Оқилжон Ҳусанов. Бозор Симобий (қисса)

Мен жуда ҳайрон қоламан: ёлғиз биргина одам шунча салбий хислатни танасига кандай сиғдириши мумкин?..
Зоҳир Аъламнинг Бизор Симобий ҳақидаги фикрларидан

Бордию унинг феъли атворини, кирдикорларини тўла тасвирлаб беролсангиз, ўлай агар, ҳеч ким ишонмайди, бундай бўлиши мумкинмас, дейди.
Саид Аҳмаднинг Бозор Симобий ҳақидаги фикрларидан

Бозор Симобий ҳаёти ва хулқига оид қилмишларнинг лоақал учдан бирини айтолган бўлсам, ўзимни бахтиёр ҳисоблайман.
Муаллифнинг эътирофи


АЗИЗ МЕҲМОН

Бозор Симобийни анчадан бери сиртдан танирдим. Унинг шеърларидан, ҳикояларидан, мақолаларидан баъзиларини ўқигандим, газета-журналларда суратини ҳам кўргандим. Аммо Симобийнннг ўзини кўриш, у билан юзма-юз учрашиш менга насиб этмаганди. Кунлардан бир куни, ишонасизми, у киши билан битта дастурхон устида бирга ўтириш шарафига муяссар бўлдим! Тасодифни қарангки, бу учрашув менинг сафарда юрган пайтимга тўғри келди…
Бу воқеага ҳам тахминан ўттиз йиллар бўлиб қолди-ёв. Вилоят газетасида ишлардим. Ора-сира таҳририят топшириғига биноан сафарга чиқиб турардим. Ўша сафарлардан бирида Хатирчи туманига йўлим тушди. Тайинланган колхозда бўлиб, шийпонлар ҳақида материал йиғдим. Қайтишимда колхоз парткоми ўзининг «Москвич» машинасида мени туман марказига обориб қўядиган бўлди. Қўшни колхоздан ўтаётганимизда кўчанинг икки тарафида тартибсиз туриб қолган машиналар туфайли тўхташга мажбур бўлдик. Шеригим кабинадан тушди-да, кимнидир имлаб чақирди. Бир тўп одам ўзаро гурунглашиб кимнингдир ҳовлисига кириб боришмоқда эди. Шу пайт ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги йигит ёнимизга келиб, биз билан сўрашди-да:
— Қани, чой ичиб кетинглар, касаба, меҳмонлар бор,— деди шеригимга.
— Раҳмат! — деди шеригим. Сўнгра ҳамкасабасига мени таништирди. — Бу киши мухбир, вилоят газетасидан. Раён марказига обориб қўйишим керак.
— Ие, бугун, мухбирлар келадиган кун экан-да,— деди нариги партком.— Бизнинг меҳмонларимиз ҳам ўшанака одамлар. Пойтахтдан…
— Кимлар экан? – дея қизиқсиниб сўрадим мен.
— Бозор Симобий деган киши, яна ёнида шериги…
— Йўғ-э… ростданми?— деб юбордим беихтиёр.
— Ҳа, рост. Жуда ҳурматли одамга ўхшайди. Сиз танийсизми?
— Танийман-ку… лекин ўзларини кўрган эмасман.
— Тушинглар бўлмаса, озгина хордиқ чиқариб дегандай… Суҳбатдошимиз меҳмон кутиш тараддуди билан шошилиброқ турарди. Шеригим ўз ҳамкасабасининг вазиятини ва менинг Симобийни кўришга бўлган қизиқишимни ҳис қилди шекилли:
— Сиз шу ерда қолақолинг, ука, мен колхозга қайтай,— деди.
Бу таклиф ҳаммамизга маъқул тушди. Янги партком етагида ҳовлига кирдик. У мени асосий меҳмон ва унинг ёнидагиларга таништирди. Буии қарангки, Бозор Симобий менинг тасаввуримдагидан кўра анча ёш, тахминан ўттиз-ўттиз бешларга кирган новчагина йигит экан.
— Жуда яхши, – деди у қандайдир хушнудлик билан,— Демак, бизнинг Хатирчида кечирган онларимиз вилоят газетхонларига ҳам айтилар экан-да.
— Албатта, албатта, домла, – дедим мен — Сиздек улуғлар вилоятимизга келадилар-у…
Узун-қисқа бўлишиб, меҳмондорчилик учун махсус тайёрланган хонага кирдик. Вой-бўй, стол устидаги дастурхон шунчалик безатилган эдики, асти қўявераснз. Одатдаги ноз-неъматлардан ташқари саримсоқ суртилган думғаза гўштию ҳил-ҳил пишган хонбалиқлар бу ердаги ажиб бир пазандаликдан дарак берарди. Шиша қумғонлардаги лойқароқ-сарғиш ичимлик фақат менда эмас, асосий меҳмон билан унинг шеригида ҳам таажжуб уйғотди. Кейин билсак, сабзининг шарбати экан. Биз меҳмонлар дастурхон атрофига жойлаша-туриб хатирчиликлар шаънига биринчи марта ҳамду сано ўқидик.
Чой ва минерал сув ичилаётган пайтда лаганларда гўшт, косаларда шўрва келтирилди. Шишаларнинг оғзи очилди. Колхоз раисининг имоси билан партком котиби ўрнидан турди-да, қисқагина сўзлади. Аввалига ҳурматли Бозор Симобий ҳақида мактовли гаплар айтди. Сўнгра ҳаммага сиҳат-саломатлик тилади.
Биринчи кадаҳдан сўнг икки-уч дақиқа қошиқлар косаларга, вилкалар ликобчаларга чақ-чақ урилиб турди. Кейин партком ўрнидан туриб:
— Бугунги даврамизнинг энг азиз меҳмони Бозор Симобий акамлар бир сўз айтсалар, — деди. Ўн чоқли одамдан тўрт-беш нафари шап-шуп қарсак чалди. Симобий қўлини, оғзи-бурнини сочиққа артганича ўрнидан турди. Томоғини бир-икки марта қириб қўйди-ю, озгина фикрга толди. Сўнгра сўз бошлади:
— «Хатирчи» сўзи нимадан келиб чиққан, биласизларми? — У даврадаги ўн чоқли одамга бирма-бир нигоҳ ташлаб чиқди. Нигоҳида: «Билиб бўпсанлар!» деган маъно бор эди. — «Хатирчи» сўзи «хотира», «хотирлаш» деган сўзларнинг озгина ўзгарувидан пайдо бўлган. Яъни, бу ажиб юртнинг одамлари ҳамиша ўзларидан яхши хотира қолдирганлар. Фақат ҳозир эмас, азал-азалдан шундай бўлиб келган. Менимча, бу ҳақда ривояту афсоналар ҳам бордир?..
— Тўғри, шунақа бир гаплар эшитганмиз,— дея луқма ташлади партком котиби.
Меҳмон бояги оҳангда гапини давом эттирди:
— Айтмоқчиманки, ҳозирги хатирчиликларнинг ота-боболари ҳам бағоят олижаноб, олийҳиммат инсонлар бўлганлар. Ўзларидан яхши хотира қолдириш ўшалардан бошланган. Шахсан мен бунга аминман. Бу юртнинг ҳозирги авлодлари эса…
Бозор Симобий ҳар бир сўзни қироат билан, чертиб-чертиб айтарди. Даврадагилар бутун жисмларини қулоққа айлантириб, уни тингларднлар. Меҳмондўст хатирчиликлар шаънига айтилаётган гаплар Бозор Симобийнинг дил тубидан чиқаётганига, самимий мақтовлигига ҳеч ким шубҳа қилмасди.
— Бу юртнинг ҳозирги анлодлари эса, аждодларнинг қутлуғ анъаналарини тағинда бойитиб, меҳмоннавозликда ўзларига хос рекорд, яъни пойга қўймоқдалар.— Нотиқ бир лаҳза сўздан тўхтаб, фикрга толди, рўпарасидаги деразага — ҳарир парданинг жимжимадор гулларига тикилиб қолди. Кейин даврадаги икки-уч кишига қараб олди-да, гапини давом эттирди.— Мана, масалан, дастурхонга қўйилган мазкур ноз-неъматларни олинг.— Бозор Симобийнинг чап қўли ўзига хос доира ясаб, стол устини кўрсатди. (Ўнг қўлида конъяк тўлдирилган қадаҳ бор эди) Бундай тўкин дастурхонлар ҳақида:
«Товуқнинг сутидан бўлак ҳамма нарса бор», дейилади. Менимча бугунги мана шу дастурхонга ҳам шундай баҳо бермоқ жоиздир. Бу дастурхон шу билан ҳам азиз ва мўътабарки, бунга хатирчиликларнинг самимиятлари, юрак қўрлари сингиб кетган. Қолаверса, ушбу дастурхонга Хатирчи заминида етишган неъматларнинг гуллари келтирилган…
Хатирчи ва хатирчиликлар хусусидаги бу мақтовлар мезбонларга ҳам, Бозор Симобий билан бирга келган шеригига ҳам маъқул келаётгани аниқ эди. Пойгаҳроқда, менинг енгинамда ҳосилот раиси Тешабой ака хурсандлигини ичига сиғдиролмади шекилли:
— Кўп яшанг, ука, отангизга раҳмат! Хизир назар килган одам экансиз,— деб юборди. Бошқалар унинг гапини маъқуллашди.
Бозор Симобий бу гапларга унча парво қилмади, сўзини қолган жойидан давом эттирди:
— Дарвоқе, Хатирчи замини… Менимча, ўртоқлар, бу замин ҳақида қанча гапирсак оз. Ўйлашимча, бу заминда қандайдир… хосият деймизми, хусусият деймизми, нимадир бор. Мен — кимёгар ҳам, минералларни текширувчи олим ҳам эмасман. Лекин, мен шунга аминманки, Хатирчининг тупроғида алоҳида, ўзига хос элементлар, яъни унсурлар мавжуд. Ана шу унсурлар хатирчиликларни улуғвор, иқтидорли кишилар қилиб етиштиради. Зеро, Хатирчидан чиққан истеъдодли кишилар Тошкентдаги олий ўқув юртларида, муассасаларда ўз иқтидорларини намойиш қилиб юрибдилар. Бу заминда қандайдир ғаройиб унсурлар борлиги ҳалигача кимёгар олимларнинг хаёлларига келмаган бўлиши мумкин. Мен бунга аминман. Ваҳоланки, улар ўша унсурларнинг нималигини, хоссаларини аллақачон ўрганишлари лозим эди. Шу дейман…— Бозор Симобий бир лаҳза тўхтаб фикрлашгандек стол атрофидагиларга назар ташлаб чиқди-да, сўзида давом этди. – Учқоранинг майизида ўшанақа серхосият унсурлар бормикин-а? Унсурми, витаминми — нимадир
бор, мен бунга аминман, ўртоқлар. Нима бўлса ҳам янги нарса бўлади: ҳали ҳеч ким ўрганмаган янги элемент ёки ҳали ном қўйилмаган мутлақо янги витамин…
— Ҳе, баракалла! Худо берган одам экансиз, ука! Хосилот раиси Тешабой аканинг таҳсини шунчалик ўрнига тушдики, даврадагилар беихтиёр қарсак чалиб юборишди. Бозор Симобий олкишларни эшитмагандек ўз сўзига якун ясади:
— Келинглар, шу замин аждодларининг табаррук руҳи учун, шу серхосият, серфазилат замин учун, одамийликда, меҳмоннавозликда рекорд қўйган ғаройиб хатирчиликлар учун яна битта қадаҳ кўтарайлик. Хатирчиликларнинг ошиқлари  олчи бўлаверсин!
Иккита лаганда кабоб олиб кирилди. Хонада иштаҳаларни қитиқловчи хушбўй ҳид таралди. Мен даврадагиларга бирма-бир қараб қўяман-у, асосий диққат-эътиборим Бозор Симобийда. Ахир юқори авлоддан бўлган, танилиб қолган ҳамкасабамдан нимадир ўрганишим керак-да!
Даврада «олинг, олинг» бошланди. Кўпчилик дастурхонга биринчи бўлиб, азиз меҳмоннинг қўл узатишини кутарди. Чунки — у — энг иззатли меҳмон, ушбу дастурхон унинг шарафига уюштирилган!.. Аммо Бозор Симобий: «Ҳозир, ҳозир, қани олаверинглар-чи, деярди-ю, ҳа деганда кабобга қўл узатмасди. Ўтирганлар ноилож битта-биттадан дастаси бурама сихни кўлга олиб, кабобхўрликка киришдилар. Бозор Симобий эса, ҳаммадан кейин лаганнинг тубидаги сихлардан бирини кўтарди. Бошқалар унча аҳамият беришмадию, мен унинг бу ҳаракатидан ҳайрон эдим. «Нима учун кабобга ҳаммадан кейин кўл узатдию, энг пастки сихни кўтарди? Ёки тўғралган пиёзни хуш кўрмасмикин?»
Йўқ, мен янглишибман, Бозор Симобий кабобнинг ҳар бир луқмасини оғзига солганидан сўнг, циркаланган майда пиёздан чангаллаган учта бармоғини яна ўша тарафга йўналтирар эди… Умуман айтганда, у ейиш-ичишда бошқалардан ўзиб ҳам кетмасди, ортда ҳам қолмасди.
Азиз меҳмондан кейин колхоз раиси, яна иккинчи меҳмон сўзлади. иккаласининг сўзи ҳам Бозор Симобийнинг нутқидан паст бўлди. Шундай бўлиши ҳам табиий-да, номдор қаламкаш қаёқдаю бошқалар қаёқда!
Кабобдан сўнг лаганларда ош, ундан кейин каржланган қовун-тарвуз келтирилди…
Тахминан соат тўртларда меҳмонлар туришди. Ҳовлига чиқиб қўллар ювилаётган пайтда раис дастёр йигитчалардан бирига икки бармоғини кўрсатиб, нимадир деди. Лаҳза ўтмай ҳалиги дастёр йигитча белбоққа ўралган иккита тугун билан пайдо бўлди. Раис меҳмонлар тарафга ўгирилди-да, дастёр йигитча қўлидаги тугунларга ишора қилиб:
— Бозорбой ака!—деди.
— Лаббай, раис бува?
— Ўзингиз билан шеригингизга арзимас совға — тўн билан белбоғ.
Бозор Симобий панжаларн ёзилган иккала қўлини хиёл кўтарганча:
— Йў-йў-йўқ!— деди. – Ундай қилманглар, хафа бўламиз. Раис ҳам бўш келмади:
— Агар сўзимизни ерда қолдирсаларингиз, биз ҳам хафа бўламиз,— деди.— Мана бу,— атлас белбоқдагиси сизга, қизил белбоқдагиси шеригингизга.
— Эҳ, сиз хатирчилнклар,— деди азиз меҳмон худди совға учун хижолат чекаётгандай. Ёнидаги шериги эса мамнунлик билан жилмайиб турарди. Раис тугун кўтарган йигитчага:
— Машинага обориб қўяверинглар,— деди-да, Бозор Симобийга юзланди.— Эндиги йўлларингиз Каттақўрғон тарафгами, Бозорбой ака?
— Ҳа-да, Каттақўрғонни ҳам бир кўриб кетайлик,— деди Бозор Симобий.
— Боя шу гап қулоғимга чалиниб қолувди — ўша ёқдан машина чақирдик. Машина сизларга мунтазир.
Азиз меҳмон раисга яқин келиб сўради:
— Атайлаб Каттақўрғондан машина чақирдингизми? Нега энди… Шунчалик ташвиш?
— Э, Бозорбой ака, сизлардек табаррук меҳмонлар учун ўзимиз поёндоз бўлсак ҳам арзийди!
Бозор Симобий ғалати бир кулги асносида раиснинг елкасига қоқиб қўйди.
— Эҳ, сиз хатирчиликлар, хатирчиликлар!— деди у яна. Назаримда унинг бу сафарги кулгиси негадир сохта кулгига ўхшаб кетди.
Мен ҳам энди мана шу меҳмонлар билан Каттақўрғонга етиб олиб, ўшанақаси Самарқандга кетаверсам бўларди. Шуни ўйлаб кўчага чиқиш пайтида таниқли қаламкашга ёндошиб бордим-да:
— Сизлар билан Каттақўрғонгача бирга кетсам бўладими, домла?— дедим.
— Марҳамат, ука,— деди Бозор Симобий очиқ чеҳра билан,— машинада жой етишса бўлди, кетаверасиз.
Азиз меҳмоннинг кайфи чоғ эди, ҳавонинг иссиғиданми, меҳмондорчиликнинг зўрлигиданми, конъякхўрликданми, ҳар қалай, юзлари қип-қизариб турарди. Дарвозадан чиқаётганимизда раис бизга етишиб олди.
— Ҳув ана шу — олдинда турган «Победа» сизларни Каттақўрғонга олиб боради,— деди раис.
— Раҳмат, раис бува, беҳад миннатдормиз. Тошкентга борганингизда, албатта, бизни ҳам суриштиринг. Хўпми?
— Хўп, ака,— деди раис.
Кўчада учта «Москвич», битта «Победа» турарди. Шофёрлар ўз машиналари ёнида эдилар. Бозор Симобий, унинг шериги ва мен «Победа» машинасига чиқдик. Азиз меҳмон шофёрнинг ёнига ўтириши олдидан раис, партком ва райком ходими билан ўпишиб хайрлашди. Қолган машиналар бизни туман марказигача кузатиб келишди.
Машинамиз туман марказидан Нарпай тарафга бироз юрганидан кейин кичик дарё кўпригидан ўтди-да, чапга бурилди.
— Нарпайдан айланиб юрмаймиз, яқинроқ йўлдан кетаверамиз, майлими?— деди шофёр ўз ёнида ўтирган Бозор Симобийга.
— Ўзингиз билган йўллардан ҳайдайверинг, ука,— деди Бозор Симобий.— Бизнинг тақдиримиз ҳозир сизнинг қўлингиз-да. Демак, ихтиёр ҳам сизда. Тўғрими?
У ўз шериги билан менга бурилиб қаради-да, шунчаки бир кулиб қўйди. Менинг хаёлим ҳали ҳам меҳмондорчиликни роса ўрнига қўйган хатирчиликлар ҳақидаги таассуротлар билан банд эди. Бир пайт шофёр йигит йўлнинг икки тарафидаги ғўзаларга ишора қилиб:
— Каттақўрғон раёни бошланди. Мана бу ғўзалар бизнинг Каттақўрғонники,— деди.
— Каттақўрғоннинг чегараси Хатирчининг биқинигача келаркан-да,— деди иккинчи меҳмон.
— Ҳа, раёнимиз катта-да…
Бироз жим кетдик. Мен ўзимнинг гапга қўшилмай ўтираверишимни ноқулай сезиб, бояги илиқ таассуротлар билан:
— Хатирчиликлар ажойиб одамлар экан-а, домла?— дедим.
Бозор Симобий гавдаси ва боши билан мен томонга бурилди-да, қандайдир истеҳзо билан илжайди:
— Энди Хатирчини кўйинг, ука, Хатирчи орқада қолиб кетди, Каттақўрғондан гапиринг, — у мендан кейин шеригига қаради, — тўғрими, азизим?
Шериги ҳам унинг гапини маъқуллади. Меиимча, Бозор Симобий бу гапни ярим ҳазил, ярим чин тарзда айтди. Лекин, ҳар қандай ҳазилнинг тагида ҳақиқат ётади, дейдилар. Ўйланиб қолдим. Наҳотки, Бозор Симобий Хатирчи ва хатирчиликларни шунчалик тез эсдан чиқарса? Ундай бўлса, Хатирчи заминида ҳали олимлар топиб улгурмаган кимёвий унсурлар, Хатирчининг истеъдодли кишилари ҳакидаги гапларни нега айтди бу киши? Умуман, мен таажжубда эдим. Охирида мен шундай фикрга келдим: улуғ зотлар гоҳи-гоҳида ўз ёнидагиларнинг ақли фаросатини, эътиқодини анчайин гаплар билан синаб кўришлари ҳам мумкин-ку. Аммо азиз меҳмоннинг кейинги гапи мени янада таажжублантирди: — Энди, бундан бу ёғига Каттақўрғоннинг карнайини чаламиз!
Машинамиз бир маромда йўл босарди. Бозор Симобий эра Қаттакўрғон шаҳри ва тумани аҳволи, қайси раиснинг обрўси яхшилиги, кимнинг нуфузи баландлиги ҳақида шофёр йигитдан сўраб борарди.

Асарнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг