1. Мастуранинг мактуби
Соғинчли салом!
Азиз ака, соғ-саломатмисиз, келинойим, жиянларим яхши юришибдими? Мендан сўрасангиз, Тошкентдан чиққач, Москвада иссиқ-совуққа чалинибман, шекилли, мана Дюкшестда — асосий ва мажбурий муолажа қолиб шамоллашга қарши дори-дармон ичиб касалхонада ётибман, бу ҳам етмагандай, қаттиқ толиқибман, юрсам, турсам, бошим айланади. Ҳамхоналарим тасалли берган бўлишади: ўтиб кетади, дея юпатишади. Айтмоқчи, мен билан бирга бир андижонлик аёл ҳам даволаняпти. Аввалига бош оғриғим қўзиб қолса-я, деб роса қўрққандим, йўқ, худога шукр, ундай бўлмади.
Бу ернинг табиати, одамлари бутунлай бошқа — бизникига ўхшамас экан, расм-русумлари бегона бўлгани учунгина эмас, бутунлай ўзгача тарзда турмуш кечиришгани учун ҳам ғайритабиий туюлади. Муомалалари ҳам бир ғалати! Бу муҳит, шароитда бир ой яшасангиз, юрагингиз тарс ёрилиб кетса керак?! Лекин жуда батартиб, саранжом, маданиятли. Билмадим, биз томонларга шунақа тартиб-интизом, маданият тўғри келармикан?!
Азиз ака, эсингиздами, иккинчи онамиз (ўгай дейишга тилим бормаяпти) шунақа тартибли, маданиятли эди. Кеча куёвингиз, Солиҳ акам мусофирхонага бормай, мени боқиб ўтирганларида ёғоч каравотни озгина мен томонга сурганларида, мен қай аҳволда ётибман, врач ёнида дори-дармонларини кўтариб кирган ҳамшира хоналардаги жиҳозларни ўрнидан қўзғатиш мумкин эмас, деб танбеҳ берса бўладими?! Куёвингиз бўғилиб кетди: тартиб-интизомингдан ўргилдим, шунгаям ота гўри қозихонами, деб тўнғиллаб қўйдилар-у…
Менинг эса хаёлимга негадир Раҳбар опа келди, ўша киши ҳақида анча пайтгача ўйлаб ётдим. Ака, кечирасиз-у, лекин нима қилай, у кишини ойи, деб аташга сира тилим бормайди. Хуллас, болалигим, онамиз вафоти, дадамнинг хушфеъл, дуркунгина аёл билан яшай бошлаган даврлар бирин-сирин кўз олдимдан ўтди. Ишонсангиз, бир пайт кўнглим бузилиб, йиғлагим келди. Юрагим сиқилди кейин, охири нима қиларимни билмай, сизга хат ёзишга тутиндим. Нега ундай бўлди, ўзим ҳам билмайман, аммо Раҳбар опа ҳақида ҳасратлашгим келаверди сиз билан…
Сайёрага ёзай, десам синглим бўлатуриб ҳам тушунмаслигига кўзим етади, чунки дадам иккинчи марта уйланганларида у жуда ёш эди. Раҳбар опанинг ўгайлиги унга билинмаган.
Ака, қаранг, дунёнинг ишлари қизиқ экан-да, шу хотин яхшими-ёмонми, бизни тарбия қилди, едирди-ичирди, совуқда совуқ, иссиқда иссиқ демади, минг қилганда ҳам шу аёлнинг қўлида улғайдик, шу аёлнинг хонадонида дунёни танидик; бошимизга муштламади, дилимизни оғритмади бошқа ўгай оналарга ўхшаб. Лекин шу чоққача нима учундир ҳамиша бир армон юрагимни кемириб келади, болалигим эсимга тушса, ўртаниб кетаман. Ака, айтинг-чи, шу чоққача бу хусусда бирон марта сизга шикоят қилганмидим?! Энди, бу бегона юрт, бегона одамлар орасида ўзимни тутолмадим, бу ёқда мазам бўлмай тургани учун юрагим икки ҳисса сиқилиб сизга ёзишга ўтирдим чоғи.
Синглим бечора касалга чалиниб шунақа инжиқ бўлиб қолгандир-да, дейишингиз мумкин. Майли, ҳечқиси йўқ, ака, чунки дадамдан кейин сиз менга ота ўрнидасиз. Аслида бундай ўйлаб қарасам, отамиз ҳам, онамиз ҳам сизсиз, негаки, сира унутолмайман, қанақасига унутай, уйда бир гап бўлса, мен билан Сайёрани кийинтириб ўша заҳоти аммамникигами ё анови ўртоғингизникигами олиб кетардингиз. Қанақа гап бўларди, уйимиз тинч эди-ку, дейишингиз ҳам мумкин. Агар шундай дея ўйласангиз ёлғон бўлади, тўғри, уйимизда шовқин-сурон йўқ эди, рост, ортиқча овоз чиқмасди, доим саранжом-саришта қилиб қўярди Раҳбар опа, аммо ҳар куни ёки кунора дилхиралик бўлмасмиди, айтган билан, ўнлаб мисоллар келтирган билан кўрмаган одамни, шуни бошидан кечирмаган одамни ишонтириш қийин, эсингизда бўлса, мен ўнинчи синфга чиққунимча уйимиздаги иккита хонага оёқ босиб кирмаганман. Йўл қўймасди Раҳбар опа. У ерда нима бор эди, билмасдим, мана ҳозир, ўн беш йилдан ортиқ вақт ўтгандан сўнг биляпман, бири ётоқхона экан, иккинчисини Раҳбар опа фақат ўз уруғ-аймоғини кутиш учун меҳмонхона қилиб қўйган экан. Бир қараганда бунинг ҳеч қанақа ёмон томони йўқ, азбаройи меҳмон кутиш учун уйдаги хоналардан бирини алоҳида ажратиб шинам қилиб қўйса ёмонми? Аммо ҳамма гап шундаки, ўша уй бизнинг ўша муштипар, бир дунё армон билан оламдан ўтган онамизнинг маҳрига тушганди-ку, демак, ўша уй бизники эди, ака, мен мол-мулк талашиш учун айтаётганим йўқ, мен Раҳбар опанинг бунга сира-сира ҳақи йўқ эканини, бунга одамгарчилик деган нарсалар йўл қўймаслигини назарда тутаяпман. Қизиқ, мен бола эканман-да, қаердан билай, нуқул ўша хоналарга киргим келарди, эсингизда бўлса, қавм-қариндошлари бола-чақалари билан келишганда уларнинг қўлига тутқазишган турли-туман ўйинчоқларни кўриб кўзим ўйнарди, улар мен учун эришиб бўлмас бахтдек ўйинчоқларни ўйнаб-ўйнаб ташлаб кетишарди. Мен бўлсам, даб-дурустдан қўлимга олишга ботинолмай, қараб тураверардим. Кимники эди ўша ўйинчоқлар? Нега бизга беришмасди? Ахир шу уйга келган нарсаларнинг бир қисми бизга ҳам тегишли эмасмиди?! Ўйинчоқларни эса худди боғчалардагидек жавон тепасига тахлаб қўярди Раҳбар опа. Мен ҳозир ўгай бўлганимиз учун шундай қиларди, дейишга тилим бормайди. Тўғри, бизга ёмон гапирмасди, бизни уришмасди, лекин кўнглимизга қарамагандан кейин нима фойда қаттиқ гапирмагани-ю, уришмаганидан?
Мени кун ора азонлаб сутга чиқаришларини эсласам, яккаш онам бўлганларида шундай аёзда кўчага чиқариб қўярмидилар, дея ўртанаман. Эсингизда бўлса, маҳаллага сут машина келиб, кўчамизнинг оғзида тўхтарди. Қорда қор демай, ёмғирда ёмғир демай, Раҳбар опа қўлимга идиш тутқазарди-да, чиқариб юбораверарди. Баъзан кулгим қистайди, ака, ухлаб ётган болани уйғотишга қандай кўзи қийганикин? Бир марта бўлсин хаёлига келмаганмикин, ака, ўзим ғир этиб чиқиб кела қолай деган андиша?! Тасаввур қилинг, мен боргунимча одам кўпайиб кетарди. Навбат нималигини билмайдиган қизчаман — олдинга бориб турардим: сизга ёлғон, худога чин, нима учундир доим енгил-юпун кийиниб чиқарканман-а! Шунинг учунмиди, сутга чиққанлар бенавбат олиб беришарди доим. Ака, айбга қўшмайсиз-у, балки ўша совуқларда шамоллаб шу кўйларга тушгандирман. Ҳозир ичимдан ўтиб кетган пайтда Раҳбар опанинг ўзи чиқса бўлмасмиди сутга, дея фиғоним фалакка кўтарилади. Чиндан ҳам мен чиқишим шарт эдими? Эсласам ҳозир кўзимдан ёш тирқирайди, ҳар куни эркатой боласини аравачага солиб айлантириб юрардингиз, ўртоқларингизга ортиқ қўшилмай бола боқардингиз, ҳаммаси майли, кечқурун ўша аравачани ҳовлида ғилдирагигача ювиб-тозалаб қўярдингиз. У эса телевизор кўриб ё ўз боласига кўйлак тикиб ўтирарди. Тавба, уйимизда боғчанинг режими ўрнатилганини эсласам кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмайман. Пешингача қорним очса, бир бурда нонга зор юрардим баъзан. Тўғри, қорнимиз оч қолмасди, лекин бола дегани дам-бадам овқат ейишдан ўзини тия оладими? Шундан болалар қўшниникига чиққанда апил-тапил дастурхонга қўл узатаверади-да! Дадам бир куни Раҳбар опанинг гапларидан кейин бўлса керак, мени койигандилар:
— Қизим, қўшниларникига чиққанда ҳа деса, дастурхонга термилаверма, боласининг кўзи оч экан, дейишади.
Ўшанда “дада, ўз уйимда мазза қилиб нон еёлмасам нима қилай?” дейишга ақлим етмас экан-да! Дадам боёқиш беозор, ишдан бошқасини билмайдиган одам эдилар. Бунақа оталар озми? Бир куни қайсарлигим тутдими, аразладимми, кечқурун овқат емай, чиқиб кетдим. Аллапайтгача уйга кирмай йўлакда, зах зинада ўтирдим. Ич-ичимдан совуқ ўтиб кетди, бир пайт дадамнинг шикаста овозда: боринг, чақириб келинг, совуқда бир дардга чалиниб қолади, деганлари чалинди. Раҳбар опа “агар ҳозир шундай қилсам, бола “кўнглимга қарашаркан”, деб ҳуда-беҳудага аразлайдиган бўлиб қолади”, деди. Қаранг, бола тарбияси учун қандай олижаноб мулоҳаза!..
Аммо мен-чи, зах, қоронғи йўлакда ўтирган қизчанинг соғлиги-чи?!
Онасиз етим шум етим, дейишарди, буни энди-энди тушуниб етдим. Ўз онам бўлганда мен бундай дардга чалиниб, шаҳарма-шаҳар дардимга шифо ахтариб кезмаган, шу чоққача ҳеч бўлмаганда иккитани туғиб ўтирган бўлардим, ака?!
Минг тасалли берсин, кўнглимга қарасин, Луқмони ҳакимни топиб келсин, куйсин, сиқтасин, энди кеч. Ҳалиям бахтимга сиз бор экансиз, ака, бўлмаса юрагимни кимга ёрардим. Ким дардимга қулоқ соларди. Мана, ҳозир ҳам сизга хат ёзаяпман-у, енгил тортаяпман, ҳатто бунга сари юрагимда умид уйғонаяпти: дард берган шифосини ҳам берар, дея ўйлай бошлаяпман. Кошки эл қатори фарзанд ўстирсам, дея ният қилаяпман…
Ака, кутилмаганда бундай хат ёзганимга хафа бўлманг. Синглингиз бир кўнглини бўшатди-да!
Хайр, соғ бўлинг!
Синглингиз Мастура
2. Сайёранинг хати
Салом, ака! Ҳормай-толмай ишлаб юрибсизми? Кеннойим, жиянларим яхшими? Мендан сўрасангиз, ишларим жойида, соғлигим яхши, ўйнаб-кулиб юрибман. Куёвингиз соғ-саломат — Қўшма штатларга бир ойлик командировкага ҳозирлик кўряптилар…
Ака, тинчликми? Кейинги пайтда ҳар хил кўнгилсиз гаплар эшитяпман. Мастура опам тузукмилар? Анчадан бери хабарлашмайман. Самарқанддан келиб опамнинг Болтиқбўйидаги аллақайси шаҳар касалхонасига кетганларини ойимдан эшитдим. Ойим ҳам Мастура опам билан бирга даволанган узоқ қариндошларидан эшитган эканлар, ўтган ҳафта бизникига келганларида шуни айтдилар. Муолажанинг фойдаси бўлибдими? Ҳозир ўзингизга маълум, сентябрда ўқитувчиларнинг қўли қўлига тегмайди, вақт топиб опамникига боролмаяпман, ўзлари ҳам бундай биттаю битта синглим, ахир, дея хабар олмайдилар. Майли, ҳечқиси йўқ.
Ака, ойим келганларида жуда хафа бўлиб гапирдилар.
Тўғрисини айтсам, уларнинг гапларини эшитиб, менинг ҳам юрагим зангор бўлиб кетди. Охири сизга хат ёзишга қарор қилдим. Сиздан илтимос, ака, бир вақт топиб келсангиз. Мастура опамни ҳам чақирамиз, ака-сингиллар биргаликда гаплашиб олсак, чунки бечора ойимларнинг еганлари ичларига тушмаяпти, уларни ҳам тушуниш керак, ахир, шунча йил боқиб катта қилсам, бирини эгасига топширсам, бошқасини уйлантирсам, энди қўлидан иш келадиган бўлганда эшитган раҳматим шу бўлдими, деб кўз ёш қилдилар. Нима гап? Мастура опам эсини еб қўйганми? Ахир ўгай бўлса ҳам онаси-ку! Таниган-танимаган кишига дардим бор деб айтаверадими одам деган. Ўлай агар, ўша пайтда ёнимда бўлганларида қаттиқ уришардим, бу қанақаси, кап-катта одам! Мен ҳам ўша уйда ўсганманми ахир ёки қўшниникида катта бўлганманми? Уйимиздаги ҳаёт менинг кўз ўнгимда ўтдими? Дадамга теккандан сўнг бирон марта бизни хафа қилганларини билмайман. Қачон қарамай, ҳозир шунча гап-сўздан кейин ҳам қизим, туққанимдан аъло деб эслари кетади. Наҳотки шунча кўнгилсизликлар бўлиб ўтган бўлса-ю, дадам ҳам, мен ҳам билмаган, сезмаган бўлсак. Бунақамас-да энди, ака! Аввало бир гап ўтган бўлса ҳам шунча йилдан кейин эслаш, бировга гапириш, онанинг кўнглини оғритиш яхшими? Кимнинг болалигида нималар бўлмаган! Ўз боласи бўла туриб кўчага ҳайдаб қўяди-ку одамлар, кези келганда қарғаб ўлим тилайди-ку одамлар. Мени сутга чиқарарди, менга иш буюрарди эмиш!.. Ака, кечирасиз-у, шуям гапми?
Бечора ойим эзилиб кетибдилар. У кишини ҳам тушуниш керак-да, ака! Ахир, улар ҳам уч боланинг отасига турмушга чиқаман, деб орзу қилмагандир? Келин бўлиб келинлик нималигини билмаган, бола туғмай, бола боққан аёлни сиз тушунмасангиз узрли, ҳам энди эркак киши билмаслиги мумкин, деб қўя қолардим. Аёл бўла туриб, бошида эри бўла туриб, опам шундай гапларни гапирганига қандай чидай?! Тирноққа зор бўлишимга ўгай онам сабаб, дегани қуруқ туҳмат эмасми — дардни худо беради, ака. Шифосини ҳам берса ажаб эмас. Ҳозирги дардига йигирма йил бурунги гапларни қўзғаб, бировни — она бўлиб бошини силаган одамни гапирган опамга уят. Ҳалиям бўлса, шунча гина-кудуратдан кейин ҳам ойим бегонаники бегоналик қиларкан, демаяптилар. Уйимизни шунчалик обод қилиб, бизларни вояга етказган, дадамдан сўнг бизларни боққан, гард юқтирмай ўстирган ойим дунёга келиб нима кўрдилар? Бировнинг учта боласини ўз боласи қаторида катта қилиб, шуми эвазига эшитган миннатдорчиликлари? Ундан кўра, Азиз ака, Мастура опамга бу аёлнинг иззатини қилиб, ҳурматини жойига қўйиб юришимиз лозимлигини тушунтириш керак.
Шу билан қисқача хатим тугади. Уйдагиларга салом деб қўйинг.
Синглингиз Сайёра
3. Ўгай онанинг мактуби
Азизжон, саломатмисиз, яхши ўтирибсизми, невараларим катта бўлишяптими? Келинпошша ўйнаб-кулиб юрибдиларми? Илойим омон бўлишсин, ёмон кўздан асрасин.
Азизжон, сизга хат ёзаётганимнинг боиси, эҳтимол биларсиз, эҳтимол Сайёрахон мактуб йўллаган бўлса, ҳаммасидан хабарингиз бордир, шунинг учун мени тўғри тушунинг, сизга арзҳол қилмоқчи эмасман, ниятим жилла қуриса, кўнглимни бўшатиш билан шу чоққача нимаики қилган, ўйлаган бўлсам, ниятим сизларга — Мастурахонга, Сайёрахонга малол келмасмикан, уларнинг кўнглига бошқа гап келмасмикан, деган андишада оналик қилиш бўлган — шундан ўзга муддаойим бўлмаганини етказиб қўйиш.
Азизжон, сиз тушунадиган йигитсиз, эсингизда бўлса, мен сизларникига келин бўлиб эмас, она бўлиб кириб келганман, раҳматли дадангиз менга уйланишидан олдин шундай шарт қўйгандилар, мен у кишининг ўша шартларини ҳалигача унутганим йўқ. Ҳолбуки, менинг ҳам ўзимга яраша орзуларим бор эди. Мен ҳам ёш келинман, ўйнаб-кулишни истардим. Аммо орзу бошқа экан, пешонангга ёзилгани бошқа экан. Мен нолимайман, нолисам икки дунёим куйиб кетса кетсин. Лекин энди ҳар хил гаплар, ноўрин таъна-маломатлар одамни эзиб ташлар экан. Азизжон, мен сизларникига кириб келганимда бор орзу-ҳавасимни остонада қолдириб ичкарига қадам босганимда сиз ўн уч яшар бола эдингиз, менга ука ўрнида эдингиз. Аммо мен сизга она бўлишга, онангиз ўрнини босишга нафақат ният қилган, балки хоҳлаган ва ҳаракат қилгандим. Мастурахон саккиз ёшли қизча эдилар, Сайёрахоннинг уч ярим яшарлик пайтлари эди — шуларнинг кўнгли тирноқча ўксимасин, ўгайлигим билинмасин, деб ҳар нарсага тайёр эдим. У дунёю бу дунё ҳаммангиздан розиман, аммо Мастурахоннинг кўнглида шундай маломатлар бор экан, эшитиб дунё кўзимга қоронғи бўлди: мен нима ёмонлик қилибманки, шунга сазовор бўлсам, қайси гуноҳларим учун ўгай деб ном олсам. Сизларни деб кўнгил қўйган ишимдан воз кечганим ўгайлигимми, мактабдан қайтганингизда иссиқ овқат тайёрлаб ўтирганларим ўгайлигимдан, бошингизни силаганим, тўғри тарбия беришга ҳаракат қилганларим, бирингизни ўғлим, бирингизни қизим деб бағримга босганларим, бетоб чоғингизда тепангизда парвона бўлганларим ўгайликданми? Эҳтимол, онанинг ўрнини дунёда ҳеч ким босолмас, лекин мен ўгай дегулик даражада иш қилмаганман.
Қоронғи уйда кичкина чироқ ёнса, ҳамма шу чироққа муҳтож бўлади. Шу чироқ қандай эканлигидан қатъи назар хонани ёритади. Аммо наҳотки кези келганда шу чироқ беқадр бўлиб қолса?! Азизжон, сиз ўқимишли одамсиз, мен нима демоқчи бўлаётганимни, кўнглимни нималар тирнаётганини жуда яхши тушунасиз. Сиздан илтимос, беш кунлик дунё — ўтади-кетади. Она-болалигимизга путур етмасин. Киндик қонингиз тўкилган уй ўз қадрини йўқотмасин, дейман. Келинг, болам, Мастурахон билан Сайёрахонни, Саломатхонларни йиғиб келинглар. Бу уй ҳеч қачон меники бўлган эмас. Бу уй сизларники. Қолаверса, бу уйда укаларингиз Адҳамжон билан Раҳматжонларнинг ҳам сизлардан кейингина ҳақлари бор. Гина-кудурни унутайлик. Қолган ҳаётимиз эса пешонамизга ёзилганича бўлар.
Раҳбар опа