Кейинги ўн беш йиллик умрини қадимий Ясси қалъаси яқинидаги Янгиқўрғон қишлоғида ўтказган Ҳусайн сўфи Муҳаммад сўфи ўғли қирчиллама қирқ ёшида кутилмаганда ноаниқ бир хасталикка чалиниб, тўшакка михланди-қолди. Табиб-ҳакимлар беморни ҳар боб билан кўриб, дардига даво қидирдилар, лекин бу уринишлардан тайинли натижа чиқмади. Аслида-ку, нақ гирибонидан бўғиб олиб кетаётган дарднинг ўзи йўқ! Беморнинг ўзи ҳам аниқ-тиниқ “Фалон жойим оғриб турибди” деб кўрсатиб беролмайди…
Бир ойча аввал, одатдагидек, саҳармардонда таҳоратдан сўнг уйидан чиқиб, девор-дармиён қўшни мачитнинг мезанасига кўтарилди-да, муаззиннинг ўрнига азон айтди. Айни шу чоғда ўзини бардам-бақувват, овозини жарангдор ҳис қилди. Жума куни эди, одатдагидек, жамоа билан намоз ўқиганидан кейин ҳалимхона билан зикрхона оралиғидаги ҳужрада мачитнинг имом ҳатиби, мутаваллиси, яна бир неча кунда-шундалар билан биргаликда нонушта қилди. Кейин қироатхонага ўтиб, бир муддат мутолаага мук тушди. Тўрт-беш саҳифа ўқир-ўқимас, нимагадир кўз олдида ҳарфлар алланечук чаплашиб кетаверди. Толиқдим шекилли дея уйига чиқиб, пешин намозига қадар чўзилиб ётди. Қанча ухлаганини билмайди, алоқ-чалоқ туш кўриб, босинқираб уйғонди. Ўрнидан турганида… дабдурустдан гандираклаб йиқилди. Мана, қарийб бир ойдирки, кунига икки-уч маҳал ёлғиз ўғли Маҳмудга суяниб ҳожатга бориб келади. Табиблар берган эзибички, тутатқи, дамлама, яна бошқа алламбало эмлар, қани энди, зиғирча кор қилса! Бирон жойи оғримайди. Бирон нима ичкиси-егиси келмайди. Иштаҳа мутлақо йўқ! Ўрнидан турса гандираклаб йиқилаётгандек бўлаверади, шу боис уззукун узала тушиб ётади. “Шу қимизни ичинг, отдек бўлиб кетасиз” дея бошида парвона бўлаётган жуфти ҳалоли Бибиойша отиннинг гаплари ҳам ёқмайди. Хуллас, дарди оддийгина хонаки дард эмас, аллақандай дардисар! Табиблар беморнинг ранг-рўйини кўриб таажжубланадилар. “Кўринишингиздан, соппа-соғсиз!” дея кўнглини кўтарадилар. Муолажаларни тўлиқ олсангиз, иштаҳангиз очилиб, бўз йигитлардек чопқиллаб кетасиз”, дея умидлантирадилар. “Бекордан-бекорга айланаверадиган қанақа бош бу бошингиз?” дея ўзларича ҳазиллашган ҳам бўладилар… Барибир натижа… Ё фалак! Қайдан ёпишди бу балойи ногаҳон?! Наҳотки шу алфозда ўлиб кетаверса?! Қирчиллама қирқ ёшида-я. Куни кечагина ўйнаб-ўйноқлаб юрган одам… балоғат ёшидаги ёлғиз ўғлининг бахти-ю тахтини кўрмай, уни етим қолдириб!.. Ё раббий! Наҳот бу ёруғ оламга келиб кўрган-боққани шу бўлса?..
Йўқ, Ҳусайн сўфи ўзини худонинг суюкли бандаси деб билганидан кейин ҳеч қачон ношукурлик қилмайди, албатта. Худога минг қатла шукурлар қилса арзийдики, у ҳалол-покиза умр кечирган зот Муҳаммад сўфи хонадонида таваллуд топди. Айни шу боисдан болалик чоғларидаёқ хатми қуръон қилиб, қорилик шарафига ноил бўлди. Навқиронлик йилларини Бухорои шарифда кечириб, машҳур мадрасада таҳсил кўргани-ю, бу мадрасанинг энг обрўли мударриси, мусулмон дунёсида таниқли шайхулислом Баҳриддин Бухорий ҳазратларига куёвлик мартабасига мушарраф бўлгани учун ҳам беҳад-беҳисоб шукрона айтса арзийди. Ўн етти ёшида Саврон қалъасидаги мадрасалардан бирини битириб, араб, форс тили билан бирга ўзининг она тилида ҳам ўқиш-ёзишни пухта ўзлаштирган ягона зурёди, кўзининг оқу қораси Маҳмуд қоридек заковати ҳайратомуз ўсмирга падари бузрукворлик бахти… Худонинг суюкли бандасигагина насиб қиладиган улуғ бахт бу!.. Яратган Эгам, шундай оқил фарзанд ато этганинг учун ўзингга ҳазор шукур, лекин… Шу кетишда эрта-индин бандаликни бажо келтирса… бу ёруғ оламда Худодан бошқа ишонари-ю суянари йўқ дилбандининг ҳоли не кечади?! Энди фарзандлар роҳатини кўраманми деб турганида бу не кўргилик? Кўнглида бош кўтарган исённи базўр жиловлаб, ич-ичдан истиғфор келтирди: астағфурилло! Тавба қилдим, ношукур бандангни ўзинг кечир, Парвардигори Олам! Яна сенинг иродангга бўйсуниб, кўнглимдаги қирқ йиллик орзу-армонларим, бу орзу-армонларимни ифода қилгулик тил-забоним, дил сўзларимни уқишга қодир ақли бутун зурёдим борлиги учун ўзингга минг карра шукрона айтсам арзийди. Фақат сўнгги сўзларимни айтолмай армонда кетгулик қилмагайсан! Ўзинг ҳаммасидан огоҳсан, Яратган Эгам, токи тилдан қолмай туриб, ўғлимга қирқ йилдан буён юрагимнинг тўрида сақлаган кўнгил сирларимни, васиятимни айтиб улгурмоғим шарт!..
Кеча оқшом ўғлига аталган сўнгги сўзини “Насиб қилса, эртадан қолдирмайман, тонг отсин, айтаман!” деб ният қилган эди, бугун эрталаб…
Кутилмаганда мачитнинг имоми бир нотаниш йигитни эргаштириб, “ранг кўр-ҳол сўр”га кириб қолди. Бир муддатлик такаллуф-илтифотлардан сўнг имом ташрифдан муддаони тушунтирди:
— Манови биродаримиз бугундан бошлаб жанобларининг ўрнида мачитимизнинг сўфиси сифатида иш бошламоқчи бўлиб турибди, — деди нотаниш йигитга ишора қилиб. — Хабарингиз бор, анчадан буён мачитларимизда амри маъруф араб тилида олиб борилмоқда. Бизда араб тилида равон гапира оладиган одам ўзингиз эдингиз, тақсир, лекин сиз… Энди сизга Худо шифо берсин. Соғайиб чиққанингиздан сўнг мачитимизнинг кутубхонаси билан ҳаттотлик ҳунари тағин ихтиёрингизда бўлур!.. Шунга… нима дейсиз, тақсир?..
Меҳмонларни кузатгач, ўрнига қайта чўзилди. Ўзини яна-да ҳолсиз-мажолсиз ҳис қилди. Ич-ичидан баайни бир тўфон бостириб келди. Хўш, буларнинг пойқадамидан муддао нима? Бемордан ҳол сўрашми ё… қачон ўлишини билишми?
Кутилмаган ташриф дард устига чипқон бўлди. Ишонган ёлғиз ўғлига васият айтиш қарори яна-да қатъийлашди:
— Ўғлим! — кейинги кунларда ҳар бир каломига интиғ-у, маҳтал бўлиб ўтирган нуридийдасига меҳр билан боқар экан. — Гапларимни жон қулоғингиз билан эшитинг. Ўн етти ёшингизда араб-у, форс тили билан бир қаторда она тилингизни ҳам бу бандаи ожиздан минг карра пухта билиб олганингиздан бағоят мамнунман. Энди… алҳамдулилло, сиз билан биз мўмин-мусулмонмиз. Аммо, шуни қулоғингизга қуйиб олингки, Қуръони Каримнинг араб тилида нозил этилгани бу миллат ва бу тилга алоҳида имтиёз бермайди. Аксинча, бу халқ ва бу тил ер юзидаги жамики бошқа халқлар ва тилларнинг ўсиб-униши, гуркираб равнақ топиши учун мўътадил иқлим, қулай имконият яратиб бермоғи керак! Дини ислом билан Каломуллоҳнинг беқиёс қудрати, аввало мана шунда, ўғлим. Бас шундай экан, баъзилар ўзларининг сайидзодалигини писанда қилиб такаббурликка берилсалар, туркий тилга нописандлик назари билан қарасалар, мана шу биз яшаб турган заминдаги не бир ақлли бошлар ўз она тилларига бегонасираб қарасалар… бу аҳволда додимизни кимга айтишимиз керак?
Ўзингиз жиддийроқ бир ўйлаб кўринг. Жамики мусулмон дунёсида ҳадис илмининг сардори бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари қариган чоғларида қадр топмай, таҳдид-тааддилардан ўз киндик қони томган юртга қочиб қутулсалар. Фалсафа ва мантиқ илмини араб тилига қўшиб “Муаллими аввал” юксаклигига кўтарган Абу Наср Форобий ҳазратлари Халафда қариган чоғларида хор-зорликда умр кечириб, камситишлардан ўлибгина қутулсалар!.. Бу қандай бедодлик, ахир!.. Мана, бир чеккасини ўз кўзингиз билан кўрдингиз, фақир ҳам она юртимда жон ҳовучлаб базўр яшадим. Айбим нима эди, билмайман, бу ерга келиб ҳам ўзим — рўшнолик, елкам — офтоб кўргани йўқ! Билмадим, бу аҳволда авлодларимизнинг, она тилимизнинг, умуман, Ота Туркистонимизнинг ҳоли не кечади? Хуллас калом ўғлим, Жаноби Ҳақнинг ҳузурига ёруғ юз билан бориш олдидан Сиздан ягона ўтинчим, ҳам сўнгги васиятим: она тилимиз хазинасидаги жамики зарра-ю нуқраларнинг ҳар бирини кўзларингизга тўтиё қилиб, йиғиб-териб, асраб-авайлаб, бир китобга жамулжам этсангиз! Шоядким ёзма нутқдан маҳрум бўлган, мана, энди оғзаки нутқдан ҳам тобора сиқиб чиқарилиб, кун-бакун ўлиб бораётган тилимизга қайта жон ато этиш бахти Сизга муяссар бўлса! Волидангиз билан сингилларингизни — сизга, сизни — Худога топширар эканман, жон ҳовучлаб Жаноби Ҳақдан илтижойим шу: илоҳо тилимизнинг бутун бойлиги-ю пурҳикмат сўзларимиз бағридаги маънолар хазинасини баайни келинчакнинг сепидек ярқиратиб ёзиш ва жаҳон аҳлининг кўзларига аён кўрсатиш имкониятини шу ягона зурёдимга беминнат ато этгайсан ўзинг!..
Дил қаъридан чиқиб дил қаърига етиб бораётган бу гаплардан ўспирин Маҳмуднинг юраги тўлиқди. Отасининг қоқшол қўлларини меҳр билан силаб, қоқсуяк кафтига лабини босди. Бутун вужуди титраб-қақшаб, жисми-жони ёниб-ўртаниб шивирлади:
— Бас, бўлди, кўнгилни вайрон қилманг, падари бузруквор! Васият айтишга зинҳор шошилманг, зеро сиз ҳали кўп яшайсиз, мен билан набираларингизнинг бахти-тахтини кўрасиз!.. Бу гапларингизни толиби илмга йўл-йўриқ сифатида қабул қилғайман, отажон!
Ҳусайн сўфининг бемажол қўллари зурёдининг бош-кўзини меҳр билан силади:
— Майли, сиз айтганингизча бўла қолсин, ўғлим!
…Бўлажак тилшунос олим, оламшумул “Девони луғатит турк” асарининг муаллифи Маҳмуд Қошғарийнинг тиниқ хотирасига ўчмас бўлиб муҳрланган ва бу буюк тилшуноснинг бутун умр йўлини аниқ-равшан белгилаб берган бебаҳо йўриқ эди бу!..