Ўлмас Умарбеков. Ота (ҳикоя)

1
Ефтим деган чол яшарди. Қоратоғ этагида, деҳқончилик эди касби, эрта-ю кеч далада. Кулбаси бор эди хароб, ўлимтик бир ҳўкизи, икки таноб ерда боғи — яшаш учун кифоя.

2
Бай Ефтимнинг бор қувончи эди икки фарзанди, икки ўғил, ҳар иккиси отасидай заҳматкаш. Бири тоғда ўтин терса, бири омоч ҳайдарди, шундай ўтар эди кунлар қайғусиз ва кулфатсиз.

3
Шундай ўтар эди кунлар Қоратоғ этагида, шундай ўтар эди кунлар бутун болгар элида…

4
Бир кун боғда Ефтим, ўғиллар ҳам ёнида, от дупури эшитилди, кейин қий-чув бошланди. Бош кўтарди ердан Ефтим, йўлга тикди кўзини ва кўп ўтмай кўрди қишлоқ ёнганини буруқсаб. Бай Ефтимни титроқ босди, қалтиради лаблари. Ким билади, балки шу топ ёлворгандир Худога?

5
Қишлоқ эса, ёнар эди алангаси тоғ қучиб. Кимдир уввос солиб йиғлар, кимдир сўкинар эди… Икки ўғил икки ёқдан ёпишди отасига, ғазаб лов-лов ёнар эди икковининг кўзи-да…

6
Шу топ йўлни чанг қоплади, пайдо бўлди отлиқлар, пайдо бўлди тиш-тирноғи билан қуролланган ёв. Пайҳон қилди экинларни от қўйиб ҳар тарафга. Кишан солди кейин душман икки ёшнинг қўлига. Бай Ефтимнинг ғазабдан кўзлари чақнаб кетди. Бор кучини тўплаб туриб чангал солди душманга. Лекин чол-ку? Чол бечора не қиларди куролсиз? Не қиларди ўнта душман қуршаб турса атроф-дан? Аламини ичга ютиб ялинди бекка шунда:
— Бегим, ўзинг раҳм қилгин, олиб кетма уларни. Ҳали улар ёш жуда ҳам, ҳали ҳаёт кўрганмас. Керак бўлсам мен амрингда, қулинг бўлай умрбод.
Қаҳ-қаҳ урди душман бари, қаҳ-қаҳ урди аблаҳлар!
— Эсинг борми? — ўшқирди бек. — Сен кимсану булар ким? Булар энди кучга тўлган жийрон отнинг ўзидир. Сен ким бўлдинг? Қари бир чол, бир оёғинг гўрда-ку? Сени бизга фойданг ҳам йўқ, зиёнинг ҳам тегмайди.

7
Шундай дея қамчи босди отига бек, лек шу топ, у тўхтади ва илжайди чолга қараб мулойим.
— Майли, эй чол, раҳм қилай ёшинг ҳурмати сенга. Болалардан биттасини, майли, ўзинг танлаб ол.
Бай Ефтимни титроқ босди, қалтиради лаблари, ким билади? Балки шу топ ёлворгандир Худога — ёлворгандир бағри ёниб бу даҳшатли ҳукмдан, ёлворгандир лаънат ўқиб бебахт оталик учун.
— Нега жимсан? — сўз қотди бек. — Танла севган ўғлингни! Танла, йўқса иккалови сотилади қул бўлиб.

8
Бай Ефтимнинг боши қотди, нима қилсин бечора? Қай бирини танласин у? Илчо ёки Ивайло? Иккалови ўз фарзанди, иккалови ўз пуштидан — икковининг томирида оқади унинг қони! Бай Ефтимнинг боши қотди, нима қилсин бечора?
— Ота, — деди шунда Илчо. — Ивайлони олиб қол. Мендан у ёш, кейин мендек… ўйинқароқ боламас.
— Йўқ, йўқ, ота, — деди шунда Ивайло уни бўлиб. — Илчо қолсин ҳузурингда, Илчо мендан кучлироқ.

9
Бай Ефтимнинг боши қотди, нима қилсин бечора? Қай бирини танласин у? Ивайло ё Илчони? Иккалови ўз фар-занди, иккови ўз пуштидан — икковининг томирида оқарди унинг қони.
— Бўл, чол, тезроқ! — дўқ урди бек. — Танла севган ўғлингни! Танла, йўқса иккалови сотилади қул бўлиб.

10
Бай Ефтимнинг боши қотди, хаёл сурди узоқ вақт. Титроқ босди вужудини, қалтиради лаблари. Ким билади, балки шу топ ёлвордими Худога? Ёлвордами бағри ёниб қутқаргин, деб бу даҳшатли тақдирдан? Йўқ, Бай Ефтим йиғламади, ёлвормади Худога! Кўзи бирдан чўғдек ёниб, тикилди у душманга! Ва нафрат-ла деди:
— Лаънат! Лаънат! Лаънат, сен ит ўғлига!

11
Шу заҳоти у қулади душман ятағонидан. Йўлга тушди икки ўғил зардоб бўлиб юраги, йўлга тушди неларнидир сўзлаб қонсиз лаблари, иккови ҳам йиғламади, ёлвормади Худога!