Нурулло Остон. Ҳайдалиш куйи (ҳажвия)

…Отабек чойхонанинг авлоқ хонасида бўза ичаяпти. Ҳофиз нола қилаяпти. У чалғувчини ёнига имлайди.

-Қайси куйни чалишни буюрадилар, Бек?

-Билсангиз, ҳайдалиш, ажралиш куйини чалингиз…

-Бундай куй борлигини биринчи бор сиздан эшитишим…

-Билмасангиз, билганингизни чалингиз…

Отабек тўғри айтган экан, ҳайдалиш куйи бор экан. Уни чалиб кўрган одам яхши билади. Композиторлар уюшмасида туппа-тузук ишлаб юрган бастакорни ишдан бўшатишиб, ўрнига ғарб музикасидан кўчирма қилиб юрган Олқинди деган  композиторни қўйишди. Бир куни Олқиндини кўриб қолдим.

-Ие, муборак бўлсин, фалончининг ўрнига ишга ўтибсиз, зўр бўпти-ку?

-Ҳа-ҳа, шундай-шундай, раҳмат-раҳмат, -деди у.

-Яшанг, отнинг ўлими-итнинг байрами, боплапсиз, -дедим.

-Ҳа-ҳа-ҳа, шундай-шундай-шундай, -деди у кулиб. Лекин унинг кулганиниям, йиғлаганиниям англамадим. Бир нашриётда ишлайдиган шоирни бўйи бошлиғининг бўйидан узун бўлганлиги учун қисқартиришди. Чавандозлар жамияти котиби пойгада билмасдан бошлиғининг томорқасига ўтиб кетган экан, бошлиқ котибга бошдан оёқ-сарупо кийгизиб, ишдан бўшатиб юборибди. Ўшандан буён чавандоз кимнинг отхонаси бўш бўлса, бир кун, икки кун шу  жойда отига дам беради, кейин яна жойини алмаштиради. Охири излаб-излаб оти ҳаром ўлган бўш отхонани топди, отини ўша жойга қантариб қўядиган бўлди. Лекин отхона соҳибаси бунинг учун ундан гаровга беш юз доллар олибди… Чавандоз отхонасини ҳадеб мақтайверганидан кейин бориб кўрдим. Ҳеч мақтайдиган жойи йўқ, шамол ҳувиллаб, у тешигидан кириб бу тешигидан чиқиб ётибди.

Машҳур Комил деган шоир журналистика факултетига имтиҳон топшираётганида ўзини салкам Чингиз Айтматовнинг жияни ҳисоблайдиган тепакал домла сўрабди:

-Газетада атоқли адиб Тоҳир Саттор ҳақида чиқарган мақоламни ўқидингизми?

-Йўқ.

-Нимага?

-Чунки уни атоқли адиб ҳисобламайман.

-Нима дединг? -ўрнидан туриб кетибди ғазабланган Айтматовнинг тепакал жияни. -Сан кимсанки, атоқли адибни тан олмайсан? Умуман адабиётни тушунмас экансан, сандан имтиҳон олмайман…

-Тезакни ебсан, -депти Машҳур Комил пинагини бузмай. -Адабиётни сандан ўн карра кучли биламан.

Кўзи олайиб, карахт бўлиб қолган тепакал ҳаллослаб, имтиҳон комиссияси аъзоларини чақириб келипти.

-Мана шу, -депти шоирни кўрсатиб. -Ҳеч кимни тан олмайди, менга тезак ебсан, деди…

Хуллас, Машҳур Комил имтиҳонни комиссияга топшириб, беш олипти. Кейин ўша тепакални топиб: «Сан айтган одам атоқли адиб эмас, деб айтмабмидим, энди боягини ўзинг эйсан», -деб чиқиб кетибди.

Ҳайдалиш куйи менга ҳам бегона эмас. Тибиес телекомпаниясининг Самарада штатида мухбир бўлиб ишлаб юрган пайтларимда ўрним  кимгадир керак бўлиб қолган экан, бир куни бош продюсер чақириб қолди.

-Фалон топшириқни бажармаган экансан, ишдан бўшадинг, -деди у.

-Йўқ, фалон топшириқни фалондай қилганман, -дедим.

-Б-б-билмайман, б-б-бўшадинг, вассалом, -деди у.

Кейинги сафар Самарада штати мери томонидан ҳайдалдим.

-Сенинг қилаётган ишларинг чивин чаққандай ғашимга тегаяпти, -деди у кийикнинг шохидай икки томонга тарвақайлаб кетган қошларини чимириб (яхшилаб қарасам, қошидан бошқа кўрки йўқ экан). ўйлаб қадам бос бола, пуф десам, Самарададан учиб кетасан…

Унинг каромати тўғри чиқди. Жек деган операторим орқали мени Самарададан учириб юборишди. Тўғри, бундан Жек анча зарар кўрди, яъни у ҳам ҳайдалиш куйини чалди.

Франтон штатида Тибиеснинг калласини қийшанглатиб гапирадиган Абудаби деган мухбири бор. Ўша штат матбуотида у ҳақда бир фелетон чиққан экан. Мени воқеага аниқлик киритиш учун иккита оператор, иккита шофёр билан хуфёна Франтон сафарига жўнатиб юборишди. Бизни Абудабининг ўзи кутиб олди. Бечора зўрға 2 қаватли уй қуриб олган экан, атиги учтагина мошина хизматига шай бўлиб турибди. Икки кун мобайнида ёғ-мой комбинати, пахта заводи цингари олтита катта-катта даромадли корхоналарда съёмка қилдик. Абудаби ҳар гал съёмка пайтида мени корхона раҳбарига таништиради. Мана, шахсан Тибиесдан юборишибди, дейди, кейин раҳбар мендан нимагадир кечирим сўрайди, камчиликларимиз бор, тузатамиз, дейди. Мен бу кутилмаган стсенарийдан ҳайрон, ҳа майли, бўлади-да, дейман. Съёмкамизнинг бирортаси эфирга қўйилмади. Ҳозиргача унинг нима мақсадда бундай қилганини тушунмайман. Вот тупитса!

Бошқа сафар Тибиеснинг Куйганёр деган бош продюсери «Чалғи» деган китоб чиқарган экан, шуни вақтида ўқимаганим учун ҳайдалиш куйини чалдим. Ҳар эҳтимолга қарши унга миннатдорчилик билдириш мақсадида ҳузурига кирдим. «Раҳмат тузингиз учун,» -дедим. «Сизга туз берганим йўқ, -деди Куйганёр пишқириб. -Пичинг қилманг!» «Бўлмаса, нима қасдинг бор?» «Нима бўпти?» «Нима бўлганлигини кўзим айтиб турипти-ку!»

Алфаҳм-да, нима демоқчи эканлигимни дарров тушунди, Кўзлари чақчайиб: «Менга бунақа бақирма!», -деди. «Сан чағир кўзларингни чақчайтирма!» дедим. У креслодан югуриб турди. Мен ҳам ўрнимдан турдим. «Нима демоқчисан?» -деди у пойгадан қайтган улоқчи отдай қисқа-қисқа нафас олиб. «Бу қора қилмишларинг жавобсиз қолмайди!» -дедим. «Бунақа шантажларни кўп кўрганман, мени қўрқитолмайсан!» «Сани қўрқитиб ахмоқ эмасман!» «Мен ахмоқманми?» «ўзинг биласан!» Ичи куйиб кетган экан-да, бечоранинг. Башарасида зоҳир бўлди-қўйди. Айтдима, нега бунча бунинг қатибаларидан куйинди ҳиди келади, деб.

Ҳозир Макдоналд ресторанида бармен бўлиб ишлаяпман. Бир умр ишлаб бир шиша ароқ 650 грамм эканлигини шу эрда тушуниб этибман. Бир кунлик меҳнатим илгари ишлаган жойимда оладиган ойлигим билан тенг. Дунё жуда кенг экан, оғайнилар. Шунинг учун Отабек отда кенгликларни кезиб юрган. Ҳофиз ҳайдалиш куйини чалганида бўза ичиб ўзини овутган.

Шундай кўргилик бошига тушган одамлар тўғри менинг олдимга келадиган бўлиб қолган яримта ичишга. «Қуй!» -дейди. Қуяман. «Энди ўзингга ҳам қуй!» Қуяман. «Кетдик!» -дейди. Ичамиз. «Энди ҳайдалиш куйини эшитсак бўлади», -дейди у ва шўр бодринг билан газакни босади…