У сарсон изларди ўзини-ўзи.
А. Рембо.
Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан-ўзи содир бўлмайди: беамр тикан ҳам кирмайди, деганлари бежиз эмас — рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг сабаби мавжуд — бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…
Башарти қизиқсанг — ўша осмон, ўша сайёҳ қушлар, замҳарир қайғулар ва хаёлларнинг ғамгин товушларидан бўлак нима ҳам ёдингга тушарди?! Мабодо қизиқсанг ва бир-бирига ҳалқа-ҳалқа уланиб кетган бу манзаралар чашманинг тубидаги тошчалар каби кўз ўнгингда равшан тикланган тақдирда ҳам уларга ортиқча аҳамият бериб ўтирмасдинг.
Ҳолбуки, ҳаммасига арзимаган нарса — осмонни тўлдириб учаётган йўловчи қушларнинг ғамгин товушлари сабаб бўлган эди.
Эсингдами, ўша куни кеч қайтдинг: қорайган осмон, рутубатли ҳаво… Чакмонинг ёқасини кўтариб, негадир болалигингда юз берган бир воқеани ҳадеб эслашга уриниб, ёмғир ювиб ўтган йўлакдан юриб келардинг. Кўнглинг бироз ғаш эди, эҳтимол, юрагингга ҳеч нарса сиғмасди.
«Нима қилиш керак?» — дея ўзингдан норози бўлардинг ва секин-аста аллақандай умидсизлик юрагингга чўкиб бораётганини сезардинг. «Худди ҳаётимда бир нима юз берадигандек доим ниманидир кутиб юраман… Нима қилиш керак?»
Сен чуқур хўрсиниб баланд иморатлар сари бурилдинг ва кимсасиз майдонга кирганингда чор-атрофга алангладинг; нечанчи маротаба бу беўхшов иморатлар орасида девсифат одамлар юртига келиб қолган Гулливер хаёлингдан ўтди; этинг жунжиқди: дарвоқе, изғириннинг дами кесилган ерда жунжикишинг ажабланарли…
Сен кўримсизгина бино томон юриб ва худди шундай кўримсиз йўлак орқали ўтиб чапга буриласан. Йўл ўртасида калта-култа шохларини узатишга чоғланган кўйи қотиб қолган дарахт ёнидан ўтаётиб хўрсинасан. У ёнган симёғочдек шумшук ва аянчли равишда қаққайиб турарди.
Дунёда ҳосиятсиз нарсалар кўп: ҳосиятсиз кунлар, ҳосиятсиз тушлар, ҳатто ҳосиятсиз тасодифлар… Сен ирим-чиримларга ишонмаганинг учун бу ҳосиятсиз дарахтга бошқа кўз билан қарардинг.
Шамол энди рўпарадан эсарди, сен чиқишдан кўра тушиш ноқулай ва қийин бўлган зина тарафга юрасан. Зина тепасига етганда теварак-атрофни алланечук шовур-шувур тутиб бораётгандай туюлади; сен пастга туша бошлайсан — қуйироқ тушганинг сари шовқин кучайиб боради. Сўнгги поғонага оёқ қўйганингда дастлаб бошинг узра денгиз тўлқинлари гувиллагандек, илкис бош кўтариб, учиб бораётган қушлар галасига кўзинг тушганда эса ҳазин садолар янграб кетади.
Осойишта қанот қоқиб бораётган қушлар… Уларнинг товушидаги оҳанглар шунчалик маъюс ва шунчалар ҳам кучли эдики, беихтиёр таъсирланиб томоғингга бир нима тиқилганини ҳис қиласан. Зум ўтмай зина панжарасига беҳол суянган кўйи улардан кўз узмай туриб, «ҳозир ёмғир ёғади» деган ўй кўнглингдан кечади.
Қушларнинг товушидаги ғамгинлик уларнинг қанот қоқишидаги вазминликка уйғун эди. Шу асно боя йўлда келаётиб сен эслашга уринган болалигингдаги воқеа ярқ этиб ёдингга тушади: завол пайти қабристон девори ёқалаб ёлғиз югуриб кетаётибман, ёмғир шивалаётганга ўхшайди, бошдан-оёқ оппоқ кийинган бир киши рўпарангдан чиқиб алланималарни сўрайди, сен жавоб берасан, сўнг бирдан бу одамнинг ортидан қараш учун ўгариласан… Аммо қабристон кўчасида ҳеч зоғ кўринмайди. Ўшанда бир неча кунгача шу воқеа ҳақида ўйлаб юргандинг.
Сен кўзингни беҳол юмасан. Кўз олдингда зангори зулматнинг сирли шакллари ёниб-ўчади ва болалик хотиралари бир тўлқин каби юрагинг соҳилларига тинмай урилаётганини ҳис қиласан.
Қулоғинг остидан қушлар ноласи анчагача кетмайди, сен кўзингни очасан-да, уйларнинг сон-саноқсиз деразаларида кетма-кет ёнаётган ва зарҳал ипларга осилгандек сезилар-сезилмас силкинаётган чироқлар шуъласига термуласану ёлғиз эканингни армон билан ҳис қиласан. Эгасиз боққа бегона қушлар ёпирилиб келганидек, ғаш ва ҳувиллаган кўнглингга кутилмаган кечинмалар кира бошлайди.
Худди мана шу қушлар жуда кўп нарсалар ҳақида сени огоҳ қилиши мумкиндек ва ҳаётинг қўнғироқчаларини чалиб юборишга қодирдек дафъатан уларга талпинасан.
Бироқ, қарасанг қушлар йўқ, улар узоқда қора доғлардек қип-қизил шафаққа сингиб борарди. Сен мунғайиб улар ортидан термуласан, назарингда яна бошқа қушлар тўдаси учиб ўтадигандек ҳеч қаерга жилмай кўзинг толгунча қараб тураверасан. Бехосдан бир нарсага кўзинг тушади-ю, юрагинг ҳаприқиб ҳаммасига тушунасан.
Бу ҳозиргина тепасидан сайёҳ қушлар учиб ўтган иморатнинг тўртинчи қаватидаги дераза эди, ундан аста-секин қуюқлашаётган қоронғилик қўйнига ипакдек майин шуъла тараларди. Бамисли нотинч денгизда адашиб-улоқиб юрган ва кунлардан бир кун нур сочаётган маёқни кўрган денгизчилар илкис қувончдан ўзларини йўқотиб қўймай, дастлаб жилвагар маёқнинг нажотбахш рафторига мафтун бўлганидек сен ҳам бир неча сония тўртинчи қаватдаги сарғиш деразага ҳайрат билан тикилиб қоласан. Дераза чиндан ҳам маёққа ўхшарди: у имлар ёхуд чорлар ва бу дераза шаклидаги ёруғлик манбаи оҳанграбодек домига тортарди. Сен беихтиёр: «Қушлардан хотира бу» дея хаёл қиласан: дарвоқе, деразадан ёғилаётган қизғиш шуъла билан қушлар овозида муайян умумийлик бор эди — икковининг замирида ҳам унсиз фарёд кучли, иккови ҳам деярли бир хил таъсир этарди.
Эсиз, эртаклардаги афсонавий қушлар ёдингга тушмайди, бўлмаса бу сарғиш деразани албатта уларга қиёслаган ва афсонавий қушларнинг тириклик суви, мангу гўзаллик яширинган маконларни излаб топишда одамларга кўмак бергани ёки ўша манзилларга олиб борувчи воситалар — олтин гардишли кўзгу билан дулдул ҳадя қилганлари билан боғлармидинг?
Қоронғилик ҳамон қуюқлашарди, сен эса бу сирли деразадан кўнгил узолмайсан; қоронғилик борлиқни қўрқинч пардасига қалинроқ ўрагани сайин дераза равшанлашиб, ўн тўрт кунлик ойдек тўлишиб бормоқда эди. Бу бир мўъжизага ўхшарди! Беш қаватли уйнинг деярли барча деразаларида чироқлар ёнганди, лекин уларнинг бамисоли ойдек порлаган тўртинчи қаватдаги анави дераза олдида ёнарқуртлар ёки туман қўйнида хира йилтираган юлдузлардан фарқи йўқ эди.
Охири кўзинг толиқади, оҳиста хўрсинасан, йўлга тушасан, ўн-ўн беш қадам юргач, ўнг қўлдаги энсиз йўлакга ўтиб яна деразага назар соласан. Бу ердан дераза кўзга яхши чалинмайди.
Сен йўлакнинг адоғига боргач, яна бош кўтариб қарайсан. Энди деразани бафуржа томоша қилса бўларди, чунки сен уни нақ рўпарасидасан. Назарингда дераза ҳамон кимнидир чақирар, кимнидир ўзидан огоҳ қиларди: нимадандир умидворга ўхшарди. Сен дафъатан мана шу илтижони пайқаб қолганинг учун зум ўтмай у илтижонинг қизғиш бармоқлари вужудингга ёпишиб, юрагингни пайпаслаётганини сезиб сесканиб кетасан. Ҳа, у юрагингни изламоқда эди! Беихтиёр энтикасан.
Бу ердан ҳатто четларига лоларанг тўр ҳошия бостирилган дераза пардасининг заррин гуллари аниқ кўринарди. Сен, ана — ҳозир парданинг бир четини оҳиста қайириб, биров қараб қоладигандек ёки парда бехос қимирлаб кетадигандек юрагингни ҳовучлаб кутасан. Аммо парда қилт этмайди ва сен оёғингни судраб уйга жўнайсан.
Шу куни алламаҳалгача мижжа қоқмай, тунчироқни ёкиб ўтирасан, кўзларинг қум тиқилгандек ачишади; юрагинг безовталана бошлайди. Охири қақшаб оғриётган елкаларингни силаб-сийпаб, тунчироқни ўчирмасдан ухлаб қоласан.
Орадан икки кун ўтгач, яна шу йўл билан уйга қайтасан. Тўғри, бу йўлдан юришга асли одатланмагандинг. Лекин сарғиш дераза кун бўйи хаёлингдан кетмагани учун шу йўлдан келгандинг. Кимсасиз майдонча. Мана ўша ҳосиятсиз дарахт. Дарвоқе, сен тут бўлса керак, деб ўйлаган дарахтга ўзингча ном қўйиб олгандинг: «Роғ!»
Шу ерга кўчиб келган пайтларингда эндигина: «Роғ!» деган достон ёзиб тугатгандинг. Ўшанда достоннинг ғайритабиий сарлавҳасига худди келишиб олгандек ҳамма бараварига очиқдан-очиқ қарши чиққан эди. Олимлар ҳам, шоиру ноширлар ҳам бу сўзни тушунмаган, унинг замирида қандай маъно ётганини билмаган бўлсалар ҳам, астойдил, самимият билан танқид қилгандилар. Сен ўшанда пинагингни бузмагандинг, чунки улар назарингда сен усталик билан қўйган тузоққа илинган, яъни ниҳоятда калтабин эканликларини фош қилган эдилар. Айримлар достон қолиб кўпроқ архаик сўзлар, мистика ва роғ ҳақида оғизларига келганини валдирагандилар; баъзилар сарлавҳа туфайли достоннинг ютуғи хиралашиб турибди, деганди. Ким минбарга чиқиб гапирса, гапини нимадан бошламасин ва умуман нималар ҳақида тўхталмасин, бари бир охир-оқибат муқаррар сарлавҳадаги шу сўзга келиб тўхтар ёки барча фикрлари беихтиёр шунга боғлиқ бўлиб қолаверарди.
Ҳеч ким, бунинг маъноси нима, деб сўрамаганди. Ҳолбуки, сен ўзинг ҳам билмасдинг. Шунинг учун муҳокама ниҳоясида сўзга чиқиб ҳаммаларини мулзам қилган ва сизларнинг фикрингиз ҳам, шеъриятга муносабатларингиз ҳам роғ деб кулган эдинг.
У сувлар оқиб кетди. Бироқ ўша достоннинг руҳи, кайфияти кейин нима ёзган бўлсанг, ўшанда акс этаверди ва ҳатто ҳаётнинг тарзига ҳам таъсир қилди. Ўша достон ўзлигини сарсон бўлиб тополмаётган инсон ҳақидага ўйларингдан ташкил топган эди.
Ҳозир беўхшов дарахтга кулимсираб қараганингда ана шулар кўнглингдан кечди. «Роғ, роғ, боғ-роғ…» дея шивирлайсан зинадан туша бошлаганингда.
Сен иложи борича деразага қарамасликка тиришасан. Лекин дилингнинг бир четида сарғиш деразанинг худди ўша кунгидай порлаб турганига ишонч бор эди. «Балки ўша куни чиндан ҳам тасодифан шундай бўлгандир», — дея хаёлингдан кечирасан-у, бари бир қарамаслик учун ўзингни чалғита бошлайсан.
Сен дуч келган нарсалар ҳақида эслайсан: дастлаб Верлен ҳақида ўйлайсан, кейин Мухаббатга берган ваъданг хаёлингдан кўтарилгани, унга юборган сўнгги мактубнинг ниҳоясида: «Менга сенинг кўзларинг эмас, мана шу кўзларинг хаёли муҳим» деган мужмал, ҳозир эслаганинг ҳамоно тутуриқсиз ва бачкана бўлиб туюла бошлаган жумлаларни эслаб, пешонанг тиришади, алоҳа бари бир яна сарғиш дераза хаёлларинг орасига аста кириб қолади.
Зинадан тушиб, энсиз йўлакнинг адоғига келиб қолганингни пайқаб, ноилож бош кўтариб қарайсан.
Сарғиш дераза сени кутаётган эди.
Қараганинг заҳоти дераза худди сен билан саломлашмоқчидек парпирайди ва ёришиб кетади — гўё қоронғилик қўйнида гуриллаб гулхан ёна бошлагандек.
Сен беихтиёр қўл кўтариб ишора қилмоқчи бўласан, аммо орқа тарафдан қадам товушлари эшитилиб, фикрингдан қайтасан. Икки киши ёнингдан шоша-пиша ўтиб кетади. Бу одамлар шунчалик ҳовлиқиб борар эдики, оёқлари чалишиб, ҳар қадамда қоқиниб-суринардилар.
Дафъатан, «Шулар ҳам менга ўхшаб сарғиш деразани кўриб фикру зикри бу билан банд бўлиши мумкинми?» деб ўйлайсан.
Бу сарғиш деразага ҳар куни қанчадан-қанча одамнинг кўзи тушмайди дейсан?! Бироқ, ич-ичингда бирортаси унга аҳамият бериш тугул, қайрилиб ҳам қарамаслигига ишончинг комил эди.
Эҳтимол, сен ҳам шу чоққача қарамай, сайёҳ қушлар осмонни тўлдириб учиб ўтган ўша оқшом кўриб қолгандирсан? Эҳтимол, ҳар бир одам учун шунга ўхшаб алоҳида бир тасодиф керакдир?!
Бора-бора бу сарғиш дераза фикру-хаёлингни ўғирлаб қўйди. Сен ҳатто баъзи кунлари тезроқ қоронғи тушса-ю, тезроқ ўша дераза олдига борсам, дея кутадиган бўлдинг. Гоҳо ишхонангда деразадан серқатнов кўчага қараб ўтирган пайтларда бирдан кўз олдинга сарғиш дераза келар, юрагинг орзиқиб кетарди. Сарғиш дераза бамисоли маҳбубанг эди, маҳбуба бўлганда ҳам юлдуздек чарақлаган, зориққан кўзларида, ҳорғин ва ўйчан қарашлари, зариф табассумида интизорлик, илтижо ва алоҳида меҳр жилваланган маҳбуба!
Бир кун ҳаво беҳад совиб, қор ҳиди келаётганига қарамай кечки пайт ёмғир қуйиб берди. Сен деразани қия очиб, шовуллаб ёғаётган ёмғирни пича кузатиб турганингда хаёлинг қочди ва кўз-олдингга ўз-ўзидан сарғиш дераза келди.
Кейинги пайтда сени бир нарса ажаблантира бошлаган эди. Сарғиш деразанинг нимаси ўзига асир қилиб олди, дея бошинг қотарди. Бошинг қотарди-ю, аммо ўйлаганинг сари енгил тортардинг, йўқ, тўғрироғи қалбинг-ла бир хушнудлик туярдинг, руҳингда бир кучланиш сезардинг. Шунинг баробарида, бари бир нимасига учганингни ҳам билгинг келарди.
Ўша, қия очиқ деразадан ёмғирни томоша қилиб турганингда дафъатан, шу бугуноқ у кимнинг уйи эканини аниқлашга қарор қиласан ва беихтиёр хонага сиғмай, ғира-шира йўлакка чиқиб, ташқарига юрасан. То биринчи қаватга тушиб, шляпангни кийиб кўчага чиққунингча бу истак-хоҳиш кучаяверади. Сен ёш боладек ҳаяжонлана бошлайсан. Бу авзойингдан сезилади шекилли, кийимхонадаги аёл ҳам, эшик ёнида хайрлашгани бош силкиб қўйган киши ҳам ажабланаётганини яширмай, ортингдан ўараб қолади.
Кўчага чиққач, ёмғирга ҳам қарамай йўлга тушасан.
Метронинг оппоқ нур тўшалган зиналаридан тушиб бораётганингда платформада ёқиб қўйилган сон-саноқсиз чироқлар шуъласидан кўзинг қамашади: станция кундузгидек чароғон — бу чароғонлик одамларнинг қалбига етиб бормаётгандек туюлади сенга. «Нега оддий, сарғиш дераза менинг юрагимни бунчалик забт этгани ҳолда, метродаги нур бир пайса ҳам таъсир қилмайди. Бунда қандай сир бор?» дея ажабланасан.
Метродаги илиқ ҳаво элитади сени, лоҳас бўласан, фақат тоза ҳавога чиққачгина енгил тортасан.
Ёмғир шиваларди: сен автобусга чиқасан, автобус чамаси ўн минут юргандан сўнг қоронғи бир бекатда сени қолдириб жўнайди. Сен кўчанинг нариги юзига ўтасан — фикру-хаёлингда ҳамон сарғиш дераза.
Дафъатан, сарғиш деразани кўришдан кўра, уйда ким истиқомат қилишини билиш истаги кучаяди.
Бу сарғиш деразага ўрганиб қолган дастлабки пайтда ҳам, кейинчалик ҳам хаёлингга келмаганди. Аммо илк бор деразага кўзинг тушган куннинг эртасидан бошлаб унга нақадар қизиўиб қолган бўлсанг, ҳозир, орадан икки ҳафта ўтгач, у ерда ким яшаётганини билишга шу қадар қизиқа бошлайсан ва битта-яримтасидан сўраб билишга қарор қиласан.
Истаган одамингни йўлак ёнида учратасан. Аввалига у нима демоқчи бўлаётганингни англай олмайди, кўзларингга тикилади, аммо индамайди. Сўнгра елка қисади ва бу кекса боғбонни уйни орқа томонига олиб ўтишдан бошқа иложинг қолмайди.
Афсуски, чолга бир нималарни узоқ тушунтиргач, бош кўтариб қараганингда, даминг ичингга тушиб кетади.
Кўзларинг ўрганиб қолган сарғиш деразани тополмайсан. У ўз ўрнида бўлгани билан нурафшон эмас — эски ғорнинг ваҳимали оғзидек қорайиб турарди.
Чол елкангга қоқиб қўяди ва уйига таклиф қилади, сен узр сўраб, тинка-мадори қуриган кимсадек оёғингни судраб уйингга жўнайсан.
Аранг тўртинчи қаватга чиқиб, эшикни очасан ва уйга кирасан. Уйнинг совуқлиги сени ажаблантиради, бориб радиаторни ушлаб кўрасан, сўнг чакмонингни ечиб, стул суянчиғига ташлайсан-да диванга беҳол чўзиласан. Ётган ерингда бош томонингдаги тунчироқни ёқиш учун чўзиласан ва дафъатан бармоқларинг, кафтинг бир ҳароратни туйиб ҳайрон бўласан. Ўрнингдан туриб тунчироқ лампочкасини ушлаб кўрасан. Лампочка яқинда ўчирилгандек илиқ, ҳали совиб улгурмаган бўлади.
Эртасига пешинга довур ҳардамхаёл юрасан: дам-бадам деразадан кўчага қарайсан. Аҳён-аҳён ҳовлига тушиб айланасан — аммо кўнглинг жойига тушмайди. Ўзингча сарғиш дераза ҳақида турли тахминлар тўқийсан: гўё у ерда яшаётган кимса узоқ пайт кутавериб чарчагану, чироқни ўчирган, энди ҳеч қачон қайта ёқмайди ёки кеча уйида бўлгани учун чироқни ёқиб кетишни истамаган: ёхуд мен бормасимдан хиёл аввал чироқни ўчириб, қўни-қўшнисиникига чиқиб кетган…
Кутилмаганда борди-ю, кеча ёмғирда сайр қилгани ҳовлига тушган бўлса-чи, деган ўй кечади ва сен «Агар шундай бўлса демак у мени кўргандир. Эҳтимол, мен унга парво қилмагандирман» деган хулосага келасан.
Шунга қарамай, сен бугун, албатта, нимадир ойдинлашиши керак, деб ишонасан. Башарти, сарғиш деразани бугун ҳам тополмасанг, у ҳолда тамом — умидингни узишинг мумкин. Агар сени кутиб олса, демак кечаги изтиробларинг ўринсиз — бирор кор-ҳол рўй берган чиқади.
Иш вақти тугаб, кўчага чиққанингда ҳамон ёмғир ёғарди. Эзиб ёғарди. Кечагига ўхшаб метрода эмас, трамвайда кетасан. Трамвай жуда узоқ, айланма йўллар билан катнагани учун унга камдан-кам чиқардинг.
Декабрнинг бошлари эди. Сен трамвайдан тушиб, кўчани кесиб ўтасан-да, орқага бироз юрасан, сўнг чап қўлдаги дўкон ёқалаб бориб, баланд уйлар томонга буриласан. Ёмғир тезлашиб, икки қадам нарини кўриб бўлмасди, сен шалаббойинг чиқиб, зина ёнига етиб борасан, зинадан тушар-тушмас, бошингни кўтариб қарайсан. Сочларингдан, юзингдан ёмгир сувлари оқарди. Ҳарчанд тикилма, сарғиш деразани тополмайсан. Бу худди бевақт ташлаб кетган ҳамроҳдек кўксингни тирнайди. Сен йиғлагудек бўлиб яна қарайсан — дераза йўқ, яна ва яна қарайсан — фақат ёмғир ёғаётир, ёғаётир — ёмғирдан бўлак нарса кўринмаётир: сен хуноб бўласан ва йўлингда давом этасан, бошмоқларингдан сув ўтади, қизиб кетган баданингга чиппа ёпишган кўйлагинг ғашингта тегади. Сен энсиз йўлакнинг адоғига боргач, яна — бу сафар жавдираб қарайсан ва ҳафсаланг пир бўлади. Кифтларинг, куракларинг, тиззаларинг ачиша бошлайди. Шу чоқ кимдир чақиргандек бўлади-ю, тўхтаб қарайсан, аммо ҳеч ким кўринмайди. Зум ўтмай тўнига ўралиб, соябон кўтариб олган бир киши пайдо бўлади, сен уни кузатиб турасан ва ёнингга етиб келганда бирдан тўхтатиб, сарғиш деразани кўрсатиб сўрайсан. Ҳа, ҳа, икки кундан бери чироқ ёнмайди. Қандайдир шубҳали, дея у кишини қизиқтирмоқчи бўласан, бироқ соябонли одам бир қарайди, икки қарайди ва лом-лим демай, жўнаб кетади.
Тарвузинг қўлтиғингдан тушиб яна қарайсан, қарайсан-у, юрагинг бирдан увишиб, тўхтаб қолгандек бўлади.
Ёмғир тўзони оралаб сарғиш дераза элас-элас милтирарди.
Бирдан кўнглинг бузилиб, ўша томонга юрасан, дераза тагига яқинлашганинг сари назарингда у тобора равшанлашиб боради. Ана у! Сарғиш шуълаларга бурканган, ҳорғин ва интизор. Томоғингга бир нима тиқилиб ачишади ва юрагинг гурсиллаб ура бошлайди. Сочларинг ивиб, бўйнингга, қулоқларингга ёпишиб қолган.
Сарғиш деразани инжулар билан безаётган ёмғир тинмайди. Теварак-атрофда товушлар кучаяди, бу товушлар дунёни тутади. Сен энди шукроналар айтасан — кўнглингда муҳаббат уйғонади, зотан, бу муҳаббат баҳор ёмғирларида ивиб эгилган майсаларга ўхшайди.
Сен деразанинг шундоқ рўпарасига бориб оласан-да, худди Сулла легиони қаршисида якка ўзи қилич яланғочлаб турган Антоний сингари ўзингни ҳам ожиз, ҳам ҳар нарсага қодир сеза бошлайсан…
Бу бир жоду эди. Чунки сен сарғиш деразасиз ғариб ва бенаво эканингга ишонган ва йўқотиб қўйишдан қўрқа бошлагандан эътиборан, уни авайлашга, унинг ҳолидан хабар олиб туришга, эртами-кечми унга етишишга аҳд қиласан ва бу аҳд сизот сувлари каби юрагингнинг теран қатламларига оқиб киради.
Энди фақат сен унга эмас, балки сарғиш дераза ҳам сенга талпинаётгандек ва у ҳам сенга ўхшаб нажот кутаётгандек туюлади.
Сен ўзингни худди узоқ йўлнинг машаққатли довонларидан ўтиб олгандек ҳис этасан. Гўё сарғиш дераза билан ораларингда бир-бирини англаш ва ўзаро ҳамдардлик бошланган эди.
Оқибат сен қайси йўл билан бўлмасин мен ёрдам беришга тайёрман деб унга тасалли бериб қўйиш йўлларини ахтара бошлайсан. Аммо қандай қилиб? Бунинг учун ўша уйда ким яшаётганини аниқлаш зарур эди. Шу тариқа аввал қизиқиб, сўнг ҳафсаланг пир бўлгач, унутиб юборган муаммо яна безовта қилади.
Ўша куниёқ эрталаб ишга кетаётганда фаррош хотиндан баъзи нарсаларни сўрайсан. Азбаройи бирон фойдаси тегармикан, деган илинжда эзма хотиннинг ҳасратларини тинглайсан, унга далда берасан ва охири сен қолиб у ўзига керакли нарсаларни сўраб, бошингни қотиришга тушади. Қўл силтаб, ишга жўнайсан.
Кечқурун ҳам барча уринишларинг зое кетади. Ҳеч ким аниқ жавоб бермайди. Ҳамма ажабланади ва бир нималар деб минғирлайди. Ҳатто баъзилари эса сенга бошдан-оёқ разм солиб, индамайди ёки бош чайқаб қўяди.
Ниҳоят, кунларнинг бирида сен уйда ўтиролмай юрагинг зиқ бўлиб кўчага чиқасан-да, ўша тўртинчи қаватдаги сарғиш деразали уйни йўқлашга қарор қиласан. Эшик ёнида нафас ростлаб, қўнғироқ тугмасини босасан. Негадир ҳаяжонланасан. Ичкаридан юмшоқ қадам товушлари эшитилгандек бўлади. Аммо икки-уч дақиқа ўтади ҳамки, ҳеч ким жавоб бермайди. Сен яна қўнғироқ чаласан, бироқ ҳеч ким чиқмайди. Шунда қўнғироқ тугмасини узоқ то уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгунча босиб турасан, сўнг пастга тушиб, бинони айланиб ўтасан-да, деразага қарайсан: сарғиш дераза алланечук файзкор чарақларди.
«Ичкарида биров бору, эшикни очмаяпти», — деб ўйлайсан. Аммо ўша заҳоти: «Балки ҳеч ким йўқдир» — деган хаёлга борасан. «Унда дам ёниб, дам ўчишининг сири нимада?» Сен минг хаёлда уйингга қайтиб борганингда нима қилишни билмасдинг.
Кунлар ўтди.
Тўртинчи қаватдаги сарғиш деразали уйда ким яшашини билиш истаги шунчалик кучайдики, азбаройи аниқламагунча еганинг ичингга тушмас бир аҳволга етдинг.
Аммо сен бир нарсани унутиб қўяётган эдинг: сен учун сарғиш деразанинг мавжудлиги муҳимми ёки шу уйда ким яшашими? Ҳолбуки, айни чоқда мана шу нарсани ойдинлаштириб олиш зарур эди. Чунки булар аслида тамоман бошқа-бошқа нарсалар эди. Дастлаб сарғиш дераза сабаб вазифасини ўтаган бўлса, у энди гўё оқибат эди — сабабини излаш орқага қайтиш деганидир.
Кунларнинг бирида мана шундай ҳал қилиб, мушкул кечинмалар билан ишдан қайтаётган пайтингда декабр охирлаб қолган, ҳавода майда қор учқунлаётган эди. Сен кўксингни тўлдириб нафас олганча қор учқунларининг тобора йириклашаётгани ҳамда тезлашаётганини сезиб ажабланардинг.
Баланд иморат остидан ўтиб, ҳувиллаган майдончага етганингда қор яна ҳам тезлашади. Тўхтаб, атрофга разм соласан. Гўё шу қор туфайли ҳаётингда бир ўзгаришлар рўй берадигандек эди, зеро, бу баланд-баланд иморатлар ҳам энди бесўнақай ва кўримсиз туюлмасди.
Қор ёғарди.
Сен Роғ ёнига келганингда уни танимай қоласан: дарахт оппоқ, ҳарир либосга бурканган…
Зинадан тушаётганингда эса шамол кучаяди ва кўп ўтмай чинакам қор бўрони бошланади. Шамол қор учқунларини чангаллаб олганча чир айланиб елар, дам уйларнинг деворига, деразаларига келтириб урар ва дам этакларини ҳилпиратганча осмону-фалакка кўтариларди.
Сен зинадан тушгач, кўзларингни кафтинг билан паналаб деразани излайсан. Сон-саноқсиз қор. учқунлари оралаб, сарғиш дераза сени чақирмоқда эди. Назарингда у ҳорғин эмас, сокин эди. Сен энсиз йўлакнинг адоғига бориб, қўл силкийсан ва бир изтироб вужудингни секин қамраб ола бошлайди-ю, худди узоқ айрилиқдан сўнг фарзандини кўрган онадек кўнглинг бузилади…