“Ассалому алайкум, ҳурматли тоғажон!
Ушбу номани қадрдон жиянингиз − Содиқжондан деб билгайсиз!
Саломатлигингиз яхшими? Янгам, жиянларим соғ-саломатми? Диссертациянгиз қийнаб қўймадими?
Мендан аҳвол сўрасангиз, ёмон эмас. Врачлар обдон текширишди, рентгендан ўтказиб, дори-дармон тайинлашди. Жуда меҳрибон, ғамхўр одамлар экан. Тузалиб кетсам, бирор йўл билан яхшиликларини қайтаришни кўнглимда тугиб қўйдим. Дори-дармонлардан кейин енгил таомларни баҳазўр ҳазм қиляпман. Доктор узум, анор, савзи шарбати ичишни тавсия этяпти.
Палатамиздагиларнинг ҳаммаси бир-бирига меҳрибон, ажойиб кишилар. Ўнг томонимда Ҳожи бобо деган мўйсафид ётадилар. Инқилобдан илгари – ҳали мендан ҳам ёш бўлганда тоғалари ҳажга олиб борган экан. Туяда, отда нақ олти ой йўл босибди. “Ҳозирги ҳожилар ҳожи эмас, – дейди у киши, – зув этиб самолётда бориб келади”.
Чап томонимда Владик деган бола ётади. Болалар уйида тарбияланган экан. Ҳеч кими йўқ. Владик биз билан камдан-кам гаплашади, китобдан бош кўтармайди. Ундан нарида Сергей деган амаки бор! Бир оёғи протез.
Даволовчи врачимиз Ҳакимжон ҳам мен тенги йигит. Жуда камтарин, виждонли. Ҳожи бобо аввалари қандайдир арабча китобни ҳамширалардан яшириб ўқирди. Ўша Ҳакимжон сезиб қолиб: “Қўрқмай ўқийверинг, ишимиз йўқ”, деди. Ҳожи бобо жуда қувондилар.
Тоғажон! Ортиқча тафсилотларни ёзиб, вақтингизни олаётганим учун кечиринг. Бу ерда одам зерикиб, нима қилишини билмай қолади. Шунинг учун бошқа одамларга ёзган хатларим ҳам узундан-узоқ. Дадамга ҳам икки варақли хат ёзиб, яқин кунларда тузалишимни айтдим.
Тоға! Илтимос, сиз у кишидан хафа бўлманг! Урушда бошларига осколка тегиб шунақа бўлиб қолганлар. Айниқса онам вафотидан кейин гоҳо тажанг, гоҳо камгап, ғалати… Аслида у киши сизни хафа қилмоқчи эмасди. Хуллас, ўша гапларни ёддан чиқаринг! Биз сиз билан фахрланамиз. Сиз авлодимиздан чиққан улуғ одамсиз. Мен Ҳожи бобога сиз ҳақингизда гапириб бердим, яқинда олим бўлишингиз ҳақидаги ҳикоямни қизиқиб эшитди. Ҳожи бобо ҳам тоғасини эслаб, мақтаб кетди.
Зиёратдан қайтишда юқумли касалликка чалинибди. Ўлатми, вабоми, шунақа. Карвонбоши, касаллик бошқаларга ҳам юқишидан чўчиб, тушиб қолишини талаб қилибди. Тоғаси унинг оёғига йиқилиб йиғласа ҳам кўнмабди. Ниҳоят, жияни билан ўзи ҳам қолибди. Тасодифни қарангки, касаллик тоғага ҳам юқиб, ўша ерда нобуд бўлибди. Жияни эса тузалибди. Уни чўпонлар топиб олиб, мадорга киргизишибди. У киши мазкур воқеани эслаганда хаста хирогойисини эслайди: “Эй сорбон, оҳиста рон, оромижонам меравад…” Кейин дилини ғусса босади, шекилли, икки қўлини боши остига қўйиб жимиб қолади.
Тоғажон! Шу лаънати касаллик сабаб бўлиб, чемпионатга қатнашолмай қолганимдан афсусланаман. Қатнашсам, албатта, ғолиб бўлардим. Кўнглим сезиб турибди. Ёдингизда бўлса, тоғдаги қишлоққа курашга борганимизда ўзингиз ҳам шундай дегандингиз. Қизиқ бўлганди ўшанда. Машинангизда уч соатгача йўл юрдик. Шунча тез ҳайдаган бўлсангиз ҳам биз кечикиб бордик – кураш аллақочон бошланган эди. Ҳар бир қишлоқ ўз полвони билан келганда бу ерга. Тўй эгаси ғолибларга қўй, эчки улашарди. Лекин катта полвонлар ҳали сабр қилаётганини, улар кейинроқ майдонга тушишини билмасдим, тоғажон. Сездингизми, каттақўрғонлик полвон ўртага тушиши билан оломон бир гувиллади-ю, кейин жимиб қолди. Полвон мағрур давра айланарди, каттақўрғонлик меҳмонлар атрофга беписанд назар ташлашарди.
Мен ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, сиз аввалига негадир унамадингиз. Тўй эгаси солимга телевизор қўйгандан кейин имлаб юбордингиз. Менга шунинг ўзи кифоя эди, тоғажон! Биз кўп олишмадик: рақибим кучли бўлса ҳамки, оёғини олиб қочолмас экан. Кўтариб ташлашим билан атроф қий-чув бўлиб кетди. Олқишлардан ҳижолат бўлиб, жойимга қайтмоқчи бўлгандим, ҳакам унамай, бир қўлимдан тутганича давра айлантирди. Солимга аввал бир қўзи, кейин совлиқ қўйишди. Ҳамон талабгор йўқ эди. Кейин гилам қўйишди. Одамлар ногаҳонда қичқиришиша тушишди: “Шоҳимардон! Шоҳимардон!” Мен аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Қарасам, давранинг у чеккасида икки қўлини тиззасига тираб, энкайганча бир полвон турарди. Шоймардон шу қишлоқлик эканлигини, елкаси ҳали ерга тегмаганини билмасдим ўшанда. Бунинг устига вазнимиз ҳам тўғри келмасди. Ажабланиб сизга қарагандим: “Дадил бўл!” – деб имладингиз. Ўшанда менга қанча қудрат берганингизни билганингизда эди! Лекин дастлабки дақиқалардаёқ рақибимнинг жуда кучли, тажрибали ва… бешавқат эканлигини сездим. Шоймардон кураш қоидаларига умуман амал қилмасди, қўли теккан жойни чангаллаб кўкартирарди. Ҳакам билан томошабинлар уни тартибга солиш ўрнига нуқул олқишлашарди. У ҳар гал мени итқитиб юборганида одамлар гувиллаб қарсак чалишарди. Аммо мен ҳам ёлғиз эмасдим: ортимда сиз бор эдингиз! Вужудим зирқираб оғриса ҳам сабот билан олишишим керак эди. Шоймардон “дзю-до” билан маҳаллий курашимизни бир-бирига сингдириб юборгани учун хавфли эди. Москвалик бир тренернинг: “Бундай полвонларни фақат чарчатиб йиқитиш мумкин”, деганини эсладим. Шунинг учун анчагина давра айланиб, чекиниб ўзимни ҳимоя қилдим. Рақибим чарчаб қолиши билан чаққон ҳаракат қилиб икки оёғи орасига кириб олдим. У икки сони билан бўйнимни чунонам қисдики, кўз ўнгим қоронғулашиб кетди. Шунда бор кучимни йиғиб, қарийб юз килограмм келадиган рақибимни кўтардим ва мувозанатани йўқотиш билан отиб юбордим, сўнг ўзини ўнгламасданоқ, ерга босдим. Ҳаммаёқ қий-чув бўлди. Полвоннинг ўғли, шогирдлари йиғлаб юборишганини кўриб, ўзим ҳам алланечук бўлиб кетдим. Амо ҳакам ғирромлик қилди – ғалабани ҳисобламади. Шунда сиз чидаб туролмадингиз: уларнинг ғирромлигини юзига солдингиз. Биз қайтадан кураш тушадиган бўлдик. Энди ўзимни босиб олгандим: рақибимнинг ожиз томонлари аён эди. Уни обдан толиқтириб, кескин ҳужумга ўтиш олдидан сизга қарадим: сиз ҳаяжонда эдингиз. Ҳаяжонингиз менга ҳам юқди ва кескин ҳужумга ўтиб, уни маҳкам қисиб олдим. Шоймардон кутилмаганда икки қўлини юқори кўтарди. Бу – унинг таслим бўлгани эди. Қаршисида енгилмас ЁШЛИК турганига ўзи ҳам ишонч ҳосил қилганди, бояқиш! Қўйиб юборишим билан пешонамдан ўпди, азамат. Мен совлиқни олиб уйга жўнадим. Қолган нарсалар сизнинг улушингиз эди, тоғажон! Ўша совлиқ эгиз туғди. Олим бўлган кунингиз, албатта биттасини сўямиз! Тузалиб кетганимдан кейин, сиз билан тағин шундай курашларга борамиз! Ўғлингизга ҳам кураш тушишни ўргатаман!
Хуллас, шунақа гаплар. Эзмалик қилганим учун кечиринг, тоғажон!
Хатнинг жавобини интизор бўлиб кутувчи жиянингиз – Содиқжон”.
* * *
“Ҳурматли тоғажон! Саломатмисиз, кайфиятларингиз жойидами? Мендан ҳол-аҳвол сўрасангиз, ҳар қалай ёмон эмас. Врачлар яхши қарашяпти. Лекин ориқлаб кетяпман. Бир ой давомида етти кило ориқладим. Операция қилмоқчи бўлишди-ю, тағин фикрларидан қайтишди.
Дадам уч марта келиб кетдилар. Ҳар гал келганда, мени кўриб негадир йиғлайдилар. Палатадагилардан жуда хижолат бўлиб кетаман. Ўтган гал врачлар билан ҳам жанжаллашиб қолдилар. Шунча йўлдан анор, майиз олиб келибдилар. Кошки мен уларни ейолсам?! Дадам қувонсин деб, ёлғондан оғзимга соламан. Аммо узум, анор, сабзи шарбати кераклигини у кишига айтолмайман.
Дадам ҳалиги Сергей амаки билан дўстлашиб қолдилар. Икковлари ҳам Сталинград остонасида ярадор бўлишган экан. Шундан кейин Сергей амаки менга жуда меҳр қўйди. Унамасам ҳамки, қизлари олиб келган майда-чуйдалардан талайгина беради. Ҳожи бобо ҳам менга жуда меҳрибон. У кишининг икки ўғиллари кунора келиб туришади. Ҳожи бобо зудлик билан ўртага дастурхон ёзиб, баримизни таклиф этадилар. Фақат Владик келмайди. Қолганларимиз бирга овқатланамиз. Хуллас, ҳаммаси жойида. Аммо бу ерда бир жоҳил аёл бор. Ўзи – санитар. Овчарка итга ўхшаб ҳамманинг дилини хуфтон қилиб юради. Врачлар ҳам у билан ҳисоблашиб иш тутишади. Шу мени “скелет” деб камситади. Ўксиб кетдим. Самарқанд томонларга келгудай бўлсангиз, бош врачга айтиб қўярсиз. Бу ерда киши зерикади. Ҳожи бобо Саъдийнинг “Гулистон” идан парчалар ўқиб берадилар, аммо мен тожикчани тушунмайман. Илтимос, шу китобнинг ўзбекчаси бўлса бирор кишидан бериб юборсангиз. Владикни кўргани кўп одам келади. Тарбиячиси кунора келиб юм-юм йиғлайди. У билан тарбияланган болалар ҳам ҳар хил китоб, журналлал келтириб туришади.
Ҳозир ҳеч ерим оғримайди, лекин мадориим йўқ. Ташқарига чиқиб келгудай бўлсам, тинкам қуриб қолади. Ҳакимжон: “Ҳечқиси йўқ, бир-икки ойда тузалиб қоласиз”, деяпти.
Мен албатта, тузуламан, тоға. Сиз хафа бўлманг!”
* * *
“Тоға!
Сизни безовта қилиб, тағин хат ёзганим учун кечиринг. Биламан, хат ёзиш, бу ёқларга келишга сира вақтингиз йўқ. Аммо мен бекорман.
Аҳволим унчалик ёмон эмас. Чет элдан келтирилган аллақандай дори билан даволашяпти. Ҳар гал уколдан кейин иштаҳам очилгандай бўлади. Лекин доктор дори оз қолганидан ташвишланаяпти. Ҳечқиси йўқ, тағин топилар?!
Ёдингизда бўлса, аввалги хатларимда Ҳожи бобо ҳақида ёзган эдим. Шу киши оламдан ўтдилар. Чатоқ бўлди. Икки оёғи шишиб, ўринларидан туролмайдиган бўлиб қолгандилар. Кечқурун чўмилтириб, ётқизишди. Эрталаб бировнинг ўкириб йиғлашидан уйғониб кетдим: “Во, падарам! Во кўҳи баландам, дадажонам!” – деб йиғларди у. Ўша куни Владикнинг яқинлари уни олиб кетишди. Ленинградда даволатишармиш, Сергей амакининг оёғини қандайдир радон билан даволашяпти… Ҳакимжон мени ҳам шу усул билан даволамоқчи.
Тоға! Раҳматли Ҳожи бобо бир лўли ҳақида гапиргандилар. У менинг касалимни бир хил ўт билан даволаши мумкин эмиш. Имкони бўлса машинангизни бирор кун ўғлингизга берсангиз, мени ўша табибга олиб борса дегандим… Зора шу билан тузалиб кетсам. Ҳожи бобонинг айтишларича, даволагандан кейин битта қўйми, эчкими оларкан. Ҳечқиси йўқ – ўша қўзининг биттасини элтиб бераман. Биттасини олим бўлган кунингиз сўямиз”.
* * *
Ҳурматли ва меҳрибон, дадажон!
Ушбу мактубни ўғлингиз Содиқжондан деб билгайсиз. Шукур, аҳволим ёмон эмас. Баъзи суюқ овқатларни ичиб турибман. Энди деярли ҳеч жойим оғримайди. Палатамизда беморлардан бир ўзим қолдим. Сергей жўрангиз ҳам тузалиб кетди.
Дадажон! Маҳалламиздаги Бозор ака бор-ку, ҳалиги тайёрлов идорасида ишлайдиган. Яқинда шу одам талай майда-чуйда қилиб, мени кўргани келибди. Жуда яхши одам экан. Бир вақтлар тоғам шу одамни “жамиятимизга ёт элемент” деб атаганди. Мен нодон бўлсам шунга ҳам ишонган эканман. У врачларга учраб, менга яхшироқ қарашишларини ўтиниб сўради, аллақаердан узум шарбати ҳам топиб келди. Шу одам хайрлашатуриб: “Нима хизмат бўлса, тайёрман”, деганди. Илтимос, ўша кишига бир учрашсангиз. Машинаси билан келиб, мени табибга олиб борса. Кейин ўша ёқдан ўтиб, уйга бораман. Врачлар ҳам энди жавоб беришга рози. Оёғимда шиш пайдо бўлиб, туриш қийинлашаяпти.
Сиз ўксиманг, дадажон! Оёқдаги шиш ҳали қайтармиш. Мен, албатта тузаламан! Ҳалиги Бозор акага учрашиши ёдингиздан чиқмасин. Аммо тоғамга айтакўрманг: сиз нафратланадиган кишидан мен ҳам нафратланишим керак!
Сизга айтадиган гапларим ҳали кўп. Эсон-омон учрашсак, қолганларини бақамти гаплашармиз.
Эҳтиром ила ўғлингиз,
Содиқжон!”