Нурулло Остон. Темир тақа (ҳажвия)

Терроризм балоси балойи жон бўлди-да! Бу офат бутун дунё аҳлини жонсарак қилиб қўйди,  портлаш бор, террорист йўқ. Аввалига “Ҳой, эҳтиёт бўлинглар, бу ёмон бало”, -дейишганида, геррайган бақувват давлатлар бу гапга эътибор бермай мийиғида кулиб қўя қолишди. Террористлар иккита осмонўпар биносини самолёт билан уриб ўпириб юборганидан кейин ҳушёр тортган Америка енг шимариб ишга киришди. Афғон толибларига терроризмнинг оқибати қандай бўлишини кўрсатиб қўйди, кейин Ироқ билан ҳисоб-китоб қилиб бошлади. Америкалик аскарлар Ироқда кимёвий қурол-яроғларни излайвериб чарчашди. Энди халқаро экспертлар Ироқда кимёвий қуроллар йўғлигини аввал бошидан айтган эдик, қулоқ солмади, деб барча айбни бир кишининг бўйнига ағдаришга ҳаракат қилаяпти.

Бизнинг халқимиздай ювош халқ йўқ. Бу халқ терроризм нари турсин, уйига кириб қолган қўшнининг пишагини ҳам пишт деёлмайди. Хоҳ таниш, хоҳ бегона бўлсин, уйига кирган кишини меҳмон қилади. Тўғри, душман қўшини бостириб кирганида, унга қарши бош кўтарган қўзғолончилар, партизанлар бўлган, террорист бўлмаган. Бизнинг халқимиз тинчгина тирикчилигини қилиб юраверади, лекин биров ишига халақит берадиган бўлса, террористми, анархистми қараб ўтирмайди-чаппа қилиб ташлайди. Бир куни Мамарайим памидор олиб самолётда Челябинскка кетаётган экан, бир террорист учувчига қурол ўқталиб “Самолётни Цингапурга бурасан”, -деб туриб опти. Мамарайим қараса, иш чатоқ, Цингапурда памидор арзон, сотган нарсаси бориш-келишниям қопламайди. Шартта мол сўядиган пичоғини олиб, террористни тинчитибди. Шундан кейин уни Челябинскда халқ қаҳрамони сифатида гуллар билан кутиб олишипти. Маҳаллий телевидение мухбирининг “Қуролланган террористга қарши очиқ жангга киришиб, ҳаётингиз хавф
остида қолишидан қўрқмадингизми?” -деган саволига Мамарайим ғурур билан “Бу энағар памидорнинг килоси қаерда қанчалигини билмайди-ю, террористман, дейди сариқмишак. Агар шуни вақтида билиб қолиб, олдини олмаганимда уйга қайтиб борганимдан кейин ана унда хотиннинг олдида ҳаётим хавф остида қолар эди”, -дея жавоб берипти.

Ҳозир ҳар қадамда огоҳ бўлиб туриш керак. Айтиб бўладими, кутилмаган жойдан кутилмаган бало олдимизни қора пишакдай кесиб ўтиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳамма жойда назорат кучли. Бунга “Бўмбўшлик” радиостанциясида берилган ҳажвиямга гонорар олишга борганимда ишонч ҳосил қилдим. Радиостанция эшигига ўн қадам етмай посбон тўхтатди.

-Қаёққа? -деди у менга шубҳа билан қараб.

-Гонорар олишга, -дедим ўзимнинг гапимга ўзим ишонқирамай.

-Сумкада нима бор?

-Сумкам йўқ… -дедим бўш қўлларимни ёйиб.

-Ҳа майли, -деди посбон ҳафсаласи пир бўлиб. -Ҳужжат борми?

Ҳужжатни кўрсатдим. Посбон бир ҳужжатга, бир менга қаради, кейин уни қўлимга қайтариб берди.

-Бу сизнинг ҳужжатингиз эмас.

-Нимага?

-Ҳужжатдаги одамнинг мўйлаби йўқ, сизда бор. Бориб мўйлабни қирдириб келинг, кейин кўрамиз… Мўйлабни қирдириб келиб, бир бало қилиб эшиккача етиб олдим. Ўтиш жойидаги самолётга чиқишда металлни текширадиган бир ярим одам бўйи келадиган темир тақадан ҳатладим, “жиринг ” қилди.

-Чўнтагингиздагиларни чиқариб қўйиб ўтинг, -деди посбон. -Калит, соатни чиқариб қўйиб ўтдим. Тақа яна жингиллади.

-Тишингиз темирдан-ку, -деди посбон. -Темир тақа жингилласа, ўтиш мумкин эмас. Шартта жағнинг икки томонига ўрнатилган ясама темир тишларни олиб столнинг устига қўйдим. Яна жингиллади, қисталоқ!

-Шимингиз қадаладиган жой нимадан? -сўради посбон… Шимни ечишга тўғри келди. Бу сафар темир тақа жингилламади. Бориб гонорарни олиб, радиостанция продюсерининг кабинетига кирдим. Продюсер компютерда “Апачи” ўйнаб ўтирган экан.

-Ҳа, келинг, темир тақа жингилладими? -сўради у кулиб.

-Ҳа, шимни ечишга тўғри келди…

-Ҳалиям яхши қутулибсиз, -деди продюсер. -Дастлаб темир тақа ўрнатилган пайтда темир тугмаси борлиги учун трусикни эчишимга тўғри келган…

Ана шунақа, ҳушёрлик ҳеч қачон панд бермайди. Керак бўлса,  кўчада уч киши тўпланиб турган бўлса ҳам бееътибор бўлмаслик керак. Айтиб бўладими, ҳар каллада ҳар хаёл, бирор кор-ҳол бўлмасдан унинг олдини олган маъқул. Энг асосийси, ўз уйингни ўзинг асрамасанг, бошқа биров кириб  олади, ҳам уйдан, ҳам хотиндан ажраласан. Ана унда қийин бўлади…