… Миртемир домланинг эллик ёшлиги Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги адабиётчилар уйида ўтказиладиган бўлди. Андижондан мен ҳам бордим. Домла билан юбилей йиғилишига бир оз кечроқ келдик. Зал тўла одам. Ўша йиллари ҳамма мажлисларда тўрда ўтирувчилар яна тўрда. Юбилярнинг ўзлари эса ҳеч кимнинг эсига ҳам келмаётир. Шу вақт, мажлисга раислик қилувчи киши юбилей кечасини очиқ деб эълон қилди. Аммо, Миртемир домла тўрда йўқ эди.
– И-э юбилярнинг ўзи қаёқда?
Залнинг ҳеч кимга кўринмайдиган жойида, қисинибгина ўтирган Миртемир домлага кўзи тушган мажлис раиси дарҳол уни юқорига таклиф қилди. Миртемир домла ўтирган жойларидан: “Бошлайверинглар, мен шу ердаман!” – дедилар. Ҳамма ортга, Миртемир домлага қаради, қарсаклар янгради.
* * *
Бир куни Миртемир домла кечки пайт “Тошкент” меҳмонхонасининг биринчи қаватидаги ресторанга мени таклиф қилиб қолдилар. Бормасликнинг иложи йўқ. Аммо, камхаржроқ бўлганим учун хижолат чека бошладим. Фақат поезд чиптасига етадиган пулим қолган эди. Начора! “Нима бўлса, бўлди!” – дедим-да, бордим. Ресторанга кирдик. Домла ўчакишгандек, хилма-хил овқатларни, ичимликларни буюрдилар. Мен овқатни едимми, овқат мени едими билмайман. Бу ҳам етмагандек, қўшни ўриндиқда ўтирган аллақандай нотаниш хўранданинг пули камлик қилдими, офитсиантка унга ўдағайлай бошлади. “Бойвачча йигит, пулингиз етмаса нима қилардингиз бу ерга кириб?” Домланинг қулоқлари анча оғир бўлса-да, бу масхараомуз гапларни, назаримда, мендан ҳам яхшироқ эшитдилар. Домла офитсианткани чақириб, хўрандага қўшимча овқатлар ва ичимликлар буюрдилар. У йигит ҳайрон. Мен эса ҳеч нарсани англамас эдим. Шунда, Миртемир домла менга зимдан қараб, мийиқларида кулиб қўйдилар-да: “Ҳайрон бўлманг, йигитликда бу хил
воқеалар бўлиб туради. Мен бугун китобга катта пул олганман, ҳеч чатоғи йўқ, хижолатчилик чекманг”, – дедилар.
Хуллас, ҳалиги нотаниш хўранданинг еган-ичганигача ҳаммасининг ҳисоб-китобини ҳам домла тўладилар. У йигит чиқиб кетаётиб, биз ўтирган столга келиб, домланинг кимлиги, исми-шарифини сўради. Домла ҳеч нарса демадилар. Фақат: “Бўтам, бундай ҳолат менда ҳам бўлиб туради. Ҳеч хижолат бўлманг!” – дедилар, холос. Шундай қилиб, устоз ўша оқшом мени поездгача кузатиб қўйдилар.
Орадан беш-олти ой ўтиб, яна Тошкентга йўлим тушди. Устознинг ҳовлиларида ўтирибмиз. Бирдан ўша нотаниш хўранда эсимга тушиб, йигитдан гап очиб қолдим. Домла қотиб-қотиб кулдилар ва бўлиб ўтган воқеа тафсилотини бир бошдан айтиб бердилар:
– Бир куни, – деб гап бошладилар домла, – дарвоза тугмаси жиринглаб қолди. Очсам бир нотаниш йигит турибди. Уйга таклиф қилдим. Шоир ёки ёзувчи бўлса керак, деб ўйлаб ман. Ташқарида бир юк машинаси ҳам турарди. Йигит: “Домла, сиз мени танимадингиз-а?” – деди. “Йўқ, бўтам! Шоирмисиз? ” – десам, у қотиб-қотиб кулди-да: “Мен, ўша, бундан бир неча ой олдин ресторанда сизни хижолат қилган йигитман, ўзингиз исми-шарифингизни айтмасангиз ҳам одамлардан сўраб билдим. Сиз Миртемир домласиз, шундайми?” “Ҳа, шундай!” – дедим. Йигит ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб машинадан қовун-тарвуз, у-буларни тушириб, уйимизга таший бошлади. У менинг “тўхта-тўхта”мга ҳам қулоқ солмади. Ҳамма нарсани ташиб киргач, мендан дуо олиб, хайрлашди. Энди, мен, ўша йигитнинг қаерлик эканини исми-шарифини сўраб қолмаганимга ҳижолатдаман, дедилар устоз.
* * *
Ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган яна бир воқеа. Бир куни, домла уйга кечроқ қайтаётганларида уч барзанги йигит йўлларини тўсган:
– Қани, омон қолай десанг узат, пулдан чўз, – деган уларнинг каттаси дағдаға қилиб.
– Пул йўқ! – Домла чўнтакларининг ичу ташини очиб кўрсатганлар.
– Чўз деяпман!
– Марҳамат, ўзларингиз қидириб кўринглар, топганларингиз ўзларингизники бўлсин!
Йўлтўсарлар домланинг ички ва ташқи чўнтакларини қайтадан титиб ташлашган. Ҳеч вақо топишолмаганлар. Шунда, улар: “Сен шоир ёки ўқитувчи бўлсанг керак!” – дейишган.
Домла деганлар:
– Болаларим, тополмадиларингиз, энди, мени уйга олиб бориб қўйинглар, уйдан олиб чиқиб бераман. Уйда пул бор. Ахир, сизларнинг ҳам бола-чақаларингиз бор, тирикчилик қилишларингиз керак-ку!
Йўлтўсарлар бир-бирларига қарашган. Чолнинг қўлидан ҳеч иш келмаслигини фахмлаган йигитлар уни қўлтиқлашиб, кўча бошигача бирга келишган.
– Агар алдасанг ёки милицияга телефон қиладиган бўлсанг…
– Мен ҳеч қачон ёлғон гапирган эмасман, ҳозир, шу ерда кутиб туринглар, – деганлар-да, домла уйга кириб кетганлар.
Анчадан кейин домла йигитлар томон кела бошлаганлар. Йигитлар ҳайратга тушганлар. Яқин келиб, бир тутам пулни уларнинг каттасига тутарканлар, шундай деганлар:
– Мана, болаларим! Сизларгаям қийин, бола-чақалик бўлсаларингиз керак?!
Йўлтўсарлар бошлиғи пулни олибоқ, “раҳмат”ни ҳам унутишиб, жуфтакни ростлаб қолганлар.
Марказдаги ресторанга бориб пулни совуришган ва йигитлардан бирининг кайфи ошиб қолганми йиғлаб туриб деган:
– Биродарлар, бизлар ҳам одам бўлдикми, ўша чолнинг пулини олиб, едик-ичдик, ундан ҳеч нарса қолмади. Мен бугундан бошлаб бу “ҳунар”ни ташлаганим бўлсин. Йигитлик шаъни шу бўлдими?..
Орадан бир йил ўтгач, учала йўлтўсар домланинг уйларига келишган. Домла эса, бу вақтда ўша ҳангоманинг ҳаммасини унутиб, ўз хаёллари билан банд бўлганлар.
– Хуш келибсизлар йигитлар, бизга қандай хизмат бор, шоир ёки ёзувчимисизлар, қулоғим сизларда, бўталарим!
– Отахон биз ўғрилармиз, йўлтўсарлармиз.
– Тавба, бундай гапларни биринчи марта эшитишим. Ҳеч қачон ўғри: “Мен ўғриман!” – демайди-ку. Қандоқ бўлди тушунмаяпман, бўталарим?!
– Эҳ, отахон, биз бундан бир йил бурун кечаси йўлингизни тўсган ўғрилармиз. Ахир, уйингиздан пул олиб чиқиб бердингиз-ку? Нима деган одам бўлдик. Едик, ичдик, ўзимизга таъсир қилди. Ўша, сизни тўсган куннинг эртасигаёқ, бу “ҳунар”ни ташлаб, учаламиз ҳам ишга жойлашдик. Ҳалолдан, меҳнатдан топиб, ўша сиздан олган пулни олиб келдик. Отахон сиз бизни тарбияладингиз, раҳмат, пулингизни олиб қўйсангиз!
– Кечирасизлар, мен ҳеч нарсани эслай олмайман. Бировнинг пулини олишга ҳазар қиламан, ҳеч кимга пул берган эмасман…
Шундай қилиб, устоз, учта йўлтўсарни тарбиялаб, одамлар сафига қўшганлар.
* * *
Андижон сафарларидан бирида Миртемир домла шоир Абдухалил Қорабоевга: “Бозордан новвотнинг дуридан олиб келишини” илтимос қилиб, пул бердилар. Абдухалил Қорабоев бир қоғоз яшикда тўла новвот олиб келди. Домла жуда хурсанд бўлдилар. “Қани очиб кўрайликчи, дур ҳам икки хил бўлади, оқи ва сариғи, оқи яхшироқ бўлади”, – деб яшикни очдилар. Абдухалил Қорабоев домлани хурсанд қилганидан жуда мамнун эди. Новвотларни кўриб домланинг пешоналаридаги чизиқлар кўпайгандай бўлди. Домла новвотни учга ажратдилар. Икки килограмчасини: “Бу менга. Дур дегани қозонга тегмай ипга терилиб пиширилади. Қолганлари сизга мендан сийлов”, – дедилар. Мен ҳам, Абдухалил Қорабоев ҳам шундан кейин новвотнинг фарқига борадиган бўлдик.
* * *
Телефон жиринглаб қолди.
– О-Олимжон, ассалому алайкум, бу мен – Миртемирман. Гап шундай, келаси ҳафта шанба куни тўй, қизни куёвга узатяпмиз.
– Жуда яхши, албатта, бораман. Бизга қандай хизмат бор?
– Андижонлик ҳофиз Фаттоҳхонни Тошкентда довруғи баланд. Иложи бўлса менинг номимдан тўйга таклиф қилсангиз.
– Хўп бўлади.
Устоз билан хайрлашиб гўшакни жойига қўйдим. Энди Фаттоҳхонни топишим керак. У нима дер экан. Ҳофиз менинг энг яқин қадрдоним, “йўқ” демас. Тўғри ҳовлисига бордим. Ўғли Имомжон: “Дадам Тошкентда, ҳаваскор моқомчиларни телевизорга олиб кетган, менимча, улар “Дўстлик” меҳмонхонасига тушган бўлсалар керак”, – деди.
Тўйдан икки кун аввал, Тошкентга учдим. Тўйхона эмас, меҳмонхонага йўл олдим. Фаттоҳхонга учраб, бор гапни айтишим керак, ахир, ваъда бериб қўйганман.
Меҳмонхона остонасига энди қадам босган эдимки, Фаттоҳхоннинг ўзлари ичкаридан чиқиб келдилар. Лотереясига ютуқ чиққан одамлардай суюниб кетдим, қучоқлашиб кўришдик.
– Сизни излаб келдим.
– Йўғ-э!
– Ҳа шундай, Миртемир домлани биласизми?
– У кишини ким билмайди.
– Шу одам сизни тўйга айтган, қизини куёвга узатяпти экан. Эртага тўй.
– Албатта, бораман.
– Мен ҳозир бориб домлани тинчитай, эртага саҳар келиб сизни олиб кетаман.
– Овора бўлманг, уйларини биламан, ўзим боравераман.
– Бирга борганимиз яхшимасми, ҳурматингиз.
– Унда, майлингиз – деди Фаттоҳхон.
Тошкент тўйлари бошқачароқ бўларкан. Таниқли санъаткорлар келишиб, битта-иккитадан ашула айтишиб кетаверар эканлар. Эртаманги ошдан токи оқшомгача шундай давом этаверар экан. Айниқса, кечқурунги базм қизигандан-қизиркан. Навбат Фаттоҳхонга келганда, у овоз кучайтиргични бир ёнга суриб қўйиб, йигирмадан ортиқ қўшиқни бир-бирига улаб ташлади. Ана олқиш, ана қарсак. Базм тонггача давом этди, ҳеч ким ухламади, домланинг хурсандчиликлари ҳам бир олам эди.
Нонуштадан кейин, домла мени ёнларига чақириб: “Ҳофизни рози қилишим керак” – деб қолдилар. Домланинг хатти-ҳаракатларини фаҳмлаган Фаттоҳхон икки шойи чорсига уч-уч қилиб тугуб қўйилган, базмда тушган пулларни домланинг қўлларига тутқазмоқчи бўлиб:
– Миртемир ака, бу биздан тўйга қўшанч. Сиздан ҳеч нарса керак эмас, – деди.
Миртемир домла ҳайратда гоҳ менга, гоҳ Фаттоҳхонга қараб: “Ажаб, ажаб!” – деб турардилар.
* * *
Тўйнинг эртасига Тўра Сулаймон, Ҳусан Рўзиматов, Ғаффор Мўминов ва камина таниқли олим Наим Каримовнинг хонадонига бориб “хордиқ” чиқардик. Қанақа дам олиш? Наим ака бизни меҳмон қилди. Сўнгра карта ташладик. Менинг қўлим баланд келиб, мезбонни ҳам, меҳмонларни ҳам қоқлаб қўйдим. Тўра Сулаймонни ҳатто устибошларигача ютиб олдим.
– Тўражон, энди, бас қилинг, яна ўйнамоқчи бўлсангиз бир шарт бор. Конякдан бир пиёла ичасиз, ўн сўм бераман.
– Рос-а, ҳеч кимга айтиш йўғ-а?
– Гап битта бўлади, – деди Наим ака жиддий.
Тўра Сулаймон бир пиёла конякни олди, ўн сўм бердим. У биринчи қўлдаёқ яна ютқазди. Иккинчи, учинчи пиёлага ҳам ўн сўмдан бердим. Аммо, барибир, иши юришмади…
Тонгга яқин қотиб ухлаб қолибмиз. Бир вақт кўзимни очсам, Тўра Сулаймон чўнтакларимни ковлаб: “Ҳеч бўлмаса йўлкира беринг!” – деб илжайди. Кула-кула пулларини эгаларига қайтариб бердим…
Эрталаб “Ҳорманг”га тўйхонага бордик. Миртемир домла одатларича бизларни илиқ кутиб олдилар. Нонушта тайёр эди. Бош оғриғи қилдик. Тўра Сулаймон эса аввалгидай ўзини “сўпи” кўрсатиб, сир бермай, “ичмайман” деб турарди. Шунда устоз: “Тўражон, бир пиёла олсангиз биз ҳам ўн сўм берамиз!” – дедилар.
Ўртада шавқли кулги кўтарилди.
* * *
Миртемир домла тайинлаган дориларни олиб, Тошкентга етиб бордим. Таниқли кишилар даволанадиган шифохонадамиз. Касалхонанинг даволовчи шифокори дориларни кўздан кечирар экан: “Мўмиёий асил” деганлари шу, бунақаси аптекаларда бўлмайди, зап топибсиз, домлангизнинг дардига даво шу. Дарҳол қайнатилган сутга қориштириб ичиш керак”, – деди.
Шу хонанинг ўзида дори тайёрланди, домла “мўмиёий асил” аралашмасини ичдилар. “Мазза-ку!” – деб мақтаниб қўйдилар. Сўнгра, озғин қўлларини юзларига суртиб: “Умрингдан барака топ, кам бўлма бўтам!” – деб дуо қилдилар. “Бу йигит шогирдим Олимжон, андижонлик” – деб мени докторга таништирдилар. Оғриқ анча бўшашди, шекилли, домла озгина мизғиган бўлдилар. Анчадан кейин кўзларини очиб: “Ҳеч ухлолмаётган эдим, анча мизғидим, шекилли?” – деб яна дуога қўл очдилар. Устоз, бирдан нима учундир, ҳазрат Навоийни эслаб кетдилар.
– Ҳусайн Бойқаро дўсти – Алишер Навоий вафотидан бир ҳафта ўтгач, бомдод намозини ўқиб бўлиб, ташқарига қараса, лопиллатиб қор ёғаяпти, ҳаммаёқ оқ либосда. Кийиниб, дўсти қабрини зиёрат қилиш учун ҳозирлик кўра бошлади. Икки мулозими билан йўлга чиқди.
Ҳусайн Бойқаро даҳма ичида, дўстининг қабри устида йиғлаб турган бир қизга кўзи тушди. Бироқ, унга кўпам эътибор бермади. Қуръон тиловат қилди. Юзига фотиҳа тортгандан сўнг, қараса, ярим ўкинч, ярим адоват билан ёшли кўзларини унга тикиб турган бу қиз танишга ўхшарди. “Ажабо, бу ким бўлди, ким? Ахир, бу Гули-ку! Гули! У ўлганига кўп бўлган ёки арвоҳмикан?”
Ҳусайн Бойқаро сўз қотмай, ташқарига чиқди. Отини етаклаб ўйлар оғушида анча пиёда юрди… “Айтишларича, бу аёл шоир дафн этилган кундан бошлаб, ҳар куни пайдо бўлар, қабр ёнида йиғлаб ўтирар эмиш. Бу ким? Ҳа, бу севги маликаси, Алишерни шоир қилган ўша Гули эди.
Бундайлар ҳеч қачон ўлмайдилар. Алишер ўлмайди, Гули ҳам ўлмайди. Тириклигида ўз юртида ном таратган бундай зотлар, ўлганларидан кейин дунёга танилади, уларни жаҳон билади. Ҳа, шундай!..”
Устоз Миртемирнинг ушбу башоратли ривоятлари тафсилини кўп йиллар ўтиб, энди-энди англаётгандайман. Бу устоз билан охирги суҳбатимиз ва учрашувимиз эди.
Миртемир домла ўлмайдилар. Домла ҳамиша биз билан, ҳамиша барҳаёт. Бизни қўйинг, кейинги невара, чевара, эвара шогирдлари ҳам Миртемир домла мактабларидан ҳали кўп баҳраманд бўладилар…
* * *
Камина Миртемир домла билан бўлган баъзи учрашувлар, суҳбатлар, шунингдек, ўзим гувоҳи бўлган айрим воқеаларни эсладим, холос. Устоз ҳақида кўп ёзиш, сўзлаш, хотирлаш мумкин.
Ўзбекистон халқ шоири, камтар инсон, устоз Миртемир руҳига ҳамиша таъзим қиламан. У киши мен ва бошқа шогирдлари учун доимо ибратдир. Устознинг ўтнафас лирик шеърларидан баҳраманд бўлаётган мустақиллик даври ёшлари фахр билан Миртемир домлани ўзларига маънавий устоз деб билишларига ишончим комил.
Билиб қўй, биз ёмон одам эмасмиз,
Бизга қўймасинлар майлига ҳайкал.
Биздан кейин мотам тутинг, демасмиз,
Етар эслаб, лаблар титраса сал-пал…