Нурулло Остон. “Ну и что?” (ҳажвия)

Ҳаёт ташвишлари бизнинг гир атрофимизни шу қадар мустаҳкам ўраб олганки, шусиз баъзан яшашнинг қизиғи бўлмай қолади. Бу ташвишлар итдай садоқатли, итдай вафодор, бир қадам сендан ажралмайди, ажралишни хаёлига ҳам келтирмайди. Унча-мунча одам бу  синовларга бардош беролмайди – ё гений, ё файласуф, ёки гаранг бўлиб қолади. Каминанинг чекига учинчиси тушган. Унча-мунча гапни тез илқаёлмайман. Буёғини сўрасангиз, аслида ўқиб юрган пайтларимда  ҳам гўр эмас эдим.  Дам олиш кунларидан бирида ижара уйда китоб ўқиб ётган эдим, қўшнининг дудуқроқ ўғли деразадан келиб қолди.
–Тарусика борми?-сўради у.
–Тушунмадим,-дедим.
–Тарусика борми?-
–Тушунтириб гапиринг?- гаранглигимдан ўзим уялиб кетдим.
–Тарусика борми?-деди яна қўшнининг ўғли бироз талмовсираб.
Сўралаётган нарсанинг нималигини тўрт марта сўраб тушунолмадим. Яна сўрашга бет чидамади. Нима сўраётган бўлиши мумкин… Тарусика… Демак, қўшнининг ўғли ҳаммомга бормоқчи, лекин трусиги йўқ. Шунга ортиқчаси бўлса, бериб турсин, деб сўраяпти, мен ахмоқ шу пайтгача буни тушунмай турибман. Лекин энг ёмони, ортиқча трусигим йўқ, биттаю-битта трусигимни кийиб олганман. Балким ҳамхона Асрорда бордир… шу хаёл билан қўшнининг ўғлига юзландим.
–Менда-ку йўқ, балки Асрорда бордир…
Китоб ўқиб ётган Асрор бошини кўтариб бизга қаради.
–Нима?
–Бу киши трусика сўраяптилар, менда йўқ, сизда борми?
–Асрор ҳайрон бўлди:
–Трусикни нима қиласиз?
Қўшнининг ўғли бу гапимга аввал ҳайрон бўлди, кейин дудуқ талаффуз билан мен чиқарган тахминни тўғрилади.
–Трусика эмас, битта руска ёзишга, ёзишга, -қўли билан кўрсатди у. Трусика ўзимда ҳам бор…
Кундалик мулоқотлар давомида шундай кулгили ҳодисалар ва савол-жавоблар рўй берадики, уни ўйлаб ҳам, зўрлаб ҳам тўқий олмайсан. Муборак шаҳрида коллеж ўқувчилари билан бўлган учрашувда шоирлардан бири “биз гуманоидлармиз” деб юборди.
–Гуманоид бўлсангиз, қайси сайёрадан тушгансиз? -деган савол тушди. Қарасам, шоир нима дейишини билмай ноқулай аҳволга тушаяпти. Унинг ўрнига шартта:
–Сиз қайси сайёрадан бўлсангиз, биз ҳам ўша сайёрадан тушганмиз, -деб жавоб бервордим.
Бир куни  Рўзибойга қўнғироқ қиламан десам, ички телефон рақами 299 экан. Хонада икки киши ўтирганлиги учун шундай бўлса керак, деган хаёл билан унга қўнғироқ қилдим. “Рўзибой, хонада неччи киши ўтирасизлар?” “Уч киши”. Ҳайрон бўлдим. “Бўлмаса, 399 қилиш керак-да, телефонни”,-дедим. Эсда қолади-да! Бир жойда мошинада йўл ҳаракати белгисига қарамай ўтиб кетибман, ГАИ ходими тўхтатди. Мошинада ўтирган Ўлжавойга “Бор, яхши гап билан мелисани тинчит”,-десам, у ГАИ ходимини: “Ҳой, нега йўлда турибсиз, мошина уриб кетса нима бўлади”,-дея айблаяпти. Ўлжавойнинг гаранглиги битта правага тушди.
Телевидениеда “тракт” деб номланадиган йиғилишда ахборот лавҳалари ҳар куни раҳбар бошчилигида олдиндан кўриб чиқилади. Унда 15 нафаргача масъул ходимлар раис ўринбосари бошчилигида эфирга бериладиган материалларни муҳокама қилишади. Бир куни ана шундай йиғилиш якунида сафарномани имзолаш учун бошлиқнинг столига қўйдим.
–Нима бу?- сўради бошлиқ ёзаётган ишидан бош кўтармай.
–Қашқадарёга сафарнома,-дедим мен.
–У эрда нима қиласиз?-сўради бошлиқ.
–Материал тайёрлайман…
–Қашқадарёда иккита мухбир бор, улар материал тайёрламай тезак ейдими?
Ноқулай аҳволда қолдим. Емайди десам, бошлиққа қарши чиққан бўламан, ейди десам…
–Ейди, ейди, -дедим шошилиб. Бошимни кўтариб атрофга қарасам, бош муҳаррир ўринбосари менга еб қўйгудай қараб турибди.
–Емаслигиям мумкин, -деб юборибман довдираб қолиб…
Ахборот трактларидан бирида кекса отахон ҳаёти ҳақида лавҳа  берилаётган эди. Жуда инжиқ, русий забонда гапирадиган бошлиқ опахон уни кўриб, пешонасини тириштирди:
–Это эшё что такое? -деди опахон.
–Этому старику девяносто лет, -дедим дарҳол.
–Ну и что?-деди опа.
–Он шестдесят лет парикмахером работал,-дедим мен.
–Ну и что?-деди у.
–Кроме этого он шестдесят лет обрезание делал, -дедим нима дейишни билмай.
–Ну и что?-деди у яна пинагини бузмай.
–Те люди, которий он делал обрезание, сейчас работают в очен  болших местах, -дедим таваккалига буёғи нима бўлса бўлди, деб…
–Ну ладна, -деди опа охири яна кўпчилик олдида нимадир деб қўйишимдан хавотирланиб,-толко немножко сократите…
–Эртаси куни бошлиқ хонасига таклиф қилди.
–Чё ака, ти самий умний чтоли?, -деди у.
–Нет конечно, -дедим. -Мой наставник Роман Меламед меня так учил: “Ти началник я дурак, я началник ти дурак!”
–Тогда почему вчера на тракте разние слова говорил?
–Я ничего не сказал. Опа всё время продолжала спросит: “Ну и что?”, а я постарался ответит, лишнего разговора не било…
–Вот что, ака. Болше к ней на тракт не заходи. Договорилис?
Ҳақиқатдан ҳам унинг қабулига бошқа кириш менга насиб қилмади. Чунки кўп ўтмай унинг ўзи ишдан озод этилди.
–Ну и что?-дерсиз?
–Ахир барча ислоҳотлар, ташаббускорликлар ўша кетганидан кейин бошланди-да!