Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Шу ерлик киши (қисса)

Ота юртим, болалигимнинг ғаройиб дамлари кечган қадрдон қишлогим! Киндик қоним томган муқаддас тупроғингни кўзларимга суртайин-а!

Қатронтоғим – дов-дарахт тугул, ҳатто гиёҳдан ҳам қатрон бўлган бағрикуйигим! Гарчи Одам билмас замонлардаёқ қарғиш еган бўлсанг-да, ер юзида бўлак бирорта манзилгоҳ йўқки, у менга сендан хам латиф, сендан ҳам азиз кўринса!

Ахир,

қайроқ тошчаларингнинг сиртида жажжи оёқларимнинг жажжи-жажжи излари қолган;

ўнқир-чўнқирларингда у кунларимдан ширин-ширин хотиралар сақланади – ёлғиз мену ёлғиз ўзинг гувоҳ бўлмиш хотиралар!

Эй Нурсухариқ – бу кўҳна замин бағрида келинчакнинг бир ўрим шўх, сунбул сочидек тўлғаниб-тўлғаниб оқадиган сой! Омонмисан, сулувгинам? Ў, мен сени қандоқ соғиндим!

Билсанг,

ўшандан бери не-не ўйноқи сойларнию не-не азим дарё-денгизларни кўрдим, бироқ қалбимда сўнмас туғён бўлиб сен – фақат ўзинггина шарқираб турдинг! Абадий шарқираб қоласан!

Негаки,

ўзинг каби шўх, ўзинг каби ортга қайтмас болалигим зилол сувларинг қўйнида, шаффоф тўлқинчаларинг оғушида

эркаланиб оқмаганмиди?! Тошдан-тошга урилиб, тошдантошга урилиб…

Ва мен энди бир ҳикматни англадим:

ҳар кимнинг ҳам қайтмас болалиги бор сирли дунёси;

ҳар кимнинг ҳам муқаддас юрти бор – манзилларнинг ибтидосию интиҳоси;

ҳар кимнинг ҳам Қатронтоғи, Нурсухариқлари бор – кўзга тўтиё қилгулик!

Лекин,

ҳар кимнинг болалиги меникидекмикан – аламларга шодликларга бой;

Агар кимнинг туғилган қишлоғи меникидекмикан – дунёга сиғмай кетган кезларида она бўлиб, ота бўлиб бағрига оладиган;

ҳар кимнинг Қатронтоғи, Нурсухариқлари меникидекмикан – гоҳо шодон, гоҳо маъюс сукутларига эринмай қулоқ тутиб, тўлиб-тошган юрагига ўзан бўладиган?!

Шундаймикан?

Мен қандоқ эдим-а, азизларим! Эҳ, сизлар қандоқ эдингизлар!

Юртим, икир-чикир ташвишларингни бир муддатга қўятур мана, тағин қошингга келдим! Ў-ў, Қатронтоғим ғазнабоним, мени қанотингга ол! Сулув сойим – Нурсухариғим, тўхта, қаёққа шошасан, нега бунча тошасан, андак сабр қилсанг-чи! Эҳтимол, сенга…сизларга айтар гапларим бордир.

Эслашайлик… Дардлашайлик… Бир-бировимизнинг дийдоримизга тўйишайлик…

 

Бу каби ўйлар Нозимнинг хаёлидан ўн беш йиллар кейин, яъни, содда, тўпори қишлоқ боласидан бир думалаб элга таниқли кишига айланиб, ора-сира қадрдон қишлоғига келганида, юраклари ҳаприқиб, Қатронтоғ этакларига қадам босганида, Нурсухариқ қирғоғига чўкка тушиб, муздаккина зилол сувидан ҳовучлаб-ҳовучлаб сипқорганида, хуллас, катталарнинг шовқинли дуиёсидан болаликнинг ажиб, сеҳрли дамларига қайтишга зўр бериб уринганида ва ниҳоят, ўша дамларга қайтганида ўтади. Бу кечмиш ўй-хаёллар унинг бор бойлиги, умрли ҳамроҳи, безовта кўнглига ҳамиша ором ва фараҳ бахш этгувчи тириклик йўлидирки, у йўлнинг аввалию адоғи хотирот деб аталмиш маҳобатли бир тоққа бориб тақалган. Бу тоққа чиққан кишининг бугуни ўтмиши билан, ўтмиши келгуси кунлари билан, келгуси кунлари тағин бугуни билан уйғунлашиб, уммонга куйилган дарёлар мисол изсиз бирлашиб кетади, бугунни ўтмишдан, ўтмишни келажакдан, келажакни бугундан ажратиб бўлмай қолади – инсон бир пайтнинг ўзида гўё учала замон заминида собит туриб, учала замон ҳавосидан нафас олиб… яшай бошлайди.

Умри замонлар тўқнашган дақиқалардан иборат киши нақадар бахтиёр!

Бундай дақиқаларда қалбингизда эзгу ниятлар жўш уради, беихтиёр қўлга қалам тутгингиз келади. Поёнсиз дунё қаршисида ёлғиз бош эгиб, ўйга толасиз. Ўтган кунларингизни унутмаслик, келгуси кунларингизга ҳозирлик кўрмоқ ибратида дарди дардингизга, қувончи қувончингизга ҳамоҳанг бир ИНСОН такдиридан имкон қадар сўйламоққа, ўзингиз сўйлаб, ўзингиз тингламоққа уринасиз…

 

1

 

Ғира-шира тонг қоронғисида икки табақали туссиз, кўҳна эшикнинг чўзиб, бир нола қилиб очилиши ҳамда зум ўтмай тағин ўшандай товуш чиқариб ёпилиши неча кунлардан бери илк дафъа қишлоққа инган беозор сукунатни андак безовта қилиб турди.

Дунёнинг бир бурчагида янги кун шу безовталикдан бошланди.

Қоп-қора тўнга ўраниб, қулоқ-чаккасини нима биландир танғиб олган барваста киши эшикнинг зулфинини илиб, ҳалқага қулф солди. Олам ҳали рўй-рост ёришмаганидан унинг тўни яна ҳам қора кўринар эди. Зулфин, қулф неча бор шиқирлади. Калит ҳадеганда айланавермади чоғи, қора тўнли киши бетоқатланди. Асабийлашиб, кирза этигининг товонларини бир-бирига урди. Ҳаво ҳаддан ташқари совуқ эди, қўлларини оғзига олиб келиб, дам унисини, дам бунисини куҳ-қуҳлади, сўнг тағин қулфга уннади. Қароратли нафасдан намиққан бармоқлари қулфга, зулфинга чип-чип ёпишди. Сал ўтмай эти ачиша бошлади. Шу тариқа уч-тўрт саъй-ҳаракатдан кейин қора тўнли киши кулфдан калитни суғурди ва ногоҳ… адашиб бўлак калитни кўтариб чиққанини пайқаб қолди. Эшикни қайта очишга мажбур бўлди. Кўнгли алланечук чўкиб, паришонхотир, ҳовлига қадам қўяркан, пешонасини эшикнинг устонасига уриб олдию кўзидан нақ ўт чикди. Аламданми, оғриқданми инграб юборди: «Падарлаънат!» Сўнгра, қулфни йўлакдаги михга илди-да, эшикни тарақлатиб ёпди.

«Бормайман!»

Қора тўнли бу киши – Маҳам амаки эди. Унинг ажин босган юзларида, киртайган кўзларида аллақандай ташвиш аломатлари кезинади. Бироқ, айни дамда, бу ташвиш аломатлари кечаси билан кўксини ғижимлаб чиққан оғриқданми, баданни чимиллатадиган манави совуқданми ё ҳозиргина эшикни қулфлаёлмаганиданми – билиб бўлмайди.

Маҳам амаки этигини даҳлизда қолдириб, пайпоқдек ихчам ўралган пайтавасини ечмаёқ катта уйга ўтди. Тўнини бошига болиш қилиб, белигача сандалга суқилиб олди. Сандал барибир сандал-да! Ташқарида атиги беш-ўн дақиқа турди, оёғига у қадар совуқ ўтмаган эди, шундай бўлса ҳам, сандалга киргач, вужуди хийла яйради. Одамни сархуш қилгучи бу илиқлик салдан кейин оёқдан белга, ундан аста-секин бутун баданга бир текис таралди. Елкасидаги оғриқ ҳам қаёққадир аригандек туюлди. Ташқарининг совуғи бутун даҳшати билан шундагина билинди.

Кўзига негадир қабристон кўриниб кетди. Шу заҳоти унинг кўнглидан: «Бундай кунда ўлишдан асрасин,– деган ўй кечди.– Одамларга азоб… Э йўғ-э, одамларга нима, тиригингга чидаган ўлигингдан қочармиди! Қайтаг-а, иззатингни жойига қўйиб кўмадию савобини илиб кетади. Лекин совуқ… ерлар муз… шуниси ёмон!»

Бу йилги қиш ҳақиқатан ҳам қаттиқ келди. Кунда бўлмаса-да, кунора изғирин эсади, бири иккинчиси билан илонизидек айқашиб-уйқашиб кетган тангу тор кўчалар бўйлаб эртадан то кечгача, оқшомдан то топггача изғийди, очиқ эшиклардан ҳовлиларга, игна сиққудек тирқишлардан уиларга суқилиб кириб, не тирик зот бор, жонини суғуриб оламан дейди. Гўё Қатронтоғ орасига баҳайбат бир дев ўрнашиб олгану кунботишдаги ўнқирга қорнини тираб, икки ҳамла билан бутун оламни яхлатиб қўймоқ қасдида лунжини шишириб пуфлайди: қишлоқ устига балои офат ёғдиради. Хайрият, кеча оқшомга келиб ичгириқнинг дами ўтмаслашди, тунда батамом тинди. Тинди-ю, ҳавони йилтиратиб тинди. Нафас олинса, бурундан елвизак эсгандек бўлади, тумшуққа қиров кўнади…

«Ҳа, бунақа кундан буюрмасин!»

Кейин, кўз ўнгидан бошқа бир манзара ўтиб, Маҳам амаки ич-ичидан севиниб кетди. Ростакамига севинди. Шу тобда у беихтиёр кенг кўчани тўлдириб лўкиллаб келаётган оломонни, оломон елкасида лапанглагап тобутни, тобут ичида… Ўрмон чўлоқни тасаввур этган эди.

Аҳ, қанийди Ўрмон шу кечаси ўлса! Ўлса-ю, бир кимса билмай қолса! Буни Маҳам амаки ўша заҳоти юракдан сезса, лекин хабарчи келмагунича уйида тек ётаверса! Тонг-саҳарлаб эшиги тақилласа, у хотиржам чопонини кийиб, кетмонини елкасига ташлаб чиқиб борса…

Хабарчи ҳовлиқса!

«Маҳам ака, бўлақолинг, Ўрмон жамоа оламдан ўтди. Шунга…»

У шошмаса!

«Биламан, жиян, биламан. Мана, кетмонниям олволдимку! Иҳ, мунча пишилламасанг?»

Қанийди шундай бўлса!

Бу дунёга ҳеч ким эгалик қилолмайди, ҳамма бир-бир ўтади-кетади. Ўрмон ҳам ўлар, ахир? Муз ерга кетмон урсанг, ортга сапчийди, кўчса, тирноқдек ер кўчади, лекин, майлийди, Маҳам амаки сира оғринмасди. Ўрмоннинг гўрини ёлғиз ўзи қазирди, уни ўз қўллари билан кўмарди…

Эҳ, чўлоқ, умр бўйи уни ерга пийпалаб келдинг, энди, тиригида ўлигингни кўрсин, гўрингни ўзи кавласин, бу дунёдан кўзи очиқ кетмасин! Начора, вақтида тухмингни қуритиб юборишга курби етмади – ожизлик қилдими, ёлғизлик қилдими… Э, иложини топмади-да, фарзанд ҳаммага ҳам фарзанд экан, жўжабирдай жон эдинг, ўшаларни кўзи қиймади, ахир, уларда не гуноҳ?! Болаларингнинг бошидан сув ўгириб ичсанг арзийди, Ўрмон, ўшалар Маҳам амакининг қўлини боғлади, йўлига ғов бўлди. Яна бошқа сабаблар…

Аслида-ку, урушга иккалангиз бирга борганингиз маъқул экан. Шунда битта ўқ билан…

Лекин сен тулкилик қилдинг – фарзанд купайтириб, илдиз отиб, ҳаётга тобора маҳкамроқ чирмашиб олдинг, ўнта болани мўлтиратиб турсанг, душманингнинг ҳам раҳми келишини билдинг, бинобарин, барча гуноҳинг ўзингга аён эди. Энди, орқангдан бир талай боланг қолади. Маҳам амакининг алами шундан.

«Ҳеч бўлмаса Одилхоннинг уволи тутмайдими сени, Ўрмон?! Дастингдан жувонмарг кетди бояқиш. Тағин, бало кўрмагандек юрганингга ўлайми! Одилхонни немис эмас, сен ўлдиргансан, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қотилсан! Ана шунақа… Ўзинг-ку қиладиганингни қилдинг, уларни бир мен кўрдим, душманимгаям раво эмас, энди, лоақал болаларингдан одам ўстирсанг ўлармидинг, эл ичида иягимни кўксимга ишқаб кетди-ку ҳароми! Ҳа, Ўрмон, сени худонинг ўзи кечирмаса, энди мендан умид қилма!»

Ётиб-ётиб, қитмирлиги тутди, ҳап сеними, дегандек кўзларини қисиб, хаёлан қатъий бир қарорга келди:            «У кун, насиб этса, «уй»гинангни тор кавлайман, лоақал лаҳадда азоб чекиб ёт! Майли, шундан кейин менинг ҳам жонимни…»

Инсонга ўлим тилаш инсофлининг иши эмас, бироқ жондан ўтгандан кейин хаёлга ҳар не келаверар экан. Маҳам амаки қачондан бери бунақа яйрамаган эди. Ҳатто, тез кунларда ниятига етажагига астойдил ишониб кетди. Бечора нима килсин, ташна кўнглига бундан ўзга овунч, бундан ўзга таскин топмади. Шу аҳволда бундан ўзгасини ихтиёр этмасди ҳам!

Маҳам амаки ўзи сезмаган ҳолда ғужанак бўлиб олган эди, усти очилиб, бели тарашадек қотиб қолибди. Оёқларини базўр чўзди. Елкадаги оғриқ тағин бир-икки найза санчди, Маҳам амакининг юзлари буришиб кетди. Оббо касофат-э, сенинг ҳам пойлаганинг бор экан-да, тинчгина юрган эдим-а, деб қўйди кўнглида. Йўқ, унинг назарида, бу галгиси чин оғриқ эмасди, кеча келган хат йиллар оғушида тинч ётган хотираларини туйқус тўзғитиб юборган эди, холос. Хотиралар эса – елкадаги эски ярани тирнади…

2

Кеча пешинларда шамол баттар қутурди. Теракларнинг яланғоч новдалари тинимсиз чийиллаб, кўнгилларга ваҳима солаверди.

Маҳам амаки уйда ёлғиз эди. Омборхонадан ўткир дасткаллани олиб чиқиб, ўтган йил кесилган ўрик шохларидан ўчоқбоп қилиб майдалай бошлади. Изгириқ ҳали-вери тинадитан эмас, ўтинни қанча кўп ғамлаб қўйса, шунча яхши, бироқ у ҳозир бу ишга эрмакка уннади, чунки тунов куни Нозим қилиб берган ўтин бостирмада шундоғича турган эди.

Ногоҳ кўчадан кимдир уни чақириб қолди. Маҳам амаки дасткаллани бир четга қўйиб, овоз беришга улгурмай, эшик очилди. Бошида бостириб кийилган шляпа, эгнида қоракўл ёқали пальто, қўлтиғида қаидайдир чарм жилд, бир йигит остонада пайдо бўлди. Маҳам амаки уни таниди: Хайрулла Латиф. Ўзи нариги маҳаллада туради, лекин бу эшикни дадил қоқиб келадиган хешлиги йўқ. Тўй-маъракаларда борди-келди қилишмаса, бошқа маҳал… Нега келди экан?

– Ассалому алайкум, ҳурматли Маҳам ака! – деди Хайрулла Латиф кулгили қиёфада қунишиб, кўлқопини ечишга уринаркан. Кейин, бу қадар узун саломнинг боисини тушунтиргандек, қўшиб қўйди:– Одам гапириб турмаса, бу совуқда тумшуғи музлаб, калимага қовушмай қоларкан.

Маҳам амаки, истамайгина, чақирилмаган меҳмонга пешвоз чиқди.

– Ке, болам. Ҳа, бундай?

Хайрулла Латиф Маҳам амаки билан қуюқ сўрашди-да, қўлларини дарҳол пальтосининг чўнтакларига тикди.

– Э-э, Маҳам ака, бу қорасовуғи жон жойимиздан олди-ку, а? – деди оёқларини тапирлатиб.–Энди бас қилақолса бўларди, энасининг ҳақиям шунчаликдир-да!

Маҳам амаки уни ичкари бошлади.

– Ўзинг ҳам осмондан тушгандек… Одамлар изиллаб юрибди, сен бўлсанг бошга манавиндан кийволибсан,– деди кулиб.– Шу қасқондан бўлаги йўқмиди, мунда-ай қулоқчаккани бекитадиган?

– Телпак бор-у, сал уринганроқ, бизга тўғри келмайди. Редакқиядан тўғри шу ёққа ўтдим-да, Маҳам ака, уйда дарров алмаштириб оламан.

Оёқ кийимларини дахлизда қолдириб, ичкари ўтдилар.

– Ву-у-уй! – деб юборди Хайрулла Латиф қўлларини бир-бирига ишқалаб.– – Печка қурмабсиз-да, Бу, қотиб қолмайсизларми?

Маҳам амаки меҳмонни сандалнинг тўрига чорлади.

– Бизга шуниси тузук. Иссиғига яраша ташвишиям кўп печканинг. Чол-кампир сандалга ўрганганмиз. Битта чой?..

– Раҳмат, уйга боришим керак. Ҳа, холам кўринмайдилар?

– Оқмачитга кетувди, қизимизни йўқлаб,– деди Маҳам амаки ва сандалнинг девор тарафига ўтиб, оғир чўкди. Орқадаги лўлаболишни биқинига суриб, ёнбошлади.

– Э айтгандай, неваралар қуллуқ бўлсин! Отам айтдими, бувимдан эшитдимми… Баҳринисо опа қиз кўрганмиш?

– Қиз эмас, ўғил,– деди Маҳам амаки ҳамон Хайрулла Латифнинг «қасқон»идан кўз узмай.– Ярим йилча бўп қолди-ю!..

Хайрулла Латиф мезбоннинг койишини эшитмади ё ўзини атай эшитмаганга олди.

– Уларгаям қийин,– деди ҳозиргина бошлаган гап оҳангида,– ёш бола билан бунақа совукда… Холани юбориб яхши қипсиз, ака. Иложи бўлса, беш-ўн кун туриб келсинлар. Жа-а зерикиб қолсангиз, бошқа биронтасига… а?

Маҳам амаки энди Хайрулла Латифнинг кўзларига қийрихон тикилди, атай кулмади. Кулмагани меҳмонга савол бўлиб қадалди: хўш, муддаога кўчинг энди, жиян, ҳар ҳолда менга янги хотин топиш учун келмагандирсиз?!

Хайрулла Латиф ҳазилининг ёпишмаганини сезди. Маҳам амакининг нигоҳидаги маънони уқдими ё ўзи бошламоқчи бўлиб турганмиди, бир қимирлаб, сандал устидаги қора чарм жилдга қўл чўзди.

– Бўлмаса, гап бундай,– деди у овозига сирли тус бериб.– Ўтган куни, денг, райкомпартияга бир хат келибди. Белоруссия томонлардан. Шахсан биринчининг номларига. Бугун эрта билан ишхонада ўтирсам… Редакцияда биздан бўлак чаққонлар ҳам кўп-у, негадир мени, атай номимни айтиб чақирибдилар. Салом бериб кириб бордим. У ёқ-бу ёқдан сўраб, қўлимга мана шу хатни тутқаздилар. «Бир кекса кампир ёзибди. Яхшилаб танишиб чиқинг-да, бизни хабардор қилинг», дедилар. Редакцияга қайтиб келиб, ўқидим. Қарасам… Гапининг мазмунидан, кампир уруш йиллари ўзига ўғил қилиб олган бир ўзбек йигитни йўқлаяпти. Излаётган одамининг исми бузиброқ ёзилган, лекин барибир билиб олса бўлади. Тахминимча, ўша «йигит»– сизсиз!

Хабарнинг Маҳам амакига қандай таъсир этганини чамаламоқчидек, Хайрулла Латиф бирпас тек тикилиб қолди. Ҳақиқатан, Маҳам амаки шунгача сал-пал қизиқсиниб, лекин индамай қулоқ солиб ўтирган эди, хатнинг ўзига тегишли эканини эшитгач, ялт этиб қора жилдга қаради. Заруратсиз томоқ қирди. Хайрулла Латиф сўзида давом этди:

– Бу, энди, менинг тахминим-да, Маҳам ака. Аммолекин хатни бир ўқидиму дарров сездим: биринчи бекорга мени чақирмабдилар. Ўйлайсизки, ўзлари ҳал қилолмайдиларми? Қиладилар! Фақат, бу ерда бошқа гап бор – кампирнинг қидиргани мабодо бизнинг райондан чиқса, газетага катта очерк ёзиш керак бўлади. Очеркни эса, каминадан ўтказиб ёзадигани йўқ районингизда! Қалай?

Маҳам амаки Хайрулла Латифнинг гапларини эшитиб-эшитмай, англаб-англамай, анграйганча қотган эди. Орадан бирмунча муддат ўтибгина базўр ғўлдиради:

– Ўша одамнинг қишлоғи ёзилмабдими?

– Ёзилмаган, гап шунда-да! Мана, сизга бир жойини ўқиб берай. Хў-ўш, мана: «Мен унинг (яъни, сизнинг) асли қаердан эканини аниқ билмайман. Фарғонаданман, дегани эсимда қолган, холос. Шунинг учун водийнинг ҳамма районига биттадан хат юборяпман. Сизлардан ўтиниб сўрайманки, «Магамеджан»нинг дараги (ўликми, тирикми) чиқса, қуйидаги адресга зудлик билан хабар беринглар!..» Мана шунақа. Хатни невараси ёзибди, ҳуснихати зўр экан лекин! Қаранг, охирига ўзидан қўшибди: «Бувимга ёрдам беришларингизни биз ҳам жуда-жуда истаймиз. Илгарилари ҳам ўша «йигит» тўғрисида у кўп гапириб юрарди, лекин негадир шу кунгача бировимиз бунга ҳафсала қилмабмиз. Енди, бувим роса қариб кетган, ўлимимдан олдин ўша «ўғлим»нинг дарагини бир эшитсам, деб илҳақ бўляпти. Яна бир гап: ўшанда онам менга ҳомиладор экан, энди эса турмушга чиққанман. Битта ўғилчам бор, отини Иван кўйганмиз… Салом билан, Настя». Ўзбекча исмни сал ўрисчароқ ёзганини айтмаса… Маҳам ака, сизниям отингиз асли Маҳаммаджон бўлган-ку, а?

– Маҳаммаджон эмас, Муҳаммаджон.

– Майли-да, нима фарқи бор. Ишқилиб, сизмисиз – шу?

Маҳам амакининг юраги гупира бошлади. Нимадир ичидан кўтарилиб келиб, томоғини ғиппа бўғиб қўйгандек туюлди. Ҳадиксираб, хатга қўл чўзди. Чўпдек ориқ, узун-узун бармоқлари ҳаяжонини ошкор қилиб, ҳадеб титрар эди. Ўрисчага тиши ўтмайди, бироқ ҳозир у гўё хатни ўқиётгандек, мазмунига тушунаётгандек бўлди.

– Ўша йигит билан қандай қип ўғил тутинганиниям ёзибдими? – деб сўради ниҳоят.

Хайрулла Латиф, ҳар қалай, Масковнинг тузини ялаган одам, хатни шариллатиб ўқиб берди. Кейин ҳаммасини икки қайталаб ўзбекчага таржима қилди.

Бўлди. Маҳам амакига энди бари аён эди. Хайрулла Латиф хатни ўзбекчага ўгирмасидан буруноқ у бор гапни англаб етди. Нақ юраги билан ҳис қилди. «Воҳ-ҳа! Ҳалиям тирик экан-да! Оббо Василиса хола-ей!» дея ҳайрат ҳамда аллақандай соғинч аралаш кўнглидан ўтказди у.

Хайрулла Латифнинг чинқириғи уни бирдан ҳушига қайтарди.

Ана, айтмадимми! Ўзим ҳам ўйловдим-а,– дерди у сш боладек чапак чалиб.– Тўғри топибманми? Ўша «Магамеджан» сизмикансиз, ахир? Василиса холаниям эсладингизми? Ана холос?

Белоруссия… Кампир… Тутинган ўғил… Ўзи билганидан сал бошқача, лекин… Маҳам амакининг кўзларидан ёш чиқди. «Сизмисиз? Ўша «йигит» сизмисиз?» дея ҳол-жонига қўймаётган Хайрулла Латифга ожизона мўлтираб:

– Мен шекилли,– деди.

Хайрулла Латиф нечундир дабдурустдан йиғиштиринишга тушди.

– Сизга энди халақит бермайман, Маҳам ака. Сизнинг энди ёлғиз қолганингиз маъқул… Аммо-лекин зўр бўлдида! Кампирнинг бир айтгани бор экан! Э, кампирнингми фақат, сизниям, мениям омадимиз чопди энди! Хў-ўш, Маҳам ака, сизга бир кун муҳлат: яхшилаб эсга туширинг, ўйланг, эртага бир бошдан каминага айтиб берасиз. Журналистлик тажрибамга суяниб айтиб қўяй, қанча қўшиб-чатсангиз ҳам майли, кўнгил кўтарса – бўлди, очерк кўтараверади. Бўпти, мен кетдим! Туриб овора бўлманг, эшикни ўзим зичлаб қўярман. Хўп, эртагача!

Хайрулла Латиф димоғида нотаниш бир куйни хиргойи қилиб, даҳлизга чикди. Ботинкасини оёғига илатуриб, тағин ичкарига бош суқди.

– Дарвоқе, Маҳам ака, мабодо коммунист эмасмисиз?

Маҳам амаки хаёлга чўмганича шуурсиз бош қимирлатиб қўйди.

– Ў-Ў, унда янаям зўр! – деди Хайрулла Латиф ва зумда кўздан йўқолди.

Маҳам амаки ҳозир ўрнидан жиладиган ҳолатда эмасди. Назарида, неча кундан бери ташқарида тинимсиз гувранаётган шамол гўё шу бугун, ҳозир, ўртадаги қалин деворни, эшик-деразани писанд қилмай, уй ичига ёпирилиб кирдию унинг юрагида ҳам бир-икки гувраниб, вужуд-вужудини ҳувиллатиб кетди. Елдек кириб, селдек ариган Хайрулла Латиф уни батамом довдиратиб қўйди. Маҳам амаки бирдан ўзини ёлғиз ҳис қилди. Шу тобда кимгадир суянгиси, нималардир дегиси келди. Лекин, кимга? Жони жонига, қони қонига қоришиб кетган жуфти ҳалоли ҳам, бахтга қарши, ёнида эмас… Бемаврид рухсат берибман, деб у астойдил афсус чекди. Кўчага чиқсинми? Ҳадемай кеч киради, кўчадан кимни топади?..

Эҳ, суюнсанг ҳам, куйинсанг ҳам, қаватингда бир ғамгузоринг турсин экан-да!

Маҳам амаки аскарликка кетган кенжатойини қўмсаб, юраги гумириб кетди. Бизнинг даврлар ўтди, замон тинч, майли, хизматини ўтайверсин, деб бир ярим йилдан бери кўнглини кенг қилиб юрган эди, энди бирдан ғаш тортди. «Баҳор қачон келади-ю», деб қўйди ичида. Кейин тўнғичини ўйлади. Каримжоннинг рўзғори энди кичик эмас, ташвиши ҳам бошидан ошиб-тошиб ётибди – буни Маҳам амаки билади, бироқ барибир киндик қони томган маконни ташлаб, бетайин бир уйга кўчиб боргани шу дамда унга оғир ботди. Сўкинди. Бир ёқда қизи Манзура тирнаб кетган яра ҳали битмаган, битиши ҳам даргумон.

Маҳам амакининг ўйлари оғир эди, оқибати енгил келсин-да, деб умид қилди. Хотини шу ерда бўлганида, эҳтимол, бу қадар хуноб бўлмас эди. Аксига олиб, у ҳам йўқ. Ноилож, ўғлига қўшиб қизини, қизига қўшиб хотинини сўка бошлади. Анчадан кейин, хумори тарқади шекилли, тағин ўз-ўзидан хотиржам бўлиб қолди. Шунинг баробари дабошқа нарсани ҳам қалбан туйди: униyг бу сафарги хотиржамлиги жанголди сукунатидек алдоқчи, хавотирли эди! Хаёлини чалғитиш пайига тушди. Лекин энди бунинг иложи йўқ эди. Кўз олдида беихтиёр Хайрулла Латифнинг кулиб турган қиёфаси намоён бўлди. «Одам қуриб кетгандек, дардимни сенга ёраманми? – дея жиғибийрони чикди.– Сенинг фаросатинг етармиди бунга? Ахир, сен…»

Сал ўтмай Маҳам амаки Хайрулла Латифни чинакамига ёмон кўриб қолди. Бу исм унга бирдан бошқа воқеани қизи Манзура билан боғлиқ миш-мишни эслатдию ўзини тутолмади. Келиб-келиб шу бетайин бола ўртага тушадими, деб надомат ила кўнглидан ўтказди.

Гап шундаки, Маҳам амакининг Хайрулла Латиф билан шахсий хисоб-китоби, яъни, «Мавриди келиб қўлимга тушар, ўшанда танобини бир тортиб қўймасам!» деб дилига туккан жойи бор эди. Боя шу нарса ёдидан кўтарилибди. Майли, эртага яна келади-ку.

Эмишки, Манзуранинг Тўйчи тракторчи билан қочганини эшитиб, Хайрулла Латиф тиззасига шаппатилаганмишда: «Жуда тўғри қилибди, маладес! Манзура мард экан! Унинг бу ишини жасорат деб баҳоламоқ керак! Яъни, Манзуранинг жасорати бизнинг қолоқ, қишлоқи ту шунчаларимизни таг-томири билан қўпориб ташлайди!» деган эмиш. Маҳам амаки бу гапни Хайрулланинг ўз оғзидан эшитмади, хотини кўчадан топиб келди, бироқ шамол келмаса… одамлар оғзини бекорга чарчатиб ўтирмайди. Унинг баданидан ўтиб кетгани – миш-мишнинг тарқалгани эмас, ахир ҳар юртнинг ўзига яраша миш-миши ҳам бўлади-да, унинг баданидан ўтиб кетгани – одамлар бу гапни Хайрулла Латифнинг тилига ямаб айтгани эди. Ўзи ҳалигача уйланмаган, бошида не хил гап-сўз юради, бировнинг ишига тумшуқ суқиб нима қиларкан, дея ўксинган эди Маҳам амаки ўшанда. Энди, аксига олиб, шу болага сирини очармиш…

Маҳам амаки хотинининг бир қилиғини хаёлан такрорлади: қўлларини мушт тугиб, ерга ниқтади-да: «У дунё бу дунё айтмасман!» деди.

 

3

Маҳам амакининг куйганича бор: Хайрулла Латифнинг ўша гапни айтгани рост – буни мен ҳам биламан. Ҳатто Тўйчининг отаси Ўрмон чўлоқ ҳам эшитган. Эшитиб у нималарни хаёл қилган – бехабарман-у, лекин Маҳам амакининг кўнглидан кечгани қисман менга аён. Шунинг учун, бечора амакига раҳмим келади, қачон шу воқеа ёдимга тушса, унга қўшилиб, «тилини тиёлмаган» ошнамни сўкиб қоламан. Рост-да, Маҳам амакининг кечинмалари, дардлари Хайрулладан кўра менга яқинроқ, менга қадрдонроқ эди…

Хайрулла Латиф деганлари, аслида, менинг болалик дўстим бўлади. Тепкилашиб катта бўлганмиз. Битта деворнинг кесагини ялаганмиз, битта ариқдан сув ичганмиз. Лекин, тақдирни билиб бўлмас экан: феъл-хўйи, табиати бир-бирига бу қадар ўхшаш болалар кейинчалик бошқа-бошқа одам бўлиб етишади, деб ким ўйлабди дейсиз.

Хайрулла ёшлигида аломат бола эди. Роса кўп китоб ўқирди. Ташқари ҳовлимизда, ҳовузнинг бўйига ўтириб олиб, узун кечалари бир-биримизга эртаклар айтиб чиққанимиз ҳамон ёдимда. Аксари у гапирарди, мен эшитардим. Агар мен ҳам ёшлигимда у-бу нарса ўқиган бўлсам, тан оламан, аввало, шу Хайрулла туфайли, Хайруллага ҳавас қилганимдан ўқиганман. Бироқ, минг чиранганим билан унга етолмасдим…

Баъзан ширин хаёлларга берилардик. «Катта бўлсам, учувчи бўламан!» дерди у. «Мелисаликка ўқийман!» дердим мен.

Мактабни икковимиз ҳам яхши битирдик. Катта ниятлар билан шаҳарга отландик – катта ўқишга. Лекин бу пайтга келиб биз анча ўзгарган эдик. Ёшликдаги орзуларимиз ҳам ортда қолиб кетди.

«Отам, политехникада ўқийсан, деяпти. Вино заводига директор бўлармишман… Нима қилай экан?» деди Хайрулла катта шаҳарга етгач. Бир-икки кун ўйланиб юрди. Ҳужжатларини негадир университетнинг иқтисод бўлимига топширди.

Бизга омад кулиб боқдими ё «ўлардек» тайёрланганларимиз қўл келдими, икковимиз ҳам ўқишга қабул қилиндик. Хайрулла – иқтисод бўлимига, мен – адабиёт бўлимига. Ўшандаги қувончларимизни айтиб адо қилиб бўлмайди! Дунёнинг бир чеккасидаи катта шаҳарга келиб, бир уринишдаёқ катта ўқишга ўтиб кетиш…

Абитуриентликда бир кампирникида ижарага турган эдик, студент бўлганимиздан кейин икконимиз ҳам ётоқхонага кўчиб кетдик. Ётоқларимиз бошқа-бошқа жойда эди, лекин вақт топилди дегунча бир-биримизникига чопардик. Кўпинча, Хайрулла мени йўқлаб келарди. Одатдагидек, шўх, қувноқ.

«Қалай, адабиётчи ошна, инсониятнинг маънавий оламини бойитяпсанми ё…» дерди мароқ билан, ҳали остона ҳатлаб ўтмасданоқ.

«Ўзинг-чи? Ўзингдан сўрасак?» дердим мен ҳам қолишмай, унинг рўёбга чиқмаган орзуларига шама қилиб.

Хайрулла сир бой бермасди.

«Шу, юрибмиз… иқтисодий факторларнинг маънавий оламга таъсирини ўргани-иб», дерди-қўярди.

Кейин… Биринчи курснинг охирларига бориб, Хайрулллпинг кайфияти ўзгарди-қолди. Бир куни кечқурун олдимга келиб, дардини ёрди.

«Адабиётга лаёқатим кучлироқ экан,– деди. Унингча, ‘.шди иқтисодни сира ўзгартириб бўлмас, ўзгариб-ўзгариб шу холга келган эмиш. Адабиёт майдонида эса одам истаган ишини қилса бўлади!»

«Касалланибсан, ошна», дедим юмшоқлик билан.

Хайрулла бирдан яшнаб кетди.

«Топдинг, Нозим, касалланганман,– деди.– Ахир, адабиёт шундай сеҳрли бир кучки, унинг қаршисида буткул ҳушимдан айрилиб қоляпман!»

Шу билан ёз бўйи ҳеч қаёққа бормай, ҳужжатларини бизнинг бўлимга ўтказиш ниятида юрди. Бўлавермагач, яна такдирга тан берди. Лекин… иккинчи курснинг ярмига бориб, ўқишни шартта ташлади.

«Минг марта ўйлаб кўрдим, ошна, адабиётсиз яшай олмас эканман»,– деди. Айтишича, лекция пайтлари конспект ўрнига нуқул шеърми, ҳикоями қоралаб ўтирар экан. Ҳатто, ёзганларидан бировини партадош бир қизга кўрсатса, у бечоранинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетибди. «Хайрулла ака, нима қиласиз, бу қуруқ ўқишда ўқиб, кетинг, ўлай агар, сиздан катта шоир чиқади!». деганмиш қиз шивирлаб. Шуларни айтди-ю, Хайрулла муштига туфлади.– Раз ҳаммасини қайтадан бошлаш керак экан, биратўла Масковга борганим бўлсин! – деди ҳаяжонланиб. – Ахир, Масков – Масков-да!»

Тағин анчагача кўринмай қолди. Ўзиям ўлган-тирилганига қарамай тайёрланди чоги, келгуси йили пақ этиб Масковдаги Адабиёт институтига ўтиб келди. Рости гап, бундай бўлишини мен тугул, ўзи ҳам кутмаган, эҳтимол. Нима ҳам дердик, омади бор экан!

Ойда-йилда бир кўришадиган бўлиб қолдик. Хайрулла таътилда уйга келишида ҳам, сўнг Масковга қайтишида ҳам йўл-йўлакай студентлар шаҳарчасига – менинг ёнимга бир ўтади.

«Қалай, студент, пахталар яхшими бу йил?» деб кириб келади доим.

Қучоқлашиб кўришиб кетамиз. Борингки, ўша кеча уйқу «ҳаром» бўладида-е! Бири биридан антиқа ҳикоялар ёзувчилар, шоирлар, уларнинг хотинларию ўйнашлари, Масков пивоси-ю ҳурилиқо қизлар… ҳеч бири қизғанилмайди, ҳаммаси ўртага – дастурхонга тўкилади. Олинг, манависидан олинг… Ҳўв оғайни, бунисидан ҳам тотиб кўринг… Яшанглар, тошкентлик студентлар!.. Биз Хайрулла келтирган ва энди сахийлик билан улашаётган таассуротларни кўк чойга қўшиб, қулт-қулт ичимизга ютиб ўтираверамиз. Кўнгилларимиз яйрайди. Масковга боргандек, у ерларда юргандек ҳис қиламиз ўзимизни!

Кейин…

Хайруллага тағин жин тегди. Биз бешинчи курсда таҳсил олаётганимизда, қишда, кўч-кўронини кўтариб келиб қолда. Қўрқиб кетдим.

«Ҳа?– дедим.– Тинчликми?»

«Тинчлик, ошна, тинчлик,– деди Хайрулла аввалгидек шўх, кувноқ оҳангда. Юкларини бир чеккага жойлаштиргач, кўзларимга бақрайди.– Ўқишни ташладик!»

Сўнг зўр бериб тушунтиришга тушди; ўзинг айт, Нозим ошна, мени бу дунёнинг билимлари қониқтирмаса, нима қилай, ахир? Қолаверса, ўқиганлардангина ёзувчи чиқади, деган жойи борми? Мана, фалончи аслида ҳеч қаерда ўқимаган, ёзганлари зўрми? Зўр! Писмадончи ҳатто академияни ташлаб кетган… Нима учун? Дарслардан қониқмаган! Мен сенга айтсам, ошна, диплом дегани расмий бир ҳужжат, холос. Уни от ҳам олади, эшак ҳам! Гап – мана бу ерда, билдинг?!

– Билдим. Лекин менинг билганимдан унга нима наф – бунисини ҳалигача билмайман.

Хайрулла Тошкентда бир кун юрди, икки кун юрди, ахийри кўч-кўронини орқалаб, қишлоққа жўнаб кетди. Мени-ку осонгина лақиллатди, қишлокдагиларга нима каромат кўрсатаркин, деб қолавердим.

Бундан уч йил бурун, яъни, Масковдаги ўқишга ўтиб олганида Хайрулла улфатларни чойхонага йиғиб ош берган, «Тошкентдаям ўқийверсам бўлар эди, лекин чидаёлмадим, оғайнилар, профессорларнинг билими мени қониқтирмади!» деган эди. Ўшанда унинг бу гапига биров ишониб, биров ишонмаган. Хайрулла шуни кўнглига тугиб қўйган экан, қишки сессиядан кейин қишлоққа келганида, студентлик билетини кўрсатиб, ишонмаганларнинг оғзига урган-да: «Манави катта холангнинг қулоғими?!» дея роса кўкрак керган.

Энди нима қиларкин.

Кейин билсам…

Хайрулла анчагача сир бермай юраверибди. Одамлар кавлаштиравергач, охири, менга айтганларини қишлоққа ҳам ёйибди. Тавба, кулгингиз қистайди. Масковда ўқигани билан одамларни анойи фаҳмлаганини кўрмайсизми!

Бизнинг юрт одамларининг антиқа феъли бор, уларни бир гапга ишонтириш учун минг марта ўлиб, минг марта тирилиш керак. Қизиқ-да. Олдинига «ҳа-а… ҳа-а…» деб тураверади-ю, кейин ҳақиқатнинг тагига етмагунча тинмайди. Шундайлардан биттаси Масковда аскарлик хизматини ўтаб бўлиб, энди уйга қайтиш арафасида турган укасига атай хат йўллабди, «Шундоқ-шундоқ… аниғини билиб келгин!» деб қайта-қайта тайинлабди. Ўша аскар келгану қачондан бери қишлоқ осмонини қоплаб ётган булут тарқаган-кетган:      Хайрулла     иккинчи курсни тугатмасданоқ ўқишдан ҳайдалган экан! Сабабини батафсил суриштиришга йигитнинг вақти етмабди. Бу ёқда Хайрулла ҳам қараб турмаган: эвини қилиб район газетасига ишга жойлашиб олгану гуркиратиб фаолият кўрсатаверган. Бир вақтлар ҳикоя, шеърлар ёзиб юрган эмасми, газета саҳифаларидан номи тушмай қолган. Ҳатто ҳикоялари «Давоми бор» деб ҳам чиққан. Мақолаларни-ку, асти кўяверинг, одамлар уларни кетма-кет ўқиб боришга улгурмай юришган. Натижада қишлоқликлар аросатда қолган: аскар боланинг топиб келган гапларига ишонайлик деса, Хайрулла районда гуркираб юрибди, Хайрулланинг гапларига ишонайлик деса, болапақир икки йиллик хизматини ўртага қўйиб қасам ичган! Бировига ишонмай кўринг-чи!..

Хайрулла ҳозир ҳам ўша ерда ишлайди. Маълумоти олий бўлмаса-да, Масковда ўқиб келгани, қолаверса, газетадаги неча йиллик фаол хизматлари pэвазига уни қишлоқ хўжалиги бўлимига ходим қилиб олишибди. Ҳикоялар ёзмай қўйган, шеърни ҳам йиғиштирди чоғи. Онда-сонда «Латифий» тахаллуси билан эски шеърлари кўриниб қолади, лекин кейинги пайтлар яккаш танқидий мақолалар ёзишга киришиб кетди. Менинг илк китобчамга дастлабки тақризни ҳам район газетасига шу Хайрулла ёзган. «Хайрулла Латиф» деб тахаллус қўйган эди ўшанда. Районда бора-бора шу ном билан довруғ қозонди.

Оқибат шу бўлдики, газетанинг йиллик муҳокамасида редактор: «Ёш танқидчи Хайрулла Латифнинг долзарб тақриз ҳамда адабий-танқидий мақолалари жамоатчилик ўртасида жиддий қизиқиш уйғотди», деган жумлада қистириб ўтди. Дўстим Хайрулланинг бундан қанчалар қувонганини сўз билан ифодалаш қийин. «Шу Хайрулла мендан қаттиқ хафа. Тақриз ёзиб, уни машҳур қилиб юрибман-у, у бўлса лоақал раҳмат айтиб қўймади», дебди акамга. Аслида, гап бошқа ёқда эди.

Ўша тақризи газетада чиққанидан кейин бесабр Хайрулла икки-уч бор уйга келиб, аямдан мени сўроқлабди. Хола, мана, ўғлингизга «оқ йўл» тиладик, энди катта ёзувчи бўп кетади, дебди. Она она-да, ўғлининг ютуғидан ким севинмайди! Аям Хайруллани алқай-алқай пешонасидан ўпиб, битта янги атлас қийиққа ўрик, майиз, жийда, қанд-қурс тугиб берибди. Хайрулла ҳам тақриз чиққан газетадан беш-олтитасини аямнинг қўлига тутқазиб, Нозим келса, зудлик билан мени топсин, гап бор, деб тайинлабди. Гузарда қўришиб қолдик. «Э-э, тақризчи ошна, ижодлар муборак!» дея қучоғимни очдим. Қучоқлашишга қучоқлашдиг-у, сездим: унинг шашти ҳар галгидек эмасди – қандайдир совуқроқми-ей. Қўлини бўшатиб, ясама кулди. «Тақризчи эмас, танқидчи…» деди. Бошқа сафар эса, кўчада кўриб, қўл учида сўрашди-ю, ишим зарур эди, деб жўнаб қолди…

Хайрулла Латифнинг одамларга гап бўлган яна бир жиҳати бор – ўттиз бешдан ошиб, ҳалигача биронтасининг бошини тутмаган. Қизларга кўнгил қўймайди ё кимсага ёрилмайди. Сўраганларга яккаш қўл силтайди. «Хар ким аравасини ўзи тортсин, мени тинч қўйинглар, нима, сизларникига осилган ерим борми? – дейди. Гап оҳангидан ранжигандек кўринади, аслида ранжимайди, жиддий сўзлайди.

Кўнгил билан ҳазиллашиб бўлмайди! Тўғри келмагач, минг чиранганингиз билан… юракка буюролмайсиз».

Бирда ота-онаси худонинг зорини қилиб, ўртага мени элчи қўйишди. Гапни узоқдан бошлаб, роса қисти-бастига олдим. Қаёқда!

«Қўй, ошна, нимага кўз тикканимни яхши биласан, хотин билан эса узоққа бориб бўлмайди,– деди. Сўнгра ҳазил қилдими, чин қилдими, илжайиб давом этди:– Белинский қирқ ёшигача уйланмаган экан. Адабиёт менинг тимсолимда битта Белинскийдан ажраб қолишини истамайман!»

Шундан кейин ота-онасига келиб:

«Сабр қилинглар, ўзи биттасини топар экан», дедиму қутулдим…

Хуллас, одамларнинг у тўғридаги миш-мишлари-ю Хайрулланинг эҳтиётсизлик қилиб айтиб қўйган ўша гапидан кейин шу ошнамдан Маҳам амакининг ихлоси қайтган. Тузукроқ ўйлаб қаралса-ку, уларнинг ўртасида айтарли низо ҳам йўқ. Бироқ… Кўнгил экан-да, Хайрулланинг ўзи айтмоқчи: «Кўнгил билан ҳазиллашиб бўлмайди!»

Булар ҳаммаси қавс ичидаги гаплар. Биз учун муҳими адабиётнинг шартлилиги! Шу йўлга суяниб, Хайрулла Латифни ҳеч иккиланмасдан қиссамиз воқеалари кечган даврга ғойибона кўчирмоқдамиз. Ўқувчи биродарларимиз япа бир нарсадан ажабланмасинларки, лозим топилганда хақиқатга ҳам қайтамиз, яъни Хайрулла Латиф билан юзма-юз суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўламиз.

 

4

Чап кўкрак билан елка ўртасида туйқус кўзғалган огриқдан Маҳам амаки ярим тунда уйғониб кетган эди, тун бўйи тонггача инқиллаб-синқиллаб, гўё тиканга ағанаб чиқди. Ётиб ётолмайди, ўтириб ўтиролмайди.

«Бип-бинойидек юрган эдим-а,– дея алам билан ўйлади у.– Касофат газитчи қўзғаб кетди-ёв. Хайвон!»

Оғриқ зора қўйиб юборса, деган илинжда аста ўрнидан уриб, даҳлиздаги ўчоққа ўт қалади, қумғонда сув илитиб, юз-қўлини чайди; уй ичи ертўладек совиб кетган экан, чўғнинг устига тўрт бўлак кўмир ташлаб, обдан яшнатди, сўнг оловкуракда сандалга солди. Соғ пайти бунақа юмушдардан юраги сиқиларди, ҳозир зса бафуржа, бамайлихошр бажара бошлади. Чўғнинг устига кул тортиб, тепасини апчагача шиббалаб турди. Ниҳоят, кўрпани ёпиб, сандалга оёғини суқди.

Елкада эса, худди ўша жойни ўпириб кетадигандек, бурама оғриқ кучайиб борарди.

Сал ўтмай, тошкўмир тафти элитдими, уни мудроқ босди…

… қулоқларни қоматга келтиргучи ўткир бир товуш ҳуштлкдек ҳавони кесиб, яшин тезлигида яқинлашаверди, оламни гўё чийиллаган овоз тутиб кетди. Аскарларнинг қиёфалари андак саросимали, андак лоқайд. Кейин… ким ўзини қаёққа ташлаган… ахир, бу шунчаки ҳуштак эмас, муқаррар ҳалокатнинг машъум элчиси. Дастлаб кўндаланг бўлган савол – снарядми, бомба? Ниҳоят, даҳшатли момақалдироқ… Кимдир уни илкис ердан узиб олиб, тағин ерга урди. Замин бир қалқди, шундай қалқдики, зум ўтмай ўнг ёнгами, чап ёнгами оға бошлади. У бўшлиққа қулаб тушмаслик учун ерга маҳкамроқ ёпишди, ҳандақдан чиқариб чашланган тупроққа чангалини ботирди… Шунгача ҳам ҳушидан айрилмаган эди, эсида қолгани – оламни бирдан ачимсиқ туман қопладию унинг кўзларига чағир қум тўлди… Ўзига келганида тепасида оқ халатли бир кишини кўрди. Кўриши баробар қулоқлари ҳам чинг этиб очилди: узуқюлуқ товушлар чалинди. Билдики, дала шифохонасида ётибди. Билдики, ярадор бўлган. Билдики, демак, омон қолган! Тепасида, ҳамон ўзидан кўз узмай турган кишига мўлтираб, заиф кулимсинди: жангсиз-отишмасиз яраланганидан хижолатга тушиб, узр сўради гўё. Оқ халатли киши кафтидаги қандайдир темир парчасини кўрсатиб, меҳрибон кулди: «Бахтинг бор экан, солдат, тўрт энли пастга санчилганда борми… Минг йил яшайсан энди! – деди. – Ма, эсдалик…»

У снаряд парчасини эсдаликка сақлаб қўймади. Шифохонадан соғайиб чиққач, қисмга қайтиб бораётиб, йўл-йўлакай чакалакзорга ўтди. Қон юқи билан безанган темирни куйинди бир дарахт остига кўмиб ташлади. Кўмдию қарийб уч йилдан бери жанг-жадалларда чеккан азоб-уқубатларини ҳам қўшиб кўмгандек алланечук енгил тортди. Келган бало-қазо шунга урсин, дея пичирлаб, орқа-олдига қарамай бадар кетди…

Ўшанга ҳам, мана, кўп йиллар бўлибди. Неча йилдирки, ўша темир парчаси Оврупонинг аллақайси чакалакзорида, аллақайси куйинди дарахт остида тупроққа ем бўлиб ётибди. Неча йилдирки, Маҳам амаки туш кўрса, шуни кўради, хаёлга ботса, шуни ўйлайди, елкаси аралаш кўксида бугунгидек оғриқ турса, кўз олдида тағин ўша манзара жонланади. Эҳтимол, у темир аллақачон тупроқдек уваланиб, тупроққа айланиб кетгандир, эҳтимол, сиртидаги қон юқидан асар ҳам қолмагандир, лекин Маҳам амакининг баданида қолдириб кетган жароҳати умрга етса керак.

…Ўшанда тушликка яқин, Муҳаммаджон почтачи аскарнинг қийин-қистови билан, бир давра жангчининг қарсаклари жўрлигида ўзбекча ўйин тушиб берди. Новча, бесўнақай эди, ўйинни билмасди, лекин ер тепиб, гир айланиб ўйнайверди, шунақа ўйнадики, армон қолмади. Ахир, почтачи унга хат келтирган эди – уйдан, ота-онасидан, ўғилчасидан, хотини Муҳаррамдан хат келган эди! Ўйнаб бўлиб, хатни почтачининг қўлидан юлқиб олди-да, кўзларига суртди, ўпди, кўксига босди. Кейин очиб ўқиди. Юртлар тинч, ҳамма соғ-саломат, Каримжон йигит бўлиб қолибди, «Дадажон, тезроқ келинг!» деяётган эмиш… Хатнинг охирроғи Муҳаммаджонни ажаблантирди: «…Ўрмон ошнангиз қайтди. Ўнг қўли йўқ, немиснинг ўқи узиб кетибди, ярим йилдаёқ қайтди… Сиз қачон келасиз, Каримжон? Дадам, бувимлар ҳам роса соғиниб кетишди…» Ўрмон ҳам ниҳоят урушга борибди, яраланиб қайтибди – булар Муҳаммаджонга кутилмаган янгилик эди, шу билан бирга хотинининг бу гапларида у ниманингдир кароматини туйди. Эвоҳ, ўйлагани чин бўлиб чиқди: тушликдан сўнг, еган овқати ҳали қоринга етиб бормасдан, душман томондан бир снарид ҳуштак чалиб учиб келди, момақалдироқ гумбурлади, чамин бир ёнга оға бошлади. Муҳаммаджон жон ҳалпида гупроқни чангаллади… Шукрки, у жаҳаннам оғзидан омон қайтди, лекин кейинчалик, жангсиз ўтган кунлари, осойишта кечган узун кечалари ўзи билан ўзи бўлиб, «Наҳот хотиним менинг ҳам яраланишимни истади?» дея ўйлайдиган, қийналадиган бўлди. Уруш тугагунча, уруш тугагандан кейин яна анчагача қулоғининг остидан Муҳаррамнинг ўша сўзлари кетмади: «Ўрмон ошнангиз қайтди, ўнг қўли йўқ… Сиз қачон келасиз, Каримжон?»

Уруш тугади. У қайтди. Оёқ-қўли бус-бутун бўлса ҳам, юрагининг бир парчаси ўпирилиб қайтди. Увол кетган Одилхоннинг ҳаққи ҳурмати, ўзбекми, тожикми, қирғизми, гуржими – бегуноҳ ўлиб кетган биродарларим ҳаққи ҳурмати Ўрмондан ўч оламан, деб қасам ичиб қайтди. Қишлоққа келди. Ўрмоннинг аҳволини ўз кўзи билан кўрди. Ҳақиқатан, ўнг қўли елка билан тирсакнинг қоқ ўртасидан узилган эди. Чопонининг енги хиёл орқага қайрилиб, қийиққа қистирилган, эгнида ҳали оҳори кетмаган аскарча кўйлак…

Ўрмон шу кўйлакни узоқ кийди, ўн йил, ўн беш йиллар эгнидан ташламади. Кўйлак ҳам бинойидек чидаб берди, шундоқ чидадики, кўрган кишининг кўнглидан «Нима бало, Ўрмон жамоа урушга бориб, кўйлак ғамлаб келганми?» деган фикр ўтиши шубҳасиз эди… Хуллас, Муҳаммаджон қайтганида, Ўрмон аллақачон «Ўрмон чўлоқ»қа айланиб, эгнида оҳори тўкилмаган аскарча кўйлак, юрган эди: ҳали ҳам ўша-ўша, ўзгармаган – ҳали ҳам жамоанинг раиси, ҳали ҳам одамларни йиғиб, маъруза ўқишга иштиёқманд, ҳали ҳам кўзлари одамга айёр боқади…

«Шу кунгача сен иблисдан гумоним бор, Ўрмон. Маккорсан! Эсингдами, менинг неча маротаба ўқ еганимни эшитиб, типирчилаб қолдинг, ярангни кўрсат, бир кўрай-чи, деявериб ҳол-жонимга кўймадинг. Ке, ошна, у савдолар ўтди-кетди, маззангининг сақичидек чўзавермайлик, деганимга кўнмадинг. Аслида, сени мен тинч кўймаслигим керак эди, сен менга ялинишинг керак эди! Лекин, индамадим. Сен шундан қутурдинг. Ярамни кўрармишсан… Ачинганингдан эмас, ҳар ҳолда, виждонинг қийналдими ё? Сенда виждон нима қилсин? Ахир сен…»

Маҳам амаки Ўрмонни эскидан ёмон кўради. Йиллар ўтиб, нафрати кучайса кучайдики, зинҳор сусаймади. Жондан ўтгани жон билан чиқаркан, Ўрмон бир вақтлар Маҳам амакининг жонидан ўтказган эди.

Ўша йиллар мамлакатнинг қайсидир ерларида очарчилик, қаҳатчилик бошланди. Колхозлар эндигина қад тиклаётган кезлар эди. Шунга қарамай, ҳарна ёрдам-да, деб эл бор-будини ўртага ташлади. Ўшанда Ўрмон роса ўзини кўрсатди. Раис эмасми, ғайрат билан майдонга чиқиб, отини гижинглагиб, қамчинини ҳавода ўйнатиб сиёсат қилишга тушди.

«Ватан хавф остида – одамлар очликдан қирилиб кетмоқда! Кимда-ким уйида ортиқча дон яширса, мендан ўпкаламасин: юртдан ҳайдайман!»

Эл бусиз ҳам шафқатли эди, сўнгги дон-дунигача давлатдан аямади, ҳаммасини тўплаб берди. Эшакараваю отаравалардан бир карвон қилиб, ғалла кечаси Қўқонга станцияга жўнатилди. Лекин… карвон шаҳарга тўлиғича етиб бормади. Эртаси Ўрмон жамоа тағин от ўйнатиб, қишлоқма-қишлоқ юрди, ҳар битта ҳовлига кириб чиқди.

«Кечаси Конизарар даштларида ғаллани қароқчи урди… Кимда-ким у каззобларни таниса, таниса-ю, индамаса, уруғ-аймоғи билан қуритиб юбораман!» дея дўқ-пўписа қилди.

Эл – беминнат, борини чиқариб бераётганида ҳам оғринмаган, лекин минг азоб билан тўпланган ғалланинг таланганини эшитиб рўйрост куйинди, ҳатто Ўрмон жамоага ачинди. «Бечорага қийин, катталарга нима деб жавоб беради энди?» деб ўйлади.

Маҳам амаки ҳам ўшанда Ўрмоннинг ҳолига қараб туриб ичдан эзилган эди.

Ёз ўтди, куз ўтди, қишга келиб, бу юртлар ҳам офат исканжасида қолди. Кунда, кунора ваҳимали гаплар тарқайверди. «Фалончи очдан ўлибди…» «Писмадончи шишиб кетибди…» Бора-бора одамлар бундай ҳолга кўника бошлади. Унча-мунча ўлим кишиларни ҳайратга солмай Кўйди.

Ҳайрат, раҳм-шафқат туйғуларининг ўрнини гўё у пайтлар бепарволик, лоқайдлик, тушкунлик эгаллаган эди.

Офатнинг касри урмаган хонадон қолмади ҳисоб. Қишдан чиқарда Маҳам амакининг икки ярим яшар ўғилчаси нобуд бўлди. Очликдан… У ўзи сал нимжон туғилган эди, нимжонроқ бўлиб ўсди. Балки шу боис, эр-хотин унга айрича меҳр кўргизар, яхши ният билан, отини Хакимбек қўйган эдилар.          Бироқ ўттизинчи     йилларнинг қаҳратонидан Ҳакимбекни          асраб қололмадилар. Унинг қазосидан Маҳам амаки  буткул довдираб қолди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, беш ойлик қизалоғидан ҳам айрилди. Қизалоқ ўша маҳаллар кенг тарқалган бир дардга чалинган эди. Эр-хотин иккалалари ёлгиз   Каримжонлари билан қолавердилар.

Маҳам амаки дилбандларининг ўлимига минг куйингани билан охири тақдирга тан берди: замон алғов-далғов эди, ўлим кўпга келган тўй, Каримжон ўйноқлаб юрибди-ку, шунисига ҳам шукр! Унга қолса, гўдакларининг бевақт қазосидан бирор ўзгача маъно ахтариб ўтирмасди, бироқ…

Йиллар ўтди. Замонлар ўзгарди. Қийинчиликлар ортда қолди. Эл фаровон турмуш кечира бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида Ўрмон оғзидан гуллаб қўйди. Чойхонада, тўрт-беш тенгқурининг даврасида, гапдан гап чиқиб, бир нарсани айтди.

«Ҳа, энди у кунларни ҳам бир кўрдик-да. Эсларингдами, ҳов бир йили Россияга деб юборилган галлани Конизарарда қароқчилар урган эди?»

Эсламай нима, худди бугунгидек ҳамманинг ёдида у воқеа. Айниқса, Маҳам амаки ҳеч унутмаса керак. Чунки у ўшанда супрасида борини қоқиб берган эди. Касрига суюмли ўгилчасидан жудо бўлган…

Ўрмон жамоа гапида давом этди:

«Ҳукумат кўп уринди-ю, қароқчиларнинг изига тушолмади,– деди жилмайганча, соғ қўли билан қорнини силаб ўтираркан.– Мана, қаранг, шундай кунларга ҳам келарканмиз-ку! У пайтда ярим ҳовуч донга зор эдик, энди тишимизни кавласак бир бурдадан нон чиқади…»

Ўрмон бу гапни бамайлихотир, ҳатто бир оз ғурурланиб айтди. Айниқса, унинг кулимсираб туриши…

Маҳам амакининг пешонасига бир нарса тарс этиб теккандек бўлди. Туйқус хаёлига келган фикрдан титраб кетди. Наҳот?! Эвоҳ, ўғилгинам, сенгина кимнинг қурбони бўлдинг-а?!» Ўз вақтида чекилмаган қайғулар, йиллар чанги остида кўмилиб ётган аламлар бирдан юзага қалқиб чикди…

Маҳам амаки Ўрмон жамоанинг қиёфасида гўдакларининг – нафақат Ҳакимбегининг, балки беш ойлик чоғи нобуд бўлган ўша қизалоғининг ҳам, ҳатто, яқиндагина ҳовузга чўкиб ўлган энг кенжа фарзандининг ҳам… қотилини кўрди!

Лекин индамади. Индаёлмасди ҳам. Аввало, Ўрмон фикрини очиқ айтмади, юзига солса, тониши мумкин. Иккинчидан, у дардлар анча эскирган эди, жанжал кўтарса, эшитган қулоққа ғалати туюлади. Фақат дилида қолди, дилидаги ўзга дардларнинг устига устак бўлди. Ўрмон жамоани ўша дамгача ҳам ёмон кўриб юрарди, энди, бундан бу ёғига уни кўрарга кўзи қолмади. Унга ғойибона ўлим тилашга тушди. Бундан ўзга чора топмади…

 

5

 

Фронтдан қайтгач, Муҳаммаджон тағин Шўрсувга – ўзининг эски ишига борди. Совуқни совуқ демади, иссиқни иссиқ демади, ишлайверди, тиним билмади. Уруш ўтказган аламларни ҳам, Ўрмон ўтказган аламларни ҳам ишдан олди. Ўзи табиатан камгап эди, янада одамови бўлиб қолди. Юракни эзадиган ўйлардан чалғиш илинжида ишга муккасидан кетди, атроф-дунёни унутди. Кон Қатронтоғ тизмаларининг оралиғида эди, у ерларнинг совуғи қишлоқдагидан бешбаттар…

Ярасини ўша ерларда совуқ уриб кетдимикан?

Елкадаги оғриқ тез-тез хуруж қилавергач, кондан эртароқ пенсияга чиқди-да, рўзғорига қарай бошлади: мол-ҳол қилди, иморат солди, аста-секин маҳаллага аралашди. Яқин ўн йиллардан бери гўрковлик қилади. Қаро ер қаъридан не-не макон қурмади! Қиш демайди, ёз демайди, хизмати – беминнат. Ёлғиз эмас, ёнига кирадиганлар доим топилади, ҳамма ҳам савобталаб-да, лекин Маҳам амаки қабрнинг «уй»ини ҳеч кимга ишонмайди, бир ўзи қазийди. Лаҳаднинг ичи қишда совуқ, зах, ёзда ҳам ҳавас қиладиган эмас…

Ё елкасидан не-не лаҳадларнинг заҳри ўтиб кетдами?

Мана, энди ўшаларнинг азобини тортиб ётибди. Узиям, бу галгиси ҳаммасидан ўтиб тушди – нафақат елка, тирноқларининг орасигача зирқиратяпти. Маҳам амаки гўё шу кеча худди қирқ тўртинчи йилдагидек қайтадан яраланди – худда ўшандагидек ўткир чийилдоқ товуш узоқ-узоқлардан яшин тезлигида учиб келди-ю… уйнинг бурчагида нимадир қаттиқ гумбурлади: еру осмон битта бўлиб кетди, елкасини нимадир куйдириб ўтди, аъзойи баданига беҳисоб игна санчилда, ҳатто дамоғида ачимсиқ, куйинди бир таъмни туйди. Фарқи – бу сафар ҳушидан айрилмади. Фарқи қирқ тўртинчи йили, кунлардан бир кун жувонмарг кетишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса, бугун кечаси кўнглидан «Энди кетдим-ов», деган нохуш ўй кечди. Неча йиллардан бери илк бор шунақа ўй кечди, лекин ростакамига ўлиб қоладигандек, эти учди. Урушдаги ўлимдан ҳозиргиси қўрқинчли туюлди унга.

Ҳайҳотдек уйда ёлғиз ўзи… ўли-иб ётса… Э, фалак!..         ,

Шундай кунда хотинининг йўқлигидан қўнгли ўксиди. «Биласан, биқинимда ўтирмасанг ҳолим хароб. Ахир, Оқмачит бориш қочиб кетмас эди-ку!» дея ўкинч билан дилидан ўтказди.

Бироқ хотинда не гуноҳ? Санчиқ ҳам немиснинг ўзидек дабдурустдан бостириб келса!

Ииҳоят, ётаверган билан иш битмас, деб Маҳам амаки дўхтирга отланди. Ташқари у пайтга келиб ғира-шира ёришган эди, неча кунлардан бери еру кўкни бирдай қийратган шамол ҳам тинибди: «Йўлга чиқсам бўлар» деди. Қишнинг куни бир тутам, то йўлдан мошина-пошина тутиб, район марказига етгунча аллапайт ўтади. У боя шу унча, қоп-қора лас тўнига ўраниб, қулоқ-чаккасини қийиқ билан маҳкам танғиб, оёғига кирза этикни кийиб, кўчага чиққан эди, афсуски, йўлини бермаган экан – эшик қулфланмади, кўнгилсизлик бўлди, ўша кўнгилсизлик уни изига қайтарди, олиб келиб тағин сандалга тиқди.

Нафсиламрини айтганда, ҳавонинг ҳаддан ташқари совуқлиги ё адашиб бошқа калитни кўтариб чиққани йўлдан қайтганига баҳона эмас, шунчаки, бирданига боргиси келмай қолди, вассалом! Хўп, ана, борда дейлик: дўхтирхонада пшхи чиқадими? Ё оғриқ-азоблардан бирданига қутулиб м гадими? Ортиқча даҳмаза, холос – дўхтир ҳар галгидек, м-гиб кўрайлик, дейди, Маҳам амаки кўнмайди. «Кесайликчи, ичингизда тағин биронта бомба қолган бўпчиқар, топсак, ўзингизга яхши-ку, биратўла қутуласиз-қўясиз», дейди духтир. Маҳам амаки яна унамайди; «Елкамда ҳеч вақо йўк! Ўқ кирган эди, уни ўша маҳалдаёқ олиб ташлашган, ўз қўлларим билан Оврупонинг тупроғига қўмиб келганман», деди. Шуларни айтаркан, кўз олдига ҳар гал дала шифохонаси, оқ халатли киши, сиртида қон юқи қолган бодомдеккина темир келади, қулоғи остида кимдир: «Омадинг бор экан, солдат, яна тўрт энли пастга санчилганида борми, юрак…» дея шивирлагандек бўлади.

Маҳам амаки операцияга кўнмайди, дўхтирнинг ёзиб берган дориси эса ярасига кор қилмайди. Шу кунгача духтирни энди кўраётгани йўқ у.

«Елкамда бомба нима қилсин, болам,– дея Маҳам амаки хаёлан ўша дўхтир билан мунозарага киришди,– у Оврупонинг бир чакалакзорида қолиб кетган. Юрагимда ўқ бор, юрагимда. Ўзим биламан, бу ўқни немис отмаган, немис отган ўқни елка тугул, юракдан ҳам чиқариб ташласа бўлади… Бу ўқни Ўрмон отган, давоси ҳам шунинг қўлида!

Буни сен қаёқдан билардинг, дўхтир болам, ўзинг кечагина туғилган жўжа бўлсанг?!»

Бир томондан ёлғизлик, бир томондан вужуддаги ланж оғриқ, бир томондан ҳавонинг совуқлиги, бир томондан сандалнинг хушёқар иссиғи… Бундай дамлар одам хоҳлайдими, йўқми – чексиз ўй-хаёлларга берилади, кўз ўнгида нима жонланса – гоҳо тартиб билан, гоҳо тартибсиз – чиғириқдан ўтказаверади. Бунда бир қарорга келиш шарт эмас, бунда муҳими – ўй суриш, хаёлга ботиш…

Тошкўмирнинг чўғига белини тутиб ётаркан, баданига бир меъёр илиқлик югургач, дайди хаёллар Маҳам амакини не ерларга олиб кетди. Мана – Манзура… «Юрак-бағримизни қонга белаб кетдинг-а, қизим!» дея ўйлади эзилиб. Кейин туйқус: «Оқ қилаймикан?» деган фикрга борди. Бир тўхтамга келолмай, роса қийналди… Мана Хайрулла Латиф… «Уф, сени менга йўлиқтирганидан хафаман-да лекин!» Мана – Одилхон… Ана – Ўрмон…

Э,        ўлишга ҳали эрта, Маҳам амакииинг бўйнида қарзи кўп ҳали. Дунёдан умид узиш осон, лекин бу марднинг иши эмас! Маҳам амаки тақдирга ўчакишиб яшаши зарур, у буни ботинан ҳис қилди. Шунинг баробарида танасида қандайдир сирли куч-қудрат уйғонаётганини, қалбида аччиқ ҳаётга нисбатан тиниқ, айрича бир меҳр, тирикликка ишонч туйгуларининг янгидан илдиз отаётганини яққол сезди. Елкасидаги санчиқ ҳам бора-бора сусайиб, тингандеқ бўлди. Гўёки шу дамда хаёлот эпкини унинг танасидаги мужмал оғриқни ҳам аллақаёқларга элтиб ташлади-ю тошкўмир солинган мўъжазгина сандалда азоб-уқубатдан фориғ бир вужудгина қолди.

Ҳеч бир ўйи ниҳоя топмасдан, Маҳам амакининг кўзи илинди: хаёли уйқуга уланиб, уйқуси хаёлга чатишиб кетди.

 

6

 

Замона тинчиб, одамларнинг тер ҳиди анқиган, кўкрагига ёқимли эпкин теккан, эркаклар зимдан, аёллар эса очиқдан-очиқ ёқасига туфлаб: «Кўз тегмасин-а, пешонамизга шундай кунлар ҳам битган экан-ку!» дея шукр қилиб юрганида…уруш бошланди.

Жони, қони эвазига босмачини юртдан аритиб, эндигина тинч, осойишта осмон остида қайта бош кўтариб, эндигина у ёқ-бу ёққа хотиржам қарай бошлаган халқ… дами ичига тушиб, тағин бир-бирига мўлтираб қолди. Нигоҳларда бир хил мунг, бир хил дард, юракларни ўртантиргучи бир хил савол: энди нима бўлади?.. Кўнгиллар ғаш, туби қоронғи бўларди, уруш урушлигини қилади-да, одамзоднинг бошига соладиганини солади-да, кўрадиганимизни кўраверамизда…

Қишлоқда атиги бешта – ҳар маҳалла ўртасида биттадан, гузарда иккита радиокарнай бор эди, лекин одамлар уруш бошланганини бу карнайлардан эшитганлари йўқ. Қора карнайлар «Насруллои»ни қоқ ярмидан узиб қўйиб, машъум воқеадан дарак бериб тилга киргунча, узунқулоқ гап бу ерларга етиб келган эди.

«Гирмон бизга уруш очибди!..»

Ўша дақиқадан бошлаб халқ ўз-ўзидан бир ерга тўпланадиган, қора карнайлар ўрнатилган симёғочлар теварагида соатлаб тик турадиган бўлиб қолди. Нима гап, нима куч – кўпнинг орасида бунга фаҳми етмаганлар ҳам бор эди. Кутилмаган хабардан гангиб, ҳатто: «Оббо қисталоқлар-эй, уруғига қирон келтирдик десак, босмачи қурғурнинг пусиб ётганлари ҳам бор экан-ку!» дея ёқа ушларди баъзилар. Эҳтимол, шунинг учундир, уруш бошланганининг тўртинчи куниёқ қишлоққа райондан вакиллар келди. Эркагу аёл бир зумда гузарга йиғилди. Вакиллар беш-ўн оғиздан бўлиб, фронтдаги аҳволни бирмунча тушунтирган бўлдилар. Айниқса, Қўқондан келган рус вакил билан Ўрмон жамоа узоқ гапирди.

Ўрмон жамоа олдинига рус вакилининг нутқини ўзбекчага ўгириб турди, кейин анчасини ўзидан ҳам қўшди, ўшанда у нималар демади! Ёш эди, ғайратли эди, терлаб-пишиб гапираверди. Буича гапни қаёқдан ўргана қолди экан, деб Муҳаммаджон ҳатто ҳайрон бўлди. Худди олдиндан тайёргарлик кўриб юргандек…

– Ҳамқишлоқларим! – деди Ўрмон салмоқ билан. Сўнг бирпас одамларга қараб турди. Кўзига ёш олдими, бу сўзга овози қалдираб, дилэзар қадар таъсирчан чиқа бошлади.– Биз нимани ўйлаб инқилоб қилдик? – деди у ҳайқириб. Яна бирпас тек турди.– Жонимиздан кечсак кечдиг-у, лекин босмачи лаънатининг ҳамласига кўксимизни калқон қилдик! Хўш, шундай қилаётганимизда биз нимани ўйладик? Нимани деб колхоз туздик? – Шу ерда Ўрмон чўнтагидан дастрўмол чиқариб, кўзларини, юзини артди ва бирдан таҳдидли овозда давом этди:– Албатта, истиқболимизни ўйладик, истиқболдаги ёруғ кунларимизни ўйладик! Ҳуррият бўлди, шу ҳуррият берган ҳур кунларимизни ўйладик! Хўш, шундай пайтда Овруподан бир малла дев чиқиб, «Ҳаммангни қириб ташлайман, қолган-қутганингни кул қиламан, ҳурриятингни ҳам, ўша сенлар интилган истиқболни ҳам кўз очиб юмгунча ерга кўмаман!» деб турса… биз қўл қовуштириб ўтираверамизми?! Йўқ! Чучварани хом санабди ўша малла!.. Ҳой хотинлар, кўп уввос тортмасдан, эрларингизга йўл тадоригини кўринглар! Ҳой келинчаклар, беҳуда соч юлгунча, қаллиқларингизнинг белбоғини чиқариб беринглар! Ҳой биродарлар, қани сизлардаги шиддат, қани қадимги ёвқурлигингиз?! Йигитман деб кўкрак керган билан иш битмайди ҳозир! Унутманглар, томирларимизда ота-буваларимизнинг қони бор-а! Қани, халойиқ, бир ёқадан бош чиқариб, қўзғалайлик, олис сафарга отланайлик! Она Ватанимиз, улуғ йўлбошчимиз Сталин бугун биздан шуни талаб қилаётган экан, жонларимиз садқа бўлсин шундай Ватанга, Сталинга! – Ўрмон жамоа жиққа терга ботди. Хиёл тин олиб, сал босиқроқ оҳангда давом этди:– Бугундан эътиборан жамоанинг идорасини мана шу чойхонага кўчирамиз, аскарликка юборилувчилар шу ерда рўйхатга олинади… Энди тарқалинглар! Далачилар даласига борсин, конда ишлайдиганлар конга жўнасин! Лозим топсак, ўзимиз чақирамиз. Лекин огоҳлантириб қўяй: кимда-ким аскарликдан бўйин товласа, ҳолига вой бўлади! Кўзларингни очинглар!.. Шўролар ҳокимиятига қўл кўтарганларга – ўлим! Ўлим! Ўлим!

Гузар аллақандай ваҳимали ғовурдан ларзага келди. Сал ўтмай қий-чув бошланиб кетди. Айниқса, хотин-халажнинг фарёдидан Қатронтоғнинг тошларига ҳам жон кирди гўё – битта қолмай эриб битди. Нурсухариқ ўша куни кўзёшларга тўлиб окди, бу кўзёшлар қайтиб келиб, яна тағин одамларнинг юрагига қуйилаверди, қуйилаверди. Инига нохос чўп суқилган чумолидек, халқ тўзиди…

Шундан кейин кунда бўлмаса-да, кунора йигитларнинг сара-сараси танлаб олиниб, аскарликка жўнатилаверди. Бир киши кетадими, ўн кишими, ҳар гал қишлоқ ҳувиллаб қолаверди…

Навбат Муҳаммаджонга етди. Август ойи эди. Муҳаммаджон унда Қатронтоғ ичкарисидаги конлардан бирида ишларди. Дастлаб уларга ҳеч ким тегинмади. Сизларга бирон берганмиз, ишчилар шу ерда ҳам керак, дегандай гап бўлган эди. Кейин, негадир, кондан ҳам аскар олина бошланди.

Чақирув қоғози келганда Муҳаммаджон Шўрсувда эди, кеч-қоронғида уйга қайтса… Аяси чопа келиб бўйнига осилиб олди. Йиғлади, сиқтади, бирам йиғладики… Муҳаммаджон беихтиёр уни гап билан силтаб ташлади.

– Ая, ҳозирданоқ мени ўлдига чиқаряпсизми?! Ахир, урушга бораётган бир мен эмас-ку!

Хотини Муҳаррам бошда сир бермай турди, лекин Муҳаммаджон унинг изтиробини ҳам аниқ-яққол сезди. Ҳаракатлари суст, паришон, уйга киради, ҳовлига чиқади, ора-сира бийрон ўғилчасини бағрига босиб, унсиз кўзёши тўкади. Она кўздан пана бўлганда, Муҳаммаджоннинг олдига келиб, юракларни зирқиратгучи дард билан:

– Каримжон иккаламиз нима қиламиз энди? – деди. Шу – бори ҳам, йўғи ҳам шу бир оғиз гап, лекин Муҳаммаджон шунинг ўзидаёқ бўлғуси айрилиқ изтиробларини, тубсиз ҳадик-хавотир аломатларини туйди, ҳали онаси бўйнига осилиб йиғлаганида ҳам қилт этмаган одам, энди сесканди…

Шундай қилиб, ёзнинг адоғида Муҳаммаджон кўп катори фронтга жўнаб кетди.

7

 

Бир пайт қулоғига элас-элас аёл кишининг товуши чалинди. Тушига айқашиб эшитилгани учун индамай ётаверди. Товуш иккинчи бор қайтарилганда, туши эмаслигини, гапираётган ўзининг хотини эканини билди: Маҳам амаки кўзини очди.

– Ҳой, сизни нима жин урди, Каримжон, турмайсизми? Кун чиққанда ётадиган феълингиз йўқ эди-ку! – дерди Муҳаррам хола унинг елкасидан туртиб.

Маҳам амаки чинқириб юборди:

– Елкамга тегма, аҳмоқ! – Сўнг хийла босиқ оҳангда гўлдиради:– Елкамга тегма-да, ахир…

Муҳаррам хола ўзи йўқ пайти эрига нимадир бўлганини сезди. Лекин сезмаганга олди. Одатдагидек, бирини тоғдан, бирини боғдан олиб бидирлай кетди:

– Қудаларим сўраб юборишди. Қизингиз эргашган эди, қўймадим. Қўлидаги шабадалаб қолибдими, ётибди, иссиғи баланд… Кўнглим бир бўлиб, бир бўлмай келдим ўзиям. Вой бу совуқни, вой бу совуқни, бурунларимни чирт-чирт узиб кетаман дейди-я! Хайрият, қўшнилари инсофлигина экан, эркак қудам бир оғиз айтган эди, йўқ демади – ғир этиб ташлаб кетди. Кўчадан қайтди… Бир ҳисобда, кирмагани яхши бўпти, бунақа қип ётганингизни кўрганида… Аёли оғироёқ эмиш, шундан хавотир олиб кетди. Бу совуқда бўшанишини айтинг. Ўлмаган хотинларнинг жони!

Гап ораси Муҳаррам хола қизиникидан кўтариб келган дастурхонни очди. Мевасини мевага, нонини нонга айириб қўяверди. Маҳам амаки индамади. Шошилмасдан, оёғидаги пайтавани чувалаштириб, тахлаб, кўрпачанинг қатига тиқди-да, обрезнинг устига чўкка тушганча юзини ювди, бошига танғилган қийиқни ечиб, ҳафсала билан артинди. Муҳаррам хола яна нималарнидир гапираверган эди, унинг овозига қулоқ тутиб, хатти-ҳаракатларини зимдан кузатаркан, одатда қадрдон кишига нисбатан ҳамиша кўз-кўз қилинавермайдиган, бироқ кўнгилнинг туб-тубида мудом ардоқланиб сақланадиган меҳр туйғулари жунбушга келаётганини ҳис қилди. Хотинига шу тобда яхши гаплар айтгиси, унинг димоғини чоғ қилгиси келди. Нияти тилга кўчганда эса, оғзидан чиққан гапга ўзи ҳам ҳайрон қолди:

– Келиб-келиб кеча кетганингни қара, Карим! Бошқа кун қуриганмиди! Ё, қизинг ўзи бир келса, туғи пасайиб қоладими?

Муҳаррам хола эрининг гинаси сабабини кўп ҳам тушунмади.

– Боласи касал экан, деб айтдим-ку сизга,– деди беғаразгина.

– Касал бўлмасдан олдин келсин эди! Ахир, токайгача орқасидан юрасан?!

– Нимага мунча зарда қиласиз? – деди Муҳаррам хола тутақиброқ.– Яхши бориб келдингми – йўқ, ҳол сўраш – йўқ… Сизга бегонами ўша? Осмондан орттириб келганим йўқ мен!

Маҳам амаки ўзини босди. Хотини рост айтади, у бечоранинг айби нима – рухсатсиз кетмаган бўлса? Қийиқни михга илди-да, сандалга келиб ўтирди.

– Кечаси нақд кетган эдим-да, хотин,– дея зорланди сўнгра,– бир буради-и… Бунақаси сира бўлмаган. Қовурғаларим эшилиб, қўлим курагимдан узилиб тушадими дедим. Ажалимдан беш кун бурун олиб кетади-ёв шу…

Муҳаррам хола юмушини йиғиштириб, эрига бақрайиб қаради: тағин тутибдида зорманда! Сўнг эҳтиёткорлик билан деди:

– Ҳа, айтгандай, эсингиздами, эркак қудамнинг ҳам оёғи кўпдан бери оғриб юрарди. Ўша яраси қўзиб, туновинда яна қадам босолмай қопти. Куёвингиз Қўқонга оборган экан, дўхтирлар дарров кесибди. Тиззасининг кўзидан тирноқдек темир чиққан эмиш. Ана! Тиззасида темир борлигини у бечоранинг ўзиям билмаганакан… Банисадан чиққанига бир ҳафта бўлгани йўқ, бип-бинойидек юрибди эркак қудам.

Хотинининг жонсараклиги негадир ҳозир Маҳам амакига ёқмади. Қайтага, иззат-нафсига тегди.

– Эркак қудам, эркак қудам дейсан, бу ёқда ўзингнинг эркагинг ўламан деб турибди!

Муҳаррам холанинг ранги ўчди. Гўё шундай қилмаса эрига ҳақиқатан бир бало бўладигандек, шоша-пиша кўкрагига туфлаб, ёқасини тишлади.

– Нафасингизни ел олсин, бирам маҳоват қиласиз! Ахир, сизни ўйлаганимдан айтяпман-да, Каримжон, духтирга боринг, деб бўлмаса сизга… Ўлибмиди, битта ярани тузатолмаса!

– Тузатолмайди, билдингми?! Тузатолмайди! Яқиндан бери Маҳам амаки билан Муҳаррам холанинг турмушлари турмуш бўлмай қолди. Иккаласи ҳам қил устида юргандек гўё: бўлар-бўлмасга жиззакилик қила бошлайди, гапирса гап кўтармайди, эрнинг сўзи хотинга, хотиннинг сўзи эрга таъна, дакки-дашном бўлиб туюлади. Кўрққанга қўша кўринар, деганларидек, яримта кўнгил билан ҳам осойишта яшаб бўлмас экан. Қизлари Манзура Ўрмон чўлоқнинг ўғли Тўйчи билан қочиб кетгандан бери аҳвол шу. Бир ой бўлиб қолди, на хат бор, на хабар – қудуққа чўккандек дим-дим. Ноилож, дардлари ичларида, аламларини бир-бирларидан олиб, заҳар-заққумни бир-бирларига сочиб келишяпти…

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Муҳаррам хола аввалига, ишқилиб Манзурадан ўқимасин, қулоғим энди тинчиганда тагин Манзуранинг ғавғосини бошламасин, деб чўчинқираб турди, ҳар не қилиб кўнгилсизликнинг олдини олмоққа чоғланди, лекин… ўзининг сабр-бардоши етмади. Айниқса, эрининг: «Дўхтирингни пишириб е ўзинг! Меҳрибончилигинг ҳам ўзингга сийлов!» деб бақиргани жон-жонидан ўтиб кетди. Қўққис томоғига аччиқ бир хўрлик босиб келди ва у ўтириб баралла ҳўнграб юборди. Тўлиб турган экан, тилига ҳам эрк берди. Йиғи аралаш вайсашга тушди, вайсаб туриб йиғлайверди. Бу йиғи шу дамга қадар дилда пинҳон тутилган дардлару оламда энг хунук қарғишлар, қизи Манзурага инсоф тилаб, «бетавфиқ» Тўйчига ўлим тилаб қилинган таваллоларга йўғириқ эди.

Маҳам амакининг чаккаларига муздай тер тепчиди. Кўзники тупроққа, юракники юракка бораркан – Муҳаррам хола ҳозир юракдан йиғлаётган эди, Маҳам амаки бирдан тутақди:

– Қўлимга тушсин ўша қанжиғинг, бутини йиртиб ташлайман… Ўрмоннинг дарвозасига осаман! Ҳаммасини ўлдираман! Уйини куйдираман!

Маҳам амаки, аллақандай куч вужудини ғижимлаб ташлагандек, мадорсизланди. Ва ботинан бир нарсага иқрор бўлди: барибир қўлидан ҳеч иш келмайди, бу жазава, бу ғазабларнинг бари пуч гап, ахир, бунақа жазавага энди тушаётгани йўқ. Қизининг бутини йиртолмайди, негаки, бу дунёни чидаганга чиқарган, у номард эмаски, чидамаганнинг йўлини тутса. Ўрмоннинг дарвозасига ҳам осолмайди, осса, ўзи кулгига қолмайдими, Ўрмон ичдан севинмайдими? Ҳаммасининг уйига ўт қўйишни-ку гапирмаса ҳам бўлади, чунки ҳозир қишлоқнинг ярми Ўрмоннинг уруғи, хеши – уларни тугатиб бўладими? Демак, биргина йўл қолган унга: дамини чиқармай сўкаверади, сўкаверади. Шуда энди.

 

8

 

Манзура йигирма тўртга кирган, кўзга яқин бир келинчак эди. Раҳмон мелисанинг ўғлига тушганига тўрт йилча бўлган, икки ярим яшар қўғирчоқдеккина қизгинанинг онаси, лекин вужудидан қизлик латофати аримаган сулув жувон эди.

Эри институтни битириб келгач, қишлоқ мактабида бошланғич синфларга дарс бериб юрди. Қайнотаси кўп йиллар мелисада ишлаган, Манзура келин бўлиб тушмасидан пича олдин айрим номаъқул ишлари очилиб қолиб, бу соҳадан бадарға қилинган, энди магазинга қоровул бўлиб олган эди. Уйда эса қишин-ёзин деҳқончилик қилади. Томорқасидан чиққан даромадга ўғлини ўқитди, уйлантирди. Ўғли институтда ўқиётганида ҳам, битириб қайтганидан кейин ҳам Раҳмон мелиса уни рўбарўсига ўтирғизиб олиб, кўп насиҳат қилган, «бир-икки йил чидаб, маълимлик қилиб тургин, насиб этса, органга ишга ўтказиб қўяман», деган. Манзурага келган совчилар ҳам шуни назарда тутиб, бўлажак куёвни роса мақташган. «Ўзи маълим бўлгани билан… яқинда мелисаликка ўтиб кетади!» деб оғиз кўпиртиришган. Бу ишга Маҳам амакининг мутлақо рағбати йўқ эди, Раҳмонни яхши биламан, унга берадиган қизим йўқ, деб анчагача оёқ тираб юрди. Раҳмон мелиса унга бевосита ёмонлик қилмаган-у, лекин Ўрмон чўлоқ ҳали жамоанинг раиси бўлиб турганида яқинлиги бўлган – Маҳам амаки шундан норози эди. Бироқ унинг норозилиги билан биров ҳисоблашмади. Совчи устига совчи келавериб, Муҳаррам хола довдираб қолдими ё қуда хонадони томонидан ваъда қилинган сепга учдими, Маҳам амакига: «Хотинларнинг ишига аралашманг!» деди-ю, шартта оқлик бериб юборди. Маҳам амакининг аралашувисиз тўй ҳам бўлиб ўтди…

Бироқ одамзоднинг айтгани ҳадеб рўёбга чиқавермас экан — куёв ҳаш-паш дегунча олти йил ўқитувчилик қилиб юрди, мелисаликка ўтавермади. Сарф-харажати кўпайиб, олтинчи йили еттинчи синфларга чизмачиликдан ҳам дарс берди. Манзурага уйланганидан бир ярим йил ўтиб, дадасининг ваъдаси амалга ошмаслигига кўзи етди чоғи, кутилмаганда ўқитувчиликни ташлади-да, Нефтободдаги бурочилардан бирига ишга ўтиб кетди.

Манзура эрининг бу ишидан аввалига қувонди: ростдан, рўзғор деган гаплар бор, мактабдан бир нима орттириб бўлмаса, ўзининг даладан топаётгани лозимадага етса майли, маоши уч юздан ошаркан, деди. Муҳаррам хола ҳам бир гал қизига: «Эринг топармон-тутармон маоши тузук, ҳали ёшсизлар, рўзғорни бутлаб олганга нима етсин…» деб айтди.

Шундай қилиб, ҳар куни тонг-саҳарлаб эр тоққа қатнайди, Манзура – далага. Қизчалари туғилиб, Манзура уй ичида ўралашиб қолди, эр эса бир куни, томдан тараша ушгандек, янги гап топиб келди. Бухоронинг қайсидир бурчагига бориб, озгина ишлаб келмоқчи эмиш. Бу ердаги маоши тўла сақланади, йўлкира пули нақд, нарёқдан ҳам дурустгина олади, ошию нони бўлиб, ойига тўрт юз-тўрт эллик сўмгача туширса бўлади, Манзура ташвиш тортмасин, тез-тез келиб туради, ахир, Бухорода унинг йўқотгани бормиди ёки у ёқларда пишириб қўйибдими… борса, пул учун боряпти-да, кўради: ёқса, бирор йилча ишлайди, ёкмаса…

Манзура оҳ-воҳ урмади, оҳ-воҳнингбеҳудалигини билди, кўмак кутибми, секин қайнотасига термилди. Раҳмон мелиса ўзини олиб қочди, зимдан бир Манзурага, бир ўғлига назар ташлаб, тўнғиллади: «Сенларга бас келиб бўладими, қошидан тушмасдан ўзимники маъқул, дейсан, гапирса – ўччонглайсан. Бухорога экан-ку, борма деганим билан ҳам қолмайсан!..» Бу билан у кимга ён берди – Манзура билолмади, чапагини чалиб, ич-этини еб қолаверди.

Бир йил ўтди. Ана-мана дегунча икки йил ўтди. Эр бирда-ярим келиб турди-ю, узил-кесил қайтавермади. Манзурани яна тонг қолдириб, ими-жимида ўшандан нари Корақалпоғистонга суриб кетди. Тағин ярим йилча ишласа, жамғармаси фалон сўмга етармиш, шундан кейин тилла берсаям ҳеч ёққа силжимай, Нефтободда ё Шўрсувда муқим ишлайверармиш. Яқинда келган бир хатида: «Қишда бутунлай қайтаман, Манзур, ўзим ҳам роса зерикдим, айниқса, қизимни соғиниб кетдим», деб ёзибди. Бу хушхабардан Манзуранинг туриб-туриб алами қўзиди. Ўз-ўзидан ўпкаси тўлди. Қоронғи тушгунча миқ этиб товуш чиқармади. Сўнг ҳувиллаб ётган келинлик уйига кирди-да, қизчасини ухлатиб қўйиб, кечаси билан тепасида юм-юм кўзёши тўкиб чиқди. Йиғлаган сари тўрт девор уни тобора сиқиб келар, айланасига михларга илинган кўйлаклар, сочиқлар нохос сиртмоқ бўлиб бўйнига тушаверар, токчалардаги чинни идишлар ўз-ўзидан жаранг-журунглаб, унинг ҳолидан кулар эди… Манзурани ваҳм босди, восвосга чалинай деб қолди, лекин чидади – қайнонасини чақирмади. Саҳарга яқин, қизчасини қучоқлаганча уйқуга кетди. Ажойиб кунларнинг бирида шу суюмли қизчасини бағрига босиб, ҳар икки хонадонни доғда қолдириб, қочди-кетди…

Адашмасам, ўшанда мен еттинчи синфда ўқирдим. Пахта терими охирлаб қолган пайтлар эди. Совхозимиз у йиллари чўлдан янги ерлар оча бошлаган, экишга ҳам, теримга ҳам қатнашга тўғри келар эди. Биз – мактаб ўқувчилари ҳар куни етти-саккиз мошинага миниб Комилчўлига борардик: баҳорда ягана ё чопиқ қилардик, кузда пахта терардик. Бир куни кечқурун, одам одамни таниб бўлмас палла, одатдагидек қий-чув, тўс-тўполон билан қишлоққа кириб келдик. Мошиналар карвони Кўприкбошига етганда орқама-кетин тўхтади. Чўлдан ҳеч ким қуруқ қайтмаган эди. Боғ-боғ пичанлар, ўт тўла қоплар гурс-гурс асфальтга ирғитилди. Орқада қаторлашган мошиналар чироғини ўчирмаган, кўзларимиз қамашади.

– Ҳой, қоч! Қоч дейман, белингни узиб кетади!

– Кўзингга қарасанг ўласанми, Исим сариқ!

– Домла, манов Узоқни қаранг, сочимдан тортяпти… Қўйвор ҳозир, домлага айтиб бераман!

– Айт! Айтиб кўр-чи, шимини ечиб берармикан.

– Вой, кўйлагимни йиртдинг! – Ҳайт. Қий-ю-у-у…

Ҳамма бараварига бақиради, ҳеч ким бир-бирига қулоқ солмайди – қишлоқни бошимизга кўтариб олганмиз. Баъзиларнинг акалари, опалари хавотир олиб, йўл бўйига чиқиб турган экан, шовқиннинг камига улар қўшилади. Бозор дейсиз! Бозорки, ким харидор, ким сотувчи – билиб бўлмайди.

Мен ҳам ўтга жиқ тўла қаноримни пастга ирғитиб, кетидан ўзимни отдим. Туриб, уст-бошимни қоқиб, қопга энгашдим. Уни энди елкамга оламан деб турсам, иккита қизнинг аллақандай сирли шивири қулоғимга чалинди:

«Манзура опа Тўйчи ака билан қочиб кетибди…»

«Ия, қайси Манзурани айтяпсан – Раҳмон мелисанинг келиними? Ким айтди сенга?»

«Ана, ҳозир опам айтди…»

Бу янгилик мабодо бошқа «опа» тўғрисида бўлганида мен эшитмаслигим, эшитсам ҳам бу қадар диққат қилмаслигим, диққат қилсам ҳам, уларга кўшилиб ҳаммага ёйишим мумкин эди. Лекин. Қизларнинг айтаётгани – Манзура опа, менинг суюмли Манзура опам эди! Беихтиёр қанорга чўккалаб қолдим. Кейин, ҳамма тарқаб кетгач, бир амаллаб уйга етиб олдиму дарҳол аямдан сўрадим. Ва..

Ҳеч нарсага ақлим етмай, туни билан ғалати-ғалати тушлар кўриб, тўлғаниб чиқдим.

Манзура опам жонажон ўртоғим Носирнинг аммаси эди. Носир – Карим тоғанинг ўғли, Маҳам амакининг невараси. Маҳам амаки билан менинг опоқдадам минг йиллик қадрдонлар, ҳатто бир-бирларини сенсирашиб гаплашишарди. Носир иккаламиз ҳам опоқдадаларимизга ўхшаб қалин ошналардан эдик. Болаликда энг кўп бирга юрган иккита ўртоғим бўлса, биттаси – Хайрулла, иккинчиси шу Носир эди. Кун бўйи тўп тепардик, ошиқ ўйнардик, ишларимизни хам учаламиз бирга қилардик. Носирнинг дадаси Карим тоға олтингугурт заводида юкчи бўлиб ишларди. Учинчи синфда ўқиётганимизда Носирлар Шўрсувга кўчиб кетишди-ю қишлоқда Хайрулла иккаламиз сўппайиб қолавердик. Ўша йили Гриша амаки деган бир грек муҳожири ҳукумат билан келишиб, ватанига қайтиб кетган экан, посёлканинг катталари унинг уйини Карим тоғага берибди. Носирни Маҳам амаки ҳам олиб қололмади, Карим тоға уни ўрисча мактабга бераман, деган эмиш.

Энди ўйлаб қарасам, Манзура опа билан худди ана шундан кейин иноқлашиб кетган эканмиз. Илгари Носир, мен, Манзура опа учаламиз далада бирга ўт юлардик. Энди Носир кетган, лекин Манзура опа ҳалиям мени ёнидан жилдирмасди. Ҳатто баъзан атай уйга чақириб келарди.

– Нозимбек, бугун серўт жойни кўриб келдим,– дерди мени қизиқтириш учун.– Валасапидингни опчиқ!

Ўзига тенг кўриб гапирганидан ҳар гал бошим кўкка етиб, зумда бирорта қопми, этакми кўтариб чиқардим ва иккаламиз бир кун Оқтупроққа, бир кун Тўқайга, бир кун Каттажарга, бир кун Гўштқишлоқнинг сарҳадларигача бориб ўт юлардик. Манзура опа қопини тезгина тўлғазиб, кейин менга ёрдамлашиб юборарди. Ёнма-ён юриб, антиқа-антиқа гаплар айтиб, кулдиргани кулдирган эди. Латифа сўзласа, ўзи мендан кўпроқ куларди…

Бир куни уйга қайтаётиб, уни сўроққа тутдим:

– Раҳмон мелисанинг ўғлига тегасизми, Манзура опа?

У кулди.

– Ким айтди сенга? – деди.

Мен бу янгиликни уйимизда бўлган гапдан эшитиб олган эдим.

Манзура опа тўхтади, валасапиднинг эгарига тирсагини қўйди-да, менга ғалати қаради.

– Сенга яхшимасми, Нозимбек,– деди кейин.– Қўшни бўламиз…

– Бировга тегсангиз, мен билан ўт термай қўясиз-да. Манзура опа валасапиднинг рулини қўйиб юборди. Қоплар қалқиб, ёнбошга гурсиллаб ағнади. Икковимиз ҳам чўккалаб олиб, мириқиб кулдик.

– Оббо рашкчимдан-эй! Мени қизғаняпсанми-я…– деди Манзура опа.

Туриб, йўлга тушдик. Салдан кейин у тағин шу гапга қайтди, маъюс кўз сузиб:

– Қўрқма, Нозимбек,– деди.– Барибир сен билан билла ўт тераман, билла ўйнайман. Раҳмон мелисанинг ўғли бўлса – ўзига.

Кейинроқ билдим: Манзура опа ўшанда Раҳмон мелисанинг ўғлини яхши кўрар экан!

Қандай ширин эди у дамлар – менинг ўзим бир олам, Манзура опа бир олам, бу оламларнинг ҳар бири ўзича гўзал, ўзича такрорланмас!

Кўп ўтмай тўй бўлди, Манзура опа қўшнимизникига кўчиб келди. Ким қандай – билмадим-у, ўша тўйда менчалик ўйнаган, менчалик яйраган бола бўлмаса керак.

Хотирамда тиниқ сақланган воқеалардан яна бири олтинчи синфни тугатаётганимда – баҳорда рўй берган. Мен унда аямга ёрдам бергани далага бориб турардим. Бир куни тағин Манзура опа билан ўт тердик. Негадир уйга кетишга сира шошилмасдик. Икковимиз битта қопга мингашиб олдик: мен – олдинда, Манзура опа – орқада. Ўзимизни дулдул отда ҳис қиламиз.

– Мени қаёққа олиб бормоқчисан, Нозимбек? – деди Манзура опа кулиб.

– Қатронтоққа! – дедим оғзимни тўлдириб.

– Қатронтоғингда нима қиламан?

– У ерда сизга эртак айтиб бераман.

– Эртагинг зўрми?

– Зўр!

– Чу денг бўлмаса отингизни, шер йигит!

– Чу-у! – дедим отнинг «сағрин»ини савалаб: қўлим Манзура опанинг тиззасига тегди.

– Вой ўлмасам, отингиз қариб қолибди-ку, йигит, юролмаяпти.

– Бу юрмайди, учади!

– Учирмайсизми бўлмаса!

– Учиб кетяпмиз-ку!

Охири Манзура опа чиришни бузди.

– Майли, шу ерда айтақол эртагингни,– деди елкамга кўл ташлаб. Мен отнинг «жилов»ини ўз ҳолига қўйиб, Манзура опага ўгарилиб ўтириб олдим. Кўзимни кўзидан узмай, эртагимни бошладим:

– …Тоғу тошларнинг шоҳи, ғорларнинг султони аждаҳо яшаб-яшаб, ахийри зерикибди-да: «Биронта қиз-пиз топиб олиб, уни катта қилиб, кейин уйланиб оламану мазза қиламан!» деб шаҳарга тушибди…

Манзура опа тиззасига шаппалади.

– Тозаям жинни экан-ку ўша аждаҳоинг! Биратўла бўй етганидан топақолса бўлмасмикан!

– Мен қаёқдан билай, китобда шунақа ёзилган,– дедим ўзимни оқлаб.

Манзура опа кўрсаткич бармоғи билан туйқус бурнимнинг учидан босиб, «Вой пучуғ-эй!» деди. Сўнг икки қўлига таяниб, ўзини орқага ташлади, қирқ ўрим сочларини бир-икки силкитди-да:

– Кимни оласан, Нозимбек? – деди шивирлаб. Уялган бўлдим, индамадим.

– Сенгинага қайси қиз йўлиқаркан-а?.. Тағин миқ этмадим.

– Кимни олсанг ҳам, доим хотинингни ёнида юргин, сира ташлаб кетма. Хўпми?

– Хўп! – дедим дарров.

Ҳа, мен ўшанда ўйлаб ўтирмасдан «Хўп!» дедим. Манзура опа эса…

Манзура опа индамай ўрнидан турди. Қопини даст кўтариб, бошига қўйди-да, жўнаб қолди. Бу қилиғининг сир-синоати ўша тобда менга қоронғи эди. Умуман, ғалати-галати одатлари бор эди. Баъзан маъюс тортиб қолади, баъзан ундан хурсанд одам йўқ. Шундай пайтлари қизининг хатти-ҳаракатларини кўрсатиб роса кулдирарди, хатто икки марта, эридан келган хатни ҳам ўқиб берган…

Унда мен маст эдим! Уйга кела-келгунимча Манзура опадан кўз узмадим. У эса ҳамон ўшандай – олдинга тушганча, бир сўз демай, ортига ҳам ўгирилмай, дадил кетиб борарди. Бошида лапанглаган бир қоп ўтнинг юкини сезмасди гўё.

Биз даладан қайтаётганимизда, кўпинча, теварак-атроф қоронғилик оғушига чулғанаётган бўларди. Чап тарафда Қатронтоғ этаклари эндигина қорайган, офтоб ўнг тарафдаги Бўёб тоғининг ортига яширинган, осмоннинг Бўёб билан ўпишган бир парчаси қип-қизил палла бўларди. Биз даладан қайтаётганимизда, эшилиб-буралиб қишлоқни кесиб ўтган йўлдан мошиналарнинг, трактирларнинг қатнови камайган, атрофга сукунат чўкиб, бу майин, айрича сукунат аро Нурсухариқ сойининг шовуллаши куйдек эшитила бошлаган ё бирданига ҳаммаси барҳам еб, ўрнини адирдан кайтаётган поданинг сурони эгаллаган бир палла-бўларди. Биз даладан қайтаётганимизда…

Кейинчалик, қачон қишлоғимга йўлим тушса ё олис ўлкаларда юриб, қачон она юртимни, жонажон элимни, беғубор кечгандек туюлгучи болалигимни ўйласам, кўз ўнгимга даставвал ана ўша палла келади. Манзура опанинг, гоҳ ғамгин, гоҳ шўх суҳбатлари, кулгилари, хўрсинишлари,ўт юлавериб тилинган-шилинган бармоқлари, ва ниҳоят, бошидаги улкан қоп… Яна-тағин: икки далани ўкдек кесиб ўтган тутқатор, уфққача чўзилиб кетган узун, ингичка сўқмоқ; тупроғи иликка уради. Манзура опа енгил-енгил, одимлайди. Этигининг остидан икки ёққа сачраган чанг» ажиб товланади. Осмон ҳали оқиш, парча-пурча булутларнинг тўши ҳам оқиш, пастга осилиб турган қисми қорамтир, Бўёбнинг осмонга қадалган қирраси қонталаш… Манзура опанинг одимлари енгил, бошидаги қоп гўё ҳозир учади-ю, бориб уфққа санчилади, ўзи ҳам ҳув ўша қизилликка йўғрилиб кетади…

Кузга келиб Манзура опа бизникига тез-тез чиқадиган бўлиб қолди. Чиқиб, аям билан узоқ гангир-гунгурлашиб ўтирарди. Мен унипг тетапоя юриб кетган қизчасини ўйнатар эдим.

Бир куни Раҳмон мелисанинг хотини аямга нолинди:

– Саёқ бўп кетди қирилгур! Эри келгунича уйни уй қип ўтирганини кўрмайман-а… Чиқовриб, сизларниям безор, қиворгандир?

– Зерикади-да, айланай. Ёш нарса, бир жойда ўтиравериб, юраги сиқилади.

Раҳмон мелисанинг хотини кетгач, аям дадамга шундай деди:

– Манзирнинг бизникига кирганидан гумонсираяпти. Ғийбат қилади, деб ўйлайди-да. Билмайдики, унинг дарди бошқа. Кошки ғийбатга арзисанг!

Мана энди бу гап: Манзура опа қочиб кетибди!

Унга ачинган, тарафини олган ягона одам – аям:

Менинг Комил чўлидан келибоқ сўраган сўроғимга бафуржа жавоб қилиб бўлгач, кўзларимга тикилди-да: «Сен бировларнинг гапига қўшилиб юрма!» деди.

Бу кўнгилсиз воқеа Маҳам амаки билан Муҳаррам аяларнинг ярим жонларини суғуриб кетди.

Энди ўйлаб қарасам, одамзодни урушлар, табиий офатлар қаритмас экан, аксинча, улар бари уни чидамга, матонатга ундар экан. Очлик, қашшоқликлар одамзоднинг бошини буколмас экан, аксинча, улар бари уни курашга чорлар экан. Одамзодни енгувчи ягона қодир нарса – ўзининг турмуши, турмушининг майда-чуйда, азалий ҳамда абадий ташвишлари эканки, чидаму матонат шунга келгаида етмас, унга қарши исён кўтариб ҳам бўлмас экан – одамзод ёруғ дунёга йўлдош ичида келишида кўп маъни бор экан. Яъни, ташвиши ўзига йўлдош экан!

Не бир юртларда қон кечиб омон қайтган Маҳам амаки ҳам , яқин-яқинларгача гурс-гурс қадам босиб юрадиган Муҳаррам хола ҳам бир кечадаёқ қаридилар-қолдилар…

Аям мени тез-тез уларникига чиқариб турарди.

«Бор-чи, иш-пишлари йўқмикан. Бўлса, қарашиб юбор!» дерди.

Ўтин ёрардим, сув келтириб берардим, биттагина қўйлари қолган эди, ўшанга қарардим, ишқилиб, мактабдан келдим дегунча, дарров Маҳам амакиларникига чопардим.

9

 

Маҳам амаки билан Муҳаррам холанинг кўрган кунлари қурсин! Фарзанд ўстирдик, деб юришарди, фарзанд эмас, бало ўстиришган экан: бир думалаб, ҳаммани бегона этди-кетди.

Чол-кампир етаклашиб, Ўрмон чўлоқникига бордилар. Муҳаррам хола айюҳаннос солиб, Маҳам амаки бошини хам қилиб Ўрмонга хусуматини неча йилдан буён дилда тўплаб келган эди, энди чидамади Маҳам амаки, шу сафар ё у ёқли, ё бу ёқли қилмоқчи бўлди. Лекин Ўрмоннинг муомаласини кўриб, негадир бирдан шаштидан тушди.

– Нима қилай, биродар, менинг ҳам бошим қотиб қолди,– деди Ўрмон имкон қадар юмшоқ оҳангда.– Бу палакатни кўрмайсизми! Етти ухлаб тушга кирмаган иш-а! Бизгаям осон тутманглар. Келиннинг, қудаларимизнинг ичдида нима деган одам бўлдик! Минг йиллик қадрдонмиз, Маҳамбой, енгиллик қилмайлик, пешонамизда бор экан, қаёққа қочиб қутулардик…– Кейин Муҳаррам холага ўгирилди.– Нон урсин, Муҳаррам келин, ўлимдан хабарим бор, лекин палиднинг мунақа фикрини… Одамларни кўйинг, келин, эл оғзига элак тутолмайсиз, бўлар иш бўлди, гапиради-гапиради, ахийри бир кун тинчийди-да. Ана, Вали дўкончининг хотинини қанча гап қилди, оқибати нима бўлди? Одамларнинг ўзлари уялиб қолди-ку! Сабр қилайлик-чи, бир йўли топилар, ахир…

Эртаси Шўрсувдан Каримжон етиб келди. Соқоли олинмаган, уст-боши, қошу киприклари олтингугуртнинг сап-сариқ чангига ботган, пишиллайди, хириллаб йўталади. Келди-ю бир сўз демай, отаси билан онасини олдига солиб, тўппа-тўғри Ўрмон чўлоқнинг уйига кириб борди. Бўлди жанг, бўлди талотўп… иш ҳатто пичоқ ўқталишгача етиб борди!

Ўрмон ҳам энди кечаги Ўрмон эмасди, асли ҳолига қайтди. Айниқса, Каримжоннинг қўлида ялтираган пичоқни кўриб, жини қўзигандан-қўзиди, овозининг борича ўшқириб, ота-боланинг жон жойидан олди:

– Ҳе… Индамаган сари осмонга сапчийверасанми?! Аввали ғунажинингдан бохабар бўл, шунча дағдағанг бор экан, вақтида қайириб ол эди! Ачитяптими энди?! Синглингни эплаёлмай, чўлоққа кучинг етдими? Пронтавикка-я?! Сўй, номард, сўй! Сендақа каллакесарлардан кўпини кўрганман, итвачча!

Энди пичоқ Ўрмоннинг бўғзига қадалмайди, қинига ҳам кирмайди – унақа ҳолат эмасди ҳозир. Каримжон буни сезди, кўзларига қон қуйилиб, вужуди қалт-қалт титраб, уни жон-жахди билан дуч келган тарафга улоқтирди. Пичоқ учиб бориб, бостирманинг устунига санчилди. Маҳам амаки беихтиёр ўша ёққа бир қараб қўйди, унга туюлдики, пичоқ гўё устунга дастасигача кириб кетди…

Санчиғлиқ пичоқ санчиғлиқлигича қолаверди. Каримжон этагини қоқиб, чаппа-ростасига сўкина-сўкина, ёввойи қиёфада кўчага отилди. Маҳам амаки келганидан бери бир сўз демай, қайтаётганида ҳам миқ этмай, бўйнини солинтарганча, ўғлига эргашди. Хаёлидан: «Раҳмондан қочиб, Ўрмонга келасанми-я, қизим, Ўрмоннинг кимлигини билмасмидинг?!» деган оғир ўй кечди, холос. Лекин Муҳаррам хола жазавадан тушмади, Ўрмон чўлоқнинг хотини билан юмдалашгани чоғланиб ўзини ичкари урди.

Устунда пичоқнинг санчиғлиқ қолиши Ўрмон чўлоққа ёқмади. Жини қўзиб, чопиб борди-да, бир қўллаб силтаб торта бошлади. Пичоқ устунга бор бўйи билан кириб кетгани рост эди, ҳадеганда чиқавермади. Шунда Ўрмон чўлоқ ерда ётган кетмонни олиб, орқаси билан пичоқнинг дастасига солди: кийик шохидан ясалган даста чирпирак бўлиб учиб кетди. Ўрмон чўлоқ дастанинг кетидан кетмонни ҳам улоқтириб, жаҳл билан устунни тепди. Устун омонатгина қўнқайтирилган экан, гурсиллаб қулади.

Э, Хайрулла ошна, бу ёғига кучим етмайди! Ахир, булари ҳали ҳолва, ғавғонинг каттасини қудалар бошлайди. Каримжон билан Ўрмон чўлоқнинг ўзаро хезланганлари билан иш битармиди, овора бўлганлари қолади, холос! Ўзбекнинг қуда-андачилигини яхши биласан, ҳализамон еру кўкни бошга кўтариб, қудалар етиб келади: Маҳам амакининг уйига Раҳмон мелисалар хонадонидан, Ўрмон чўлоқникига – қўшни Туюлқишлоқдан! Раҳмон мелисанинг ҳам, туюлликларнинг ҳам феъли бир – душманини туймагунча кўймайди улар, туёлмаса, кўч-кўронини кўтариб, ўзга элларга кўчиб кетади!

Жанжалнинг бу ёғини ёзмайман, Хайрулла Латиф, бу ёғини ёзолмайман! Қишлоғимиз бино бўлгандан бери бунақа савдони бир кимса кўрмаган, мен қандоқ ёзай?

Қалам ожиз, қоғоз ожиз, сўзлар Маҳам амакининг руҳи покини шод этмоққа қодир эмас, ошна! Юрагимда у инсон қолдирган хотираларга сўзлар лат етказиб қўядими, деб қўрқаман…

* * *

Катронтоғимизнинг кунчиқарида туянинг ўркачи мисол иккита баҳайбат дўнглик бор, офтоб ҳар куни шу дўнгликларр оралиғидан чиқиб келади. Аввал қийғос юз кўрсатиб олади-да, сўнгра кўкка ўрлайди: қишлоғимиз шунинг илк нурларини эмиб уйқудан уйғонади. Мен эса доим ҳайрон, лол қотардим. Нимага у ҳадеб бир ердан чиқаверади, кечқурун Бўёбнинг орқасига ўтиб кетади-ку, дердим. Ундоғига ўйлардим, бундоғига ўйлардим қани энди ақлим етса

Катронтоғим, Нурсухариғим, эсларингдами, бир гал эшигимиз тагида онамдан шуни сўрадим, билиб олгим келди. Ўшанда онам айтган сўзлар… Онамнинг ўшандаги кўзлари… Вох! Сизлар ҳам кўрган эдиларингми, сизларнинг кўзларингга муҳрланиб қолганми?!

Ўшанда онам кўп гапирди. Болам-а, деди. Бирпас жим қолди. Ҳали ёшсан, билмайсан, деди. Кейин қулочини ёзиб, узоқ-узоқларга ишора қилди: Катронтоғнинг орқасида офтобнинг уйи бор, деди. Кундузи осмони фалакка чиқиб, юрт кезиб, олам кезиб, кечқурун тағин шу уйига қайтиб келади, деди. Офтоб сира ухламайди, қоғоз-қаламини қўлга олиб, кунбўйи кўрганларини бирма-бир ёзиб қўяди, деди.

Ажаб!..

«Дарсини қиладими, ая? Дарсини қилмаса, маълими қулоғидан чўзадими?»

Офтоб дарс қилмас эмиш, одамларнинг феъл-хўйини ёзар эмиш. Ҳисоб-китоб бузилса, олам расво бўлармиш.

Ажаб!..

«Кунда чиқаверадими? Бошқа қишлоқларга кетиб қолмайдими?»

Кетмас экан, кетса ҳам, яна қайтиб келаверар экан. Ҳар куни дастлаб Катронтоғ қояларининг орасидан оламни кузатаркан, ер юзида омон-омонлик бўлса, шундагина осмонга кўтариларкан. Лекин… ёмон одамларни жини суймас экан, уларга юзини кўрсатмас экан. «Воҳ, болам, дунёга келиб офтобни кўрмаслик… даҳшат!»

Ажаб!..

«Мен яхши боламан-а, ая? Офтобни кўряпман-ку, а?

Ҳув ана!»

Онамнинг кафтлари илиқ эди, юзларимга ёқди, вужудимга аллақандай тотли бир ҳаяжон кирди. Онамнинг кўзлари маъюс эди, нақ юрагимга ботди, борлиғим ўт бўлиб ёнди. Онамнинг энтикишлари ширин эди, мен унинг бағрига сингиб кетдим. Онам эса…

«Болагинамдан ўргилай, бахтимга яхши бўлгин, бахтимга офтоб сендан ранжимасин», деди.

Болалигим бирдан қаддини ғоз тутди. Онамнинг қучоғидан юлқиниб чиқди-да, Нурсухариқнинг асов тўлқинчаларидек ўйноқлаб, чопқиллаб кетди. Севинчи ичига сиғмас,_ ўша тобда жуда-жуда бахтиёр эди: ахир, у одобли бола; ахир, у ҳар куни офтобни кўради; ахир, буни кўрмайдиганлар қанча!

Ўшанда болалигимнинг қувончи поёнсиз эди, чунки у Қатронтоғ томонга офтобнинг уйи сари чопарди! Ушанда дунё бир тарафу ўзи бир тараф эди! Митти юрагида ёлғиз бир илинж тезроқ офтобни топса, у билан қил ўтмас ўртоқ тутинса, уйларига бошлаб келса!

Чопиб боряпти-ю, шундоқ орқасида онамнинг ўткир нигоҳини, майин қўлларини ҳис қилади. У майин қўллар болалигимнинг елкасидан тутмоқчи бўлади йиқилиб кетмасин тағин, дея онамнинг жони ҳалак.

Ана, онам энтикяпти. Ўтли нафасидан қулоқларим жаранглайди. Ўткир нигоҳи вужуд-вужудимни тешиб ўтиб, ҳув олисда қояларда жилваланаётган офтоб нурларига йўғрилиб кетади.

Болалигим бирпасга тўхтади, ортига ўгирилди, ўҳ-ҳў, тобора йироқлаб кетибди-ку! Онагинам кўчанинг ўртасида чўнқайганча қолган, ҳануз ундан кўз узмайди. Оппоқ рўмолининг бир учидан тутиб, боши узра силкийди, гўёки, чоп, чоп, чопавер, қараб турибман, тўхтама, у ёқда сенинг, элнинг ҳаммамизнинг эзгу ниятларимиз яшайди, бахтинг ҳам ўша ёқда, болам, дейди…

10

 

Дўстим, бир бошладикми, энди Манзура билан Тўйчи саргузаштларини охиригача эшитиб олайлик. Маҳам амаки воқеасига кейинроқ қайтамиз. Қолаверса, Манзуранинг кўрсатгани Маҳам амакининг кўргани эмасми!

Манзура Тўйчи билан қочиб кетибди, деган гап тарқалганидан икки ҳафтача ўтиб, таранглик хийла сусайди, лекин батамом йўқолмади. Қайтага, бу ғаройиб ҳодисанинг тафсилоти бу ёғи Қўқон, у ёғи Исфарагача ейилди. Қишлоққа бир қўниб ўтган йўловчилар уни ўз элларига олиб кетдилар, тилларда достон қилдилар. Воқеанинг ўзидан кўра ҳангомаси қўрққулик. Булоқнинг кўзи ҳам, сувнинг тиниғи ҳам шу қишлоқда эди, теваракка лойқаланиб ираларди.

Начора, булоқнинг кўзи бир очилмасин, очилдими – зилолига ҳам чидаймиз, бўтанасига ҳам.

Эмишки, кейинги вақтлар Тўйчи аллақандай тушуниксиз кайфиятда юрган. Оғзидан чиққан гапнинг боши-кети пўк, қилаётган ишини-ку, қўяверасиз – хаёлпарастми-ей, шошилганми-ей… Қишлоқ барибир қишлоқ-да, тилга сал эрк берилса – тамом, туппа-тузук йигит жиннига «айланиб» қолиши турган гап. Лекин, ишонмай десангиз, уларнинг минлиги гаровига Тўйчининг қилўтмас ошналаридан бири нақ бошини тиккан. «Тўйчи соғ одамнинг хаёлига келмайдиган гаплар қилган менга, алдасам тил тортмай ўлай!» дейди доим у. Ноилож ишонасиз-да. Ишонмасангиз ҳам, азбаройи қизиққанингиздан қулоқ тутасиз.

«Бир маслаҳат бер, ошна,– дебди Тўйчи бир куни шу йигитга ёрилиб,– нима қилай?»

«Нимани нима қиласан? – дебди ошнаси гапнинг оқимини англаёлмай.– Уй қурмоқчимисан, тўй қилмоқчимисан ё мошина оласанми?»

«Йўқ. Уй ҳам қурмайман, тўй ҳам қилмайман – мен унақа нарсани айтяпман».

«Лўндасини айтсам… Шу тўрт девор ичида юравериш жонга тегди,– дебди Тўйчи хўрсинибми, чайналибми.– Бунақада бир кунмас бир кун жинни бўп қоламан».

«Тушунтириброқ гапир!» дебди ошна.

«Яна қандай тушунтирай, биласан-ку. Ҳар кун бир хил иш, бир хил ташвиш: далага борасан, уйга келасан, далада – тирактир, уйда – хотин, бирда-ярим чойхонага чиқасан, зора кўнгил ёзилса дейсан, қани энди… Улфатлар ҳам тирик жонда, улар ҳам ўзингга ўхшаб сиқилганидан, зерикканидан, қиларга бир юмуши йўқлигидан чойхонага йиғилади. Лекин, ошна, чойхона сенга Сочи эмас, бу ерда нари борса халфана қиласан… Бунақада одам ўзини осиб қўяди-ку!»

Мен шу пайтгача бундай гапларни тирик одамнинг оғзидан эшитмаганман, дейди ошна кулиб. Кинода айтар, китобда айтар, лекин сиз билан бизга ўхшаган икки оёқли инсон… Иссиғинг йўқми деб пешонасига кафтимнинг тескарисини босувдим, қўлимни силтаб ташлади. «Бор-э, сени одам деб дардимни айтиб ўтирибман-а!» деди. Ҳеч қанча ўтмай, тағин ёнимга келди. Қарасам, ростакамига куйиб-пишяпти, бир нарса деёлмай қолдим…

«Нимага тушунмайсан, одам ёруғ дунёга бир марта келади-ку! – дермиш Тўйчи.– Қирғизча қилиб айтмасам, каллангга кирмайди, шекилли. Мана, қара: ер ҳайдайсан, а, чигит экансан, а, жўяк оласан, пахта терасан, а? Бутун йилинг шу билан ўтди ҳисоб! Кейинги йил ҳам шу. Кейинги йил тағин кейинги йилга кўз тикасан – кунларингнинг бошқачароқ бўлишини кутасан. Баҳорга чиқиб эса… эски тос, эски ҳаммом! Ҳеч бўлмаганда, биргадир ўзгариб турса ё тарактиринг алмашса ҳам майлийди!»

Ўша куни «Пахтакор»нинг ким биландир ўйини бор эди, сургалашиб икковимиз бизникига йўл олдик, дейди ҳалиги қилўтмас ошна, ҳикоясини давом эттириб. Хайрият, Тўйчининг мижғов сўроқларидан қутулдим, зора энди қулоқларим тинчиса, деб кетяпман… Дарвоқе, уни аввал ҳам бир-икки марта шунақа кайфиятда кўрганман, лекин унда, рости, ҳазиллашаётгандир-да, деб ўйлаганман.

Бир куни ишдан чарчаб келиб, чойхонада ўтирсам, қўлтиғига яримта қистириб Тўйчи келиб қолди. Иккаламиз ҳалигини майдалаб, роса валақлашдик.

«Шу, сенинг ишинг қалай?» деди у бир пайт. «Тупроқ заводида қалай нима қилади,– дедим.– Бир навида».

«Ҳазилингни қўй, ошна,– деди Тўйчи,– мен сендан ўғил болачасига сўраяпман!»

Ол-а! Яримтанинг ярмидан кўпи ичимизга кирган, сувнинг шовуллаши билан чумчуқнинг чирқиллашининг фарқига бормай қолганмиз, Тўйчи занғар эса, ўғил болачасига гапираман, деб ўтирибди. Жаҳлим чиқди. Ўғил болачасига бўлса, қайнангнинг қайласига, дедим.

«Тарактирчиман, деб керилма кўп, хўпми, қишда олиб олиб берадиган ғўзапоянгни миннат қилаётган бўлсанг, энди борма, мен айтсам ҳам борма, эшакаравада ташиб оларман ўзим… Ё, майли, далада қолиб кетсин ўша ғўзапоя, садқаи сар, майли, қиши билан ўтинсиз қийналиб чиқайлик, лекин сен борма, хўпми! – дедим ўдағайлаб. Туриб-туриб, аламим қўзиди.– Тупроқ заводида ишлаганимиз билан сендакалардан тўртта-бештасини сотиб олишга кучимиз етади» дедим яна.

Тўғри-да! Менинг ишимни сўрайди, ўзи билмайдими? билади, билиб туриб, атай сўрайди, жиғимга тегмоқчи бўлади. Ахир, юзингда кўзинг борми, демай бир марта: Тоза-а ўлган эканмиз-да, бутун дунё тупроғ-у, сен шуни деб… Э-э, битта сенми тупроқ учун йил-ўн икки ой заводда ишлайдиган?!» деб айтган ҳам.

«Қизишма, ошна. Тарактир керак бўлса, ол, ана, сенга бердим, лекин мен чини билан сўровдим,– деди Тўйчининг нимадан ўт олиб кетганимни пайқаб.– Шу, тарактирчиликни ташлаб, сенинг заводингга ишга ўтиб кетайми, деб турибман. Ўлай агар, гапим рост!»

Унинг гапига ишонган бўлсам, мен ҳам ўлай!

«Тупроқ заводини бошингга урасанми, тарактирингни тириллатиб, ялло қилиб юравер-да, қишлоқда обрўйинг баланд, топишинг ҳам тузук», дедим ҳали ҳам унинг ниятини илғамай.

Тўйчи, ҳафсаласи пир бўлди шекилли, қўл силтади.

«Э, бор-э! Тупроқнинг ичида катта бўлгансан, шу калланг билан ниманиям тушунардинг! – деди. Кейин пиёласига арақдан яна қуйди-да, охиригача симириб, бош чайқади.

Бугун саҳар нимагадир уйқум қочди. Туриб, кўчага чиқиб, эшикнинг тагида тарактир турибди, ўша – ўзимнинг минг йиллик тарактирим… Кўнглим хира тортди. Далага борсам… Эҳ, нима қиласан у ёғини суриштириб. Уни-буни қўй заводингдан иш топиладими, йўқми?»

Мен унда индамай қўяқолганман, деб кулади ошна, сенга нимаям дердим. Хуллас, икковлон сургалашиб, ўйинни томоша қилгани бизникига бордик. Биздақаларнинг борига, шу ўйинни чиқариб қўйгани ҳам тузук бўлган экан, майли-да, каллаларимиз бир ярим соат чалғийди, дам оламиз, унинг устига, ўша сафар Тўйчининг ғиринг-мирингларидан ҳам қутуларман, деб ўйловдим. Қаёқда! Баттар хит бўлдим. Иккиёқлама хит бўлдим. Бир ёқда «Пахтакор» тағин ютқазди. Бир ёқда, ўзим ўлолмай турибман, Тўйчи бефаросат кўча эшик олдида, хайрлашаётиб, тағин дийдиёсини бошлади.

«Кўрдингми, футболдаям шунақа,– деди у жўшиб.– Ўтган йилиям мана шунақа бўлган. Уф-ф! «Пахтакор»дан кўнгил тўлмади-тўлмади-да. Ҳар йили шу-я! Арманилардан енгилгани, ҳатто Тошкентнинг ўзида Масковга ютқазиб қўйганига ўлайми! Нуқул шуни ўйлайман, ошна, келаси йил яхши бўпкетар дейман. Эҳ, қанийди украинларни доғда қолдирсак, қанийди гуржилар ҳам бизга ҳавас қилса, қанийди Ўзбекистон ҳам чемпион бўлса!»

«Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион…» деб кулибди. ошна, яқинда радиодан эшитган шеърнинг бир сатрини эслаб.

«Ана! Рост айтдинг! Сен ҳам футболга ишқибозсан-ку, а? Лекин, юрак чатоқ, ошна, ҳар нарсани ичимга ютаверадиган бўпқолдим. Шу, шартта олиб, Сибирга кетворсамми – нима дейсан?»

«Булоқ»нинг тепасида ўтирганлардан яна биттаси – Суннатилла бригадир. У ҳам шунга ўхшаш гапларни айтади…

Тўйчи иккаламиз қарийб тенгқурмиз, деб ҳикоя қилади Суннатилла бригадир, мактабда ўқиган кезларимиздан бери шу далада билла ишлаб келамиз. Ичидагини дурбинсиз кўрадиган бўп кетганман. Ишнинг кўзини биладиган йигит эди занғар! Юрагида ўт бор эди! Унга қараб туриб, тарактирини хотинидан ҳам яхши кўрса керак, деб ўйлардим кўпинча. Ўзи яхши бола эди-ю, шу, сал ўжармиди, қизиққонмиди – тез-тез гап талашиб қолардик. Даланинг ишини деб-да. Лекин ошначилигимиз сира бузилмаган, кўнглида кири йўқ эди унинг.

«Нимага мени бошқа биргадаларга командировка қилмайсан?» дерди у баъзан.

Гапини қаранг. Ҳозир ҳар бригадада иккитадан-учтадан тарактирчи бўлса, биров бировнинг қўлига қараб қолгани йўқ, ерини сел олса ё бўлак бирор фалокат боссаям майлийди…

«Биргадирсан, йўлини топ-да,– деб сўзида туриб оларди занғар.– Қўшниларимизиинг ерини қачон сел оларкан, деб пойлаб ўтираманми? Мени Қақирга юбор, Қақирнинг трактирчиси Қўрғончага ўтсин – шунақа қип ҳам ишлаб ўрайлик-да!»

Сеники маъқул деб қўйсам бўлаверади-ю, Тўйчидақаларга шуни айтиб ҳам бас келолмайсиз. Жа шилқимлик қилаверса, мен ҳам осмондан келардим.

«Нима, мен совхознинг ё районнинг каттасиманми! – дердим қўл силтаб.– Ана, директорга бор, райкомга бор, мажлисда тепага чиқиб гапир! Мен ҳам сенга ўхшаган кичкина одамман-да, жонингга теккан бўлсам, ана, амакимни ол-да, мени тинч кўй! Отангга айтсанг, бир оғиз…»

Тўйчининг қитиқпати қаердалигини билардим, унга сал мос келолмай қолсам, дарров ўша жойидан ушлардим. Отанг эски кадр, обрўйи районда ҳалиям осмон бўйи, даврида ўйнаб қолмайсанми мойга беланиб юргунча, десангиз – тамом, Тўйчи ўша заҳоти бир ғалати бўлиб кетади, индамай қайрилиб жўнаб қолади, ё ёқалашмагунча қўймайди. Хулас, гапга атай отасини қўшардим.

«Ана шунақа-да, чидаёлмайсан-да,– дерди Тўйчи бўзариб.– Аммо-лекин райкомингга албатта бораман! Отамга айтмай ҳам боравераман. Нима, қўрқоқ деб ўйлаяпсанми мени? Ё отамсиз кўчада юролмайманми? Керак бўлса, мажлисдаям гапираман! Улар ҳам сенинг латта гапларингни қилса, мана кўрасан, шартта оламану Сибиргами, Варангил оролигами жўнавораман!»

«Э, э, Тўйчибой, сал пастга тушсинлар. Сибирь сизга Ўзбекистон эмас, у ерда сизнинг ноз-фироқларингизни кўтарадиган аҳмоқ йўқ», дердим атай жиғига тегиб.

«Қўрқитмай қўяқол, Суннат. Биргад бўлсанг – ўзингга! аканг қарағай боргандан кейин Сибиринг ҳам Ўзбекистон бўп кетади! Мактабда домланг айтган-ку, ота-боболаримиз ўша юртларда яшаган, деб. Биз ҳам чидармиз, ахир. Тилимни сен тушунмасанг, тушунадигани Сибирлардан топилиб қолар!»

Унинг бу гапларни айтаётгандаги важоҳатини кўрсалангиз эди! Айтсам, ишонмайсизлар-да, ўлай агар, жинни бўлиб қолганми, дердиларинг. Чунки унинг биронта гапи пўписа эмасди!

Шунақа гаплар – Тўйчи ундоқ эди, Тўйчи бундоқ эди…

Булар бари «булоқ»нинг иши. Одамлар бекорчиликдан кўча-кўйда, чойхоналарда, далада тушлик пайтлари ё якшанба кунлари бозорда шу «булоқ»нинг сувидан гўё чанқоқбосди қилиб туришарди.

Ўрмон чўлоқни билмадик, лекин Маҳам амакининг чнадони бунақа олди-қочдилардан бехабар. Бундай гаплар улардан сир тутилади. Биладиганлардан сўраб-суриштирганларида ҳам калтагина жавоб олишган.

Тўйчининг қилўтмас ошнаси ҳар гал бир гапни такрорлайди:

«Иккаласи нимани хаёл қилган – ўлай агар, билмайман! – дейди у.– Лекин, Тўйчи ошнам Шимолий Муз океаниними, қандайдир Варангил оролиними кўп тилга оларди…»

Суннатилла бригадир ҳам гапнинг лўндасини айтади:

«Варангил оролига кетган! Ёки Сибирга! Уч-тўрт йилча ишлаб келмоқчи бўлиб юрувди. Тўйчини айтаман… Қаранг, гапларини мен ҳам ҳазил деб ўйлаган эканман. Манзурани… нима дейишгаям ҳайронман. Яхши қиз эди, очиқ-сочиқ, пахтани кўп терарди. Лекин, яқиндан бери сал одамови бўп қолганмиди, аксари, эгатгаям ёлғиз тушарди. Далада ҳамма бир-бири билан юради, лекин биров ёмон фикрга бормайди. Буларга ҳайронман…»

Элга ёйилмаган биргина гап қолган эди. Бу гапни Тўйчи қишлоқдан чиқиб кетмасидан икки кун бурун кечаси хотинига айтган. «Мени десанг, ўртамиздаги шу икки бола отасиз қолмасин десанг, бир ойгача дамингни чиқармайсан! Бир ой ичида ё хат юбораман, ё ўзим келаман. Эҳтимол, иккаламиз бошқа ёқларга кўчиб кетармиз…» деган. Хотин ўшанда: «Болаларимнинг ҳаққи-ҳурмати, сир сақлайман!» деб эрига ваъда бериб юборган эди. Ваъдасига вафо қилди, лекин…

Эрининг кетиши билан боғлиқ уйдаги тўс-тўполонларга уч-тўрт кунгача гўё эътибор қилмай юрди. Тағин шундай юраверар эди-ю, лекин ўша куни қишлоқдан Раҳмон мелисанинг келини Манзуранинг ҳам йўқ бўлиб қолгани унинг кўнглини алағда қилиб қўйди, устига-устак, одамларнинг маҳобатли миш-мишларидан тамоман ўзини йўқотди. Айниқса, эрининг бир номардлиги – ўз болаларини ташлаб, болалисининг этагидан тутиб кетгани фиғонини фалакка чиқарди. «Икки болани ташлаганга яраша… топганинг қиз бўлса экан! Бировнинг сарқитига-я!..» деб алам билан ўйлади. Қараса – бўлмайдиган, «Шу тирик етимларнинг уволи тутсин сени – пуштинг куйсин!» деб Тўйчини ғойибона қарғадию бир ҳафтадан кейин отасининг уйига кетиб қолди. Лекин ўша кеч бўлиб ўтган гапларни бир кимсага айтмади. Одамларнинг «Ўл-а! Лақиллаб қолаверибсан-да! Манзурани ўз қўлинг билая эрингта қўшиб қўйибсан-ку!» дейишларидан чўчиди.

Ҳаҳ, эсиз-а, пича шошқалоқлик қилди лекин. Тағин бир ойгина чидаб берганида, зҳткмол, эридан «ўз қўлига тегсин» деган хат олармиди. Эҳтимол, баҳорга чиқиб эр-хотин иккалалари бу юртлардан кўчиб кетишармиди… Майли, унда – бир ой эмас, ҳа ана, икки ойдан кейин балки келин бу хонадонга яна қайтиб келар, Тўйчи билан турмушлари тағин изга тушар, эҳтимол, эр-хотин иккалалари баҳорга чиқиб, ҳақиқатан ўзга юртларга кўчиб кетишар – бу ҳақда ҳозирча ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Буни қатто биз ҳам билмаймиз. Демак, Тўйчидан «ўз қўлига тегсин» деган ўша хат келмагунича, сир сир бўлиб қолаверади. Ҳозир эса…

Маҳам амаки қизи Манзуранинг Тўйчи билан тил бириктириб қочгани хусусида аниқ, дангал бир гап эшитгани йўқ, бироқ икковининг қишлоқдан бир кунда, орқама-кетин йўқ бўлгани чин эди, бу чинлик-хавотирли эди. Маҳам амаки иккала оёғини ҳам ботқоқда кўрди. Бундай ботқоққа уни ҳеч бир тирик банда ботира олмасди, аммо-лекин қизи, ўзининг пушти камаридан бўлган қизи… Ўша тобда, алам устида кўнглидан бир ўй кечдики, бўлак пайт бундай ўи ўрнига ўзига ўлимни афзал кўрармиди! «Келиб-келиб Ўрмоннинг бебурди билан-а, қизим! Бошқа бировнинг… моховнинг бўйнига осилиб кетганингда ҳам майлийди!..» Тирик одамнинг боши гапдан чиқмас экан-да! Қайсидир йили қишлоқнинг вайсақи кампирлари-ю бекорчи чолларидан тортиб, ўнинчи, ҳатто саккизинчи синф қизларигача бир ёқадан бош чиқариб, Вали дўкончининг янги хотинига бурилди. Аввалги хотини томоғига балиқнинг қилтаноғи тиқилиб тўсатдан ўлган эди, дўкончи қайсидир юртлардан бир қиз топиб келиб, шартта уйланди. Келинчак учинчи куни чимилдиқдан чиқиб, эл-юртга юз кўрсатди-ю… балога колди, «Дўкончи тағин қизга уйландим, деб керилиб юрибди, келинга тузукроқ сарасоф солинглар, қорнида боласи бор!» деган миш-миш пайдо бўлди. Бир йил ўтди, икки йил утди ҳамки, келин фарзанд кўравермади. Ниҳоят, одамларнинг ҳайратига ҳайрат қўшиб, уч йилдан кейингина эрига бир ўғил ҳадя этди. Тағин гап чикди: «Бу жувоннинг қорни қанақа қорин ўзи – на ҳомиласини билиб бўлади, иа туққанини!» Гап гап билан, қорин ўз йўлига, дўкончи шуларга эътибор бермади. Мана, ҳозир унинг саккизта флрзанди бор. Хотинининг қорни ҳам ўша-ўша, бироқ энди у миш-мишлар барҳам топган – ҳадеб шуни гапираверишни эл ўзига эп билмади…

Маҳам амаки хонадонини руҳан эзаётган ҳол ҳам асли шу эди. Дўкончининг қиз-хотини қорнидаги ҳомиласи билан роппа-роса уч йил юриб, ниҳоят бир ўғил кўрнб, тағин гумонаси бордек қолавергани тўғрисидаги миш-миш у қадар оғир эмасди, тезда тинди. Манзуранинг савдоси бир умрга кетса керак, деган ўй уларнинг ич-этини тилимлар эди. Илож қанча, қишлоқ кичкина, осмондан бегона қуш ўтса, пайқамаган одам қолмайди, яъни, борига барака-да. …Ўйланиб ёта-ёта Маҳам амаки шу нарсага иқрор бўлдики, кўнгилга ўлим шарпасини рўй-рост олиб кирган бу оғриқ унинг танасида мудом яшаб келган, кундалик ташвишларга кўмилиб, буни у пайқамаган эди, холос. Бинобарин, Белоруссиядан келган хат ёки газетчи йигитнинг ёқинқирамаган гаплари, қилиқлари баҳона бўлолмайди. Маҳам амаки яна шу нарсага икрор бўлдики, кўксини Манзура тилиб кетмаганида эски гина-кудуратлари бу қадар газак олмаган, бинобарин, Ўрмонга нафрати ҳам бу қадар тўлиб-тошмаган бўлар эди. Мана, бир ойдирки, юрса ҳам, турса ҳам уни сўкади, унга ўлим тилайди. Мана, бир ойдирки, бутун ҳаётини қайта бошдан кўз олдига келтириб кўради, хаёл чиғириғидан ўтказади, аммо, не қилсинки, дардига малҳам бўладиган бирор қарорга келолмайди. Эҳтимол, эски ярасининг қўзғалганига, тобора зўрайиб кетаётганига сабаб Белоруссиядан келган хат ҳам эмас, қизи Манзуранинг доғи-ҳасрати ҳам эмас, балки ўзининг журъатсизлигидир, ўз дардига ўзи ем бўлиб ётганидир…

Эвоҳ, қачонгача шундоқ ётаверади, бунақада яранинг битиб кетиши ҳам даргумон-ку?!

Маҳам амаки беихтиёр, олис қирқ учинчи йилнинг кузида – Одилхон ўлган кунда рўй берган воқеани эслади ва хаёлига бир фикр келди: қани энди худди ўшандагидек, лекин немиснинг ўрнига бу сафар Ўрмон чўлоқни қўйиб, икковларини Қатронтоғ адирларининг орасига бошлаб борсалар, Ўрмонни йигирма қадамча нарига тикка турғазиб қўйсалар, Маҳам амакининг қўлига автомат тутқазсалар-да, «Отинг, Маҳамбой!» десалар, у отса… Автоматининг ўқи тугамагунича тепкидан бармоғини олмаса…

11

 

«Ассалому алайкум, Маҳам амаки!» «Ваалайкум…» «Танимадингиз шекилли?» «Қарилик, болам»

«Ошнангизнинг неварасиман – Нозим». «Э-э, Нозимбек, қандай шамоллар учирди? Сени, Тошкентда каттакон бўпкетган, дейишади?» «Каттакон эмас, амаки…» «Майли-да, катта шаҳарда ишлаганингдан кейин…

Ризқингни берсин! Манглайингга ўша ёклардан битган экан, белни маҳкам боғлайвер! Биздан ҳам одам чиқибди, шунга суюниб юрайлик».

«У ёқларда қолиб кетармидик, амаки, ахийри бир кун келамиз-да. Келмасак, бўлмас?»

«Ҳа балли! Ўзим ҳам сендан шу гапни кутувдим. Сенга бир насиҳатим: подшо бўпкетсанг ҳам, туғилган юртингни унутиб юборма, келиб тур! Опоқдадангнинг қабри шу ерда-я! Йигит кишига отанинг юрти Маккадан азиз. Хў-ўш, бола-чақа омонми, ишқилиб?»

«Раҳмат. Бир ўғил, бир қизимиз бор. Юришибди чуғур-чуғур қилиб. Ўзингиздан сўрасак, амаки? Чўкиброқ қолибсиз…»

«Чўкмай бўладими, қарияпмизда. Турмушнинг юки зил, болам, кўтарган кўтаради уни. Ўзингники етмагандек бошқаларникини ҳам кўтарганинг-чи! Бу дунёнинг ташвишини, мен сенга айтсам, манов ўзимизнинг Қатронтоғнинг юшидай гап экан. Биттасини оласан, у ёқ-бу ёғини кўрган бўласан-да, бошингдан ошириб ташлайсан, яна биттасини оласан, орқангга ташлайсан, шунақа қилиб, дегин, бу тошлар худди ортингда қолаётгандай туюлади-ю, аслида, елкангдан нарига ўтмайди, устма-уст тахланиб бораверади. Ахийри бир кун одамни босади-да бу! Одам тоғ бўлсайкан…»

«Қўйинг, амаки, кўнглингизни чўктирманг. Ташвишлар ўз йўлига, бу ёғини энди фарзандларингиз эплар. Дунёнингиздан миннат қолмади».

«Қарз-ку ҳали кўп, болам. Мен ҳам сенга ўхшаб, дунё мендан оладиганини олиб бўлди, энди қолган умримга ё Раззоқ деб, дўппим яримта, юраверган эканман. Қаёқда! Айтдим-ку, чидаса, шу Қатронтоғ чидайди, бандасига йўл бўлсин. Меникига ўнта тоғ ҳам дош беролмайди, болам!»

«Биламан, Маҳам амаки, оз-моз хабарим бор. Лекин сиз кўп куйинаверманг. Кўчага чиқинг, чойхонага боринг, оёқни узатииб ётинг. Улфатлар билан эскини титкилашашчлар, жиллақурса ташвишларингиз арийди-да… Айтганча, Муҳаррам холам ҳам бардамгина юрибдиларми?»

«Шукр, шунинг ҳам борига шукр! Қизи мундай қилиб кетгандан бери ўзини олдириб қўйди бояқиш. Билдирмайди-ю, рафторидан сезиб тураман: олдимда изиллайди, мундайроқ қараб қўйсам, иккала кўзидан ҳам тирқиратворади. Ўпкаси тўлган бечоранинг…»

«Ҳа, ишқилиб, омон бўлинглар, амаки…»

«Болам, боятдан бери бир нимага тараддудланяпсан-у, омадини айтолмаётганга ўхшайсан. Тинчликми? Гапиравер, тортинма!»

«Рост, амаки, бир нима демоқчи бўлганим рост. Шу, гапларингизни эшитиб туриб, хаёл опқочди. Мана – сиз. Кўпни кўрган одамсиз, ҳаётингиз ибратли, ибратлики, файласуф бўп кетгансйз. Биламан, ичингизда гап кўп, ташингизга шунинг мисқоли ҳам чиқмаган, ҳозиргина ўзингиз айтдингиз, дардим ўнта Қатронтоққа юк бўлади, деб. Шундай экан, нега уни енгиллатмайсиз? Арзи ҳол қилмайсиз? Одам дардини юзага чиқармаса, бу зорманда ҳаёт тўхтаб қолмайдими?!»

«Билмадим, болам, билмадим. Гапларинг жўялига ўхшайди, лекин хом сут эмган бандамиз-да. Мендан ўтгани шу бўлдики, вақтида бир одамнинг кўзини очиб қўймадим. Кейин эвини қилолмай қолдим: болалаб кетди. Тўғриси, олдинига унга раҳмим келди. Уруш тугади, замона тинчиди, шундай дориломон кунларда бировнинг умрини хазон қилсам татимас, бошга не оғирлик тушган бўлса, бари ортда қолди-ку, деб ўйладим. Ке, қўй, майли, уям яшайверсин, болаларининг орзу-ҳавасини кўрсин, зора аламларим унутилиб кетса, энди бундаи бу ёғига отам кўрмаган замонлар бошланди, шу кунгача еган энди емас, тийилар, эҳтимол, ўтмишидан ўзи ҳам пушаймондир, деб мулоҳаза қилдим. Эсиз… Ўзимга қийин бўлди, болам!»

«Ана шунақа, амаки! Сиз умр бўйи фурсат кутдингиз, лекин умр бўйи уни бой бериб келдингиз – шунинг учун куяман-да! Энди чўзманг, айтинг, дилингиздагиларни ҳеч йўқ мен билайин! Тўғри, сиз ёрилмасангиз менинг куним ўтмай қолмайди, мендан кейин бола-чақам ҳам яшайверади, лекин бу ёруғ дунёда бир маҳаллар тирикликнинг ғаму қувончини ортмоқлаб бир инсон яшаб ўтгани кўз очиб юмгунча унутилади-ку! Ўзингиз ўйланг, амаки, устидан тупроқ тортилиши билан одамзоднинг номи ўчиб кетаверса, тирикликнинг маъниси қоладими? Йўқ, бундай бедодликни… ана, Қатронтоғ қилади, биз ахир – одаммиз!»

«Ў-ў, сен тоза-а қизиққон экансан-ку! Қўй, мени қийнама, болам, шундоғам бўларим бўлган…»

«Шошманг, амаки, гапимни охиригача эшитмадингиз. Ниятимни сизга очиқ айтаман: мен сизнинг ҳаётингизни тўлиғича билгим келади! Йўлларимнинг ёруғроқ бўлишини истайман. Ахир, сиз ҳам кимдир, кимлардир ёқиб-ёритиб кетган йўлдан юргансиз-ку! Гиналаримдан хафа бўлманг, амаки, нима қилай, тўлиб кетяпман-да. Мен сизга айтсам, опоқдадамдан кўп нарса олиб қолмаганимга ҳали-ҳали афсусдаман. Эҳ-ҳе, неча маротаба у бизга – суюмли фарзандларига, невараларига қалбини бор бўйи билан очмоқчи, дилидагини тўкиб солмоқчи бўлган! Лекин биз ҳар қайсимиз ўзимизнинг дунёмизга – у қанчалар қашшоқ дунё эканини кеч билдик, ў, жуда кеч! – шўнғиб яшай бошлаган эдик, опоқдадамизнинг эски, балки шу боис бир оз шубҳали туюлган дунёси бизга ёқмас, ҳатто, баъзан ғашимизни келтирар эди. Опоқдадам оғринмай ўзининг ҳаёт йўлини, кўрган-кечирганларини, дўсти ким, душмани ким – ҳаммасини гапираверарди. Қулоқ солмаётганимизни сезиб турса ҳам, билмаганга оларди, қайта-қайта сўзлайверарди. Ахийри бошимиз тошга тегди-ку, сўқир кўзларимиз ярқ этиб очилди-ку! Энди кеч… Опоқдадам сизни кўп тилга одарди. «Маҳамбой – яхши одам!» дерди. Энди билдим: дунё хўб зиқна экан, одам боласига ҳар балони раво кўрсаям, «яхши» деган шу биргина сўзни ундан қизғанар экан. Шундоқ қизғанарканки, кимгадир қачондир бу танқис cўзлар лойиқ кўрилса, ўша киши бахтиёр бўлади. Сиз бахтлисиз, амаки! Кулманг, эҳтимол, ҳаёт сизга доим ҳам юз тутавермагандир, гоҳо қасдма-қасдига кетини бурганлар – бари бир: сиз бахтлисиз! Менинг ягона армоним шу бахтнинг, шундайин бахтиёрликнинг маънисини англаш… Узр, амаки, роса миянгизни қоқиб қўлингизга бердим. Гапнинг пўскалласини айтсам, сизни китоб қилмоқчиман..!»

«Ол-а! Бопладинг-ку сен ҳам! Китоб эмиш… Қўй-э бундай гапларни! Мен нима… Мана, опоқдадангни эсладинг раҳматли чўрткесар, дангалчи, тўғри одам эди. Яхшини яхши, ёмонни ёмон дерди. Кимнингки айби бор, тап тортмасдан бетига айтаверарди, шунинг учун душмани кўп эди. Мен бундай чиқмадим-да, болам, опоқдадангдек бўлолмадим, ҳатто жонимдан ўтказган душманимни ҳам даф кплолмадим… Опоқдаданг Ўрмон чўлоқни кўз очиргани купмасди, бир ҳамлада инига киргизиб қўярди, мен эсам бу иблиснинг айбини ўзи тугул бошқаларга ҳам айтолмадим. Айтардим-у, орада бир иш бўлиб… Ҳа, майли, қулоқ тут. Бир йили баҳорда холанг қўлимга иккита пақирни тутқазиб, сувга жўнатди. Мачитнинг ҳавузидан ичардик унда.Учкўчанинг бошига келсам… тумонат одам йиғилган. Ичида кетмон кўтарганиям бор, эшак минганиям бор, менга ўхшаб сувга чиққанлар ҳам бир талай. Ҳамма симёғочнинг учига тикилган, жим. Унда учкўчанинг бошидаги симёғочда битта қора карнай бўларди. Аввалига фаҳмламабмиз, ўша карнай гулдурос овоз билан ўзбекча, ўрисча гапиряпти, хотинлар пиқ-пиқ йиғлайди… Э-э, болам, сенлар унақа мотамни кўрмагансан! Кўрмагин! Бутун халқ йиғлаган эди ўшанда! Куни билан йиғлади, эртасиям, индиниям йиғлайверди!.. Буткул ҳушимдан айрилиб қопман. Карнай гапириб бўлибди, одамлар аллақачон тарқаб кетибди, мен эсам деворга суянганча, қотиб тураверибман. Орқамдан холанг чиқмаганида, билмадим, яна қанча қолиб кетардим кўчада. Сталин ўлган экан!.. Менга нимагадир жуда оғир ботди бу. Билсанг, ўшандан кейин ғип бўлдим. Бўлмаса, Ўрмоннинг кунини кўрсатиб қўярдим! Нафратим сўндими, лоқайдлик касалига йўликдимми ё кўнглимда чучук бир нима уйғондими – ҳалигача ҳайронман. Ишқилиб, шундай одам ўтиб кетди-я, дунёга мен устун бўлармидим, дедиму дардимни ичимга ютиб қолавердим. Кейин, шаштим яна бир кўзғалганида… энди уни бир нарса қилиб бўлмасди, болалаб кетган эди. Қолаверса, гапимга ким ҳам қулоқ соларди, ўтган ишлар ўтиб кетди, деб ўйладим. Айтсам, умр бўйи-дилда сақлаб юрганларим кимгадир арзимас савдо туюлса, устимдан кулмайдиларми, ҳаётим бирданига пучайиб қолмайдими, деб қўрқадиган бўлдим. Ахир, қишлоқда бир менми, Ўрмоннинг турқи-тароватини мендан бўлаклар ҳам кўриб-билиб юрибди-ку, деб хаёл қилдим. Эсиз…»

«Раҳмат, амаки! Шунчалик айтдингиз, шунисига ҳам раҳмат! Қаранг, қанча енгил тортдингиз. Энди, амаки ўтиниб сўрайман, ҳеч нарсани яширманг. Ахир, азада ҳар ким ўз дардини айтиб йиғлайди. Ўз дардини айтиб йиғлайди-ю, бошқаларга ҳам бир ҳовуч-бир ҳовучдан улашади. Одамзодга асли шуниси керак-да!.. Айтинг, амаки!»

12

 

Маҳам амаки тушгача ўша ҳолда ётди. Яна ётаверар эди-ю, тушдан кейин кўча эшикни тақиллатиб Хайрулла Латиф келиб қолди.

Маҳам амакининг мижжалари юмиқ эди, Муҳаррам хола уни «қотиб қопди» деб ўйлади, кўнгли чопиб-чопмай оҳиста уйғотди, кўчада газетчи йигит сўроқлаб турганини айтди. У аслида бедор эди, эрталабдан бери минг бир хаёл оғушида тек ётган эди, лекин, газетчи йигитнинг келганини эшитиб, қаттиқ уйқудан туйқус уйғотилгандек, боши гангиди. Ҳушини йиғолмай, аллапайтгача карахт ётди. Кейин, ҳамон тепасида қаққайган хотинига қараб, илтижоли шивирлади:

– Уйда йўқлар, де. Чиқ дарров! Чойхонага кетиб қопдилар, де.

– Вой ўлмасам, шу ердалигингизни айтиб қўйибман-ку! Энди қандоқ унақа дейман?

Маҳам амаки ўқрайди.

– Қачон қарамай, оёғимдан чалиш билан оворасан! Бор, билганингни қил энди… Ҳеч йўқ, чорвоқдан чиқиб кетгандирлар, де! Бошқа сафар келар.

Муҳаррам хола бир нималарни ғўлдираб, ҳовлига ўтди.

Маҳам амаки ўзидан бир кулса, бир ҳайрон. Ё алхазар! Нима жин урди унга? Худди ўлимдан қўрққандек қўрқиб ўтирибди-я! Ҳолбуки, ўлим ҳам унчалик даҳшатли эмаслигига шу бугун кечаси амин бўлди. Майлийди, кирсин эди, қайтага юрагида тўлиб қолган зардобни шу йигитнинг юрагига тўкиб соларди, аламини оларди, хумордан чиқарди.

Маҳам амаки беихтиёр сандалга суқилиброқ олди. Устимга бостириб кирса, кўрмасин, деб ўйладими… Бола, болалик!

Эшик ғичирлади. Остонада Муҳаррам хола кўринди.

– Ёлғонни ўзи кечирсин, айтдим: чойхонададирлар, лекин кечқурун тағин бир хабар олармиш.

Кечқурун…

«Хайрият-э,– дея ичдан севинди Маҳам амаки,– ҳар ҳолда кечқурун ҳозир эмас-ку! Қош қорайгунча не замон ўзимга келиб оларман унгача. Биратўла келмасаям майлийди…»

Бундан беш йилча бурун директор келиб, Маҳам амакини мактабга – Ғалаба кунига бағишланган ўқувчилар митингига таклиф қилиб қолди. «Сиз ҳам урушда қатнашгансиз, Маҳам ака, болаларга у-бу нарса айтиб бермайсизми?» деди у. Маҳам амаки икки кун ўйланди, айтарли бирон гап тополмай, бошлари ғовлаб кетди. Жангларда кечган беш йиллик умримдан наҳот бир мисқоли ҳам хотирамда қолмаган, деб хуноб бўлди. Ниҳоят, фронтга эндигина кирганида кўргани – Белоруссиянинг чекка қишлоқларидан бирида рўй берган воқеа ёдига тушди, ўшани айтишни дилига тугиб қўйди. Ҳар ҳолда, мактаб директори айтмоқчи, болаларга шунинг «тарбиявий аҳамияти» бор.

Белгиланган куни авра чопонини елкага ташлаб, борди-ю ҳайратдан ёқасини ушлади: йиғин кутилмаганда стадионда эди! Стадионга нафақат ўқувчилар, қишлоқнинг катта-кичиги, ҳатто болали хотинлар ҳам тўпланган эди. Фронтовиклардан Ўрмон, уста Собитали, тағин иккита-учтаси қизил мато ёйилган столга тирсакларини тираб туришибди. Маҳам амаки, кўнгилчанлик қилибман, бекор қилибман, деб пушаймон еди. Шунинг учунмикан, ўзига сўз берилганида, икки оғиз гапдан бўлак тилига бир калима учмади. «Болаларим, биз урушга борганмиз… Ҳа-а. уруш жуда ёмон, оти ўчсин!.. Энди, у кунларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар», дея олди, холос. Йиғин иштирокчилари ундан кўпроқ, қизиқарлироқ гап кутишган эканми, аллапайтгача жим тураверишди. Сукунат ноқулай эди, Маҳам амаки терлаб кетди. Ниҳоят, мактаб директори ўртага чиқиб, бир-икки чапак чалдию болалар улаб юборишди…

У йиғиннинг тугашини ҳам кутмай уйига қайтди. Қайтиб, ажабки, қадрдон ҳовлисига қадам қўйиши билан елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди, фикри тиниқлашди, беихтиёр кўз олдида ўша воқеа, яъни, икки кун илгари, кеча ва ҳатто боягина мактабга йўл олаётганда болаларга айтиб беришни ният қилган воқеа жонланди. Бу ҳам тақдирнинг бир шумлигидир-да. Уйга киради, ҳовлига чиқади, чорбоғда томорқасига сув қуяди, қўйхонага ўтади – бари бир… хаёлидан ўша воқеа сира аримай қўйди. Шунчалик экан, йиғин пайти нега довдиради? Кўпчиликнинг салобати босдими? Ё у ерда Ўрмоннинг ҳам борлиги уни эсанкиратдими?.. Қайтага, Ўрмон борлиги учун ҳам ўзини тутиб олса бўларди. Гапириши керак эди! Муқаррар ўлимдан қандай омон қолганини айтиб, Ўрмонга кўп нарсаларни писанда қилиб қўйиши керак эди!

Мана, газетчи йигит баҳонасида мактабдаги йиғинни эслаб, ҳозир ҳам афсус чекиб ўтирибди. Ҳа, ўшанда гапирмагани чатоқ бўлган экан. Қулай имкониятни бой берибди-я гапирганида, сал бўлсин-да, Ўрмоннинг алами қўзирми-ди… Ҳа, алами қўзисин эди!

* * *

 

Ёзнинг бошида – уруш бошланганида ҳам, ёзнинг адоғида – ўзи фронтга йўл олганида ҳам Муҳаммаджон немиснинг қанақа одамлигини тасаввурига сиғдира олмаган эди. Вагон ғилдиракларининг тақа-туқ, тақа-туқ садолари остида хаёли олиб қочиб, мен немисни билмасам, у билан қандай олишаман, деб ўйланиб борди. Рост, бундан ўн беш йиллар илгари ҳам у қўлга қурол тутиб, не-не жангларда иштирок этган, кўзи пишиб кетган… Лекин улар босмачилар эди. Босмачи душман бўлгани билан, ҳар ҳолда, ўзимизникилар эди, деб мулоҳаза қиларди Муҳаммаджон, уларнинг қизиллардан устун томонларини ҳам, заиф томонларини ҳам билардик. Қолаверса, улар билан тил топишиб, ҳатто, ўзимизга оғдириб олса бўларди, яъни, барибир ўзимизникилар-да! Немислар-чи?

«Жангдан олдин бир кўришиб олсак бўларкан», дея кўнглидан ўтказди у.

Ўн беш кунча ҳарбий тайёргарликдан сўнг, офицерлар уларга охирги маротаба йўл-йўриқ бериб: «Буниси-ку машқ,майдони, нарёқда хийла тер тўкасизлар, лекин чўчиманглар, ҳамма ўзини бепоён Ватанимизга муносиб ўғлон чоғласин!» кулиб хайр-хўшлашдилар-да, тағин эшелонларга уриб, Мағриб томонларга кузатиб қолдилар.

Поездда кетдилар, пиёда юрдилар. Ўрмонлардан ўтдилар, дарёлардан кечдилар. Эҳ-ҳе… Йўл юрдилар, йўл юрсалар ҳам мўл юрдилар, кечани кеча, кундузни кундуз демадилар, овқатдан, уйқудан қолдилар, шунда ҳам юравердилар. Ахийри, юз эллик нафар кўнгилли ўн бир кун деганда, фронтга яқин бир қисмга келиб қўшилдилар. Келасолиб, ким ишнелига ёнбошлаб, ким дарахтларга суяниб, уйқуга кетдилар. Шулар орасида Муҳаммаджон ҳам бор эди.

Эртаси аскарлар уларни ўраб олишди, қизғин суҳбат бошланди. Кимдир хурсанд бўлди, кимлардир хўрсинди.

– Могилёвдан нарида эдик, биринчи бўлиб жангга кирганларданмиз,– деди кимдир мақтанибми, афсусланибми.

– Чекиняпмиз… Могилёвни ҳам бердик,– деди бошқа бирови.

– Олдинига қаттиқ турдик. Тағин тураверар эдиг-у, тепадан шунақа буйруқ бўляпти-да…

– Эҳ, биродарлар, бизни қўйинглар, ўзларингдан гапиринглар. Нарёқларда нима гаплар?

– Нима гап бўларди? Одамлар ишлаяпти… Ҳамма нарсалар фронт учун!

Муҳаммаджон бир ғалати бўлиб кетди. Йўлда у кўп нарсани – фронт орқасига кўчирилаётганлару ярадорлар билан лиқ тўла эшелонларни, бомба остида қолган бошпаналарни, ағдар-тўнтар қишлоқларни кўрди, лекин урушнинг ҳақиқий даҳшатини негадир ҳис қилмаган эди. Аскарларнинг сўзларини эшитиб, юрагига ваҳима оралади.

Қисмда олтита ўзбек йигити бор эди, шулар Муҳаммаджонга ёпишдилар-қўйдилар. Унга айниқса самарқандлик Хушнутбой дегани маъқул келди. Очиқ, ҳазил-мутоибани хуш кўрадиган бу йигит биринчи кунданоқ уни сенсирай бошлади. Фронтдаги аҳвол нақадар танг бўлишига қарамай, Хушнутбой руҳан тушкунликка тушмаган, кўнглида илинжи кетмаган эди.

– Мана кўрасан, жўра,– деди у ўша куни,– ҳозирча орқага қайтиб турамизу… душманнинг думиниям уйимизга симириб олиб, сўнг пешонасига тарсиллатиб туширамиз. Кайтай деса, думидан босамиз, қочмай деса – калласидан айрилади. Билдинг?

– Фашистни кўрдингизми ҳеч? – деб сўради Муҳаммаджон чинакам қизиқиш билан.– Қанақа одам экан?

Хушнутбой кулди.

– Фашист фашист-да, қандай қилиб одам бўлсин,- деди.Кейин Муҳаммаджоннинг гапини теваракдагиларга таржима қилиб берди. Бошқалар ҳам унинг содда саволидан кулиб юбордилар.

– Ранг-рўйини кўрсанг, худди бизнинг ўзимиз,– деди бир рус йигит мийиғида жилмайиб.

– Одамга ўхшайди-ю… одам сиёғи йўқ,– деди яна бошқаси.

Энди Муҳаммаджоннинг ўзи ҳам кулди.

– Ўшанга сўраяпман-да…

Ҳайитбой милтиғини тозалаб ўтирган эди, имлаб, Муҳаммаджонга ёнидан жой кўрсатди, кейин:

– Ошиқма, жўра,– деди хўрсиниб.– Кўрасан. Ҳали кўп кўрасан… Кўргилик қилмасин!

Дарҳақиқат, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Муҳаммаджон фашистни ўз кўзлари билан кўрди. Кўрганда ҳам, нақ бир одим наридан кўрди. Армони ушалди… ушалмагани минг марта афзал эди!

Икки кундан бери майда ёмғир шиғалаб уриб турибди. Куз энди бошланган-у, қишнинг ҳавоси. Муздай, этни жунжиктиради. Нами баданларга сингиб кетган. Ўрмондаги дарахтларнинг кўпи икки кун ичида барг ташлаб юборди. Ёмғирнинг тинадиган сиёғи йўқ, эринмайди. Қизиқ, немислар томонда жимлик эди. На бир каттароқ ҳужумга тайёргарликнинг шабадаси келади, на бошқанинг. Бундай пайтлар сурункасига уч кун осойишталик ҳукм суриши ғайритабиий эди. Муҳаммаджон ҳайрон бўларди. Келганидан бери милтиғини тозалайди, ўра қазийди, ҳарбий машқ бажаради, ҳақиқий жангдан эса дарак йўқ. Лоақал милтиқ отиб кўрмайди. «Бекор ётмай, устига бостириб бораверсак бўлмасмикан?» деб ўйлайди. Учинчи куни, кутилмаганда, қисм жангчилари орасида шивир-шивир пайдо бўлди: «Қуршовда қолибмиз, биродарлар!» Ҳаммаёқда саросима бошланди. Теваракка юборилган разведка ҳам шу миш-мишни тасдиқлаб берди: немислар ўраб олибди! Бутун бошли қисмнинг ҳалокатга учраш хавфи туғилди. Аҳвол ниҳоятда оғир эди. Ўша куниёқ якка-якка ёки гуруҳларга бўлиниб, қуршовни ёриб ўтиш, шундай йўл билан фронт чизиғига чиқиб олиш тўғрисида буйруқ берилди. Аскарлар, бўлиниб-бўлиниб, ҳар ёққа тарқаб кетдилар.

Муҳаммаджон Ҳайитбойдан бир қадам ҳам нари жилмасди. У гаранг эди. Ҳали фашистнинг ўзи кўринмай туриб, ваҳимаси шунчалик экани уни ажаблантирарди. Лекин Ҳайитбойнинг чизган чизиғидан чиқмасди ҳам.

Ҳайитбой билан Муҳаммаджон ёнларига бу атрофнинг сўқмоқларини беш қўлдек биладиган бир белорус йигитини олиб, ўзимизникилар, қайдасизлар, деб йўлга тушдилар.

Ўрмонларни оралаб ўтдилар, қишлоқларни четлаб ўтдилар. Кетавердилар, кетавердилар. Ниҳоят, тўртинчи куни бир қишлоққа яқинлашдилар.

– Телявкино,– деди белорус йигит.– Немислар йўққа ўхшайди.

Учаловининг ҳам силласи қуриган эди. Бугун эрта билан халталаридаги емак ҳам тамом бўлган. Ёмғирдан пана бир ерга ўтдилар, қуруқроқ жойни топиб ёнбошладилар. Пича дам олгач, Ҳайитбой йўл бошловчига ўгирилди.

– Вася, сен бир хабар олиб ке, бўлмаса,– деди ҳорғин товушда.– Емак топмасак, ҳолимиз хароб…

Вася кетди.

Ҳайитбой беихтиёр Самарқандни эслади, чалқанча ётганча, осмондан кўзини узмай, туғилган қишлоғини, ёр-биродарларини гапириб бера бошлади. Муҳаммаджон бунақа шўх-шаддод йигитнинг бирданига ғамгин бўлиб қолишини кутмаган эди, кўнгли бузилди.

– Тўртта, боласи борга ўхшайманми шу туришда? – дорди Ҳайитбой соғинч билан.– Уч ўғил, бир қизим қолган уйда. Бири биридан ширин.

Муҳаммаджон ўзининг қишлоғини эслади. Каримжони кўзига кўриниб кетди. Хўрсинди.

– Меники ҳам учта эди. Иккитаси пешонамизга битмаган экан…

– Ўтган кун сен Фарғонангни гапириб берганингда, мен Самарқандимни кўргандек бўлдим. Сен ота-онангни, ўғлингни айтганингда, мен ҳам уйимни, тўрттала боламни кўриб ўтирдим,– деди Ҳайитбой ёнбошига ағдарилиб.– Менга жуда ўрганган эди, нима қиляптийкан бечоралар.

Вася келди.

– Қишлоққа кирмадим, бир болакай ўйнаб юрган экан, ўшандан сўрадим,– деди у ҳансираб.– Немислар у ёқда эмиш. Бугунча шу ерда тунасак бўлар… Кетдик!

Қишлоқ ўзига яраша бир қишлоқ экан – катта ҳам эмас, кичик ҳам. Чеккароқдаги уйлардан бирининг эшигини тақиллатдилар. Кампир чикди. Келганларнинг муддаосини билгач, кулбасига олиб кирди ва югуриб-елиб меҳмон кута бошлади: сут қайнатиб берди, қотириб ёпилган нондан паррак-паррак кесиб, олдиларига қўйди.

– Олинглар, болаларим, олаверинглар. О-о, афт-ангорларингга қараб бўлмайди-я! Кечқурун бир ювиниб олинглар, майлими, Қўшниларимнинг ҳаммоми бор!

Кейин елкасига рўмолини ташлади-да, ташқари чиқиб кетди. Зум ўтмай ўзи қатори иккита хотинни бошлаб келиб, анчагача гаплашиб ўтирдилар. Вася шу кулбада қолди. Муҳаммаджон билан Ҳайитбойни ҳалиги хотинлар уйларига олиб кетдилар.

Оқшомга яқин Телявкинога бирин-кетин йигирмадан ортиқ аскар кириб келди. Улар ҳам қуршовда қолганлардан эди, Вася Ҳайитбой билан Муҳаммаджонни чақириб, янги келганларнинг ёнига бошлаб борди. Қишлоқнинг, колхознинг эски фаолларидан ҳам уч-тўрттаси йиғилди. Вазиятни муҳокама қилишга киришдилар. Ичкарида бир сержант бор эди, командирликни зиммасига олди.

– Взводдай кучимиз бор экан, энди бу ёғига командирларинг мен бўламан,– деди.– Ҳозир ҳамма дам олсин-да, кечаси роппа-роса ўн иккида манави молхонанинг орқасига тўплансин. Йўлга тушамиз.

Шу пайт бир киши командирга ўзини таништирди, колхознинг собиқ раиси экан.

– Бугунча сабр қилинглар,– деди кекса коммунист, – Немислар икки кундан бери ўрмонда изғиб юрибди.

Бошқалар ҳам шу маслаҳатни маъқул топишди. Командир ўйланиб қолди.

– Эртага қандоқ қутулиб кетамиз улардан? – дея сўради сўнгра.

– Эртага бир гап бўлар. Бу ердан беш чақиримча нарида партизанлар отряди бор. Мабодо, немислар йўлларингни тўсиб қўйса, сизларни ўша ёққа бошлаб бораман.

– Унда, сиздан илтимос, ўртоқ раис, – деди сержант,– одамларингизга айтсангиз, ким қанча қўлидан келса, озиқ-овқат йиғиб берсин. Яна, уст-бошларимизни ҳам алмаштириб олганимиз қулаймикан, бир бало бўлса, партизанларга қўшилиб кетиш осонлашарди.

Муҳаммаджон тағин бояги хотиннинг кулбасига борди. Кулба бир-биридан ўтиладиган иккита хона ва кичкина даҳлиздан иборат эди. Муҳаммаджон даҳлизни кўрсатиб, менга шу ер ҳам бўлаверади, деганига қарамай, уй эгаси унга ичкаридан жой қилиб берди.

Бека анча қаримсиқ кўринар, қадди бир оз букик эди. Келини ҳам бор экан, бир болача юрибди, невараси бўлса керак. Кампир ҳадеб Муҳаммаджонни гапга солгиси келарди. Бир-бирларииинг тилларига тушунолмай роса гаранг бўлишди.

– Кимсан сен, болам! – дерди кампир ҳадеб. Тушунавермаса, ҳар хил имо-ишоралар қиларди.

– Ўзбекман, хола, ўз-з-бек,– дерди Муҳаммаджон дона-дона қилиб.

Иккаласининг «суҳбати»га қулоқ солиб туриб, келини роса куларди.

– Қаердансан? – Дерди кампир белорусчалаб.

– Фарғоналикман,– дерди Муҳаммаджон ўзбекчалаб. Кампир ҳам тушунгандай, бошини қимирлатиб қўярди.

Бир пайт у кўзига ёш олиб, ниманидир узоқ ҳикоя қила бошлади. Муҳаммаджон энди унинг гапларини имо-ишораларсиз ҳам тушунаётгандай бўлди.

– Якка-ёлғиз ўғлим бор эди,– дерди кампир кўзёшларини рўмолча билан артиб.– Сенга ўхшаб у ҳам бўйдор эди. Қариганимда энди шу ўғлимга суянаман-да, десам Брестда хизмат қиларди. Битириб келишига ярим йил қолганда, уруш бошланиб қолди. Бир ҳафта ўтмай ҳалок бўлибди. Бу ёқда гулдай хотини тул қолаверди. Ўғилчасини курмайсанда, болам. Одамнинг ичи ачийди. Неварагинам, ўғилгинамдан қолган ёдгорим! Отанг сенинг дийдорингга тўёлмай кетди. Мартларда уч кунгинага отпуска қилиб келган экан, кўриб қолганим ўша бўлди. Энди, келиним яна ҳомиладор. Э худо, бу гўдакларнинг гуноҳи нима? Раҳминг келмайдими-я?!

Кампир яна кўп гапирди. Сўзлар – бегона, дардлар бир-бирига яқин эди. Муҳаммаджон энди деярли ҳаммасини тушунди. Кампирга, уй ичида куймаланиб юрган келинга раҳми келди.

– Менинг ҳам онам бор. Хотиним, битта ўғлим бор – деди ўзига ўзи гапиргандай оҳангда, ўзбекчалаб.– Одамзоднинг бошига тушган фалокат экан-да.

Кампир ҳамдардлик билан бошини қимирлатиб қўйди, келинини чақирди.

– Меҳмонни чўмилтириб қўй, қизим,– деди Муҳаммаджонга ишора қилиб.– Иваннинг уст-бошини олиб бер, бир кийсин. Бир кўрай!

Келин итоаткорона бош эгиб, Муҳаммаджонни ҳаммомга бошлади. Ҳаммом иситилиб, тайёрлаб қўйилган. Муҳаммаджон бирпас тараддудланиб, келинга қаради. У кетмади, остонада унсиз мўлтираб тураверди. Муҳаммаджон ечинишга тутинди, шунда ҳам кетмади. Муҳаммаджон бир ғалати бўлиб кетди, вужудини ҳаяжон босиб,деди:

Бораверинг, келин, мен ўзим…– деди тутила-тутила ўзбекчалаб.

Келин ундан кўзини узмай, аста эшикни ёпди. Лампа чироқнинг лип-лип нурида юзи, кўзлари алланечук титраётгандек увишди: келин тинмай ҳансирар эди.

Иван… Ивангинам…– деди у ниҳоят, шивирлаб, бор-йўғи шивирлади, холос, лекин нафасидан олов ёғилгандек бўлди: Муҳаммаджоннинг ич-эти қизиб кетди.– Кел, Ивангинам, нимага қараб турибсан! Ҳа, қани… – Мен… Сиз…

Келин эшикнинг занжирини солди, ўзини Муҳаммаджонга ташлади. Узун, кенг кўйлагининг ҳилпиндисидан лампа пир-пир этиб, ўчди…

Муҳаммаджон наридан-бери чўмилиб чиққанида, ҳаммомчанинг йўлагидаги михга илиғлик тоза кийимларга кўзи тушди. Ҳаяжондан титраб-қалтираб, кийинди. Теваракка буғ таратиб кулбага кириб борди. Ташқарида ҳамон ёмғир томчилар эди. Кампир Муҳаммаджонни кўриб, ўрнидан туриб кетди. Келасолиб, унинг бўйнига осилиб олди-да, йиғлаб юборди. Муҳаммаджоннинг юзи оқ-сариққа мойил эмасми, кампир шу тобда унинг қиёфасида ўз ўғлини кўрган эди! Муҳаммаджон онасини эслади.

Сўнг, негадир туни билан безовталаниб, ухлаёлмай чиқди. Алламаҳалда озгина кўзи илинган эди, туш кўрди: хотинини, ўғилчаси Каримжонни ва яна кўп нарсани… Эртаси эрталаб фалокат рўй берди: қишлоқни тўсатдан немислар босди. Ҳеч ким ҳеч нарсага улгурмай қолаверди. Боз устига, немислар бу ерда қизил аскарларнинг талайи яшириниб ётганидан хабар топдилар чоғи, уйма-уй кириб, ҳаммани судраб чикдилар. Бир соатнинг ичида ўттиз чоғли аскарни олдиларига солиб, қишлоқнинг ўртасидаги майдонга йиғдилар.

Бутун Телявкино аҳолисини ҳам шу ерга ҳайдаб келдилар.

Муҳаммаджон буткул ўзини йўқотди. Наҳот жангсиз урушсиз асир тушиб ўтирса? Мўлтираб, Ҳайитбойга қаради Ҳайитбой жилмайгандек бўлиб, кўзини бир юмиб очди.

Солдатлар асирларни ур-сур билан сафга тиздилар. Офицер бир нима деди, кейин тилмоч баланд овозда бидирлай кетди. Муҳаммаджон унинг сўзларини тушунмас, ҳадеб теваракка аланглар, бир ёқда шерикларининг, бир ёқда оломоннинг жим туравергани унинг ваҳимасига ваҳима қўшар эди.

Ярим соатча давом этган дўқ-пўписадан кейин немис офицери сафнинг бошига борди-да, қўлидаги таёқчани аскарнинг кўкрагига ниқтади. Бўйнига автомат осилган иккита солдат дарҳол ўша аскарни сафдан олиб чикди ва рўпарадаги девор сари судради. Ўйлаб ўтирмай, иккаласи бараварига, асирнинг пешонасидан отиб ташлади…

Бу – Вася эди!

Шундан кейин иккинчисини отдилар, учинчисини…

Ўзларини нима кутаётганига кўзлари етиб, асирлар бир-бирлари билан видолаша бошладилар.

Оломон тош қотган, ёшу қари бирдай тилдан қолган эди гўё.

Офицер, парвойи фалак, совуққонлик билан таёқчасини навбатма-навбат асирларнинг қорнига ё кўкрагига нуқар, хиёл ўтмай ўша аскар пешонасидан ўқ ер эди.

Бир пайт Муҳаммаджоннинг дод деб юборишига сал колди: офицернинг таёқчаси самарқандлик Ҳайитбойнинг кўксига қадалиб турарди! Ҳайитбой сафдан чиқаётиб, Мухаммаджон турган тарафга бир қараб қўйди-да, бошини қуйи солинтирганча, солдатнинг олдига тушди…

Муҳаммаджон Ҳайитбойнинг ўша нигоҳини умр бўйи унутмаса керак! Фашистни кўришга шунчалар зор эдинг, мана, кўр, тўйиб ол, деган маъно бормиди у нигоҳда? Ёки, шунчаки вйдолашувмиди у? Эҳтимол, Муҳаммаджоннинг тирик қолишига кўзи етмаса-да, кўнглида бир илинж билан ўзича илтижо қилгандир – омон қолсанг, Самарқандимга бор, болаларимни ўпиб қўй, демоқчи бўлгандир?

Ҳайитбойнинг нигоҳи Муҳаммаджоннинг ич-этини ёндириб юборди. Ўлимнинг ҳақ эканини, ўзининг ҳам ҳозир, бир-икки дақиқа ичида, пешонасидан ўқ еган ўн бир аскардай ўлиб кетишини аниқ-яққол ҳис қилди ва бирдан хотиржам бўлиб қолди. Шуури издан чикди. Қишлоғини, ота-онасини, ўғлини, хотинини кўз олдига келтирмоқчи эди, уринишлари зое кетди. Майдон, бирин-кетин отилаётган йигитлар, неча кундан бери эринмай ёғаётган ёмғир,

Ўз қишлоғи, Каримжон – ҳаммаси бир-бири билан аралашиб, чалкашиб кетди…

Тағин иккита асир кетди. Муҳаммаджон энди даҳшатга эмас, ҳайратга туша бошлади. Наҳот итдай ўлиб кетаверса?! Наҳот бирор чораси топилмаса?! Уйи, меҳрибонлари, ўғилгинасидан наҳот уни осонгина жудо қилишса?!

Навбат ёнида турган ёшгина аскарга етди.

– Алвидо, дўстим! – деди йигит сўник овозда. Кейин сал тетиклашди.– Менинг фамилиям – Симкин, отим – Алексей! – деди ва дадил девор сари йўл олди.

Худди шу маҳал қабристондек совуқ майдон узра бир ниманинг ўткир чинқириғи янгради. Ҳамма ўша тарафга ялт этиб қаради. Биргина турткини кутиб турган оломон ҳам ваҳимали гуврана бошлади. Ҳалиги аёл одамлар орасидан ажралиб чиқиб, дод солганча, Симкиннинг йўлини тўсиб келаверди.

– Отманглар! Бу менинг ўғлим! Отманглар уни! Войдод, ўғлимдан мени жудо қилманглар! Ялинаман, ўтиниб сўрайман, отманглар! – дерди у талвасада бир немисларга, бир Симкинга ташланиб. Унинг теварагида тағин бешта бола чувиллашиб турарди.

Тилмоч офицерга нималардир деди. Офицер кулимсираб, таёқчаси билан ишора қилди: Симкинни бир четга олиб ўтдилар. Шунинг баробарида майдондаги сурон янада авж олди. Хотин-халаж бирин-кетин ўртага отилиб чиқа бошлади. Кимдир: «Эрим…» деб дод солса, кимдир: «Ўғлимни қўйиб юборинглар!» дея ёлборарди.

Муҳаммаджон ақли-ҳушини йиғиб улгурмай, бўйнига бир жувон осилиб олиб, чинқира бошлади:

– Эримни бермайман сизларга! Эргинамни отманглар! Қорнимда болам бор, етим қилманглар!..

Муҳаммаджоннинг кўзларидан беихтиёр тирқираб ёш чиқди. Жувон кечаги кампирнинг – Василиса холанинг келини эди! Унинг кетидан, қадди икки букилиб, неварасини етаклаб, Василиса хола ҳам келди.

– Ўғлим! Ўғилгинам! Отманглар ўғлимни! Ёлғизимдан мени жудо қилманглар!..– дерди у ҳадеб Муҳаммаджоннинг юзларидан, пешонасидан ўпаркан.

Бу орада немис офицери тилмоч билан нима ҳақдадир узоқ маслаҳатлашди. Кейин тилмоч тағин ўртага чиқиб, оломонни тинчитишга тушди. Муҳаммаджон унинг бақир-чақирларидан ҳеч балони тушунмаган бўлса ҳам, бир нарсанинг фаҳмига етди: энди у тирик қолди, энди немислар буларни отмайди!

Дарҳақиқат, шу билан отув тўхтатилди. Василиса хола охирги марта Муҳаммаджоннинг пешонасидан ўпиб: «Сени ўз паноҳида асрасин, ўғлим, омонликда кўришайлик!» дея илтижо қилди. Келин эса, бир чеккада, бўйнига тушиб қолган рўмолининг учидан тишлаб, майдоннинг одамлар йўқ тарафига бошини буриб турарди: у йиғлаётган эди!

Кейин солдатлар асирларни оломондан айириб, майдондан нари олиб кетдилар.

Асирлардан ўн бештачаси шу тариқа ўлимдан қутулиб қолди.

Тушдан кейин немислар уларни қўшни қишлоққа ҳайдаб кетдилар. У ерда ҳам кўп ушлаб турмай, тўртта соқчи ҳамроҳлигида бошқа тарафга қараб ҳайдадилар. Оқшом пайти ява бир чоғроқ қишлоққа етдилар. Уйлардан четроқда ярим хароба отхона бор экан, соқчилар асирларни шу ерга қамадилар. Узлари эса, ёмғирдан панароқ жойга олов ёқиб, ғўнғир-ғўнғир суҳбатлашиб ўтирдилар.

Муҳаммаджон деворнинг тирқишидан уларни томоша қиларкян, Ҳайитбой ҳам омон қолса бўлмасмиди, дея надомат билан дилидан ўтказди. Тирқишлардан отхонага куйган картошка ҳиди кирди. Муҳаммаджоннинг томоқлари ачишди. Асирларнинг кўпи нонушта қилишга ҳам улгурмаган эди.

Сал ўтмай қандайдир чолғу асбобининг товуши таралди. Кимдир оҳангга мослаб, хиргойи қила бошлади.

Яна сал туриб, соқчилардан бирови отхона эшигига яқинлашди. Автоматнинг қўндоғи билан негадир кўҳна эшикни бир-икки дўқиллатиб урди ва шу ерда бир оз ушланиб қолди. Ташқаридаги олов ёлқини хира тушиб турган отхонанинг суйри йўлагидан ичкарига сийдик оқиб кирди.

Атрофни зулмат қоплади. Шифтдаги туйнукдан қоп-қора осмон ғира-шира кўзга ташланади. Юлдуз йўқ. Отхонанинг ҳар ер-ҳар еридан чакка ўтмокда. Асирлар жим. Ниҳоят, бир йигит тепадаги туйнукка ишора қилиб, шивирлади:

– Қочамиз, йигитлар! Тўртта соқчинииг қўлидан ҳеч иш келмайди.

– Тўғри,– дейишди бошқалар ҳам, – бу ерда ўтираверган билан тирик қолишимиз даргумон.

Хар томонга қочамиз, деб келишиб олдилар ва битта-битта, товушсиз, томга чиқдилар. Энди муҳими – ерга тушиб олгунча соқчиларга сездириб қўймаслик эди. Бу ёқ кўринмайди, шитир-шитирни эшитиб қолмаса – бўлди!

Муҳаммаджон ҳаяжондан титраб, Симкинни туртди, бирга қочамиз, деб ишора қилди…

Ҳамма бир зумда ҳар ёққа тарқаб кетди.

Муҳаммаджон билан Симкин шерикларининг тақдири нима кечди – билмайди, лекин ўзлари қутулиб кетишди. Орқаларидан анчагача автомат товуши эшитилиб турди. Бориб-бориб шу ҳам эшитилмай қолди.

Саргардонлик бошланди. Эртаси чошгоҳга яқин Симкин бир қишлоқдан нон, чўчқа ёғи топиб келди. Тамадди қилиб, йўлда давом этдилар. Бир ҳафта деганда, фронтнинг олдинги чизиғига етдилар.

Уларни қайсидир қисмнинг аскарлари эрта тонгда дарё бўйидан беҳуш ҳолда топдилар…

* * *

 

Олис Белоруссиядан туриб Василиса холанинг ёзганлари ва ўзи бундан беш йилча бурун мактабдаги йиғинда айтиб бермоқчи бўлгани шу воқеа эди. Ўшанда довдирамасдан шуни бошдан-охир гапириб берганида, Ўрмоннинг ичига ўт тушарди-да, лекин. Ҳа, майли, ўтган ишга салавот…

Мана энди, орадан шунча йил ўтиб, газетчи йигит тағин ўша воқеанинг тафсилотини сўраяпти.

Маҳам амаки урушда кечган ҳаётини шунчаки ҳикоя қила олмасди. Кўз олдига келтирдими – тамом, беихтиёр ўзи ўтмишга шўнғиб кетар, бу эса ҳар гал унга оғирлик қилар эди. Бундан ташқари, кейинги вақтлар у қачон уруш тўғрисида ўйласа, ёдига аввало Ўрмон чўлоқ тушар, сўнг тинмай сўкинаверар эди. Урушни гўё немис эмас, Ўрмон очгандек, фикри-зикри уни даф қилиш хаёли билан банд бўларди. Хайруллага эса, Ўрмоннинг қизиғи йўқ. «Ўрмон чўлоқни қўйинг, Маҳам ака, ўзингиздан гапиринг, урушдан олинг!» деб қолса… Билмайдики, Ўрмоннинг ишлари фашистникидан ҳам баттар бўлган, фашистнинг душманлиги ҳаммага аён, Ўрмон эса… Шунинг учун ҳам у хавфли одам! Во дариғ! Кўнгилда дардинг кўп-у, айтинг, деганда сасинг чиқмаса!..

13

 

Даҳлизда Муҳаррам холанинг шарпаси сезилди. У ёққа ўтди, бу ёққа ўтди, ўзича минғирлаб токчаларни тимирскилади, пақирнинг қопқоғини шарақ-шуруқ қилди ва бирдан ичкарига кириб:

– Ҳой Каримжон, одамга ўхшаб гапириб-гапириб турсангиз-чи! Юракларим сиқилиб кетди-э! – деди ўпкалаган товуш билан.– Доим шунақа бир ерингиз сал оғридими, ичимдан топ бўлволасиз…

Маҳам амаки ўзининг бу феълини яхши билади, лекин нима қилсин, табиатан шунақа-да. Онадан қайта туғилиб бўлмаса…

– Ё Каримжонга одам юборайми? Маҳам амаки бош чайқади.

– Ана, тағин шу аҳвол. Бир гапга кўнармидингиз сиз! Эрта биландан бери миқ этмайсиз-а. Бу ўзи уй бўлмай қолди, зимистон…

Хотинининг гинасида жон бор эди, Маҳам амакининг унга раҳми келди.

– Кўп қисинма, хотин,– деди имкон қадар майин қилиб.– Бу сафар ўзи бошқача тутдида. Бир ёқдан елкам, бир ёқдан анави газетчи боланинг ғишаваси…– Маҳам амаки хотинига Василиса холадан келган хатни кўрсатмаганини эслади. Қўйнини пайпаслади. Хатни узататуриб, кулди. – Мана, кеча шуни кўтариб келибди. Айтганман сенга, Белоруссияда шунақа бир иш бўлувди… Бечора кампир эсидан чиқармаган экан.

Муҳаррам хола конвертни олди-да, нималарнидир хотирламоқчидек, кўзларини бир нуқтадан узмай туриб қолди. Ниҳоят, эслади шекилли:

– Ҳа-а,– деди ғалати кулимсираб,– хотинингизнинг қайнонасими?

Маҳам амакининг бу воқеани айтиши ҳам қизиқ бўлган. Урушдан янги қайтган пайтлари хотинини суйиб кетганда доим ярим ҳазил, ярим чин пўписа қилиб қоларди: «Ҳаддингдан ошмай юр, Карим, биз ҳам кўчада қолганлардан эмасмиз,– дерди.– Бир чиройли беларус хотиним бор, ўшанга кетвормайин тағин!..» Шуни айтаётиб, у ҳақиқатан ҳам Василиса холани, айниқса, унинг сулувгина келинини ширин бир энтикиш билан хотирга оларди. «Шўрлик келин, айни баркамол ёшида тул қолиб ўтирса-я! Эҳ замона!– деб қўярди кўнглида. Кейин зўр бериб, унинг қиёфасини кўз олдига келтиришга уринарди.– Лоақал отиниям сўраб олмабман…»

Муҳаррам хола ичида эрининг у гапларини ҳазилга йўйиб турса ҳам, ҳар эшитганида юрагининг қоронғи бир чети ўртанар, йиғлагиси келар эди.

«Ё шу ёққа чақирақолайми? – деб куларди Маҳам амаки баттар авжга миниб.– Жон-жон деб келади. Ўзбекистон бўлади-ю, келмайдими!.. Опа-сингил бўп юраверасизлар, қалай? – Кейин дарров гапини ўнгларди. – Бўлди-бўлди, хотин, ҳазилга шунчаликми?.. Аслида-ку, ўша жувон бўлмаганида эрингдан ажралган эдинг-а!»

Муҳаррам хола хатни обдан айлантириб кўргач, қайтариб берди.

– Хотинингизнинг ўзи ёзмабдими? – деди бир чимдим киноя билан.

Маҳам амаки кулди.

– Кундошим, дегин… Ўшанда ўзим билан опкелаверсам бўларкан. Эсиз…

– Опкелинг эди! Малла сочларини битта қўймай юлиб олардим-да!

– Кўп чиранма, ҳеч нарса қилолмасдинг! У ҳам анойи эмас, сочини сенга тутқази-иб, ўзи қараб ўтирарканми?! Закунни билади улар.

– Закун-макуни билан ишим йўқ! Ўнта болани олдига қаторлаштириб қўйсам, закуниям ип эшолмай қолади!

– Боланг ўнта эмасди-ку, қаёкдан олдинг шунчасини!

– Керак бўлса, туғардим-да!

– Туғ! Қани… Ким сени ушлаб турибди? Туғ-чи! Муҳаррам хола калака бўлаётганини пайқади ва беихтиёр дийдаси юмшади.

– Ношукур бўлманг, еттита туғдим – камми?! Одамлар тирноққа зор…– деди-ю пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Пахталик бахмал тўнининг чўнтагидан катта дастрўмол чиқариб, бурнига тутди.– Нима қилай, учтаси бағримдан ситилиб кетди, бўлмаса, уйингизни тўлдириб юрмасмиди улар ҳам!

– Ана холос! Гапни ким бошлади – менми, сен? Аҳволинг шу экан-ку. Тағин, гапириб ўтиринг, дейди…

– Ҳе, билганингизни қилинг! – деди-да, Муҳаррам хола уйдан чиқиб кетди.

Маҳам амаки ётиб-ётиб зерикди. Қараса, елкасидаги санчиқ ҳам эрталабгидек эмас. Пича айланиб келай, деб ўрнидан турди.

Ташқари ҳали ҳам совуқ эди. Фақат шамол йўқ. Бир-бир босиб, учкўчанинг бошига келди. Энди қаёққа боришини билмай, каловланиб турган эди, рўпарадан бир болакай унга қараб яқинлаша бошлади. Дарров таниди: Нозимбек.

– Ассалому алайкум, Маҳам амаки,– деди Нозим келасолиб.

– Э-ҳа, Нозимбекми? Катта йигит бўп юрибсанми? Э, баракалла! Мактабинг қалай? Шу совуқдаям боряпсизларми?

– Ҳа, бораверамиз,– деди Нозим ғурурланиб.– Бугун совуқмас-ку… Ўтинингиз тугамадими, амаки?

Маҳам амакининг шу болакайга меҳри ийди. Жуда бўлакча-да, бу қурғур! Нозим унинг кўзига шу тобда ўзининг невараларидан ҳам ширин туюлиб кетди. Маҳам амаки болакайнинг елкасига қоқди.

– Туновинда дунёнинг ўтинини қип бердиларинг-ку! – деди.– Турибди ҳаммаси.

– Носир қачон келади, амаки? «Ўртоғини соғинибди-да бояқиш…»

Маҳам амаки беихтиёр ўзи ҳам Носирни соғинганини ҳис қилди.

– Келади,– деди кўнгли юмшаб.– Кепқолар… Нозим у билан хайрлашиб, уйлари томонга чопқиллаб кетди.

Учкўчанинг қоқ ўртасида Маҳам амаки ёлғиз ўзи қолаверди. Энди қаёққа борсин? Қаёққа бормоқчи эди ўзи? Чойхонага негадир кўнгли чопмади. Уста Собиталининг олдига ўтсинми? Кириб, ўша билан отамлашиб ўтирсинми? Қаерда экан у ҳозир? Дарвоқе, Белоруссиядан келган хатни бирйўла олиб чиқмабди. Ўшани устага кўрсатарди, маслаҳат сўрарди. Қишлоқда дилтортар улфатлардан биргина шу Собитали қолган…

Лекин бирдан хаёлига ғалати фикр келди. Кўз ўнгида беихтиёр Нозимбек жонланди. «Олдимга ўтирғизиб олиб, ҳаммасини шу болага айтиб берсам-чи? Ҳар ҳолда боланинг кўнгли тоза бўлади! Сал енгил тортармидим».

…Бир пайт кўзига қизи Манзура кўриниб кетди. Ёпирай! Тушими, ўнгими? Синчиклаб қараса, кўринган шарпа Манзура эмас, Хайрулла Латиф экан. Ҳа, ҳа, Хайрулла Латиф! «Гапиринг, Маҳам амаки, немислар билан қандай урушгансиз? деб турибди. Маҳам амаки қўрқиб кетди. Нима бўляпти унга? Ҳозиргина қизи – Манзурасини кўрган эди-ку? Энди Хайрулла… Йўқ, у ҳам эмас… катта киши… Маҳам амаки уни таниди: Ўрмон чўлоқ экан. Наҳот Хайрулла билан Ўрмоннинг фарқига бормасам, деб кўзларини юмиб олди. Ўрмон чўлоқ кетмади, иржайиб тураверди. Ҳатто аниқ-тиниқ овозда: «Мен сизга олиб берган нишон қани, Маҳамбой? Ҳалиям тақмай юрибсизми?» дегандек бўлди. Кейин ҳаммаси аралашиб кетди ва олисга чекиниб, бир нуқта бўлиб қолди. Нуқта айлана бошлади. Айланган сари яқинлашиб, яқинлашган сари катталашиб келаверди. Йўқ, бу ерда Манзура ҳам, Хайрулла ҳам, Ўрмон ҳам йўқ эди. Улар Маҳам амакининг кўзига кўринди, холос. Бу ерда шунчаки бир қуюн бор эди, айланаётган нарса ҳам шу. Қуюн тобора зўрайиб, Маҳам амакини ҳам ўз гирдобига тортди ва чирпирак қилиб айлантира бошлади. Оёгини ердан узиб, осмони фалакка кўтариб чиқиб кетди…

Маҳам амакининг юраги қаттиқ санчди, кўзи ярқ этиб очилиб кетди. Қараса… ўзи ҳануз учкўчанинг бошида, толга суянганча турибди. Қуюндан асар ҳам йўқ. Лекин ер ҳамон айланаётгандек бўлаверди. Маҳам амаки тўнининг ичига қўл суқиб кўксини чангаллаганча, бели билан тол танаси бўйлаб сирғалиб, ерга ўтириб қолди…

* * *

 

У ахийри бир қарорга келди, ёруғ дунёда не бир ситам кўрдим – барига шу Ўрмон сабабкор, деб ҳукм ўқиди. Сўнгра шу дамгача сезилмаган шиддат билан ўй сура бошлади…

Гуноҳкорсан, Ўрмон! Бугунгача гуноҳингга лойиқ жазо олмаган экансан, бунга Муҳаммад айбли эмас! Тўғри, унинг ҳам ўзига яраша айби бор… Бироқ у ожизлик қилмади, қўлидан келганча сенга қарши курашиб келди. Начора, ишлаёлмади, демак, сен ҳам анойи эмасдинг, Ўрмон, бало эдинг! Муҳаммад бунга амин бўлди. Унинг айби – у баъзан сендан фазилату ўзидан хатолик ахтарди. Ўрмон ҳам инсон-ку, унинг ҳам ҳақ жойи бордир, деб фикр қилди. Ўзини ношуд фаҳмлади, сени – уддабурро. Ва, шу уддабурролигига ҳасад қилмаётганмиканман, деб иккиланди. Айбсиз инсон йўқ, Ўрмон ҳам тирик жон-да, нега энди нуқул уни сўкавераман, деб кўп ўйларди у. Эсиз… Сеники айб эмас, Ўрмон, сеники гуноҳ экан? Гуноҳки, ўлим билангина ювса бўлади уни! Муҳаммад шу ерда панд еди. Қўй, у ҳам одам, бола-чақаси бор, ёмон бўлса, фақат менга ёмондир, ўзининг яқинларига у ҳам азиз, деб ўйлади. Энди-чи? Муҳаммад сени ёмон кўради, Ўрмон! Шунча кўнгилчанлик қилгани ҳам етар!..

Отаси бир ривоятни кўп такрорлар эди. Эмишки, Худоёрхон даврида бир жаллод сарой хизматидан бўш пайтлари чаккасига доим гул қистириб юраркан. Элга қўшилиб чойхоналарда ўтираркан, аскиялар қиларкан, машҳур ғазалларни оҳанг билан ўқиркан… Ахир, у ҳам инсон, дерди отаси, унинг ҳам юраги бор, эҳтимол, ўзиям ғазаллар битгандир!..

Эҳ, ота, нега у жаллоднинг ёнини оласиз? Ахир, у – жаллод-ку! Унинг жаллод эканини биламизми, элга буни овоза қилишимиз керак! Халойиқ, чаккасига гул қистирган манави киши – жаллод! Ундан қочинглар, уни ўлдиринглар, раҳм-шафқат қилиб ўтирманглар, чунки у сизу бизга ўхшаб чаккага гул қистириб юрса ҳам, аскиялар айтиб, хахолаб кулса ҳам, ҳатто, ғазаллар битса ҳам, у – жаллоддир, жаллод!!! Буни ҳеч қачон унутманглар! Биз шундай дейишимиз керак эди, сиз буни билмадингиз, ота, билсангиз ҳам, индамай ўтдингиз. Менчи? Мен кўриб, билиб турибман-ку! Чаккасига гул қистириб олибди, шуям инсонда, деб бўйнимни эгиб юраверишим керакмиди?! Унда менинг яшашимдан не маъни қолади?! Умуман, одамзоднинг дунёга келишидан мақсади нима?! Шу кунгача ичимдан не кечди – ёлғиз ўзим биламан. Бир ўзимнинг билганим эса, кам экан, ота, эҳ, ниҳоятда кам!

Тўғри, ота, Ўрмон нодон кимса, нодонки, индамаганни билмаганга йўйиб келди ва гўё «билмаган» ҳар кимсани ҳар кўйга солавериш мумкин, деб ўйлади. Ўзини доно деб билгани учун ҳам у нодондир! Аммо-лекин менинг индамаганим, сизнинг индамаганингиз ҳам доноликдан эмас экан. Демак, биз ҳаммамиз андак нодонмиз! Майли, мен ҳам нодон бўлай, бироқ Ўрмонни у дунёю бу дунё кечирмайман! Бу – ўжарлик ё қайсарлик эмас, ота, бу – ҳақиқат! Шундай ҳақиқатки, ундан тонганнинг ҳаёти ҳаром бўлади! Бу – менинг ҳақиқатим, менинг йўлим, ота! Шундай йўлки, ундан четга чиққаннинг косаси оқармайди! Ўрмонга шафқат қилмайман, ота, унга шафқат қилганнинг уйи куйсин!

Мен сени ёмон кўраман, Ўрмон! Билсанг, сени туғилганимдан бери ёмон кўраман! Мана, шу кунга келиб ҳам нафратим зиғирча сусаймайди. Бу дунёи қўтирда сенинг йўлинг билан менинг йўлим тўғри келишмади, ошна. Хамма бало шундан.

Бир пайтларда сен гижинглаган отда юрардинг. Ошиғинг олчи эди. Ҳар нарсада ўзингни жонбоз кўрсатардинг, ҳар ишга бош бўлишга интилардинг, аста-секин мавқега миндинг, одамларни эгиб олдинг. Сенинг гуноҳинг кўп, Ўрмон, бир бошдан санайверсам, бармоғим етмайди… Алғов-далғов йилларда сен отингни гижинглатиб: «Босмачини қириб ташлаймиз!» деб бақирдинг, лекин ўзингни четга олдинг. Босмачидан куйганлар, уни жини суймаганлар бақир-чақирсиз ҳам, кўнгилдагиларини ошкор этмай туриб-ҳам ўлимга тик боравердилар. Сен эса, уялмай-нетмай бир гал: «Босмачининг хуружига кўкрагимизни қалқон қилганмиз!» дея оғиз кўпиртирдинг. Ваҳоланки, кўкрагини қалқон қилганлар ўша даврада миқ этмай турган эди…

Уруш бошланди. Сен тағин кўкрагингта мушт, уриб чикдинг. Бу ёғи яна аввалгидек – ҳаммани урушта чорладинг-у, ўзинг четда қолавердинг. Ахир, «Бир ёқадан бош чиқарайлик!» деб ҳайқирган ўзинг эмасмидинг? Сенинг бошинг бизнинг ёқага сиғмадими, Ўрмон?! Зўр келса, йўлини топдинг, яъни кўпчиликка ўринкашлик қилдинг. Сенинг «шарофатинг» билан хизматдан озод этилганлар ҳам кўнгилли бўлиб фронтга отланди сенинг ўрнингга. Қачонгача панада қолардинг, ахийри сени ҳам юборибдилар-ку! Лекин бориб гўр қилдингми? Ярим йил ичида яраланибсан. Урушда ҳар нарса бўлади, қўлга қурол тутишга улгурмай туриб ҳам фалокатга йўлиққанларни кўрдим, ўзим қам бир гал ўшандай ўлимдан қолдим, бироқ сен… Сендан гумоним бор, Ўрмон! Бир қўлинг йўқ, аммо юрибсан. Йўқ қўлингнинг ҳурматидан талтайиб… Тириксан. Мен қўлидан, оёғидан айрилган не-не йигитларни кўрганман, сен уларнинг ҳеч бирига ўхшамайсан. Улар – уруш инвалидлари, сен эса чўлоқсан, Ўрмон!

Одилхонни эслайсанми? Ўша бола урушдан қайтмади-я! Мен уни ёдимдан чиқарармидим. Билсанг, менинг ҳам юрагим мажруҳ. Ярми ўша ёқларда қолиб кетган. Одилхон билан бирга… Эҳ, Ўрмон, мен бир ўлимни кўрдим, унинг алами етти пуштингни йўқотишга етади! Бечора Одилхон ҳатто ўзининг чин қотили ким эканини ҳам билмай кетди. Бироқ буни мен биламан! Ахир, сен Одилхондан чўчирдинг, сен унинг кўзларига тик қараёлмасдинг. Эл унинг ашулаларидан, куйларидан ҳузур қилган сари сенинг кўнглингдаги ғулғула тобора ортаверарди. Бир гал ҳатто: «Шу боланинг қарашлари отасининг қарашларига ўхшайди-я…» деган эдинг. Ҳа, Ўрмон, сен Одилхоннинг нигоҳидан ёмон қўрқардинг, ахийри асабларинг дош бермади – унинг ҳам бошига етдинг.

Дарвоқе, одамхўрлик сенинг қонингда бор. Сен мени ўғлимдан – Ҳакимбегимдан ҳам жудо қилгансан! У очликдан шишиб нобуд бўлди, лекин унинг қотили сенсан! Мен буни анча йиллар ўтгандан кейин билдим, лекин бари-бир кўнглимда қолди. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқаркан. Орадан йигирма йилча ўтиб, чойхонада оғзингдан гуллаб қўйдинг. Очиқ айтмадинг, лекин мен сездим. Ғаллани урган ўша қароқчиларнинг сардори ўзинг эдинг, Ўрмон! Сен кундузи раҳнамо, кечаси эса ўғри, қароқчи эдинг! Фақат, орадан йиллар ўтиб, у кунларга муносабат чучуклашганини билганингдан, қолаверса, ўзингга ишонганингдан айтиб қўйдинг, ўйладингки, энди биров сенинг мушугингни пишт деёлмайди. Бироқ мен… Шунча пайт индамаган бўлсам, энди индайман, жим турмайман. Ҳа, Ўрмон, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади – мен бунга ишондим, лекин шу қирқ йил ичи сенинг қинғирлигингдан не-не сойлар орқага оқди, не-не кунлар офтобини булут тўсди – буларнинг ҳам ҳисоби бор, ошна! Демак, қийиғинг чиқишини кутиб юрганимнинг ўзи менинг катта гуноҳим! Энди… энди ўзингдан кўр, Ўрмон!

Маҳам амаки вужуди терга ботганини сезди. Ҳаяжондан титраб-қақшаб, ўрнидан турди. У илгари бунақа аҳволга сира тушмаган эди. Юрак санчиғини ҳам унутиб, уйи томон шахдам одимларкан, «Нозимбекни чақиртираман, дардларимни шу болага ёраман!» дея хаёлидан ўтказди.

«Ўрмониинг ўлимини кутиб юрганимдан нима наф? Ҳамма қатори у ҳам бир кун ўлар, гўрини ўзим қазирман, хўш, шу билан армонларим арийдими? Ахир, бу унга жазо эмас, мартаба-ку! Мен эса, тағин ўзим билан ўзим қолавераман… Йўқ, тиригидаёқ унинг шармандасини чиқаришим керак! Қилмишларини элга овоза қиламан – Нозимбекка айтаман!..»

14

 

Хайрулла Латиф айтган вақтида келди. Бу сафар кўчадан чақириб ўтирмади, эшикни шартта очиб, ҳовли ўртасигача кириб келаверди. Шундан кейингина овоз берди:

– Маҳам ака!.. Ҳов, ким бор?

Ҳовлининг биқинидаги ошхона эшиги очилиб, Муҳаррам хола кўринди.

– Маҳам акамни яшириб қўймадингизми тағин, хола? – деди Хайрулла ер тепиниб.

Муҳаррам хола мулзам тортгандек бўлди-ю, билдирмади.

– Ие, Хайруллажон, келинг, болам! Уйга кираверинг, сизни пойлаб ўтирувдилар амакингиз.

Хайрулла Латиф уй саҳнидаги супага бир сакраб чиқаркан, шўх кулди.

– Овқатни тезлатинг, хола. Бугун Маҳам акам билан эрталабгача иякни иякка тираб ўтирамиз, ҳа!

– Бўпти-да! Ўзиям дамлаяпман,– деди-ю Муҳаррам хола тағин ошхонага кириб кетди.

Хайрулла Латиф остонада ботинкасини қоқиб, эшикни очди. Даҳлизда бамайлихотир ечинаркан, ўрта эшикни қиялатиб, ичкари мўралади.

– Салом бердик, Маҳам ака!

Сўнг шахдам юриб борди-да, қўл олишди. Маҳам амаки ўрнидан бир қўзғалиб, ётган кўйи қўлини узатди.

– Ие, ҳа, мазангиз йўқми?

– Шу, кечадан буён… Мунча кеч қолдинг? Қани, мундай ўт-чи! – Маҳам амаки нигоҳи билан Хайрулла Латифга жой кўрсатди.

Хайрулла Латиф сандалнинг бир томонига чўкди. Бошидаги телпагини олиб силкитди, кейин тағин кийди.

– Кеча сўкканингизга дарров телпагимни кийволдим, Маҳам ака.

– Сўкиб… нима? Бош – сеники! Хайрулла Латиф ҳиринглаб кулди.

– Ҳалиям бир келувдим, – деди синовчан тикилиб. Маҳам амаки бу гапни эшитмаганга олди, деразага ўгирилиб хотинини чақирди:

– Карим, чой опке! – Кейин Хайруллага қаради.– Нима дединг?

– Ҳалиям бир келувдим, йўқ экансиз…

– Шунақами? Келдим де, мен қаерда эканман? Ҳа, чойхонага чиққанимда келгандирсан-да.

Хайрулла Латиф кўзларини айёрона қисиб, томоқ қирди.

– Мени галатепалик деб ўйладингиз-а, ростини айтинг!.. Ҳали холам ҳам шунақа дедилар, лекин мен ишонмадим, тўғри чойхонага бордим. Йўқсиз. Ҳеч ким сизни кўрмаган. Бугун умуман кўчага чиққанингиз йўқ, тўғрими? Биз ҳам жа-а овсар-лақмалардан эмасмиз, Маҳам ака.

Маҳам амакининг юзлари билинар-билинмас қизаринди.

– Галатепанг нимаси,– деди норози оҳангда.– Гапларим – чин!

– Бир айтдим-қўйдим-да энди. Бекорга Масковнинг таълимини олмаганмиз, ернинг тагида илон қимирласа – биламиз! Майли, бўптуради шунақасиям… Бизнинг заказ нима бўлди – ўшандан гапиринг!

– Чой келсин, болам, мунча шошмасанг,– деди Маҳам амаки яна дераза томонга кўз ташлаб.

– Келгиси келса келаверади. Унгачаям олам-жаҳон масалани гаплашиб оламиз. Хў-ўш… Айтгандай, хат қани?

Маҳам амаки яктагининг ички чўнтагини кавлаб, хатни олди.

– Мендан кейин ўқиб кўргандирсиз? Ўша «ўғил» сизмикансиз, ишқилиб?

– Оббо… Тоза-а, мелисадан ҳам ошириб юбординг-ку, а! Эркак одамнинг гапи битта бўлади-да, ахир!

– Сўраганимки… Нозик масалада бу, Маҳам ака. Ҳовли-қиб, бу ёкда сизни очерк қилиб юборсам-у, эгаси қўшни райондан чиқса… Нақ бошим кетади-я! Бунақа ишни етти ўлчаб, бир кесган маъқул.– Хайрулла Латиф қора чарм жилддан тепага очиладиган ялтироқ бир дафтарча олиб, варақлай бошлади.– Аммо-лекин сарлавҳасини зўр топдим: «Менинг иккинчи онам»! Қалай?

– Мен нима қилишим керак ўзи? – деди Маҳам амаки энсаси қотгандек.

– Ана холос! Кечадан бери қулоққа танбур чертяпманми? Мен бу кишимни элга машҳур қилмоқчиман-у, гапларини қаранг!

– Одам тушунадиган тилда гапирмаяпсан-да, ўзинг ҳам.

– Нимаси тушунарсиз? Мана, қўлингизда хат, бунинг воқеасини айтиб берасиз – бир. Умуман, урушдаги таассуротларингиздан гапирасиз – икки. Орден-медаль олган бўлсангиз, уларни санайсиз – уч. Ва ҳоказо-да-е…

Маҳам амакини бирдан нохуш кайфият чулғади. Хайрулла Латифнинг орден тўғрисидаги гапи беихтиёр бир кўнгилсиз ҳодисани эслатди. Худди шу орден масаласида унга бир гал Ўрмон чўлоқ панд берган.

Ғалабанинг қайсидир йиллигига атаб нишон чиқарилган экан. Байрам куни район ҳарбий комиссарлигидагилар уруш қатнашчиларини йиғиб, биттадан тарқатдилар. Негадир уч-тўртталарига етмай қолди. Улар орасида Маҳам амаки ҳам бор эди. Лекин у хафа бўлгани йўқ, индамай қишлоғига келаверди. Эртаси эса ҳарбийлардан бир вакил эшигини тақиллатиб келиб, уни алоҳида табриклаб, нишонни кўкрагига тақиб кетди. «Узр, Маҳамбой Ортиқович, кеча бизнинг айбимиз билан… Биз сизнинг хизматларингизни яхши биламиз, қадрлаймиз!» деди. Маҳам амаки унда ранжимаган бўлса-да, эртаси астойдил севинди. Кўкрагида нишонни ярқиратиб, гузарга чиқиб борди. Кеча нишон олган улфатларим кўриб қўйсин, дедими… Хуллас, гапдан гап чиқиб, Ўрмон чўлоқ бир нарсага шама қилган эди, Маҳам амаки уйга кела солиб, уни ечиб, жавоннинг ғаладонига ирғитди.

Ўрмоннинг гапича, Маҳам амакига шу нишон ҳам тегмай қолиши турган гап экан. Йиғиндан кейин у шахсан ҳарбий комиссарнинг олдига бориб: «Ўртоқ начайник, ноҳақлик бўлмасин-да!» дебди. Чинми, ёлғонми – Маҳам амаки билмайди. Ўрмоннинг гапи бу. «Қарасам, ҳаммага беряпти-ю, рўйхатда Маҳамбойнинг оти йўқ. Елкасида юлдузи борини тўхтатиб, эй, бизнинг Ортиқов Маҳамжонниям кўрворчи, дедим. Занғарнинг баҳонасини қаранг: рўйхат оққа кўчирилаётганда тушиб қолибди, эмиш. Мундан кейин кўзингизни каттароқ очинг, полковник, деб дўқ уриб қўйдим.»

Маҳам амакининг билгани – нишонни атай ўзлари опкелиб бериб кетгани.

Энди эса, мана, ўшандан бери ғаладонда ётгандир.

Хайруллага шуларни айтадими? Булар майда гаплар-ку!

Маҳам амаки Хайрулла Латифга қараб ўтириб, бу баччағардан қандай қутулсам экан, деб ўйлади. Хайрулла Латиф эса ҳамон хиралигини қўймас эди.

– Дарвоқе, Маҳам ака, партияга қачон ўтгансиз? – деди у бир пайт.

Маҳам амаки ўзининг хаёллари билан банд ҳолда:

– Уруш йиллари,– деб қўйди.

– Ўҳ-ҳў, унда партийний стажингиз ҳам анча бўп-қопди-да! Зўр! Мен сизга айтсам, республика газетасидаям бунақа зўр очерк чиқмаган! Уруш йиллари партияга ўтишнинг ўзи бўладими? Тарихий воқеа! Бутун бошли қўшинни тикка турғизиб қўйиб, ёш ўзбек ўғлонини ўртага чиқариб, жанговар командирнинг шахсан ўзи… Ё бу иш билан комиссар шуғулланадими? Политрук берса керак-да, а? Қани, Маҳам ака, партбилетингизни кўрсатинг-чи, қанақа экан. Чеккасида қон-пон теккан жойи йўқми?.. «Чўғдек қип-қизил партбилетини у кўкрак чўнтагида севгилисининг сувратидек асраб-аввайлаб, то…» Берлингача боргансиз-а, Маҳам ака?

Маҳам амакининг юраги сиқилди.

– Ҳа, Берлингача борганмиз… Ўша ерда тағин бир йил қопкетганмиз. Лекин белатим йўқ…– деди-ю шу заҳоти: «Бундан бошқа бир оғиз ҳам айтмайман!» деб қўйди ичида.

– Ия! Йўқолганми?

– Йўқ. Белатини олмаганман.

– Ана холос, бу ёғи неччи пулдан тушди! – деди Хайрулла Латиф Маҳам амакига қийрихон қараб.– Партийниймисиз ўзи?

– Ҳа!

– Билетингиз қани бўлмаса?

– Белатини олмаганман, деяпман-ку сенга!

– Билетсиз коммунистман, денг? Во ажаб… Билетни олмаганмисиз ё ўзи берилмаганми сизга?

– Ўзим олмаганман… ололмай қолганман. Хайрулла Латиф ҳамон андак ҳайрат, андак шубҳа билан қийрихон, эҳтимол, синовчан, тикилиб ўтирарди.

– Демак, ҳозирча бунисини ёзмай турамиз,– деди у ғўлдираб.– Лекин, йўқотиб қўйган бўлсангиз…

– Йўқотиб қўйганим йўқ! Бор нарсани йўқотаман-да.

– Ўлай агар, миям ишламай қолди… Ўзи, кеча, коммунистман, деганингизда ҳам унча ишонқирамовдим,– деди Хайрулла Латиф лабини буриб.– Сизни партийний деб шу кунгача бир кимсадан эшитмаганман. Лафзингизга ишониб, ҳали эрта билан биринчигаям айтибман… ҳайрон бўлдилар, сизни танимас эканлар. У киши райондаги ҳамма коммунистни номма-ном биладилар… Хў-ўш, қишлоғимиз-дан, мана масалан: мен – партийний, Раҳмон мелисаям партийний эди, ҳайдалди, тўғри қилинди… Ачахон опа – партийний, Ўрмон ака – партийний, конда ишлайдиганлардан ҳам тўртта-бештаси партийний, лекин сиз…

– Мен ҳам партияман! – деди Маҳам амаки Хайрулла Латифнинг чўзилиб кетган саноғини кесиб.– Фақат, белатим йўқ, холос. Ўрмон мендан илгари фирқага ўтган, мен – урушда.

– Майли, ишондик, лекин уни ёзмай қўяқоламиз. Бизда ҳамма тенг – партийний ҳам, беспартийний ҳам!

Маҳам амаки бирдан тутақиб кетди:

– Ишонмадинг! Ишонмаганинг учун, ёзмайман, деяпсан! Ёзасан! Қани, ёзмай кўр-чи!..– Энди унинг тескари қайсарлиги тутган эди. Заҳрини сочаверди.– Уруш сенга ўйинчоқ эмас, бола! Шу урушга виждонан бориб келган ҳамма – партия, билдинг!

Хайрулла Латиф Маҳам амакининг бунчалик жаҳли қўзиб кетишини кутмаган эди, индамай қолди.

– Биз доим катта жангдан олдин қоғоз ёзиб қолдирамиз, қайтмасак, бизни аъзо санайверинглар, деб. Сен ўлсанг.

Энди Хайрулла Латифнинг қиёфаси ажойибхонага илк дафъа келган ёш боланинг важоҳатига ўхшаб қолди. аввал бирон сас чиқармади, ҳазиллашаётгандир-да, деб ўйлади, кейин қараса– масала жиддий. Ниҳоят, гап нима эканига тушундию қийқириб юборди.

– Э, яшанг-э, Маҳам ака! Аммо-лекин маладес! Шу бугуннинг ўзида икки марта тузладингиз-да, мени, яшанг! Ўзим ҳам ғирт галатепалик эканман лекин. Лаққа тушиб тирибман-а! Ҳи-ҳи-ҳи… Қойил, бопладингиз! Буниси энди очеркдан ҳам ўтиб кетди, ҳикоя қиламан буни! Топилдиқ! – кейин кулгидан сал тўхтаб, деди: – Ўша қоғозга ишониб келаверибсиз-да, Маҳам ака?

Маҳам амаки энди астойдил ранжиди.

– Ёмон серқитиқ бола экансан-да, – деди хуноб бўлиб, Ҳозир мен буни сенга йўлига айтувдим… билсанг, урушда биров белат суриштириб ўтирмаган.

Шуни айтаётганида хотирасида олис бир манзара жонланди.

…Польшанинг қайсидир қишлоғига кирмасдан аввал Муҳаммаджон ва яна уч аскар кечаси разведкага боришди. Топшириқни ими-жимида бажариб, тонгга яқин битта асир ҳам олиб қайтишди. Штабда ишлайдиган офицерлардан жамланди. Эртаси қизил аскарлар қишлоқни осонгина қўлга олдилар. Шунда қисм командири разведкага борган тўртала аскарни сафнинг олдига чиқарди-да, ҳар бирининг қўлини алоҳида-алоҳида сиқиб: «Яшанглар, азаматлар! Хақиқий коммунистчасига иш тутибсизлар!» деди…

Маҳам амаки бунисини Хайрулла Латифга айтгиси келмади.

Муҳаррам хола кирди. Сандалга дастурхон ёзиб, чой қўйди, нон ушатди.

– Олиб ўтиринг, болам, – деди меҳрибонлик билан. – Нонниям суви қочибди. Бу совукда қаерда сақлашни ҳам билмайсиз.

– Ҳечқиси йўқ, хола, – деди Хайрулла Латиф, бир тўғрамини ола туриб, – ҳамма жойда шунақа ҳозир.

Муҳаррам хола эрига қаради.

– Ошни сузаверайми? Чой қуйиб ўтиринг, Каримжон, меҳмонга.

– Меҳмони борми, ўзим қуявераман. Ош келгунча, эрмак қилиб… Биз ҳозир Маҳам акам билан зўр жойига келдик! Бугун қанақа кун?

– Пайшанба,– деди Муҳаррам хола ва ошхонага чиқиб кетди.

– Ҳа-а…– Хайрулла Латиф тағин кулимсиради. – Оббо, Маҳам ака-ей, бопладингиз! Ўша қоғозингизда «жангдан қайтмасам…» деб ёзгансиз, тўғрими? Сиз эса ҳар сафар қайтавергансиз, демак, аризангиз ўз-ўзидан инобатга ўтмайди. Ҳи-ҳи-ҳи…

– Ғирт маҳмадана экансан лекин! Йигит киши мунақа бўлмайди, бир марта айтдим – бўлди-да, чўзаверасанми! Гапни гапир уққанга, дегани ҳақ ўзи! Сенга ўзбекчалаб айтиб ўтирибман-а.

Хайрулла Латиф паст келди. Суҳбатнинг маромини бузмаслик учун кечирим сўрай бошлади. Маҳам амаки ҳам энди сал юмшади ва насиҳат оҳангига ўтди.

– Менга қара, Хайруллажон болам, ўзингдан катта бир нарса деганда жим қулоқ солишни ҳам ўрган, дурустми? Мен сен билан яшинтопалоқ ўйнаётганим йўқ.

– Хўп, дедим-ку, Маҳам ака, кечиринг энди бир сафар. Маҳам амаки унинг тавба-тазаррусига эътибор қилмай гапида давом этди:

– Кўнглингдагини биров билмасаям ёмон экан. Билмагани-ку, майли, билгиси келмагани-чи! Бир-биримизнинг кўнглимиздагини уқмасак, инсонлигимиз қоладими, болам. Шундоқ кетаверса, мана кўрасан, бир кун замон охир бўлади.

Хайрулла Латифнинг тағин шайтони қўзиди.

– Ана, ўзингиз ҳар хил гапларни гапираверасиз мен қандоқ жим бўлай?!– деди у куйиниб. – Билсангиз, бу гапни бир вақтлар Маяковский айтган! «Инсонни тушуниш керак!» Қаранг, қандай содда ва лўнда! Сиз бўлсангиз, буюк шоирнинг буюк шиорини мистикалаштириб айтяпсиз. Буни эшитганимдан кейин жим ўтиролмайман-да, ахир:

– Ким айтган дединг?

– Маяковский! Асримизнинг буюк шоири!

Маҳам амаки хийла муддат жим қолди. Кейин юрагини ўртаётган хўрликни аранг босиб, юзини тескари бурди:

– Шоир-поирингни қўй, Хайрулла,– деди сўнгра ҳар бир сўзини салмоқлаб.– Сен Масков кўргансан, биз бир четдаги одам… Лекин, у гапни мен қулоғимга қўрғошиндай қуйиб олганман! Уни доим отам айтиб юрар эди. Қолаверса уни отам ҳам тўқиб чиқармаган, унга ҳам отаси айтиб кетган! Тушундингми? Тушунган бўлсанг, энди…

Тириқ-тириқ этиб эшик очилди: катта сопол товоқда дўмпайган ош кўтариб Муҳаррам хола кирди. Кирибоқ нолишга тушди:

– Эртадан энди шу даҳлизда қиламан овқатни! Тутунидан қўрқсак, илма-тешик ошхонангизда одамни ушуқ уриб кетади бир кун!

Маҳам амаки хотинини жеркиди:

Товоқни қўй мана бетга, кўп жаврамай! Меҳмоннинг қўлига сув опке!

– Овора бўлманг, хола, – деди Хайрулла Латиф шоша-пиша. – Қошиқда еяқоламан.

Муҳаррам хола токчадан битта ялтироқ қошиқ олиб, сочиқнинг бир чеккасига артди-да, Хайрулланинг олдига қўйди.

Дастурхонга ош келиб, Маҳам амакининг гапи чала қолди. Хайрулла бир-икки бор савол назари билан қараган эди, ҳеч қандай сўзга ўрин қолдирмайдиган оҳангда, чўрт кесди:

– Аввал – таом, баъдаз – калом! – Сўнг ёнидан пичоқ чиқариб, тўшакка чўккалади.– Гўштниям ўзим тўғрайман-да, энди, сен қошиқда еяпсан… Қани, совимасин.

Қишнинг кунида палов мойдек кетади лекин. Жим ўтириб, овқатланавердилар. Хайрулланинг иштаҳаси карнай эди. Чол-кампир ҳам ундан қолишмай олиб туришди. Хаш-паш дегунча, товоқдаги ошдан бир чўқимгина қолди. Одоб юзасидан Хайрулла биринчи бўлиб ошдан қўл тортди: қошиқни товоқнинг зиҳига суяб, сочиққа чўзилди. Маҳам амаки сочиқни ғижимлаб:

– Опқўй энди ўшани,– деди.– Ёмондан ёрти қолади, дсган гап бор… Буниям, ишқилиб, биронта шоир айтмаганми?

– Раҳмат, бўлдим,– деди Хайрулла Латиф журъатсизгина, бироқ Маҳам амакининг охирги гапидаги илмоққа тушуниб, бошини силкиб қўйди.

– Вой, унақа қилманг, болам. Бир қозон овқат турибди, сузиб келаман ҳозир.– Муҳаррам хола ўрнидан қўзғалди.

– Раҳмат, хола. Ўзларинг есаларинг, сузинг… Мен, мана,– деб Хайрулла ортган ошни бир бурда нон билан қошиғига суриб-суриб еди. Сочиқни олиб, лабларини артди.

Муҳаррам хола чой қуйиб узатди. Бир пиёла чойдан кейин Маҳам амаки оёғини сандалдан суғуриб, тағин чўккалаб олди-да, дастурхон устига хиёл энгашиб:

– Қорин тўйдими? – деди аллақандай тахдидли товушда.

Муҳаррам хола ажабсинди, бир эрига, бир меҳмонга қаради. Хайрулла Латиф хам Маҳам амакидан бунақа муомалани кутмаган эди. Нима деярини билмай, гарангсиб ўтираверди.

– Энди, Хайруллажон, ҳалиги гапим – гап! Мана, ошни ҳам едингиз, чойни ҳам ичдингиз, қорин тўйгандир энди бизда ҳақингиз қолмади, дурустми? Туринг-да, жўнанг! Ё ўзим обориб қўяйми?

Муҳаррам хола неча йилдан бери шу хонадонга бекалик қилади, лекин ҳали бирон марта эрини бундай важоҳатда кўрмаган эди. Анграйиб қолди.

– Бу нима деганингиз, Каримжон! – деди ниҳоят эрини инсофга чақирган бўлиб.– Одам деган меҳмонниям уйидан ҳайдайдими? Сизларга бир нарса бўлдими ўзи!

– Сен жим ўтир! Эркакларнинг ишига аралашма! Одам сиёғимни йўқотганим йўқ мен ҳам! Ўзбекман! Мана олдига чой қўйдим, ош қўйдим… Энди, иззатининг борида жўнаб қолсин! Бўлмаса…– Маҳам амаки бирдан елкасини чангаллади. Ажаб, оғриқ шундан кейин пайдо бўлдими оғриқ тургани учун қўлини елкага олиб бордими – ўзи ҳам билмай қолди. Сўнг, инқиллаш аралаш, шивирлади:– Бор, болам, мендан ранжима. Мен сен айтган одаминг эмас эканман. Ма, хатниям олгину қайтиб менинг уйимга қадамингни босма! Бор.

Хайрулла Латиф кўза чил-чил синганини, энди уни тиклаб бўлмаслигини бирдан пайқади: шартта ўрнидан турди. Даҳлизда пальтосини, телпагини кийди. Ботинкасининг ипларини тузатиб ҳам ўтирмай, оёғини сукди. Остонада бир муддат тўхтаб, орқасига ўгирилди, ўзи каби лолу ҳайрон қотгай Муҳаррам ҳолага бир қур назар ташлади-да, Маҳам амакига

– Ўлай агар, сиз ҳам номард экансиз! – деди. Эшикларни бирин-кетин тарақлатиб ёпиб, чиқиб кетди.

Белоруссиядан келган хат сандалнинг устида қолаверди, Маҳам амакининг авзойи бежо эди. Муҳаррам хола қўрқа-писа ҳол сўради:

– Нима бўлди, Каримжон? Маҳам амаки индамади.

– Яна тутяптими, Каримжон?

– Кетгани яхши бўлди,– деди Маҳам амаки хотинининг сўроғидаги асл маънони уққандек.– Буям Ўрмоннинг бир хили.

– Қўйинг, ўша номи ўчгурни тилга олманг.

– Йўқ! Тилга оламан! Нимага энди жим юришим керак?! Бундан кейин унинг отини тилимдан қўймайман! Падарига лаънат ҳаммасининг!

Маҳам амакининг жазаваси тутди. Муҳаррам хола билдики, энди уни тўхтатиб бўлмайди.

15

– Келдингми, Нозимбек?

– Келдим.

– Холанг қани?

– Бизникида қолдилар. Тузукмисиз, амаки? Холам аямга, тоғангизнинг мазалари йўқ, дедилар…

– Бекорларнинг бештасини айтибди холанг! Шунчаки… Сен билан би-ир отамлашайми, деб чақиртирдим-да. Майлими?

– Ўзим ҳам эртага эрта билан чиқмоқчи бўлиб турувдим.

– Эртагаям чиқаверасан. Ҳозиргиси бошқа… Бир одамнинг қиссасини айтиб бермоқчиман, хап ўтириб эшитасанми?

– Эртакми?

– Эртак десаям бўлаверади.

– Манзир опа тўғрисидами?

– Манзир опангни қўй… Манзирни энди сира айтмайман. Ҳеч кимга! Бошқа қисса.

– Хайрулла менга роса кўп эртак айтиб берган. Ўзим ҳам ўқиганман!

– Ким дединг?

– Хайрулла. Қўшнимиз-чи? Битта синфда ўқиймиз. Носир Шўрсувга кетмасидан олдин учаламиз ўртоқ эдик-ку!

– Ҳа-а… Майли. Мен сенга биров айтмаганидан, китобдан ўқимаганингдан айтиб бераман. Менинг қиссам янги, болам. Хайруллаларинг бунақасини етти ухлаб тушида кўрмаган. Бу қисса менинг мана бу еримда туғилган, айтсам, шу ерим билан айтаман!

Нозимнинг боши кўкка етди. Маҳам амаки унга ҳеч ким айтмаган, китобларда ёзилмаган қисса айтиб беради! У шерикларига айтади, айтиб ҳавасларини келтиради. Қандай маза!

Маҳам амаки, кўзларини хиёл юмган кўйи, аста-секин гап бошлади. Нозим, бутун вужуди қулоққа айланиб, унинг оғзига тикилганча, тек қотди…

Маҳам амакининг қиссаси умр тўғрисида эди.

Гапираверди, гапираверди… Осмондаги ой қолмади, заминдаги сой қолмади, ўттиз еттинчи йилги қаҳратон ҳам шу қиссасига кирди, тунов кунги совуқ ҳам шу қиссасига кирди. Бир одамни сўйлади – сўкиб-сўкиб хумордан чиқди, бир одамни сўйлади – йиғлаб-йиғлаб хумордан чиқди. Уйнинг бир бурчагига Қатронтоғни кўчириб келди, бир бурчагидан Нурсухариқни оқиздириб қўйди… Нурсухариқ шовиллайверди, Қатронтоғ акс садо қайтараверди. Ўзи – эса, худ-бехуд бўлиб, телбавор қиёфада гапираверди.

Ахийри чидамади, ўткир пичоғини қиндан суғуриб, яланғоч кўксига қадади. Нурсухариқнинг шовиллаши-ю Қатронтоғнинг акс садоси оғушида тўлғаниб, болакайнинг кўзи ўнгида юрагига санчди. Қобирғалари чисир-чисир этди, лекин бир томчи ҳам қон чиқмади. Пичоқни бир-икки буради, айлантириб-айлантириб буради ва ўша ердан бир нарсани узиб олиб, авайлаб кафтида тутиб тураверди. Бир ҳовучгина «нарса» тўхтовсиз дириллар, гўё юлқиниб қўлдан чиқиб кетмоқчи бўлар эди. Маҳам амаки хотиржамлик билан «нарса»нинг у ер-бу ерини силаб-сийпалаб, оҳиста дастурхонга қўйди. Лат еган, айниган жойларини пичоқ билан кесиб, сандалнинг ичига ташлади. Сал ўтмай кўрпа тагидан кабобнинг ҳидига ўхшаш бир ҳид сизиб чиқиб, аста-секин уй ичини тўддирди. Нозим бу ҳиддан маст бўла бошлади… Дастурхон устидаги «нарса» худдики бир тирик вужуд – ҳануз тўхтовсиз дириллар, турган ерида билинар-билинмас сакраётгандек туюлар эди… Кабобнинг ҳиди уйни буткул чулғаб олди. Нурсухариқнинг шовиллаши тинди, Қатронтоғ кўздан йўқолди, Нозимнинг боши айланаверди.

Бир вақт ҳушига келиб қараса… уйда ёлғиз ўзи ўтирибди. Маҳам амаки йўқ. Сандал, сандалга дастурхон ёзиғлиқ, дастурхон устидаги «нарса»… дириллаб, юлқиниб, сўзланиб-сўзланиб ётибди.

«Нарса» гапираверди, гапираверди. Осмондаги ой қолмади, заминдаги сой қолмади. Ўттиз еттинчи йилги қаҳратон ҳам шу қиссага кирди, тунов кунги совуқ ҳам шу қиссага кирди. Бир одамни айтди – сўкиб-сўкиб хумордан чиқди, бир одамни айтди – йиғлаб-йиғлаб хумордан чиқди. Сўнгра… дириллаб-дириллаб, юлқиниб-юлқиниб, сўзланиб-сўзланиб Нозимнинг қўйнига тушди…

«Нарса»нинг шилимшиқ, қайноқ сирти Нозимнинг баданига хуш ёкди ва у аста кўксини очиб, қалбининг тўрига жойлаб қўйди…

16

 

Ҳов толкўча маҳаллада Ширвон хола деган аёл ўтган. Уни сенлар билмайсан, менинг онамдан ҳам қари эди. Ўзи қари-ю, боласи биздан анча ёш эди. Узоқ йиллар фарзанд кўрмаган, тилаб-тилаб топганининг оти Одилхон эди. Эрини, адашмасам, ўттизинчи йилнинг саратонида тўртта бегона йигит чавақлаб кетган. У ўша маҳаллар жамоанинг раиси эди. Хўб яхши одам эди-да! Ундан кейин мана шу Ўрмон раис бўлган…

Гапираман десам, гап кўп. Бунинг ҳам тарихи узун, болам. Мен сенга Одилхон қиссасини айтаман, у ёғини ўзинг кейинроқ билиб оларсан.

Шунақа қилиб, дегин, бир куни кечаси тўртта бегона йигит Ширвон холанинг уйига бостириб киради-ю уч ёшга тўлиб-тўлмаган гўдагининг кўз олдида эрини чавақлаб ташлайди. Уйларида даҳшатли воқеа содир бўлганини гўдак сезади, бурчакка қапишиб олиб, чинқириб йиғлайверади. Ширвон хола эса, уйнинг бошқа бурчагига биқиниб қалт-қалт титраб тураверади ва… ўша бўйи тилдан қолади.

Кейин-кейин гапириб кетган, лекин сўзларни бир умр ямлаб юрди. Қишлоқда уни «Ширвон чучук» ҳам дердилар. Қотилларни ҳеч ким тополмади. Ҳаммасининг юзига қоракуя суртилган экан.

Одилхон дадаси сўйилгандан кейин уч кунгача тинмай йиғлаган. Кечалари ухламаган, йиғлайверган. Одамлар минг уриниб, уни юпантиришолмаган. Ширвон холанинг ҳаракатлари ҳам зое кетган. Бечоранинг тили йўқ эди-да.

Эвоҳ, болам, ўша пайтда икковининг қанчалик қийналганини билсайдинг!

Ахийри, тўртинчи куни саҳарга бориб, Одилхон йиғидан тўхтаган. Ўзидан ўзи, овунчсиз, юпатишсиз. Ажабки, шу билан то онаси тилга кирмагунча бирон марта кўзёши тўкмаган. Ҳар ҳолда унинг овоз чиқариб, кўзёши оқизиб йиғлаганини қишлоқда ҳеч ким кўрмаган, эшитмаган. Болалар уни кўп синаб кўришган. Дабдурустдан: «Бувинг ўлди, Одилхон!» дейишган, ё бўлмаса, пайт пойлаб туриб баданига игна тугма санчишган – бари бир: Одилхоннинг дийдаси қилт этмаган. Кўзи қизариб, ҳайрон бўлибми, жаҳли қўзибми – бақрайиб тураверарди. Жиғига тегиш учун болалар уни атай «Одил йиғлоқи» деб чақиришар эди. Лекин ўзи сал нимжонроқ ўсди. Қишлоқ боласига сира ўхшамасди, юзи қонсиз, суяги нозик эди.

Шу Одилхон ўн ёшларга бориб, қаёқдандир дутор чалишни ўрганиб олди. Кейин-кейин ашула айта бошлади. Раҳматли отасидан бир сандиқ китоб қолган эди. Одилхон кечалари ўша китобларни ўқир, ўзига ёққан ғазалларни танлаб, оҳангга солар, тез кунда ашула қилиб айтар эди. Табиат берган эди унга! Овозининг ширасини айтмайсанми! Унинг юракларни зирқиратиб, одамнинг кўксини куйдиргучи нағмалари нафақат кексаларга, бизга ҳам ёқар эди. Бора-бора Одилхонга ўрганиб кетдик, уч кун унинг ашуласини эшитмасак, дутор чертишларини томоша қилмасак, гаранг бўлиб юрардик. Тўйлар, гаплар усиз ўтмай қолди. Ўзиям дуторни шунақа чертардики, кўз тегмасин, дерди кексалар. Унинг дарагини эшитиб, ишонсанг, Қўқондай жойдан бир уста эринмай қишлоғимизга келган. Одилхонни топиб, ашулаларини тинглаб, тасаннолар айтган ва ярим йиллардан кейин атай шу болага деб бир дутор ясаб берган. У киши ҳам уста, ҳам ҳофиз зкан. Одилхон билан кейин ҳам борди-келди қилиб турди.

Ҳозир Кичикжар деймиз-ку, биласан, ўт терадиган жойларинг, ўшанинг сал тепарогида Одилхонларнинг бир парча ери бўларди. Дадасидан қолган. Кўпчиликнинг ери бор эди ўша атрофда. Она-бола у ерга – ярмига шоли, ярмига буғдой экишарди.

Одилхоннинг куйлашини ўша ерда кўр эди! Бир Шоҳ Машрабдан, бир Нодирабегимдан оларди, теварак-атрофдагиларнинг қўлини боғлаб, кўзларини намлаб айтарди ўзиям!

«Ажаб бераҳм дилбарсан, ажаб шўхи ситамгарсан,

Чароғи ҳусни рўйингдин кўнгулни ҳам узиб бўлмас»,

 

деб куйларди Одилхон. Шолипоялар, буғдой бошоқлари оҳиста чайқалиб, унинг овозини узоқ-узоқларга элтар эди.

Юзингни офтобини кўруб ҳайрон бўлуб қолдим,

Фалакка қўл узатиб шамси анварни олиб бўлмас…

 

Биз эса ашуланинг, оҳангнинг сеҳрига банди бўлиб, ўзимизни буткул унутардик. Турган еримизда туриб, ўтирган еримизда ўтириб қолаверардик.

Ўн уч ёшида ғижжак чалишни ҳам ўрганди. Кейин яна бир мақомни ўрганди: қўлда ғижжак чаларди-да, дутор ё танбур оҳангларини томоғида «чертиб», ғижжакка жўр бўларди. Эшитиб, ўлмаганлар ҳам ўларди лекин! Ғижжакда «Чўли Ироқ»ни чалса, беихтиёр ерга думалагимиз, думалаб ҳўнг-ҳўнг йиғлагимиз келарди. Кўзни юмсак, осмон кўринарди, ўша осмонда қанот қоқмай учардик. Учмасдик – сузардик. Унинг ашулалари бири ғамгин, бири шўх бўларди. «Ҳили-ҳили ёрим»ни куйлаганида ё ўзимизнинг юрак ўйнатар термаларимиздан олганида беихтиёр отга миниб, ҳавода қамчин ўйнатиб, Қатронтоғ этакларига чиқиб кетгимиз, адирларни дукурлатиб, тоғ-тошдан ўт чақнатиб чопгимиз келарди. Шунақа, Нозимбек, ашула айтишда, дутор ё ғижжак чалишда Одилхоннинг олдига тушадигани йўқ эди у маҳаллар! Кексалар унинг овозини матхур Ҳамроқул қорининг овозига тенглаштирардилар. Сенлар у ҳофизни билмайсан, болам, ўзи Бешариқ томонлардан, довруғи бутун водийга тарқалган эди. Нақл қилишларича, Ҳамроқул қори ашула айтганида дарахтдаги қушлар ҳам чуғур-чуғурини бас қиларкан, чойхоналарда – тўрқовоқларда сайраб турган беданалар жим қоларкан. Мен уни урушдан олдин бир марта кўрганман. Ўшандай ҳофиз ҳам Одилхонга тан берган. Ҳа, болам, Одилхондақаси дунёга бир келади, холос!

Одилхон Ширвон холанинг суянган тоғи эди. Ўғлини еру кўкка ишонмасди бояқиш она. Қаёққа борса, орқасидан қолмасди, нима ишга қўл урса, тепасида турарди. Одилхоннинг дадасидан кейин у қайтиб эр қилмаган эди.

Уруш бошланди. Кўп қатори фронтга кетдим. Эҳ, болам, урушда не кечди – барини кўрдик, уларни сенга айтиб ўтирмайман. Лекин бир нарсани айтай: кўзимни юмиб очмасимдан ўлимга юзма-юз келдим, кейин яна неча бор жаҳаннам оғзидан қайтдим – ҳаммасига кўникдим-у, Одилхоннинг ашулаларисиз, куйларисиз кунларимга асло кўниколмадим.

Қирқ учинчи йилнинг ёз ойларида Одилхон билан тағин кўришдик. Жуда қизиқ бўлди бу.

Ўша пайтлари урушда омад биз тарафга ўтган, немислардан ҳар жиҳатдан қўлимиз баланд келиб турган эди. Аввал бериб қўйган ерларимизни қаричма-қарич қайтариб олавердик. Лекин қисмимиз тутдай тўкилиб қолган эди. Урушнинг ўзи бўлмайди, ахир! Шундай пайтда бизга янги аскарлар юборилди. Кўпи ҳали умрида биронта жанг кўрмаган болалар экан, ораларида ёши биз қатори, биздан катталари ҳам бор. Ўша куниёқ улар батальонларга, роталарга тақсимлаб ташланди. Ўттизтачаси бизнинг батальонга тушди. Янгилар қўшилиб анча яйрашиб қолдик.

Бир куни командир қўлимга бир талай қоғоз тутқазиб, иккинчи батальоннинг командирига элтиб беришимни буюрди. Иккинчи батальон қўшни қишлокда турар эди. Бордим. Қоғозларни командирга бериб, кетишга рухсат олиб, штабдан чиқдим. Чиқдиму… турган еримда қотиб қолдим. Қаёқдандир қулоғимга дутор садолари чалинди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Зир югуриб, теваракка алангладим. Овоз четдаги уйнинг орқасидан келаётган эди. Ўша ёққа чопдим. Туртиниб-суртиниб чопиб боряпман-у, қулоқларимга ишонмайман, яккаш: «Дуторми? Наҳотки? Ё тавба, ўзимизнинг дутор!..» дейман. Кўзимга қишлоғим кўриниб кетди. Қаршимда эса, қадрдон, таниш манзаралар ҳалқа-ҳалқа бўлиб айланаверди. Одилхонни, унинг юракни зирқиратгучи овозшш соғиндим… Энди бу аҳволда батальонимга қайтиб кетолмас эдим. Нотаниш чолғучининг биқинида бирпас ўтирмасам, дуторнинг сеҳрли нолаларига бирпас чўммасам, соғинч ҳислари билан тўлиб-тошган кўнглим тинчланмас эди.

Эҳ, болам, ўшанда нафасим томоғимга тиқилиб ўлмаганимга ҳайронман! Рўпарамда ўн беш чоғли аскар бир давра қилган, давранинг ўртасида, дутор нағмаларига маст бўлиб, бошини чайқаганча… Одилхон ўтирар эди! Тушимми, ўнгимми дейман. Қайта-қайта қарайман, синчиклаб қарайман: чолғучи ҳақиқатан Одилхон эди! У давранинг ўртасида, ўзи чалаётган куй сеҳридан ўзи эри-иб ўтирарди! Дарвоқе, наҳот оҳангнинг ўзидан чолғучисини танимадим, деб ҳайрон бўламан, дегин. Ахир, бу куйларни эшитавериб, мавжларида сел бўлиб оқавериб…

Ниҳоят куй тугади. Давра чапак чалиб, Одилхонга таҳсинлар ўқиди.

– Сау бол, азамат! – деди Сарсенбой деган қозоқ йигити.

Мен билан орқама-кетин шу қисмга қўшилган бир тожик йигит бор эди, у қўйнидан дастрўмолини чиқариб, мижжаларини артди.

– Уйимга бир бориб келдим-а!

Ёши ўтинқираган, серсоқол бир ўрис аскар атай ўрнидан туриб бориб, Одилхоннинг елкасига қоқди.

– Менинг балалайкам бор, урушгача тинмай чалардим, – деди у. Сеникиям нақ юрагимга борди. Яша, оғайни!

Мен эсам Одилхоннинг рўпарасида, ундан кўз узолмай, томоғимда ҳаяжоним бўғилиб, тилсиз-забонсиз тек қотган эдим.

– Одилхон… – дедим ниҳоят шивирлаб. Овозимни ўзим зўрға эшитдим.

Одилхон ялт этиб қаради.

– Одилхон, – дедим яна. Бу гал товушим сал дадилроқ чиқди. – Танимаяпсанми, иним?

Одилхон ўтирган еридан отилиб, менга ташланди.

Икковимиз бараварига йиғлаб юбордик, кўзёшларимизни тиёлмай қолдик…

Уруш ёмон, болам, уруш – ҳаёт билан ўлим ўртасидаги бир кўприк.

Биз икки йилдан бери кўприкнинг устида эдик.

Бериги ёкда ҳамма нарса – отамиз, онамиз, болаларимиз, хотинимиз, туғилган қишлоғимиз, она юртимиз, элимиз-халқимиз, нариги ёкда эса – ҳеч нарса! Тушуняпсанми, ҳеч нарса! Кўприкнинг устидаги ҳаёт – турган-битгани ваҳима… Мен қўрқоқ эмасман, болам, не кунларни кўравериб чўчимайдиган бўлиб кетган эдим. Фақат, урушнинг асл башарасини илк кўрганимдаёқ ундан юрак олдириб қўйган эканман, шунинг асорати анчагача сақланди. То «кўприк»даги ҳаётга кўникмагунимча ҳадик-хавотир, ваҳима, вос-вос мана бу еримда тураверди. Уруш охирлаганда худди шунақа ваҳимага тағин йўлиққанмиз, бу – бошқа гап…

Хуллас, дегин, ўшанда Одилхонни бағримга босиб турганимда шулар ҳаммаси лип-лип этиб кўз олдимдан ўтди. Тўлиб кетдим-да кейин.

Бир пайт қарасам, Одилхоннинг кўзларини мунг босди. Йиғидан ҳам ёмон мунг.

– Бувимни ёлғиз ташлаб келавердим, Маҳам ака,– деди у хўрсиниб.

Бирдан ҳушимни йиғдим. «Менинг-ку йиғиларим соғинчдан, Одилхоннинг кўнглини бузиб нима қиламан?» деб ўйладим.

– Қўй, сиқилма, ука, – дедим унинг руҳини кўтарган бўлиб. – Ҳали ҳаммаси ўтиб кетади.

Жангчилар ҳалидан бери бизга анграйиб қараб туришарди. Ёши ўтинқираган бояги серсоқол аскар келиб мендан:

– Киминг бўлади, ҳамюртингми? – деб сўради.

– Қанақа ҳамюрт? Укам бу, укам! – дедим бақиргудек бўлиб.

Жангчилар чувиллай кетишди. Ҳамма бир-бир мени қутлаб чиқди.

– Қандай бахтлисизлар-а! Ака-уканинг топишганини қаранг!

– Бир-бирларингга ўхшамайсизлар лекин…

– Буям ярим йил бу ёқларда юрсин, ўхшаб кетади.

– Инин, жас коринеди, Маҳамбет, – деди Сарсан. – Он сегизге келдим дейди, бирақ эли жас қой.

Шундагина эсимга келди. Ахир, Одилхон ҳали ёш-ку! Урушга қандай келиб қолди?

Одилхоннинг елкасидан тутиб ўзимга қаратдим: қаршимда бўйчангина, лекин озғин, рангпар, нигоҳлари маъюс бир бўз бола турарди…

Етаклашиб, штабга бордик. Командир икковимизга бошдан-оёқ қараб чиқди-да, ишонқирамай:

– Чини билан туғишган укангми? – деди.

– Туғишган укам! Фақат, фамилияларимиз бошқа.

– Майли, кечгача рухсат. Қоронғи тушмасидан тағин шу ерга опкелиб қўясан,– деди буйруқ оҳангида.– У ёғини кейин ўйлашиб кўрамиз.

Қўлтиқлашиб, йўлга тушдик.

– Ўн саккизга бордингми дарров? – деб сўрадим секин.

– Йўқ. Яқинда ўн олтига тўламан… Уларни алдаган эдим.

– Узинг ариза бериб келдингми? Одилхон кулди.

– Бувимни ташлаб қандай ариза бераман, Маҳам ака! Қоғоз келди менгаям. Жамоанинг дафтарида ёшим ўн саккизда экан.

Миямга не хаёллар келмади ўшанда, болам. Қишлоқдаги бари эркак урушга кетиб, энди болалар ҳам олина бошланибди-да, деб ҳам ўйладим. Юрагимни ваҳм босди. Лекин индамадим. Нима дейишимни билмасдим.

Одилхон менинг саросар хаёлларимни қувиб юборди. Унинг ўрнига янада ваҳимали гапни айтди:

– Мен энди ўламан, Маҳам ака. Мен бу ёқда ўламан, бувим у ёкда…

– Қўй-э мунақа гапларни! – дедим унга далда бериб. – Урушга келган ҳамма ўлиб кетаверса… Сени манови дуторинг асрайди, мени айтди дейсан. Дарвоқе, дуторни қандай опкелдинг?

– Шундай – елкамга осдиму келавердим. Бунинг сопи калтароқ.

Одилхон бирдан чўнтак кавлашга тушди. Кафтдеккина букланган қоғоз чиқариб, менга узатди.

– Сизга…

– Менга?! Нима бунинг?!

– Йўлга чиқишимда, холам билан келинаям бизникига келишган эди… Хат ёзиб беришди.

Ҳаяжондан қўлларим қалтираб, қоғозни очдим. Хатга тез-тез кўз югуртириб чиқдим. Тағин қайта ўқидим. Сўнг уни тўрт буклаб, кўзларимга суртдим, ўпиб-ўпиб пешонамга суртдим. Ва бирдан кулгим қистади.

– Менга йўлиқишингни қаёқдан билишибди у авлиёлар! Ахир, дунёнинг нариги буржига тушиб қолсанг нима бўларди?

– Айтдим мен ҳам. Уруш жуда катта жойда бўляпти, Маҳам акамни кўраманми, йўқми, дедим, бирибир беришди.

Тўхтаб, Одилхонни шартта кўтариб олдим.

– Етказганига шукр! Раҳмат, ука!.. Қишлоқдан гапир энди – омонликми, тинчликми?

– Бир нави-да. Кун ўтиб турибди… Тоғам, холамлардан хавотир олманг, ҳаммаси соғ-саломат. Ўғлингизни ҳам кўрдим, дадамни опкелинг, деб қолди.

Ўғлим!

Қайси кўзларинг билан кўрдинг, Одилхон, кел, ўша кўзларингдан бир ўпай! Қўлчаларини қайси қўлларинг билан сикдинг, Одилхон, кел, ўша қўлларингни кўзимга сурай! Сен келтирган хушхабарлар менга қайта жон ато этди, Одилхон, кел, оёкларингни тавоф қилай!

Кунлар шу тарзда ўтаверди. Бу орада тағин икки жойга кўчдик. Биринчи сафар қаттиқ жанг билан, иккинчи сафар шундоқ ташлаб кетилган қишлоққа кириб бордик. Одилхон билан гоҳ бирга бўлдик, гоҳ уч-тўрт кунгача ҳам кўришмай юрдик.

Бир куни у менга юрагини тирнаётган дард-ҳасратини тўкиб қолди.

– Ўрмон жамоа мени хароб қилди, Маҳам ака! Ёмон куйдирди лекин. Мен-ку келаверардим, лекин бувим. Ёшимни ҳам ўша катта қип ёздимикан дейман. Ўзи раис, ҳамма нарса қўлида…

– Билмайман, Одилхон, – дедим. Ҳақиқатан ўша тобда нима дейишимни билмасдим.

– Ўрмон ака жуда ёмон бўпкетган ҳозир, Маҳам ака, деди Одилхон яна хомушлик билан. – Нега бундай золим-а? Шу, мени жуда ёмон кўради, биламан. Бўлмаса… Аслида, у мени бўлакча куйдирди. Ёшимни катта қип ёзгани унисининг олдида ип эшолмайди!

Шундан кейин Одилхон бошидан ўтган воқеаларни бирма-бир менга айтиб берди.

17

 

Баҳорги буғдой етилай деб қолган палла эди. Шолипоялардан кечасию кундузи милтиллатиб сув оқиздирилиб қўйилган. Аҳён-аҳёнда карталарнинг у ер-бу ери ўпирилиб, сув тошади. Таги сидирғасига шағал эмасми, сув ўзига бир йўл топиб олса – тамом, ўша ёққа уриб кетаверади. Кўпинча, каламушларнинг ини сув тортади. Тунов куни Одилхонларнинг шолипоясида ҳам шундай бўлибди. Устига-устак, иннинг нариги боши сал пастроқда – буғдой пайкалининг ўртасида экан. Пайкал қўшниники эди. Одилхон кечки пайт ишдан (оиланинг тирикчилигини тебратиб туриш умидида у ўтган йили Шўрсувдаги нефть конига ишга кириб олган эди) қайтаётиб, шолипоянинг сувидан хабар олгани тикка жарга келди. Келса – ҳалиги аҳвол, дарров чим босиб, ўпқоннинг йўлини бир нави тўсди. Тиззасигача сув кечиб, ўша жойни роса тепкилади.

Бугун иши иккинчи сменада. Бувиси касал эди. Чой-пой қилиб тепасида пича ўтирмоқчи бўлди, Ширвон хола унинг кўнглини тинчитди.

– Мени ўйлама, болам, ишингга кетавер…

– Ишга ўн иккидан кейин бораман, буви. Иккинчи исменмиз,– деди Одилхон куйиниб.

– Бўлмаса, вақтинг бор экан, буғдойдан хабар ол. Сув уриб кетмасин тағин.

Одилхон ноилож отланиб, Кичикжарга йўл олди. Келиб шолипояларни, буғдой далаларини айланиб кўрди. Ҳартугул тинчлик экан. Эҳтиёт шарт, тағин тўрт-бешта чимни паллам-паллам қилиб кўчирди-да, тунов кунги ўпқоннинг оғзига келтириб босди. Кетмоннинг орқаси, кейин сопи билан ниқтаб-ниқтаб қўйди. Кўнгли хотиржам тортиб, қўшниларнинг пайкалларини ҳам айлана бошлади. Буғдой бошоқлари тилла рангга кирган, ҳадемай ўриб олишга тайёр эди.

Одилхоннинг кўнгли яйради. Бирор соат шу тахлит айланиб, пайкалларнинг четига чиқди. Марзага ёнбошлаб, осмонга тикилди. Осмон беғубор эди, беғубор осмон бағрида гала-гала чумчуқ гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа учиб юрарди. Одилхон бир зумга дунёнинг ташвишларини унутди, икки йилдан бери давом этаётган, элнинг бошига не-не фалокатлар ёғдирган уруш ҳам, уйда касал ётган бувиси ҳам, Шўрсувдаги иши ҳам бирпас олис-олисларга чекингандек бўлди.

Бундай пайтлар Одилхонга дунё торлик қилиб қолар, куйламаса туролмас эди. У осмондан ҳам йироқларга кўз тикиб, томоғини дутор қилиб, суюмли куйларидан бирини «черта» бошлади. Аста-секин жўр бўлди. Куйга ашулани улади, ашулага куйни улади, юраклари тўлиб айтаверди, айтаверди.

 

Жон бағишларда лабинг юзингга жон айлай фидо,

Қатлим айлар чоғда қилғон изтиробингга ўлай…

 

Улкан олам қаршисида ёлғиз ўзи қолган эди, овозини бор бўйича қўйиб юборди.

Толпиниб ўғлон каби сайёдини домида қуш, Қўйки, бир дам чирмашиб банди ниқобишта ўлай…

Эҳ, кўнгли бир яйради-ей! Одилхон ўзининг қўшиғига куйлади, далалар ўзининг қўшиғини куйлади – беғубор осмонда учиб юрган қушлар муаллақ қотди.

Шоли, буғдой пайкаллари кўз илғамас қадар бепоён. Шу бепоён пайкалларга ҳадемай шир-шир ўроқ тушади. Буғдойлар хирмонларга уюлади, бир чеккадан ёйиб-ёйиб янчилади. Янчилган буғдой тағин хирмонларга уюлади, устига эски-туски шолчами, қопларми ёпиладида, ҳилпинди шабада истаб, умидвор кўзлар Бўёб тарафларга қадалади. Аёллар билан болалар куйлашади…

 

Шамол, шамол, келақол,

Бугдойимни ўрақол.

Хирмоним чўнг – келиб кўр,

Шопир-шопир – елиб кўр.

Буғдойи менга бўлади,

Сомони сенга бўлади.

 

Шабада эса бошлайди. Хирмонлар устидан шолчалар, қоплар олиб ташланади. Буғдойлар шопирилади, кейин қопларга жойланади, тегирмонларга ташилади. Тегирмон-тош айланаверади, айланаверади. Зиҳидан оппоқ ун оқаверади, оқаверади. Боши, қоши, соқол-мўйлови буткул окқа беланган қирғиз амаки – Бобоқул тегирмончи оппоқ тишларини кўрсатиб, жилмаяди…

 

Оқиб-оқиб кел-а, буғдойим,

Менга боқиб кел-а, буғдойим.

Уйгинамнинг тўри сенга,

Юрагимнинг қўри сенга –

Сени мендан, мени сендан

Айирмасин-а, илойим…

 

Хонадонларга қут-барака ёғилади. Кексалар ҳам, болалар ҳам бирдай шод – ҳамма унни кўзига суртади, гўё оламда сира уруш бўлмаётгандек, не бир юртларда одамлар қирилиб кетмаётгандек. Ҳовлиларда болаларнинг сурони бошланади. Тандирлардан оловларнинг ёлқинлари сачрайди. Кўшниларга бирин-кетин оқлик – кулчалар чиқарилади. – Олинг, қўшнижон, ўзимизнинг жайдари буғдойдан!» Раҳмат, қўшнижон! Буниси – сизларга, ўзимизнинг буғдойдан!»

 

Уйгинамнинг тўри сенга,

Юрагимнинг қўри сенга

Сени мендан, мени сендан

Айирмасин-а, илойим…

 

…Одилхон ҳамон ўзининг қўшиғини куйлаётган эди, пайкаллар ўзларининг қўшиқларини қуйлаётган эдилар, иккаласи ҳам бараварига тинчиб қолди. Пайкаллар узра:

– Одил ака! Одил ака-а! – деган товуш таралди. Одилхон бошини кўтарди. Жаркўчанинг четидаги марза устида бир бола кўринди. Одилхоннинг дилида хавотир уйғонди, дабдурустдан: «Бувим юбордимикан?» деган ўй ўтди. Эти учиб, тиззалари қалтираб, ўша ёққа қараб чопди. Хайрият, тинчлик экан. Фақат… болакай унга бир қоғоз тутқазди.

– Нима бу? – деди Одилхон ҳовлиқиб.

– Билмайман. Ўрмон тоға бериб юборди.

Одилхон кўнгли бир нимани сезиб, қўллари ҳаяжондан титраб-қалтираб, қоғозни очди…

– Менгами? Адашмадингми?

– Сизга. Ўрмон тоға тағин тайинладики, ҳозироқ етиб бораркансиз.

Одилхоннинг кўз олдига беихтиёр касал ётган бувиси келди.

– Уйга ўтмадингми мени излаб?

– Йўқ, тўғри шу ерга келдим.

– Майли, ҳозир бораман. Лекин мен қоғоз олганимни бировга айтма, хўпми?

– Хўп!

Болакай тупроқни чангитиб, қишлоққа чопа кетди. Одилхон жаркўчанинг қоқ ўртасида, титроқ қўлларида чақирув қоғозини ғижимлаганча, аллапайт серрайиб туриб қолди Кейин кўнглида бир илинж – кимдир биров адашганов деган ўй билан пайкал бошидаги кетмонини ҳам олмасдан болакайнинг кетидан йўлга тушди…

Бироқ ҳеч ким янглишмаган экан.

Қайтага, Ўрмон жамоадан эшитмаганини ҳам эшитди.

– Ҳали ёшим етмаган-ку, Ўрмон ака?.. – деган эди балога қолди.

– Уят, Одил, уят! Соқол-мўйловинг қорайиб қолибди-ю ёшман, дейсан-а! Ёш бўлиб… неччига кирдинг, биласанм! ўзинг? Оғзингдан чиққан гапни қара-ю! – Ўрмон жамоа устига қизил мато ёпилган жавоннинг ғаладонини тортиб ундан бир қоғоз олди. – Мана бу нима? Саводинг борку ўқи-чи! Ё, ҳукуматнинг қоғозига ишонмайсанми? Ўрмон жамоа овозини янада баландлатди. – Ёшим етмаган деб урушдан яшириниб қолмоқчимисан ё? Гапир! Сени деб у ёкда аскарларимиз жон олиб, жон бериб ётса-ю, сен бу ерда, ҳали гўдакман-ку, деб кўзингнинг илдигини оқиздириб ўтирсанг! Газит ўқийсанми, радио эшитасанми ўзи? Ҳозир эна сути оғзидан кетмаганлар ҳам урушга боряпти, ҳеч ким уларни бўйнидан судрагани йўқ, ўзлари боряпти, қаҳрамонлик кўрсатяпти! Сен бўлсанг… Хайф-э!

Одилхон, бошига гурзи егандек, мияси палағдаланиб, индамай тураверди. Гап тополмай қолди. Гап топгани билан Ўрмон жамоага бас келиб бўлмасди. Икки йилдан бери кўриб юрибди: жамоа идорасига не-не одам дод деб келиб, бўйнини эгиб кетган. Уруш бошлангандан бери Ўрмон жамоа бутунлай ўзгарди-қолди – гап кўтармайди, серзарда, одам билан очилиб-ёзилиб гаплашмайди, эртаю кеч қафасидан чиқмайди. Уйида ҳам кам ётади…

Одилхоннинг кўнгли вайрон бўлди, нажот истаб, тағин Ўрмон жамоага термилди. Ўрмон жамоа Одилхоннинг мўлжаллаган нигоҳидан кўзини олиб қочди.

– Бувим касал эди…– деди Одилхон.

– Нима дединг? Яна бир қайтар! Мен касалмасманми? Менинг бувим касалмасми? Билсанг, ўн кундан бери ухлаганим йўқ! Туз тотмаганимга икки кун бўлди. Маҳримга тушганми бу идора, а? Ҳамма менга йиғлаб келади, мен кимга йиғлайин? Йўқ, йиғламайман! Йиғламай, жим юрибман-ку! Ҳукумат менга ишониб, шу ерни бериб қўйибди, бундай долғали замонда ўзимни олиб қочайинми? Урушни мен очганим йўқ, бола, борсанг, бурчингни ўтагани борасан, билдинг! Ҳарбий бурчингни! – Ўрмон жамоа пешонасига тепчиган терни бармоқлари билан сидириб ташлади. Энди сал ҳовридан тушиб, авраш оҳангида таҳдидга. – Менга қара, Одил, мен сени укам деганман. Қишлоқда хамма сени яхши кўради, энди бирдан ёмонотлиқ бўлиб қолмагин тағин! Минғир-минғирни йиғиштирда, йўл тадоригингни кўравер! Бўлмаса, дизиртир деб паттангни қўлингга бераману мелисага топширвораман!

Ўрмон жамоа билан тортишиб, обрў топмаслигини Одилхон энди яққол сезди. Сезиб, тақдирга тан берди.

– Қачон кетамиз? – деди лаблари қалтираб.

– Ана бу бошқа гап! Йигит киши деган сал мундай кўзёшини тияди… Эртага эрталаб шу ерга келасан! Йўлга емак, иссиқроқ кийим ол, билиб бўлмайди у ёқларни… Бориб, Ширвон холага яхшилаб тушунтир, дод солиб келмасин бошимга. Мен сени яхшироқ жойига ёздим, қийналмайсан, тезда қайтаман экан, де бувингга… Кун чиққанда сени тағин шу ерда кўрай! Аммо-лекин, кўзингни оч, бола!

Ўрмон жамоанинг кейинги таҳдиди Одилхоннинг ич-этидан ўтиб кетди: «Мени ким деб ўйлаяпти, наҳот, ҳой бирон ёққа қочиб кетсам? Бувимни ташлаб-а?»

Одилхон уйга ета-етгунча эзилиб, юрагини ғижимлаб-ғижимлаб келди. У шу тобда урушга боришдан қанчал қўрқаётган бўлса, қочишдан ҳам шунчалик, балки ундан ортиқроқ қўрқар эди.

Ҳовлилари бир зумда тўс-тўполон бўлиб кетди. Ширвон хола тупроққа беланиб, сочларини юлиб, юзларини тимдалаб, етти маҳаллага етгудек ваҳимали овозда дод сола бошлади, касалини ҳам унутди. Одилхоннинг дадаси чавақланганидан буён бунақа фарёд чекмаган эди у! Бирпасда қўни-қўшни йиғилди.

Шаҳид кетган отадан мерос – болохонали шу кичнина хонадон ўша куни барча дардларга, дардкашларга, аламларга, аламлиларга бир сағана жой бўлди.

Хотинлар Ширвон холанинг ҳолига ачиниб, ўзларинш ҳасратларини қўшиб кўзёши тўкдилар. Кексалар Одилхонни ўртага олиб, кўнглини кўтарган бўлдилар.

– Пешонангда бор экан, ўғлим. Йигит кишининг синови кўп ҳаётда. Биттаси шу-да! Қўлимиздан нима келарди. Ой бориб омон кел! Онангдан кўнглинг тинч бўлсин, ўзимиз қараймиз, ташлаб қўймаймиз. Бу кунлар ҳам ўтар-кетар. Қайтар дунё бу – Ўрмон ҳам аталгани бордир,– дедилар.

Шу куни ҳеч ким ухламади. Урушда фарзанди ё эри, акаси ё укаси борлар бир-бирларига бермай Одилхондан салом йўллашар, саломларини албатта етказишини қайта-қайта илтимос қилишар эди. Айримлар ўтириб, эринмай хат ҳам битиб берди.

Ширвон хола ўша кечаси худди бундан ўн уч йил илгар бўлганидек, бирдан тилдан қолди. Бир сўз деёлмай йиғлайверди, йиғлайверди. Эрталаб, Одилхон жўнар маҳали униц кўзидан ёш келмай қолган эди. Ўғилгинасининг, ёлғизгинасининг бўйнига унсиз осилиб олиб, пешонасидан, юз-кўзларидан ўпаверди.

– Бечорага қийин бўлди,– дерди аёллар.

– Дийдаси қотди,– дерди чоллар. Ширвон хола энди йиғламас, гапирмас ҳам, фақат панжалари чангак бўлиб қотганча, Одилхонга ёпишиб қолган эди…

Гузарга шу кўйи – она-бола бир-бирларига суяниб, миқ этмасдан келдилар. Одилхоннинг орқасидан ярим қишлоқ кўчиб чиққан эди. Буни кўриб, у ҳарчанд ўзини тиймасин ичидан бир нима босиб келаверди. Йиғи эмас, ваҳм эмас,севинч эмас, билмайди – нима! Ўзига ҳамдардона боққан одамларни кўриб, ғалати бир ҳолатга тушди. Энди у уруш тугул, ундан нарига боравермайдими!

Ширвон хола ҳануз жим эди: на товуш чиқариб йиғлади, на бир сўз айтади.

Тушгача гузарда қолиб кетдилар. Ҳали ҳамма йиғилмаган эмиш. Лекин жамоа идорасининг олдидаги майдонлар, ҳовуз атрофлари шундоқ ҳам одамга тирбанд. Ўйин-улги, йиғи-сиғи бугун бир ерга йиғилган бу кун ҳеч бирови одамга оғир ботмайди. Бугуннинг ўйин-кулгиси йиғи билан, йиғи-сиғиси ўйин билан баробар!

Кимдир дутор келтириб, Одилхоннинг қўлига тутқазди. У торини, ўзининг суюмли дуторини Одилхон юраги тўлқинланиб, ҳовуз четидаги кесилган дарахтнинг тўнкасига бориб ўтирди, ёнида бувиси, бувижониси чангак қўллари ҳамон унинг бўйнида. Одилхон дуторни бир-икки тинғиллатиб, торларини созлади. Сўнг оҳиста-оҳиста черта бошлади…

 

Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай?

Гар ғамима шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай?

 

Одилхон урушга – муқаддас урушга бораётибди, яхши қол, Она! Одилхон урушга – муқаррар ўлимга бораётибди, яхши қол, қишлоқ! Одилхон урушга – қиёмат-қойимга бораётибди, яхши қол, Қатронтоғ! Одилхон урушга – борса-келмасга бораётибди, яхши қол, Нурсухариқ! Одилхон урушга – ўзи билмайди «не»га, бораётибди, яхши қол, она юрт! Яхши қолинг, одамлар!

 

Қисми азалға шодмен, буки фалак риояти,

Ҳолима ошкора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай?

 

Гузарда оҳ урмаган кимса қолмади. Одилхоннинг овози Нурсухариқнинг шовиллашини ҳам босиб кетган эди…

Бирдан оломон ғала-ғовур бўлиб кетди. Идорадан Ўрмон жамоа билан бир ҳарбий киши чиқиб, йигитларнинг номларини айтиб чақира бошладилар. Саф тизилди. Атрофдаги қишлоқлардан бўлиб, бор-йўғи ўн беш йигит фронтга борар экан.

Йигитларни ичкари олиб кирдилар. Тепаларида нималарнидир айтиб туриб ёздирдилар, саводи йўқларга ўзлари ёзиб бердилар. Аллақандай қоғозларга имзо чектирдилар, ниҳоят, юкларини кўздан кечирдилар. Хайрлашиб одинглар, деб ярим соатга рухсат бердилар.

Одилхон индамай бувисининг кўксига бошини қўйди. Қўйди-ю кўз ўнгида беихтиёр бундан ўн уч йил илгар мудҳиш манзара жонланди. Чавақланган ота… уй тўри қон… сочини юлган она… бир бурчакка биқиниб, чинқираб турган бола… Шу бола – ўзи эди! Ўн уч йил илгар бу мудҳиш манзарани у ҳақиқатан ўзи кўриб, эслаб қолганми ё бувисининг қайта-қайта ҳикоялари оқибатида хотир муҳрланиб қолганми – Одилхон билмайди, лекин шу тобда у ўша манзарани яна бир марта аён кўрди. Юраги маҳо олиб, кўзларини юмди. Юмди-ю беҳаловат манзара таъқибидан халос бўлиб, ҳаловатли хаёллар оғушига чўмди. Ва бирдан… шартта бувисининг кўкрагини очгиси, очиб эл-юрт олдида, тўйиб-тўйиб эмгиси келди.

Ширвон хола шунда ҳам миқ этмас эди. Кўз соққал бир жойда қотган, нигоҳлари сўник… Одамлар уни Одилхондан ажратаётганларида, шилқ этиб уларнинг қўлига йиқилди. Одилхоннинг сўнгги бор кўргани шу бўлди – одам. унинг бувисини, бувижонини авайлаб кўтарганча, уйга томон йўл олдилар. Одилхон чидаёлмади, «Бувижон!» ўкириб юборди.

Одамлар тўхтадилар. Ширвон холанинг юзини Одилхон тарафга ўгирдилар: унинг кўзлари юмуқ эди…

Жамоа идораси илгари чойхона бўлган эмасми, ичкарида талай ҳужралари бор эди. Йигитларни ўша ерга олиб кирдилар. Ана кетамиз-мана кетамиз билан қоронғи туша бошлади, лекин бир кимса уларни йўлга бошламади. Йигитлар жинчироқ ёқиб, чеккадаги бир ҳужрага ғуж бўлиб кириб олдилар. Ҳамон жимжит. Одилхонинг кўнглига ташвиш оралади. Энди унинг бу ерлардан тезроқ кетиб тезроқ уруш бўлаётган ерларга етгиси келмоқда эди.

Тошфонус кўтариб ҳужрага кимдир кирди. Соқчи экан. Одилхон ўрнидан туриб кетди.

– Биз қачон кетамиз, ака? – дея сўради ҳовлиқиб.

– Эртага,– деди соқчи хотиржам. – Бугун мошин келмай қолди, эрта билан жўнайсизлар.

Одилхоннинг миясига ялт этиб бир фикр келди.

– Эрталаб кетадиган бўлсак… унда уйимга бор ётаверайда, ака, – деди юраги ҳаприқиб. – Бу ерда нима қиламан?

Одилхоннинг шериклари ҳам шу атрофдаги қишлоқлардан эди, бирдан чуғурлай кетишди.

– Бизники Туюлда, бир қадам.

– Билганимизда, биратўла эртага келардик…

– Менинг уйим ҳам яқин: Нурсухариқни сакраб ўтсам – Кайқубод… Жавоб берақолинг.

Соқчи овозини баландлатди.

– Рухсат йўқ!

Одилхон энди ёш боладек ялина бошлади:

– Жон ака, бувимнинг аҳволини ўзингиз кўрдингиз… Бораверай! Ё қочиб кетади деб ўйлаяпсизми?

– Ўйламаганим билан сенга нима, ука? Рухсат йўқ, дедимми, гап – тамом!

Одилхоннинг энди алами қўзиди.

– Бу ерда ўтирганим билан ёғи чиқармиди…

– Билмайман, укам, ана, хўжайиндан сўра. Мен рухсат беролмайман!

– Ўрмон акаданми? У киши ҳозир уйларида ўтиргандир?

– Шу ерда… Ёзув-чизувини қиляпти.

Одилхон Ўрмон жамоанинг кечаги важоҳатини кўз олдига келтирди-да, тағин соқчининг ўзига ялинди.

– Ака, жон ака, сиз сўраб беринг! Менга йўқ дейдилар-да. Сиз айтинг. Барибир бу ердаям ухламай чиқаман…

Соқчи индамай чиқиб кетди. Бирпас ўтиб, қайтиб келди.

– Рухсат йўқ, – деди совуққонлик билан. – Бир қадам ҳам жилмасин, деди.

– Бувимни айтмадингизми, ака?

– Айтдим. Бир марта хайрлашди, етади, бувиси касал бўлса, бориб, қайтага унинг кўнглини бузади, деяпти. Бу ердан чиқиш мумкин эмас экан. Сизлар энди аскарсизлар, ука, ҳарбий закун!

Одилхон йиғлаб юборай деди. Сўнгги марта илтижо қилди:

– Бўлмаса, бир бориб келай, ака! Лоақал бувим менинг шу ердалигимни билсин!..

– Бўлди, хотинларга ўхшаб, ғинғиллайверма! Шундай дея, тошфонусини ликиллатганча, ҳужрадан чиқди соқчи. Одилхон бўзлаб-бўзлаб қолаверди.

Аллапайтгача сассиз-садосиз ўтирдилар. Жинчироқ лип-лип этиб, охири ўчди. Биров уни ёқмади. Ташқарига қараган кичкинагина деразадан ҳужрага хира ойдин тушди. Кўзлар ўрганиб, одам одамни кўрадигап бўлиб қолди.

Кимдир пайпасланиб келиб, Одилхоннинг биқинига чўкди.

– Шу қишлоқданмисиз, ука? – деди меҳрибонлик билан унинг елкасига қўл ташлаб.

Одилхон унсиз бош қимирлатди.

– Манов йигит ёмон экан, – деди у киши яна ўшандай меҳрибонлик билан, ҳужранинг эшигига ишора қиларкан.

– Бизники Кўрғончада… Сизга жавоб бермади-ю, бизга йўл бўлсин!

– Уям одам-ку ахир! – деди Одилхон куйиниб.

– Одам бўлсаям… ёмон экан.

– Бунинг ўзида гап йўқ,– дея оркадан кимдир гапга аралашди. – Соқчиям жамоанинг буюрганини қилади-да.

– Жамоа ҳам ёмон экан, – деди «меҳрибон» яна. – У ҳам шу ерлик, а?

– Ҳа, ўзимизнинг қишлоқдан… – Шуни айтиб, Одилхон ёш боладек ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди.

– Қўйинг, ука, йиғламанг.

– Йиғламанг,– дейишди бошқалар ҳам. Овозидан, гапларидан «меҳрибон» киши ҳужрадагиларнинг ичида ёши улуғи эди. Унинг далдаларидан Одилхон пича таскин топгандек бўлди. Сўнг аста ўрнидан туриб, дераза яқинига борди. Чанг, кир босган ойнадан узоқ-узоқларга – қоронғилик қаърига тикилиб, хийла муддат ўша ерда туриб қолди. Кейин қайтиб жойига ўтирди.

– Болохонамиз кўриниб турибди… Одам борми, чироқ ёниқ.

«Меҳрибон» киши ҳам туриб, деразага якин борди. Қўйнидан нимадир чиқариб, ойнани обдан артди. Сўнг кафтини кўзига соябон қилиб, туйнукка тиралганча, узоқ-узоқларга – қоронғилик қаърига тикилди.

– Ҳов анави милтиллаётган жойми? – деб сўради худди ўзининг уйини кўраётгандек шод овозда. – Кўринаркан…

Шундан кейин ҳужрадаги қолган ўн уч йигит ҳам галма-гал туйнукнинг олдига борди, кўлини кўзига соябон қилиб, ойнага тиралганча, узок-узоқларга – қоронғилик қаърига тикилди.

– Ҳов ана, кўряпсизларми! Сал ўнгроққа каранглар… Ҳа-ҳа, ўша! – деб турди «меҳрибон» киши.

Ҳаммадан сўнг тағин Одилхон борди, шу бўйи то саҳаргача туйнук олдидан жилмади. Тонг бўзариб оқаргунча ўзи минг бора бўзарди. Бир пайтга бориб болохонадаги чироқ ҳам ўчди, лекин у уйидан кўз узмай ўтираверди.

18

 

– Ўша кеча уйимдан, касал бувимдан бир қадамгина нарида ўтириб чиқдим, Маҳам ака, – деди Одилхон чуқур уҳ тортиб. – Бордиртирмади ҳароми!

Унга қандай таскин-тасалли бериш мумкин? Қўшилишиб Ўрмонни сўккан билан дарди енгиллашармиди?

– Хафа бўлма энди, – дедим ичимдан қайнаб келаётган ғазабни босиб. – Ўрмон тўғри айтибди, борганингда, тағин ҳаммаси бошқатдан бошланарди… Ширвон холанинг ҳам кўнглини алағда қилардинг.

– Йўқ, Маҳам ака, осмон узилиб тушсаям боришим керак эди! Ўша туйнукчанинг ойнасини синдириб бўлса ҳам боришим керак эди! Бошқасини билмайман!

Одилхон рост айтади. Ўша тобда унинг кўнглидан кечган ўй-хаёллар чин эди, менинг кўнглимдагиларга яқин эди. Лекин мен унга нима ҳам дердим?! Уни овунтирадиган сўз борми ўзи?! Мен ҳам биламан – у уйга бориши керак эди. Бориб, бувисининг кўксига яна бир марта бош қўйиши, «Қараб туринг, бувижон, бир куни худди бугунгидек туйқус олдингизга қайтиб келаман. Кўксингизга мана шундай бош қўяман, сиз бугунгидан ҳам севиниб кетасиз!» дейиши керак эди. Мен нуқул шуни ўйлайман, болам, урушдан тирик қайтмасини билганида ҳам Одилхон ўшанда уйига бориши керак эди, дейман. Ахир, яна бир кечагина бувисининг бағрида ётса, яна бир мартагина «Бувижон!» деса бўларди-ку! Шуни ўйлаб, ҳалигача бошим қотади, юракларим зириллаб-зириллаб кетади. Одилхон тағин бир кеча ўз уйида, бувижонининг бағрида ётганида. ўлмас эди. Сўзимга ишон, болам, у омон кайтарди!

Лекин… Кўп ўтмай Одилхондан айрилиб қолдим… Болам, мен тасодифан уни топиб олган кунимдан бошлаб, урушдан икки ҳисса қўрқадиган бўлиб қолган эдим, Ўзимни унутдим, фикри-ёдим Одилхонни асраш билан банд бўлди. Қандайдир мудҳиш нарса рўй беришини ич-ичимдан ҳис килардим. Йўк, виждоним олдида покман, мен унга сира ўлимни раво кўрган эмасман, лекин барибир ниманидир сезардим. Чунки Одилхон бу дунёнинг одами эмасди! Ҳа, бу дунёга адашиб келиб қолгандек эди у! Мен буни ўзим ўйлаб айтаётганим йўқ, мен буни уруш бошланмасидан ярим йилча олдин, қишда, боя айтганим Ҳамрокул қорининг оғзидан эшитганман. Кейин ўзим ҳам шунга бот-бот амин бўлдим.

Бир жумада чоллар ҳалфанага ош килган экан, давраларига Одилхонни чорлашибди, қадим ашулалардан айтгизиб, кўнгилларини хушнуд этмоқчи бўлишибди. Одилхоннинг овозини эшитиб, чойхонага биз ҳам кирдик, чолларнинг даврасига қўшилдик. Одилхон ўртада, гирдогирдида ўн чоғли кекса-ёш. Одилхон дутор чертиб, хониш қиляпти, теварагидагилар кўзларини юмиб, чайқалиб ўтиришибди. Бундай пайтда одам ўзидан бўлакни унутади..

Пайқамай қолибмиз, чойхонага дарвеш қиёфасидаги бир киши кирибди, чойхоначи унинг олдига патнисда битта нону уч-тўрт чақмоқ дур новвот қўйибди, у киши ҳам бизга қўшилиб, Одилхоннинг нағмаларини тинглаб, чой ичиб ўтираверибди…

Мен давранинг четроғида эдим, бир пайт кимдир биқинимдан туртаётганини сездим. У бошини қимирлатиб, ҳадеб имлар эди, яқинига сурилдим, салом бердим. У дарвеш эмас, кўзи ожиз бир киши экан.

– Ким бу бола? – деди у, ҳассасининг учини Одилхон томонга йўналтириб.

– Одилхон…– дедим ҳайрон қотганча.

– Киминг сенинг?

– Ҳеч кимим. Ҳамқишлоқмиз.

– Ана бу ўтирганларнинг кими бўлади? – У худди бутун даврани кўраётгандек комил ишонч билан гапирарди.

– Ҳеч кими…

– Отаси борми?

– Шаҳид кетган. Битта бувиси бор.

У киши Одилхон қўшиқ айтаётган тарафга яна хиёл муддат «қараб» турди-да, қўйнига қўл суқди. Чойхалтага ўхшаш бир нима чиқарди. Тағин қўл суқиб, кафтдеккина қоғоз олди, тиззасига қўйиб, шилдиратиб, муштининг ёни билан текислади.

– Мана бу талқон Гулта тоғининг гиёҳларидан, одам зотининг оёғи босмаган уни, – деди у ҳафсала билан халтачанинг боғичини ечаркан. Талқондан пичасини қоғозга тўкди. Унинг ҳаракатларини кўриб турсангиз, сира кўр деб ўйламайсиз. Қоғозни худди нос ўрагандек ихчам буклаб, менга узатди.– Шу боланинг онасига олиб бор, тумор қилиб берсин. Бу бола қўлтиғига осиб олсин, дурустми! Лекигин, менинг гапларимни бўлак бировга айта кўрма. Бу бола бу дунёнинг боласи эмас! Ўзини эҳтиёт қилсин.

Дарвешсифат киши чойхонада қандоқ пайдо бўлган бўлса, шундоқ – сездирмай чиқиб кетди. Ўша куниёқ унинг омонатини Ширвон холага етказдим, Ширвон хола талқонни кўк духобага ўраб, тумор қилиб берди, Одилхон бу туморни елкасидан ўтказиб, қўлтиғига осиб олди, мен дарвешсифат кишининг гапларини ҳеч кимсага айтмадим…

Ҳамроқул қори деган машҳур ҳофиз ўша киши экан. Таърифини эшитганман-у, ўзини кўрмаган эдим. Танимай қолганим учун анчагача афсус чекиб юрдим. Одилхоннинг фиғонларидан эриб ўтирган кексалар ҳам уни пайқашмаган эди. Ҳамроқул ҳофиз гоҳ пиёда, гоҳ отда қишлоқма-қишлоқ кезиб, чойхоналарда, гузарларда, тўй-томошаларда ашула айтиб юради, деб кўп эшитганман. Ўшанда бизнинг қишлоққа ҳам йўли тушгану Одилхоннинг овозини эшитиб, чойхонага кирган экан. Лекин, болам, Ҳамроқул қори умрида илк бор келган жойидан қўшиқ айтмай туриб кетди…

Хуллас, ана ўша тилсим ҳам Одилхонни ўлимдан асраб қололмади. Туморлар ҳам, тилсимлар ҳам шу дунёнинг одамларига экан, Одилхон бу дунёники эмас эди, болам.

…Кузнинг ўрталари эди. Бир дарёнинг бўйига бориб қолдик, Днепр деган. Тонгда қаттиқ жанг бўлган эди. Бу ерга келгунча орқама-кетин иккита қишлоқни немислардан озод қилдик. Кейин тепадан буйруқ келдики, биз дарё билан қишлоқнинг ўртасига яхшилаб ўрнашиб олиб, қирғоқни ҳимоя қилиб туришимиз, бошқа қўшинлар фурсатни бой бермай тўхтовсиз нариги қирғоққа ўтиб олишлари керак экан. Аскарлар тоза ҳориган, ёт, деса, уч кун ётадиган аҳволда эди. Лекин дам олиш қаёқда дейсан, шошилинч ертўла, хандақ кавлашга киришдик.

Бир пайт ҳаллослаб олдимга иккинчи батальондаги Сарсенбой келиб қолди.

– Маҳамбет! Маҳамбет…– дейди-ю ўпкасини босолмайди.– Эдилхан… ининг…

Бирдан миямга қон қуйилгандек бўлди. Куракчамни халтага жойлаш ҳам эсда йўқ. Сарсен ишора қилган тарафга югура кетдим. Сарсен олдимга ўтиб олиб, нималардир дер, ўша тобда қулоғимга унинг ҳеч бир сўзи кирмас эди. Ҳалигача ҳайронман, оғир яраланган бўлиши ҳам мумкин эди-ку, менинг хаёлимдан эса ярқ этиб: «Одилхон ўлди!» деган ўй ўтди негадир.

Во дариғ! У кўрганим кўзларимдан ҳеч кетмайди. Икки йил ичида ўзим чеккан уқубатлар бир ён бўлди, ўша кўрганим – Одилхоннинг ўлими бир ён бўлди!.. Одамнинг белидек келадиган қарағайга, қўли орқага тортилиб, битта немис боғланган, оғзида латта, ўтирибди… Оёғи учида яна биттаси ғужанак бўлиб олиб… ўлиб ётибди. Тевараги қип-қизил қон. Шу, ётганидан беш қадам берида, автоматини маҳкам тутган кўйи, оёқлари икки ёнга керилиб, боши бошқа бир дарахтнинг тубига тиралганча… Одилхон жонсиз ётарди.

– Одилхон, иним, инижоним! – деб устига ташландим. Одилхоннинг калласи шилқ этиб ёнга тушди, танаси титраб кетди, шунинг баробарида тиринғ-тиринғ деган садо чиқди. Дутордан чиққан садо эди бу!..

Елкаси-ю белидан авайлаб қўлимни ўтказиб, танасини кўтариб турдим, қозоқ биродарим Одилхоннинг тагидан дуторни аста суғурди. Дутор синган эди. Сопи қорнидан ажраб кетган, симигагина осилиб турар эди. Худ-бехуд бўлиб Сарсенга термилдим. У кўзларини олиб қочди. Сўнг бир гапни айтдики, эсласам, ҳалигача баданларим жимирлаб кетади.

Немислар чекиниб, жанг тўхтагач, взвод командири Сарсенни асирлардан хабар олгани юборибди. Келса – ҳалиги аҳвол; бир немис қўллари боғланганича ўтирганмиш, иккинчиси ўзининг қонига ўзи беланиб ўлиб ётганмиш. Одилхон эса, автоматини маҳкам тутган ҳолда, елкасининг учи билан дарахтга хиёл суяниб турган эмиш. Сарсен ҳайрон бўлибди. «Эдилхан, мьшаньшг қольш ким шешти?» деб сўрабди у. Одилхон индамасмиш. Сарсен бориб: «Немене, уқтап қалғансмнба?» деб елкасидан бир туртса… Одилхон ўша ҳолича гуп этиб қулабди…

– Турган жеринде олип қалған ғой! – дейди Сарсен. Воҳ, болам, Одилхон тикка қолибди-я!..

Қарағайга боғланган асир ҳадеб типирчилар, ғинғиллаган товуш чиқариб юрагимни сиқар эди. Турасолиб қорнига, биқинига бир-икки тепдим, жим бўлди. Сарсен тутиб қолмаганида ўлдириб қўйишим турган гап эди.

– Асиқпа, Маҳамбет, – деди у ерга тупуриб. – Комондир они тергеди.

Мен ҳамон ўзимга келолмас эдим.

– Одилхон ҳали гўдак-ку, Сарсен!.. Бу маразларнинг қайси бири уни ўлдирдийкин, а, Сарсен?! – дердим бўзлаб.

…Нима бўлганини айтиб қўяқолай сенга, болам. Ярмини қозоқ ошнам айтиб берди, ярми ҳалиги тирик қолган немисни командиримиз сўроқ қилганидан кейин маълум бўлди.

Тонгги жангда Одилхон хизмат қилаётган взвод ҳалиги иккала немисни тириклайин қўлга туширган. Биттаси ёмон жойидан ўқ еган экан. Иккови ҳам офицер бўлгани учун уларни отиб ташлай қолишмаган. Апил-тапил қўл-оёғини боғлаб, ҳализамон орқадан санитарлар келади, шунгача қараб тур, деб пойлоқка Одилхонни қолдиришганда, ўзлари қочаётган душманнинг ортидан от қўйишган. Уларнинг батальони бизнинг сал пастроғимиздан ҳужум қилган эди, немислар дарёнинг қуйи томонига чекинавергандан кейин ўшаларнинг йўлини тўсиб чиқмоқчи бўлишганми, ишқилиб, тўхташга фурсат бўлмаган.

Одилхон, автоматни асирларга тўғрилаб, пойлаб тураверган. Анча кутган, санитарлар келавермаган. Бир ёкда десанг, ёмон жойидан ўқ еган ҳалигиниси ўтирган ерида типирчилаб, дод солиб бўкираверган. Шериги эса, ҳар хил имо-ишоралар билан Одилхонга нималарнидир тушунтирмоқчи бўлган. У – немис, Одилхон – ўзбек, тили тугул, имосиниям тушуниш қийин. Лекин у ияги билан шеригини кўрсатиб ғинғиллайверган, Одилхон ранги бўзариб тураверган. Охири тескари қараб олган. Бўлмаган. Келиб, ярадорининг қўлини бўшатиб юборган. Бечорага раҳми келган бўлса керак-да…

Эҳ, Нозимбек, Одилхон бўлакча бола эди! Раҳми келибди-я…

Ярадор асир энди ерга пийпаланиб инграй бошлаган. Тирик қолгани айтадики, Одилхонга қараб: «От! Отиб ташла! Барибир ўляпман-ку, отавер!» деб шунча тавалло қилганига қарамай Одилхон уни отмаган. Айтдим-ку, тилини қаёкдан тушунасан буларнинг… Икки соатлар ўтиб, ҳалиги немис ҳолдан тойган ва дод солишни ҳам, типирчилашни ҳам бас қилган. Бирдан ғужанак бўлиб, сўнгги марта бир иҳрангану… тинчиган. Сўроқ берган бунисининг гаплари тўғри бўлса, Одилхон ҳам шундан кейин турган жойида қотиб қолган…

– Қаттиқ қўрқиб кетган бўлса керак,– деди немисни сўроқ қилган тилмоч.

– Ўзиигни қўлга ол, Ортиқов, – дея командир меҳрибонлик билан иккала елкамдан ушлади. – Эркак киши йиғламайди… Менинг акам урушнинг биринчи куниёқ ҳалок бўлган… Урушда нималар рўй бермайди дейсан. Чидаймиз-да.

«Урушда нималар рўй бермайди…»/i

Лекин, нега энди Одилхон қурбон бўлиши керак?! Наҳотки, у ўз-ўзидан ўлган бўлса?! Бекор гап! Одам ўз-ўзидан ўлмайди. Уни кимдир ўлдирган!

…Одилхонни ўз қўлларим билан ўзимизнинг расм-русумни қилиб кўмдим. Бироқ унинг танасида на бир ўқнинг, на бошка нарсанинг изи бор эди… Синган дуторини дарёнинг бўйига олиб бориб, чакалакнинг шохига илиб қўйдим.

Унгача эса… кўр, кар, соқов ҳолимда роса тентидим.

Бир вақт бояги асирни олиб чикдилар, икковимизни дарахтзорнинг ичкарироғига бошлаб бордилар, уни ўн қадамча наридаги қарағайни қучоқлатиб боғладилар, қўлимга автомат тутқаздилар, тепкига бармоғимни тикдилар, «Бос!» дедилар, босдим…

19

 

Маҳам амакининг бир армони бор. Қишлоқнинг ўртасига халойиқни йиғсалар, Ўрмон билан уни бошлаб борсалар, Ўрмоннинг кўзини боғласалар, юзига қоракуя суртиб, эски жамоа идорасининг деворига қаратиб қўйсалар, Маҳам амакининг қўлига милтиқ тутқазсалар, тепкига бармоғини тиқсалар-да, «Отинг, Маҳамбой, отиб ташланг!» десалар, у отса…

Йўқ.

Қишлоқнинг ўртасига халойиқни йиғсалар, Ўрмон билан уни бошлаб борсалар… Маҳам амаки милтиғини ўзи топиб оларди, Ўрмоннинг кўзини боғламасдан, ўша деворнинг тагига турғазиб қўйиб, қоракуя суртилган юзини элга қаратиб… шартта пешонасидан отиб ташлар эди.

20

 

– Мана – давот, мана – қалам, ёз, Нозим болам, менинг номимдан Василиса онамга бир хат битиб бер! Гапни эплаштиравермасам, у ёғини ўзинг келиштириб кетарсан, дурустми? Қани, бошладик…

Бу йил қиш чўзилиб кетди, она. Бизнинг юртларда қишнинг чилласида ҳам бунақа совуқ бўлмас эди, ҳайронмиз. Лекин, она, ҳадемай баҳор келади. Бу галги баҳор бўлакча келади! Маҳам амакининг кенжатойи аскарлик хизматини шу баҳорда тугаллайди, туғилган қишлоғига, ота-онасининг бағрига қайтади. Бу ёқда уни кўзлари тўрт бўлиб кутиб ётишибди. Муҳаррам хола фарзандининг эскию янги хатларини қайта-қайта ўқийди, ҳар ўқиганида дув-дув ёш тўкади. Хатларнинг кўпи увадаланиб кетган, барибир ўқийверади. Бояқишга қийин бўлди…

Булар бари ўтади, она. Орзиқиб кутилган баҳорга бир қадам қолди. Ўшанда севимли ўғиллари келади – катта йигит бўлиб, кўкрагини нишонларга тўлдириб! Маҳам амакининг хонадонида тўй бошланиб кетади, тўй! Чол-кампир қачондан бери бир қўйни бўрдоқига боқиб юришибди, аскар ўғилларининг оёғига ўшани сўйишади. Ҳовлилари одамга тўлади!

Маҳам амакининг бу баҳорни сабрсизлик билан кутаётганига яна бир сабаб бор, она. Ўғли келса, уни ёнига олиб, сизнинг олдингизга бормоқчи!

Эҳ, Маҳам амакининг хатингизни олган кундаги ҳолатини бир кўрганингизда эди! Ёш боладек йиғлаб юборди. Уйда ёлғиз ўзи эди, лекин ўша дамда уй тўла одам бўлганида ҳам йиғлайверарди. Севинчдан ва яна… яна кўп нарсалардан. Ахир, Маҳам амаки у кунларни унутгани йўқ, тирик экан, унутмайди ҳам! Сизларнинг мурувватларингизни унутиб бўладими?! Маҳам амаки кўрнамакмас, она, фақат… ўзининг халоскорларини лоақал бир бор иўқлаб қўймаганидан хижолатда, армонда.

Нақадар бепарвомиз-а, она, бир-биримизга нақадар беэътибормиз! Кўзларимиз ярқ этиб очилмагунча теварак-атрофимизга ҳам қарамаймиз!

Маҳам амакининг Ҳайитбой деган бир қуролдош дўсти бор эди, сиз уни билмайсиз, она. Лекин у ҳам сизларнинг қишлоқларингизда, ўша куни, пешонасидан… Увол кетган шўрлик! Маҳам амаки Ҳайитбой билан бор-йўғи бир ҳафталик таниш эди, холос, аммо унинг ўлими кейинги бутун қаётини алғов-далғов қилиб юборди! Маҳам амаки фронтдан кайтгач, бир ой ўтказиб Самарқандга борди, сўраб-суриштириб Ҳайитбойнинг уйини топди, ота-онасини, фарзандларини, хотинию ёр-биродарларини кўрди, меҳмон бўлиб, бир неча кун қолиб кетди у ёқда. Шу кунлар ичиёқ Ҳайитбойнинг ўғилчалари Маҳам амакига ўргандилар-қолдилар. «Отам келопдими, отам келопдими?» деявериб, юрак-бағрини эзиб юбордилар. Маҳам амаки ҳақиқатни айтолмади, «Оталарингиз кўзим ўнгида ҳалок бўлди», дея олмади. Кенжаси қиз экан, эндигина иккинчи синфга ўтган экан, жамалак сочларини ликиллатиб ўйнаб юрди, лекин шунинг ҳам кўзларида аллақандай мунг кўрди Маҳам амаки. «Келади, оталарингиз ҳадемай келади… Мана, мен ҳам уруш тугагандан бир йил ўтиб қайтдим-ку», деди йиғисини аранг босиб.

Шундан кейин бирон марта Самарқандга бормади. Самарқанд шунчалар узоқмиди, она? Ахир, сиз олис Белоруссияда туриб ҳам Маҳам амакини унутмабсиз-ку!

Гапираверса, Маҳам амакининг дилида гап кўп, айтиб адо қилиб бўлмайди. Ўзингиз қалайсиз? Келинингиз ҳам соғ-омонми? Невараларингизчи? Эвара ҳам кўргандирсиз? Дарвоқе, Иван ўғлингиз ахийри бағрингизга қайтибди-ку, опа, муборак бўлсин! Сиз бахтлисиз: ҳавас қилса арзигулик келинингиз бор, ўғлингизнинг ўрнини босгулик невараларингиз бор, бу ёқда – Маҳам амакилар… Ҳадемай бу ўғ-лпнгиз билан юз кўришасиз, ўшанда бир-бирларингизга юрмулишиб, кунни оқшомга, кечани тонгга улаб дардлашасизлар. Баҳор келсин…

Унгача…

Унгача эмас, эртанинг ўзидаёқ… Эртага бутун қишлоқ аҳли оғзини очиб, қотиб қолади. Эртага севинчдан Маҳам лмакининг юраги ҳаприқиб кетади. Эрта оқшом… Манзура келади! Ҳа, Маҳам амаки билан Муҳаррам холанинг қизлари Манзура! Қизчасини кўтариб, кулимсираб кириб келади. Ёнида… эри – кўз очиб кўргани! Эрининг икки қўлида катта чамадон, ичи тўла совға-салом, Маҳам амаки билан Муҳаррам холага аталганлари ҳам бор. Манзура мамнун жилмаяди, эри жилмаяди, қўлларидаги қизалоқлари қиқир-қиқир кулади…

Индинга оламга офтоб ҳам чиқиб кетади, она! Бу офтобни ҳаммалари баравар қаршилайдилар! Офтоб ҳам уларни кўриб, жилмайгандек бўлади!

Маҳам амаки қизини тергагиси келмайди. Кулиб туриб йиғлайверади, йиғлаб туриб кулаверади. Айниқса, Муҳаррам хола ўзини қўярга жой тополмай қолади. Ўзининг гина-кудуратлари аримасдан туриб, Маҳам амакининг атрофида гирдикапалак бўлаверади, ҳар йўл билан қизгинасини оқламоқка, эрининг кўнглида шафқат уйғотмоққа уринаверади. Билмайдики, Маҳам амаки у тобда қизининг сўроқсиз-рухсатсиз, эрининг олдига… «қочиб кетгани»га шукр қилиб ўтиради. Ҳа, Маҳам амаки бунга шукр қилади, одамлар нима деса десин, лекин Маҳам амаки индамайди. Негадир Манзуранинг қизалоқлик пайтларини қўмсайди, эркалатгиси келади, энтикади ва… неварасини тиззасига ўтқазиб олиб, суйиб-суйиб ўйнатади.

Булар ҳаммаси эртага бўладиган гаплар, ҳозир эса, Маҳам амакининг юраги оғрияпти, она. Лекин бу оғриқ ҳам тезда ўтиб кетади. Ахир, эртага Манзура келади, индинга – баҳор!.. Маҳам амаки энди кўксидаги оғриқдан, қийналиб юрмайди, бундан кейин унинг ҳаёти беғуборроқ бўла боради. Кенжатойи аскарликдан келади, фасли баҳор бўлади, ота-бола икковлари, эҳтимол, Муҳаррам холани ҳам олиб, сизларникига – Телявкинога жўнайдилар. Ўшанда сизнинг уйингизда ҳам байрам бўлиб кетажак! Булар, ўзбекчалаб, сиз эса белорусчалаб сўзлашаверасизлар. Сизларнинг антиқа суҳбатларингизни кўриб невараларингиз, эвараларингиз мириқиб кулади. Ҳаммаларингиз у кун қалбларингизда фароғат туясизлар, олам кўзларингизга янада гўзал, янада ардоқли кўриниб кетади, яшаш бениҳоя завкли туюлади!

Маҳам амакига ўша тобда дунё Ўрмон чўлоқсиз, Ўрмон чўлоқларсиз кўринади, беихтиёр тўлқинланиб кетади у ва ўпкасини баҳор ҳавосига тўлдириб: «Борлигингизга шукр, одамлар!» дейди…

Мен эса, қачондир бир кун келиб, Қатронтоғ адирларидан қишлоғимга термиламан. Кўз ўнгимдан ҳаммангиз бир-бир ўтаверасиз: Маҳам амаки, Муҳаррам хола, Манзура опа, сиз – Василиса хола, сизнинг келинингиз… Мен ҳатто Ширвон холани, Одилхонни, самарқандлик Ҳайитбойни Тўйчи тракторчини ҳам кўраман. Ва ўшанда бир чақиқатнинг тагига етаман: Ўрмон чўлоқни фақат Маҳам амаки эмас, ўз пуштикамаридан бўлган ўғли ҳам ёмон кўрган экан – мен буни Тўйчи тракторчининг кўзларидан илғаб оламан. Шунда беихтиёр кўксимни баҳор ҳавосига тўлдираман-да, Маҳам амакининг сўзларини такрорлайман: «Сизларнинг борлигингизга шукр, одамлар!»

21

 

Шу айтилганлардан ўн беш йиллар ўтиб, баҳор оқшомларидан бирида Тошкентдан йўлга чиққан почта-юк поезди каттами, кичикми – ҳар станцияда ярим соатдан тўхтайвериб, юк тушириб, тағин юк олиб, беармон юра-юра, ўртаси тушга яқин Қўқонга кириб келади. Оғир бир уф тортиб тўхтагач, толиққан, зериккан йўловчилар ўзларини перронга урадилар, худди ҳаммомнинг буғхонасида ўтира-ўтира димиқиб кетгандек, ташқарига чикадилару хийла енгил тортиб, костюм, кўйлакларининг ёқаларини тўғрилаб, жомадон ё сумкаларини у қўлдан бу қўлга олиб, чумолидек ҳар ёққа тарқайдилар.

Ўн олтинчи вагондан кўзлари уйқусизликдан қизарган, айни чоқда, роса қотиб ухлагандек қовоқлари шишган бир йигит тушади. Чап қўлида «дипломат»ини ликиллатганча, хаёллари фаромуш, теваракка лоқайд қиёфада вокзал саҳнига ўтади.

Саҳнда бинонинг супасига тумшуқ тираб таксилар, шахсий автомашиналар турнақатор тизилган. Енгил, баҳорий шабада эсади…

– Йўл бўлсин, ака?

У қайрилиб қарайди ва сал нарида супага орка бериб, жимжилоғига калитнинг занжирини илиб олган, йигирма икки-йигирма беш ёшлардаги бир йигитга кўзи тушади.

– Узоққа,– дейди шунчаки.

– Айтаверинг, обориб қўяман.

У фикр қилади: йўлда чарчаган, унинг устига, умумий вагонда келган, бугун бозор, автостанцияда автобуслар тирбанд бўлса керак… ва бир қарорга келади.

– Ҳайданг бўлмаса!

– Қаёққа? – дейди шофёр ажабланиб. Йўловчи йигит кулади.

– Тупканнинг тубига ҳам боравераман, дедингиз-ку! – ўнг, мошинанинг орқа ўриндиғига ҳорғин ўтириб олади-да, манзилини айтади: – Каримдевонага.

Шофёр ҳуштак чалиб юборди, лекин индамай моторни ўт олдиради. Беш дақиқа ўтар-ўтмас, ҳаворанг «Жигули» шовқинли шаҳарни ортда қолдириб, Қўқон – Исфара йўлидан елиб бораверади. Йўловчи йигит юмилай-юмилай деб турган кўзларини ташқарига қадаб, чексиз хаёлларга ғарқ бўлиб икки ёндан лип-лип ўтаётган жонлию жонсиз нарсаларш бефарқ ўтираверади. Катта шаҳарнинг майда ташвишларига кўмилиб, олти ойдан бери қишлоғига келмаганини эслайди. Ота-онасини, ака-опаларини, укаларини нақадар соғинганини ҳис қилади…

– Ўзингиз шу ерликмисиз ё меҳмон бўп келяпсизми?»

– Шу ерликман. «Ўзим шу ерликман, лекин меҳмон бўлиб келяпман.

Меҳмон… Ўз уйимга, ўз қишлоғимга меҳмонман… – Йигитнинг кўнгли нохушланади. – Катта шаҳарда мусофирман, қишлоғимда – меҳмон… Менинг маконим қай ер?»

Кенг, текис йўлда машина елдек учади. Икки томон бора-боргунча ажриқзор, кўм-кўк. Тут барглари ҳали барра…

Йўловчи йигит беихтиёр болалигини эслайди. Қалбини оромли ўйлар чулғайди, у ҳозир ўзининг қадрдон қишлоғига етади, қадрдон кишиларини кўради, қадрдон уйига киради, олти ойдан бери кўрмаган, «дийдорига тўймаган» аясининг аяжонининг бағрига отилади, худди ёш боладек!

– Тошкентда ишлайсизми?

– Ҳа…

– Мен ҳам ўша ёқда ўқийман. Студентман! «Студент… Қишлоғимга тезроқ етказ мени, ука! Бу ерларни қанчалар соғинганимни сен билмайсан! Мен бу ерларга бор-йўғи бир кунга келиб, олти ойлик чарчоғимдан халос бўлиб кетаман! Бу ерлар менинг туғилган юртим! Бу ерларда менинг болалигим ўтган!..»

Йўл чеккасидаги тахтачада «КАРИМДЕВОНА» деган ёзувга кўзи тушиб, йигитнинг юраги бир гумуради. Ўзидай ўзи тўлқинланиб кетади, юмшоқ ўриндикда хотиржам ўтиролмай қолади.

Ана – шийпон… Ана – фалончининг уйи… Ана… у ерга нима қуриляптийкан – магазинми ё бекат?.. Ана у қабристон – опоқдадамнинг оромгоҳи… Бир қадамдан кейин қадрдон уйига етади ҳисоб…

Мошина бирдан секинлайди, хаёлга ботган йўловчи йигит ўтирган ерида мункиб кетади.

– Тушамизми, ака? – дейди шофёр орқага ўгирилиб.

– А? Нимага? Яна озроқ… Мошина тўхтайди.

– Ҳар ҳолда, савоб бўлади.

Йигит шундагина кўради: рўпарадан, кенг йўлни эгаллаб гала одам келаётган бўлади, олдинда ҳассакашлар, тўн кийганлар, уларнинг кетидан – оломон, оломоннинг олдида тобут!

– Ҳа, ҳа, тушамиз, – дейди йигит ва тезгина ён чўнтагидан пул чиқариб, олдинги ўриндиққа қўяди. – Раҳмат, ука! Сиз шу ердан қайтиб кетсангиз ҳам майли.

– Буни олиб қўйинг, ака. Ҳозир шунинг мавридими? – Шофёр пулни қайтариб, йўловчи йигитнинг кўкрак чўнтагига солиб қўяди, сўнг тобутга ишора қилади: – Шу етади менга.

Тушадилар. Ҳассакашларни ўтказиб юбориб, иккалалари икки тарафдан тобутга елка тутадилар. Кейин алмашадилар. Беш-ўн қадам юргач, шофёр у билан кўз уриштириб олади-да, четга чиқади…

Гала одам қабристон сари лўкиллаб бораверади. Йўловчи йигит ҳамон карахт алпозда, кўзлари тиниб, сурилиб-сурилиб, орқароққа ўтиб олади. Ана шу пайтда кимдир унинг билагидан тутади.

– Келдингми, Нозим?

Йўловчи – Нозим боши эгик кўйи ёнига ўгирилиб, ошнасини – Хайрулла Латифни кўради. Қўл бериб, унсиз саломлашадилар.

– Ким?– дейди Нозим шивирлаб.

– Ўрмон жамоа…

– Иҳ!..

Хайрулла Латиф яна нимадир дейди. Нозим эшитмайди.

Қабристонга кириб борадилар. Нозим бир чеккада, буткул дунёни унутиб ўтираверади. Расм-русумлар адо этилгач, ўликни жойига қўядилар…

Қайтишда Нозим кўнглида ҳадик-хавотир билан секин Хайрулла Латифдан сўрайди:

– Маҳам амаки кўринмади?

– Қазо қилди бечора…

– Нима?! Қачон?

– Ўн кунча бўлди.

Нозимнинг кўзларидан тирқираб ёш отилади.

– Ўрмон чўлоқни қўйишди-ку, шунинг ёнидаги қабр Маҳам амакиники эди…

Нозимнинг қадами секинлайди. Теварагидан уни уриб-суриб оломон ўтаверади: ҳамма майит чиққан уйга шошади. Шу пайт…

– …Бошини тескари ёққа қўйишди-ёв,– дейди биттаси.

– Йўғ-э, аввал бош томонини киритишмадими? – дейди иккинчиси.

– Менимча, оёқ томондан олишди. Биров билмай қолди-ю, лекин чатоқ бўлди-да…

Гала одам ўтиб кетиб бўлади. Нозим нохос қулоғига чалинган бу гаплардан даҳшатга тушиб, тўхтаб қолади. Ўша одам-а! Дунё ўзи чалкаш, уни янаям чалкаштириб юрасан. Эх,!..» Хайрулла Латиф ҳам тўхтайди.

– Юрмайсанми тезроқ! Қолиб кетдик,– дейди у Нозимнинг қўлтиғидан олиб.

– Ўрмон чўлоқни Маҳам амаки ўзи кўммоқчи эди, – дейди Нозим надомат билан. – Энди, иккаласи ёнма-ён ётибди, дегин?..

Бир-бир босиб, гузарга етадилар. Ҳаммом саҳнидаги ўриндиққа чўкдилар. Нозим негадир уйига шошилмайди. Боши-кети йўқ ваҳимали ўйлар, сонсиз-саноқсиз сўроқлар унинг дилини ўртайверади, ўртайверади.

– Қабристонга борган чолларни кўрдингми? – дейди худди ўзидан сўраётгандек оҳангда.

Хайрулла Латиф жим ўтираверади.

– Ҳаммаси бир-бирига ўхшайди-я, – дейди яна Нозим.

– Ҳа. Ўхшаса нима қилибди?

– Айтаман-да. Биз уларнинг барини ҳурмат қиламиз кексалиги учун бошга кўтаргимиз келади. Лекин… ўзларини яхши биламизми? Билмаймиз… Маҳам амаки Ўрмон чўлоқни умр бўйи ёмон кўриб келди, энди унинг ўлигини кўрмоқчи, ўлса, ўзи кўммоқчи эди. Шу ниятига етишолмабди.

Хайрулла Латиф индамайди. Нозимнинг гапларига унча тушунавермайди. Нозим яна кўп гапиради, Хайрулла Латиф анграйиб тураверади. Ниҳоят:

– Мен сенга бир гап айтайми? – дейди у Нозимнинг тиззасига қўл ташлаб. – Ҳали сени алдадим: Ўрмон чўлоқ ўлгани йўқ!

Нозимнинг эсхонаси чиқиб кетади. Туси ўзгара бошлади.

– Бўлмаса… анави… ҳозирги ким эди?..

– Бир одам, – дейди Хайрулла бепарво.

– Ростми гапинг?

– Рост! «Вой отам»лаганларни кўрмадингми ўзинг

– Мен ҳеч кимни кўрганим йўқ, Хайрулла… – Нозимнинг ранги бўздек оқара бошлайди. – Ростми шу гапинг? – дейди яна.

– Рост! – дейди Хайрулла тағин, сўнг кулимсинади.

– Маҳам амаки ҳам тирик!

Нозим тилдан қолади. Аллапайтгача жим бўлиб кетади. Хозир жинни бўламан», дея ўйлайди.

– Устимдан куляпсанми, Хайрулла?

– Йўқ.

– Маҳам амаки тирикми?

– Тирик.

– Нега бўлмаса.. Нимага мени бундай лақиллатасан, Хайрулла?

– Ҳазиллашдим…

Нозим адои тамом бўлади: «Ҳазиллашган эмиш-а!..» Лекин Хайрулла Латифга қарамайди.

– Маҳам амакининг айтган гапи рост, – дейди тағин ўзига ўзи. – Сен ҳам Ўрмон чўлоқнинг бир хилисан.

Хайрулла тушунмайди, шунинг учун ҳам Нозимнинг гапини кўнглига олмайди, ранжимайди.

Шу пайт «дипломат» кўтарган бир болакай уларнинг олдига келади.

– Нозим ака, манави сизникимасми? – дейди кўлидагини кўрсатиб.

Нозим аста бошини кўтаради: «дипломат»ини танийди.

– Меники…

– Битта «Жигули»нинг шопири ташлаб кетди, – дейди болакай. – Тошкентда ишлайдиган шу ерлик бир кишиники, деди. Мен дарров ўша сизмисиз, деб ўйладим…

Нозим ўтирган кўйи «дипломат»ни олади.

«Шу ерлик киши… Ҳа, мен ўшаман, укажон! Мен – шу ерликман! Ҳаммамиз шу ерликмиз, укажон! Мен ҳам, сен қам, манави Хайрулла аканг ҳам, Маҳам амакию Урмон чўлоқлар ҳам… Сенга «дипломат»ни ташлаб кетган ўша студент йигит ҳам шу ерлик!»

Нозимнинг ичидан йиғи босиб келаверади, лекин у йиғламайди, йиғлаёлмайди. Қаршисида севинчидан ичига сиғмай турган ҳалиги болакайни суйиб, бағрига босгиси келади. Бироқ…

– Раҳмат! – дейди, холос.

Кейин аста ўрнидан туради. Хайрулла Латиф билан хайрлашмайди. Уйга ҳам таклиф қилмайди уни. Кўнгли бир хил, хаёллари фаромуш, кетаверади. Дафъатан… Қандайдир куч уни уйга эмас, бошқа ёқларга судраётганини қис қилади. Ўзини ўша «куч»нинг измига қўйиб беради…

Мана Нурсухариқ, ҳануз шарқираб оқиб ётибди. Икки кирғоғида қадимий толлар, чинорлар салобат тўкиб турибди. Соя-салқинда чойхона, чойхонанинг олдида. ҳовуз. Лекин, ҳовузнинг четидаги тол тўнкаси йўқ. Қўпориб ташланган бўлса керак. Ўрнида навқирон толлар гуркираб ўсиб ётибди. Қушлар тинимсиз чуғур-чуғур қилади, чойхона айвонига осилган тўрқовоқларда беданалар…

Нурсухариқнинг устига беш-олтита сўри ташланган. Баҳорий илиқ ҳаводан яйраб, одамлар қўр тўкиб ўтиришибди. Чоққина гўшт дўконининг ёнида яккачўп кўприк. Шу кўприкчадан ўтилса, чапга қайрилиб, Нурсухариқ бўйлаб юқорилаб кетаверилса, Қатронтоққа чиқиб борилади. Баҳор – Қатронтоғ кўксига шамол тегадиган ягона фасл. Тошлар тагидан яккам-дуккам майсалар униб чиқади, у ер-бу ерда лолақизғалдоқлар кўринади. Баҳор – Қатронтоғнинг яйрайдиган фасли. Ёзга бориб, тағин жизғанаги чиқиб ётаверади. Қатронтоғнинг пойидаги адирга кўтарилмасданоқ орқага қаралса, бутун қишлоқ, бутун водий кафтда тургандек намоён бўлади.

Оёқларингиз остида Қатронтоғ… Қатронтоғнинг этакроғидан буралиб-буралиб, шарқираб-шаркираб Нурсухариқ оқади… Нурсухариқдан шундоққина пастда – қишлоқ.»

Баҳорда ҳаммаси кўзга айрича кўринади.

1980 – 1984 йил