Ўлмас Умарбеков. Абдулла қовунчи (ҳикоя)

Севгининг кўзи кўр дейишади. Тўғри экан. Кўр бўлмаса, менга Абдулла қовунчи ёқиб қолармиди? Баъзида хўрлигим келганидан йиғлайман. Баъзида, бор-е, худо олсин ўшани, бошқа йигит қуриб қолдими дейману, клубга чиқаман, қизлар билан ўйин-кулги қилиб, ўзимни овутаман. Аммо уйга қайтиб чироқни ўчираману, юрагим орқамга тортиб кетади, бир нима томоғимга келиб тиқилгандай бўлади. У ёнимга ағдариламан, бу ёнимга ағдариламан, бўлмайди, кўз олдимдан кулиб турган башараси ўтаверади. Шунчалик ёқимтой бўладими одам дунёда? Қалин қора қошлари остидаги қўй кўзлари доим кулиб туради, гапирганида худди ашула айтяпти, дейсан киши! Фақат битта айби бор: ҳар ўн кунда сочини устарада олдириб туради. Бунинг устига уч тийинлик одеколондан септириб келади денг, одамнинг кўнгиллари айниб кетади. Бошқа йигитларга ўхшаб соч ўстирса, чиройли қилиб ёнигами, орқасигами ётқизиб тараб қўйса, қандай яхши. Йўқ, бундай қилмайди. Балки, шундай қилмагани тузукдир. Агар соч қўйса, ўртоқларига ўхшаб уқа тутган кўйлак кийса борми, қизларнинг бошини айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Айлантирганда ҳам майли эди, тинчроқ юрардим. Қишлоққа келган кунимоқ ўзига сеҳрлади-қўйди. Машинадан тўғри идоранинг олдида тушдим, чамадонимнинг устида бирпас ўтирдим. «Мана, яхши қиз, шу бугундан бошлаб ойингизнинг қарамоғидан чиқдингиз, ҳолингиз нима кечар экан?» — дедим ўзимча. Кейин ичкарига кирдим. Раиснинг хонасидан ғўнғир-ғўнғир товуш эшитиларди. Киришимни ҳам, кирмасимни ҳам билмай, беихтиёр қулоқ сола бошладим.
— Ука, сенга минг марта айтдим, — дерди зарда билан йўғон овоз. — Менга қовун керак эмас, ҳа, пахта керак. Колхознинг обрўйини оширадиган ҳам, унинг юзини ерга қаратадиган ҳам — пахта. Буни этагини тугиб юрган бола ҳам билади-ю, сен билмайсан. Бошқа бир қарич ҳам ер бермайман.
— Атиги беш гектар, Сулайман ака, хўп денг, — ялинганомуз ингичка овоз эшитилди. — Учтепанинг пасти бекор ётибди, жуда бўлмаса шуни беринг, қовун ҳам керак-ку, ахир!
— Бермайман, дедим, бермайман. Тушингни сувга айт.
Хонага жимлик чўқци. Эшикни тақиллатиб ичкарига кирдим. Рўпарамда ноппа-нозандай йигит турарди. Кенг елка, баланд бўй… Мени кўриб уялди шекилли, қип-қизариб кетди. Салом бердим. Раис келиб қўлимдан ушлади, кейин энсаси қотиб йигитга ишора қилди.
— Танишинг: бригадир — Абдулла қовунчи. Қовундан бошқа дарди йўқ.
Абдулла қовунчига қарадим. Юрагим жиз этиб кетди. Нега? Ўзим ҳам билмайман. Сулаймон ака менга бир олайиб қўйди-да, шоша-пиша Абдулла қовунчини чиқариб юборди. Жаҳл билан нималарнидир тушунтирди.
Тавба, нега шу колхозга келдим? Бошқа колхозлар ҳам агроном сўрашган эди-ку!
Қизлар кечқурунлари ётоқхонада ётганимизда севги ҳақида кўп гапиришарди. Аммо мен бир кўришдаёқ кўнгил қўйишимга сира ақлим етмас эди. Наҳотки, севиб қолган бўлсам?! Ўзимни ўзим алдаб, уни ўйламасликка ҳаракат қилардиму, аммо бу қўлимдан келмасди. Кундузи ҳам уни ўйлайман, кечаси ҳам. Далага чиқсам, беихтиёр отни унинг бригадасига бураман. Ўзини кўрмасам, қизларни гапга соламан, унинг кимлигини билиб олишга ҳаракат қиламан. Келганимга бир ҳафта бўлдими-бўлмадими, билмадим, унинг тўғрисидаги ҳамма гапларни билиб олдим.
Абдуллажон ўн уч яшарлигида отаси фронтга кетибди, онаси билан ёлғиз қолибди. Ўқишдан келар экану, далага, онасининг ёнига чопар экан. Ўйин нималигини билмас экан. Ҳали помидорнинг тагини чопган, ҳали пиёз ўтоқ қилган, кечалари онасининг йўқ, дейишига қарамасдан, чайлада қовун полизни қўриқлаб чиқар, эрталаб ўртоқлари билан почтага югурар экан. Орадан бир йил ўтибди. Шу бир йил ичида отасидан атиги иккита хат келибди. Биттасида: «Ўғлим, арзанда, яккаю ягона ўғлим, ҳали урушнинг охири кўринмайди. Мен албатта душманни йўқ қилмагунча қайтмайман. Онангизга эҳтиёт бўлинг, уни сизга топширдим. Учтепанинг орқасидаги қовунлардан хабар олиб туринг. Оғилхонанинг бўғотидаги эски телпакда ғалати қовун уруғ бор. Фарғонадан олиб келганман. Кучингиз етса, шуни кўпайтиринг. Сизни соғинган отангиз — Ҳамидулла қовунчи» — деб ёзибди отаси. Иккинчисини… иккинчисини ўзи ёзмабди, рота командири ёзибди. Бу хат бутун қишлоқнинг тўс-тўполонини чиқариб юборибди. Бу — қорахат экан.
Абдуллажон шу хат келгандан кейин уч кун кўринмаи кетибди. Тўртинчи куни саҳарда уйга қайтиб, отасининг кетмонини олибди-да, Учтепага қараб жўнабди. Шу-шу, бутун республикага донғи кетган қовунчи Ҳамидулла аканинг ўрнини унинг ўғли Абдуллажон эгаллабди. Отаси етиштиролмаган қовунларни етиштирибди. Ҳақиқатан ҳам қовун полизга борсангиз, оғзингиз очилиб колади. Сап-сариқ олтиндай чўгирлар, кўк беқасам тўн кийиб, қатор чузилишиб ётган ананасларни егани кўзингиз қиймайди. Ўтган йили Москвага кўргазмага бизнинг хўжалик номидан Абдуллажон ўз қовунлари билан қатнашди. Жуда қизиқ бўлди. Кечқурун раис билан омборда қайси бригада қанча нарса топширганини текшириб ўтирувдик, дарвозадан Аб-дуллажон эшак арава хайдаб келиб қолди. Араванинг усти брезент билан ёпилган.
— Ҳа, қовунчи, бу нима қилиқ? — деди раис ҳайрон бўлиб.
— Қовун олиб келдим, — Абдуллажон нимагадир илжайиб қўйди.
— Машина қуриб қолдими?
— Заха ейди.
— Заха еса, биттаси ейди, иккитаси ейди, тезроқ йиғиштиришни ўйлаш керак, ука!
— Ўзи битта-да.
— Битта? Нима битта?
— Қовун битта.
Абдуллажон жилмайиб қўйди. Брезентни олган эди, оғзимиз очилиб қолди. Умрим бино бўлиб бунақа катта қовунни кўрмаганман. Аравани битта ўзи эгаллабди-қўйибди, десам лоф бўлмас. Сулаймон аканинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
— Яша, ўғлим! — деди Абдуллажонни пешонасидан ўпиб. — Сени билмаган эканман. Раҳматли отангдан ҳам ўтиб кетдинг.
— Энди ер берарсиз-а, раис? — дедим қулай пайтдан фойдаланиб.
— Ер? Ҳа, айтгандай… ер… — Сулаймон ака ўйланиб қолди, кейин қўлини бир силтади-да. — Майли, қанча керак? — деб сўради.
— Эллик гектар.
— Эллик гектар?! Ҳай, майли олгин! Раис шу заҳотиёқ районга телефон қилгани кетди. Абдуллажон ёнимга келиб:
— Раҳмат, — деди ва қўлимни шундай сиқдики, «дод» деб юборай дедим.
— Сизга… сизга раҳмат, — дедим зўрға қўлимни ишқалаб туриб. — Шундай қовун етиштириш ҳазил иш эмас.
Шу пайт Сулаймон ака келиб қолди.
— Бўлди, — деди у Абдуллажоннинг елкасига қоқиб. — Эртага райондан одамлар келишади. Москвага жўнайсан.
Ҳақиқатан ҳам раис айтгандай бўлди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас Абдуллажон кўргазмага жўнади. У йўғида ўтказган ўн беш куним ўн беш йил бўлиб кетди. Шу кунлари уни севиб қолганимга чиппа-чин ишондим. Бироқ нима қилиш керак? Миқ этмайди. Фақат ишдан гаплашади. Бошқа йигитларга ўхшаб клубга чиқмайди, чиқса ҳам бир бурчакда ўтириб олиб, илжайгани-илжайган. Майли, қайтсин-чи, ўзим биламан нима қилишни! Институтда йигитлар: «Сенинг тилинг ёмон!» — дейишарди ҳазиллашиб. Шу тилимни ишга соламан. Аммо у қайтди ҳам, ишга тушди ҳам, лом-мим деб оғиз очолмадим. Қайтага илгарилари бемалол гаплашадиган одам, энди у билан ёлғиз қолсам, тилим танглайимга ёпишади-қолади. Москвадан қайтган куни идорада анча ўтирдик. Бутун кўрган-билганларини гапириб берди. Худди сеҳрлаб қўйилган одамдай, ундан кўзимни узолмайман. Озарбайжондаги қайси бир колхоз чўгирининг уруғидан сўрабди. Хуллас, «Ўзбекистон павильони» кунда ғуж-ғуж одам эмиш. Ҳамма тарқалгач, у мени кузатиб қўймоқчи бўлди. Бирам севиниб кетдим!
— Овора бўлманг, — дедим жўрттага бепарволик билан.
— Овораси бор эканми? Юринг!
Йўлга тушдик. Менга қишлоқнинг чеккасидан уй беришган. Катта кўчани қўйиб, чапга бурилдим. Шу ёқ сал узоқроқ.
— Чарчамаяпсизми? — сўради Абдуллажон ёнма-ён борар эканмиз.
— Чарчаш қаёқда! — дедим кулиб. — Чарчашга қўл ҳам тегмайди.
— Рост айтасиз. Мен ҳам ишни жуда соғиниб қолдим. Ўн беш кун иккала қўл чўнтақда юрса-я! Айтгандай, бизнинг бригадага ҳам бориб турибсизми? Ишлар қалай?
Устимдан биров бир челак сув қуйгандай бўлиб кетди. Бошим айланди, тўхтаб қолдим.
— Ишлар яхши! — дедим хўрлигим келиб. — Бригадангизнинг ишлари яхши! Пиёз ўтоқ қилинди… кечки… кечки қовун чопиб қўйилди… гармдори суғорилди… Яна нимани гапириб берай?
— Мавжудахон, нима бўлди? — Абдуллажон ўзини йўқотиб қўйди. — Мендан хафа эмасмисиз?
— Йўқ, сиздан хафа эмасман, — дедим лабимни тишлаб. — Тишим оғриб қолди. Бу ёғига ўзим кетаман, раҳмат.
— Кузатиб қўяй? Ёлғиз ўзингиз…
— Раҳмат.
— Мавжудахон, ахир…
— Йўқ, йўқ, — дедим зарда билан. — Сиз ишингиздан қолманг.
Шундай дедиму кучим борича уйга югурдим. Келиб ечинмасдан ўзимни каравотга ташладим-да, тўйиб-тўйиб йиғладим. Тавба, қандай одамларки, ишдан бошқа нарсани билмайди?!
Шу алфозда мана бир йил ўтди. Ўзимни ундан олиб қочганим сари унга интиламан. Аммо, Абдуллажондан ҳеч қандай садо йўқ. Гаплашсак, бир-биримизга қарамай гаплашамиз. Абдуллажон ҳам мендан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Саҳарда далага кетади, қоронғи тушганда қайтади. Идорага ҳам чақиртирилганда келади.
Аламимни ишдан оладиган бўлдим. Куннинг иссиғига, совуғига қарамай, далама-дала юраман. Ҳатто, кечалари ўша ёқларда қолиб кетаман. Тўрт юз гектар янги ер очдик. Шунинг ярмисига пахта экдик. Қолганига мева кўчатлари ўтқазиб чиқдик. Абдулла қовунчига ўша ваъда қилинган эллик гектар ер берилди. Шу пайтгача уни бундай деб атамас эдим. Энди айтавераман. Бир куни, ҳатто мажлисда ҳам шундай деб юбордим.
Эҳ, нега ўғил бола эмасман-а! Шартта олдига борардим-да: «Яхши йигит, ростини айтинг, анави қиз сарғайиб кетди-ку, кўнглингиз борми-йўқми?» — деб сўрардим. Йўқ деса-чи? Ўзимнинг бу бемаъни хаёлимдан ўзим сесканиб кетдим. Йўқ, Абдуллажонсиз ҳаёт-ҳаёт бўлармиди? Қирдан жуда чарчаб келган бўлсам ҳам, ўрнимдан турдим, костюмимни елкамга ташлаб, кўчага чиқдим. Қоронғи тун. Клубдан қандайдир музика эшитиляпти. Дарё томонга юрдим. Ҳеч зоғ йўқ. Битта-битта қадам ташлаб, олмазордан ўтдим. Оёғим остида хазон ёқимли шитирлайди. Булут орасидан ой сузиб чиқди. Тўлқинланиб оқаётган дарё кумушдек ялтираб кетди. Яқинроқ бориб томоша қила бошладим. Шу пайт, шу пайт…
— Мавжуда! — деб қолди таниш овоз.
Ялт этиб орқамга ўгирилдим: Абдуллажон!
— Салом!— дедим ҳовлиқиб, эрталаб кўришган бўлсак ҳам.
— Салом. Нима, уйқингиз келмаяптими?
— Ҳа, — дедим жилмайиб. — Сиз-чи?
— Менми? Мен… — Абдуллажон ҳам жилмайди.
— Кечаси сайр қиладиган одатим бор. Шундай бир айланиб келмасам, уйқу келмайди.
— Қачондан бери?
— Бир йилдан ошиб қолди.
— Ухлатадиган дори ичинг.
— Ичиб кўрдим, фойда бермаяпти.
— Бўлмаса…
— Мавжудахон!
— Лаббай?
— Биласизми?
— Нимани? Абдуллажон ютинди.
— Юринг, ҳов анави ёққа бориб келамиз. Майлими?
— Майли, — дедим жўрттага эрингандай бўлиб, аммо ичимда «бор экансиз-ку, яхши йигит», деб қўйдим.
Биз анча сайр қилдик. Осма кўприкдан ўтиб, бедазор бўйлаб кетдик. Бир маҳал қовун полизга келиб қолибмиз. Абдуллажон битта қирқмани узиб чиқди. Этигининг қўнжидан пичоғини олиб, шундай тегизган эди, жонивор «тарс» ёрилиб кетди. Совуқдан тишим-тишимга тегмай турса ҳам, бир тилим олдим. Бирам ширин.
— Дунёда бундан ҳам ширин нарсалар бор, — деди Абдуллажон.
Ҳайрон қолдим. Гапига эмас, унинг журъатига ҳайрон қолдим. Аммо ўзимни эшитмаганга солиб, индамадим. Буни пайқади шекилли:
— Янаги йилга шу уруғдан кўпрок экайлик, — деди қовун полизга суқ билан қараб.
— Аввал тажриба қилиб кўрайлик, — дедим унга қўшилиб. — Кейин майли.
— Ёрдам берасиз-а?
— Албатта.
— Яхши чиқса, қиши билан бузилмай турадиган қовун бўлади-да.
— Туринг, кетдик. Кеч бўлиб қолди.
Йўлда Абдуллажон чурқ этмади. Мен ҳам жим бордим. Гапнинг нима кераги бор? Иккаламиз ҳам ўз хаёлимиз билан бандмиз. У нималарни ўйлаётганикин? Балки қовунларини ўйлаётгандир? Майли, ўйласа, ўйлайверсин! Ўйи бор одамнинг юраги бор. Балки шунинг учун ҳам уни яхши кўргандирман. Мен-чи, мен уни ўйлаяпман. Ўйласам арзийди.
— Мавжуда, — деди Абдуллажон олмазорга етганимизда.
— Лаббай?
— Эртага… эртага ҳам чиқасизми?
У шу топда ёш болага ўхшаб кетди: кўзлари жавдир-жавдир қиларди.
— Чиқайми? — дедим жилмайиб.
— Ҳа, албатта чиқинг.
Уйга қушдек учиб келдим. Келдиму, ечинмасдан ўзимни каравотга ташладим ва анчадан бери биринчи марта тинч, ором олиб ухладим.
1961