Нурулло Остон. Партиялар ўйини (ҳажвия)

Чукча тундрада бегона одамни учратиб, кимлигини сўрапти. «Геологлар партиясининг бошлиғиман», -депти у. «Ҳа, яхши-яхши», -дея чукча беш қадам нарига ўтибди-ю, милтиғини олиб шартта ҳалиги одамни отиб ташлапти. «Мени алдаб бўпсан, -дермиш чукча. -Партиянинг бошлиғи Ленин!»

Бир пайтлар Ленин партияси ҳаётбахш ишларнинг илҳомчиси эди-бир беш йилликда икки беш йиллик бажариларди. Партия буюрса ўрми, гўрми муҳокама қилиб ўтирилмасди. Ҳамма учун партия бош қотирарди. Ҳар ким ўз нонини ўзи топиб ейишга мажбур бўлганидан кейин бундай қарашса,  партиянинг боши бор-йўғи бир нечта бирикмаган бошлардан иборат экан. Бозорга ўтгандан кейин отанг бозор, онанг бозор бўлиб қолди-партиялар бозори бошланди. Номланиши бир-биридан чиройли партиялар пайдо бўлди. Бири «Мангу тараққиёт партияси», иккинчиси «Оммавий оломон партияси», ФДП, ЧШП ва ҳоказо. Тасаввур қилинг, бозорда юрипсиз, ҳамма томонни МТП, ООП, ФДП, ЧШПлар босиб кетган. «ЧШП қанча?» -сўрайсиз. «Фалон пул.» »Қиммат-ку?» «Нимаси қиммат, ана МТПнинг килосини фалон пулдан сотиб ётишипти!» Хоҳлаганингизни танлаб олаверинг!

Мен партиясиз яшолмайман. Ленин партияси топшириғи билан уйландим, миллионлар ленинча университетида ўқиб фарзандли бўлдим, ҳеч нарсани тушунмайдиган миллионлардан бирига айландим. Кейин партиялар кўпайиб кетди. Қарасам, ҳамма МТПга уриб кетаяпти, мен ҳам шартта шунга аъзо бўлдим. «Нима учун МТПга кираяпсиз?» -парткомиссия аъзоларининг менга берган  биринчи саволи шу бўлди. «МТПнинг мангулигини кўрмоқчиман», -дедим. «Мангулик нариги ёқда бўлади, бу ерда ишлайсиз», -дейишди. «Қачонгача?» -сўрадим. «Мангу тараққиётгача!» «Мангу тараққиётга  қачон етамиз?»  «Бу авлодлар довонида маълум бўлади!»

Авлодлар довонини уч йил кутдим. Довондан дарак йўқ. Қарасам, МТПчилар аста-аста силжиб, билдирмай қочишаяпти. ООПга қараб жуфтакни ростладим. «Партиянинг кучи оммавий оломонда, сиз унинг ичида бўлишингиз керак», -дея партия йўлбошчиси Ўламонов мени уларнинг орасига тиқиб юборди. Оломоннинг ичига кириб қарасам, партия аъзоларининг бири кетмон, бири теша кўтариб иш излаб юрган экан, «Ока, иш борми?» деб юзтаси югуриб келди. Йўқ, мен ООП нинг аъзосиман, деганимдан кейин ҳаммасининг ҳафасаласи пир бўлди. Писта чақиб юрган мардикорлар ўртасида бир ҳафта тарғибот олиб бориб, натижаси бўлмагач, у ердан ҳам урра қочдим. Кўзимга ФДП яхшироқ кўринди. «Касбингиз нима?» -сўрашди мендан. «Гўрковман.» «Одамларни лақиллатишни биласизми?» «Одамларни-ку, лақиллатиш мумкин, лекин ўликларни лақиллатиб  бўлмайди.» «Бизнинг  партиямиз энг илғор, ташаббускор партия, шунинг учун «Фолбин дўстлар партияси» деб аталади. Одамларни келажакка, эртанги кунга  ишонтира билишингиз к
эрак. Масалан, эртага ҳаммаси зўр бўлади, деб халқни ишонтирасиз, эртасига эса индинига зўр бўлади, дейсиз. Индинига худо пошшо, яна бир ишонарли фолни ўйлаб топасиз, қарабсизки, ҳамма сизга эргашади. Агар шундай лаёғатга эга бўлсангиз, марҳамат, биз қарши эмасмиз,-дейишди. -Бизда партия аъзоларининг деярли барчаси 40 ёшдан ошган одамлар. Тўғри, уларнинг кўпчилиги ёшлигида ўйинчи, яллачи, киссавур бўлишган, ёшлик-бебошлик-да! Вақти келиб тушларига боболари, момолари кириб, улардан қўл олишган. Ҳозир партиямиз аъзоларининг кўпчилиги фолбин, қушноч, ходим, табиб, башоратчи бўлиб кетишган. Яна ўнг қанот деб аталган мўлтонилардан тузилган кучли армиямиз бор, уларнинг урғочилари исириқ тутатишса, эркаклари гадойлик қилади, лекин дуч келган жойда фолбинликни қотириб қўйишади. Ўнг қанот вакилларининг ҳатто болалари ҳам боламан, деб бекор ўтиргани йўқ, халқ ичига кириб бораяпти-маърака ва тўйларни забт этаяпти. Тўйларда кўп гувоҳ бўлгансиз, шақил
доғини шақиллатиб узун ёғоч оёқларда, ёғоч отларда ноғорасини гумбурлатиб мўлтони тўйчилар келиб қолишади-буям бизнинг армиямиз. Хуллас, сиз партиямизга аъзо бўлсангиз, ФДПнинг  биринчи гўркови бўласиз…» Шундай хайрли ишларни қилаётган партияга гўрков бўлишга  кўнглим бўлмади. Халқнинг ишончини қозонаётган экан-майли-да, яшовчан экан-ки, яшаяпти. Баъзи лақмаларнинг кўзини очиш учун бундай партиялар ҳам керак.

Яқинда бир танишим ЧШПнинг таъсис конференциясига таклиф қилиб қолди. «Бу партия бошқача, қанақа шиддатли мунозаралар бўлишини ўз кўзинг билан кўр, мабодо партияга кириш иштиёғинг бўлса, ўзим гаплашаман», -деди. Бордим. Конференция бошланди.

-Жаноблар, -деди мажлис раиси. -Мана, неча йиллардан буён «Чин шиорлар партияси» тузамиз, деб орзу қилиб юрган эдик, ниҳоят ниятимиз амалга ошди. Бу партияга ҳаммани  қабул қилавермаймиз. Фақат хусусий тадбиркорлар, бизнесменлар, дўкончилар, хуллас, бир пиёла чойи бор кишиларни танлаб-танлаб оламиз. Бугун бу ерга йиғилган 200 та ана шундай кишиларни партиямизга аъзо қиламиз. Партиямиз номини Чўнтак шиларлар партияси, деб нотўғри талқин қилаётганлар адашади. Биз чўнтакни шилмаймиз, балки тўлдирамиз… «Нима билан?» -савол тушди залдан. Нотиқ саволни эшитмаганга олиб сўзида давом этди. -Албатта, баъзан хайрия тадбирларига халфана қилишга тўғри келади, лекин савоб ишни ҳар ким қилиши керак, деган гап бор-ку. Бизга бутун бир жамият катта умид билан кўз тикиб турибди. Бермасак, барибир олади. Улар ичида солиқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун сизларга бу партияга ихтиёрий равишда аъзо бўлишни маслаҳат бераман…

Залда ғовур-ғувур бошланди. Биров чинқироқ овозда: «Партия бизга нима беради?» -деб сўради. Нотиқ «Беради, беради», -деганича минбардан тушиб кетди. Лекин партия жон берадими, кафан берадими, буни англолмай қолдим. Кейин аъзоликка ҳатлаш бошланди. Кирмайман, деб эътироз билдирганлар олдиндан огоҳлантирилди:

-Партияга ихтиёрий кирасанми, ёки ишингни прокуратура кўриб чиқсинми? Сен-чи, солиқчиларни соғиниб қолганга ўхшайсан-а? Ҳов сен, мелисага  ишинг тушмаган кўринади-а?

…ўша куни фақатгина мени ЧШП сафига қабул қилишмади. Лойиқ эмас эканман. Аъзоликка муносиб бўлишим учун ҳеч бўлмаганида битта дўконга эга бўлишим керак экан. Хафа бўлдим. Кейин аллақайда «Суяксиз қассоблар партияси» тузилаётган экан, ўшанга қараб югурдим. Кечикибман. Энди ўзим лидер бўлиб ГМП, яъни «Гўрков-мурдашўйлар партияси»ни тузиш ҳаракатида юрибман. Аъзо  бўлишни истасангиз, таъсис конференциясига келинг!