каримда қутлуғ номлари тилга олинган пайғамбарлар қиссаларини ўзигагина хос мушоҳада чиғириғидан ўтказади!
Носируддин Бурхониддин Рабғузий Қорачиқсой соҳилидаги бир муддатлик ҳордиқдан кейин манзилга яқинлашган карвон аҳли қаторида йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, ахийри Туркистон шаҳрига кириб борди. «Туркистон элининг шайхулмашойихи» Хожа Аҳмад Яссавий зиёратгоҳига бутун вужуди ҳаяжонга чулғаниб, тафаккур хумдонида, ниҳоят, пишиб етилган шундай бир қутлуғ ниятини дилига маҳкам туккан ҳолда қадам қўйди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!.. Ё пири комил, ўзинг бу бандаи ожизга мададкор бўл!.. «Кўнгил кўнгилдан сув ичар» дейдилар. Кўнгилдаги энг пинҳоний нуқтадан – дил қаъридан баайни булоқдек қайнаб чиққан дил сўзлари, «тома-тома кўл бўлур» деганларидек, шоядки кунлардан бир куни кўзларни ойдин, кўнгилларни равшан торттиргувчи яна бир улкан Қорасувни ҳосил қила олса!..»
Муаллифнинг сўнгсўзи:
Жаҳон адабиётида ҳам, ўз адабиётимизда ҳам илоҳий мавзуларда битилган шоҳ асарлар талайгина бор. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий»си, Данте Алигерининг «Илоҳий комедия»си, Шайх Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»и, Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр»и, Гётенинг «Фауст»и, Фитратнинг «Шайтоннинг Тангрига исёни» ва «Қиёмат» ҳикоялари, Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита», Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» романлари, Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» ва Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни» достонлари… Асарлар орасида Мавлоно Носируддин Бурхониддин Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий» («Қисасул анбиё») асари бош манба (Қуръони Карим – Каломуллоҳ)га энг яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боисдан ҳам, мана, етти аср – етти юз йилдан буён асар халқимиз томонидан севиб мутолаа қилинади. Асрлар мобайнида рабғузийхонлик халқимиз маънавиятининг узвий бир қисмини ташкил этиб келган қиссахонликларнинг сарчашмасида ҳақли равишда турибди. Ушбу шоҳ асарнинг дунёга келишига бош сабаб – маънавий-руҳий омиллар хусусидаги бадиий тасаввур маҳсули бўлмиш ушбу мўъжазгина тарихий ҳикоя шоядки кўнглингизда рабғузийхонлик иштиёқини салгина кучайтира олса…