Тўрт ўртоқ тўпланишиб, полизга етиб келгунимизча шом бўлди. Бу ерда биринчи қилган ишимиз: эндигина маза инган уч-тўрт сапчани тарс-турс ёриб еб олдик. Едигу ичимизга титроқ кирди. Дийдираб апил-тапил чайлага чиқдик-да, кўрпа-тўшакларга ўрандик.
Мана, энди сал илиб, бошимизни кўрпадан чиқарганча жимир-жимир юлдузларга тикилиб ётибмиз.
Зимистон тун. Узоқ-яқиндан чигирткаларнинг хазин чириллаши эшитилади. Полиз этагида баҳайбат толлар қорайиб кўринади. Толлар тагида сой шовуллайди. Сой тарафдан эсган шабада полизнинг омихта бўйини олиб келади.
Сайим ўрнидан туриб ўтирди.
—Хў-ўп! Жон кирдими озроқ, исиб олдиларингми? Малик, Эрйигит, бошлаймиз энди. —У шундай деб устимиздан кўрпани олиб ташлади. Эрйигит иккаламиз турдик. Бироқ, Бурҳон: “Жа, қилиғинг хунук-да”, — дея дарҳол устини ёпиб олди. Тўшак ичида тўнғиллади: — Кимга зарил шу совуқда, — кўп ўтмай яна бошини кўтарди-да:
— Яхшиси, шу иссиққинада ётиб, афанди айтишамиз, — деди.
Бурҳон кўп латифа билади, кўп ўқиган, лекин у ҳозир билағонлиги билан мақтанишни ҳам, бекинмачоқ ўйнаб совқотишни ҳам ўйламаётганди. Балки ўйин чоғида хилват бутазорлар, сойликларда ёлғиз қолиш эҳтимолидан чўчиб шундай деяётганди. Бизни ўйиндан чалғитиш учун азонгача латифагўйлик қилишдан ҳам тоймайди.
Мен билан Эрйигит-ку, ноилож қўйиб берамиз-а, бироқ Сайимдан қутулолмас… “Уй қизи бўлиб ўтираверасанми, ҳеч бўлмаса, қовун еб келасан”, деб уни бу ерга бошлаб келган ҳам ўша.
— Бир ҳисобда, бу ҳам тўғри, — деди Сайим қайтадан ўринга чўзиларкан. — Ростдан ҳам, ҳаво анча салқин бугун. Лекин Бурҳоннинг афандилари ҳам бадга урган-да, жўралар. Кўп эшитганмиз… Хўп, нима қилдик энди, а? — деди у ва бир пас жимликдан сўнг биқинимга туртиб қўйди: — Шундоқ ётаверамизми?
— Нима қиламиз бўлмаса?
— Биз сенга бир кечалик меҳмон, Малик. Отангди чайласи. Бундоқ қизиқ-қизиқ гаплардан топиб гапирсанг-чи! Ёрилиб кетамиз-ку.
— Нимани гапираман?
— Гапир-да, ўтган-кетгандан, мана масалан, қўшнинг Киромхўжанинг оғзи нега қийшиқ?
— Жин чалган.
— Ҳа, яша, ана шуни гапириб бер.
— Бўлмаган гап, — деб қолди Бурҳон туйқусдан, — бекор гап.
— Нимани айтаяпсан бўлмаган деб, Бурҳон? — сўради Сайим тушунмагандай.
— Киромхўжани жин чалгани-да. Уники туғилишидан ўзи шунақа.
Бурҳон бепарво оҳангда яна қўшиб қўйди.
— Мен эскича гапларга сираям ишонмайман.
— Ишонмаганинг тузук-ку, лекин биз ҳам бор гапни айтамиз-да, жўра, ёлғон нима зарил! — деди Сайим ҳам бепарво. — Киромхўжаники туғма эмас, аниқ жин чалган. Мана шу “Шотутли”да (у бош тарафимиздаги пахтапоя ҳақида гапирарди). Унда Киромхўжа лаб-даҳани расо, ёш йигит бўлган. Пахта суғориб юриб, бир куни қоқ пешинда ҳов Шаршарабандга борибди. Сувни кўпайтираётса, орқасидан биров туртармиш. Ўгирилиб қарабди. Ҳеч ким йўқ. “Менга шундоқ туюлгандир”, деб яна бандга уннай бошлаган экан, тағин биров нуқибди. — Сайим ўрнидан туриб ўтириб, яна давом этди: — Киромхўжа титраб кетибди. Бу не синоат бўлса?.. Ранги бўзариб, секин қаддини тиклабди. Не кўз билан кўрсаки, нақ оёғи остида юзи чойнакнинг қопқоғича, бўйи икки қарич бир қизча сап-сариқ узун сочларини тароқлаб турганмиш. Бечоранинг тили танглайида қотиб, ғўлдираб қопти. Қизча унинг оёғига қараб “туф” депти-да, ғойиб бўпти. Катта-катта дуохонларга роса ўқитишган ҳам, нафи бўлмаган. Оғзи қийшиғу, ўзи нимэслигича қолаверган…
Бурҳоннинг уни чиқмай қолди. Чамаси, орага суқилаверса, бундан ҳам ваҳималироқ гаплар чиқиб қолишидан чўчирди. Сайимнинг ҳикоясидан кўра, мен уни тасдиқлаб турганим Бурҳонга таъсир қилаётганди назаримда. Шунинг учун:
— Тўғри, ажина бор гап, — девордим мен ҳам қизишиб кетиб, — мана шу янгидархонлик Саттор тракторчини ҳам жин уриб кетганда.
— Ҳа, жин чалиб ўлдирган, — илиб кетди яна Сайим. — Тавба, у ҳам шу далада бўлган-а, тағин. Шудгор пайти, кечаси ишлаган, сменшиги келмаган. Ҳов шотутнинг тагида тракторни ўчириб, бир оз мизғиган. Бир маҳаллари қандайдир шовурдан уйғонса, барзангидай одам тракторга уннаяпти. “Ҳа, Неъмат, келдингми?” — дебди шеригим деган ўйда. Ҳалиги одам ҳиринг-ҳиринг кулиб: “Бу ёққа тушгин-чи”, дебди. Мен эс-эс биламан, Саттор ака полвонсифат, чапани одам эди. Барзангининг хотинчалиш муқомидан ҳамияти қўзғаб, катта калитни қўлида маҳкам сиққанча кабинадан тушибди. Тушган куйи анови одам шапалоқлаб қолибди. У ҳам калит билан урибди. Бироқ калит тракторнинг капотига тегиб, даранглаб кетибди. Барзанги бўлса йўқ эмиш. Саттор акани эрталаб шотутнинг тагидан топишибди. Ўнг юзи қорайиб, эси оғиб ётган экан. Шундан сўнг уч-тўрт кун ўзига келиб-кетиб ётиб, узилибди бечора. Ана шунақа, Бурҳонбой!
— Э, ажинамас, одам бўлган у, — деди Бурҳон тилга кириб. — Барзангидай эркак деяпсан-ку! — у негадир қаттиқ-қаттиқ ҳамда ҳовлиқиб гапира бошлади. Ўрнидан ҳам туриб олди. — Балки, унинг бирор душман-пушмани қоронғида қўрқитмоқчи бўлгану, лекин…
Ажина ҳар кимга ҳар хил бўлиб кўринади, Бурҳонбой! — деди Сайим яна ён бермай. —Бировга одам, бировга ит, мушук… Мана, менинг акам, армиядагиси, молхонага кирса, битта қора пишак бурчакда биқиниб турганмиш. Кўзлари ёнармиш. Ўзимизники хаёл қилиб “мош-мош” деб қўл узатибди. Шу пайт ҳалиги пишакбачча бирдан мана шу чайла бўйи узайибди-да, акамнинг нақ оёғи тагидан ўтиб кетибди. Хайрият, акам қўрқмабди, агар қўрққанда борми…
— Э, барибир, мен ишонмайман. Малимларимиз айтади-ку, худо йўқ деб. Худо йўқми, жин-ажина ҳам бўлмайди-да. Масалан мен кўрмаганман, сизлар ҳам кўрмагансизлар. Сен кўрганмисан, Эрйигит?
Эрйигит нариги чеккада жимгина ётарди. Унинг феъли шунақа, камгап.
— Кўрмаган бўлса, ҳали кўради, — деди унинг ўрнида Сайим.
— Хўп, сен-чи, Малик? Кўрмагансан.
— Тўғри, кўрмаганман. Лекин кўрсам ҳам қўрқмайман. Аксинча, ажина мендан ҳайиқади, — дедим мақтаниб.
— Нега? — деди Бурҳон дарров.
Шунда аямдан эшитган эртакнамо бир воқеани сўзлаб бердим.
Бобомнинг бўз бола пайтлари экан. Даладан келиб, қайрағочимиз тагидаги сўрида дам олиб ётган экан, оёғини биров қитиқлабди. Сапчиб турса, ҳеч ким йўқ эмиш. Нима гаплигини дарров фаҳмлабди. Сўридан тушиб, қалин садарайҳонлар жўягига кириб ётибди. Ажина кўпинча гул, райҳон бор ерга келишини у биларкан-да. Бир маҳал ёйиқ сариқ сочлари ер супурган митти қизча пайдо бўлибди. Бобом шаппа унинг сочларидан ушлабди-да, дуосини ўқиб, сўрининг поясига чандиб боғлаб ташлабди. Қизча роса аврабди, йиғлаб ёлворибдиям, эътибор бермабди. Охири унинг ваъдасини олиб, қасам ичиргач, қўйиб юборган экан.
— Нима деб қасам ичибди?
— “Етти пушт авлодинга шикаст етказмайман!”, деб. Шунинг учун ҳам бизнинг авлоддан ҳеч кимга ажина кўринмайди. Кўринса ҳам зиён етказолмайди…
Ажина ҳақида бичиб-тўқиб Бурҳонни роса ваҳимага солдигу, бошимизга бало орттирдик. Энди кўзимиз уйқуга кетиши билан Бурҳон туртади.
— Эй, ухлаб қолманглар, қанақа қоровулсизлар ўзи?
— Ёт-ей! — деб жеркиб беради Сайим уйқусираб. — Ким зор шу хом сапчага?!
— Ким зормиш. Янгидархонликни биласизлар-ку. Малик, даданг сенга ишониб кетган-а. Озиб-ёзиб бир шаҳарга тушганида ғалва чиқса, нима дейди.
Бордию, биз ғафлатда қолиб, полизга одам ораласа (айтайлик, янгидархонликнинг бетийиқ болаларими), еганини еб, емаганини сойга думалатса, палакларни пайхон қилса, озиб-ёзиб шаҳарга тушган дадамнинг шаҳари бурнидан чиқса, мени бўралатиб сўкса, жуда ўтиб кетганидан, ана боринг, бир-икки қамчин урса Бурҳон қанчалик қайғурарди, билмайману, лекин ҳозир унинг хаёли қочиб ухлолмаётгани, ҳамма ухлаб, ўзи уйғоқ қолишидан ваҳимага тушаётгани аниқ эди.
Бурҳоннинг қилиқларидан дам кулгим қистайди, дам жаҳлим қўзийди. “Қанақа ўғил боласан ўзи?”, деб уришиб бермоқчи бўламану, кўнглим бўлмайди. Ахир, жўрттага қилмаяпти-ку, унга ҳам қийин-да. Бунинг устига, у менга меҳмон.
— Бурҳон тўғри айтяпти, — дедим охири уни тинчитиш учун, — навбат қиламиз. Ҳозирча ухлайверинглар, мен пойлаб тураман.
… Немаҳалда кўзимни очиб, толлар устида баркашдек қизариб турган ойга кўзим тушди. Кулиб қўйдим. Роса уйқуни урибмиз-ку навбатчи қоровул.
Ой ёғдусида атроф анча ёришиб қолибди. Юлдузлар пастлашгандай. Чигирткалар овози тинган. Сойнинг шовқини бўлса кучайибди. Шерикларимга разм солдим: э, биттаси қани?! Хўп, бу Сайим. Наригиси, бошини буркаб олгани, ҳойнаҳой Бурҳон. Эрйигит… Эрйигит йўқ-ку.
Ўрнимдан туриб чайланинг остига, чор-атрофга тикилдим, кўринмади. “Уйқусираб бирон ёққа кетиб қолган бўлса-я, боя ҳар хил гаплар гапирувдик, туш кўрган бўлса…” Сайимни турткилаб уйғотдим.
— Эрйигит қаёққадир кетиб қопти, тур, кўзингни оч, топиб келайлик.
Сайим ўрнида бирпас гарангсиб ўтирди-да, бирдан ҳушёр тортди.
— Кетдик.
Икковлашиб сой бўйини, толлар, тутлар тагини, буталар орасини бирма-бир қараб чиқдик. Қўлимизни карнай қилиб роса бақирдик. Жимжит.
— Бўлди, кетдик! — деди Сайим охири сабри тугаб. — Қишлоққа кетиб қолган у дамдуз.*
Шу пайт пахтапоя билан полиз ўртасидаги йўлда қора кўринди. Сайим:
— Уйқуни ҳам ҳаром қилди, бу тентак! — деди-да, чайла томонга чопиб кетди. Мен кутиб турдим.
— Ҳа?
— Ҳеч нима.
Эрйигит олдимдан ўтиб, чайла тарафга бурилди.
— Қаёқларда юрибсан? Ўтакамиз ёрилди-ку, ажина кўтариб кетдими, деб.
У бир оз индамай борди-да, тўхтаб менга ўгирилди:
— Малик, бояги гапинг чинми?
— Қайси гапим?
— Бобонг ажинани ушлагани…
— Аям шунақа дейдилар, ростдир…
— Анавиларга айтмагину, мен шотутнинг олдига борувдим.
— Нега?
— Ажинани кутдим, ўша ерда бўлади, дейишарди.
Бўлиқ пахтазор ўртасида нимадир сабаб бўлиб сақланиб қолган улкан шотут остида биқиниб турган миқтигина Эрйигитни тасаввур қилиб, этим жимирлаб кетди.
— Э, жиннивой, нималар деяпсан? — деёлдим зўрға.
— Уни тутиб олмоқчи эдим, бобонга ўхшаб…
— Нега? — дедим баттар таажжубланиб.
— Синглим Малоҳатни тузатиб берасан, — деб қасам ичирмоқчи эдим.
— Нима?!
— Униям ажина чалиб кетган экан. Онам: “Тўққиз кечасида ажина теккан бунга”, дейди. Биласан-ку, беш йилдан бери шаҳардаги касалхонада ётади, лекин сира тузалмаяпти… Эҳ, ажина келмади-да!
Мен ҳайрат билан Эрйигитга тикилиб қолдим. Қизиқ, у ҳозир мен биладиган, Сайим, Бурҳон биладиган ўша ориқ, рангпар бола эмас, у бизларнинг ҳеч биримизга — менга ҳам, Сайимга ҳам, Бурҳонга ҳам ўхшамас эди…
1980 йил