Бир бола отасидан: “Ота, нега хўроз қичқиради?” -деб сўраса, у: “Хўроз биров ёлғон гапирса қичқиради”, -деб жавоб берибди. “Тонг саҳарда нима учун қичқиради?” “Бу пайтда тонгги газеталар чиқаётган бўлади…”. Бу латифа дунё миқёсида ҳозир бироз эскирган бўлса-да, бизнинг бозоримизда яна харидоргир бўлиб бораяпти…
Тўғри гап ҳеч кимга ёқмайди, дўстингга тўғри гап айтсанг, душманингга айланади, қариндош-уруғларга аччиқ ҳақиқатни айтсанг, улардан ажраласан, раҳбарга ростгўйлик қилаверсанг, ишдан ҳайдаласан… Янгилик пайтида амалдор ҳақиқатгўй, талабчан бўлади, “бир-биримизнинг кўзимизга тик қараб, ҳақиқатни гапирайлик”, -дейди. Лекин биз унинг кўзига тик қараб ёлғон гапни писта чаққандай қалаштириб ташлайверамиз. Раҳбар ҳам хом сут эмган банда-да, айтилган гапларнинг бирига бўлмаса, бирига ишонади. Кейин қарайдики, атрофини гала ёлғончилар ўраб олган, у ҳам беихтиёр ёлғонлар гирдобига ўралашиб қолади. Мажлисларда нутқ сўзлайвериб-сўзлайвериб гапга жуда чечан бўлиб кетади. Узундан-узун маърузаларининг баъзи жойларига ўзи билмаган ҳолда “тўғрисини айтсам, ростини айтсам”, деган сўзларни қистириб кетадиган бўлади. “Демак, бундан олдин гапирган гапларингиз ҳаммаси ёлғон экан-да”, -дея ботиниб ҳеч ким ундан сўраёлмайди.
Жамиятда тўғри сўз тақчиллиги туфайли ҳамма иллатлар юзага қалқиб чиқади. Заводлар тўхтаб қолади, ишлаб чиқариш нолга тенглашади, жиноятчиликка бошлайдиган оғзаки буйруқлар кўпаяди. Оғзаки буйруқлар кўпайган жойда амалдаги қонунлар ҳаракатдан қолиб, жамият таназзулга юз тутади. Ана ундан кейин ким ёмон эди – раҳбар ёмон эди, унга қарши гапиролмас эдик, тўғри гапни айтадиган кишини таъқиб қиларди, -дейдиганлар ҳам атрофида ялтоқланиб уни шу аҳволга туширган ёлғончилардан иборат бўлади. Қарсаклар билан амалга келиб таъна-ю маломат билан ҳайдалган раҳбар бир умр еган ва емаган сомсалари учун пул тўлаб ўтади. Қанчалар аччиқ ва аянчли бўлмасин, тўғри сўз жамиятни соғломлаштиради, ҳушёр торттиради. Тўғри сўз бўлмаган жойда порахўрлик, фаҳш ишлар авж олаверади.
Ҳар йили имтиҳонлар мавсумида “фалон жойга ўқишга кириш фалон сўм экан, писмадон жойга ўтиш писмадон сўм экан”, деган гап-сўзларга худди табиий ҳолдай кўникиб кетганмиз. Пора билан ўқишга кирган жамиятнинг боласи эртага қандай одам бўлиб етишиб чиқади? Нега биз бу иллатларга бу қадар лоғайд бўлиб қолдик? Саволлар кўп, жавоблар кам… Лекин битта нарса аниқ – бу иллатларга қарши биргалашиб курашмас эканмиз, жамият орқага қараб кетаверади. Кўпдан буён СПИДга қарши кураш бўйича тадқиқот олиб бораётган япон олимларининг аниқлашича, лимон истеъмол қиладиганлар, суннат қилинганлар унча-мунчага бу касалликка чалинмас экан. Ҳар ҳолда, ҳеч бўлмаса халқимизнинг ана шу жиҳатдан омади чопибди. Лекин порахўрликнинг олдини олиш учун суннат ҳам кор қилмаяпти.
Тўғри гап ҳамиша кўнгилсиз оқибатларга олиб келишини ҳамма билади. Лекин тўғрисўз одам тўғри гапирмай туролмайди. Бир тўғрисўз одам автобусда ишга кетаётган экан, қараса, ёнидаги аёлнинг кўйлаги орқасига қисилиб қолганмиш. Одамлар уят қилмасин, деб унинг этагини тўғрилаб қўйибди. Буни кўрган аёлнинг эри жанжал кўтарибди. Шунда ҳалиги одам жаҳл билан «Бўлмаса мана сенга!» деб аёлнинг этагини боз-боягидай қилиб қўйибди. Эртасига яна бирор жанжал чиқишидан қўрқиб автобусга чиқмай, таксида ишга кетибди. Ишхонага тушиб таксичига пул берса, қайтимини бермасмиш. “Қайтимни чўз!”, деса, у: “Чойчақаям қолсин-да!” дермиш. Тўғрисўз одам: “Бунақада ҳожатхонада узоқ ўтиришингга тўғри келади”, -деса, яна жанжал кўтарилибди. Хуллас, буям бўлмапти, тўғрисўз одам ишга пиёда қатнашга қарор қилибди. Йўлда бир йигит билан қиз келаётган экан, шуларга кўринмай, деб ўша ердаги дарахтга чиқиб, яширинибди. Йигит билан қиз палакат босиб худди ана шу дарахтнинг о
стига келиб стриптиз бошлашибди. Тўғрисўз одам ишга кеч қолаяпти, нима қилишини билмасдан какку бўлиб сайрай бошлабди. Шунда қиз тепага қараб: “Ҳой каккужон, каккужон, қани айт-чи қанча умрим қолган”, -деб сўрабди. “Агар дуч келган йигит билан ҳар бир учраган дарахт остида орқангни намга бераверсанг, бир йилга ҳам етмайсан”, дебди “какку” жаҳл билан…
Ана шундай, тўғри сўзнинг залвори оғир бўлади. Яқинда қайсидир бир мамлакатнинг икки муддатга сайланган тўғрисўз президенти яна учинчи марта пошшоликнинг нонини ейишни хоҳлаб қопти. Бунинг учун у ҳозир референдум ўтказиб, халқнинг хоҳишига қараб давлат конституциясига ўзгартиришлар киритар эмиш. “Президентлик жонимга тегиб кетди, -тўғрисини тан олибди у журналистлар билан суҳбатда. -Лекин шундан бошқа иш қўлимдан келмаса нима қилай…”.
Асли касби қурувчи бўлган фидоийлар телеканалининг мухбири бир куни менга ҳавас билан: “Сизларга маза, ичсаларингиз илҳом келади, мен ичсам бир сатр ҳам ёзолмайман”, -деб қолди. “Ҳушёрлигида калласида ҳеч нарса бўлмаган одам ичганидан кейин умуман фикрлолмай қолади”, -дедим. “Ҳазиллашасиз-да”, -деди у кулиб. “Ҳазили йўқ, тўғрисини айтаяпман”, -десам, хафа бўлди. Тўғри сўз ана шундай, баъзан мухбирга ҳам ёқмайди…