Абдулла аканинг «Ўтмишдан эртаклар» асари муҳокамасида бир масала устида қаттиқ мунозара бўлди.
Асарда, мунозара иштирокчиларининг тили билан айтганда, битта «нозик» жой бор: қишлоқда уста Қаҳҳорнинг нафаси ўткир эмиш, — деган гап тарқаб кетади-ю, касалга чалинган қиз-жувонлар унинг ҳужрасига серқатнов бўлиб қолишади. Шу сабабдан қишлоқда ҳар хил миш-миш гап тарқаб, жанжалга айланади ва ахир-оқибат уста Қаҳҳор истиқомат қилиб турган жойидан кўчишга мажбур бўлади.
Муҳокама қатнашчиларининг аксарияти бу эпизод уста Қаҳҳор образига путур етказади, — деган баҳонада Абдулла акадан уни асардан олиб ташлашни илтимос қилишди. Мен асар чиққандан кейин ҳам бир-мунча одамлар бу эпизоддан норози бўлиб юрганларини, «Ахир бу воқеалар ёшларимизга ибрат бўлолмайди-ку!» деганларини эшитдим.
Бизнинг адабий муҳитимизда шу йўсиндаги гаплар кўп бўлади. Нега? Масалага бу тарзда ёндашиш реализм анъаналарига ёт-ку? Улкан реалистик адабиёт бунақа «нозик» воқеаларни тасвирлашдан ҳеч қачон «қочган» эмас.
Биттагина мисол: М. Шолоховнинг «Тинч дон» романида Аксиньяни ўз отаси зўрлайди, Митька Коршунов Натальяни таъқиб этади, Дарья қайнатаси Пантелей Прокофьевичга осилади. Қалампир таъми келадиган бунақа жойлар романда анча-мунча бор…
Шубҳасиз, «Тинч Дон»ни оламга машҳур қилган нарса бунақа «яланғоч» жойлар эмас, лекин романнинг бу жойларини олиб ташланг-чи, асар, аччиқ бўлса ҳам, бўлакча «маза» бериб турган бир таъмдан, қалампир таъмидан маҳрум бўлмасмикан? Албатта, қалампир ҳаммага ҳам ёқавермайди, бироқ… нега энди битта-иккита меъдаси бузуқ ошхўрларни деб, хушбўй, серқалампир ош ўрнига, бўтқа шовла ер эканмиз?