Зайнобиддин Омонов янги ишга ўтганидан бери ҳафтанинг уч куни уйда бўлса, тўрт куни сафарда. Институтни тамомлаб қарийб ўн йил ишлаган. Илгари шаҳардан чиқмасди. Чиқишни ўзи ҳам истамасди. Ҳар куни соқол қиртишлаб, ванна қабул қилишга ўрганган одам бегона жойда ётиб қолишни ёқтирмасди. Аммо на илож? Замон ўзгариб кетди. Хўжайиннинг айтганини қилмасанг, ишдан ажралиб қолиш ҳеч гап эмас. Шу хўжайинининг гапини икки қилмай мана, уч йилки, Олмалиқми, Балиқчими, Шаҳрисабз ё Вобкентми, қаёққа деса, кетаверади. Унинг сафарлари кўпроқ ҳафтанинг иккинчи ярмига тўғри келади, шан-ба, якшанба ҳам шунга кириб кетади. Бир. томондан бу яхши. Шанба куни қаерда бўлмасин, мезбонлар; ўзбекчилик, уни олиб қолишади. Эртасига кечга яқин жўнатишади. Илгариги райкомларнинг борларидами ё ўзлари апил-тапил кўтарган баҳаво, кўпчилик билмайдиган хуфия меҳмонхоналардами, баҳонада бир дам олишади. Зайнобиддин Омонов шундай жойларда яйрайди, янги ишда ишлаётганидан хурсанд бўлади.
. Ёмон томони шуки, ҳар куни тахи бузилмаган рўмолча тутиб, галстук тақолмайди, хотини уйда ёлғиз қолади. Тасаввур қилинг, уч хоналик квартирада (райкомда ишлаганининг энг катта фойдаси) ёш аёл нарса неча кун бир ўзи қолиб кетади. Тағин ҳам Хурсандхон тушунадиган, эрига ҳурмати баланд аёл. Бўлмаса тўполон қилиб юборарди. Тўғри, баъзида ғиншиб қўяди. Лекин Зайнобиддин Омонов унинг ловуллаб ёниб кетишига йўл қўймайди. Ғиншиган пайтидаёқ дарҳол қўлига бирон нарса тутади. Шаҳарда топилмайдиган нарса четда албатта топилади. Шунинг учун қаерга бормасин, доим чўнтагида олиб юрадиган, хотинининг ўзи тузиб берган буюртмалар рўйхатидан бирон нарса олиб келади. Бечора Хурсандхон. Бирпасда ҳовридан тушади. Эрини қучоқлаб ўпган бўлади-да, нарсани кўтарганича ўз хонасига кириб кетади. Нарса лойиқ келса, ёқса, ундан бахтли одам йўқ. Зайнобиддин Омонов ҳеч ташвишланмай яна сафарга тайёрланаверса бўлади. Хурсандхон йўлини тўсмайди. Алдагани бола яхши, деб тўғри айтишган. Бозор муносабатларига ўтилаётган ҳозирги даврда хотинлар ҳам боладек алданадиган бўлиб қолишди. Хўрозқанд тутқазсанг ҳам олишаверади. Бирон нарса бўлса бўлди. Зайнобидин Омонов албатта бу гапни ҳеч кимга айтмайди. Ичидаги, фақат ўзигаю хотини Хурсандхонга алоқадор гап бу. Хотиннинг кўнглини олиб, анчагина тинчиб, эртасига ишхонага боради.
Хўп ғалати ишга дуч келиб қолган у. Комсомолда, кейин совет партия идораларида ишлаб юрган пайтлари, бир кун келиб, «Тақсим» деган қўшма фирма пайдо бўлади, ўшанда ишлайсан, туршакмайиз, бодом, писта, болалар, хотинларнинг кўйлак-иштонлари билан шуғулланасан, деб қолса биров, қаттиқ ранжирди, хафа бўларди. Ҳаммаёқни, ҳаммани қўлида ушлаб, титратиб турган ком-партия энди йўқ, совет идоралари ҳам йўқ. Шу идораларда ишлашни у касб, деб ўйлаган эди, шу касбга отасининг, таниш-билишларнинг ҳаракати билан интилган эди. Район ижроия комитетидан райкомга инструктор бўлиб ўтганда уйланди. Хурсандхоннинг ота-онаси уч-тўртта одамни рад қилиб, Зайнобиддин Омонов томонидан борган совчиларга розилик беришди. «Бугун инструкторсиз, кўп ўтмай бўлим бошлири, кейин котиб бўласиз, буни қудаларимиз яхши билишади» деган эди ўшанда дадаси. Рад қилишганлардан биттаси ҳозир аллақандай ширкат бошлиғи. «Мерседес»да юради. Иккинчиси чет элдан бери келмайди. Яна биттаси ҳали ёшига тўлмаган ўғлига атаб пишиқ риштдан қўшқаватли уй қурдириб қўйибди. Бухоро амирининг қасри дейсиз.
Аҳён-аҳён Хурсандхон ғиншиб, шуларни Зайнобиддин Омоновга эслатиб қўяди. «Сиз ҳам ўшаларга ўхшасангиз-чи!» дейди. Аслида «Тақсим»да ишлаётганига ҳам хотин сабабчи. Бир кунда райком йўқ бўлиб, у «Билим» жамиятига ўтганида роса қийналишди. Анча вақт Зайнобиддин Омонов юз берган воқеага, янги ишга кўниколмай юрди. Баъзан кечалари уйқуси қочиб кўчага чиқадиган, ҳувиллаб ётган қоп-қоронғи қадрдон райком биносини кўриб келадиган одат чиқарди. Бу бинода ҳеч қачон чироқ ўчмасди, жуда бўлмаганда учинчи қаватдаги биринчи котибнинг кабинетида тун бўйи чараклаб ёниб турарди.
«Райком ишлаяпти!» — дерди одамлар ёруғ деразаларга ғурур билан қараб. Зайнобиддин Омонов ҳам шундай дерди. Ҳатто ўзи ҳам, айниқса, бўлим мудири қилиб тайинланганидан кейин баъзи кунлари тонг саҳаргача райкомда қолиб кетарди. Райкомда, ундан андоза олган ижроқўмда ҳам ҳеч ким ўрнатмаган, лекин қонун даражасига чиқиб кетган тартиб бор эди. Биринчи котиб кетмагунча иккинчи котиб жойида ўтирарди. У жойида бўлгани сабабли биринчи билан бирга учинчи котиб ҳам кетмасди. Унга қараб ҳамма бўлим бошлиқлари жой-жойларида ўтиришарди. Кўпинча биринчи котибнинг ўзи кимлар қолиши кераклигини айтарди. Кетадиганлар қоладиганларга ҳасад билан қарашарди. Биринчи кимни олиб қолса, яқин вақтда ўша одам кўтарилиб кетар ё мустақил ишга ўтказиларди.
Зайнобиддин Омонов партиявий ишда кўтарилишга ҳам, мустақил ишга ўтишга ҳам улгурмади. Райкомлар тарқалиб кетди. Шундан икки ойча муқаддам бир йигит унинг ҳузурига кирди. Кўзларида ёш, кўллари титрайди.
— Тинчликми? Келинг? — сўради Зайнобиддин Омонов ҳайрон бўлиб.
Йигит «Тошкент» меҳмонхонаси ресторанида миллий таомлар ошпази экан. Кимнингдир чақуви билан унинг партия взнослари текширилибди ва гўё даромадининг ярмидан кўпини яширгани маълум бўлибди. Бошланғич партия ташкилотида уни партиядан ўчиришга қарор қилишибди. Иши ҳозир райкомда экан. Йигит ёшлик қилибди, взнос тўлашнинг сиёсий, муқаддас вазифа эканлигини тушунмай, шундай аҳмоқлик қилиб қўйибди.
— Синаб кўришсин, кечиришсин! — деди кўзига ёш олиб йигит. — Яна хато қилиб қўйсам кейин майли, ўчиришсин. Партиясиз ҳаёт мен учун ҳаёт эмас. Ўзимни осиб қўйишим мумкин, Зайнобиддин ака! Ёрдам қилинг! Жон ака! Менинг кимлигимни умр йўлдошингиз Хурсандхон биладилар. Бир мактабда ўқиганмиз. Мен еттини битириб, савдо техникумига кетиб қолганман. Жон Зайнобиддин ака! Мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин. Мени бу шармандаликдан қутқариб қолинг.
— Бўлди, бўлди. Ўзингизни босинг. Партияни алдабсиз, яхши бўлмабди, — уришган бўлди Зайнобиддин Омонов, аммо хотинининг исмини тилга олганидан унга ёрдам қилгиси келди. — Икки кундан кейин келинг. Гаплашиб кўрармиз.
Иигит кўзларини ишқалаб, миннатдорчилик билдирди, ергача букилиб хонадан чиқди. Зайнобиддан Омонов унинг ишини секторда қайта кўриб чиқишга олиб, вақтинча сейфига солиб қўйди. Ҳеч ким ундан ҳужжатларни қайта сўрамади. Ўзидан-ўзи бу иш йўқ бўлиб кетди. Ўшанда йигит икки кун ўтгандан кейин Зайнобиддин Омонов ишдалик пайти уйга келди. Хурсандхонга миннатдорчилик билдириб, икки кассеталик магнитофон ташлаб кетди. Зайнобиддин Омоновнинг жаҳли чиқди. Хотинидан адресни суриштириб магнитофонни қайтариб беришга ахд қилди.
— Эсингизни ебсиз, — деди ўшанда Хурсандхон. — Бу одамга битта магнитофон писта пўчоғидай гап. Ўзингизни уялтирманг. Билмагандек бўлиб юраверинг. Манитофонни кейин менга бериб кетди, сизгамас.
Зайнобиддин Омонов бир-икки ғижиниб юрса ҳам хотинига қулоқ солди. Тўғри-да, катта бошини кичкина қилиб, магнитофонингизни мана, олиб келдим, дейдими? Индамай олиб қолса ҳам майли, устидан кулади. Эркак одамнинг бунга чидаши қийин. Зайнобиддин Омонов ҳеч кимга ўзини мазах қилишга йўл қўйган эмас, йўл қўймайди.
Ана шу партиядан ўчиб кетишига бир қадам қолган, икки кассеталик япон магнитофони ташлаб кетган одам унинг ҳозирги хўжайини, «Тақсим» қўшма фирмасининг президенти Валижон Садирович Садиров эди. Аввало у билан танишишига, шу фирмага ишга кириб кетишига хотини сабабчи бўлди. Кунларнинг бирида Хурсандхон ишдан кечроқ қайтди. Кела солиб овқатга уннайдиган одам бу гал эрининг олдига қуруқ нон-чой қўйди. Даромадининг мазаси кетганлигидан ичида эзилиб юрган Зайнобиддин Омонов индамади. Хотини ўйчан ва нимадандир қаттиқ ҳаяжонга тушган эди. У болалар поликлиникасида ишларди. Бош врач, ўзи тенги Қўқондан эрининг кетидан келган жувон билан оралари чатоқ эди. Хурсандхон унинг кўп ишларидан норизо эди, қаттиқ жаҳли чиққан пайтлари: «келгинди!» деб қарғарди. Яна иккови уришган бўлсалар керак, деб ўйлади Зайнобиддин Омонов.
— Тинчликми?
— Эртага эртароқ келинг. Меҳмонга борамиз. Ўзлари олиб кетишади.
Хурсандхон эрига қарамай гапирди. Суви қочган нонни лабларини буриштириб синдирди-да, чойда ивитган бўлиб оғзига солди.
— Ким чақиряпти?
— Валихон Садирович.
Зайнобиддин Омоновга бу исм-шариф танишдек туюлди, лекин кимлигини эслолмади.
— Магнитофон берган одам-чи, мактабдошим, — тушунтирди Хурсандхон. — Ўғлини олиб келди. Қулоғига сув кирган экан. Сизни сўради. Салом айтди. Эртага Қибрайдаги боғларига нозик меҳмонларни чақираётган экан. Сиз ҳам хўжайин билан албатта борарсиз, деди. Ўзим машина юбориб олдириб кетаман, деди. Борайлик, янги чиққан бойларнинг қандай яшаётганини кўрасиз.
Хурсандхон «қурс» этказиб қотган нонни тишлади. Зайнобиддин Омоновга хотинининг гаплари эмас, ана шу, суви қочган нонни зарда билан тишлаши таъсир қилди, эътирози ичида қолди. Бўлмаса боргиси, хотини айтаётган янги чиққан бойларнинг ҳаётини кўришга мутлақо хоҳиши йўқ эди. Албатта илгариги иши бўлганида ўнта Валихон Садирович чақирмайдими, бормасди. Хотинининг қош-қовоғига қараб ўтирмасди. Зайнобиддин Омонов ичидан бир зил кетди. Аммо билдирмади.
Эртасига хотини айтганини қилиб, уйга эртароқ қайтди. Хурсандхон кийиниб бўлиб, юз-кўзига пардоз бераётган эди.
— Кийинақолинг дарров! — буюрди ойнадан кўз узмай.
Зайнобиддин Омонов беихтиёр эгнига разм солди.
— Янги костюмизни, қора туфлингизни кийинг! — деди хотини.
Зайнобиддин Омонов елкасини қисиб қўйди-да, ўрнидан турди. «Аввал бир пиёла чой берса бўларди» — хаёлидан ўтказди у, аммо гапни чой ўрнида ютиб, хотини айтгандек қилди.
Эшик кўнғирори чалиниб, улар аста тушишганда, кўчанинг лабида кумушранг «Волво» турарди. Уларни кўриши билан шофёр машинадан чиқиб, айланиб ўтди-да, орқа эшикни очди.
— Марҳамат!
Хурсандхон машина оҳиста, овозсиз жойидан қўзғалган-да, эрига қараб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди.
Валихон Садировичнинг Қибрайдаги боғига ярим соатда етиб боришди. Боғ кимники — Зайнобиддин Омонов англамади. Катталигидан, тўрт-беш жойга алоҳида-алоҳида пишиқ ғиштдан иморатлар қўндирилганидан унинг назарида битта одамнинг хусусий боғи эмас эди. Тағин ким билади, ҳеч нарсага ҳозир ажабланиб бўлмайди.
Гуп этиб димоққа урилган муздек ҳаво, райҳон ҳиди, ҳар ер-ҳар ерда отилиб турган фонтанчалар Зайнобиддин Омоновнинг бироз чеҳрасини очди, узокдан уларни кўриб, қаршиларига қўлларини ёзиб келаётган таниш одам, партиядан ўчиб кетишига бир баҳя қолган, икки кассеталик япон магнитофони ташлаб кетган, хотинининг мактабдоши Валихон Садировични кўриб, келганига ҳатто хурсанд бўлиб кетди.
Валихон Садирович Хурсандхон билан бош қимирлатиб кўришди-да, эски қадрдонлардек Зайнобиддин Омоновни қучоғига олди.
— Мана, ниҳоят кўришдик, ҳалоскорим!.. — Унинг озгина кайфи бор эди. Аммо нима ичганини Зайнобиддин Омонов билолмади.
— Хурсандхон! Дўстимизни олиб келганингиз жуда яхши бўлибди. Бир кун албатта учрашишимиз керак эди. Раҳмат.
Валихон Садирович икковини қўлтиқлаб, рўпарадаги икки қаватли уйнинг орқасига олиб ўтди. Меҳмонлар шу томонда, дастурхон шу томонда ёзуғлик эди. Зайнобиддин Омонов боғнинг этагида баланд темир ўчоқ устида худди қудуқнинг ғалтагидек секин айланиб турган бутун қўйга кўзи тушиб, бирдан қизариб кетди. Арабча пиширилаётган қўйни кўрганиданми, ё димоғини кабоб ҳиди қитиқлай бошлаганиданми, у билолмади, аммо ўзини ноқулай сезиб, юришини секинлатди. Хурсандхон ҳайрон бўлиб унга қараб қўйди. У аксинча, ўзини жуда эркин ҳис қилабошлаган эди. Ҳатто унинг кулишида, қарашларида Зайнобиддин Омонов ҳеч маҳал кўрмаган, эшитмаган дадиллик, шўхлик пайдо бўлган эди.
Валихон Садиров уларни узун, атрофига стуллар қўйилмаган, турли ноз-неъматларга тўла стол ёнигача олиб борди. Меҳмонлар ўзлари билан ўзлари овора, уларга қарашмади.
Уй эгаси ҳам уларни ҳеч ким билан таништирмади. Зайнобидцин Омонов столдан кўзини узиб хотинига қарагунча, мезбон ғойиб бўлган, унинг ўрнида эса катта патнисда турли ичимликлар кўтариб, официант йигит турарди.
— Нима ичасиз? — сўради Зайнобиддин Омонов хотинидан.
— Шампан! — Хурсандхоннинг кўзлари ўйнаб кетди.
Зайнобиддин Омонов бундай ҳозиржавобликни кутмаган эди, турли рангдаги ичимликларга жовдираб қараб қолди. Шампан виноси солинган фужер ҳадеганда кўринавермади. Официант йигит эса ҳайкалдек қотиб турарди. Шампан бўлмаслиги мумкин эмас. Патнисда ўндан ортиқ фужер, румкалар турарди. Зайнобиддин Омоновнинг бурни устида тер томчилари пайдо бўлди. Хурсандхоннинг ўзи ёрдамга келди.
— Қўлингизни остида, патнис четида, — тушунтирди у. Шундагина Зайнобиддин Омонов кўпириб турган фужерни кўрди, олиб хотинига узатди. Хурсандхон бепарволик билан шивирлади.
— Ўзингизга ҳам бир нарса олсангиз-чи!
Зайнобиддин Омонов уялинқираб жилмайди. Танлаб, бир фужерни қўлига олди.
— Чанқадингизми? — яна шивирлади Хурсандхон.
— Йўқ, — деди Зайнобиддин Омонов ва шундагина фужерга қаради. У шунча ичимлик қолиб, Тошкент суви олган эди. Беихтиёр ёнига ўгирилди. Патнис кўтарган официант аллақачон столнинг нариги бошига кетиб қолган эди. Шу тоб иккинчи бир официант тугмадек-тугмадек тандир сомса кўтариб келди. Хурсандхон тақсимчани эрига узатди.
— Иккита бўлади.
Зайнобиддин Омонов сувни стол устига қўйиб, хотини айтганини қилди. Ўзига ҳам иккита олди. Оғзига солиши билан эриб кетадиган думбалик сомса эди. Шундан кейин овкат устига овқат уланиб кетди. Иккитадан хамирида кун кўринадиган манти тортилди. Кетидан косанинг тагида нўхатлик палов. Арабча кабоб пишираётган иккита йигит, қизариб жигарранг тус олган қўйни ўчоқ ёнидаги стол устига олиб қўйишди. Меҳмонлардан биттаси тақсимча кўтариб, уларнинг олдига борди. Кабобпаз қўйнинг сонидан бир бўлак кесиб, унинг тақсимчасига солди. Янгича кабобдан тотиб кўрмоқчи бўлганлар битта-битта ўша томонга юришди.
— Юринг, — буюрди Хурсандхон.
Зайнобиддин Омонов иккита тақсимча олиб, хотинининг орқасига ўтди. Унга кабоб ўтиришмади. Гўшт юмшоқ, ёғлиқ бўлса ҳам, ўзимизнинг сих кабоб унга маъқулроқ эди. Ҳурсандхон ҳам емади. Ё ўзини аяди, ё ёқмади. Зайнобиддин сўрамоқчи бўлганида нотаниш одам унинг тирсагидан ушлади.
— Зерикмаяпсизми, Зайнобиддин ака?
Зайнобиддин Омонов новча, ингичка мўйлов қўйган бу одамни қаердадир кўргандай бўлди-ю, лекин эслолмади. Йигит ўзини танитди.
— Валихон аканинг муовинлариман. Алишер Нурматов. Алишер деяверинг. Опа, акамларга бир боғни кўрсатиб чиқаман, майлими?
— Бемалол, — деди жилмайиб Хурсандхон ва нигоҳида бирдан пайдо бўлган меҳр билан эрига қараб кўйди.
— Хавотир олманг, — деди Алишер Нурматов Зайнобиддин Омоновнинг хотинига қараганини ўзича тушуниб. — Опамлар ёлғиз қолмайдилар.
Зайнобиддин Омонов шу заҳоти хотинининг ёнига бир аёл келаётганини кўрди. Алишер Нурматов уни боғнинг ичкарисига бошлади.
— Валихон акамиз ажойиб одам, ажойиб раҳбар, — у Зайнобидин Омоновнинг тирсагидан ушлаганича борарди. — Турган-битганлари ақл десам, хато бўлмайди. Фирмамизнинг асосчиси шу киши бўладилар. Йигирмага яқин мамлакат билан алоқамиз бор. Валихон аканинг ташаббуслари билан фирмамиз ўз ишини мармартош чиқиндисидан бошлаган эди, жумҳуриятимиз хўжалигининг зарур бир бўлаги бўлиб кетди. Фирма қилмаган иш йўқ. Битта мисол. Валихон аканинг таклифлари билан Полша орқали Францияга ўзимизнинг чўл тошбақасини сотаяпмиз. Биласизми, битта тошбақа неча пул? Ўн доллар! Биз йиғиб қўямиз, ўзлари олиб кетишади. Музейлар экспедиция уюштириб, халкдан қўлда тикилган палак, дорпеч, атлас, шуларга ўхшаш нарсаларни арзон-гаровга сотиб олиб кетаркан. Валихон ака шуни билиб қолиб, нархни икки баравар кўтариб юбордилар. Халқнинг ўзи бизга олиб келиб беради тиккан нарсасини. Чет элга нима қизиқ? Ким тиккани, ким тўқигани қизиқ! Чиройли пўлат пластинкаларга муаллифларининг номини ёзиб, Олмонияга олиб бордик. Талаш бўлиб кетди. Тўртта палак олиб борган эдик, юзта заказ тушди. Хуллас, кўз тегмасин, «Тақсим» Валихон ака раҳбарлигида гуркираб кетаяпти. Зерикмаяпсизми?
Алишер тўхтаб, Зайнобиддин Омоновнинг кўзларига тикилиб қаради. Зайнобиддин Омоновга у айтаётган гаплар маълумдек туюлса ҳам қизиқиш билан қулоқ солди. Палак, дорпечларга четда қизиқиш катталигини, Европада тошбақаларимизнинг нархи баланд эканлигини эшитган эди, аммо ҳеч ким бу ишлар билан шуғулланмас эди. Шуғулланса ҳам шундай қўл учида шуғулланарди. Валихон Садиров фирма ташкил қилиб юборибди. Йўкдан бор қилиш, пулни пулга чақиш деб, шуни айтсалар керак. Шундай фирма ташкил этиш, шундай ишлар билан шуғулланишга унинг ҳам ақли етувди-ку, нега шундай қилмади? Шундай қилганида Валихон Садирович эмас, Зайнобиддин Омонов шу боғда, балки ундан ҳам гўзалроқ жойда зиёфат берарди, биттамас иккита бутун қўйни кабоб қилдирарди. Унинг Валихон Садировга, ёнида тиним билмай гапириб келаётган, Валихон Садировнинг соясига ҳам салом беришга тайёр муовини Алишер Нурматовга рашки келди.
Кимлар ўзи улар? Қаердан пайдо бўлиб қолишди? Нима учун бирдан уларнинг иши юришиб кетди, буларга бойлик қўнди? Зайнобиддин Омонов шундай ўйлар экан, бир нарсани фаҳмлади. Беиш қолиб, бошига оғир кунлар тушганда ҳам оёқлари остидаги тошбақалар, музейларда, хонадонларда куя еб ётган палак, дорпечлар хаёлига келгани йўқ. Хусусий фирма, дўкон очишни матбуот жар солиб ётган бўлса ҳам ўйламади. Валихон Садировларга эса жон кирди, бирдан очилиб кетишди.
Улар бир соатдан зиёд боғни айланишди. Алишер Нурматовнинг турган-битгани гап эди. Бир дақиқа тинмади. Зайнобиддин Омоновга оғиз очтирмади. Қайтишаётганда Зайнобиддин Омонов ҳар қаёқдан, тўғридаги қўшқаватли уйдан ҳам иккита-иккита — бир аёл, бир эркак бўлиб, чиқиб келаётган ширакайф меҳмонларни кўрди. Яна дастурхон ёзилган узун стол ёнига яқинлашаётганда одамлар ичидан хотинини қидирди, аммо кўринмади. Тўғридаги уйда бирин-кетин чироқлар ўчиб, ҳозиргина ёришиб турган гулпардалик деразалар қорая бошлади. Зайнобиддин Омонов бирдан жойида тўхтаб қолди. Иккинчи қаватдаги ёруғ дераза олдида хотинининг боши пайдо бўлди. Қалин ва қора сочлари орқасига тугун қилиб боғланганидан, бўйнидаги бир қатрр тилла занжир ярақлаб кетганидан таниди. Хурсандхон уни кўргандек ва негадир ўзини четга олгандек бўлди. Заййобиддин Омонов бўшашиб кетди.
— Нима бўлди? — сўради Алишер Нурматов яна диққат билан унга кўз тикиб.
— Йўқ, ҳеч нарса.
— Юринг, ўзимизни сих кабобдан еймиз энди. Алишер Нурматов уни дастурхон тўрига бошлади. Ичимликлар тортилиб, битта-битта кабобдан еб бўлишганда уй эгаси Валихон Садирович пайдо бўлди. У қўлидаги виски солинган музли стаканни сезилар-сезилмас кўтариб, ҳамма билан ҳўшлашиб чиқди ва Зайнобиддин Омонов ёнига келди.
— Камчилик йўқми?
— Раҳмат. Ҳаммаси жойида. — Зайнобиддин Омонов беихтиёр қўлига фужер олди, оғзига олиб бориб хўплади. Оқ вино эди ичаётгани. Ичимликларга у бефарқ бўлганидан, винолигини ҳам сезмади. — Уйингизда бўлганимдан хурсандман.
Валихон Садирович бошини эгди.
— Бу уй ҳали қаровсиз. Янги олганман. Бугунги йиғи-лишимизни ҳовли тўйи десак бўлади. Фақат яқин одамларнигина айтдим.
— Раҳмат, — деди Зайнобиддин Омонов миннатдор оҳангда. Уй эгасининг уни ўз яқинларига қўшганидан хурсанд бўлиб кетган эди.
Валихон Садирович чўнтагидан визит қоғозини чиқариб узатди.
— Ишингизни ўзгартиринг. Бирга ишлаймиз. Кутаман.
Валихон Садирович стаканни оҳиста кўтариб уриштирган бўлди, жавоб кутмай, ҳатто унга қарамай бошқа меҳмонлар томон йўл олди.
Зайнобиддин Омонов хотини ёнида қаёқдан пайдо бўлиб қолганини сезмади. Хурсандхон бутун оғирлигини унга ташлаб суянди ва ўзининг жуда нозик, ҳаяжонли дақиқаларда қиладиган қарашидан қилиб унга қаради:
— Қаёққа кетиб қолдингиз, Зайнобиддин ака? Хотинингиз борлигини унутиб юбордингиз-ку?
Унинг ноз билан айтган гапларидан Зайнобиддин Омоновнинг дили ёришди, қўлини иссиқ белига юбориб, ўзига тортди.
— Валихон Садирович бирга ишлашни таклиф қиляптилар, — деди бошқалар эшитмайдиган қилиб ва хотинининг қўлига шампан солинган фужер тутди.
— Нима дедингиз? — бепарво сўради хотини.
— Ўйлаб кўриш керак.
Ўзини тарозига солгандек салмоқ билан гапирди Зайнобиддин Омонов.
Эрининг феълини яхши билган Хурсандхон чўрт кесди-қўйди:
— Ўйлашга бало борми? Кўчага киядиган битта шу кўйлагим қолган холос. Эртага яланғоч чиқаманми?!
У гап тамом дегандек шампандан бир хўплади-да, фужерни стол четига қўйди. Шу тоб Зайнобиддин Омонов унинг ингичка, узун бўйнининг икки жойида узунчоқ-узунчоқ қизил доғ кўрди. Бундай доғ нимадан кейин қолишини у яхши биларди. Боя дераза ортида уни кўрган пайтидагидек оёқларигача бўшашиб кетди. Бу нима, қаерда эдинг, деб сўрашга эса ботинмади. Хотини кўпчиликни ичида уни изза қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо дилига шубҳа тушди. Яна боя олиб келган «Волво» олиб бориб қўйди. Шу шубҳа билан уйга қайтди. Фақат ўриндагина шубҳаси тарқади. Хотинининг ўзи тарқатди. Ёнига келди, эркаланди, яхши кўришини, бошқа одам унга керакмаслигини таъкидлади. Хотинини у яхши кўрар эди. Шубҳасини ҳайдади, доғларини чивин чаққанига йўйиб, ўзи ҳам эркаланиб кетди…
Валихон Садировичга «Билим» жамиятидагидан уч баравар юқори маош тайинлади, ўша заҳотиёқ кассир аёл уни табриклаб, конверт узатди. Ҳали иш бошламай аванс олди.
Кечқурун эр-хотин анча вақт гаплашиб ўтиришди. Зайнобиддин Омоновнинг ҳозирги топиши бир ойнинг беташ-виш емоқ-ичмоғи у ёқда турсин, кийим-кечагига ҳам бемалол етарди. Хурсандхон нималар олишни, албатта, аввало эрига узоқ гапирди. Зайнобиддин Омонов йўқ, аввал сизга, деса ҳам қулоқ солмади.
— Сиз энди ҳеч нарсага зорлиги бўлмаган ишбилармонлар орасида бўласиз, ярақлайдиган, ғичирлайдиган эмас, кўзга ташланмайдиган, аммо-лекин қимматбаҳо, асл нарсалар кийишингиз керак. Чарм куртка, бўлса жигарранг, бўлмаса қора, кейин юмшоқ, ипсиз туфли, сидирға оқ кўйлак, почаси билинар-билинмас торайган кулранг қора шим. Яхши камар. Яхши камарда гап кўп…
Хотинига қулоқ солиб ўтириб, Зайнобиддин Омонов тўқчилик одамни ўзгартиришига, меҳр-оқибатли қилишига яна бир бор ишонди ва янги ишга ўтганига суюнди.
Фирмада унинг қиладиган иши асосан филиаллардан хабар олиб туриш эди. Қайси филиалга бориб келишни Валихон Садировга кўпроқ бевосита бошлиғи Алишер Нурматов айтарди. Сафарга жўнаш чоршанба ё пайшанбага тўғри келарди. Чунки душанбада ишлар режалаб олинарди, ким қаёққа қандай топшириқ билан бориши белгиланарди. Зайнобиддин Омонов шу тартибга кўникиб кетди. Сафардан қайтиб, душанба куни шошмасдан ҳисобот тайёрлайди. Кўчиртириб раҳбарларга топширади. Сешанба куни раҳбарлар кўриб чиқишади. Асосан маъқуллашади. Чоршанбада қаёққа кетиши маълум бўлади. Ё ўша куни жўнайди, ё эртаси эрталаб. Хотини ҳам шунга кўникиб қолган. Лекин барибир хотин — хотин-да. Ёлғиз қолгиси келмайди. Бирпас ғиншийди, мени ҳам олиб кетинг, деб хархаша қилади. Зайнобиддин Омонов ичида севинади. Аммо билдирмайди, ўзича урушган бўлади, исм-шарифи муҳрланган жигарранг дипломатига керакли нарсаларни солиб, уйдан чиқади. Кузатгани қўймайди.
Сафарда филиалларнинг ходимлари уни деярлик урин-тиришмайди. Аввало унинг келишини билиб тайёргарлик кўриб қўйишади. Қилган ишлари, навбатдаги режаларни битта папка қилиб, келиши билан қўлига тутқазишади. Зайнобиддин Омонов шошмасдан танишади. Кейин филиал бошлиғи ё унинг ўринбосари билан жойларга боради. Ҳужжатлар билан амалдаги ишларни солиштиради. Жойларга бориш, суҳбат, овқатланишлар билан кунлар тез ўтиб кетади. Қайтадиган вақт ҳам келиб қолади. Қаерга бормасин, Зайнобиддин Омоновнинг қиладиган битта иши бор. Хоти-нига бирон нарса олиш кераклигини у одамларга айтади. Аммо ўзи бориб, ўз пулига олади. Фирмага ўтганидан бери пул масаласида у қийналмайдиган бўлиб кетди. Сафар пули шундай ишлатилмай қолади. Бундан ташқари унга худди бошлиқларга қилингандек яхшигина чўнтак пули ҳам беришади. Қайтганида эса мукофот олади. Шунча вақтдан бери у бир ой ҳам мукофотсиз қолгани йўқ. Мукофот билан маошини хотинига беради. Сафар ва чўнтак пуллардан баъзан ўзига бир нарса олади. Кўпинча эса одамлар олдиришмайди. Уят, деб ўзлари истаган нарсасини олиб беришади. Аммо Хурсандхонга у ўзи олади. Филиаллардагилар унинг бу одатини билишади. Бу нарса хотинимга дейиши билан ўзларини четга олишади.
Зайнобиддин Омонов қайтишдан олдин бевосита бошлиғи Алишер Нурматовга телефон қилади, қайтаётганини айтади. Алишер Нурматов ўта маданиятли одам. Қайтишга рухсат бергандан кейин ўзи Хурсандхонга телефон қилиб, Зайнобиддин Омоновнинг қайтаётганини, хавотир олмаслигини айтиб қўяди. Хурсандхон эрини хурсандлик билан кутиб олади. Сафардан оч қайтмаслигини билса ҳам ошнинг сабзи-пиёзини бостириб кутиб олади. У яхши кўрадиган иссиқ патир нон олиб келиб қўяди. Хурсандхон ўша куни кечаси ҳам ундан ўз меҳрини аямайди.
Зайнобиддин Омоновга янги ишининг қанчалик даромадли бўлмасин, битта ўтиришмайдиган жойи бор, у ҳам бўлса ракамлар, ҳисоб-китоб. Яхши ҳамки, сафарларда ҳужжатларни — молнинг ҳажми, нархи, фойдаси, харажатлари, қўйингки, нима топшириқ билан кетаётган бўлса, шу топшириққа ҳамма жавобни филиаллардаги одамларнинг ўзлари тайёрлаб қўйишади. Аммо қайтгандан кейин сафар, йўл харажатлари ҳужжатларини ўзи бухгалтерияга топшириши керак. Зайнобиддин Омоновнинг шунга тоқати йўқ эди. Аммо бунинг ҳам йўли топилди. Шаҳардалик пайтида яъни душанба, сешанба кунлари фирмада у иккита жувон билан бир хонада ўтирарди. Биттаси Райҳон, иккинчиси Гулбаҳор. Фирма АҚШга кўчиб кетган бадавлат яҳудий докторнинг уйига жойлашган эди. Катта ҳовли, икки қаватли уй. Иккинчи қаватда Валихон Садирович ўз ёрдамчиси ва бош бухгалтер билан ўтиришарди. Деярли ҳеч ким у ёққа кўтарилмасди. Зайнобиддин Омонов ҳам атиги бир марта ишга кириш учун келганида кўтарилган эди, холос. Ҳамма бўлимлар биринчи қаватда эди. Чақириладиган мажлислар, меҳмондорчиликлар биринчи қаватда, катта залда ўтар эди. Зайнобиддин Омоновга Алишер Нурматовнинг ёнидаги де-разаси кўчага қараган хонадан жой ажратиб беришди. Илгари қизларнинг ўзлари ўтиришар экан. Энди ораларига у кирди. Аввал бйрмунча сиқилиб ўтиришди. Пардоз-андозга бошқа хоналарга чиқишди, ҳатто чойни ҳам тортиниб ичишди. Аммо Зайнобиддин Омоновнинг камтар, тортинчоқлигини кўриб, ундан аста-секин уялмайдиган бўлиб кетишди. Олдида чой ичишади, бемалол сумкаларига ойналарини тираб, қош-кўзларини, лабларини бўяшади. Ҳатто аччиқ-чучук латифалар айтишади.
Биринчи гал «Гуличка» унинг аванс ҳисобини кўриб берди. Кўра туриб қошлари чимирилиб кетди:
— Нега йўл харажатларини, меҳмонхона, суточнийларни ёзмайсиз?
— Ишлатмадим-да, ўзлари тўлашди. — Ростини айтди Зайнобиддин Омонов. — Фақат боришга билет олдим, холос.
— Вой, содда одам! Берган пулни қайтарасизми?! Бунақада ҳаммамизни қайтариб берадиган қилиб қўясиз-ку? Ким сиздан шуни талаб қиляпти? Ошиб-тошиб кетганмисиз?
Зайнобиддин Омонов қизариб кетди.
— Ҳаммасини ёзамиз. Иккинчи бунақа қилманг!
Гулбаҳор бирпасда машинкада чиқиллатиб ташлади. У тайёрлаган ҳисобот бўйича сафарга берилган пулларнинг ҳаммаси ишлатилган, ҳатто меҳмонхонага жиндай етмай ҳам қолган эди.
Зайнобиддин Омонов қаршилик билдирмади. Илгариги иши бўлганда, шаддод аёлни уришиб берарди. Инсофли-диёнатли бўлишга, давлатни алдамасликка чақирарди, лекин фирма давлат эмас, бу қизлар ҳам илгариги у билан ишлаган одамлар эмас эди. Бунинг устига у кўпчиликка қарши чиқиб бўлмаслигини яхши биларди. Қайси бир йили пок, бир сўзли, халқ, давлат, партия ишига садоқатли бир директор коллективнинг талаби билан райком бюросида ишдан олиб ташланган эди. Унинг ноҳақ ишдан олинаётганини ҳамма бюро аъзолари билишарди. У заводдан керакли, қимматбаҳо нарсаларни липаларига қистириб олиб кетаётган одамлардан тўртта-бештасини тутиб олиб, судга берган эди. Коллектив унинг устидан хат ёзиб, қобилиятсизликда, қўполлик, шафқатсизликда айблади. Бюро кўпчиликка қарши чиқолмади. Шу воқеа Зайнобиддин Омоновнинг эсида эди. «Гуличка» айтгандек қилмаса, кўпчиликни ўзига қарши қаратиб қўярди. Қайтарилмаган сафар пулларига олинган овқатлари бир неча кун томоғидан ўтмай, кийган кийимлари баданини куйдиргандек бўлиб юрди. Лекин одам нималарга кўникмайди? Зайнобиддин Омонов ҳам кўникиб кетди.
Хуллас, у ўз турмушидан ризо, хотини Хурсандхон ундан хурсанд эди. Лекин ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу деган гап бор. Зайнобиддин Омоновнинг бошига ҳам ҳеч кутилмаганда ташвиш тушди. Сешанбаларнинг бирида, ўшанда Андижонданми, Қўқонданми қайтган эди, адашмаса, Қўқондан қайтган эди. Алишер Нурматовнинг ҳузуридан кўнгли тўлиб чиқаётиб, хонасига кирмоқчи бўлганда бирдан тўхтаб қолди. Ичкарида Райҳон билан Гулбаҳор унинг ғийбатини қилишаётган эди. Эшикни очиши билан қулоғига уларнинг гаплари чалиниб қолди.
— Зайнаб қўшмачига яна мукофотни ошириб ёзишибди! — Бу Райҳоннинг овози эди. — Маники ўтган ойданам камайиб кетибди.
— Шуни ҳам тушунмайсанми? — деди Гулбаҳор. — Хурсандхон борган сари очилиб кетяптилар. Эгниларида ҳозир фақат французча кийим. Бу ўзи бўладими?
— Эр бўлмай ўл! — Райҳон нимадир деб ўртоғининг қулоғига шивирлади. Зайнобиддин Омонов эшитмади, иккалови кулишди, кейин овоз чиқариб қарғади. — Билмай ўлсин! Билади! Ўзи қўшиб қўйган! Шундай яшагандан кўра, мен ўзимни осардим!
Зайнобиддин Омонов муз бўлиб кетди. Кейин қулоқларигача қизариб ёна бошлади, пешонаси, бурнини тер қоплади. Ичкарига кириш-кирмаслигини билмай жойида анча туриб қолди. Аёллар бошқа гапга кўчишди. У бўлса орқага қайтишни, ҳозир улар билан учрашмасликни лозим топиб, ҳовлига тушди. Ҳовлининг этагига, баланд ўрикнинг остига дам оладиган жой қилиб қўйилган эди. Шу ерга бориб ўтирди. «Наҳотки, наҳотки, уларнинг гапи рост бўлса?» Зайнобиддин Омонов ўйланиб кетди. Янги ишга ўтганидан бери хотини анчагина ўзига оро берадиган бўлганини эслади. Баъзан кеч қайтади ишдан. Бўш қолди дегунча воситачи магазинларга югуради. Лекин буларнинг ҳаммаси тўқлик аломати. Унинг эгри юришига келганда, Зайнобиддин Омонов буни пайқамаган. Қизлар хотинини кимга тақашди? Буни улар оғизларига олишмади. Демак, иккалови ҳам билади. Унинг хаёлига Валихон Садирович келди. Қибрайдаги боғ уйга меҳмон бўлиб боришганини эслади. Ўшанда Алишер Нурматов уни боғ ичига етаклаб, узоқ айлантирди, тинмай гапирди. Аслида у бунчалик сергап одам эмас экан. Ўшанда уни чалғитган бўлса-чи? Боғдан қайтганда хотини бироз кайф билан пайдо бўлди. Кўзлари ялт-ялт ёнди. Бўйнидаги ингичка қизил доғчи? Чивин бундай чақмаслигини, нимадан сўнг бундай из қолишини Зайнобиддин Омонов албатта биларди. Аммо билиб ўзини билмаганга солди. Ҳозир шуни эслаб, у яна қизариб кетди. Наҳотки, Валихон Садиров билан хотини… алоқада бўлса?.. Шунча вақтдан бери уни алдаб келаётган бўлса? Нима деди? «Эгнида ҳозир фақат французча кийим». Дарҳақиат, бу ўзи бўладими?
Зайнобиддин Омонов ўша куни уйига эртароқ қайтди. Хотини ҳали келмаган эди. Кейин шкафларини очиб, хотинининг кийимларини титкилай бошлади. Таниш, ёқимли ҳид, хотинининг ҳиди димоғига урилди. «Туҳмат, бу туҳмат», — деб юборгиси келди шунда у ва қилаётган ишидан уялиб кетди. У ҳеч маҳал хотинининг ишларига аралашмаган, нарсаларига тегмаган, ҳозиргидек титкиламаган эди. Битта кофтани ола туриб қайта жойига илиб ҳам қўйди. Аммо ўзини тўхтата олмади. Беихтиёр иккинчи бир нарсага қўлини узатди. Бу гулли қора кўйлак эди. Зайнобиддин Омонов зарҳал ёқасини илгагидан чиқариб қаради. Шошиб яна бир кўйлакни олди. Унда ҳам шундай ёзув бор эди. Атир-упа устидаги хилма-хил шишалар ҳам шу фирманинг шишалари эди. Демак, аёлларнинг гапи туҳмат эмас, рост…
Зайнобиддин Омонов хотинига ҳеч нарса демади. Нима ҳам дерди? Қандай исбот бор унинг қўлида? Фақат гап. Воситачи дўконларда мол тиқилиб ётибди. Пул бўлса бўлди. Ўзининг топгани, унга бераётгани бу нарсаларнинг ҳаммасига етади. Хурсандхон албатта шундай дейди.
Балки урушади, тўполон солиб юборади. Шубҳаларга чек қўядиган, агар рост бўлса, аниқлайдиган бошқа йўл топиш керак. Қандай йўл? Зайнобиддин Омонов кечаси уйқуси қочиб кетиб ўйлади. Аммо бирон фикр хаёлига келмади. Эрталаб ишга борганида, яна сафар устидан чиқди. Севиниб кетди. Уч-тўрт кун хотинини кўрмайди, кўзларига боқмайди, илгари эшитиб тўймайдиган, энди эса бирдан ток ургандек бўлиб кетадиган чийилдоқ овозини эшитмайди. Наҳотки илгари овози ингичкалигини у пайқамаган? Зайнобиддин Омонов ҳайрон бўлди, шу сабаб хотинининг феълидан, гаплари, одатларидан камчиликлар қидира бош-лади. Аммо қидиргани сари унга меҳри орта борди. Топган камчиликлари ижобий фазилатларига айланиб кета бошлади. Ингичка овози яна илгариги ҳолига қайтиб ҳолвайтардек майин, ширин туюлиб кетди. Уйга ошиқди. Сафардан қайтиб келиб хотинига бошқача, синовчан кўз билан қаради. Аммо ҳеч қандай ўзгариш сезмади.
Хурсандхон аввалгидек қувноқ, меҳрибон, эрини соғинган суюкли хотин эди. Тўрт кунни сафарда қандай ўтказганини билмаган Зайнобиддин Омонов анча ўзига келди. Хотинлар ўзи кимнинг ғийбатини қилишмайди? Хурсанд-хон, унинг хотини келишган, оқи-оқ қизили-қизил жувон, билиб кийинади, билиб гаплашади. Гуличкаларнинг унга ҳаваслари келган бўлиши керак. Қаердадир кўришгандир? Эшитишгандир? Ўшанда Қибрайдаги меҳмондорчиликда Зайнобиддин Омонов ҳамма аёллар ичида ёш, чиройлиси, энг ёқимлиси хотини эканини кўрган, қайтадан унга муҳаббат изҳор қилгиси келиб кетган эди. Анчагача гаплашиб ўтириб, ҳеч нарса сезмади. Зайнобиддин Омонов ярим кечада барибир юраги дукурлаб уриб, уйғониб кетди. Унинг тинчлиги, ҳузур-ҳаловати йўқолган эди. Пастга тушди, баланд-баланд қайрағочлар соқчилардек уйғоқ турган ҳовлини айланди, кўчага чиқди. Ундан бошқа ҳеч ким ҳовлида ҳам, кўчада ҳам кўринмади. Ҳамма уйқуда эди. Фақат уйга қайтаётганда чироқларини дам у, дам бу томонга ташлаб битта «Жигули» ўтиб кетди. «Маст», хулоса қилди Зайнобиддин Омонов ва ўзининг ҳам маст бўлгиси, оғир ўйларини унутгиси келиб кетди.
Эрталаб Хурсандхон олдига шакар сепилган ширгуруч олиб келиб қўйди, бошидан ўпганда, дили яна равшан тортиб кетди. Тунги азоблари хаёлидан кўтарилди.
Ишхонасига яқин қолганда фирма дарвозаси олдига таниш «Волво» келиб тўхтаганини, Валихон Садирович ундан тушганини кўриб қадамини секинлатди. Аммо Валихон Садирович уни кутиб турди. Қуюқ сўрашиб айвондаги жимжимадор ёғоч зинадан ўз кабинетига кўтарилди. Зайнобиддин Омонов унда ҳам ғайритабиий ҳеч нарса сезмади. Ўша-ўша илгариги назар, илгариги самимий муносабат. Аёлларнинг ғийбатига парво қилиш керак эмас, гапиришди-қўйишди-да. Алам-алам уларда. Хурсандхоннинг кийимларидан йўқлиги алам! Бошқа ҳеч нарса эмас.
Бундан ташқари у ишбилармон одамлар бундай қилмасликларига ич-ичидан ишонгиси келарди. Ишбилармон тўғри, тоза қўл билан ишлайди. Ўғрилик, хиёнат, алдамчилик билан эмас, ақл-идрок билан пул топади, давлат орттиради, ўз номига ДОР туширмайди. Шунинг учун ҳукумат уларга ҳамма йўлларни очиб қўяяпти. Ишла, инсоф билан, ақл билан ишла, топ, топганинг ўзингга ҳам, халққа ҳам буюрсин, дастурхонини мўл, уйини обод қилсин, деяпти. Валихон Садирович наҳотки неча асрлардан бери авлоддан-авлодга ўтиб келган ишбилармонлик қоидаларини билмаса?! Билади, билмаса, фирманинг ишлари бунчалик юри-шиб кетмасди. Алдамчи, қаллоблар билан ким муносабат қилгиси, иш юритгиси келади? Кейин, ишбилармон бошлиқ ҳеч маҳал ўз ходимини алдамайди, ҳаққига хиёнат қилмайди. Битта ходимини алдаган бошлиқ, ҳаммани алдайди. Унда ким у билан ишлайди?
Зайнобиддин Омонов ўзига таскин берадиган яна кўп нарсаларни топди, хонасидаги жувонларга ҳеч нарса билдирмади.
Лекин на чора? Ўзи сезмаган ҳолда паришонхотир бўлиб қолди, уйқусини йўқотди. Тунларни бедор ўтказиш, хотинига билдирмай пастга тушиб, ҳовлини, кўчани айланиш одатга айланди.
Бир куни уйнинг шундай тагидаги қарияларнинг домино столи ёнида ўтирганда, бир-бирлари билан шошмасдан гап-лашаётган иккита аёлнинг овози шундай қулоғи тагида янграса?!. Овозлар танишдек туюлди. Беихтиёр қулоқ солди. Аёллар уни гапиришаётган эди.
— Бунақада жинни бўлиб қолади, ана, ўтиришини қара. Рангибоши худди ўликнинг ўзи, — деди битта аёл.
Овоз тепадан келди. Зайнобиддин Омонов бошини кўтарди. Биронта деразада чироқ ёниб турганини кўрмади. Овознинг тепадан, шундай боши устидан, биринчи ёки иккинчи қаватдан келаётгани аниқ эди.
— Жинни бўлмай кетсин. Айб ўзида, — деди иккинчи аёл. — Ҳаммани ўзига ўхшаган тўғри, содда, деб билмаслиги керак. Шунақа енгил хотининг бўлгандан кейин орқа-ўнгингга қараб юришинг керак. Биров бола-чақа қилгиси келади, бировнинг ишлагиси. Бу кишига юриш бўлса, кийиниш бўлса. Эр шўринг қурғур, ҳар гал сафарга жўнаши билан уйнинг чироғи ўчиб, эшигига қулф тушишини билмайди!
— Ҳозир ҳам ҳеч нарсанинг тагига етолмай ўтирибди. Қара, қорадори еган одамга ўхшайди, ланж.
— Тагига етиш жуда осон, — биринчи гап бошлаган аёл, афтидан, савол кутиб гапидан тўхтади.
— Қандай қилиб? — сўради иккинчи аёл.
— Бир гал сафарга кетдим, деб кетади-ю, кечқурун қайтиб келади. Панада туриб кутади. Қоронғу тушиши билан таниш машина келади. Хотини унга ўтириб жўнаганини кўради.
— Бу унга етарли эмас. Хотинининг хиёнатини ўз кўзи билан кўриши керак.
— Иккаламиз унинг кўзини астойдил очмоқчи бўлсак, йўлини топсак бўлади. Розимисан?
— Розиман, — деди иккинчи аёл.
Зайнобиддин Омонов шунда уни таниди. Гулбаҳор эди. Биринчи аёл эса Райҳон, шубҳасиз, Райҳон. Булар қандай қилиб келиб қолишди бу ерга? Қаердан гапиришаяпти?
Зайнобиддин Омонов атрофига қаради. Ҳаммаёқ ҳамон қоронғулик оғушида. Биронта одам кўринмасди.
— Рози бўлсанг, бундай қиламиз. Олдига бир сиқим юнгимиздан ташлаб кетамиз. Истаган пайти бир қисмини икки қўли орасига олиб ишқаласа, бизга ўхшаган мушук бўлиб қолади. Ана шундан кейин машинанинг бир четида хотини борган жойга боради, ҳаммасини ўз кўзи билан кўради. Иккинчи қисмини асл ҳолига қайтмоқчи бўлганда ишлатади. Ерга ёйиб уч марта устида думалайди.
Зайнобиддин Омонов шу гапни эшитиши билан бошини кўтарди. Олдидаги қандайдир шифер томда иккита оламушук унга қараб ўтирарди. Биттаси ҳатто унга кўзини қисиб ҳам қўйди…
Аллақаерда хўроз қичқирди. Катта бир ит тинмай вовуллай кетди. Зайнобиддин Омонов тонг ёриша бошлаганини сезмай қолди. Беихтиёр олдидаги стол устига қаради. Бир сиқим қорамтир майин мушук юнги шундай олдида оқ қоғоз устида турарди. Ҳовучига олди-да, ҳозиргина мушуклар ўтирган томга қаради. Аммо улар йўқ эди.
Зайнобиддин Омонов мушуклар айтганидек қилди. Навбатдаги сафарни хурсандчилик билан қабул қилиб, йўл тараддудини кўра бошлади. Аввало идорадагиларнинг ҳаммаси билан негадир хайрлашиб чиқди. Албатта Валихон Садировичнинг олдига кирмади. Алишер Нурматовга. учради. Топшириқларни ҳижжалаб суриштирди. Хонасига қайтиб:
— Мана, айтганларингдек қиламан бугун. Аммо гапларинг ёлғон чиқса, кўрасизлар! — демоқчи эди, ўзини тутиб қолди. Иккала жувон худди ҳеч нарса бўлмагандек, ҳеч нарса билмагандек бошларини қоғоздан кўтармай ўтиришарди.
— Хўп, хайр, — деди Зайнобиддин Омонов дипломатини ёпиб, ўрнидан турар экан.
— Яхши бориб келинг, — деди Гулбаҳор.
— Яхши дам олиб келинг, — деди Райҳон.
Зайнобиддин Омонов жилмайди…
Худди мушуклар айтгандек, қоронғи тушиши билан таниш «Волво» уларнинг уйлари олдига келиб тўхтади. Шофёр ўнг томондаги иккала эшикни очиб қўйиб, ойналарни арта бошлади. «Зайнобиддин Омонов» лип этиб, машинага чиқди-да, орқа ўриндиқ билан шофер суянчиғи орасидаги бўш жойга жойлашиб олди. Хурсандхон уни кўрмади.
«Зайнобиддин Омонов» хотинининг шунча йилдан бери қадрдон, азиз бўлиб қолган ҳидидан маст бўлиб борар экан, машинани тўхтатгиси, қалтис, ифлос йўлдан қайтаргиси келди, аммо ўз қиёфасида эмаслиги эсига тушиб, ниятидан қайтди.
Машина фирма дарвозаси олдида тўхтади. Хурсандхон туриб, ичкарига кирди-да, дадил қадам ташлаб айвондаги бурама зинадан иккинчи қаватга кўтарилди.. «Зайнобиддин Омонов» Валихон Садирович кабинетига киради, – деб ўйлаган эди. У ёққа кирмади. Рўпарадаги эшикни сумкаспдан калит олиб очди. Бу тор йўлак эди. Хурсандхон чап томондаги эшикни итариб ичкарига кирди. Унинг кетидан «Зайнобиддин Омонов» ҳам кирди. Ўртада думалоқ стол. Деворларга суяб юмшоқ кресло-диванлар қўйилган. Ҳаммаси бир рангда, сарғиш духоба билан қопланган.
Хурсандхон меҳмонхонанинг этагидаги эшикни очиб, орқасига ўтди. «Зайнобиддин Омонов» югуриб бориб қаради ва уялиб кетди. Хурсандхон ечиниб, узун шоҳи халат кийиб олди. Бу халатда ҳеч маҳал уйда юрмаган эди. Демак, фақат шу ерда кияди. Битта одам учун кияди…
Хурсандхон меҳмонхонага қайтиб, бирпасда столни ясатиб ташлади. Нима қаерда турганини у яхши биларди. Сумкалар, қоғоз пакетлардан столнинг устига иссиқ тандир нони, патир, сомса, ҳўл мева, товуқ олиб қўйди. Сервантдан тақсимчалар, пичоқ, вилкалар олди. Катта муз қутини очиб, нима борлигини текширди. Бир шиша Тошкент сувини олиб очди-да, шошмасдан, хўплаб-хўплаб ичди.
Шу пайт тўрдаги эшик очилди. Валихон Садирович кириб келди. Хурсандхон югуриб бориб, уни қучоқлади.
Сервант устига чиқиб олган «Зайнобиддин Омонов» чидолмади. Шундай Валихон Садировнинг бошига ўзини ташлади, сочларини юлиб, юзларини тимдалай бошлади. Хурсандхон дод солиб, қочиб кетди. Валихон Садирович «Пишт! Пишт!» деб қўлларини силкитди, бошини, елкалари ичига олиб инграй бошлади. Зайнобиддин Омонов унинг кўзларига чанг солмоқчи бўлиб орқага тисарилди. Аммо қонга беланган башарасини кўриб, жирканиб кетди. Стол устига сакраб ўтди-да, шу ердан деразага отилди. Ойна чил-чил бўлиб синди. Кўп ўтмай у ўзини кўчанинг ўртасида кўрди. Қулоғига хотинининг чинқирган овози эшитилди. Аммо унга таъсир қилмади. На ачинди, на ғазабланди.
Уйга деразанинг очиқ кўзидан тушиб, кроватга чўзилди. У тинч, хотиржам эди. Шифтга қараб анчагина ётди. Ўз қиёфасига ўтиб олиши эсига келиб, ўрнидан турди. Оламушуклар юнгининг қолган қисмини оқ қоғозга ўраб, кўк шимининг чўнтагига солиб қўйган эди. Шими стул суянчиғига осиғлиқ эди. Иккала чўнтакни қаради, ҳатто ағдариб кўрди, юнг йўқ эди. Шкафни очиб, ҳамма шимларини титкилаб чиқди, топилмади. Юраги орқасига тортиб кетди. Энди нима қилади? Шундай ўйлаб туриб, бирдан кулиб юборди. У янги бир қарорга келган эди. Деразанинг очиқ кўзига сакраб чиқди-да, ундан тарновга ўтди. Тарновдан беш қаватли уйларнинг томига кўтарилди. Оламушуклар шу ерда, ёки нариги уйларнинг томларида юрган бўлишса керак. Уч-тўрт уйдан ўтганда катта майдоннинг олдидан чиқиб қолди. Майдоннинг нариги томонида яна шундай, кўп қаватли уйлар бошланарди. Уйларнинг жуда кўп деразаларида чироқлар ёқилган эди. Одамлар ё ҳали ётишмаган, ё тонг ота бошлаганми, у англолмади. Тарновдан деразалар токчаларига, токчалардан теракларга сакраб ўтиб пастга тушди ва олдинда ёниб турган чироқлар томон югуриб кетди…
* * *
Хурсандхон эри бедарак кетганидан кейин ярим йил ўтгач, жаноза очдирди. Барча қариндош-уруғларни чақирди. «Тақсим» фирмасининг ходимлари ҳам келишди. Уч хонали уй ҳали қиш тугамаган бўлса ҳам бирпасда исиб кетди. Ош тортилаётган маҳали, Валихон Садировичнинг таклифи билан уйнинг деразалари очилди. Ош келиб, Валихон Садирович қўлига қошиқ олай деганида, очиқ деразаларнинг бирида катта оламушук пайдо бўлиб, унинг устига сакради. Бошига ўтириб олиб, юзлари, қулоқларини тимдалай бошлади. Одамлар ўзларига келиб, уни ҳайдаш лозимлигини англагунларича очиқ деразага яна сакраб ўтиб, ғойиб бўлди.
Бу воқеа тез орада шаҳарга тарқалди. Биров Валихон Садировични шундан кейин жинни бўлиб қолибди деса, биров уни қамалдига чиқарди. Аммо бир нарса аниқ эди: Валихон Садирович ишдан кетган, фирмага янги одамлар келган эди.
Хурсандхон уйдан чиқмайдиган бўлиб қолди. Ишдан келиб у-бу еган бўлади, дераза олдида ўтириб, кўчага тикилади, ё ҳовлига тушиб, эри айланган жойларни айланади, домино столи ёнида юзига кафтларини тираб, узоқ-узоқ хаёл суриб ўтиради. Баҳайбат оламушук эса уни томнинг устидан кузатади, баъзан орқасида юради. Аммо ўзини кўрсатмайди. Хурсандхон дераза олдида пайдо бўлмаган, пастга тушмаган кунлари оламушук чақалоқ йиғлагандек қаттиқ-қаттиқ миёвлаб йиғлайди. Унинг овозини эшитган тунлари Хурсандхон жунжикиб кетади, бутун вужуди, дилини қўрқув босиб мижжа қоқмай чиқади…
1994 йил