Инсон руҳияти жумбоқлари

Ёлғон гапириш, мунофиқлик кенг тарқалган салбий кўникмалардан биридир. Баъзан сочларига оқ оралаган инсонлар ҳам, ҳали дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган болалар ҳам бирдек ёлғон гапиришлари мумкин. Алдов мақсадли равишда ёки шунчаки, бирон-бир сабабсиз ҳам амалга оширилиши кузатилади. Қизиқ, баъзи ҳолларда ёлғон тўғрироғи лоф, мутлақо зарарсиз бўлиб, одатий кундалик ҳаётга бироз бўлса-да ўзгача кайфият бағишлайди.

Буюк инглиз классик адибларидан бирининг ўз песасини “Ёқимтой ёлғончи” деб номлаши ҳам бежизга эмас.

Шу билан бирга, қатор ҳолларда ҳақиқатдан чекиниш бутун бир жамият учун улкан хавф туғдириши табиийдир. Гап нима ва ким ҳақида кетаётганини пайқаган бўлсангиз керак. Ушбу иллатга қарши кураш учун одамзод ўз тамаддунининг ҳар бир тарихий ривожланиш босқичида қандай йўлларни тутмади, нималардан фойдаланмади, дейсиз. Лекин бугунга келиб ёлғонни тез ва кўп ҳолларда аниқ фош этиб берувчи ускунадан фойдаланиш урфга айланган. Хўш, мазкур жараён қандай кечади? Ҳар бир нарсада бўлгани каби ускунанинг устун ва камчилик тарафлари нимада экан?

Уч жиҳат асосида яратилган ускуна

Аслини олганда, жамият азал-азалдан инсоннинг ру­ҳиятига тазйиқ ўтказмаган ҳолда ёлғон ва алдовга қарши курашишнинг бирон-бир инсоний усулини излаб топишга интилган. Бугун кенг жамоатчиликкка ёлғонни аниқлаш детектори номи билан таниш ускунанинг илк кўринишлари биридан Хўжа Насриддин фойдаланганини халқ оғзаки ижоди намуналаридан билиб олиш қийин эмас. Ҳикояда айтилишича, подшонинг севимли олмоси ўғирланганида Хўжа Нас­риддин барча сарой амалдорларига бир хил узунликдаги таёқларни тарқатади ва улар сеҳрли эканлигини, ўғрига тушгани эртаси куни бир қаричга ўсишини таъкидлайди. Нопок ишни қилган одам эса турган гапки, фош бўлиб қолишдан қўрқиб, кечаси таёғини калталатиб қўяди ва асл қиёфасини ошкор этади.

Яна бир аждодимиз, ўрта асрлар мутафаккири ва табобат илми олими Абу Али ибн Сино ёлғонни фош этиш масаласига илмий нуқтаи назардан ёндашган. У ишлаб чиққан усулга асосан, тергов олиб бораётган шахс гумондорга қатор сўзларни санаб ўтади, уларнинг бир қисми эса содир этилган жиноят билан боғлиқ бўлган. Худди ўша пайтда табиб сўроқ қилинаётган инсоннинг юрак уришини ўлчаб турган. Агар «калит сўзлар» айтилганда гумондорнинг юрак уриши тезлашса, мазкур ҳолат унинг ўз айбини тасдиқлаётганидан дарак берган.

People’s History сайтида келтирилишича, ХИХ асрга келиб таниқли италян тадқиқотчиси ва криминалистика мутахассиси Чезаре Ломброзо ҳам ўз методикасини таклиф этади. Ўзининг кўп йиллик тажрибаларини умумлаштирган ҳолда у қон босимини ўлчаш орқали гумондорлар ёлғон гапираётганини ҳеч бир қийинчиликсиз аниқлай олишини таъкидлайди.

Шундан сўнг яна бир қанча мутахассислар тадқиқотлари туфайли ёлғон қандай нафас олиш орқали ҳам аниқланиши тасдиқланди. Уларнинг фикрича, бунда ҳар бир «илмоқли» саволдан сўнг ўзи билмаган ҳолда гумондорнинг енгил тортиб уфлаб қўйиши кузатилган. Шунингдек, ўз айбини англаб турган инсонда одатдагидан кўп миқдорда тер ажралиши сезиларкан.

Хуллас, ана шу уч ҳолат – юрак уриши, нафас олиш усули ва тер ажралишини ўрганиш асосида полиграф дея номланадиган ускуна яратилди. Оддий тилда уни «ёлғонни аниқлаш детектори» деб ҳам аташ мумкин. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дастлабки полиграф Гарвард университети профессори Виллям Моултон Марстон томонидан 1915 йилда яратиган экан (ҳарвард.эду.cом сайти). Лекин тадқиқотчи ўз ихтиросини расмийлаштириб қўйиши зарурлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган эди. Унинг бу хатосини эса яна бир америкалик олим Лионард Келлер такрорламади ва натижада илм-фан аҳли орасида мазкур ускунанинг яратувчиси сифатида у эътироф этилди.

Илк даврларда Калифор­ниядаги Беркли шаҳарчасининг тергов маҳкамаларида амалда синалган полиграф кўплаб очилмаган жиноий ишларнинг фош бўлишига кўмак берди ва тез орада ундан кенг фойдаланила бошланди.

«Наука и жизн» илмий журналида келтирилишича, ўтган асрнинг 20-йилларида психолог Александр Лурия ўзига хос методикани ишлаб чиқди. Унда тадқиқотчи гумондорларнинг нутқий ва жисмоний ҳаракатидаги кескин ўзгаришни аниқлаш йўлларини батафсил баён этган. Олимнинг илмий ишлари АҚШда муваффақиятли чоп этилиб, кейинчалик ёлғонни аниқлаш детекторларини такомиллаштиришда қўлланилган.

«Ростгўйлик чегараси»

Полиграфни такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилган ва улар давом эттирилмоқда. Шунга қарамай, ускунадан фойдаланишда асосий эътибор ҳали-ҳануз ҳақиқатни сир тутмоқчи бўлган инсонда кузатиладиган ўзига хос физиологик хусусиятлар – оғизнинг қуруқшаб қолиши, тернинг оқиши ва ўта кучли қўрқув ҳиссига қаратилади.

Замонавий полиграфга келсак, неwсcиэнтист.cом веб-саҳифасида маълумот берилишича, у аксарият ҳолларда сезувчан ташкилий қисмлар, қабул қилувчи ва узатувчи қурилма (датчик)лар мажмуи билан жиҳозланган ноутбукдир. Сезувчан датчиклар махсус курсида ўтирган гумондор шахснинг танасига мустаҳкамланади. Нафас олиш тезлигини қайд этувчи пневмограф деб номланадиган асбоб кўкрак қафасига, яна бир сезувчан қурилма қорин қисмига ўрнатилади. Чап қўлнинг тўртинчи бармоғига «бириктирилган» датчик бўлса, терининг токни ўтказиш, соддароқ қилиб айтганда, терлаш хусусиятини назорат этиб туради. Бош бармоқ ва жимжилоққа ҳам сезгир мосламалар ўрнатилиб, улар юрак-қон томирлари фаолияти, хусусан, юрак уриш тезлиги, томирлардаги қон босими ва ҳ.к. кузатилади.

Детектор оператори, яъни полиграфолог одатда аниқ жавобни талаб этувчи саволлар беради. Уларни мураккаблилик даражасига қараб уч гуруҳга ажратиш мумкин. Энг соддалари «Исмингиз Акбарми?» каби бўлади. Кейин ҳиссий саволлар берилади, улар сўроқ қилинаётган шахснинг ўтмиши билан боғлиқ бўлса-да, аниқ бир жиноятга алоқадор бўлмайди. Ора-сирада «Сизга ишонган инсонларга нисбатан ҳеч сизда ҳиёнат қилиш фикри туғилганми?» каби текширув саволи ҳам ташланиши мумкин. Боиси, мазкур савол орга­низмнинг ҳолатидаги ўзгаришни қайд этган ҳолда «ростгўйлик чегараси»ни аниқлаш имконини беради.

Ва ниҳоят, охирида, терговга бевосита алоқадор бўлган, лекин устамонлик билан тузилган «Сиз бу жиноятни амалга оширдингизми? Ёки…» каби саволлар ўртага ташланади. Оператор ўз навбатида турли даражадаги саволларга нисбатан организмнинг «муносабати»ни «ростгўйлик чегараси» билан қиёслаб гумондор шахс ҳақ гапни айтгани ёки ёлғон гапирганини белгилайди.

Тиним билмас мутахассислар эса организмнинг янада кўпроқ параметрларини қайд этадиган мукаммал детекторларини яратишдан чарчаганларича йўқ. Шундай қилиб, сўнгги моделлар ёрдамида хаттоки кардиограмма, тана ҳарорати, овознинг ўзгариши, жавоб беришда тўхтаб қолиш, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши каби ҳолатларни қайд этиш мумкин. Қолаверса, курсининг тагига ўрнатиладиган махсус датчиклар – «тремор»лар инсон ҳаракати фаоллигини ҳам аниқлайди.

Қўлланиш доираси

Кўпчилик полиграф асосан, жиноятчи ёки бирон-бир нопок ишларни содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни сўроқ қилишда ишлатилади, деган фикрда. Тўғри, қачонлардир вазият шундай эди. Ҳозир ҳам зарур ҳолларда турли мамлакатларда тергов органларида полиграфдан кенг фойдаланилади, аммо бу ускунага асосланиб ҳукм чиқариш баъзи бир мамлакатларда сақланиб қолган холос (ўшанда ҳам қонунда белгиланган маълум ҳолатларда). Одатда ёлғонни аниқлаш детекторларидан терговнинг дастлабки босқичларида гувоҳларнинг рост сўзлаётганини аниқлаш учун ишлатишади. Айни пайтда, мисол учун, АҚШда муддатидан олдин озодликка чиқарилаётган махбуслар полиграф тек­ширувидан мажбурий равишда ўтадилар.

«Саенс энд сосаэти» илмий журналида келтирилишича, ёлғонни аниқлаш детекторлари Америка божхоналарида айниқса 11 центябр воқеаларидан сўнг мустаҳкам ўринга эга бўлди. Ҳозирда исталган йўловчига детектор текширувидан ўтиш талаби қўйилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўз нав­батида йўловчи бундай назорат турини рад этиши ҳуқуқига эга, лекин унда божхоначилар ўзларига берилган ваколатдан фойдаланган ҳолда унинг юкларини ипидан-игнасигача кўриб чиқишлари мумкин.

Полиграфлардан фойдаланиш хусусий фирма ва корхоналарда, айниқса, ходимларни ишга олиш пайтида ҳам жуда кенг тарқалган. Бу ускуналар АҚШ аҳолисининг кундалик ҳаётига ҳам кириб борган. Уларга нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларга қарамай, детекторлар борган сари оммалашиб бормоқда. Уй бекалари ва оила бошлиқлари, меҳмонхоналар маъмурлари ва адвокатлар, корхоналар раҳбарлари ва хусусий изқуварлар детекторларни кўплаб миқдорда сотиб олишади… Бу ускуналарни телефонга ёки компютерга ўрнатиб қўйиш, сумкада бемалол кўтариб юриш мумкин. Сўнгги йилларда эса болалар учун ҳам полиграфлар ишлаб чиқарила бошланди.

Чалғитиш мумкинми?

Ўз-ўзидан маълумки, қисқа фурсат ичида жамиятда эҳтиёжталаб буюмлардан бирига айланган полиграфларга қидирув тизими бўлимларидан ҳам жой топилди. Бу ускуналар ёрдамида турли мамлакатлар қидирув хизматлари жосусларга қарши текширувлар уюштирилади.

Мана, масалан, 2001 йили АҚШ марказий қидирув бўлимининг ходими Олдрич Эймс қатор мажбурий полиграф текширувларидан муваффақиятли ўтиб, бир маротаба ёлғонда тутилиб қолади. Бунга сабаб унинг бетоблиги эканлигини таъкидлаган ходимни яхшилаб кузатишганида эса у кўп йилларда давомида хорижга жосуслик қилаётгани аниқланади. Шундан буён мутахассисларга детекторни ҳам «чалғитиш» мумкинми деган савол тинчлик бермай қўйди. Негаки, кўриниб турганидек, Эймс кўп маротаба бунинг уддасидан чиқа олган. Хўш, аслида ҳам полиграфдан ҳақиқатни сир тутиш методикаси бормикан?

Стенфорд университети илмий ходимлари Жеймс Кембелл ва Лилиан Сворски юксак технологиялар соҳасининг кўплаб мутахассислари фикрига таянган ҳолда детекторни «алдаш»нинг имкони йўқ, чунки бу нима қилса ҳам техник жиҳоз, аксинча, операторнинг ўзини чалғитиш мумкин, дейишмоқда. Уларнинг мазкур масалага бағишланган мақоласини неwсcиэнтист.cом веб-саҳифасида келтирилади.

Умуман олганда, ўта жиддий ҳолларда текширув икки мутахассис – полиграфолог ва терговчи томонидан амалга оширилади. Якуний натижа кўп маънода айнан уларнинг тажрибалилиги ва бир-бирини тушунишига боғлиқ.

Текширувдан ўтаётганда баъзилар оёқнинг бош бармоғи тагига ўткир тиғли бирор нарсани қўйиб олишади. Шу йўл билан улар тиққа бармоқ тегишидан сезиладиган оғриқ натижасида организмда кутилгандан-да бошқача ўзгариш кузатилади ва қолган барча кўрсатмаларни ҳам чалғитиб юборади деб умид қиладилар. Аммо бу каби «найранг»ларни ҳатто бошловчи оператор ҳам осонликча фош этиши мумкин.

Умуман олганда, полиграф бир техник буюм холос, оператор бўлса – инсон. Шу боис, қатъий аҳд қилган одам уларнинг ҳар иккисидан ҳам ҳақиқатни яширишни уддалай олиши мумкиндай, лекин юқорида айтиб ўтилган – ёлғон баъзида жамият учун мислсиз даражадаги талафотга олиб келади, деган фикрни яна ёдга олган ҳолда ҳақиқат тарафдорлари фақат бир нарсага умид қила оладилар. У ҳам бўлса, келажакда полиграфларни янада такомиллаштириш ва улар ёрдамида фирибгарлик йўлини тўсиш умидидир.

Наргиза Иброҳимова тайёрлади,
«Маърифат» газетасидан олинди.