Ўша оиламиз бошига оғир кулфат тушган куни, мен, ўн яшар бола, нимадандир кўнглим ғаш, уйимиз рўпарасидаги пахса деворга чиқиб, ўзимча гўё отга миниб ўтирардим.
У маҳалда биз Туркистон шаҳрининг энг сўлим жойларидан бири — Лагер кўчасида икки хонадан иборат, олди айвон, ўша замон имкониятига кўра тузуккина уйда истиқомат қилардик. Бу уйнинг каттагина ҳовлиси ҳам бор эди. Икки қаватли улкан дарвоза орқали кирадиган бу ҳовлида биздан ташқари яна бир нечта хонадон яшарди. Дарвозанинг устида қуруқ пичан сақланадиган болохона бўлар, биз, болалар оқшом пайтлари беркинмачоқ ўйнаганда болохонага чиқиб пичан тагида «жон сақлардик».
Оиламиз бошига мусибат тушган ўша машъум кундан бир неча ой муқаддам дадам уйимиздаги деярли барча китобларни уч-тўрт қопга солиб, беда тагига яширгану, болохона эшигига отнинг калласидек қулф осиб қўйгандилар. Эндиликда болохонага ҳеч ким киролмас, фақат мен гоҳо-гоҳо туйнукдан тушиб, қоплардаги китобларни, айниқса серсурат, қалин китобларни туйнук шуъласига солиб, томоша қилиб ўтиришни ёқтирардим.
Бу суратлар ҳам жуда ғалати, уларнинг аксари чарм палто кийиб, белларига қилич ва тўппонча тақиб олган ҳарбий, баъзилари эса от ўйнатган, қизил алвон кўтариб душман сари от суриб кетаётган марду майдонлар бўлса ҳам, негадир барчасининг кўзлари ўйиб олинган ёки юзларига кўк сиёҳ тортилган эди. Нега шундай? Мен бу сир-асрорнинг тагига етолмай қийналардим, дадамлардан сўрашга эса юрагим дов бермас, сабаби, дадамлар қаҳри қаттиқ одам эди, «бу китобларни сенга ким кўрсатди» деб дашном беришлари мумкин эди.
Ўша қора кун ҳам, нимадандир кўнглим нотинч, китоб титиш эсимга тушиб томга чиқдим. Аммо таниш туйнукка яқинлашганимда кўчанинг бошида қўш от қўшилган чиройли фойтунга кўзим тушди. Сал ўтмай, фойтун дарвозамиз рўпарасига келиб тўхтади. Ундан ўша пайтларда барча катталар учун расм бўлган яшил ранг галифе шим ва гимнастерка кийган ўрта яшар икки киши билан қизил кўйлакли, кўзлари қийғоч бир аёл тушди. Эркаклардан бири томда мени кўриб қолиб:
— Эгамберди Жақиповнинг уйи шулма? — деб сўради.
— Шу, — дедим мен. Шу пайт ҳовлидан чиққан ойимларнинг:
— Келинглар, меҳмонлар, хуш келибсизлар, — деган овози эшитилди. Мен болохона устунидан сирпаниб, ерга сакраб тушдим. Меҳмонлар ичкарига киришган, ойимлар аллақандай ҳаяжонда эдилар.
— Дадангнинг маҳкамасига чоп! — дедилар ойимлар негадир шивирлаб — Айт: САКУда бирга ўқишган оғайниларингиз келишди, де! Кутиб ўтиришибди, тезроқ келар экансиз, де! Ҳа айтмоқчи, бирйўла мактабга бориб, онанг билан поччангга ҳам айт — тезроқ келишсин. Дастурхон-пастурхонга қарашиб юборишсин!
Мен негадир, афтидан «меҳмон» сўзидан кўнглим ёришиб, икки оёғимни қўлимга олиб чопа кетдим. Гарчи поччам билан катта опамлар ўқитувчилик қиладиган мактаб дадамлар ишлайдиган маҳкамадан хийла нарида бўлса-да, аввал ўша томонга ўтиб, ойимларнинг гапини опамларга айтдим, сўнг, ҳамон икки оёғим қўлимда, ялангоёқ, ялангбош, кўча чангитиб дадамларнинг маҳкамасига қараб чопдим.
Дадамлар бир маҳаллар Қозоғистон Халқ комиссарлари кенгаши қошида тузилган майда миллатлар (асосан ўзбеклар) халқ комиссари лавозимида ишлаган. САКУни тугатганларидан кейин эса ҳозирги Чимкент вилоятининг Сайрам районида биринчи котиб, кейинроқ эса Қозоғистон темир йўли Сиёсий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифаларида хизмат қилганлар. Лекин кейинги йиллар «Отанг сўфи бўлган, сен буни яширгансан», — деган айбнома билан пастга сурила-сурила, юмалай-юмалай охир-пировардида Туркистон тумани молия бўлимига мудир этиб тайинланган эдилар.
Раҳматли бувамлар Ёқуб (жонлари жаннатда бўлғай!) ҳақиқатан Қарноқ қишлоғининг энг катта масжидида то инқилобгача сўфилик қилгандилар. Одамларнинг айтишича, у кишининг овозлари шу даражада зўр бўлган эмишки, ҳар субҳидам масжид мезанасига чиқиб азон айтганларида нафақат ўн минг кишилик Қарноқ аҳли, балки ўттиз чақирим наридаги Туркистон намозхонлари ҳам эшитган эмишлар. Шу боисдан Қарноқ аҳли бувамларининг исмларига Шайх сўзини қўшиб, Ёқуб шайх деб атаганлар… Лекин ўн олтинчи йилги қаттиқ қурғоқчиликда бобомиз Ёқуб шайх оғир аҳволга тушганлар. Шу боис отамиз оиласини боқа олмай, бир-икки қўй, бир-икки қоп ғалла эвазига бир бойнинг ўғли ўрнига мардикорликка кетганлар-у, уёқдан болшевой бўлиб қайтганлар. Шу-шу, ота-бола бири — шайх, бири — болшевой, қип-қизил синфий душманга айланганлар.
Дадамларнинг маҳкамаси улкан савдогар қурган ва эндиликда партия қўмитаси жойлашган кўркам бинонинг шундоқ биқинига жойлашган эди. Мен борганимда дадамлар ҳам идорадан чиққан эканлар. Мени узоқдан кўриб дарвоза олдида тўхтадилар. Дадамлар тўладан келган, новча, қиррабурун, ўша даврда расм бўлган тўмтоқ мўйловли, хушқад, салобатли киши эдилар. Эгнидаги либоси ҳозир хотирамда йўқ, агар янглишмасам ўша маҳалда Сталинга тақлидан кийиладиган кўкрак чўнтакли яшил костюм ва галифе шим кийган, оёқларида ҳам ўша замонларда расм бўлган ғарч-ғурч хром этик.
Раҳматлик дадамлар, уйқусизликданми, бошқами — кўзлари қизарган, аллақандай ҳорғин кўриндилар менга. У киши ҳансирай-ҳансирай айтган гапларимни эшитдилар-у, чеҳралари сал ёришиб:
— Юр, болам! — дедилар бошимни силаб. — Сенга битта музқаймоқ оберай!
Боя айтганимдек, дадамлар дийдаси қаттиқроқ, ўктам, камгап одам эдилар. Ўша кунгача мен у кишининг бирор марта бошимни силаганларини билмасдим. Аксинча, ҳануз эсимдан чиқмайди: дадамлар ур калтак, сур калтак тагидан чиқолмай, ишдан ҳайдала-ҳайдала охир пировардида қишлоққа қайтиб, уйда кўкрагини захга бериб ётган пайтлар. Бир кун ойимлар қўлимга пул ва икки-уч литрли графин (дадамлар катта лавозимларда ишлаган маҳалда орттирган нодир матоҳ) тутқазиб:
— Дўконга кириб қимиз олиб чиқ, даданг айтдилар! — дедилар.
Дўконга кирсам қимиз тугаган экан. Мен парвойи фалак, қўлимдаги графинни ўйнатиб уйга қайтдим. Йўлим ёғоч ва темир қозиқлар қоқилган мол бозоридан ўтарди. Тўсатдан нимадир «шақ» этди. Қарасам, қўлимдаги графин темир қозиқлардан бирига тегиб, тангадай жойи ўпирилиб тушибди. Юрагим орқамга тортиб кетди. Уйга қайтишга журъат қилолмай анчагача боғимиз пойидаги сой бўйида айланиб юрдим. Ниҳоят, юрагимни ҳовучлаб уйга кириб бордим. Ойимлар мени кўриб:
— Қаёқларда дайдиб юрибсан, бевош? Даданг шўрлик кутавериб диққинафас бўп кетдилар-ку! — деб койидилар, сўнг графиндаги тешикка кўзлари тушиб, қўлимдан ушлаганча ичкарига судрадилар.
Дадамлар улкан, чорхари уйимизнинг тўрида китоб варақлаб, ёнбошлаб ётардилар..
— Дўконда қимиз йўқ экан, бу ҳам етмагандек, ўғлингиз графинни синдириб қўйибди… — Ойимлар шундай деб графинни дадамларнинг олдидаги хонтахтага қўйдилар.
Кейинчалик ойимлар бу ишларидан пушаймон бўлиб кўп гапирганлар. «Нега шундай қилганимни ўзим ҳам билмайман, болам, дадангларнинг ночор аҳволи ҳаммамизни эзиб қўйган эди», дегувчи эдилар, раҳматлик.
Дадамлар шитоб билан қадларнии ростладилару хонтахтадаги графинни олиб, менга қараб отдилар. Зарб билан отилган графин шундоқ қулоғим тагидан ўтиб (чамаси, жонҳолатда бошимни олиб қочган бўлсам керак!) деворга тегиб чил-чил синди.
Мен тура қочдим, қочарканман, ойимларнинг:
— Қимиз ҳам ўлсин! Қимиз деб боламни ўлдирмоқчимисиз, адаси? — деган аччиқ фарёдини эшитдим.
Ойимларнинг айтишича, кейинчалик дадамлар ҳам бу қилмишидан ггушаймон бўлганлар. Ким билсин, эҳтимол бошига оғир мусибат тушишини сезиб юргани учундир, эҳтимол бир маҳал дилимга озор бергани эсига тушиб, уни кўнглимдан чиқармоқчи бўлгандир, ҳар қалай, умримда биринчи бор бошимни силаб, музқаймоқ оберишга аҳд қилдилар.
Кўчанинг нариги юзида шаҳар боғи бўлар, боғ олдидаги майдончада ҳар хил сув, мева шарбатлари, музқаймоқ сотиладиган митти-митти дўкончалар бўларди. Борсак, дўконлар ёпилган экан. Дадамлар астойдил ранжидилар.
— Умримда бир марта сенга музқаймоқ олиб бермоқчи бўлгандим, бу ҳам насиб қилмади-ёв, болам! — дедилар, у киши аллақандай чуқур ўкинч билан.
Уйга борганимизда чироқлар ёнган, ҳовлидаги ўчоққа қозон осилган, биздан аввал етиб келган катта опамлар билан ойимлар ўчоқ атрофида куймаланиб юришар, поччамлар кўринмас эдилар.
Дадамлар ичкарига кириб кетдилару дарҳол қайтиб чиқдилар. Чеҳралари очилган, кайфлари чоғ эди.
— САКУда бирга ўқиган эски қадрдонларим келишипти. Қалай, тузукроқ гўшт-пўштларинг борми, Гулшан? — дедилар дадамлар ойимларга қараб. — Бор бисотингни дастурхонга тўкасан бугун…
Марҳум волидамизда жиндак шаддодлик бўларди.
— Сиз қозон-ўчоқ атрофида айланавермай ичкарига кириб меҳмонларингизга қарайверинг! — дедилар шартта кесиб.
Дадамлар ойимларнинг бу сал ясама қўрслигига кулимсираб, ичкарига кириб кетдилар.
Ҳовлимизда, шундоқ ўчоқ ёнида бир туп гужум ўсар, гужум тагида чуқур қудуқ бўлар, иссиқ ёз ва илиқ куз кунлари гўштни шу қудуқда асрардик.
Ойимлар менга қудуқдан гўшт олиб бер, — дедилар. Мен қудуқ чанғироғининг дастасини айлантириб, гўшт осилган чангакни торта бошладим-у, тўсатдан кўчадан кириб келган икки ҳарбийга кўзим тушиб, негадир юрагим орқамга тортиб кетди. Улар ўчоқ атрофида куймаланиб юрган ойимлар билан опамларга бир қараб қўйдилар-да, этиклари билан ерни тап-тап босиб айвонга чиқишди. Айвондан уйга киришди. Ҳарбийларни кўришлари биланоқ турган жойларида тош қотиб қолган ойимлар билан опамлар бирдан дод солишиб, уйга қараб югуришди. Қудуқ чанғироғини беихтиёр қўйиб юбориб мен ҳам кетларидан чопдим.
Мен ўша пайтлар мамлакатимизда ва ҳатто шаҳримизда нима бўлаётганидан бехабар эдим, албатта, шу боис ойимлар билан опамларнинг ҳарбийларни кўришлари биланоқ фарёд чекиб, ичкарига отилишлари сабабини англамадим. Аммо улар мудҳиш мақсад билан келишганини ақл билан бўлмаса-да, юрак билан ҳис этгандим. Кейин билсам, ўша даврда ҳамма жойда бўлганидек,Туркистонда ҳам ҳар куни, ҳар дақиқада кўплаб одамлар ҳибсга олинган экан. Ойимлар ва опамлар бундан бохабар бўлганлари учун ҳам ҳарбийларни кўриб дод солишган экан. Эшикдан киришим билан ҳарбийлардан бири — новчадан келган, малла сочларининг учлари қошларига нафис эгилиб тушган хушсурат ўрис капитан полни ғарч-ғурч босиб, эшикка келди-да, унинг илмоғини солиб:
— Тинтув тутагунча энди ҳеч ким уйга кирмайдиям, чиқмайдиям! — деди юракка ғулғула солувчи бир қатъият билан.
Уйда қий-чув бошланган, катта опамлар ўрта эшикда ҳайкалдай қотиб қолган дадамларнинг бўйнига осилиб йиғламоқда, ойимлар ҳам дадамларниг елкасига суяниб, унсиз титрамоқда, кичик опамлар билан укаларим бурчакка тиқилишиб, худди калхатлардан қўрққан жўжалардай, кўзлари ола-кула, бир-бирининг пинжига кириб олишганди.
Икки тавақали ўрта эшик очиқ, ичкари хонанинг тўрида САКУда дадамлар билан бирга ўқиган меҳмонлар, рангларида ранг йўқ, типпа-тик серрайиб туришарди. Иккинчи ҳарбий эса ичкари уйдаги катта қизил шкафга терилган китоб ва альбомларни битта-битта кўздан ўтказмоқда эди.
Китобларнинг деярли ҳаммаси қизил жилдли Ленин асарлари эди. Тинтув бошлаган ҳарбий Ленин асарларига тегмас, қалин, серсурат альбомларни эса варақлаб кўриб беписанд, ерга ташлар эди. Ҳануз эсим-да: бу альбомлар ҳам худди болохонадаги китоблар каби, аллақандай раҳбарларнинг суратларига тўла бўлиб, уларнинг ҳам аксари аллақачон қамалгани учун (буни мен кейин билдим, албатта) юзларига кўк сиёҳ чапланган, кўзлари ўйиб олинган, баъзи суратларнинг каллалари «кесиб» ташланган эди. Беписанд ҳарбий (агар янглишмасам, у ҳам капитан эди) альбомларни кўздан кечираркан, дам улардаги кўзлари ўйилган, бошлари «кесилган» суратларга, дам дадамларга қараб:
— Кўриниб турибди, жа ғоявий эканлар! — дерди мийиғида кулимсираб.
Хушсурат маллосоч капитан эса ташқи хонадаги қутилар, сандиқ ва сандиқчалар, шкафларнинг тортмаларини очиб, улардаги буюмларни титкилар, латта-путталар орасидан алланималарни қидирар эди. Навбатдаги шкафга келганда ҳарбий уринмасин, унинг пастки тортмаларини очолмади. Уйда бирорта сандиқ, ё шкаф йўқ эдики, мен уни очолмасам. Капитаннинг қийналаётганини кўриб, мен қўлимга мих олдиму пилдираб бориб шкафнинг тортмасини шартта очиб бердим. Капитан чеҳраси ёришиб кулди-да:
— Маладес! — деди бошимни силаб. — Келгусида зўр одам чиқади сендан!
Капитаннинг бу кутилмаган мақтовидан юрагим «жиз» этди. Кейинчалик, катта бўлганимда, мен уйдаги дод-фарёдга қарамасдан отамни қамашга келган жаллоднинг мақтовидан бир зумгина бўлса-да, яйраб кетганимни ҳар эслаганимда бир ўзимдан ижирғаниб юрдим. Аммо ўша дақиқада, афсус-нидоматлар бўлсинким, унинг сўзларидан ғурурланиб кетганим ҳам ҳақиқат, мудҳиш ҳақиқат!
Шу пайт дадамларнинг:
— Сув! — деган овозлари эшитилди. — Бир пиёла қудуқ суви беринглар, юрагим куйиб кетяпти!
Уйда сув йўқ экан. Опам йиғидан тўхтаб:
— Ўртоқ капитан! — дедилар ҳиқиллаб. — Рухсат беринг, укам қудуқдан сув олиб кирсин!
Капитан шкаф тортмасидан бошини кўтариб:
— Агар дод-войингни қўйсанг — рухсат бераман! — деди ва кулди: — Шундай чиройли қиз ҳам бунақа йиғлоқи бўладими?
Капитаннинг опамларга қилаётган сохта хушомади ёқмади. Лекин нима ҳам қилардим? Челакни олиб ташқарига отилдим. Ҳовлидаги чироқ ўчган, айвондан узоқроқда, қудуқ ёнидаги гужум панасида кимдир қоққан қозиқдек қаққайиб турарди. Бу — поччамлар эди. У лом-мим демасдан қўлидаги чақалоқни менга тутқазиб, қудуқдан ярим челак сув олиб берди-да, шарпасиз одимлаб ҳовлининг қоронғи бурчагига қараб кетди.
Кейинчалик марҳум ойимлар кўп айтгучи эдилар:
— Ўша куни поччангни худо ўзи асради! Агар поччанг опанг билан бирга келганида, ким билсин, уни ҳам бирга опкетишармиди бу тошбағирлар?
Ойимларнинг бу гапида жон бор эди, чунки тинтув тутаб, дадамларни олиб кетаётганларида ҳарбийлар САКУчи шўрлик меҳмонларга Туркистондан кетишдан аввал НКВДга бориб, рухсат олишлари шарт эканини уқтиришиб, қўлларидан тилхат олишди.
Мен ярим челак сувни кўтариб, ичкарига кирганимда, дадамлар стулда ўтириб, оёқлари тагида ҳамон дод солиб йиғлаётган катта опамлар билан ойимларни тинчитишга уринардилар. Азалдан қорамағиз одам, дадамлар бир зумдаёқ бамисоли оловда қолган арчадек қорайиб кетгандилар. Ойимлар токчадан коса олиб бердилар. Дадамлар бир коса муздай қудуқ сувини битта сипқориб:
— Қўй, йиғлама, қизим, йиғлама, Гулшан! — дедилар оғир ҳансираб. — Ҳукумат олдида тариқча гуноҳим йўқ! Ўртоқ Сталин тирик экан, бу туҳматлардан қутқариб олади ҳали!
Дадамлар қудуқ сувини косалаб сипқорар эдилару шу битта гапни қайта-қайта такрорлардилар:
— Ҳукумат олдида бегуноҳман, Гулшан! Ўртоқ Сталин барҳаёт экан, бизни буларнинг оёғи остига ташлаб қўймайди!
Мен ҳозир, шахсга сиғиниш даврининг мудҳиш кирдикорлари, мудҳиш инқилоб доҳийлари, айниқса, Сталин ҳукмронлиги даврида юз берган шафқатсиз қатлу қирғинлар, миллион-миллион бегуноҳ кишиларнинг бошига тушган ғурбатлар, ота боладан, бола отадан айрилиб, одамларнинг кўзёши дарё бўлиб оққан ўша зимистон йиллар ҳақида ўйлаганимда, дадамларнинг Сталин тўғрисида гапларини эслаб, ҳайрон бўламан. «Наҳот отам бу қирғинбаротни кўрмаган-сезмаган бўлсалар, наҳот Сталин бу жабру ситамлардан бехабар эди, деган содда, бемантиқ сўзларга ишонган бўлсалар?», деган фикр бот-бот кўнглимдан ўтади.
Лекин ундай десам… ўша даврда ҳукм сурган инқилоб чавандозлари орасида машъум Инқилобнинг сохта оташин чақириқлар, жўшқин қўшиқлар, алвонлари, «доҳий»нинг алангали нутқларига астойдил ишонган, бўлаётган қатлу қирғинларнинг ҳаммаси инсоният бахти учун қилиняпти, деган мудҳиш ёлғонга учган соддадил, оқкўнгил одамлар оз бўлганми?
Албатта, юракни зирқиратувчи бу ўйлар менинг хаёлимга кўп йиллардан кейин ўша даврлардаги даҳшатли воқеалар фош қилиниб, кўзимиз очилганда келди. У маҳалда эса…
Билмадим, тинтув қанча давом этди. Лекин дадамлар қудуқ сувини сипқора-сипқора, «Ўртоқ Сталин содиқ фарзандларини хор-зор қилиб қўймайди», деган гапни такрорлай-такрорлай ярим челак сувни ичиб тугатганлари ҳануз эсимда.
Мен кейинчалик, бу гапни айтсам кўплар ишонмай:
— Қўйинг-э, одам боласи ярим челак сувни ича оладими? — дегувчилар ҳам бўлди, аммо мен, ўн-ўн бир яшар бола, буни ўз кўзим билан кўрганман, дадамларнинг ўша сўзларини ўз қулоғим билан эшитганман! Ичи ёниб кетаётган одам ярим челак у ёқда турсин, бир челак сувни ҳам ичади!
Ниҳоят, тинтув тугади. Дадамларга кийинишни буюрдилар. Ойимлар билан опамларнинг ноласи кўкка чиқиб, уйимиз аччиқ фарёддан зир титради. Ойимлар дадамларнинг елкасига пальтосини илдилар. САКУни битирган шўрлик меҳмонларга тузалган дастурхондан илинган нарсани рўмолга тугиб, қўлларига тутқиздилар.
Боягидан ҳам баттар қорайиб, бир зумда аллақандай озиб, мункайиб қолган дадамлар аввал ҳамон фарёд чекаётган ойимлар билан опамлар, сўнг қақшаб-қалтираб қолган укаларимнинг пешоналаридан ўпдилару, навбат менга келганда:
— «Ҳай, аттанг! — дедилар тўсатдан кўзларига ёш олиб. — Умримда бир марта сенга музқаймоқ олиб бермоқчи бўлувдим. Шуниям эвлаёлмадим-ов, болам!..
Бутун тинтув давомида кўзимга ёш олмаган, «келгусида зўр одам бўласан», деган сўзлардан шишиб кетган норасида, бирдан ҳамма нарса — дадамларнинг ҳеч қачон эркаламаганини ҳам, дўкондан қимиз тополмай қайтанимда графинни қулочкашлаб отганлари ҳам — ҳаммаси эсимдан чиқдию аламли чинқириқ билан дадамларнинг тиззаларини қучоқлаб олдим…
…Бир неча ой ўтди. Бу орада хонадонимиз мотамсаро бир маконга айланди. Қиш яқинлашиб қолган, кун сайин унинг қаҳрли нафаси кучайиб борар, уйда эса на ўтин бор, на кўмир!.. Биз танча қуриб, бир амаллаб кун кечирамиз.
Ҳафтада бир марта, янглишмасам, шанба кунлари дадамга овқат олишади. Ойимлар бир амаллаб топган-тутганларини пиширадилару тонг маҳал у киши билан бирга авахтага равона бўламиз.
Туркистонда Қул Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасининг шундоқ биқинида Ўрта Осиёни забт этган генерал Черняев қурдирган беш-олтита мустаҳкам ғиштин бинолар бўларди. Черняев бу биноларни чор аскарлари учун қурдирган. Шўро ҳокимияти эса уларни қамоқхонага айлантиргану атрофини тиканли сим билан ўраб ташлаган.
Ҳар шанба тиканли сим билан чегараланган бу қалъа рўпарасига камида 150—200 аёл, чол-кампирлар йиғилишади, булар «халқ душманлари»нинг оила аъзолари. Ёш-ёш жувонлар қақшаб-қалтираб қолган кексалар ҳибсхона ходимларининг овқат қабул қилишини кутиб, эрталабдан кечгача тиканли сим олдида дийдираб туришади. Ойимлар қамоқхонага гоҳида мени ҳам етаклаб боришларига сабаб — мабодо дадамлар билан юз кўришиш насиб этса отамлар мени кўриб қолсинлар деган ниятда эдилар. Лекин дадамларни бирор марта кўрсатишмади, кўрсатишмаганлари ҳам майли, бот-бот олиб борган овқатларимизни қабул қилмасдан қайтариб юборишарди. Гоҳо мен бир неча соат маҳтал бўлиб кутганимдан кейин бирор баҳонани рўкач қилиб, ҳибсхонанинг шундоқ ёнгинасидаги шаҳар боғига қараб чопардим. У ерда худонинг куни борки, митинг бўлар, шаҳар мактабларидан ноғоралар гумбури ва карнай-сурнайлар садоси остида болалар саф тортиб боққа келишарди. Боғ ўртасига қизил алвон билан ўралган улкан минбар ўрнатилган бўлиб, чарм пальто кийган, тўппонча таққан фаоллар унга чиқиб ваъз айтишар, ваъзларнинг аксарияти тротскийчилар ва уларнинг «дум»ларини фош қилишга бағишланарди. Бу ваъзхонликларнинг даҳшатли томони шунда эдики, бугун Тротскийнинг «дум»ларини фош этиб, оташин нутқ сўзлаган нотиқларнинг аксари эртасига ўзлари «дум»га айланиб, фош этилганлар рўйхатига тушиб қолишарди.
Мени бу митингларга боришга нима чорлаганини ҳануз тушунолмайман. Афтидан, карнай-сурнай ва ноғоралар садоси саф тортиб ўтадиган тенгдошларимнинг қувноқ ва жўшқин қўшиқлари бўлса, ажаб эмас. Чунки бу гумбур-гумбур садолара оташин қўшиқлар қулоғимга чалиниши билан худди ноғорага ўрганган ҳарбий отдай оёқларим ўз-ўзидан рақсга тушиб, юрагим ҳаприқиб кетаверарди. Фақат бир нарса мурғак қалбимни эзар, у ҳам бўлса, минбардан туриб айтиладиган нутқларда баъзи-баъзида дадамларнинг номи ҳам «дум»лар қатори тилга олинади. Лекин шундай пайтларда дадамларнинг Сталин тўғрисидаги сўзлари эсимга тушардию юрагимга қуйилиб келган аламли туйғуни ҳайдардим. Бу ҳол токи шаҳар ёшлар қўмитасининг котиби билан юзма-юз келгунимча давом этди.
Бу ёш, хушқад, хушсурат йигитча бизга қўшни эди. Оиламиз бошига мусибат тушгунга қадар, у хонадонимизга бўзчининг мокисидек қатнар, дадамлар билан кечалари узоқ суҳбатлашиб ўтирарди. У ўша ёзда уйланган, хотини ҳам, ўзига ўхшаш кўҳлик, хушқад, хушсурат эди. Дамлар уларнинг тўйларига тўйбоши бўлган, ойимларнинг айтишича, дадамлар унга моддий ёрдам ҳам берган эканлар.
Дадамлар қамалганларидан кейин ён қўшнимиз қорасини ҳам кўрсатмайдиган бўлди. Бунга ажабланмаса ҳам бўларди, чунки шогирд тугул қариндош-уруғлар ҳам бу оғир, ғурбатли кунларда уйимизни четлаб ўтишар, битта-яримта келса ҳам кечалари қўрқа-писа келиб, сўнг девор паналаб қайтиб кетарди.
Шанба куни эди. Чамаси, қамалганлар сони кўпайган, чунки авахтага овқат кўтариб келганлар сони анча ортган, навбат кутаётганларнинг думи кўринмасди. Кун совуқ, севалаб майда ёмғир ёғарди. Шу боисданми, бошқами, ойимлар мен сўрамасданоқ уйга кетишимга рухсат бердилар. Мен тинимсиз майдалаб ёғаётган ёмғирдан дийдираб, уйимизга томон равона бўлдиму тўсатдан боғ томонда янграган ноғоралар гумбирию карнай-сурнайлар садосини эшитиб, беихтиёр тўхтадим.
Ноғоралар ва карнай-сурнайлар садоси тобора авжга чиқмоқда, чамаси, одатдагидан ҳам катта митинг бошланмоқда эди. Ўргатилган отга ўхшаб яна ноғоралар гумбирлаётган томонга бурилдим. Ҳақиқатан ҳам ёмғирга қарамай, болалар ҳар томондан саф-саф бўлиб боққа ёпирилиб келишарди.
Дарвозага яқинлашиб қолганимда ногаҳон рўпара томондан келаётган қўшнимиз — шаҳар ёшлар қўмитасининг котибига кўзим тушди. У бир ўзи эмас, чарм пальтолик ҳарбий одам билан уч бурчак соқол қўйган, жиккаккина мўйсафид қуршовида келарди.
Котибни кўришим билан юрагим негадир «шув» этиб, боққа шўнғишга чоғландим, аммо котиб бир сакрашда йўлимни тўсиб, билагимдан шаппа ушлади-да:
— Ҳа, қашқирдан туғилган қашқирча! — деди титроқ босиб. —Битта шалтоқ бузоқ бир тўда подани бузади! Бўйнингга сохта қизил галстук тақиб, бу софдил қизил пионерларни бузмоқчимисан? — У қўлимни оғритиб сиққанча ўзига торта бошлади. Лекин шу пайт жиккак мўйсафид:
— Қўйиб юбор, болапақирни, — деди орага тушиб.— Ўртоқ Сталин айтди-ку, бола отаси учун жавоб бермайди, деб? Гуноҳи нима бу норасиданинг!
Ёш котиб қовоғидан қор ёққанича бир қарияга, бир чарм пальтоли ҳарбийга қаради-да, қўлимни қўйиб юборди ва: «Йўқол кўзимдан!» — деб ўшқирди.
Шундан кейин нима бўлди, нима қўйди — ҳозир эсимда йўқ, фақат котибнинг омбирдек метин чангалидан чиқдиму томоғимни ғип бўққан кўз ёшини юта-юта, саф-саф бўлиб ўтаётган бахтли тенгдошларим ёнидан катта кўча томон отилдим…
Дадамлар ҳибсга олингандан сўнг уч-тўрт ой ўтди ҳамки, у киши билан бирор марта кўриша олмадик. Бутун шаҳар ҳануз таҳликада, ҳамма жойда, ҳатто мактабларда ҳам душман қидириш ҳамон давом этарди. Сира эсимдан чиқмайди. Ўша йили улуғ рус шоири Пушкин вафотининг 100 йиллиги нишонланар эди. Бу ғамгин санага аталиб қанақа тадбирлар белгиланди, қанақа китоблар чиқарилди, қанақа мажлислар, адабий кечалар ўтказилди — буни билмайман. Аммо ўша санага аталиб ўқувчилар учун дафтар чиқарилгани ёдимда. Миллион-миллион нусхада чиқарилган бу дафтарларнинг олди муқовасида болаликдан ҳаммамизга таниш жингалак соч, ҳабашчеҳра шоирнинг сурати солинган, муқованинг охирги бетига эса шоир эртакларидан бирига чизилган сурат берилган эди. Аввал бошда ҳеч қандай гап йўқ эди. Кейин тўсатдан шаҳарда, жумладан мен ўқийдиган мактабда ҳам ваҳимали миш-мишлар тарқалди. Гўё Пушкин юбилейига чиқарилган бу дафтарлар, тўғрироғи, дафтар муқовасидаги суратларга аксилинқилобий сўзлар битилган эмиш! Кимки Пушкиннинг соч ва соқоллари, айниқса, муқова охиридаги эртакларга чизилган суратларни эътибор билан кўздан кечирса, шоирнинг жингалак сочларию эртакларга чизилган суратларни ҳушёрлик билан нигоҳидан ўтказса, маккорона битилган аксилинқилобий сўзларни топиши мумкин эмиш!
Мен ўқийдиган 3-«А» синфида ёши анчага борган, тишлари тўкилиб қолган, аммо жуда мулойим, меҳрибон рус кампири дарс берарди. Бир ойдан бери бу кампир — ҳозир исм-шарифлари ёдимда йўқ — касал бўлиб, ўрнига ёш татар йигитча дарс бера бошлаган эди. Қаттиқ оқсоқланиб юрадиган бу йигитча бизга қўшни бўлмиш райком котибининг қайниси бўлиб, дадам қамалганларидан кейин менга ўқрайиб қарай бошлаган эди. Аммо ҳаётнинг ўйинини қарангки, дадамлардан кейин бир ҳафта ўтар-ўтмас ёш ўқитувчимизнинг поччаси ҳам ҳибсга олиниб, «халқ душмани» деб эълон қилинган эди. Шу-шу баттар мунғайиб, аввалгидан баттар оқсоқланиб қолган ўқитувчи менга ачиниб қарайдиган, йўлакдами, ҳовлидами — танҳо юрганимни кўрса, бошимни силайдиган бўлиб қолганди. «Пушкин суратлари ичига қабиҳ аксилинқилобий сўзлар ёзилган эмиш», деган гап тарқалган куни ёш ўқитувчимиз синфимизга жуда хомуш бир қиёфада кириб келди. У мунгли кўзлари билан болаларга узоқ тикилиб тургач:
— Болалар! — деди аллақандай ёлвориб. — Қани, кеча тарқатилган дафтарларингни олинглар-чи! Ҳалиги… муқоваларига Пушкин сурати солинган дафтарларингни айтяпман!.. Олдиларингми? Эҳтимол, эшитгандирсизлар, ашаддий душманларимиз маккорона чизилган ҳарфлар воситасида СССРга қарши сўзлар ёзишипти! Бу мудҳиш сўзларни топган болалар бор. Уларнинг суратлари эртага фахрий доскага осилади. Наҳот бизнинг синфимизда бирорта ҳушёр ўқувчи бола топилмаса? Қани, суратларга яхшилаб қаранглар! Шояд сизлар ҳам душманларимизнинг бу қабиҳ сўзларини топиб, уларни фош этсаларинг!
Ёш ўқитувчи шундай деб менга ўзгача бир умид билан қараб қўйди. Ҳар қалай менга шундай туюлдию олдимдаги дафтарга чизилган суратларга тикилиб, жон-жаҳдим билан маккорона чизилган ҳарфларни қидира бошладим…
Асабларим таранг тортилган, миям назаримда лаҳча чўққа айланган эди. «Наҳот жонажон ҳукуматимизга қарши ёзилган бу мудҳиш сўзларни топиб, душманларнинг кирдикорларини фош этолмасам? Йўқ, топаман! Топганда ҳам биринчи бўлиб топаман. Иккинчи бўлишнинг фойдаси йўқ!.. Тўхта, шоир елкасидаги мана бу гажак тола нимани эслатади? «С» ҳарфининг ўзгинаси-ку!.. Унинг ёнидаги газак-чи! У ҳам «С»! Унинг ёнидагиси ҳам!» Мана буниси «Р»нинг ўзгинаси-ку! Вой, тавба! Бу баттоллар «СССР» деб ёзиб қўйишибди-ку, боядан бери шуни ҳам кўрмапман-а?… Мана бу гажак тола-чи? Қуйиб қўйгандек «Д» ку! Ундан кейинги гажак-чи? «О»нинг худди ўзгинаси-ку! «О» бўлган жойда «Л» ҳам бўлиши керак? Мана «Л»! Ёнгинасида эса «Ой»га ўхшаш иккита гажак қаторлашиб турибди! «Долой СССР!, яъни «Йўқолсин СССР!» деган гап-ку бу!».
Мен ҳаяжондан нафасим бўғилиб:
— Топдим, муаллим, топдим! — деб бақириб юбордим.
Мажруҳ ўқитувчим текис полда қоқилиб-суриниб оқсоқлана-оқсоқлана ёнимга келди. Синф тўла ўқувчилар ҳам «гурр» этиб ўрниларидан турдилар-да, устимга ёпирилдилар.
Мен худди безгак тутгандек дир-дир титраб, улуғ шоирнинг жингалак сочлари орасидан топган мудҳиш ҳарфларни кўрсата бошладим. Ниҳоят, кўрсатиб бўлиб, тенгдошларимга мағрур қарадим. Синфга чўккан оғир сукунат ичидан тўсатдан ўқитувчимизнинг:
— Маладес! — деган хитоби эшитилди. — Ҳушёр пионер деб шуни айтадилар!
Ҳамма менга ҳасад билан қарар, мен ўзимни чинакам қаҳрамон ҳис қилардим.
— Қани, дафтарларингни йиғиб беринглар! Бир соатдан кейин спорт майдонига бутун мактаб тўпланади. Ҳаммамиз бирга бу мудҳиш дафтарни ёқиш маросимида қатнашамиз!
Ўқитувчимиз оқсоқлана-оқсоқлана синфдан чиқиб кетди, лекин бир соат тугул икки соат ўтди ҳамки, у қайтмади. Сўнг дафтарларни ёқиш маросими бошқа кунга қолдирилипти, деган хабар келдию уй-уйимизга тарқалдик.
Кечқурун мен кундузи бўлган воқеани ҳаяжондан энтика-энтика ойимларга айтиб бердим.
Ойимлар мен кутган мақтов ўрнига:
— Ҳой, болам-ов, болам-ов! — дедилар тўсатдан кўзларига ёш олиб. — Сенга нима бўлди, болам-ов!
— Менга нима бўпти? Нега бундай дейсиз, ойижон? — дедим ранжиб.
— Ҳеч нима… Илоё дадангга ўхшаб қаҳри қаттиқ бўлма. Оллодан биттаю битта тилагим шу, болам.
Ойимларнинг гапига яхши тушунмадим. Эрталаб мактабга, тўғрироғи, залда осилган ҳурмат тахтасига қараб чопдим. Надоматлар бўлсинким, рўйхатга бир неча марта кўз югуртириб чиқдим: йўқ, на номим, на суратим бор! Душманнинг ёвуз кирдикорини фош этган ҳамма ҳушёр пионерларнинг сурати ҳурмат тахтасига осилган-у, битта менинг суратим йўқ! Афтидан, кимдир ҳушёрлик қилиб халқ душмани фарзандининг суратини ҳурмат тахтасига осиш мумкин эмаслигини айтиб, мендан ҳам ҳушёрроқ бўлган!
Мана, бу воқеаларнинг содир бўлганига ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди. Шахсга сиғиниш даврининг не-не жиноятлари фош этилди. Бу жиноятлар қандай даҳшатли бўлмасин, назаримда, уларнинг энг ёмони — катталар етмагандек, мендай гўдакларни ҳам ҳамма нарсага шубҳа билан қараш, ҳаммаёқдан ёвуз кирдикорлар қидиришга қаратилган уринишлар деб биламан.
Ниҳоят, дадамлар билан видолашадиган кун ҳам келди. Видолашишга уч кишига рухсат беришганди: ойимлар, катта опамлар ва менга! Шу боисдан бўлса керак, қариндош-уруғлардан ҳеч ким, на дадамларнинг укалари, на ёр-дўстлари — ҳеч ким келмади.
Ойимлар билан опамлар кечаси ухлашмай, дадамлар учун буғдой талқон, сўк талқон ва яна аллақандай нарсалар тайёрлашди. Чунки бу пайт дадамлар озод бўлади деган умид ожиз милтираб турган шамдай сўнган, у кишини узоқларга олиб кетишлари чамаси ойимларга аён эди.
Эрталаб тўрва-халталарни кўтариб қамоқхонага қараб йўл олдик. Бу сафар бизни кўп куттиришмади. Белига чойнакдак тўппонча тақиб олган ҳарбий бизни узун, тор, нимқоронғи йўлакдан ичкарига бошлади. Йўлакнинг ярмига борганда ўнг қўлдаги эшикни очиб, бизга йўл берди. Чоғроққина тўртбурчак хонанинг тўридаги стол олдида гимнастёрка кийган, сочлари оппоқ бир одам алланималарни ёзиб ўтирарди.
Дадамлар бурчакда курсида ўтирган эканлар (мен аввал у кишини танимай қолибман!) биз киришимиз билан дик этиб ўрнидан турдилар. Азалдан барваста, тўладан келган, новча одам бир-икки ой ичида чўпдай озиб, лунжлари ичига ботган, кўзлари киртайиб, қий-ғир бурни сўррайиб қолганди.
Яна қамалган кечасидагидек йиғи-сиғи бошланди. Ойимлар-ку, юзини рўмолига яшириб, жимгина титраб йиғлар, лекин опамлар… дадамларнинг бўйинларига осилиб олган опамларнинг фарёди тор хонани зир титратарди.
Кейинчалик марҳум ойимлар кўп айтгучи эдилар:
— Ноинсофлар жилла қурса ярим соат ҳам фурсат бермадилар. Даданг шўрликнинг дийдорига ҳам тўймадик. Берган чорак соатлари кўз очиб юмгунча ўтиб кетди…
Бу сафар чорак соат давом этган видолашув давомида дадамлар бирор марта Сталиннинг номини тилга олмадилар, қамалган кунларидагидек: «Мен партия олдида гуноҳкор эмасман! Ўртоқ Сталин барҳаёт экан, мени оёқости қилиб қўймайди!», — демадилар. Билъакс, бир неча марта кўзларига ёш олиб:
— Мени кечир, Гулшан. Аёл бошинг билан беш болани қандай боқасан — ақлим бовар қилмайди. Энди юз кўришишимизга ҳам кўзим етмайди, кечир мени! — дедилар.
Ҳар сафар дадам шундай деганларида столга мукка тушиб, алланималарни ёзаётган киши:
— Ҳой, Ёқубов! — дерди қоғоздан бош кўтармай.— Сенга нима бўлди? Ёш боламисан, Ёқубов!
Ниҳоят, бу одам қаршисидаги деворга осилган алмисоқдан қолган девор соатига кўз ташлаб:
— Фурсат тугади, Ёқубов. Энди хайрлашинглар! — деб буюрди.
Опамларнинг нидоси баттар авжига чиқди. Ойимлар озгина пул олиб келган эканлар, дир-дир титраган қўллари билан дадамларга тутди, дадамлар эса:
—Болаларингга ярат, Гулшан! — деб ёлворар эдилар. Лекин ойим кўнмай, ахири пулни олишга мажбур қилдилар.
Ойимлар келтирган пул бор-йўғи эллик сўм бўлиб, ўнта беш сўмликдан иорат эди. Дадамлар пулни қийнала-қийнала оларканлар, беш сўмликлардан бирини менга узатдилар. Ойимлар пулни мендан олиб, дадамларга қайтариб бермоқчи бўлгандилар, дадамлар кўнмадилар, кафтларини бошимга қўйиб:
— Сен энди бу уйдаги энг катта эркаксан, болам, — дедилар ва яна кўзига ёш олдилар. — Ойингга ёрдамлашиб, укаларингга қараб тургин, болам!
Дадамлар шундай деб беш сўмликни чўнтагимга солдилар.
— Умримда бир марта сенга музқаймоқ олиб бермоқчи бўлган эдим, бу ҳам насиб этмади Бу пулга дафтар-китоб ол! Қолганига музқаймоқ олиб е, ўғлим!..
Боядан бери ойим ва опамларга қўшилиб йиғлашни ўзимга эп кўрмай серрайиб турган бола, тўсатдан, худди дадамларни олиб чиқиб кетаётган пайтларидагидек юрагимда нимадир дарз кетгандай туюлдию НКВД ходимининг мақтовлари ҳам, аксилинкилобчилар кирдикорларини фош этган ҳушёр пионер эканлигим ҳам — бари ёдимдан чиқиб, «Дадажон!», деганча отамнинг тиззасини қучоқлаб олдим.
Бу машъум воқеалардан кейин кўп йиллар ўтди, кўп сувлар оқиб кетди. 1955 йили Хрушчевнинг бутун дунёни ларзага солган машҳур нутқидан кейин оиламиз, шахсга сиғиниш зулмидан жабр чеккан миллион-миллион оилалар каби дадамларнинг тақдирини, ўлик ё тирик эканини (унгача ёзган ўнларча хатларимизнинг биттасига ҳам жавоб ололмагандик) сўраб, юқори ташкилотларга мурожаат қилдик.
Мактубларнинг биттасини Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасига, икинчисини СССР Давлат хавфсизлиги қўмитасига йўлладик. Тахминан тўрт-беш ойдан кейин бирин-кетин иккита жавоб келди. Жавобларнинг биринчиси Қозоғистон Марказий Қўмитасидан бўлиб, унда дадамларнинг партиявий иши кўриб чиқилгани, у киши Сталин шахсига сиғиниш қурбони бўлганлиги эътироф этилган ва 1918 йилдан эътиборан партия аъзоси сифатида тиклангани хабар қилинган эди.
Иккинчи жавоб Москвадан, Давлат хавфсизлиги қўмитасидан бўлиб, унда айтилишича, дадамлар Узоқ Шурқдаги қайси бир ўрмон хўжалигида дарахт кесувчи бўлиб ишлаган, 1943 йил қиш ойларида (вақти аниқ айтилмаган) дарахт кесаётган пайтида йиқилиб вафот этган.
Биринчи жавобдан фарқли ўлароқ, бу хатда шундай илова ҳам бор эди. Агар волидамиз (мен ёзган хат, табиий, ойимлар номидан битилган эди) нафақа ёшида бўлсалар, у кишига давлат тегишли микдорда нафақа тўлайди. Агар ойимларнинг турар жойи бўлмаса, у киши қўмитадан келган ушбу жавоб асосида шаҳар кенгашига мурожаат қилиб, навбатсиз уй оладилар…
Ҳар иккала хат ҳам ҳақиқатни қарор топтириш, адолатни тиклашга қаратилган эди. Аммо мен негадир, эҳтимол, Узоқ Шарқда олти йил оддий солдат бўлиб, бутун қийинчиликларни бошимдан ўтказганим учундир, ногаҳон ўзим кўрган бепоён совуқ ўрмон, қор тагида эгилиб турган дарахтлар, қиш кўз олдимга келди. Бир зум нигоҳим олдига бу қоронғи ўрмонда беҳол имиллаб дарахт кесаётган дадамлар келди, келди-ю, алам, изтироб, меҳр-шафқат ва хўрлик туйғулари тошқиндай гувиллаб вужудимни қақшатиб юборди.
«Йўқ! Бу нопоклар 1918 йилдан фирқа аъзоси бўлмиш отамни ноҳақ қамайдилар, қариганида ҳам озод қилишни истамай, қаҳратон қишда ҳам ўрмон кесдириб, ўлимга маҳкум этадилар-у, энди ўз гуноҳларини ювиш умидида жудолик азобидан икки букилиб қолган бевасига нафақа тўлармишлар, бошпана берармишлар! Йўқ, мен битта онамни улар берган садақасиз ҳам боқиб оламан, уларсиз ҳам бошпана топиб бераман!»
Хаёлан шундай деб, яхши ният билан ёзилган икки хатни бурда-бурда қилиб йиртиб ташладим…