Стадион трибуналари шовқин-сурондан ларзага келмоқда…
“Қани, “Амударё!” Олға энди! Ие-ие, қийшиқоёқ, ходатаёқ!” деб бақирдим мен ҳам элдан қолишмай. Командамиз ҳужумчиси Бекпўлатов оёғи остидаги тўпни олдириб қўйган эди. “Э, маймоқ! Ўйнасанг, дурустроқ ўйна, бўлмаса йиғиштир!” қувватлади олдимдаги қатордан биров.
Чинданам стадионга келиб, мум тишлаб ўтирсанг, ўзингни элдан орқада қолгандек сезар экансан. Шу боисдан бўлса керак, оғзига талқон солиб келган одамгина ўйинга мухлислик қилмаслиги мумкин. Аввало, стадион ўзимизники, команда ўзимизники… Рақиб… Аттанг, рақиб ўзимизники эмас-да, аллақандай хўжаликнинг ёлланма командаси у. Агар командамиз фақат ўзи билан ўзи ўйнагандайди, биз ўлақолсак бунақа мухлислик қилиб ўтирмас эдик.
“Амударё” мамлакат биринчилиги иккинчи лигасида уч-тўрт йилдан бери ўйнайди, ўйнаганда ҳам чемпионликка навбатда турганларнинг энг охири… э-э, охиридан биринчи демоқчи эдим. У ўзимизнинг майдонда ё ютади, ё тенг ўйнайди. Рақиб майдонида эса ё ютқазиб, ё дуранг бўлиб қайтади. Жуда кўнгилчан йигитлардан танлаб тузилган-да бизнинг команда! Жон куйдириш нима, билишмайди. Масалан: ўзимизнинг стадиондаги ўйинда “Амударё” гол урса, ўйинчиларимиз бориб, рақиблардан кечирим сўрайди, у рақиб майдонида йигитларимиз ўз дарвозасига ўзлари тўп ўтказиб юборса ҳам, рақиблардан кечирим сўраб, тиррақилик қилаётган бўлса-да, “Амударё” зўр бериб ўйнамаса-да, биз, чиллашир мухлислар зўр бериб гувлаймиз!
Агар бизлар қўллаб-қувватлаб, мухлислик қилмаганда, командамиз ютқазиш бўйича жаҳон чемпиони бўлиши турган гап эди. Агар биз, мухлислар бўлмаганда, “Амударё” рақиблари билан ўйнамаёқ дурангга рози бўлар эди. Шу сабаб, ўзимизнинг стадионда “Амударё”нинг ўйинларини қолдирмай кўраман. Ҳар келганда овозим хириллаб қолмасин, деб термосга кўк чойни дамлаб опкелиб, ҳўплаб-ҳўплаб, қичқира бераман:
– Қани, “Амударё!” Қани, йигитлар, олға! Теп энди тўпни!
Аттанг, “Го-ол!” деган сеҳрли сўзни гоҳи-гоҳида айтамиз-да. Командамиз гол уролмаса, нимаям деб бақирасан.
Ана, рақиб команда ҳужумчилари бизникилар томон келишяпти. Улар ҳимоячиларимизни алдаб ўтиб, тобора яқинлашиб бормоқда… Эҳ, бечора дарвозабон! Бундай аянч манзарани кўрмайин, дея кўзларимни чирт юмиб олдим.
– Го-ол! – деб бақирди биров ортимдан.
“Ие, ким экан у? Жин-пин чалганми, ё рақиб томоннинг мухлисими? Ким бўлсаям отасининг гўрига…”
– Го-ол, – деб бақирди яна ўша овоз бироз вақт ўтиб.
– Оғзингга қум тўлгур! Ўчир унингни, эй! – деб бақирдим мен ҳам. Гаплари юракка қамчидай ботиб, жон томирларим уюшди.
– Э, оғзинг ёмон еридан тешилсин!
– Ув, овулингга бориб қичқирасан, бемаъни!
– Тит-питингни чиқарайми турган ерингда!
– Сотқинни итга ташлаш керак!
Аста бурилиб қарасам, “сотқин” деганлари овулдошимиз Тўребек! У хода ютгандай қаққайиб, оёқларини типирлатиб, “Амударё”нинг дарвозасига тўп ўтганига ўзида йўқ шод эди. Қолган томошабинлар бу “довдир”га еб юборгудай бўлиб қараб, сўкинишяпти. Икки йигит билагини шимариб, Тўребекни ҳиппа бўғиш учун тишлаб боряпти. Бир-икки киши ҳай-ҳайлаб уларни тўхтатди. Шундай бўлса-да, Тўребекнинг ён-атрофидагилар уни “еб қўйиши” ҳеч гап эмас эди.
– Ҳей, Тўребек, нима бўлди сенга, жин урдими, соғмисан ўзи? – дедим олти-етти қатор беридан.
– Ўзингни урсин ўша жин, ютқазишимизни истайман, тамом, – деди у пинагини бузмай.
– Ҳе уруғ-аймоғинг билан… – деб мушт ўқталди бояги икки йигит.
– Ўқраймаларинг бунақа, ҳозир милиция чақираман, – деб бақирди Тўребек уларга. – Стадионда қайси командага ён босаман, ўзимнинг ишим…
Атрофдагиларга майдондаги ўйиндан ҳам қизиқроқ текин томоша топилди. Ҳаммамиз Тўребек билан чалғиб турганда, рақибларимиз бизнинг дарвозага яна битта гол уришди. Тўребекнинг бир кўзи ўйинда экан, у яна “Го-ол”, деб қичқирди ва қувонганидан қарсак чалиб, ирғишлади. “Ичволганми бу ўзи, эси жойида одам “Амударё”ни ютқазсин, дейдими?” деб ўйладим-да, ўрнимдан туриб, одамлар орасида ур калтак-сур калтак бўлиб кетган бечора овулдошимни айириб олиш учун қўзғалдим.
– Қўйинглар, йигитлар, бу бечоранинг ҳам бола-чақаси бордир? Мен ўзим бир гаплашиб қўяман, – деб ҳар тарафдан ёпирилаётганлар орасидан Тўребекни олиб чиқиб кетдим. Бизлар майдон ёқалаб стадиондан чиқишимиз билан ўйин ҳам тугаб, Тўребек ният қилгандай “Амударё” навбатдаги мағлубиятга учради. Томошабинларнинг ғазабига учрамаслиги учун Тўребекни тезладим.
– О, жуда яхши бўлди ютқазгани! А, жўра, уйга бориб бир ювайлик, шу баҳона биззи кулбаниям кўриб кетасан, – деди Тўребек тирсагимдан тортиб.
– Ҳовли қаерда?
– Ҳув анави ерда! Ҳув пахса деворни ёқалаб бориб, муюлишдан бурилсак, бизнинг кулба-да!
Йўл-йўлакай Тўребекнинг стадиондаги қилғилиғини ўйлаб ўйимга етолмасдим. Унинг эса парвойи фалак, мағлубиятимиз унинг байрамидек эди гўё.
– Ўзинг биласан, дўстим, овулбезори бўлиб, кўп қизиқ нарсалардан йироқ эдик. Шу футбол деганларини илгари туш кўрувмидик? Мана, келдик, кўрдик.
– Тўхта, жўра! Ўзи нимага ирғишлаяпсан? Ё у командада қайни-майнинг ўйнайдими?
– Йў-ўқ! Бунинг бошқа сабаби бор. “Амударё” ким билан ўйнайди, мени қизиқтирмайди. Ютқазса бўлди. Сабабини уйга бориб, чой устида бафуржа айтиб бераман.
Бизлар стадионнинг орқа томонига тақаб қурилган уйга кирдик. Уй бўлгандаям қандай уй денг, гунгирлаган тўрт хонали, деворлари бўялган, мисоли боғи эрам, узумларини емаёқ тўясан…
– Мана, биззи бошпанамиз! Хотин, ҳей хотин! Тезроқ тўшакнинг қалинидан ташла. Биз ютдик, бир маза қилиб чой ичайлик!
Жойлашиб ўтирволиб, дуои фотиҳа қилиб, чойхўрликка киришдик. Овулдошим бўлсаям, унинг бу хурмача қилиқларидан кўнглим хира тортган эди.
– Эй, Тўребек, сабабини айтмоқчи эдинг шекилли, томоғинг йиртилгудай қичқираётганингни?
– Манавиндан оз-оз отайлик, кейин ҳаммасини тушунтириб бераман.
Эллик граммдан тўқиштириб олдик.
– Шунақа қилиб, жўра, рақибларга бўлишганимга ҳамма қатори сенам ўпкаладинг, а?
– Ўпка-гинани айтасан, очиқроқ жой бўлганда, менам бўлмаганимда, сени биров таниёлмай қоларди.
– Мен, дўстим, ўзимизнинг “Амударё”ни сизлардан кам яхши кўрмайман. Фақат шу ўзимизнинг команда ютқазса дейман!
– Сен, жўра, дўхтир-пўхтирга кўринишинг керак экан…
– Дўхтирингни нима қиламан? Тани-жоним соғ, иштаҳам соз. Хўп, менинг сўзимни бўлмай тур. Шундай қилиб, дўстим, бошидан бошлайин. Мен шаҳарга келгандан кейин, бир ерни режа қилиб, янги иморатнинг пойдеворини солдим. Ўша йили эсон-омон биткариб, ижарадаги катакдай ҳужрамдан лаш-лушларни олиб, энди кўчиб ўтганимда, темирйўл бошқармасининг одамлари келиб, “Биродар, лойиҳа бўйича шу уй устидан темирйўл тушиши лойиҳалаштирилган. Икки ой ичида бу ердан кетишингизга тўғри келади”, деди.
Қанча меҳнат қилиб, қанча заҳмат чекиб, биткарган уйингга энди кўчиб кирганингда бунақа деб турса! Мен у ёқ, бу ёққа закунлашиб кўрувдим, бўлмади. “Янги жой берамиз, агар хоҳламасангиз, пулини берамиз”, дейишди. Ахийри, уларнинг берган пулини олиб, бошқа жой изладим (Уларнинг кўрсатган жойи кўнглимга ўтирмади). Хуллас, шу стадионнинг орқаси менга маъқул келди…
– Буларнинг футболга нима алоқаси бор?
– Мунча шошасан, бир бошидан айтиб беряпман-ку… Хуллас, дўстим, бурунги кўҳна жойни аста-секин бузиб, ўрнига шу янги иморатни тикладим-да, қариндош-уруғни чақириб, уйтўй бераётувдим, пўрим кийинган тўрт киши кириб келди. Мен аввалига уларни “қайним”нинг юртидан келган нозик томирларимиз бўлса керак, “Қутлуғ бўлсин”га келганга ўхшайди, деб ўйлаб, пешвоз чиқдим. Кейин билсам, улар стадионнинг одамлари экан.
– Иним, уйлар қутлуғ бўлсин, – деди уларнинг ёши каттаси.
– Барака топинглар, келганингиз яхши бўпти.
– Қиёмат куни қўшнидан, деган гаплар бор. Яқиндан танишайлик, яқин бўлиб кетармиз, – деди оқсоқол.
Томошанинг зўри кейин бошланди. Улар тўйнинг эртаси куни яна келишди. Келгани қурсин, кечаги ёши каттаси қўлидаги стадионни кенгайтириш бўйича катта лойиҳани дастурхон устига ёйиб ташлади.
– Мана, иним, яқин йиллар ичида, “Амударё” командамиз барча командаларни ютаверса, хуллас калом, биринчи лигага чиқиб олса, томошабинларнинг сони орта борса, ҳозирги ўн минг ўринга сиғмай қолиши мумкин. Демак, командамизнинг куни туғаверса, биз стадионни қирқ минг одам сиғадиган қилиб кенгайтиришимиз лозим. Ана шунинг учун, стадион атрофидаги уйларни кўчиришни эслатиб юрибмиз. Еган оғиз уялар, кеча тўйингда ўтириб, буларни айтишни ўзимизга эп кўрмадик. Бу ёғи энди маълум, бу омонат иморат ёнидан яна бирон нима солиб юрма, барибир бу атрофлар бузилиб, стадион бўлади.
– Э, бу нима деган гап? Энди жойлашдим деганда… Пешонамга нуқул бузиладиган ерлар ёзилганми?! Бурунги солган уйимниям роҳатини кўрмовдим. У ердан темирйўл ўтказилди, энди буни сизлар бузмоқчисиз, – дедим кўнглим бузилиб.
Зое кетган пешона теримга ачиниб, ўзимдан-ўзим хўрлигим келди.
– Қўй, иним, биз эртага бузилади, деяётганимиз йўқ! Агар, “Амударё” биринчи лигага чиқса стадион кенгайиши мумкин. Демак, бу жойларнинг тақдири командамиз қўлида. Агар усти-устига ютқазаверса, иккинчи лигадан ҳам чиқиб кетиши мумкин. Қўй, қайғуришга ҳали эрта, – деб тасалли берди ёши улуғи.
Тўребек дардини дастурхон қилиб, оғир сўлиш олволди.
– Мана, қадрдон, менинг футболга “ишқибозлигим” тарихи. Шундан бери, “Амударё”нинг ютқазишини Худодан сўрайман. Командамиз ростданам ютиб, олий лигага чиқиб кетса, уйимиз бузилади, деб ўйлаб, рақиб команда тарафини ола бошлаганимни ўзимам билмай қоламан.
– Ҳа, “Ютқазсин”, деб тавалло қилганинг иш бермаяпти-ку. Аста-секин биринчи лигага ўтиб кетиши мумкин.
– Э-э, қайдам, – деб бошини чайқади Тўребек. – Бу йилги мавсумни олайлик. Яхши ўйнай бошласа, мен таътил олиб, ўйинчиларнинг, тренерларнинг қадамини пойлайман. Хуллас, бир қўй сўйиб, барини уйга чақираман-да (ўзинг биласан, командамизнинг бари ўйинчилари деярли бошқа шаҳарлардан келиб ўйнашади) яхшилаб меҳмон қилиб, “Хў-ўш, йигитлар, аҳвол шундай, шундай… уй бузиладиган”, дейман. Қарабсизки, бизнинг “Амударё” мавсумнинг қолган ўйинларининг барчасида ютқазиб, менинг жонимга ора киришади. Баъзи бир узоқдан келган чапдаст ўйинчиларнинг бир-иккитасига “Йигитлар, шу-у… бола-чақадан узоқда, мусофирчиликда тўп тепиб юргунча, ўз ўчоқбошингизда оила нашидасини суриб ўтирсангиз бўлмайдими”, девдим, айтганимдай қилиб, мавсум оёқламаёқ уй-уйларига кетиб, командамиз яна ютқазишни бошлайди. Айтмоқчи, дўстим, бу айтганларимни зинҳор-базинҳор бировга айта кўрма, уввало, ҳаммамиз шарманда бўламиз. Айтмоқчи, “Амударё” бугун қайси команда билан ўйнади?
– “Бўстон” билан.
– А-ҳа, шу “Бўстон”га ўхшаганлар ютаверса, вақтимизам чоғ бўларди.
– Стадионни кенгайтамиз, дейишса, барибир кенгайтиришади-ку, – дедим мен унинг сўзини бўлиб.
– Кенгайтмайди, дўстим, кенгайтмайди. Эшитишимча, катталардан биттаси стадионга тақаб иморат солармиш! Қурилиш бошлангунча, биздан бир пуф: бақириб тураверайлик-чи!
Тўребек жим бўлиб қолди. Ўтириб-ўтириб, командамизга ачиниб кетдим.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 5-сон