ёхуд харсанг устидаги хаёллар
Камтар бу сукутда кўпдир ҳақиқат –
Унда зил ҳаётнинг сурати зоҳир:
Бойсунда тоғ бўлмоқ қандай машаққат,
Бойсунда дашт бўлмоқ нақадар оғир!
Усмон АЗИМ
Кампиримга йигитлик чоғларимда “Сени тоғларга олиб чиқиб, булутларнинг орасидан ойни олиб бераман” деган ваъдамнинг устидан чиқиш ниятида уни қўлтиқлаб йўлга отландим. Бойсундан йигирма чақиримча тоғлар орасидаги булоқ бошига яқинлашгунча тасаввуримдаги манзара ўзгармади. Айланма йўллар ёнбағирлардан кўтарилиб, пастга тушаётган пайтлари ранг-баранг томлар билан ёпилган уйлар кўринади.
– Келдикми? – деб сўрадим ҳайдовчидан.
– Йўқ, ҳали анча бор, бу қишлоқнинг бошланиши, – деди у.
Йўлнинг баланду пастида жойлашган уйлар ўртасидан чамаси уч-тўрт чақирим йўл босгандан сўнг тоғ ёнбағридаги арчазорлар тепасида жойлашган замонавий икки қаватли узун иморат кўринди.
Машҳур “Омонхона” оромгоҳи, шифо сув маскани… Йигитлар бизга тепадаги иморатнинг қулай хоналарига жойлашишни таклиф этди, лекин кампирга азалдан кондиционер ёқмасди, биз арчалар орасидаги чодирли супалардан бирини танладик… Ўзи, аёлларга на иссиқ, на совуқ ёқади. Биз эркаклар эса аслида уларга яхши кўриниш йўлини излаб яшасак керак. Яна ким билсин!
Тонг отди, Бойсун тонги… Булоқ бошидаги ғала-ғовур билан отди. Эрталаб булоқ боши гавжум бўларкан. Улар сувга ҳам, шифога ҳам чанқоқ одамларга ўхшади, назаримда…
Эрталаб тепага чиқиб, харсангга чўкиб, дунёнинг борди-келдиларини ўйласангиз, ғаройиб фикрлар келаркан… Шу алпозда Бойсун тонгини кутиб олиш одатимга айланиб қолди. Назаримда, Бойсун тонги инсонни уйғотибгина қолмай, унга ҳаёт мезонларини ўқитаётган янглиғ, яшашдан розилик ва эртангги тонгга ҳам умид туғдирар экан. Гўё қалбингизга шоирона нур билан туйғулар қуйиб, мойбўёқда натюрморт чиздиради ва булбулларни лол қолдирадиган овозда қўшиқ айтдиради…
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Адирларга туташган, бири бирига менгзаш тоғлар орасидаги таъмирланаётган йўллардан юрсангиз, бетакрор манзараларга дуч келасиз ва Бойсунга кирадиган жойда сизни афсонавий Алпомиш билан Барчиной қаршилаб олади. Сизни мағрурлик ва гўзаллик тимсоли бўлмиш афсона кутиб тургандек…
Мен Бойсунни “Алпомиш” орқали билардим. Бу қадим достонда туғилган тупроқ ва мана шу биз қадам отаётган қир-адирлар билан баланд тоғлар, арчазорлар ва булоқлар гувоҳ бўладиган севгига содиқлик ва ушбу борлиқни ташқи ғанимлардан асрашдаги шиддатли жанглар жирланади. Қўбиз овозига жўр жиров овозлари ҳали қулоғимизда… Алпомишни мардликка ундаган туйғулар она тупроғи, эли ва ёри Барчинойига содиқликдан уйғонган эди.
Белларимга олтин камар бўғаман,
Номард бўлсам, нега сендан туғаман.*
Ота, мени боғласанг ҳам турмайман,
То ўлгунча Барчиной, жонни қуваман…
Ахир, йўлбарс юрагига бошқоронғи бўлган онадан – мардлик, мағрур отадан – содиқлик мерос Алпомишнинг муҳаббат ҳимоясида улуғ йўлдан тоймайдиган журъати ушбу тупроқда шаклланди.
Тоғлар афсоналарга бой бўлади, бу ерда афсоналар тошга айланади. Баъзан дунёни кезиб юрган афсоналарни ўзида олиб қолади… Афсоналарга айланиб кетган достон қўнғирот юртининг фарзанди Алпомишни Бойсунда туғдириб, тақдири азалини дашту тоғларга боғлаганида ҳам қандайдир ажабтовур сир бордек.
Айтмоқчи, журналист Шомурод Шароповнинг “Омонхона мўъжизалари” китоби қўлимга тушиб, бу афсоналар юртининг ривоятларига ғойибона ошиқ бўлиб қолдим. Ушбу афсоналар кампиримга қирқ йил илгари “Сени бахтли қиламан” деб берган ваъдамни эсимга солди ва унга тоғдан чиққан булоқлар, даштларнинг пасту баландларини кўрсатгим келди… Эркак киши сўзида турмайдими, ахир!
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Саҳронинг тонги отмасдан олдин атроф ёруғланиб, куннинг туғилишини бемалол кузатиш мумкин бўлса, Бойсун тоғларида қуёш бирданига тепангизга келиб қоларкан. Оппоқ булутлар қайси бир чўққиларни сийпалаб ўтиб, нари тоғ ортига кетади. Ўша булутлар сари ёнбағирларда ўрмалаётган қўй-эчкилар тоғ интизоми бўйича илонизи сўқмоқдан кетаяпти. Тоғнинг табиати тоғ низоми билан яшайди-да…
От кишнайди, эшак ҳанграйди, ит ҳуради, хўроз қичқиради, бўри улийди… Ҳар бирининг ўз ўрни, ўз овози бор. Табиатнинг адолатли қонунияти, бу ерда барчасининг овозини эшитиш ва ўзини кўриш мумкин. Лекин мен адабиёт, умуман маънавий дунёда эшак образига салбийлик буёқларини суркай берадиган қаламкашларга қойил эмасман. Бойсунда одамларни от ўта олмас тоғли сўқмоқлардан олиб ўтса-ю, биз яна эшакни ёмон отлиғ қилиб ўтирсак! Бечора эшакнинг айби… эшак бўлиб туғилганими? Эшакнинг анча яхши-ёмон хусусиятларини бундан қарийб икки ярим минг йил илгари бадиий сифатлаган Апулейга раҳмат. У романини ҳеч тортинмасдан “Олтин эшак” деб атаган эди.
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…..
…Умуман, от чопиб, эшак минган тоғ фарзандларига қойил қолмасдан илож йўқ. Сурхон воҳасининг чангқовуз овози билан вояга етган фарзандларидан қанчадан-қанча буюклар чиқмади дейсиз! Мен кўзим кўриб, яхши таниган оғаларим – ёзувчи Шукур Холмирзаев, рассом Рўзи Чориев ва қаламкаш дўстларим Эркин Аъзам, Усмон Азим, Нодир Норматов, укаларим Қўчқор Норқобил билан Маҳмуд Номозов ҳам Сурхон даштларини кезиб, ушбу тоғларга ўрмалаб улғайган… Бойсунда уларнинг изларини кўргандек ва асарларида акс этган табиатнинг пок дунёсига энгандек бўлдим… “Омонхона” шифо сувидан ичиб, булоқларида чўмилганда ҳам уларнинг меҳрлари тотилади…
Бир пайтлар бу тоғларнинг дарёлари Амударёга оқиб, сувларга айланган меҳрлар Оролни тўлдириб турган эди. Тоғдан оққан жилға бўйида туриб, ўқиган сари яхши кўрадиган шоира синглим Фароғат Худойқулованинг сатрлари эсимга тушиб кетди.
Кечир мени, эй тошқин дарё,
Фарёдингга қулоқ солмадим.
Фахр этдим Орол онам деб,
Лек онамни асрай олмадим.
Дард бир-у, дармон бўлак, масофа узоқ, лекин дардингни оладиган, елкадош қардош-қориндошинг борлигидан кўнглинг таскин топади. Муқаддас китобларда тоғларнинг инсонга таянч ва суянч қилиб яратилганини ўқиганмиз. Чўққилар борлигини тоғларда кўрганмиз. Чўққига чиқишни этакда туриб орзу этганмиз.
Дашт йўлларида келаётганимизда кампирим: “Бу нотекис тепаликларни текислаб экса бўлмайдими, қандай суғораркан?” деб сураганди. “Бу лалми ерларни ёмғир суғоради… – деганди деновлик ҳайдовчи. – Энди, опа, даштни текислаб бўлмайди-да…”.
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
Тоғ инсонни баландга кўтарилишга даъват этиб, кўз кўрадиган оламнинг маълум бир чегараси борлигини, ўша чегаралардан кейин ҳам тоғлар борлигини қайд этади. Роберт Бёрнс, Михаил Лермонтов, Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов, Нодар Думбадзе сингари улуғлар ҳам тоғ фарзандлари эканига эътиборга берсак, баланд тоғларда инсонни юксакликка элтадиган, қалбига шоирона меҳр қуйиб, яратиш, яшаш иштиёқини кучайтирадиган сир бор, шекилли…
Яна ўша шоира синглимнинг қалбидан чиққан сатрлари:
Бойчиборим, сен ҳам ўксима,
Қолиб кетдик кимлар нуқсига?
Шамол тегсин Барчин кўксига,
Алпомишни туғиб бер, синглим.
Тоғлар орзуларни ердан кўтарадими ёки инсон ўз армонларини баланд чўққиларга ўзи олиб чиқадими, билмадим-у, лекин тоғликларнинг ажойиб одамлар эканлигини биламан…
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Ўттиз йил илгари келгандик… Ўша пайтлари биз сув излаган “Орол-88” экспедицияси аъзоларининг бир қисми – бизнинг гуруҳимиз Омонхона сойидан ўтаётиб, беш-олти кўримсиз уйларнинг одамлари билан учрашганимизда, улар қишлоқнинг бош муаммоси ичимлик суви эканлигини айтганди. Рус публицисти Василий Селюнин:
– Ана, эшитдингми, Ўрозбой? Сен Оролга сув етмаяпти дея зорланасан, бу кишилар қисмати ундан ҳам бадтар экан. Қара, булоқ бошида туриб чанқаяпти, – деганди.
Ўша суҳбат чоғида қишлоқнинг бир ёшуллиси мени чеккага чақириб олиб, хуфёна дардини айтди.
– Буларнинг орасида бизга ўхшагани сиз экансиз. Куни кеча райқўмдан келган катталар бизнинг зиёратгоҳимизни вайрон этиб кетди. Султон Вали Балогардон мозорига зиёратга келганларни қувиб, қайнаётган қозонларини тўнтариб, биттасини улоқтириб синдирди ва милисасига: “Зиёратга келганнинг барини қамайсан”, деб топшириқ бериб кетди… Айтмоқчи, ўзингиз мусулмонмисиз?
– Алҳамдулиллаҳ… – дедим овозимни пасайтириб.
– Боракалло, боракалло… Мана, бирга юрган йўлдошларинг ўша райқўмларнинг катталари бўлса керак, бизга жабр қилаяпти деб қулоқларига шипшитиб қўймайсизми?
– Э, оға, булар нимага Орол денгизига сув етмаяпти деб, сув излаб чиққан ёзувчилар-ку. Буларнинг гапи райқўмга ўтмайди-да.
– Орасида Масковдан келганлари бордир?
– Ҳов учтаси ўша ёқдан.
– Ҳа, ана, энг бўлмаса, ўша учтасининг қулоғига шипшитиб қўйинг. Бориб Масковдаги катта райқўмларига айтсин: “Бойсуннинг райқўми одамларнинг қозонларини синдираяпти”, деб. Ахир, зиёратда нима айб, айниқса, пишган ошнинг уволини айтмайсизми!.. Агар бизнинг райқумнинг зўравонлигини эшитса, буларнинг қулоғини бураб қўярди-да…
– Оға, – дедим, бу оқкўнгил оқсоқолга жоним ачиб. – Битта тўданинг бўрилари бир-бирининг гўштини еганини кўрганмисиз?!
Оқсоқолнинг қўлтиғидан тарвузи тушиб кетди…
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Булоқ бошида овулдаги лойқа сувни бирга ичиб, бирга чўмилиб, бирга ўйнаб-ўсган Илёс оғамни учратдим. Илёс оға Қорақалпоғистоннинг обрў-эътиборли оқсоқолларидан.
– Битта чалапартиш ҳамширанинг уколидан гепатит деган балога мубтало бўлиб, бу ерга ўн олти йилдан буён келяпман, – деди Илёс оға. – Анов қишлоқдаги Норбой оға билан оғайни бўлиб қолдик. Ўзи ҳар йили кутиб олиб, қўй сўйиб, тандир қилади, неча кун сув ичиб, чўмилиб, вақтнинг қандай ўтганини сезмай қоламан. Бу йил аёлим ва ўғилларим билан оилавий келдик. Анов кенжатой ўғлим, ўзинг биласан, юрак дўхтири… У мени кузатиб, шифо сувнинг қон босимига қандай таъсир қилаётганини ўрганаяпти…
Қарасам, Илёс оғам тандирда пишган қўчқор гўштидан паққос тушираяпти.
– Ҳов, оқсоқол, бу тандир гўштини соппа-соғ одамлар зўрға ҳазм қилади, сизга йўл бўлсин? – дедим ҳайроним чиқиб ва дўхтир ўғлига: – Ҳаммага парҳез–парҳез дейсанлар, нимага ўша парҳезни отангга қўлламайсан…
– Э, оға, отам менинг айтганимни қилармиди! – деди дўхтир бола. – Ҳали тандир гўшти газакка айланиб кетмаса денг…
Омонхона ҳавоси билан сувининг қудратини Илёс оғам мисолида кўрдим. У жигар касалидан фориғ, отдек сакраб юрибди…
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Сайёрамизнинг ҳозирги олти қитъадан иборат қуруқлигида етти миллиарддан ортиқ одам яшайди, ер куррасининг эса деярли саксон фоизи сув билан қопланган, ўша сувларнинг атиги икки-уч фоизигина ичимлик суви экан. Яна, инсон танасининг етмиш фоизи сувдан иборатлиги ҳам маълум. Томиримизда оқаётган қоннинг саксон фоизидан ортиғи сувдан иборат ва қон ҳам сув воситасида ҳар ўн беш кунда янгиланиб тураркан. Демак, инсон жисмининг қарийб учдан иккиси сувдан ташкил топган… Қорақалпоқлар баъзи тутуриқсиз кишиларни “Сувдан бадтар суюқ экан”, дейишади, бунда ҳам қандайдир ҳақиқат бор, шекилли… Лекин жиддий ўйлаб қарасак, бизнинг ҳаёт манбаимиз бўлмиш сувнинг яна қандай сирлари бор экан?
“…биз инсонлар, сувни оддий суюқлик, фақат чанқоғимизни қондирадиган неъмат деб биламиз. Ҳолбуки, сувнинг бундан бошқа таъсир кучига эга эканини, ҳаёт риштасининг мустаҳкамлигини сақлашда унинг қиймати олтин ва платина қийматидан-да юқорироқ туришини ҳамма ҳам билмаса керак”, деб ёзади тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров.
Япон олими Масару Яматонинг “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинган “Сувнинг айтганлари” номли тадқиқотидан сувнинг “кўриш”, “эшитиш”, “сезиш”, “ҳис этиш”, “хотирлаш” хусусиятлари мавжудлигини ўқигандим. Демак, сувнинг “жон”и бор экан-да… Рус олими С.Зениннинг таъкидлашича, битта сув молекуласида 44 минг ахборот қутичалари мавжуд бўлиб, табиий “биокомпьютер”ни эслатаркан. Бу қутичалар ахборот ўтказиш қобилиятларига эга, деяпти олимлар…
Эсимда, мактаб кутубхонасидаги Рабленинг машҳур романида умри овқатланиш билан ўтаётган Гаргантюанинг қанча еб-ичса ҳам бир умр тўйиб кўрмагани, Пантагрюэлнинг эса денгиз саёҳатида худди айсберглар янглиғ қалқиб юрган “музлатилган сўзлар”га дуч келганини ўқигандик. “Музлаган сўзлар” эриганида асосан ҳайқириқ, изтироб ва сўкинишлардан иборат эди… У пайтлари эртаксимон ўқиладиган бу асарнинг “музлатилган сўзлари”га эътибор бермаганмиз.
Япон олимининг микроскопик тадқиқотларидан маълум бўладики, яхши сўзларни “эшитган”, эзгу туйғуларни “ҳис этган” ва эзгу фикрни “сезган” сув музлатилганда беғубор, гўзал кўриниш ва рангга энаркан-да, ёмон сўзларни “эшитиб”, ёвузлик “кўрган” ва ёмон ниятларни “ҳис этган” сувнинг муз кристалларида қандайдир қорамтир, тартибсиз бўшлиқ – хаос аломатлари пайдо бўларкан… Демак, сувнинг сифати фақат унинг мўл-кўллиги ва таркибининг тозалигигагина эмас, балки ундаги руҳий ҳолатга ҳам боғлиқ экан. “Авесто”даги “Сувнинг кўплигининг ҳам, камлигининг ҳам зарари бирдек” деган фикрга эътибор беринг. Доктор Яматонинг яна бир гапи: “Агар чуқур тадқиқ этилса, энг оғир жиноятлар оғзи шалоқ одамлар яшайдиган жойларда содир этилиши маълум бўлади”.
Қорақалпоқларнинг:
Хафа бўлсанг, оқин сувни ёқала,
Ҳаддан ошсанг, мозорларни орала…
деган нақлида ҳам сувнинг аллақандай ботиний сирлари яшириниб ётгандек туюлади.
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Ҳар хил тарихий манбалардан ҳар хил даврларда бу тоғлар билан адирлардан Искандар Зулқарнайн, Кирдан қасос олишга отланган массагетлар сардори Тўмарис, халқ ботири Алпомиш, буюк соҳибқирон Амир Темурнинг от ўйнатиб ўтганини биламиз. Ривоятлар Омонхона тарихини етти аср илгаридан бошлайди ва шифобахш булоқ сувининг пайдо бўлишини Султон Вали Балогардон ҳассаси тошга санчилишидан келтириб чиқаради. Яна бир ривоят ўтлоқдаги сигирини излаб изтироб чеккан Султон Валининг етти яшар ўғли Қамари Азизнинг ихлосига олиб бориб тақайди. Яна бир ривоят Амир Темурнинг туш кўргани ва Омонхона ғоридаги Султон Валини зиёрат қилгани тўғрисида сўзлайди. Хуллас, аждодларимиздан мерос қолган бу тупроқнинг тоғлари билан булоқлари, қир-адирлари, чўл-биёбонлари, денгизу дарёлари Оллоҳнинг ижозати ва ўзимизнинг хоҳишимиз билан ўзимизга буюрган замонда унинг қадр-қиймати ортиб, кўз қорачиғидек асраб-авайланаётгани кўриниб турибди…
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
Айтишадики, Маъмун академиясида ишлаётган Луқмони Ҳаким – Ибн Сино бир куни шогирдлари билан дарёнинг нариги соҳилида яшаётган қорақалпоқларнинг аҳволидан хабар олай деб Чимбойга отланибди. Шаҳарга яқин бир овулга келса, пешинда қоратолнинг тагидаги супада ухлаётган чолга кўзи тушибди. Ёнидаги ёзиқ суфрадаги заранг ёғоч товоқда озгина айрон билан яримта жўхори зоғора турганмиш. Луқмон Ҳаким шогирдларини тўхтатиб: “Бу юртда биз қиладиган иш қолмабди, энди орқага қайтамиз”, дебди. “Шунча йўл босиб келдик, нимага энди, устоз?” дебди шогирдлари. “Ҳов ана, айрон билан зоғорага қаранг! Шулардан озиқланиб, қоратолнинг тагида ухлайдиган халқда ҳеч қандай касаллик бўлмайди…”. Ўша пайт чол уйғониб, меҳмонларни дастурхонга таклиф этибди-да, толга осилган мешдан айрон қўйиб, ўтовдан жўхори зоғора олиб келибди. Луқмон Ҳаким шогирдлари билан айрон ичиб, зоғорадан татиб, чолнинг ёшини сўрабди. “Бешта кам юз”, дебди чол… Шогирдлари Луқмони Ҳаким сўзлари тасдиқ топганига иқрор бўлибди.
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Икки замонни кўрган менинг тенгқурларим кечаги кунларда нафақат ер билан сув, ҳатто одамнинг қадри бир пул бўлганини яхши билади. Тоғларнинг асрлар бўйи шаклланган табиий сув оқимларига тўғонлар қурилгач, Марказий Осиёнинг табиий суғориш тизими билан иқлими ўзгарди. Қатағон қарорлар асосида пахта монополияси жорий этилиб, сарфлаган харажатини оқламайдиган деҳқончиликка мажбурий мубтало бўлдик. Халққа сув танқислиги азобини бераётган тўғонлар тепасига ва чанқоқ далалар билан деворларга “Сув – ҳаёт манбаи” деган шиорлар катта ҳарфларда ёзилди. Лекин ушбу шиорнинг аксича сувлар хлор, гербицид, пестицидлар билан булғаниб, одамларнинг соғлиғига хавф солинди. Ҳудудда ўтган аср ўрталаридан бошланган саратон, сариқ, гепатит, цирроз, хафақон, камқонлик касалликларининг асосий сабаби ичимлик сув билан истеъмол қилаётган озиқ-овқатимиз сифатига боғлиқ эканини ҳаммамиз биламиз, лекин хасталикларнинг сабаби ўрнига оқибати билан курашаверамиз. Полвонлардан узр сўрайман, уларнинг худо берган кучи курашларда синалади. Ҳамма полвон эмас-ку, оддий одамлар ким билан, нима учун кураша бериши керак экан? Мўл ҳосил учунми? Социалистик мусобақа ғолиблиги учунми? Ахир, мўл ҳосилни оддий меҳнат билан, ҳеч ким билан курашмасдан ҳам, кучанмасдан ҳам етиштириш мумкин эди-ку…
Мана, шўро сиёсатининг натижаси: дарёлар тортилиб, денгизга етмай қоляпти.
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Олис-олислардан замона темир карвони – поезд вагонларининг “тақа-туқ”и эшитилади ва арчазорлар орасидаги қушларнинг сайрашига жўр бўлади. Боботоғ чинорлари бу нотаниш сасга ҳайрон қолгандек чайқалади. Норбой оғанинг айғири охурдан бош кўтариб, қулоқларини дингиллатади. “Йўқ, бу тақа-туқ байталнинг чопганига ўхшамайди” дегандек, афсусланиб яна охурга бош уради…
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Хаёлимга баъзи замондошларимнинг: “Почта яхши ишламаяпти, газета-журналлар ойнинг охирида бир келади, қувур жўмрагини очсангиз лойқа сув оқади, маошни пластикка солиб, дўконга борсак, сотувчи қиммат, нақд пулга эса арзон нархда сотяпти ва ҳакозо…” деб нолишлари келади. Аммо шу ўринда савол туғилади: муаммоларни санаб, фақат кузатувчи бўлиб қолмасдан, уларни бартараф этишда иштирок этаяпмизми? Бирор масалани ечишда шахсан ташаббускор бўлаяпмизми? Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнида бизнинг ҳиссамиз қандай бўляпти? Ҳа, инсон табиат бағрида ҳам жамият қўяётган масалаларни унутолмайди.
Бойсунда тонг отди… Тонгда харсангга чўксангиз, хаёллар олис-олисларга олиб кетаркан…
…Биз ёзувчилар доимо шоирларга ҳавас қиламиз. Шоирлар кезиб юриб, тоғлардан, боғлардан, гуллардан, булбуллардан илҳом олиб, шеърини ёзиб ташлайди. Энди уни бирор жойда ўқиб қолса, ҳамманинг эътибори ўшаларда. Чиройли қизларнинг маҳлиё бўлганини айтмайсизми?! Биз ёзувчилар эса йиллаб китоб ёзиб, уни бировлар ўқигунча, сулувлар қариб қолади, ҳатто неварали ҳам бўлиб улгуради. Балки, кампиримнинг менинг ёзганларимни ўқимаганлиги ҳам шундан бўлса керак…
Омонхонада бўлганим билан Бойсундан от усти ўтиб кетдим, балки унинг камина билмаган қирлари билан сирлари кўпдир. Уларни тасвирлашни қалами ўткир дўстларим ихтиёрига қолдириб, яхши шоирларнинг яхши ёзганларидан илҳом оламан. Шунинг учун Бойсунда туғилиб, Тошкентда йигит бўлган дўстим, халқ шоири Усмон Азимдан ижарага олган сатрлар билан гапимни тугатаман…
Менинг Бойсунимда туғилар булут,
Тоғларга қадалган – осмони яқин.
Менинг Бойсунимда кўк юзин юлиб,
Туғилиб-ўлишни машқ қилар чақин.
Менинг Бойсунимда тентакдир баҳор –
Селларни қувади сойдан ошириб.
“Эна”, деб Алпомиш келар ҳар наҳор –
Эртаклар улашар дилга бош уриб.
Менинг Бойсунимнинг – кўчалари тор,
Менинг Бойсунимнинг – кечалари кенг.
Бойсун берган менинг битта дўстим бор –
Мени йўқотишда Қоражонга тенг.
Бойсунга етгунча сўнгагим чўпдир,
Йўлларим сувсиздир, йўлларим – энсиз.
Бойсунимда Бойсун тобора кўпдир,
Бойсунимда Бойсун тобора менсиз…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 3-сон