Ўлмас Умарбеков. Юлдузлар (ҳикоя)

Тунда машина ҳайдашнинг ўзига хос гашти бўлади. Ҳамма ёқ сув қуйгандек жимжит. Олис-олисларда чироқлар милтиллаб кўринарди. Йўл юқорилаб борган сари кўкда гоҳ ёниб, гоҳ сўниб турган сон-саноқсиз юлдузлардан фарқ қилиб бўлмайди уларни. Юлдузлар… Юлдузлар… Юлдузлар порлаб турган тунда йўлинг сира тугамаса, қанча олис юрсанг, шунча яхши. Чарчоқ сезмайсан, роҳат билан нафас оласан, руҳинг енгил тортади, нималарнидир хиргойи қиласан.
Кун бўйи шағал ташиган Назирполвон қурилиш омборидан ҳаммадан кейин чиқди. Самосвалини муюлишдаги сув крани тагига тутиб, кўйлагини ечди, бошини тариллаб оқаётган сув тагига тутиб, шалоплатиб ювинди. Кейин, қониб сув ичиб, кўйлаги билан артинди. Яқиндагина ўстирган ингичка, майин мўйловини силаб қўйди.
Кўп ўтмай, машина гувиллаб катта йўлга чиқди-да, шаҳар томон елиб кетди.
Назирполвоннинг кайфи чоғ эди. Бугун ҳар кунгидан кўп ишлаган бўлса ҳам, чарчаганини сира сезмасди. Папирос тутатар экан, икки томондан лип-лип ўтиб турган кўм-кўк дарахтларга, кўкда кўзни камаштирадиган даражада жимирлаётган оқ сариқ юлдузларга суқ билан қараб қўярди. Бир маҳал нимадир эсига тушиб қолди, шоша-пиша кабина қутисини очди. Унда учи зар қоғоз билан ўралган беш юлдузли конъяк тебраниб ётарди. Назирполвон жилмайиб қўйди, ой шуъласида текис, оппоқ тишлари худди коньякнинг зар қоғозидек ялтираб кетди. У қўлига шишани олиб, у ёқ-бу ёғини кўрди-да, яна жойига қўйди.
Бугун сўнгги бир йил ичида иккинчи марта қўлига ичимлик олиши. Биринчи марта қамоқдан чиққан куни олди. Унда ҳам ўзи эмас, дўсти Семён ичирган эди. «Кел, ошна, — деган эди у ўшанда. — Бизникига юр. Бир ўтиришайлик. Бугун ғам-ғуссаларингни кўнгилдан чиқариб ташлайсан». Назирполвон йўқ демади.
Ўша куни дўстининг уйида қолди. Мана ҳозир ҳам шу уйга кетяпти. Бугун Семённинг туғилган куни. Кеч бўлса ҳам, бориб табрикламаса, кўнгли жойига тушмайди. Семён унга не-не яхшиликлар қилмади!
Машина юришини секинлатди. Назирполвон хаёл билан бўлиб, Қўрғонтепадан ўтиб бораётганини энди пайқади. Педални босиб, газ берди. Ўчиб қолган папиросини ёндирмоқчи бўлган эди, олдинда икки кишининг қўл кўтариб турганини кўриб қолди. Тормозни босди.
— Ҳа, нима гап? — Назирполвон машинадан бошини чиқарди.
— Ака, илтимос, — ўрта бўйли йигит машинага яқинлашди. — Шу кишининг ҳожатини чиқариб юборинг. Кўк-орол қурилиш трестига кетаётувдик, баллон ёрилиб қолди. Запас баллон олиб юрардим, бу гал жин уриб, эсимдан чиқибди.
Шу пайт йигитнинг олдида кичкина чамадон кўтарган бир аёл пайдо бўлди. Назирполвон унга энсаси қотиб қаради-да, йигитдан сўради:
— Шу кишими?
— Ҳа, илтимос, элтиб ташланг.
— Эртага ойлик тарқатмасам отпускачилардан балога қоламан, — гапга аралашди аёл.
Назирполвон ўйланиб қолди. Йигитнинг ялиниб-ёлвориши, аёлнинг ёқимтой қўнғироқ овози шунга мажбур қилган эди. «Икки соатда бориб келаман, — хаёлидан ўтказди у. — Барибир Сёмка мени кутмайди-ку!»
— Майли, ўтиринг!
— Яшанг-э, ака. Ҳури опа, бу ёққа ўтинг.
Йигит бирпасда аёлни кабинага ўтқазиб, чамадонини олдига қўйди-да, ёнига ўзи ҳам жойлашди.
— Ҳа, сиз қаёққа? — сўради аёл ундан.
— Сизни қўйиб келаман.
— Қўйинг, ўзим кетавераман.
Йигит нима дейишини билмай қолди, Назирполвонга ғалати қараб қўйди-да:
— Ахир, ёлғиз ўзингиз… қандоғ бўларкин? — деди иккиланиб.
— Ҳечқиси йўқ, биринчи марта эмас-ку. Яхши қолинг!
Назирполвон машинани орқага бурди, йигит ҳамон жойидан жилмас, чамадоннинг бандини маҳкам ушлаганча жим ўтирарди. Бу Назирполвонни ғижинтирди.
— Ишонмасангиз юринг, айланиб келасиз! — деди у заҳархандалик билан.
— Йўқ, ишонишга-ку ишонаман-а, лекин… — йигит аёлга ўгирилди. — Ҳай, майли, ўзингиз бораверинг. Эрталаб баллон юборишсин, эсингиздан чиқиб қолмасин.
Аёл бошини қимирлатди. Йигит машинадан тушиши билан Назирполвон газ берди.
Яна ўша маълум ва таниш йўл… Ҳамма ёқ жим-жит. Моторнинг бир оҳангда гуриллашидан бошқа ҳеч нарса қулоққа чалинмайди. Олдинда сон-саноқсиз юлдузлар… Назирполвон боя шаҳарга қайтаётганида, битта анжирдек юлдузни кўз остига олиб қўйган эди. Ўша юлдуз мана ҳозир ҳам шундай тўғрисида турибди, на нарига ўтади, на берига. Худди соқчидек у билан баробар боради. Қани энди шундай ҳаёт юлдузинг бўлса! Оғирингни енгил қилса, ўнқир-чўнқир кўчаларга тушиб қолиб адашиб юрганингда, сени қўлингдан ушлаб, катта кўчага олиб чиқса, йўлингни равшан қилиб турса!
Назирполвон папирос тутатиб, чуқур уҳ тортди. Кейин аёлга кўзқирини ташлади, секин бошини ҳам шу томонга бурди.
— Кассирмисиз?
— Ҳа, трестда ишлайман. Нима эди? — аёл Назирполвонга қаради.
— Ўзим шундай.
— Отпускага чиқадиганлар бор эди, банкда ушланиб қолдим. Йўлда баллон ёрилди.
Назирполвонни нимадир силтаб юборгандай бўлди. Кўзлари ўзидан-ўзи чамадонга қадалди.
— Кўпчиликми отпускачилар? — сўради у бўғиқ овоз билан.
— Ўн киши.
— Ўн киши?!
Назирполвон шундай савол берди-ю, ўз овозидан ўзи қўрқиб кетди. У бу овозни таниди, танигани учун ҳам қўрқиб кетди. Бу Назирполвоннинг эмас, бундан икки йил бурунги Назир олифтанинг овози эди. Унинг бутун бадани жунжикиб кетди. Пешонасида совуқ тер ялтиради. Ўзидаги яшин тезлигида юз берган ўзгаришни яшириш учунми, секин ёнига қаради-да, енги билан пешонасини артди.
Аёл эшикнинг бандига тирсагини тираб, парвозсизтина ўтирарди. Кўзлари йўлда, ёқут юлдузларда. Чарчаганми, ё уйқуси келяптими, баъзи-баъзида суянчиққа суяниб, чуқур нафас олиб қўяди.
Назирполвон енгил тортди. Сезмапти. Яхши бўлди сезмагани. Уни шайтон васвасага солаётгани маълум эди. Шунча-я? Чамадон тўла бўлса керак. Нима қилса экан? Яхшиси, машинани тўхтатиб, тушириб юбориш керак. Нега? Беихтиёр келиб қолган бу савол Назирполвоннинг тишларини ғижирлатиб юборди. Тўғри-да, нега тушириб юборади? Омад ҳар доим келавермайди-ку!
Назирполвон атрофга олазарак бўлиб қараб чиқди. Милт-милт қилиб турган юлдузлардан бошқа ҳеч нарса кўзга чалинмайди. Ҳозир темир йўлни кесиб ўтилади. Ўндан сал нарирокда йўл қалин тутзорнинг ичига кириб кетади. Кўк-оролга эса, эҳ-ҳе, ҳали қанча бор. Ўша ёққа кўп қатнаган. Ҳар бир уй, дарахт унга маълум. Трест дарвозасининг олдидаги пивохонада шериклари билан роса пивохўрлик қилган. Трестдагиларнинг кўпини билади. Қамоқдан янги чиққанида Семён уни машинасида олиб борган эди. Тўртта-бешта шофёр йигитлар билан ярим кечагача чақчақлашиб ўтиришган. Шаҳарга қайтаётганида биттаси, эрмак қилиб туринг, деб қанчаям пул узатган эди.
Ана, темир йўлдан ҳам ўтилди. Тутзор бошланди. Қоп-қоронғи. Назирполвон беихтиёр машинани тўхтатди. Ўчиб қолган папиросини тутатиб, устма-уст тортди. Шунча пул-а! Ҳазил гапми? Қурувчилар яхши топади. Назирполвон эшикни оҳиста очиб, пастга тушди. Қаёқданир қўлида катта ключ пайдо бўлиб қолди. Уни маҳкам сиқди-да, аёлга қаради. У ширин уйқуда эди. Полвон бир оз ўйланиб туриб, зарб билан зинага оёғини қўйди, ключни кабинанинг пастки томонига улоқтирди. Нимадир тарақлаб кетди.
— А? Тинчликми? — аёл чўчиб уйғонди.
Назирполвон жавоб бермади.
— Нима, сизникиям бузилиб қолдими? — сўради аёл кўзларини ишқалаб.
— Ҳм… — деди полвон ва истеҳзо билан жилмайди, буни аёл сезмади.
— Кўзим илинибди, — деди у енгил эснаб. — Йўлда ҳеч ухлайдиган одатим йўқ эди. Анча турамизми?
Назирполвон аёлнинг гапига эътибор бермай, педални харсанг тош итаргандай, куч билан босди. Машина бундан бир дақиқа олдин ҳукмрон бўлиб турган хавфли сукунатни бузиб, юриб кетди.
Анчагача иккови ҳам жим борди. Аёл орқага бошини ташлаб, нималарнидир ўйлаб борар, гоҳ-гоҳида жилмайиб қўярди. Назирполвон ҳам ўз ўйи билан банд. Аммо бу ўйлар боя шаҳарга қайтаётганидаги ўйлар сингари қувноқ эмас, кўз остига олиб қўйган юлдузи ҳамон унинг олдида кетаётган бўлса ҳам, боягидек унга ҳузур бағишламайди. Назирполвон унга қараб ижирғаниб қўйди, гўё кимдир баҳайбат қўли билан шу юлдузни осмондан узиб олиб, ёруғида унинг юрагини тимирскилаяпти.
— Менга қаранг, — деди тўсатдан Назирполвон аёлга,— мендан қўрқмайсизми?
— Нега қўрқай? — ҳайрон бўлди аёл, кейин кулиб юборди. — Нима, сиз қароқчимидингиз?
Назирполвон қулоқларигача қизариб кетганини сезди.
— Нега сўраяпсиз?
— Йўл олис… Аёл киши…
— Аёл киши ҳам одам-ку! Одам одамга ишониши керак! Назирполвон ялт этиб унга қаради. Одам одамга ишонади… У бу гапни иккинчи одамдан эшитиши. Биринчи гапирган одам қамоқхона бошлиғининг ёрдамчиси, милиция капитани Қодиров эди. Назирполвоннинг эсига тўладан келган, новча бу одам келди-ю, сўнгги йиллардаги бутун қилмишлари, тортган азоблари, ёлғизгина онасининг фарёди, бир хиллари тишининг оқини кўрсатиб тиржайган, бир хиллари эса, жирканч, ачиниш билан уни кузатиб қолган таниш-билишлари, ёр-биродарлари, худди ҳозир лип-лип ўтиб турган дарахтлардек, кўз олдида пайдо бўла бошлади.
Назирполвон мактабни битирган йили отаси вафот этди. Қийинчилик кўрмай ўсган йигит бу оғир мусибатдан таҳликага тушиб қолди. Ўйдаги йиғи-сиғидан, онасининг юракларни эзиб юборадиган нидоларидан узоқда, кечгача кўчама-кўча сандироқлаб юрадиган бўлиб қолди. Шу кезлари таниш-танишмас сирдош оғайнилар уни қўлтиқларига олишди, ўзларича юпатишди, ўйнатишди. Бир куни қаёққадир бориб, шулар билан узоқ қолиб кетди. Ичишди, кулишди. Алламаҳал кўзи соатга тушиб чўчиб кетди. Кетаманга тушиб қолди. Йўқ, дейишди. Уни раҳматли отаси бекорга полвон деб атамас эди, ҳақиқатан ҳам полвон эди. Йигит ёнида турган шерикларидан биттасини қулочкашлаб туширди. Тўполон бўлиб кетди. Назирполвон анчадан сўнг ҳушига келиб қараса, қоронғи бир хонада қўл-оёғи боғлиқ ётибди. Шу кундан бошлаб у, қўлтиқларига олган оғайнилари билан чинакам сирдош бўлиб қолди. Нималар қилмади улар билан бирга!
Маҳаллада Назир олифта деган ном чиқарди. Қоп-қора сочини жингалак-жингалак қилиб тараган, ингичка, илон изи нусха галстук тақиб, кифти кенг костюм кийган ўрта бўйли йигитга илгарилари ҳавас билан қараган одамлар энди уни кўришса, четлаб ўтадиган бўлиб қолишди. Маҳалланинг кексаси Холпаранг отанинг сандиққа солиб қўйган пули йўқолди. Яна аллакимнинг икки кийимлик кимхоби, тилла асбоблари Назир олифта кириб, ҳол-аҳвол сўраб чиққан куни ғойиб бўлди. Гувоҳлик бериш қийин бўлса ҳам, бу ишларни ҳамма полвондан кўрди. Буни пайқаган Назирполвон бундай ишларни четроқ жойларда қиладиган бўлди. Ўқиш ҳам эсдан чиқди, онаси ҳам. Тўғри, узок юриб келиб, унга қимматбаҳо совғалар бериб туради. Бироқ, ўртада гап йўқ, онанинг сўроқлари жавобсиз қолади. Қанча вақт ўтди шундан кейин, Назирполвон яхши билмайди, тугун ечилди. Ярим кечада уни олиб кетишди. Она бечора уйни бошига кўтариб юборди. Қўни-қўшни йиғилди. Ҳамманинг юзида изтироб, биров бир оғиз гапирмайди. Сўкишса ҳам, ўласи қилиб уришса ҳам майли эди ўшанда. Назирпол-вон ўзи елкасини тутиб берарди, аммо бу жимжитлик, совуқ кўзлар… Назирполвон чидай олмади, кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Қалби изтиробга тўлди.
Судда у қўлга тушган шерикларининг қанақаликларини жуда яхши билиб олди, билиб олди-ю, ўкинди. Бошқа нима ҳам қила олар эди? Уларнинг ҳаммаси пиво дўконини босишда Назирполвонни айблашди. Бироқ, суд уларга ҳам тегишли жазо берди. Назир олифта эса уч йилга кесилди.
Эрининг вафотидан кейин мадордан қолган она учун бу — ўлганнинг устига кўмган бўлди. Икки оғир дардни кўтаролмай, йил ўтмасдан қазо қилди.
Назирполвон бу хабарни ярим кечаси камера дарчасидан кўқда чарақлаб турган юлдузларга қараб ётганида эшитди. Капитан Қодировнинг ўзи кириб айтди. Назирполвон ётган жойидан туролай қолди. Нимадир бўғзига келиб тиқилди. Кейин худди гўдак боладек ҳўнграб юборди. Эртасига капитан уни чақиртирди.
— Сенга энди жавоб, — деди уни ёнига ўтқазиб. — Қилган аҳмоқликларингга тегишли жазо олдинг. Отанг, онанг хотираси ҳурмати, тўғри юр!
Назирполвон гапиролмади. Кўзларини пирпиратиб, Қодировга анча вақт қараб турди-да, оёғига ўзини ташлади.
Ўша куни Назирполвон онасининг қабри ёнида кунни кеч қилди. Минг хил фикр миясини чулғаб олган эди. Уйга борсинми? Қариндош-уруғ, қўни-қўшни қандай кутиб олар экан? Ё бошқа ёққа бош олиб кетсинми? Нима деган одам бўлади кетса?
Назирполвон ўрнидан турди-да, чигирткалар чириллаб, зим-зиё кечага сеҳрли тус бериб турган қоронғи қабристондан чиқди. Битта-битта қадам ташлаб борар экан, уйига келиб қолганини сезмади. Эшик тирқишидан ичкарига қаради. Ҳовлида беш-олти киши ғивирлаб юрибди… Холпаранг ота самовар қўяётган болага ниманидир қизишиб гапиряпти. Назирполвон эшикни очди, ҳамма унга ўгирилди. Ҳовлига жимлик чўкди. Аввалига Назирполвон нима дейишини билмай турди. Ниҳоят, зўрға тили танглайига ёпишиб:
— Мени кечиринглар… гуноҳкорман… — деёлди, холос.
Одамлар худди шу гапни кутиб туришгандек, ҳаракатга тушиб қолишди.
— Ўтган ишга салавот, — деди унга қўлини узатиб Холпаранг ота. — Саломат келдингми, энди бу ёғига ҳушёр бўл.
Шу куни у ухлай олмади. Одамлар тарқалишгач, бир оз мизғиб олмоқчи бўлиб, ҳовлидаги сўрига чузилди-ю, аммо кўзини юма олмади. Юраги ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетди. Кўчада бирга копток тепишиб ўсган ўртоғи Семённи учратиб қолди. Ишдан келаётган экан, қўярда-қўймай уйига олиб кетди. Кейинчалик ишга жойлаштириб қўйган ҳам шу бўлди…
Назирполвон чуқур хўрсиниб қўйди. Мана, Кўкоролга ҳам оз қолди. Яна чорак соатда етилади. Йўлда ҳамон жимжитлик ҳукмрон. Фақат бир марта Қўрғонтепада кетишаётганида битта «ГАЗ-69» «виз» этиб ўтиб кетди. Бошқа ҳеч нарса учрамади.
Назирполвон аёлни уйғотиб юбормаслик учун рулни чап қўли билан ушлаб борарди. Бечора, роса чарчаганга ўхшайди. «Йўлда ухлаш одатим йўқ эди» — деб тутзордан энди ўтилганда айтувди. Мана, бир соатча бўлди, кўз очмайди. Тутзор… Назирполвон сесканиб кетди. Нима қилмоқчи эди-я, боя? Агар ўшанда иш ўйлаганидай чиққанда, ҳозир қаерда бўларди? Қодиров, сенга ишонамиз, деган. Манави кассир хотин ҳам шундай деб уйқуни уряпти.
— Етиб қолдик, туринг, опа! — деди Назирполвон баланд овоз билан. Шундай деди-ю, руҳи енгиллашганини сезди, юзида табассум ўйнай бошлади. — Юлдузларни қаранг, чарақлаб ётибди-я.
Аёл секин бошини кўтарди. Кичкина думалоқ муштлари билан кўзларини ишқалади.
— Ростдан ҳам келиб қолибмиз-ку! Ўзим ҳам роса ухлабман шекилли!
Назирполвон кулди. Аёл ҳам унга қўшилди. Узокдан трест базасининг дарвозаси кўринди.
— Қаерда тушасиз?
— Пулни базага ташлаб кетаман.
Назирполвон машинани шундай дарвоза олдида тўхтатди. Аёл ерга тушди.
— Раҳмат, — деди қўлини чўзиб. — Катта раҳмат. Сизни анча овора қилдим.
— Ҳечқиси йўқ, — Назирполвон уни дарвозагача кузатиб қўйди. — Дарров чиқасиз-а, пойлаб тураман. Уйингизга олиб бориб қўяй.
— Раҳмат, — деди аёл жилмайиб ва база рўпарасидаги тўрт қаватли бинони кўрсатди. — Мана шу ерда тураман. Яхшиси, ўзингиз қолинг.
Назирполвон кулди.
— Раҳмат, мен бир ўртоғимникига бормоқчиман. Хайр.
— Хайр, раҳмат.
Аёл ичкарига кириб кетди. Назирполвон анчагача орқасидан қараб қолди. Унинг кайфи чоғ эди. Папирос олиб тутатди-да, осмонга қаради. Ғуж-ғуж юлдузлар. Унинг юлдузи ана шундай тепасида порлаб турибди. Назирполвон нимани-дир эслади, ўзича жилмайиб қўйди-да, кабинага чиқди.
Яна ўша таниш йўл. Анжирсурат юлдуз ҳамон тепасида чарақлайди. Юлдузлар… Юлдузлар… Юлдузлар порлаб турган тунда йўлинг сира тугамаса, қанча олис юрсанг, шунча яхши. Чарчамайсан, роҳат билан нафас оласан. Машинани ўз ҳолига қўйиб, ўй ўйлайсан ё нималарнидир хиргойи қилиб кетасан. Назирполвон ҳам ниманидир куйлаб борарди.
1960