Бир танишим, “Агар ўзингнинг кимлигингни билишни истасанг, “Қиёфат-ул башар” деган китобни топиб ўқи, деб маслаҳат бериб қолди. Бутун кутубхоналарни ағдар-тўнтар қилиб, ниҳоят ўша китобни топиб олдим. Муаллифи номаълум бўлган бу китобдан ўзимнинг хислатларимни қидира бошладим. Унда илми қиёфага ҳадиси Шарифдан “Кулли тавилун ахмақун, илло Умар кулли касирун фитнатун, илло Али” деб далил келтирилган экан. Ҳай майли, дедим. Яқинроқ борайлик-чи! “Ҳар кимнинг боши кичкина, сочлари кам ва сийрак бўлса, бу унинг зеҳни паст, гумроҳу бетамизлигидан далолатдир”. Ойнага қарадим. Кичкина бошга, сийрак сочга кўзим тушди. Йўғ-э, менга айтилмагандир, зеҳним унчалик паст эмас-ов, деб ўйладим. “Кимнинг кўзи ирғиб чиққан бўлса, у беҳаё ва бахил бўлади. Кимки кўзини тез-тез очиб юмиб турса, алдоқчи ва ўғри бўлади”. Кўзимни умуман юммай қўйдим. “Кимнинг қулоғи кичкина бўлса, нодон ва жоҳил бўлади”. Телпакни қулоққача бостириб олдим. “Кимнинг тиши ўттизтадан кам бўлса, фалок
атга йўлиқади ва қашшоқ бўлади”.
Тишимни санадим. 26 та. Зудлик билан 6 та тиш қўйдирдим. “Соғоли кўп ва узун киши нодон ва ахмоқ бўлади” Хайрият, ҳар ҳолда бу мен ҳақимда эмас, деб ўйладим. “Қорни катта киши очофат бўлади”. Қоринни йўқотадиган спорт машқлари билан шуғуллана бошладим. “Ким белини ва ундан пастини қимирлатиб юрса, у қичима деган дардга мубталодир”. Ойнага қараб юриб кўрдим. Йўқ, унча қимирламаяпти! “Агар бошмалдоғига нисбатан ёнидаги бармоғи узун бўлса, бундай киши бахтли, молдор бўлади, боз устига кўп хотин олади, хотини ундан аввал ўлади. Мабодо мазкур бармоғи калта бўлса, хотинидан аввал ўзи ўлади”. Шоша-пиша бошмалдоғим ёнидаги бармоққа қарадим. Не кўз билан кўрайки, бу сафар ҳам “Қиёфат ул-башар” менга раҳм қилмади. Бош бармоқнинг ёнидаги бармоқ ундан анчагина калта эди.
“Ҳар кимнинг Ёнбошида саккизта қовурғаси бўлса, подшо бўлади. Тўққизта бўлса, давлатли бўлиш нишонасидир. Ўнта бўлса, камбағаллик белгиси”. Шу ёзувни ўқигач, ҳар куни хотин билан қовурғамни санайдиган бўлиб қолдик. Мен санаб саккизта чиқараман, хотин санаб ўнта чиқаради. Балким иккаласи ҳам тўғридир, деб қўяман баъзан. Ахир камбағал подшо ҳам бўлади-ку! “Қиёфат ул башар” менга ниҳоят кимлигимни англатганидан хурсандман. Бошимга каттароқ телпак кийиб, сийрак сочимни, кичкина қулоғимни одамларга кўрсатмайдиган, кўзларимни юмиб-очмайдиган бўлдим. Қорнимни йўқотиб, тишларимни 32 тага етказдим. Бошмалдоғим ёнидаги бармоғимни пластик операция билан узайтирдим. Шунча кўрган азобларга яраша рентгенга бориб қовурғаларимни санаттирдим. Саккизта экан. Камбағал подшо бўлсам ҳам, барибир подшолик яхши-да! Сиз ҳам кимлигингизни билмоқчи бўлсангиз, “Қиёфат ул башар”ни ўғинг!