Нурулло Остон. Жомсўз (ҳажвия)

Жомсўз яхши нарса-да. Бир-бирингни мақтайсан, ҳамду санолар айтасан, кўпроқ ичиб қўйсанг, кўнглинг бузилиб кўз ёш тўкиб оласан. Жомсўзни айниқса гуржилар боплайди. «Я випю за твой гроб, сделанний из дуба и которий толко вчера посадили», -дейди. Яҳё Тоғада ҳам анча-мунча жомсўзлар бор. «Яхши одамлар учун ичайлик, -дейди, -биз тобора камайиб бораяпмиз». Ёки инглизчалаб «Дау уай уи пем», -дейди. «Поздно випитое второе зря випитое первое», — дейди. Жомсўзга қизиқаман.  Лекин фожеа шундаки, баъзан каллага келиб қолган тасодифий гаплардан жомсўз бузилиб кетади. Бир зиёли инсоннинг туғилган кунида ўтирипмиз, даврада гала дотсент, профессорлар, тўрда бир академик донолик қилаяпти, кулса ҳамма кулади, кулмаса жиддий туришади. Бир пайт сўз навбати менга келди. Жомсўз айтдим, ҳамма қарсак чалди. Академик ҳозиржавоблик билан: «Энди ичиб берасиз», -деб гап қўшди. Ҳамма кулди. «Майли», -дедим. «Йўқ, ичиб, берасиз!» -деди академик дона-дона қилиб таъкидлаб. Керакмиди сенга шу?!
Яна ҳамма кулди. «Майли, ичиб, берамиз, бермай кетмондаста қиламизми?»-дедим-да қадаҳни кўтариб юбордим. Ичиб бўлиб қарасам, ҳамманинг қўлида қадаҳ, на ичишни билади, на кулишни билади, академикка қараб туришипти. Академикнинг ранги ўзгарган, ичилмаган қадаҳ қўлида, ичи оғриётган бўлса керак, деб ўйладим. Шундан кейин у зиёфатнинг охиригача ўтирмай кетиб қолди. Одамнинг ичи оғриса, кўзига ҳеч нарса кўринмайди-да!

Облоқул аканинг бир раис оғайниси бир куни бизни қўярда-қўймай Каттақўрғонга балиқхўрликка олиб борди. Зиёфат қуюқ, ҳамма жомсўз айтган.  Бир маҳал жомсўз айтиш навбати менга келиб қолди.

-Бир йигитнинг ҳўкизи бор экан, -дедим. -У ҳўкизини шундай яхши кўрар эканки, нима топса ўзи емай унга едирар экан. Йигитнинг эйишга ҳеч вақоси қолмаса ҳам ҳўкизини сўйишга кўнгли бўлмапти. Очликдан тиришиб дунёдан ўтипти. Малоикалар келиб йигитнинг тақдири азалини очиб кўришса, унинг пешонасига ҳар кунига биттадан ҳўкиз ёзилган экан…

Жомсўзнинг якунида «Сизнинг ҳам пешонангизга ҳар кунига биттадан ҳўкиз ёзилган бўлсин»,-дейишим керак, зиёфатда ўтирганларни санаб кўриб: «Сизнинг ҳам пешонангизга бугун бешта ҳўкиз ёзилган экан», -деб юборибман. Буни эшитган  Облоқул ака:

-Семизини сўямиз семизини, -деди. Мамадиёр эса:

-Йўқ қаррисини сўямиз, қаррисини, -деди. Буёғи кулгига уланиб кетди.

Бир куни ишхонага катта бир идорага ишга кўтарилиб кетган ҳамкасбимиз келиб қолди.

-Афандим, бу ерда қаерга ўтиргансиз, -деб сўрадим. У фалон жойга ўтирганман, деса, мен ҳам шу ерга ўтириб, шояд кўтарилиб кетсам, — дейман деб турибман.

-Ҳамма ерда ўтирганман, — деди ҳамкасб.

-Шунинг учун ҳамма ер сасиб ётган экан-да, -депман. У ҳатто хайр-маъзурни насия қилиб кетиб қолди. Катта-катта давраларда жомсўз айтишга тўғри келган. Тумонот одам йиғилган бир ўтиришда аввал Хумий афандини, кейин мени микрофонга таклиф этишди. Давра ширакайф, ғовур-ғувур авжида, домла Хумий микрофонда шеър ўқияпти, ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Бундан ғашим келиб ўтирган эдим, бир пайт мени жомсўзга чақириб қолишди. Микрофонга бориб, «Уважаемие дами и господа», — деган эдим, ҳамма жим бўлиб қолди. Залнинг ўртасида биттаси стулни дойра қилиб тапиллатиб чалиб ётипти. «Эй, заткнис!» деб юборипман. Шу заҳотиёқ икки киши қўлтиғимдан ушлаб мени ташқарига судрашди, айтадиган жомсўз чала қолди. Боқижон Имомов деган сирдарёлик мухбиримиз нафақага чиққанида ҳаммага юбилей қилиб берди. Жомсўз айтмаган одам қолмади. Навбат менга келди:

-Афандим, -дедим. -Шу қадаҳни эварангиз учун оламиз. Юз ёшга кирганингизда эварангиз устингизга чиқиб, памперсингизни ҳўл қилиб қўйсин…

-Илоё шундай бўлсин. Сизларга ҳам шуни тилайман, -дея Имомов кўзидаги қувонч ёшларини артиб, менга битта кўйлак ҳадя қилди.

Ҳозир шу кўйлакни кийиб юрибман. Мабодо жомсўз айтиш лозим бўлган давралар бўлса, мени чақиришни унутманг. Буёғи, кўйлакни алмаштирадиган вақт ҳам бўлиб қолди…