Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Оқ бино оқшомлари (ҳикоя)

Ҳафизаларнинг уйи Туюлнинг чиқаверишида, Жалойирнинг кираверишида жойлашганидан бу уйдагилар иккала қишлоққа ҳам бирдай эди. Тўйгами, маъракагами — иккала ёққа ҳам бораверишар, бегонасирашмас эди. Қолаверса, бу қишлоқларнинг оти бўлак, мактаби бўлак, холос, қабристони қарийб бир-бирига уланиб кетган.

Ҳафиза тўрт синфни Жалойирда ўқиди, бешинчи синфдан отаси негадир у билан укасини Туюлдаги мактабга берди. Дастлаб янги синфдошларига аралашиб кетиши қийин бўлди, айниқса, туюллик қизчалар Ҳафизани анчагача орага қўшмай, ўзларига яқинлаштирмай юришди. Бўлар-бўлмасга ғижиллашиб қолишса, «Жалойирди жинниси» деб уни масхаралашар эди. Бора-бора бу гаплар унутилдию, лекин Ҳафизанинг митти юрагида кўринмас ғубори қолди. Шунданми, одамовироқ бўлиб ўсди. Неча марта онасига йиғлаб берди. Ҳатто бир сафар отасига: «Биз ўзи қайси қишлокданмиз?» деб зарда қилди. Отасининг «Иккала қишлоқ ҳам ўзимизники, ўртада бегонаси йўқ», деган жавобидан эса кўнгли тўлмади. Вақтни оралатиб, яна онасига йиғлади. «Тайинли бир ўртоғим йўқ мени», деб ўксинди. Онаси отасидан ошириб бир нима дермиди? Қўявер, қизларнинг минғир-минғири—сенинг шимилдириғинг, деб Ҳафизани юпатиб юрди…» Ҳа, қизлар кўпроқ ҳасад қилганларидан бир-бирларига озор беришади, ҳасад қилишаётган эканми, демак, сен улардан устунсан!» Бунисини онаси айтмаган, бунисини еттинчи синфдами ўқиётганида ўзи ўйлаб топган. Шундан кўнгли кўтарилиб, қизларнинг шивир-шивирини парвойига илмасдан, ўқишини ўқийверди.
Лекин, орадан йиллар ўтиб, битта болали бўлиб, дугонаси билан сирлашиб ўтирганида дилидаги ўша илк армонини барибир айтди.
«Ўзи мен бошидан иккига бўлиниб қолганман, — деди мижжаларини артиб, — энди ўлганимдаям ўнгланмасам керак».
Дугонаси бу дунёда Ҳафизанинг яккаю ягона сирдоши эди.
«Сен чиройлисан, Ҳафиза — ҳамма бало шунда!» деди ўша сирдоши ҳар галгидек тап тортмай.
«Нима қил дейсан? Юзимни юмдалаб ташлайинми?» «Юзни юмдалаган билан иш битмайди. Ўртада боланг бор, кўзингни оч, деяпман, холос».
«Буни ўзим ҳам биламан. Менга ўшанақа — кўзимни очадиган маслаҳат бергинда бўлмаса!»
«Тўғрисини айт: мабодо ҳаммаси қайта бошланганида кимга тегар эдинг?»
«Шариф акамга!» деди Ҳафиза ўйлаб ҳам ўтирмай. «Унда… Аваз ака-чи?»
«Билмадим… — Ҳафиза тутилиб қолди. —Ростини айтсам, тағин барибир шундай бўларди, шекилли…» «Унда менинг маслаҳатим сенга кор қилмайди». Жалойирдан Туюлдаги мактабга кўчиб ўтганининг боисини ҳам Ҳафиза эрга тегиб, битта болали бўлгандан кейин билди. Онаси айтди.
— Ўшанда Жалойирдаги мактабди дириктири — у юзсиз дадангди ошнаси эди — ўнинчи синфда ўқийдиган битта қизни бузиб қўйган. Ростиниям, ёлғониниям бир кимса билмайди, дадангга бўлса, ўзи мақтаниб айтганмиш. Дадангди биласан-ку, жаҳли бурнининг учида туради,— деди онаси нима сабабдандир ўша олис воқеаларни хотирлаб. Менинг болаларим сенинг ҳаром мактабингда ўқиб олим бўладиган бўлса, кечдим берадиган илмингдан, дебди дадаси ва шундан кейин Ҳафиза билан укасини Туюлга кўчирган экан. Ҳафиза буни эшитдию мийиғида кулди-қўйди.
…Ҳафизанинг одамовилиги ўзи билан, чеккадан қараган киши назарида эса, у ҳаддан ташқари чиройли, истарали, ҳаддан ташқари ёқимтой қиз бўлиб вояга етар эди. Бунақаси иккала қишлокда ҳам йўқ эди, иккала қишлоқ аҳли ҳам бунақасини умрларида кўрмаган эди. Буни Ҳафизанинг ўзи ҳам сезиб, ҳис қилиб улғаярди. Буни айниқса иккала қишлоқнинг ўғил болалари, йигитлари яхши билишарди. Эҳ-ҳе! Туюлда ҳам, Жалойирда ҳам Ҳафизани лоақал бир маротаба ўйламаган, у билан лоақал бир маротаба хаёлан бир тўшакда ётмаган, юрагида Ҳафизага аталган лоақал биттагина орзу-умиди бўлмаган, уни суймаган, унга хаёлан уйланмаган биронта йигитча, биронта бўйдоқ йўқ эди! Эҳ-ҳе! У орзу-умидлар, у ширин хаёлар бирдан жонлантирилиб, кино сингари кўрсатилса борми, Ҳафизани бир пайтда иккала қишлоқнинг деярли барча хонадонида кўриб, эс-ҳушингиздан айрилишингиз турган гап.
…ана, сочларини мажнунтол қилиб, нафис дуррасини Кумуш каби пешонасига дол танғиб, энкайганда очилган кўкрак ёқасини чап қўли билан тўсиб, ҳовли супуриб юрибди… ана, ўчоқдаги аланганинг акси уриб жилоланаётган ёноқларида бир думалоқ ёш билан пиёз арчяпти… ана, тиззаларини қучоқлаганча дарвозадан кўз узмай, эрининг йўлига илҳақ ўтирибди… ана, чўғдек гиламнинг ўртасига кенггина, баландгина қилиб ўрин соляпти… ана, эрининг оёқларини, белларини уқалаяпти, у ер-бу ерини чимчилаб ҳам қўяди, қийқириб кулади, сўнг нак жон олғучи ноз билан ечинади… ана, қўлида гўдаги, суйиб-суйиб эмизяпти, ёнида эридан бўлак кимса йўқ, боласи эмиб бўлди ҳамки, кўкрагини яширишга шошилмайди… ана, келинлик либослари-ю хилма-хил матолар билан ясатиғлик уйда кўйлаги белигача тортилиб, атлас лозими тагидан қомати бўртиб, шундайгина қўлига бош қўйиб, ўрилмаган сочлари тўшакка ёйилиб, мизғияпти…
Балоғатга етган барча ўспиринлару бўйдоқ йигитлар хаёлида, орзу-умидида Ҳафиза ҳамиша мана шундай манзаралар қўйнида яшар эди.
Ҳа, у ҳақиқатан чиройли, истарали, ҳақиқатан ёқимтой қиз бўлиб етилган эди!
Баъзан отасининг ҳам юраги ҳовут олиб кетади. Шунақа пайтлари Ҳафизанинг онасига ўшқириб қолади. «Қизингга айт, ҳадеб салланглаб юравермай, иш-пишини қилсин!» дейди. Она ҳайрон. Қизимга нима қипти, дегиси келади-ю, айтмайди. Фурсатини топиб, Ҳафизага дашном беради: «Қизим, дадангди феълини биласан, шунинг кўзига кўринавермай, ўчоққами, тандиргами уннасанг-чи!» дейди. Энди Ҳафиза ҳайрон. Туриб-туриб онасининг даккиси нашъа қилади, секин дарсхонасига киради-да, хумори тарқагунча кўзёши қилиб олади…
Бўларига ўтадиган бўлсак, гап бундай.
Шу қиз мактабни тугаллаган йили, ёз кунларининг бирида, иккала қишлокдан, «Бор таваккал!» деган иккита хонадондан, бир пайтда, лекин бир-бирларидан хабарсиз ҳолда… иккита совчи келди. Ажаб тақдир: уларни Ҳафизанинг ўзи кутиб олди. Айвонга кўрпача солди, дастурхон ёйди, чой қўйди, далага бориб онасини уйга юборди. Ўзи қайтмади. Хотинларнинг совчи эканини у бир қарашдаёқ билган эди, кимлардан вакил бўлиб келишганини ҳам юраги сезди.
Аввал сўз Шарифжоннинг таърифида.
Ҳафиза саккизинчи синфни битираётганида ғалати воқеа бўлган. Тўй эди, шаҳарда ўқийдиган туюллик бир йигитнинг тўйи. Келин-куёв студентлар эмасми, тўйхона одамга лиқ тўла. Ғала-ғовур. Давра катта, ўрта чароғон. Студентлар антиқа томошалар тайёрлаб келишибди, кўрсатиб, кексаю ёшнинг ичагини узишди. Қизлари ҳам шўх-шаддодгина экан, тўйхонага йиғилган барча қизалоқларнинг кўзини куйдириб, йигитлар билан роса ўйин тушишди. Айлана тузалган столда ўтирганлар қанча, гирдо-гирдида тик турганлар қанча. Ҳафиза ҳам шу тикка томошабинлар қатори ҳовлининг дала тарафдаги қоронғи бир чеккасида туриб базм кўрар, тўй агар эрталабгача давом этса, эрталабгача томоша қилаверадиган кайфиятда эди. Базм қизигандан-қизийверди. Вақт алламаҳалда Ҳафиза ёнидаги қизнинг қулоғига нималарнидир деб шивирлади-да, секин даврадан чекиниб, қоронғиликка қараб юрди. Ҳовлининг бурчагига уйдек қилиб ғўзапоя ғарами уюб ташланибди. Орқа деворнинг бузилган ери бор экан, оёқ остида кесаклар қалашиб, сочилиб ётибди. Нарёғи дала…
Ҳафиза хиёл энкайиб, кесакларнинг устидан пайпасланиб, энди далага ўтаётганида кимдир номини тутиб чақиргандек бўлди.
— Ҳафиза!
Жиндай вақт ўтиб, товуш яна қайтарилди. Ҳафизанинг оёғидан мадор қочди ва у деворнинг бузуқ жойига суяниб тўхтади.
— Ким у? — деди қўрқа-писа.
— Ҳафиза, қўрқма, менман,— деди яна ўша «кимдир» қоронгилик қаъридан.
Юзи кўринмаётган бўлса ҳам, Ҳафиза уни таниди: мактабни ўтган йили тамомлаган Шарифжон деган йигит эди у. Политехника институтининг кечки бўлимида ўқий ди, кундузи қандайдир заводда ишлайди. Ҳафиза сал ўзини босиб олди-ю, оёғидаги титроқ барибир қолмади. Бир нафас ўтиб, Шарифжон ғўзапоя ғарами билан деворнинг оралиғидан чиқиб келди.
— Сенга бир нарса бериб қўймоқчийдим,— деди у уч-тўрт одим нарида тўхтаб.— Ташлавормайсанми?
«Откритка! — деб ўйлади Ҳафиза дарров.— Биринчи Майга откритка бермоқчидир-да»
Бундан икки ойча бурун синглиси мактабда унга бир китоб келтириб берди. «Шариф акам китобингизни олган экан, бериб юборди», деди. Ҳафиза ҳеч кимга ҳеч нарса бермаган эди, шундай бўлса ҳам, нимагадир индамай олди. Синф хонасига кириб яширин варақлади. Китоб ичидан откритка чиқди! Шарифжон уни Март байрами билан «чин қалбдан» қутлабди. Сабабини ўзи ҳам билмагани ҳолда Ҳафиза откриткани икки-уч кунгача ташламай олиб юрди. Неча маротаба ўқиб чикди, сўзларини ёдлаб олди, ниҳоят бир куни чорвоққа опчиқиб майдалаб-майдалаб ариққа оқизиб юборди… «Бу сафар ҳам откритка ёзгандир», деб ўйлади Ҳафиза.
— Тўй бошлангандан бери шу ерда пойлаб ўтирибман,— деди Шарифжон тағин икки қадам олдинга юриб.— Хайрият, ўзинг кепқолдинг. Ҳафиза, бир ҳафтадан кейин армияга кетяпман… манови сенга…— у турган еридан ниманидир узатди.— Ма, Ҳафиза, айтадиганларимни шунга ёзганман, уйда ўқийсан.
Ҳафиза нима қиларини билмай қолди. Бир кўнгли, шарт ташлада қоч, деса, яна бир кўнгли, олавер, олганинг билан бир нима бўлармиди, дерди. Шарифжон армияга кетаётганини яна эслатганидан сўнг беихтиёр хатга қўл чўзди. У ҳаяжондан ўзини йўқотган, кейин нима бўлганини ҳам билмайди. Хатни тутқазаётганида Шарифжон унинг қўлини сиқдими-ей, титроқ товушда: «Сени жонимдан ҳам яхши кўраман, Ҳафиза!» дедими-ей… Сўнгра Шарифжон бир сакраб, дала тарафга ўтиб кетди. Девор бўйлаб кетган ариқнинг марзасидан анчагача шитир-шитир оёқ товушлари келиб турди.
Ҳафиза кейин ҳам бу товушни кўп бор эшитди. Кечалари дарсхонасида ёлғиз ўтирганидами, уйқуси ичидами, гоҳида ҳатто дарс пайтлари қулоғига шу товуш чалиниб қоларди: шитир-шитир, шитир-шитир… Ўшанда эса у базмни томоша қилгандек ҳам бўлмади, уйга қайтди. Келасолиб, хатни ўқиди.
«Ҳафиза, мен сени яхши кўраман! Биламан, сен ҳали ёшсан, бунақа гапларни ҳозир айтмаслигим керак эди, лекин бир ҳафтадан кейин мен армияга кетяпман. Икки йилга! Билиб бўлмайди, матросликка тушсам, уч йилга чўзилиб кетадими. Сени яхши кўришимни ўзингга айтиб кетмасам, у ёкда қийналадиганга ўхшайман. Унгача сен ҳам мактабни томомлаб қоласан, шу гапларим эсингдан чиқмасин, Ҳафиза! Билиб қўй: қайтиб келиб сенга уйланаман!.. Хатим ғалати бўпқоляпти, хаёлимга бўлак гаплар келмаяпти. Иккала варақниям «Сени яхши кўраман, сени яхши кўраман» деб тўлғазиб чиқсам, сўзларимга ишонасанми? Айтмоқчи, армиядан хат ёзиб тураман, мактабнинг адресига, майлими? Қўрқма, конвертнинг тепасига бирорта қиз боланинг отини қўяман, биров билмайди. Хат ёзасан-а, ёзасан-а?! Хатларингни интизорлик билан кутаман, деб сени жон-дилидан севувчи
Шарифжон!»
Ўшанда Ҳафиза хатни қайта-қайта ўқиркан, ичи жимир-жимир қилиб, вужудини ёқимли, одамни маст қилгувчи бир заифлик чулғаган эди. Кунлар, ойлар ўтган сайин у бир нарсани ўйлаб, сира ўйининг тагига етолмай, ажабланиб юрди.
«Шариф акам менинг ғарам ёнидан ўтишимни қаёқдан билдийкан?— деб сўради бир куни дугонасидан.— Нимага мени ўша ерда кутиб турди? Нимага энди ўзим ҳам айнан ўша жойга бордим?»
Дугонаси гапни айлантириб ўтирмади:
«Шариф ака сени қаттиқ яхши кўриб қолган!— деди ўша заҳоти.— Ҳаммаси шундан. Ноз қилиб юрмасдан, сен ҳам уни яхши кўриб қўяқол!»
Ҳафизага бу гап хуш ёқди, лекин яна ҳам ишонч ҳосил қилиб олиш учун бир оз тайсаллади:
«Қизиқ-ку гапинг. Мабодо у ерга бормаганимда нима бўларди?»
«Борардинг! Барибир борардинг!»
Тўққизинчида ўқиётганида Шарифжондан интиқлик билан хат кутаётганини сезиб қолди. Ҳатто, ёзмай қўйса-я деб чўчиётганидан ҳайратга тушди. Пахта терими тугаган пайтлари бир хат олди, қишда орқама-кетин иккита хат олди, баҳорга чиқиб кўзни чирт юмди-ю, ўзи ҳам битта жавоб хати ёзди. Ўшанда нималарни ёзган эди — кейин эслаёлмай юрди. Тўққизинчида ўқийдиган мурғак қиз аскар йигитга нимани ҳам ёзарди? Ўқишларим яхши, далагаям чиқиб турибмиз, дегандир? Қишлокда янгиликлар кўп: Адолат опойнинг тўйи бўлди, Жалойирдаги мактабнинг директори қамалиб кетди, «Дик домла» ҳалиям пинқиллаб юрибди, деб ёздими ё? Шулардир-да. Шулардан ўтказиб яна нимани ёзарди!
Совчининг униси жалойирлик Авазбекдан эди, демак, энди сўз Авазбекнинг таърифида.
Авазбек бўлимда мироблик қилади. Қишин-ёзин матросларнинг йўл-йўл майкасини кийиб юргани-юрган. Қоматдор. Адирларнинг тагида сойнинг айрилиш ери бор. Қишлокдан анчагина олисда. Шунинг учун совхоз кулоқбошига битта уйча қуриб берган. Ўтган йили Авазбек қишлоқдан атай оҳак олиб бориб, шу уйчанинг деворларини оқлаб қўйди-ю ўша кундан бошлаб далачилар уни «Оқ бино» деб атай бошлашди. Уйча адирликда бўлганидан иккала қишлоққа ҳам оқариб кўриниб турарди. Шу Оқ бино — Авазбекнинг ишхонаси. Бекор пайтлари қўлда гаврон билан дала айланишни ёқтиради. Гавронни ён томондан оёғига уриб-уриб қўяди. Гоҳида сойнинг узун кетган қирғоғи бўйлаб «Ява»сини учириб ўтиб қолади. Туюлу Жалойирнинг қизлари орқаваротдан Авазбекни кўп гапиришади, пинҳона унга ҳавас қилишади, ўзларича бир-бировларини тўқиб бичишади. Авазбек бўлса, нимагадир ҳеч кимга эътибор бермайди. Ҳеч кимга! Фақат…
Куз эди. Оқшом тушган. Тутқатор бўйлаб ўт юлиб юрган Ҳафиза сира кутилмаганда Авазбекка дуч келди. Далада бу оддий ҳол, лекин Ҳафизанинг юраги безовта дукурлай бошлади.
— Ҳафиза,— деди Авазбек товуши алланечук ғўлдираб,— бир гап айтсам майлими?
Ҳафизанинг юраги сезганича бор экан: Авазбек уни ёлғиз учратиш учун атай пойлаб юрган кўринарди.
— Нима дейсиз?— деди азбаройи нимадир дейиши керак бўлгани учун ҳам.
Авазбек ундан бундай дангал муомалани кутмаганми, аввалига довдиради:
— Биласанми… ростини айтсам… анчадан буён… Қизиқ, Ҳафизанинг хаёлига дастлаб: «Нега сенсираяпти, олдинлари сизлаб гапирарди-ку?» деган ўй келди. Бу ҳол унга ғалати туюлди. Шарифжон ҳам ҳов ўшанда томдан тараша тушгандек сенсираб қолган эди…
— Сенсирамай гапиринг! — деб юборди у беихтиёр.
— Кечирасиз…
Авазбек шундан бўлак бир сўз ҳам деёлмади. Ҳафиза апил-тапил ўтларини тўплаб, этакка солиб, Авазбекка ҳам қарамай, уйга жўнаб юборди.
Авазбек яна бир марта йўл тўсди. Яна сенсираб гапирди. Лекин бу сафар у дадилроқ эди. Ҳам узоқроқ гапирди. Ҳафиза, юрагимдагиларни айтмасам сенга, ёрилиб кетаман, деди. Мен сени севаман, фақат, айтолмай юрган эдим. Ўнинчини битирганингдан кейин одам юбораман, менга тегасанми? Сени бошимда кўтариб юраман, хўп десанг, сен менинг маликам бўласан, деди. Гапираверди, гапираверди, Ҳафизани индагани ҳам қўймади. Бир ёғи шунинг учун, бир ёғи яна нима учундир Ҳафиза «ҳа» ҳам демай, «йўқ» ҳам демай, Авазбекни четлаб ўтди-да, йўлига кетаверди. Орқадан Авазбекнинг: «Сени барибир яхши кўраман, Ҳафиза!» деганини эшитди. Юзлари ловиллаб ёниб, ўн-ўн беш қадамча юриб борди-да, у ёғига чопқиллаб кетди.
Шундан кейин Авазбек унинг йўлини ҳам, оғзини ҳам кўп бор пойлади, лекин Ҳафизадан кўнгилга таскин бера диган бирор белги-ишора сезилмади.
Ҳафиза эса тобора тушуниксиз бир дунёга — аввалгиларига ўхшамаган, янгича бир дунёга кириб бораётганини сезди. Ўша дамгача китоб ўқиса ҳам, телевизорда кино кўрса ҳам, ўз-ўзидан Шарифжонни ўйлаб кетарди. Энди онда-сонда кўзига Авазбек ҳам кўрина бошлади. Рост, уни ўйласа, керагича ўйлайди, сўнг хаёл эшигини дарҳол орқасидан тамбалайди, гўё ўзи билан ўзи бекинмачоқ ўйнайди. Бундай бекинмачоқ ўйин ўрни-ўрни билан одамга ёқар экан ҳам! Гоҳо хаёллари чегарадан чиқиб, Шарифжон билан Авазбекни бир-бирига солиштириб кўради. Аслида иккалови ҳам ёмон эмасдек, лекин Ҳафизани улардан қай бири қаттиқроқ севади?
«Шариф аканинг севгиси қаттиқроқ! — дерди дугонаси қатъий оҳангда.— Унақаси бу дунёда камдан-кам учрайди. Овора бўлиб бошқасини ўйлаб ҳам ўтирма!»
«Аскарликда хизмат қилаётгани учун уни мақтаётгандирсан?» деб Ҳафиза дугонасини, айни чоқда ўзидаги туйғуларнинг чин ёки ёлғонлигини синаб кўрмоқчи бўлса, дутонаси барибир бўш келмасди:
«Йўқ, аскар бўлгани учун эмас, мен билганимни айтяпман,— дерди.— Шариф ака ўзи бўлакча йигит!»
Кунлар шу тахлит ўтаверди, Ҳафиза етилиб бораверди, Авазбек Оқ бинода кўкрагини захга бериб ётаверди, Шарифжон аскарликдан қайтди, Ҳафиза ўнинчини битирди, ёз келди ва… кунларнинг бирида, иккала қишлоқдан, «Бор таваккал!» деган иккита хонадондан, бир пайтда, лекин бир-биридан хабарсиз, иккита совчи келди.
Совчилар яна келишди. Кимўзарга ўйнаётгандек бири олиб-бири қўйиб яна келишди. Ахийри ота-она ўртага одам қўйишди. Ҳафиза ўйлана-ўйлана, дугонасидан маслаҳат ола-ола, ниҳоят бир қарорга келди. Қарорини онасига айтди. Куз ўтиб, қиш ўтиб, баҳор кечаларидан бирида Шарифжоннинг қаллиғига айланди…
Шод, келинлик либосига бурканиб, икки юзи янада тиниқлашиб, ширин-ширин тунлар оғушида эркаланиб, янги хонадонга ярашиб, Шарифжоннинг ҳам, қайнона-қай-нотасининг ҳам кўнгилларини хушнуд этиб юраверди.
Шаҳар яқин эди, Шарифжон ҳафтанинг ҳар шанба-якшанбаси келиб турадиган бўлди. Шанба-якшанбалар Ҳафиза қўмсаб, орзиқиб кутиб яшайдиган кунларга айланди. Иккиси ҳам ҳаётга гўё китоблардан, кинолардан тушиб қолгандек бахтиёр эди!
Бир сафар Шарифжон ўнг қўлини Ҳафизанинг бўйнидан ўтказиб, Ҳафиза эса бошини Шарифжоннинг яланғоч елкасига қўйиб, тунчироқнинг хира шуъласида кўкимтир тусга кирган шифтга тикилиб ётганларида:
— Шаҳарга олиб кетайми, Ҳафиза?— деб сўради Шарифжон сирли товушда.— Хоҳласанг, ўқишга ҳаракат қип кўрасан. Мактабда ёмон ўқимаган эдинг, шекилли?
— Ёмон ўқимаганман, лекин…— деди Ҳафиза эрининг қулоғига шивирлаб. Нафаси Шарифжоннинг қитиғини келтирдими, у қиқирлаб кулди. Шу чоқда Ҳафиза эрини яна ҳам суйиб кетди: шарт ўгирилиб, қулоғининг солинчоғидан тишлаб олди.— Мен ўқимийман, эргинам… Умуман, мен ўқимоқчимасман. Менга сиз бўлсангиз бўлди! Сиз ўқинг, мен далада ишлайвераман, сизга ёрдам қиламан.
Шарифжон бир силтаниб, бор кучи билан қучоқлади.
— Сендақаси бу дунёда биттаю битта! — деди ютоқиб. Шундай қилиб, Шарифжон шаҳарда ўқиб, Ҳафиза далада ишлаб юраверишди. Кузнинг ўрталаридамиди, Ҳафиза кейинчалик ўзининг такдирини ўзгартириб юборган бир гапни эшитди: Авазбек хотинини ўласи қилиб урган эмиш. Уч-тўрт кунгача далачи хотинлар шуни эрмак қилиб юришди, Ҳафизанинг миясига эса бу воқеа қўрғошин бўлиб қуйилиб қолди. У Авазбекни тўйдан кейин кўп учратган, шунчаки саломлашиб ўтиб кетаверган, Авазбекдан ҳам ортиқча бирор ҳаракат ёки бирор қилиқ сезмаган, демак, эски гаплар ўз-ўзидан барҳам егандир, деб хулоса чиқариб қўйган эди, энди «янгилик» унга нимага бу қадар таъсир этдийкан? Нимага бу оддий ҳодиса унинг миясидан кетмай қўйди?..
Ахийри бир куни хаёлидан кутилмаган фикр ўтди: «Ҳаммаси — мени яхши кўрганидан!»
Кейинроқ ундан ҳам ғалати ўй келди: «Мен унга текканимда, мени ҳам урармиди? Урмас эди…»
Ўйлар бири иккинчисини туғарди, бунақа ўйларни ўйлашдан Ҳафиза ўзини тўхтатолмай қолган эди. «Мен Авазбек акага текканимда, Шариф акам ҳам аччиғидан бўлак қизга уйланиб кетармиди? Уйланса… мени деб «у»ни урармиди?— Шуларни ўйлаган сари Ҳафизани титроқ босарди.— Урмас эди, мутлақо урмас эди! Шариф акам олижаноб одам: ёмон кўрса ёмон кўрардики, асло хотинини урмас эди. Ҳа, ҳа, урмас эди!»
Буларнинг шунчаки бир хаёл эканини, қолаверса, уларни ўзи тўқиб чиқараётганини билиб туриб ҳам негадир Ҳафизанинг кайфияти тушиб кетди. Ҳатто, нега урмайди, деб Шарифжондан ғойибона дили ранжиди, эрининг бунақа «олижаноблиги» юрагига оғир ботди. Айни чоқда, Авазбекнинг тез уйланиш воқеаси хаёлида қайтадан жонланиб, унга тинчлик бермай қўйди. Авваллари назарига илмаган эди, энди қараса… Нега ундай қилдийкан? Ахир, сенсиз яшай олмайман, деган эди-ку? Қасам ичган эди-ку? Ё ўшанда йўлига айтган-қўйганмикан? Авраганмикан?
Гап шундаки, Ҳафиза Шарифжоннинг совчиларига розилик бериб юборгач, Авазбек жиянидан унга хат жўнатган. Уни хат деб ҳам бўлмайди, қоғознинг ўртасига катта-катта ҳарфлар билан: «Барибир сени яхши кўраман, Ҳафиза! Демак, барибир сенга етишаман!!!» дейилган эди, холос. Сўнгра Авазбек узоқ бир қишлоқдан қиз топиб, онасини қисталанг қила-қила, ўшанга бўлишган. Тўйини Ҳафизаларникидан уч кун кейин ўтказган. Худтси мана шу нарса орадан шунча ўтиб Ҳафизанинг тинчини ўғирлаган эди…
«Алам қилибди», деди дугонаси бир куни.
«Йўғ-е! — деб қўрқиб кетди Ҳафиза.— Олдинига ўзимга ҳам шундай туюлди, қарасам — йўқ, унақамас. Аламми, аламмасми эканини ўзим биламан-ку, ахир! Менга бир нарсани айт: ҳаммаям менга ўхшаганми ё фақат мен шунақаманми?»
«Қанақа «шунақа»?»
«Хаёлимга ҳар нарса келаверади-ку?»
«Буни сен билан биз билмаймиз. Билолмаймиз…»
«Ана шунақа! Кўнглидан кечганини кўплар яширади, мен бўлсам очиқчасига айтяпман,— деб қизишиб кетди Ҳафиза.— Аслида ҳаммаям менга ўхшаган, дейману шунга овунгим келади».
«Бошингда эринг бор, у сени еру кўкка ишонмайди, буни ўзинг ҳам биласан. Бас, шундай экан, нимага ҳадеб бекорчи нарсаларни ўйлайверасан, Ҳафиза?»
Ҳафиза уҳ тортди.
«Айтишга осон,— деди пешонасига кафтини босиб.— Ўйлар ўзи келаверса… қўл силтаган билан кетақолмайди-ку!»
«Баҳона қиляпсан! — деди дугонаси кескин оҳангда.—
Ожизлигингни оқламоқчи бўляпсан!»
«Авазбек акаям яхши кўрса, менда нима айб? Кейин бунинг нимаси ёмон? Ахир, мен ўйламаганим билан у ниятидан кайтиб қолмайди-ку?»
«Унда нимага алам қиляпти? Уйланган бўлса — уйланди. Энди хотинини ураётган бўлса — уряпти. Сенга нима? Орага суқилиб нима қиласан?»
«Билмадим. Билганимда…»
Лекин барибир Ҳафиза ўзини қўлга ололмай қийналар эди. Саодатли шанбалардан бирида қалбини ларзага солган, турмушини издан чиқарган ҳол рўй берди.
Шарифжон келган эди. Ҳафиза рўзгор юмушларини унда-мунда тинчитиб, уйга кирганида, тасодифми ёки пойлаганми, Шарифжон эшик орқасида турган экан, йўлига тиз чўкиб уни қучоғига олди. Ҳафиза ҳам эрини соғинган эди. Бир-бирларининг исларидан маст бўлишиб, аллақанча муддат шундай тураверишди. Ниҳоят, Шарифжон уни даст кўтариб ўрнидан турди.
— Секин,— деди Ҳафиза бармоқ учи билан эрининг бурнини босиб,— секин… Кичкинтой Шарифжонни қийнаб қўясиз…
Шарифжон кийим устидан Ҳафизанинг қорнидан ўпди.
— Ваҳ-ваҳа, мунчаям ширин бўлмасанг, Ҳафиз! Сен ҳам одам боласимисан-а! — Кейин Ҳафизани авайлаб тўшакка ётқизди-да, эҳтиросга берилди.
Кутилмаган воқеа шунда рўй берди.
Ҳафиза Шарифжоннинг эркалашларидан маст бўлиб, вужуди қизиб, танасида ажиб енгиллик сезиб, инон-ихтиёрини унга буткул ҳадя этаётганида, кўзига туйқус… Авазбек кўриниб кетди! Аслида кўзлари юмуқ эди, лекин Авазбекни яққол кўрди! Ва бирдан қичқириб юборди. Шарифжон сапчиб ўрнидан туриб кетди.
— Нима гап, Ҳафиза?
— Билмадим,— деди Ҳафиза титраб-қақшаб,— қўрқдим… Бола чинқиргандек бўлди…
— Рангингда ранг қолмади. Сув берайми?— деб Шарифжон ўрнидан туриб, унга пиёлада сув тутди.
Ўшанда Ҳафиза эрига биринчи марта ёлғонлаган эди.
Кузнинг ўрталарида Ҳафиза даладан қайтаётиб, Авазбекка йўликди. Ҳаво жиндек изғирин эди. Авазбек матросча майкасининг устидан ялангқават куртка кийиб олибди. Ҳафизанинг эгнида бахмал тўн, бошида рўмол. Шу тўнию рўмоли ўзига қўполдан-қўпол туюлиб кетди. Устига устак, лоп этиб ҳомиласи кўзга ташланиб турарди. Ҳафиза уялди. Иккала қўлини беихтиёр қорнига ташлаб олди.
— Ҳафиза, гапларим эсингдами?— деди Авазбек бургутдек тикилиб. Ҳафиза ерга қаради.— Мен сени чинданам яхши кўрардим, ҳали ҳам яхши кўраман! Мендан қочма, илтимос. Ҳар замонда кўриб, овозингни эшитиб юрсам бас.
— Қўйинг, Аваз ака, энди у кунлар ўтди,— деди Ҳафиза ўзини хотиржамроқ тутиб.
— Сенга ўтган бўлсаям, менга ўтгани йўқ! — Авазбекнинг овози титраб кетди.— Аммо-лекин Ҳафиза, мени пичоқсиз сўйдинг сен…
Ҳафиза теваракка олазарак кўз ташлар экан, қарийб илтижога ўтди:
— Жинни бўлманг, Аваз ака, менинг эрим бор, сизнинг — хотинингиз. Қолавурса, ўшандаям сизга ҳеч нарса ваъда қилганим йўқ.
Авазбек кўз қири билан унинг дўмпайган қорнига қараб олди-да:
— Эринг бўлса… унга менинг хусуматим йўқ! — деди кескин. Айни чокда унга Ҳафизанинг «жинни бўлманг» дегани ёқимли эшитилган эди.— Ҳалиям сени яхши кўраман, шуни айтиб қўйяпман, холос! Яна, сен бу ерда, эринг шаҳарда… менга нимагадир алам қилади, Ҳафиза!
Ҳафизанинг ғаши келди.
— Энди менинг йўлимни тўсманг! — деди у чўрт кесиб.— Теккан бўлсам, Шариф акамни яхши кўриб текканман, турмушимизни бузманг!
— Алдаяпсан,— деди Авазбек совуққон қиёфада,— яхшилаб ўйлаб кўргин-а, уни севасанмикан? Шариф мендан омадлироқ экан, холос. Майли, рўзғорингни бузмайман, қўрқма. Энди боравер уйингга!
Авазбек шуни айтиб, картанинг ўртасидан Оқ бинога қараб йўл солди. Бурилаётганда: «Менинг хотиним бўлганингда, бир минут ҳам ёнимдан жилдирмасидим», деб тўнғиллаб қўйди.
Ҳафиза бирдан ўзидан нафратланди. Авазбекдан олдин кетиши керак эди. «Боравер уйингга», демасидан олдинроқ кетиб юбориши керак эди. Наҳот кетгиси келмади? Авазбекнинг барча гапларини рад қилса ҳам, ўзи билан унинг ўртасига мустаҳкам девор қуриб қўймоқчи бўлган бўлса ҳам, барибир, наҳот кўнгли у билан узоқроқ бирга туришни, унинг ҳам кўнглидагиларни билишни истади? Уяту исноддан Ҳафизанинг дили ўртаниб, уйга қандай етиб борганини ҳам билмади…
Қишнинг чиқарида Ҳафизанинг кўзи ёриди: ўғил туғилди. Полвон бўлсин, бошига қийинчилик тушмасин, деб «кичкинтой Шарифжон»га Рустам отини қўйдилар. Шарифжон ота бўлди, Ҳафиза она бўлди — иккаласи ҳам ўзида йўқ шод. Рустамжон эса кундан-кунга ўсаверди. Ҳафиза олти ойгача далага чиқмади. Орада чиллақочди қилиб ўзининг уйида пича туриб келди. Икки марта Шарифжон билан шаҳарга тушиб, бир ҳафта-бир ҳафтадан ўша ёқда яшашди. Августнинг охирларига келибгина яна ишга чиқди.
Бир куни Авазбек тағин унинг қошига келди.
— Ҳафиза, сенда гапим бор эди.
— Менга ҳеч қанақанги гапнинг кераги йўқ!
— Нима қилай, ахир?
— Билганингизни қилинг! Рости, ўтган сафарги йўлтўсарлигингиздан кейин сиз билан гаплашмайман, деб қўйганман. Сиз… ҳалиям мунақа қип юрибсиз.
Авазбек ялт этиб Ҳафизанинг кўзларига қаради, нигоҳини тутиб олмоқчи бўлди. Йўлтўсар… Авазбек йўлтўсар!.. Қандай ширин эшитилди унга бу сўз! Шунда шартта Ҳафизанинг қўлидан ушлаб, ҳансираб сўзлай бошлади:
— Йўқ дема, Ҳафиза, бир жойга борайлик, гаплашайлик, майлими?! Юрагим тўлиб кетяпти, бўшатмасам бўлмайди. Қўрқма, тегмайман сенга, ўлай агар! Мен сени севаман, Ҳафиза! Нима қилсам ишонасан? Ўзимни осайинми, хотинимни қўяйинми — айт?.. Кўнмасанг, зўрламайман, лекин унда мени адо бўлди деявер! Лоақал бир марта мен билан юракдан гаплашсанг, армонсиз кетардим… майлими, Ҳафиза?
Ор-номуси қанчалик кучлилик қилмасин, ўз эрини қанчалик суймасин, ҳадеганда кўзига Рустамжони кўринавермасин, Авазбекнинг юракдан вулқон каби отилиб чиқаётган бу ҳаяжони қаршисида Ҳафиза ўзини ожиз сезди. Бир ёқда қизиқиш…
Ахир, тан ол, Ҳафиза, қалбингни ларзага солган ўша кундан бошлаб баъзан атайин, баъзан беихтиёр сен ҳам Авазбекни ўйлаб қолмасмидинг? Узоқлардан унга кўзинг тушса, юрагинг жизиллаши ҳам ёлғонми? Ўшанда тўшакда ўз эрингни эмас, Авазбекни кўрган эдинг, яна неча марта шуни кўрдингку? Ҳатто хаёлингга, ҳозир Шариф акам ўрнида Аваз ака бўлса, у нима қиларди, дегандек ўйлар ҳам келган. Бунақа ўйлар сенга сирли бир дунё эди, сирлари билан у жозибали туюларди, мана, энди сени яна ҳам сирлироқ туйғулар чулғаб оляпти, бўлак бир жозибали дунё ўзига чорлаяпти, хўш, нима дейсан?..
Ҳафиза Авазбекнинг қайноқ кафтлари орасидан қўлини суғуриб, «Кўрамиз», деди оҳиста ва тўхтамай кетди. Авазбек-чи? Қарийб розилик олган Авазбек турган ерида сапчигиси, сапчигиси, сапчийвергиси келаётгандир? Ҳафиза ортига ўгирилиб қарашдан ўзини зўрға тийди…
Эртаси кун қандай ўтди, қандай ишлади — Ҳафиза эслаёлмайди. Оқшомги учрашувни орзиқиб кутганидан эмас — у аминки, буни у орзиқиб кутаётгани йўқ — шунчаки, қандайдир тушунтириб бўлмас бир ҳолатда эди у. Лекин Оқ бинога боришга қаттиқ ахд қилиб қўйди. Шунданми, кун бўйи Авазбек ҳақида ёмон ўйламасликка, ҳатто уни сал-пал соғиниб, ҳа, ҳа, соғиниб эслашга уриниб юрди. Оқшом эса, оёғи ўз-ўзидан Оқ бинога тортаверди.
Бинонинг пастидаги картадан ўт юлаётган бўлиб, секин-аста яқинлашаверди. Эллик қадамлар қолганда тўхтаб, гўзаларнинг ичига чўкди. Юраги дук-дук урар эди. Тиззаларини қучоқлаб ўтираркан, нега келдим, дея изтироб аралаш кўнглидан ўтказди. Бир хаёли, Авазбек кўриб қолмасидан изига қайтишни ўйлади. Шу пайт Оқ бинонинг эшиги ғичирлаб очилди ва остонада Авазбек пайдо бўлди. Ичкаридан Ҳафизани анчадан бери кузатиб турган шекилли, тўғри шу тарафга кела бошлади. Ҳафиза индамай ўтираверди. У гўё эгатлар орасига чандиб боғлаб ташлангандек эди. Тепасига Авазбек келганда ҳам қимир этмади.
— Алдаб кетасанми деб қўрқувдим,— деди Авазбек шивирлаб.— Келмаганингда, бўйнимга тош боғлаб, дамбанинг тагига ўзимни ташлар эдим лекин.
Ҳафиза бир дақиқа олдин қанчалик ҳаяжонланиб ўтирган бўлса, бирданига ҳаяжони босилди-қўйди.
— Мени сиз судраб келганингиз йўқ, ўзим келдим, шунинг учун бўлмағур нарсаларни ўйлаб ўтирманг,— деди ўзи ҳам кутмаган ҳолда.— Айтадиганингизни айтинг, орани очди қилайлик.
— Майли. Олдин ичкари кирайлик.
Оқ бино деганлари омбордек бир жой экан. Сув дарвозасини кўтариб-туширадиган калитлар, турли бўлак асбоб-ускуналар қалашиб ётибди. Бир бурчакка устма-уст яшик тахланган, яшикнинг тепасида пилик чироқ. Оёқ остида қоп, латта-лутта. Деворга тақаб узун тахта каравот ўрнатилган, устида битта кўрпачаю битта ёстиқ. Оқ бинонинг бор жиҳози шу эди. Деразаси йўқ. Бирдан-бир эшиги ҳам доим берк турса керакки, аллақандай ҳид одамнинг кўнглини беҳузур қилгулик даражада димоққа урилади. Худди деворга ҳам шу ҳид ўрнашиб қолгандек.
— Нима бу, бошим айланиб кетди?— деди Ҳафиза қўлини елпиғич қилиб, бурнининг тагини елпир экан.
— Тарактирнинг ёғи. Солидол ҳам бор. Билиняптими?
— Билинмайчи.
Авазбек гап ораси эшикнинг занжирини солиб, чироқнинг пилигини кўтариб қўйди.
— Бекитманг, кетаман мен,— деди Ҳафиза, кўнглида Авазбекнинг ишини маъқуллаб турган бўлса ҳам.—Пуф-ф, ҳиди ёмон экан… Тезроқ гапиринг гапингизни!
— Шошма, Ҳафиза. Мана бу жойга ўтиб ўтир. Қўрқма, кечқурун бинога мендан бўлак зоғ ҳам келмайди.
— Қўрқаётганим йўқ,— деди Ҳафиза хотиржам.— Қўрқсам, келмасидим.
Иккаласи тахта каравотнинг икки четига ўтиришди. Сўнг эшикнинг тирқишига тикилганча, хиёл фурсат жим қолишди.
— Илтимос, гапимни бўлмай эшит, Ҳафиза,— деди Авазбек ниҳоят тилга кириб.— Нимаики айтсам, юрагимдагиларни айтаман, ундан кейин ўзинг ҳал қилавер, мен ҳам бир кунимни кўрарман.
Ҳафиза Авазбекнинг юзию кўзларини кўрмаётган бўлса-да, ундаги ўзгаришларни ичдан ҳис этиб ўтирарди. Гапирган сари Авазбекнинг нафаси ёноқларига урилиб, бўйинларини сийпалар, ёқасининг қирғоғидан ичига кириб, вужудини ёндирар эди, лекин ҳаммасига чидаб, миқ этмай ўтираверди. Гап орасида Авазбек қаердан бир магнитофон олди, қачон тугмасини босди — сезмай қолди. Оқ бино ичида машҳур хонанданинг ёқимли овози тўлқин-тўлқин бўлиб тарала бошлади:

Мен ишқ элининг нолаи афғонида куйдим,
Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим…

…Сен Авазбекнинг совчиларини қайтардинг, Ҳафиза, лекин унинг соф муҳаббатини қайтаришга ҳаққинг йўқ! Ҳаётини издан чиқарганинг алам қилади, холос. Чунки у сени, фақат сени яхши кўрар эди! Эҳтимол, Шарифжондан ҳам қаттиқ яхши кўрар эди, афсуски, билмадинг! Тақдирнинг ишими бу? Тақдир наҳот шунчалик шафқатсиз бўлса?.. Сен жудаям чиройлисан, Ҳафиза, сен бу далаларнинг одами эмассан! Тўйдан кейин эринг ссниям шаҳарга кўчириб кетадими деб Авазбек чўчиган эди, хайриятки, сен қишлокда қолдинг. Авазбекка шунисиям катта бахт эди. Ахир, ҳеч бўлмаса ора-чора кўриб туради-ку сени! Рост, унинг хотини бор, сенинг эринг бор, эҳтимол, иккалаларингнинг хилватда бундай ўтиришларинг қуюшқонга сиғмас, лекин бир нарсани билиб қўй, Ҳафиза: Авазбек хотинини итдан баттар ёмон кўради. Уни кўргани кўзи йўқ! Бир жиҳатдан, хотинида нима гуноҳ? Ахир, у ҳам бировнинг боласи. У ҳам ким биландир бахтли яшагиси келади? Ёки бунга унинг ҳаққи йўқми? Ҳаққи бор — буни Авазбек жуда яхши билади, лекин бунда ҳам нима айб? Атай шундай бўлсин демайди-ку?! Авазбек тўйни аччиқ устида қилди. Шошилди. Тўйдан кейин турмушимиз юришиб кетар, деб ўйлади. Бўлмади-да. Охири хотинига очиғини айтди: сени яхши кўрмайман, деди. Буниси ҳолва. Бақрайиб туриб, сени ёмон кўраман, деди. Бир куни ичиб келиб, кўзимга кирпидан ҳам хунук кўриняпсан, деб айтди. Эҳ, Ҳафиза, сен буларни билармидинг? Хотини шўрлик роса йиғлади. Йиғлади-ю, отасиникига кетиб қолмади. Ўшанда унинг қорнида боласи бор эди… Авазбекни уятсиз дейсанми ё бетига тарсаки тортиб юборасанми — ўзинг биласан, лекин у сенга яна бир гапни айтмаса туролмайди, чунки худди шу нарса уни мана шу арзи ҳолни қилишга мажбур этган. Уялмай айтаётганига сабаб шуки, энди Авазбек ҳам бўз бола эмас, энди сен ёш қизалоқ эмассан… унинг ҳозирги аҳволини тўғри тушунгин, Ҳафиза! Тўйнинг эртасигаёқ Авазбек сенсиз яшай олмаслигига иқрор бўлган. Айни нозик маҳалда унинг кўзига сен кўрингансан! Хотинининг ўрнида сенинг жилмайиб турган қиёфанг намоён бўлаверган ва у буткул ўзини йўқотган. Ўшандан бери тўшакка кирса, хотинини эмас, сени кўради! Йўқ, шошма, унинг гапларини бўлмай тур…
Авазбек сени севади, Ҳафиза! Буни у тўйдан кейин янаям қаттиқ ҳис қилди. Хотинига кўзи тушса, ўз-ўзидан нафрати қўзийверади, ургиси келаверади. Ниҳоят, ура бошлади ҳам. Бу кетишда у бечорани ўлдириб қўйиши ҳам мумкин. Шундай яшаб бўладими, Ҳафиза? Хотинига кийин, боласига қийин, лекин Авазбекка ҳам осон эмас! Мана шунақа — икки йилдан бери Авазбекнинг боши қотган. Лекин… Тавба, бугун у сенга бутунлай бошқа гапларни айтмоқчи эди, нимага буларни сўзлаб ўтирибди? Эҳ, Ҳафиза, сен бир йигитнинг умрига ўт қўйдинг-а!
…Машҳур хонанда эса ҳамон юракларни эзиб-езиб куйлар эди:

Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,
Меҳримни бериб, мен эса тавонида куйдим…

Ҳафиза тўсатдан қичқириб юборди: — Энди нима қил дейсиз?! Мени бу ерга нимага бошлаб келдингиз?! Менга бу гапларни энди нимага айтяпсиз, Аваз ака?!
Авазбек осмондан қулаб тушгандек бўлди.
— Ҳафиза, ахир…
Лекин ҳозир Ҳафизанинг жини қўзиган эди, уни гапиртиргани қўймади.
— Ниятингиз менинг рўзғоримни бузишми энди?! Мени мунча қийнайсиз, Аваз ака?!
Авазбек терлаб-пишиб кетди.
— Сенга мен, эрингдан чиқ, демадим. Сенга мен бўлган гапларни айтдим, холос. Эртага менинг ҳолим не кечади — ёлғиз худога аён…
— Мен ҳам нима қилай аҳир?! — Шундай деб Ҳафиза шартта ўрнидан турди ва Авазбекнинг икки елкасидан тутиб силтай бошлади. Кейин бирдан тўхтаб, унинг юзини қорнига босди ва… йиғлаб юборди.— Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку мен ҳам!
Авазбек ҳам Ҳафизанинг белидан пастроғидан маҳкам қучоқлаб, ўзига тортди.
Оқ бинодаги бадбўй ҳид аллақаёқларга чекинди…
Бўлар иш бўлди, энди таскину надоматларга ўрин йўқ, қолаверса, юзни сидириб ташлаб, тан олиш керакки, Ҳафиза ҳам, Авазбек ҳам шу кунларидан рози эдилар. Ҳафиза анчагача Авазбекнинг ўсиқ сочларини тараб-силаб ётди, кейин чап кафти билан ёндамасига Авазбекнинг мўйловию оғзини тўсиб, чиройли кўзларига тикилди. Хаёлида эса: «Бу ёмон эмас, бу ёмон эмас, бу ёмон эмас,— дея такрорлар эди.— Шўрлик, ўзи суйган жувон қучоғида ётганидан терисига сиғмаётгандир? Ахир, шу кунгача бундайин меҳр кўрмагани сезилиб турибди…» Кейин кафтини силжитиб, Авазбекнинг кўзларини тўсди ва пешонасидан ўпди…
Ҳафиза шундан сўнг бир ойгача Оқ бинога яқин йўламади. Лекин ой ўтиб, беихтиёр оёғи шу ёққа тортиб, Авазбекни шу ерда кўриб, ажабланмади ҳам…
Оқ бинога олтинчими, еттинчими боришида Авазбек ундан бир нарсани сўраб қолди:
— Шарифни ҳалиям яхши кўрасанми, Ҳафиза?— деди у Ҳафизанинг яланғоч кўксига бошини қўйиб. Бу алдаса, ростини ўзи билиб олмоқчидек, юрағига қулоқ тутиб ётар эди.
— У кишини бу ерда эсламайлик.
— Хафа бўлма, билгим келди-да бир.
— Қўйинг шу гапни!
Мабодо Авазбек юрак зарбларининг маъносини тушуна олганида эди, Ҳафизага бундай савол бермасди. У эса
— Унда менинг олдимга нимага келяпсан?— деб сўради қўполдан-қўпол.— Ростини айт: мени яхши кўрганингданми ё…
Оқ бинога дастлаб келган ўша кундан бошлаб Ҳафизанинг ўзи ҳам тез-тез шу каби сўроқлар гирдобига тушиб қолар, лекин ҳозиргача бунга аниқ жавоб тополмаган эди. Шарифжонни яхши кўришига шак келтирмайди, лекин бу ёққа нега келяпти? Мен ўзимни алдаб юролмадим, ўзимга қарши боролмадим, кўплар хаёлан қиладиган нарсани мен амалда қилдим — бор-йўқ гап шу, деб ўзига тасалли берарди. Ким ҳақ, ким ноҳақ — ўша кўпларми ё менми? Ҳақ бўлсак — ҳаммамиз ҳақмиз, ноҳақ бўлсак — ҳаммамиз ноҳақмиз деб овунарди. Эҳтимол, бундай саволлар Авазбекни ҳам ўйлантириб юргандир ва у ҳалиги гапни Ҳафизадан кўнгилда кир-ғуборсиз сўрагандир? Лекин барибир Ҳафизага у оғир ботди.
— Оладиганингизни оляпсиз, қолгани билан ишингиз бўлмасин! — деди шарт-шурт ва шаҳд ўрнидан турди… «Ўшанда илк бор виждоним қийналди,— деди у дугонасига.— Шариф акамни алдаб яшаётганимни билиб қолдим. У менинг ишларимдан бехабар. Бундан кўра мени уриб-ҳайдаб солгани яхши эмасмиди-я?! Узим индамай кетаверай десам…. Шариф акамсиз бу дунёда қандай яшайман?!»
«Йиғлама, Ҳафиза, йиғидан фойда йўқ. Нима дейишгаям ҳайронман. Ҳамиша маслаҳат сўрайсан, лекин ҳамиша ўз билганингдан қолмайсан».
«Шу кунгача фақат бир нарсани ўйлайман: қилаётган ишларим гуноҳми, гуноҳ эмасми?» «Гуноҳ ҳам гапми, хиё…»
«Ўтинаман, у сўзни тилингга олакўрма! Ўзидан ҳам кўра номи хунук. Унинг ўрнига менга тасалли бер. Ахир, Аваз ака мени қанчалар севишини сен ҳам биласан-ку!» «Икки гапнинг бирида «Шариф акам, Шариф акам» дейсан, бу ёкда Авазбекнинг олдига боришингни ҳам қўймайсан», деб чимдиб олди дугонаси.
«Мен севиб эрга текканман, бундан кейин ҳам Шариф акамсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман! Нима бу? Муҳаббатми? Агар муҳаббат шу бўладиган бўлса, унда анави нима? У ҳам, ахир, мен билан бирга, ичимда яшаяпти-ку, оти нима унинг?»
«Нима бўлгандаям, ҳар ҳолда яхши нарса эмас-ов. Яхши нарсаларнинг охириям яхши бўлади, унинг эса… билмадим».
«Бу жавоб эмас. Бунақа жавобларнинг мингтасини биламан ўзим ҳам. Менга бошқача жавоб керак. Ўшанинг нималигини тушунтирадиган ва менинг кунглимни тинчлантирадиган жавоб!»
«Бўлмаса мендан бунақа оғир нарса сўрама, Ҳафиза. Ўзинг ечолмаган жумбоқни мен қандай ечайин? Ахир, аслида икковимизнинг ҳам аҳволимиз бир эмасми?»
«Ҳа-я», деди Ҳафиза бирдан хомуш тортиб…
Кунлардан бир кун Авазбек унга:
— Хотинимни отасиникига жўнатиб юбораман! — деб қолди.
Ҳафиза ҳатто нимагалигини ўйлаб ўтирмай, уни бу йўлдан қайтаришга тушди:
— Сизга яна нима кам, Аваз ака? Қўйинг, ўша бечорани сарсон қилманг!
— Уни ёмон кўраман, ахир! Бутун умрим шундай ўтадими энди?
— Хотинингизни ўйламасангиз, болангизни ўйланг.
— Хотинга кўнгил исимагандан кейин, бола баттар сарсон бўлмайдими? Мен сендақамасман, Ҳафиза, битта юрагимга икки кишини сиғдиролмайман.
Ҳафиза бир гапни қайтараверди:
— Ажрашманг, Аваз ака! Мени десангиз, ажрашманг!
— Нимага энди?
— Унда ёмон бўлади…
Ҳафиза айнан шундай деди. «Унда ёмон бўлади», деди. Лекин ёмон бўлиб нима бўлишини, умуман, нега ёмон бўлишини ўзи ҳам билмасди. «Унда ёмон бўлади»— Ҳафизанинг кўнглида кечган ўй эди, шуни айтди-қўйди.
Барибир Авазбек хотинини ҳайдади. Бу хабарни Ҳафиза далада эшитди. Хотинлар кун бўйи ва ундан кейин яна бирор ҳафтача шу воқеани тилдан қўйишмади. Ҳафиза бунақа суҳбатлардан ўзини йироқ тутар, бироқ ҳар гал шундан гап очилганида сесканиб кетар эди.
«Энди ёмон бўлади…»
Ҳафиза Оқ бинога қадам босмай қўйди. Авазбек бир-икки йўлини тўсган эди, ул-булни баҳона қилиб қутулиб кетди. Кечалари ҳайҳотдек уйда Рустамжони билан ёлғиз қолганида ё уйқуси ўчган маҳаллари қарийб ҳар куни: «Энди ҳеч қачон унинг олдига бормайман!» деб қайта-қайта қасам ичар эди. Қачон ёдига Авазбек тушса, ичида шу қасамини қайтараверарди, қайтараверарди. Шундай кунлар бўлдики, ўн марталаб қайтарди шу гапни. Шундай кунлар бўлдики, юз марталаб қайтарди. Эрини бўлакча орзиқиш билан соғина бошлади. Бирор шанба келмай қўйса, жинни бўлиб қолай дерди. Охири унинг ўқишидан ҳам, ишидан ҳам безор бўлди. Бир гал дабдурустдан:
— Қачон тугайди шу зорманда ўқишингиз?— деб заҳрини сочди. Бошқа сафар:
— Ё қишлоқда туринг, ё мениям олдингизга оборволинг, қачонгача лўлига ўхшаб яшайман?! — деб йиғлади.
Шарифжон хотинидаги ўзгаришни соғинчга йўйиб, аввалига унча хавотирланмади. Елкасидан қучиб, бурнининг учгинасидан ўпмоқчи бўлди, бироқ Ҳафиза унинг қўлини силтаб ташлади. Терс ўгирилиб олиб, ҳиқиллаб-ҳиқиллаб йиғлайверди. Шарифжоннинг уринишлари беҳуда кетди. Саволлари жавобсиз қолди. Ҳафиза узоқ йиғлади. Ниҳоят, ухлаб тинчиди. Эртаси Шарифжон тағин шаҳарга отланаётганда ўзидан-ўзи инсофга келиб:
— Кечиринг, инжиқланиб қоляпман ўзи, энди сира йиғламайман,— деди.
Шу билан эр-хотин яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишди.
Рустамжонлари икки ёшга тўлар-тўлмас Ҳафиза қиз кўрди. Эр-хотин орзиқиб ният қилган ҳолвадеккина қиз. Шарифжон аллақачон отини топиб қўйган экан, Ҳафиза монелик қилмади: қизалоқнинг исми Муҳаббат бўлди. Энди Ҳафиза, зора қулоғим тинчиса, деб умид қиларди.
Дарҳақиқат, Муҳаббат туғилганидан кейин саккиз ойгача далага чиқмагани сабабми ё Авазбек ҳам, энди бас, дедими, кўча-кўйда унга дуч келмади. Ҳафиза ҳатто уни эсидан чиқариб юборди. Ҳаёт ўз изига тушиб олгандек эди. Кўнгил тинч, юракда ваҳима йўқ. Лекин Ҳафизанинг астойдил хурсанд бўлишига ҳали эрта экан. Ишга чиққанининг биринчи ҳафтасиёқ Авазбек унга узоқдан кўриниш берди. Эртаси «Ява» мототсиклини миниб, хотинлар ишлаётган ерга яқин дала йўлдан у ёқ-бу ёққа тупроқ чангитиб ўтди. Ишдан қайтарда эса Ҳафиза атай бир тўда хотин-халажнинг ичида кетди. Лекин бу йўл билан Авазбекдан қачонгача қочиб юрарди? Кўпчиликнинг орасида гап отиб, қолса, нима деган одам бўлади? Ҳафиза Авазбекни ёмон кўриб кетди. Авваллари у бу қадар кўзига ёмон кўринмаган эди!
Бир сафар ариқ бўйида оёғини ювиб ўтирган эди, қаёқдандир келиб қолди. Ҳафиза калишини ҳам киймасдан турди-да, жўнаб юборди. Орқасидан Авазбек «Ҳафиза! Ҳафиза!» деб чақирди, лекин у тўхтамади.
Яна бир марта шундай бўлди. Унда ҳам бир бало қилиб қутулди.
Кейин эса…
Кейин Авазбек ичиб келди. Оғзидан ароқнинг ҳидини бурқситиб, Ҳафизага дўқ ура бошлади:
— Сени деб хотин қўйдим, энди нимага қочяпсан мендан?!
— Иккита боланинг уволи тутади мени, Аваз ака,— деди Ҳафиза овози титраб.
— Иккита боласи бор экан, деб биз бурнимизни тортиб юраверайликми?
— Қўполлик қилманг!
— Юр бўлмаса мен билан! Юрмаяпсан-ку, ахир! Ҳафиза туйқус англадики, бундан бу ёғига энди Авазбекка кескин гапира олмайди. Англади-ю жисму жонидан мадор қочди.
— Менгаям раҳмингиз келсин, Аваз ака, яхши кўраман дердингиз-ку!
— Тонмийман, яхши кўраман, лекин юр мен билан! — Авазбек зўр бериб Ҳафизанинг қўлидан ушлаб олмоқчи бўларди. Унинг бу галги дил изҳори аввалгиларига ўхшамасди. «Ёмон бўлгани шудир-да», деб Ҳафизанинг кўнгли чўкиб кетди.
— Майли, Аваз ака. Сал кейинроқ учрашайлик,— деб илтижо қилди.
— Олдимга похол солиб кетадиган бўлсанг, ўзингдан ўпкала!
Хотинларнинг гапича бор экан. Авазбек ҳамманинг кўзи ўнгида девонаваш қиёфага кириб бораётган эди. Хотини билан ажрашганидан буён ичишга берилди. Ишидан кўнгли қолди. «Шундай бола ўзини ўзи хароб қиляпти-я», деб кимлардир унга ачинар, бошқалар эса: «Ойдеккина хотинини ҳайдади, ўзидан кўрсин энди», деб орқаваротдан койишар эди. Ҳақиқатан, туриши шу бўлса, ундан ҳар балони кутса бўларди. Ҳафиза шуларни ўйлаб, бир ҳафтанинг ичида озиб-тўзиб кетди. Томоғидан овқат ўтмайди, қўли ишга бормайди, уйдагиларга ёрилмайди. Даладан келади-да, уйига кириб олиб, дим-дим бўлиб кетади…
— Шу бугундан бошлаб далага чиқмайман! — деб бақирди Шарифжон келган куни.
— Майли,— деди Шарифжон ҳеч балога тушунмай,— сениям қийнаб юбордим. Уйда ўтирақол…
— Уйдаям ўтирмайман! Умуман, уйингиздан ҳам, қишлоғингиздан ҳам бездим! Сизга хотин керак бўлса, шу бугуноқ ўзингиз билан опкетасиз! Болаларниям! Ишласам, шаҳарда ишлайман, гап тамом!
— Ўҳ-ҳў, чап ёнинг билан турганмисан бугун? Мунча шошилинч?
— Кетаман, дедимми — кетаман.
Шарифжон ҳам қизий бошлади.
— Бошда юр дедим, бормадинг, энди бунақа қилиқ, -Кейин товушини пастлатиб давом этди. — Жиндай сабр қил Ҳафиза шу бу йил ўқишимни тугатиб олайин ана ундан кейин умримизнинг охиригача бирга бўламиз
Бироқ Ҳафиза сабр қиладиган ҳолда эмасди.
— Олдин бормаган бўлсам, энди кетаман деяпман! Мен борсам ҳам ўша ўқишингизни ўкииверасиз халакит бермайман. Шу сафар бизни опкетасиз, дедимми — опкетасиз.
Анча тортишувлардан сўнг, Шарифжон хотинининг талабига кўнишга мажбур бўлди, у онасига: «Майли, уч-тўрт кун ўйнаб келар», деди.
Уларнинг калта ўйлаганини шаҳарда юрганининг бешинчи кунидан англаб етдию ўз-ўзидан юраги сиқилаверди. Шаҳарда яшаб қолмоқчи, ўша ерда ишламоқчи эди… қаёкда?! Авазбек шу ерга ҳам уни ғойибона таъқиб қилиб келди. Шахарку Туюлга икки қадам энди дунёнинг нариги бурчига қочиб борса ҳам ундан қутулолмаслигини ҳис қилиб, Хафиза қишлокдагидан бешбаттар изтироб билан бирга Туюлга қайтди..
Шаҳарда юрганида: «Ўлсам ҳам далага чиқмайман деб қўйган эди, бироқ қишлоққа қайтган кунининг эртасигаёқ индамай ишга чикди. Шаҳарда менга деса бутун оламга ёйсин, шармандаю шармисор қилсин лекин Оқ бинога бормайман!» деб аҳд килган эди, бироқ қишлоққа қайтиб, далага чиқмасликнинг иложи йўқлигини англади. Аваз акаям одам-ку, жа унчаликка бормас, деб умидланди. Ҳозирча узилмай турайин, кейинроқ бутунлай узиб юборарман, деб режа тузди. Ниҳоят, бир куни туйқус: «Бораман, агар у ўша ерда бўлса, демак… пешонамдан кўраман деган қарорга келди ва оқшом чоғи далачиларнинг кўзини шамғалат қилиб, йўлни қишлоққа эмас, Оқ бинога солди,Авазбек ёлғиз ўзи ўтирган экан. Пилик чироқ ёқиғлиқ. Ҳафиза-а?! — дея гандираклаб ўрнидан турди у.
Ҳафиза иложи борича ўзини хотиржам, қувноқ кўрсатар эди.
— Мана, келдим,— деди илгаридагидек муомала йўсинида.— Уф, ҳалиям ўша сассиқ ҳидларингиз кетмадими? Кундуз кунлари мунда-ай шамоллатиб қўйсангиз бўлмай-дими?—Eшикнинг занжирини солди. Турган ерида чайқалаётган Авазбекни четлаб, сўрига юрди.— Чироқни сал кўтариб қўйсангиз-чи, қоронғида ҳеч нарсани кўриб бўлмаяпти,— деб ўзи пиликни буради.
Хона ёришди. Ичкиридаги ҳолни Ҳафиза шундагина кўрди, билди.
Тахта каравотнинг қаршисига яшик кўндаланг тўнкарилган, яшикнинг устида ярим шишача бир бало, шишанинг ёнида икки бурдагина нон…
— Ўтир,— деди Авазбек довдираб.
Бирданига Ҳафизанинг руҳи тушиб кетди. Келиб бекор қилибман, деб афсусланди ич-ичида. Ҳа, ўлса ҳам бу ерга келмаслиги керак экан! Ҳафиза бир лаҳзанинг орасида адои тамом бўлди. Энди нима қилади? Чиқиб кетсинми! Қўйиб юборармиди энди Авазбек? Додласинми? Шуниси етмай турган эди.
Авазбек шишанинг узун бўйнидан ғижимлаб, ўрнидан қўзғалди. Яшикнинг устидан ҳатлаб, Ҳафизага рўбарў келди, пишиллаб унинг қўлидан тутди. Ҳафиза ҳам ғайри табиий сокинлик билан тек қўйиб берди. Авазбек ликиллаб, валдирай бошлади:
— Бу нима, биласизми, жоним? Буни вийно дейдилар… Бунинг бир қултумини ичган одам тўппа-тўғри арши аълога учади… Манови-чи? Буни биласизми? Бу — попириска…
Ҳафиза чинқириб юборди:
— Бас қилинг, Аваз ака! Одам деган ҳам шунақа айнийдими?!
— Ҳали биз айниганга чикдикми? Ҳийқ… Майли, кўрамиз… Майли, биз айниганмиз, сиз оппоқсиз… Ўтир, Ҳафиза, ичамиз! Пиёла йўқ, кеча синди… Пиёлада ҳар қандай аҳмоқ ҳам ича олади… биз томоғидан қулқиллатиб… манавиндай қили-и-иб…
Ҳафиза бир ҳаракат билан Авазбекнинг қўлидан шишани тортиб олди ва бурчакдаги тахлоғлиқ яшикларнинг орқасига ирғитди.
— Бўлди, ичманг, Аваз ака! — деди ҳам қаҳр, ҳам меҳр аралаш.
Авазбек негадир бунга парво қилмади.
— Отаверсинлар, жойидан, отаверсинлар,— дея энкайиб, каравотнинг тагидан тағин битга шиша чиқарди.— Отаверсинлар… Бизда эса мунақасидан бир яшик…
Ҳафиза кескин бурилиб, ташқарига чиқишга чоғланди. Ҳозиргина зўрға ликиллаб турган Авазбек бир сакраб, унинг йўлини тўсди ва қўллари аралаш кўкрагидан қучоқлаб олди.
— Йўл бўлсин, жонгинам? Бугун биз билан қолмайдиларми? А?..
— Қўйворинг! Мен сизни одам деб юрсам… — дея Ҳафиза юлқина бошлади. Авазбек ўхшовсиз кулди.
— Майли, биз одаммасмиз… биз айниганмиз, майли… лекин ҳақимизни ташлаб кетинг, Ҳафизахон!
— Қанақа ҳақ? Қўйворинг, деяпман!
— Ия, ҳали эсларидан чикдими? Вох-хо-хо!.. Законний ҳақимиз бор сизда… законний! — Авазбек Ҳафизага канадай ёпишиб олган эди, дуч келган еридан таталай бошлади.
Дунё Ҳафизанинг кўзига қоронғи кўриниб кетди.
— Ўлганимда оласиз ҳақингизни! Ўлганимдаям ололмайсиз! — дея чинқирди-да, бор мадорини билакларига жамлаб, Авазбекни итариб юборди.
Авазбек ўртадаги яшикни нон-пони билан тўнтариб, чалқанчасига каравотга қулади.
— Сен ҳали мени урадиган бўлдингми? Сен-а? Мен энди сенга одамликдан чиқиб қолдимми? Ишгиналарини тўғрилаб юрардик, энди пуф сассиқ эканмиз-да? Ҳе ўша сендақанги…
Қачонлардир келиб Авазбекнинг огзидан шундай ҳақоратли сўзлар чиқиши мумкинлиги Ҳафизанинг етти ухлаб тушига кирмаган эди. Қулоқларини бекитайин деса, эшикнинг занжирини тушириши керак, занжирни туширақолай деса, қўллари тарашадек қотган — бўйсунмайди. Бир йилгина бурун қандай эди! Наҳот ўшанда ҳам шундай ўйлаган бўлса?! Қани у ширин-шакар сўзлар? Наҳотки ўшаларни ҳам шу одам айтган?! Йўқ, Ҳафиза бўлак ҳар қандай хўрликка чидайди, лекин ўзининг энг гўзал дамларига шерик қилган одамнинг бундай ҳақоратларига дош беролмайди. Бу — хиёнат, ўтакетган хиёнат!!!
Юраги зириллаб кетди. Вужудига қалт-қалт титроқ кирди. Акашак қўлларини минг машаққат билан занжирга чўзиб, туширди. Занжир шириқ-шириқ этиб тебрана бошлади.
— Ўв, менга бир қара-чи,— дея Авазбек Ҳафизанинг орқасидан кўйлагига чанг солди.— Қолмайсанми?
Қўйворинг!
— Нимашта мунча ноз қиласан? Кошки фаришта бўлсанг!
— Бас қилинг! Қўйворинг, деяпман!
Ҳафиза эшикнинг кссакисини ушлаб ташқарига юлқинар, Авазбек унингг қўлидан чангаллаб ичкарига тортқилар эди.
— Нимага келдингу энди нимага кетяпсан? Ўз оёғинг билан келдинг… олдин хам зўрлаб опкелганим йўқ, ўзинг келгансан, шундайми?! Энди нимага ноз қиляпсан? Ҳо-о, осонгина қутулиб бўпсиз.., Хақимизни бериб кетасиз…
Ҳафиза шартта ўгирилиб, тиззасининг кўзи билан Авазбекнинг чотига тепди.
— Мана сенга! Мана сенга ҳақинг! ……деб яна тепди.
Авазбек ўзини ўнглашга улгурмай туриб, ўхшатиб яна тепди.— Ол ҳақингни, ифлос!!!
Авазбек чотини чангаллаганча, икки букланиб кетди ва…
— Уҳ, жаллаб! — деди чинқириб.— Жалаблигингга бординг ахийриям-а!!!
Ҳафиза отилиб ташқарига чиқди ва тўхтамай чопиб кетаверди. Қаёққа чопаётганини билмайди. Оёқларида жон йўқ, лекин чопяпти. Шу ҳолда у ҳеч қачон тўхта-майдигандек эди. Йиғлаб йиғлашини билмайди, кулиб — кулишини. Далаларда енгилгина шамол изғиб қолибди, шунга қарши чопаверди. Бошидан рўмоли учиб, орқада қолиб кетди ҳамки, тўхтамади. Худди ортидан Авазбек қувиб келаётгандек туюларди унга. Чопаверди. Бироқ ҳар қанча чопмасин, айланиб-ўргилиб келиб тагин Оқ бинонинг қаршисидан чиқиб қолаверди. Ёки кўзига шундай кўриндимикан? Ҳар ҳолда, Оқ бинонинг ланг очиқ эшигини аниқ кўрар, Авазбекнинг ҳақоратини аниқ эшитар эди… Ҳолдан тойиб, думалаб қолгунча чопди ўзиям…
Кўзини очганида, тепасида ўзининг туққан онасини кўриб, ҳайрон бўлди. Йиғидан онанинг кўзлари қизариб кетган, юзлари бир аҳволда эди.
— Сизга нима бўлди, ая?— деб сўради хавотирланиб. Шунда она тап этиб ўзини унинг устига ташлади-ю йиғини баралла қўйиб юборди.
— Тузукмисан, болам? Вой болагинамдан ўргилай, тузукмисан?— дерди у ҳадеб.
— Менга нима қилибди?— деди Ҳафиза ҳали нима гаплигига ақли етмай. Кейин бирдан туси ўзгарди.— Мен қачон бу ерга келиб қолдим, ая?—деб сўради онасининг ёшли кўзларига жавдираб.
— Билмайман, қизим, билмайман. Кечаги аҳволингни кўриб, ўлиб бўлдик… Нима гап, қизим? Кўзингга жин кўриндими? Қўркдингми-я? Шу, даласида қоронғига қолиб нима қилардинг-а, болагинам!
Ҳафиза бирдан ҳаммасини эслади. Ҳовлиқиб, болаларини сўроқлай бошлади.
— Қаерда бўларди, уйингда-да,— деди онаси.— Ҳозир опкелиб қолишар. Кечаси билан қайнонанг ҳам тепангда ўтириб чиқди. Эрталаб келамиз деган эди…
— Ая, мен кетаман! — деди Ҳафиза тараддудга тушиб. Онасининг таваллоларига қулоқ солмади. Нонушта қип кетарсан, деганига ҳам, даданг дўхтирга кетувди, деганига ҳам парво қилмади.
— Менга дўхтир керакмас, соппа-соғман!
Онаси: «Илойим соғ бўлгин-а, қизим!» деганча қолди.
Шамол кечагидан хийла кучайибди. Ҳафиза кўйлагининг устидан онасининг пинжагини кийиб, уйига жўнади.
Бу кун жума эди. Эрта — оламда ягона эрининг келар куни. Ҳафиза тезроқ бориб, тайёргарлигини қилиши керак. Илгарилари шанба-якшанбаларни озмунча ҳаяжон билан кутармиди у! Бугун ҳам ўшандай ҳаяжон, ўшандай соғинч уни уйга шошилтирар эди. Ҳозир бориб ҳовли-жойни тартибга келтиради, супуриб-сидиради. Рустамжонни ҳам, Муҳаббатини ҳам чўмилтиради, ораста кийинтиради. Ахир, дадажонисига уларни бўжалақ ҳолича кўрсатмайди-ку?! Баҳонада ўзи ҳам чўмилиб олади, баданидан даланинг бир ҳафталик ғуборларини ювади. Бўйнига, қулоқларининг орқасига хушбўй атирдан суркайди…
Ҳафиза уйга етиб келганида шамол кучайгандан кучайиб борарди.
Оқшом туша бошлаган палла икки оила бир бўлиб қишлоқнинг кекса кампирларидан бирини олиб, Ҳафизани далага бошлаб келдилар. Туюл билан Жалойирнинг далалари туташган жойга — узун кетган тутқаторнинг ўртасига ўт ёқиб, латта куйдириб, «ажинадан қўрққан» Ҳафизани алас-алас қилдилар. Катта япалоқ тошни кўрамтада қиздириб, тоғорадаги сувга солдилар, устига Ҳафизани энгаштириб, кўрпа ёпдилар, ниҳоят, тоғорадаги сувдан унга уч ҳўплам ичирдилар, кўкрагини очтириб туриб, сепдилар, ҳар эҳтимолга қарши ўзлари ҳам ўша сувдан ичдилар. Ҳафизанинг юзига сал-пал ранг киргандек бўлди. Кўнгиллар тинчиб, бу ўзига хос кичиккина маросим қатнашчилари уй-уйларига қайтдилар.
Шамол кучайгандан кучайиб бораверди.
Кечки овқатдан кейин Ҳафиза дилга тугиб қўйган ишларни бажарди: кир ювди, болаларини чўмилтирди, ўзи ҳам чўмилди, ширин алла айтиб, қўзичоқларини ухлатди. Рустамжон бирпасда пиш-пиш қилиб ухлаб қолди, Муҳаббат эса, «дад-да, дад-да» дея-дея анчагача ухламади. Онаси бешикни тебратиб, яна алла айтгандан кейингина оромга кетди. Ниҳоят, Ҳафиза ўзига қарайдиган фурсат ҳам келди.
Вақт алламаҳал бўлиб қолган, ташқарида шамол ҳамон гувиллар эди.
Ҳафиза жавон тепасидан атир-упа турадиган жажжигина қутичани олиб очди-да, тошойна қаршисига турди…
Эвоҳким, кўзгудан унга мутлақо бегона бир жувон мўлтираб қараб турар эди!
Шув этиб ёдига кечаги воқеалар тушди. Оқ бино… вино… қўланса ҳид… Авазбекнинг маст башараси… ва ҳақоратли сўз…
Ҳафизанинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Мияси шишиб, боши тарс ёрилай дерди.
Кўзгудан ҳамон бегона бир жувон унга тикилиб турар, ажабки, ҳов орқарокда кимдир (Шарифжонми? Авазбекми?) ортга ўгирилмай, шитоб билан кетиб борарди. Ҳафизанинг кўзлари чарс очилди. Хаёлига: «Энди Шариф акам менга номаҳрам, энди мен Шариф акамга бегонаман!!!» деган ўй келди ва…
…қутичани зарб билан тошойнага урди. Ойна ҳам, қутича ҳам синмади, лекин ичидаги лаш-лушлар хона бўйлаб ҳар томонга сочилди. Уй ичини упа-еликнинг иси тутиб кетди. Бир зумда карахт бўлиб қолган Ҳафиза шалвираб гиламга чўнқайди…
Бу оламда унинг якка-ю ягона сирдош дугонаси — чегара билмас ўй-хаёлларга бурканиб юргучи яна бир Ҳафизаси бўларди. Шундай пайтда ўша дугонаси ҳам гунг, соқовга айлангандек эди. Ҳафиза зўр бериб у билан тиллашишга уринди. Бўлмади. Нимадандир илинж-умидда унга қулоқ солди. Ҳеч бир садо йўқ. Ўзи ниманидир сўрамоқчи бўлди. Тили айланмади. Шунда бирдан, бу оламда якка-ю ягона сирдоши ҳам уни абадул-абадга тарк этганини фаҳмлаб қолди. Ва овозининг борича… кулиб юборди.
Тунги кулгидан уй ичи жаранглаб кетди.
Бешикдаги Муҳаббат чўчиб тушдими, пиқиллай бошлади.
Ҳафиза кулгидан тўхтаб, тошойнага яна бир неча муддат қараб тураверди. Сўнг индамай орқасига қайрилиб, дахлизга чикди. У ердан айвонга ўтди.
Бешикдаги Муҳаббат секин-аста авжга минаверди.
Ҳафиза кайтмади. Бўм-бўш бошида Авазбекдан эшитган ҳақоратли сўз ҳамда ўзининг бояги дил иқроригина ғувиллаб чарх урар эди: «Энди Шариф акам менга номаҳрам, энди мен Шариф акамга бегонаман!»
Шамол ҳамон тинмай гувиллар, зимзиё тунда алланималарни учириб ўйнар эди. Ҳафизанинг кўйлаклари шамолда товуш чиқариб пирпирайди, зимзиё тун мисол зимзиё сочлари ёйилиб, тўрт тарафга юлқинади.
Бешикдаги Муҳаббат биғиллаб йиғлай бошлади. Ҳафиза ортига қайтмади. Чорвоқ эшигини очиб, далага чикди. Эшик тарақлаб ёпилди.
Далада шамол ҳовлидагидан ҳам кучли экан: буралиб-буралиб, чийиллаб-чийиллаб, Ҳафизани аллақаёқларга сургаб кетаверди.
Қизчаси бешикда биғиллаб-биғиллаб қолаверди.
Зимзиё тунда тўрт тараф поёнсиз кетган йўлдек эди: Ҳафиза сочлари тўзғиб, кўйлаклари пирпираб, боши оққан томонга кетаверди.
Гувиллаган шамол тинимсиз йиғлайверди, Ҳафиза ўзини шамолнинг эркига бериб кетаверди. Энди унинг бўм-бўш бошида Авазбекдан эшитган ҳақоратли сўзу ўзининг боягина қилган дил иқрори билан бирга бешикда чирқиллаб қолган Муҳаббатининг йиғиси ҳам қўшилишиб ғувиллар эди.
Шамол эса, бу кўҳна дунёни зир-зир титратиб, биғиллаб-биғиллаб йиғлайверди…

* * *

Зийрак ўқувчиларимиз норозиланмасинлар деб кейин айрим тафсилотлардан уларни қисқача хабардор этиб қўйишни лозим топдик.
Шарифжон политехника институтини битириб, этагини силкиб, узоқ Сибир вилоятларидан бирига ишга жўнаб кетди. Қўшни қишлокдаги Суннатилла биргадга «Мен энди бутунлайга кетяпман», дебди.
Авазбек «тарактирнинг дастаги тепган» жойини даволатиб чиққач, ичкиликни таг-томири билан ташлади. Хотини билан ҳам ярашди. Улар ҳозир Қарши чўлининг янги ўзлашган жойларидан бирида истиқомат қилишади. Фарзандлари тўртта бўлди, тўнғичи бу йил мактабга борди.
Ҳафиза эса…
Келинг, Ҳафиза ҳақида индамай қўяқолай. Шунчасини айтдим, шунисини айтмасликка ижозат бўлар, ахир?..