Қишлоқдагилар Турдиқул чолни “Махарадзе” дейишарди. Ёш ўсмирларку Махарадзе ким эканлигини унчалик фарқлай олишмайди. Лекин чолнинг камсонли тенгдошлари уни жуда яхши билишади. Чол билан суҳбатлашган одам хохласа-хохламаса унинг узундан-узун футболга оид суҳбатига “шўнғиш”га мажбур бўларди. Қишлоқнинг бир четидаги камтарингина ховлида ёлғиз яшайдиган Турдиқул чол ёшлигида жисмонан бақувват бўлган экан. Кампири Турдиқул чолни бу дунёда эрта ташлаб кетган эди. Ёши бир жойга бориб қолган оқсоқолларнинг айтишларича, табиатан ҳазилкашроқ футболга ўч чол кампири оламдан ўтган куни шаҳардаги ўйингоҳда футбол томоша қилиб ўтирган экан. Қитмир ишқибозлар чолдан:
– Бобо, ёлғиз келибсиз. Қаранг-а бутун стадионда энг ёши улуғи сиз экансиз. Лекин энг ёлғизи ҳам сизсиз. Бирорта ҳамрохингиз йўқмиди?-дейишибди. Шунда “Махарадзе” пинагини бузмай:
– Ким билан келишим керак?-дебди саволга савол билан.
– Масалан… кампирингиз билан.
– Кампирим ўлиб қолди, дебди чол жиддий.
– Ҳаа… унда дўстларингиз бордир бирга келгани? Ёки улар футболга қизиқишмайдими?
– Қизиқишга қизиқадия, лекин улар ҳозир кампиримнинг азасида ўтиришибди, дебди чол.
Албатта, оқсоқолларнинг бу таърифи ҳақиқат чегарасидан бироз узоқда. Аммо чолнинг футболга муккасидан кетганча қизиқиши бор гап.
Бир куни чолни уйи олдидаги дарахт тагида Мамат оқсоқол билан қуюқ суҳбати устидан чиқиб қолдим. Чол одатдагидай футбол ҳақида гапирарди:
– Эее, Маматвой, кеча туркларнинг ўйинини кўрмабсан-дунёга келмабсан. Бразилияни янчиб ташлашига озгина қолдия,- деди ва тимирскиланиб носқовоғини олди. – Барибирам қойил қолдим-эй. Зўр-базўр ютиб олди бразил қурғурлар.
– Ҳа, набирамдан эшитдим, деди Мамат оқсоқол бепарво охангда. Унинг бу гапи чолни янада илхомлантириб юборди:
– Шу туркларда Хасан Шош дегани бор экан. Ўйланиб қолдим. Шу болани уруғи Тошкентданмасмикин-а?-деди Турдиқул чол тилла топиб олган гадойдай кўзи чақнаб.
Чолнинг гапидан юзимга табассум югурди.
– Сен кулма, болам. Ё гапим нотўғрими? Мен сендақа ўқимишли бўлмасамам ҳарқалай саводсиз омиларданмасман. Тошкентни эски номи Шош эканлигини дилбизорда эшитганман. Сен шу бола ҳақида ҳалиги бору… -деди пешонасини тириштириб. – Инсититутда ёзадику… Нимайдия отинг қурғур…
– Битирув ишими?-дедим “Махарадзе” бобонинг нима демоқчилигини англагандай бўлиб.
– Ҳаа, битирув ишими? Ўшанақа йизгин. Мана мени айтди дерсан шу боланинг ота-бобоси тошкентлик бўлиб чиқади.
Чолнинг айтганидай диссертация ёзишга сўз бериб, хайрлашдим. Кетарканман орқаваротдан икки чолнинг хазиломуз гаплари элас-элас қулоққа чалинди:
– Шу Роналдо билан Роналдино дегани ака-ука экан деб эшитдим. Қайси бири акасию қайсиниси укаси эканлигига ҳеч ақлим етмади-да. Дилбизордаям айтишмайди.
– Буни дилбизорда айтамасям билиб олса бўлади. Роналдонинг сочи тўкилиб кетганку. Демак, унинг ёши катта.