1. Бобо
У кишини бу музофотда Шўро бобо ҳам, Хўжаев бобо ҳам, Раис бобо ҳам дейишади.
Отахон аслида Бухоро шаҳрига туташ жойдан. Улуғ Ватан урушидан олдинги нотинч йилларда Файзулла Хўжаев туҳматга учраганда аайрим калтабин кишилар фамилияси ХЎжаев бўлганларни ҳам шубҳа остига оладилар. Шунда Шўро бобо бир кечада она қишлоғини тарк этиб Пахтаободга келиб қолади. У паст-баландни биладиган билимдон киши бўлгани учун аввал бригадир, сўнг хосилот шўро, кейин раисликка сайлашади.
Уруш бошланади. Ўшанда ҳам раис тадбир билан иш юритиб, колхознинг шуҳратини улуғлайди. Эркаклар фронтга кетиб, далада асосан хотин-халаж қолганига қарамай колхоз биринчи бўлиб қолаверади. Раис фронтга кўплаб ғалла, мева жўнатиш билан бирга одамларга ҳам анча-мунча буғдой тақсимлашни канда қилмайди.
Шуларнинг эвазига бўлса керак колхозга эскигина юк машинаси – “политурка” беришади. Аммо ҳадеганда уни ҳайдайдиган шофёр топилавермайди. Шунда раис шаҳарга тушиб Вася деган озғин, сарғиш йигитни эргаштириб келади.
–Бугундан эътиборан Вася колхозимизнинг шофёри, – дейди раис, – уни ҳеч ким ранжитмаслиги керак!
Васянинг ўзи ҳам бағоят хушфеъл, камтарин, меҳнаткаш йигит чиқиб қолади. Қишлоқ болаларининг пешонасидан ихлос билан ўпишни, аёллар, кексаларнинг ҳожатини чиқаришни одат қилади, шоввоз. Икки бортига “Пахтаобод колхози” деб ёзилган машина районда ҳам кўпчиликка таниш, қадрдон бўлиб қолади. Раис унинг кабинасига ўтириб олиб, илғорларни бот-бот шаҳарга олиб чиқади.
Аммо шўрлик Шўро бобони Бухорода таъқиб этган машъум қисмат бу ерга ҳам етиб келади. Вася аслида немис эканлиги, унинг ҳақиқий номи Вайслиги аён бўлиб қолади. Бу нохуш гапдан Пахтаобод сесканиб тушади. Шу дақиқадан эътиборан одамлар машинага йўламай қўядилар. Васяга бўлган илиқ меҳр ўрнини беҳудуд нафрат эгаллайди.
Шофёр зудлик билан жуфтакни ростлайди-ку-я, аммо қишлоқда раис ҳақида ҳам нохуш гап оралаб қолади. “Хўжаев немисларга сотилган эмиш. Ўзи асли халқ душмани бўлган эмиш”.
Одамлар раисдан ўзларини олиб қочадиган, унга ёвқараш қилиб ўтадиган бўлиб қолишади. НКВД Хўжаевнинг ижтимоий келиб чиқиши билан қизиқиб қолади.
У колхоз муҳрини қоровулга топшириб, бир кечада Пахтаободдан ғойиб бўлади. Шунда: “Хўжаев немислар томонга ўтиб кетибди”, дейишади одамлар. Бир неча ойгача пахтаободликлар уни нафрат билан эслаб юрадилар.
Орадан икки-уч йил ўтгач, ҳамқишлоқлар уни ўзгача оҳангда эслай бошлайдилар: “Шўро бобо жуда меҳрибон одам эди”, “Колхозчининг бошини силарди”, “Бирор кишининг бурнини қонатмасди”.
Бунақа илиқ гаплар шунинг учун авж оладики, биринчидан, Хўжаев ўз қишлоғида бригадир эканлиги аён бўлиб қолади. Иккинчидан, ундан кейин раисбўлиб келган Шўро бобо қўйган қадрларни зудлик билан алмаштиради, айрим бегуноҳ кишиларни қувғин остига олади. Колхоз планни бажаролмай қолади. Колхозчилар анча қашшоқлашиб, ҳатто уруш йиллари оладиган буғдой, оқжўхори сингари улушлардан маҳрум бўлиб қоладилар. Иккинчи йили аҳвол ундан ҳам хароб бўлади. Райком раисни янгилашдан ўзга илож тополмайди.
Янги раис атиги бир йил ишлади. Қишлоқдаги бир енгилоёқ аёл билан дон олишиб қолгани аён бўлгач, ўзи жуфтакни ростлаб қўя қолади.
Колхозчилар ўзларига муносиб раис излаб юрган кунларнинг бирида қишлоққа тасодифан Шўро бобо кириб келади. Одамлар унга бағоят хушфеъллик ва хурсандлик билан пешвоз чиқадилар.
АЁн бўлишича, раис ҳақиқатан ҳам она қишлоғига қайтиб кетган экан. Бориши билан жону ҳолига қўймай бригадир қилиб тайинлашибди. Кўп ўтмай раисликка ҳам лозим кўришибди. Шўро бобо тадбиркор эмасми хўжаликни тез кўтарибди. Пахта, ғалла плани ошиғи билан бажарилибди. Шунда катта бир йиғилишда раисга сўз бериб, ана шу ютуқларнинг омиллари ҳақида гапиришни сўрашибди. “Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ, – дебди раис, – ерга нури бериб, одамларга ҳақ тўласанг, ҳар қандай хўжаликни юксалтириш мумкин. Қолган ҳамма омиллар иккинчи даражали”..
Йиғилишдан кейин НКВД бошлиғи уни кабинетига таклиф қилибди.
“Сиз ерга нури билан одамларга ҳақ тўлашдан бошқа ҳамма факторлар иккинчи даражали, дедингиз. Ўртоқ Сталиннинг раҳбарлик сиёсатини ҳам… Бизга тушунтириш хати ёзиб беринг!”
У тушунтириш хати ёзиб берибди-ю, Пахтаободга қараб йўл олибди. Пахтаободликлар Хўжаевни бирор ҳафтагача иззатини жойига қўйиб меҳмон қилгач, раис бўлишини илтимос қилиб қолишибди.
“Йўқ,- дебди у, – мен энди раҳбарлик қилмайман! Лозим топсаларинг тегирмонни беринглар, юргизиб юраман”.
Одамлар жону ҳолига қўймайдилар. У аввал ҳосилот шўро, сўнг раис бўлади.
Пахтаобод тағин йилма-йил тараққий этади. Колхознинг номи газеталарнинг биринчи саҳифаларида, ҳурмат тахталарида жаранглаб қолади. Катта мажлисларда Хўжаев нуқул президиумга сайланадиган бўлади. Қисқа вақтда замонавий посёлка, стадион қурилади. Нуфузли меҳмонларни кўпинча Пахтаободга олиб келадиган бўладилар.
Олтмишинчи йилларнинг бошларигача давом этади бу ширин даврон.
Ўша йили Россия шаҳарларидан бирида яшовчи тўқимачилик фабрикаси коммерсия ишлари бўйича директор ўринбосарининг уйини ўғри уради. Табиийки, жабрдийда зудлик билан милицияга хабар етказади. Оператив группа тузилади, исковуч ит олиб келишади, хуллас, ўғрилар қўлга тушишади. Улар бир неча ўсмир йигитчалар экан. Болалар анча-мунча олтин, марварид буюмларни пуллашга ҳам улгуришибди.
Ўсмирлар қамоққа олинадилар. Орадан анча вақт ўтгач, ҳалиги йигитчалардан бири марказий газета редакциясига жуда таъсирли хат йўллайди. Ота-онаси эртадан-кечгача фабрикада ишлашларига қарамай, уйларида лоақал радиоприёмниклари ҳам йўқлигини, бу мансабдор эса битиб кетганини ёзади, редакциядан адолат мурувват сўрайди. Редакция хатни прокурорга жўнатади. Прокурор жиноий иш қўзғайди. Ҳалиги амалдор ўз тушунтириш хатида бу бойликлар ота мерос эканлигини ёзиб, отасининг васиятномаси, нотариус тасдиқлаган бир талай ҳужжатларни ҳам кўрсатади. Прокурор бу ҳақиқатни редакцияга маълум қилишга ва ишни ёпишга қарор қилади. Аммо, тасодифан қарангки, у автомобил ҳалокатига учраб, иш охирига етмай қолади.. Унинг ўрнига тайинланган прокурор ишни қайтадан бошлаб, чуқурроқ тергов ўтказади. Маълум бўлишича, ҳалиги амалдорнинг отаси бетайин бир алкаш ўтган экан. Бошқа ҳужжатлар ҳам анчайин қалбаки ўтган экан. Уни бироз исканжага олишга тўғри келади. Директор ўринбосари бу бойликларни ўзбекистонлик айрим дўстлари совға қилишганини ёзади.
Бу “дўст” лардан бири пахта заводи савдо бўлимининг мудири экан. Милиция унинг ҳиқилдоғидан тутади. У анча-мунча талмовсираб, тайсалга солиб кўради-ю, ниҳоят пахтапурушлик қилганини бўйнига олади. Бу қорчалонга пул чўзган раислар, бухгалтерлар, кассирлар рўйхатини ҳам ундан “суғуриб” оладилар.
Масала катта қозонда қайнайди. Аввал райондаги, сўнг областдаги казо-казо раислар устидан жиноий иш қўзғалади.
Бошқа хўжаликлар қатори Пахтаободни ҳам тафтиш қилишади. Маълум бўлишича, илғор бригадалардан бири ана шу нопоеликка аралашиб қолган экан.
“Мажбуриятни бажаришига икки процент қолганди Раис бобо хафа бўлмасинлар, деб шундай қилдим”, дейди у.
Бригадирни қамоққа олишгандан кейин Шўро бобо жуда ўксиб кетади. Бир ҳафтада букчайиб қолади. Райкомга ёзган аризасида: “Мен раисликка нолойиқман, колхозда шундай ҳол беришига мен ҳам айбдорман”, деб ёзади. Йўқ, уни ҳеч ким айбламади. Аммо илтимосу илтижоларини инобатга олиб раисликдан озод қилишади.
Отахон пенсияга чиқиб, одамларнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган жувозни тиклайди.
2. Арзи ҳол
Ҳурматли дўстим Годердзе!
Анча вақтдан бери мактуб ёзмаганим учун кечир! Ишга кўмилиб қолдим. Бунинг устига уй-рўзғор ишлари кўпайиб кетди. Ўйлаб қарасам, сен билан армияда хизмат қилган пайтларимиз олтин давр экан. Нақадар беташвиш, беғубор кунлар эди.
Армиядан қайтиб келганимдан кейин алламаҳалгача бекор юрдим. Аниқроғи, нима иш қилишимни билмай қолдим. Айрим тенгдошларим райондаги турли ташкилотларга қатнаб ишлашади. Улар менга анча-манча иш ҳам топишди. Аммо ота мерос бир парча заминни ташлаб кетишга кўзим қиймади. Бусиз ҳам қаровсизликдан томорқалар қақраб, иморатлар тўкилай деб қолганди. Шунинг учун қишлоқда қолиб тақдиримни синаб кўрмоқчи бўлдим. Тўғри, колхозда ишнинг боши ҳам, охири ҳам бўлмайди. Маошингни ҳам вақтида ололмайсан. Аммо заминни, ҳамқишлоқларни ташлаб кетавериш ҳам унчалик жўн иш эмас экан!
Едингда бўлса, сенга Шўро бобо ҳақида гапириб берган эдим. Ҳозир қишлоғимизда отахоннинг ўғли – Файзулла раис бўлган. Бир-икки ҳафта дам олгач, шунинг олдига кирдим. Яхши йигит экан.
“Хўш, сенга нима иш берсам экан-а”, деди у ўйланиб. “Менга трактор беринг, – дедим фурсатдан фойдаланиб, – ҳужжатим бор, армияда ҳам танкист бўлганман!”
У бош инженерни дараклаб, менга иш беришни тайинлади. Инженеримиз ҳам камтарин, камсуқум йигит экан. Мени трактор паркига эргаштириб борди-ю, бир чеккада турган шалоқ “Белорусь” ни кўрсатиб, бор ҳақиқатни гапириб берди.
–Бултур эгаси йўл қурилиши идорасига кетиб қолди. Бир оз ҳаражат қилиш керак. Биз ҳам қараб турмаймиз…
Тракторни даладан лой ҳолда ҳайдаб келиб, шундайгина ташлаб кетгани учун у занглаб кетганди. Аккумулятори, стартёри, фараларидан ташқари генератори, кичик фильтри, бир форсункаси ҳам йўқ эди. Ноинсоф тракторчилар кабинадаги қўлга илинадиган асбоб-ускуналарни ҳам ўмариб кетишганди. Рости гапки, хафа бўлиб кетдим. Буни инженер сезди.
–Бугун форсунка билан генераторни топиб беришади, – деди меҳрибон оҳангда, – механик билан уё-буёғини тортаверинглар, қани, тағин бир гап бўлар.
Дўстим Годердзе! Бу шалоқ даҳмазани эпақага келтириш учун нақ бир ой уннадим. Шодивой деган таксичи дўстимдан бир оз қарз кўтаришга ҳам тўғри келди. (Акамдан сўрамоқчи бўлдим-у, янгамдан андиша қилдим.) Тракторни не-не машаққатлар билан ҳайдаб чиққанимдан кейин ҳам иш топиш амримаҳол бўлди. Ҳамма бриганинг ўз трактори, тракторичиси бор экан. Лекин мени ҳам ишсиз қолдиришмади. Тракторларга ёқилғи ташишга қўйишди.
Рости гапки, бу иш мени сира қаноатлантирмасди. Тушгача барча тракторларни заправка қилиб чиқаман-у, кейин нима иш қилишимни билмайман. Томорқага зўр бўрмоқчи бўлгандим, чнгам рўйхушлик бермади. “Биз у ерда иморат қурмоқчимиз”, деди.
Бир куни “Белорусь” ни чоптириб кетаётганимда йўлда Шўро бобони кўриб қолдим. Тормозни босиб, тушиб кўришдим. (Колхозимиздаги ҳамма шофёр-у, тракторчилар шундай қилишади.)
“Сен Очил тегирмонни ўғлимисан? Нима иш қилиб юрибсан? Сани ўрнингда бўлсам, кўчани чангитиб юрмай, Дарёвотни обод қилардим”, деди у киши.
Мен отахон билан хайрлашдим-у, бот-бот дадам ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Раҳматлини Очил тегирмон дейишарди. Магазинларда ун кўпайиб, касбу кори касод бўлгунча тегирмончилик қилган у. Кейин арава беришди. Умрининг охирида аравадан ҳам воз кечиб, сой бўйида боғ қилишга киришди.
Дадамнинг ногаҳонда бундай қарорга келишининг боиси менга қороғу эди. Қишлоқдоўларимиз Дарёвот деб атайдиган бу қияликлар сой соҳилида бўлса ҳамки, сувдан бенасиб эди. Бунинг устига қайроқтош кўплигидан кетмон уриб бўлмасди. Дадам эрта баҳорда ана шу ёнбағирлрга ёнғоқ, шотут, олма – хуллас, қўлига тушган ниҳолни қадайверди. Тоғда бир нечта дўлана ҳам кўчириб келди.
Бу қашшоқ заминда ниҳол кўкартириш унча жўн иш эмасди, албатта. Дадам аввал бағоят синчковлик билан жой танлар, сўнг сандалдай ернинг шағал, қумларини чиқариб, ўрнига тоза тупроқ ташиб келарди. Мен ҳам ҳар куни мактабдан чиқиб Дарёвотга йўл олардим. Кўпинча акам ҳам менга ҳамроҳ бўлар ва биз учовлашиб алламаҳалгача тер тўкардик. Ҳаммадан ҳам ноҳолларнинг атрофини ўраш қийин бўлганди. Тоҳдан ёввойи бодомча ташиб, четан девор тиклагандик. Азои баданимга тикан қадалиб, роса озор чекканман.
Ўша баҳор – кўчатларнинг олди барг ёзганда дадамнинг шундоққина кўкраги устидан без чиқди. Биз сесканиб тушдик. Чунки бобомни ҳам кўкрак устидан чиққан ана шунақа без олиб кетганини билардик-да!
Дадамнинг мадори қуриб, иштаҳаси бўғиладиган бўлди. Лекин у имкон борича кўпроқ ишлашга, аниқроғи, кўпроқ улгуришга ички бир талваса билан тиришадиган бўлди.
Грачанд дарё яқин бўлса-да, ундан челаклаб сув ташишга тўғри келар, бу эса осон эмасди. Не-не уқубатларда олиб чиқилган сувни чанқоқ замин ташна туядай бир қултум ққилиб симириб юборарди. Бу ерда томчи сув ҳисобда бўларди. Мен дадамга тушлик олиб борганимда, гоҳ у, гоҳ бу ниҳол остида қўл ювар ва ички бир қониқиш билан таъкидлаб қўярди: “Бунинг ҳам ҳалқумига сув тегди!”
Без йириклашди: аввал данакдай, сўнг ёнғоқдай… Бормаган доктору дуохонларимиз қолмади. Аммо дарднинг мудҳиш чангали бешавқат экан. Дадам ётиб қолди. Кундан-кун қоқсуяк бўлиб бораётган дадажонимни қувонтиришнинг бирдан-бир йўли ниҳолларни суғориш эканлигини ич-ичимдан ҳис этардим. Дарсдан чиқиб, тўғри Дарёвотга йўл олардим. Аммо ҳарчанд қилмайин боғ ҳам дадамга ўхшаб қовжирайверди. Бир жуфт дўлана билан ёнғоқ жон сақлаб қолди, холос.
Шўро бобо билан саломлашган куннинг эртасидаёқ Дарёвотга йўл олдим. Қарасам, дарахтлар анча улғайиб қолишибди. Чамалаб кўрсам, бу ерда салкам чрим гектар ер беҳуда ётибди. Битта насос сотиб олсам, Шўро бобо айтгандай каттагина боғ қилиш мумкиндай эди. Шундан кейин куну тун боғни ўйлайдиган бўлдим. Бирор ҳафта ўтар-ўтмас шу масала билан раисга кирдим.
“Давай, – деди у одатдагидек, гапимни охиригача ҳам эшитмай, – ўзим ёрдам бераман. У ерда икки гектарча ер бор. Булъдозер биздан, мотор ҳам топиб бераман. Келажакда боғларни кўпайтиришимиз керак!
Дўстим Годердзе! Бу ердаги чўққига чиқиб қарасанг, Дарёвот катта ҳовучга ўхшаб кетади. Деҳқоннинг беўхшов ҳовучига!
Ҳар бири етмиш беш, юз от кучига эга бўлган бульдозер ва тракторлар ана шу “ҳовуч” нинг ичини бир ҳафта ичида эпақага келтирдилар. Тупроқ остидан беҳисоб тош, шағал чиқди. Мен ён-веримга қарамай тош теришга тушиб кетдим. Тезда хотиним, синглим ёнимга киришди.
Орадан кўп ўтмай Дарёвотга раис келди-ю, қувониб кетди.
“Давай,-деди, – бу ёғини ҳам зичланг! Нима ёрдам керак бўлса, биз-за! Агроном шу ҳафта ичи ниҳол олиб келади. Одам ҳам топиб бераман.!”
Шундай қилиб ниҳолларни ҳам қадаб олдик. Раиснинг маслаҳати билан ораларига чигит экдим. Ҳозир уларни парваришлаб юрибман. Қийинчилик кўп, аммо нолийдиган жойим йўқ. Колхоз ёрдам бериб турибди.
Ҳозирча бор гап шую Тағин ўзгаришлар бўлса ёзарман. Сенинг ҳам мактубингни кутаман. Салом билан: РАУФ.
3. Жавоб
Қадрли дўстим Рауф! Мени кечир! Ойлар, йиллар ўтиб мактубингга жавоб ёзолмадим. Сенга ўхшаб менинг ҳам ташвишларим кўпайиб кетди. Бошимга анча ташвишлар тушди, дўстим.
Ёдингда бўлса бобом юздан ошганлигини ёзган эдим. У кишидан ажралиб қолдик. Армиядан келиб ишга жойлашиш ташвишида юрган кунларим эди ўшанда… Ҳали-вери ўладиган эмасди-ю, фалокат рўй берди.
Байрам арафасида уни ногаҳонда шаҳарга таклиф қилиб қолишди. Бобом кўнмади. Чунки салкам эллик йилдан бери шаҳарга тушмаган эди-дп. Уруш йиллари фронтга мандарин, узум жўнатгани тушган, холос. У рози бўлмаса ҳамки, мен галварс жону ҳолига қўймай боришга даъват этдим. “Орден-медалларингизни тақиб олинг, – дедим, – ҳар эҳтимолга қарши, Сталин, Оржоникидзе билан тушган суратларингиз ҳам қолиб кетмасин. Эҳтимол ложага чиқариб қўйишмоқчидир. Балки сўз бериб қолишар”.
Йўқ, ложага ҳам чиқаришмабди, сўз ҳам беришмабди. Шунчаки юз ёшдан ошган мўйсафидларни машинага миндириб майдондан олиб ўтишибди. Худди яхши отларни намойиш қилгандай уларни ҳам халойиққа, раҳбарларга кўрсатишибди. Мацдондан ўтгач, бурилишда машна силкиниб кетибди-ю, бобом йиқилиб тушибди.
Етиб борганимда тирик эди бояқиш. Менга қараб жилмайди ҳам. “Сизга нима бўлди?” – сўрадим ваҳм билан. У жавобан батамом бошқа гапларни гапирди: “Годердзе, саклани эҳтиёт қил! Токлар, мандаринлар қовжираб қолмасин!”
Кейин ҳарчанд қилсам ҳам гапирмади. Қишлоққа олиб борганимдан кейин жон берди.
Бир ҳамқишлоғим бор эди – Гогиашвили деган.Отаси нақ юз ўн йил яшади. Чолнинг вафотидан кейин қабрига шундай зўр мақбара ўрнатдики, нақ оғзинг очилиб қолади. Мармарда кекса Гогиашвили ток новдаларини авайлаб боғлаётгани акс эттирилганди. Аслини олганда чол шунча йил яшаган бўлса ҳамки, ўзидан бошқани ўйламаганди. Умрини тоғдан ёғоч кесиб сотиш, дарёдан балиқ тутиб пуллаш билан ўтказганди. Ўғли ҳам отасига ўхшаб яшянинг йўлини биларди: нкқул мандаринпурушлик қиларди. Энди ўзинг ўйлаб кўр: дадам инқилобдан олдин яширин партия ташкилотига аъзо бўлиб кирган, урушда икки ўғлидан ажралган бўлса-ю, унинг қабри муғайиб турса. Йўқ, дедим, бунақаси кетмайди! Аммо бунинг учун анча-мунча пул керак эди. Шундай қилиб пул топиш пайига тушдим. Шаҳардаги атеистлар идорасига шофёр бўлиб олдим. Бу ерда ишнинг тайини йўқ эди. Шунинг учун ҳам бекор ўтиравермай одамларнинг ҳожатини чиқаришга тушдим. Кимда ташвиш йшқ: биров вокзалга шошади, бошқа биров эса бозорга бориши керак. Албатта, хўжайиннинг ҳожатини ҳам чиқариб турдим. Кейин гап-сўз бўлиб юрмасин, кўпам шубҳаланишмасин деб, машинанинг эшигига шахмат чиздириб олдим. Ҳар эҳтимолга қарши эски таксометр ҳам ўрнатдим. Эътибор беряпсанми – қонуний таксининг ўзи эди-да! Лекин ҳаммага ҳам хизмат қилавермасдим, ўз мухлисларим бор эди: монахлар, поплар… Улар шикоят қилишмайди, майда-чуйдаларга эътибор беришни гуноҳ деб билишади. Шу тариқа пул топиб, зўр соғона қурдирдим. Аслида шундан кейин қишлоққа қайтишим, бобомнинг васиятини бажо келтиришим керак эди. Мен нодон бўлсам, баднафслик қилиб, эрта, индин кетаман, деб қўлга тушдим. Эҳ, кўп азоблар чекдим. Қамаб юборишди, жоҳиллар! Бир талай қурилишда ишладим.
Мажбурий хизматдан қайтиб келсам, сакла тўкилай деб қолибди. Шундай қилиб, енг шимарганча ишга киришдим. Бултур уйларни ҳам таъмирладим. Токларнинг ҳам бир қисмини янгиладим. Бу йил яхши ҳосил олсам керак. Чунки бутун оилам билан ёпишиб ишладик.
Боғбонлик, пахтакорлик қилаётганингни ўқиб қувондим. Чунки ерда ишлаган одам бебаҳра қолмайди. Одамларнинг дастурхонига мева, ўзларига либос тайёрлаб беришдан кўра эзгу иш бор. Бунинг устига магазинларда пахтадан тўқилган мато камайиб кетяпти.
Яқинда Самарқанд, Бухоро саёҳатида бўлган бир ҳамқишлоғим сизлар томонда ҳам бу борада аҳвол ночорлигини айтди. Ишонқирамадим. Наҳотки миллион тонналаб пахта ишлаб чиқарадиган юртда у танқис бўлса. Мантиққа тўғри келмайди! Ўзи ҳамқишлоғим лофчироқ. “У ерда кафанлик учун оқ сурп сотиб олишга ижроком рухсати керак”, деди. Роса устидан кулдик.
Дўстим, Рауф! Мактуб йўлласанг, шу ҳақда ҳам батафсилроқ қалам тебрат. Умуман оиланг, ҳаётингда нималар бўлаётганидан бизларни воқиф эт.
Агар ёр-биродарлар бидан биз томонларга меҳмон бўлиб келсанг, бошим осмонга етарди!
Салом ва эҳтиром ила, дўстинг: ГОДЕРДЗЕ