Нурулло Остон. Эга-кесим (ҳажвия)

Қадим замонларда бир подшо ҳардамхаёллик касалига мубтало бўлган экан. Шунинг учун   хаёлига келган ҳар хил гапларни гапириб юбораверар экан. Унинг донишманд вазири ҳар бир гапини оқиллик билан тузатиб турар экан. Кунлардан бирида подшо аллақайдан келган элчиларни қабул қиладиган бўлипти.

-Подшоҳим, бир иш қилсак, -депти вазир. -Оёғингизга билинтирмасдан ип боғлаб қўйсак-да, мавзу ўзгарса, ипни секингина тортиб қўйсам…

-Оғритмайсанми, -сўрапти подшо.

-Йўғ-э, олампаноҳ, -депти вазир.

Шундай қилиб, элчилар подшо қабулига киришибди.

-Сизларда мушуклар семиз-семиз бўладими? -сўраб қопти гап орасида подшо тўсатдан. Элчилар ҳайрон бўлишиб, бир-бирларига қарашипти. Вазир ипни бир тортиб қўйиб:

-Подшоҳи олам қайси мамлакатда фаровонлик бўлса, мушуклари семиз-семиз бўлишини назарда тутаяптилар, -депти.

-Офарин, офарин, -дейишипти элчилар унинг ақл-заковатига қойил қолиб.

-Гапим тўғрими ахир? -сўрапти улардан подшо.

-Албатта, ҳазрати олийлари, бизда тўқчилик, фаровонлик, мушукларимиз семиз-семиз, -дейишипти элчилар.

-Унда нега вазир оёқдаги ипни тортаяпти, -деган экан подшо…

Халқимизда меҳмонни кийимига қараб тўрга ўтқазади. Вақфия вазирлигининг матбуот котиби билан журналист жияни биргаликда илғор технология асосида иккиламчи чиқиндиларни қайта ишлаётган корхона раҳбарининг қабулига кирдик. Тоға-жиянларнинг эгнида 300 долларлик костюм-шим, сумбат ваҳима, билмаган шахсан амир Олимхон билан унинг қушбегиси ташриф буюрипти, дейди. Директор улар билан жуда қуюқ кўришиб, менга қарамади ҳам. Кейин у иккиламчи чиқиндиларнинг умумжаҳон тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, яна алланимабалолар ҳақида гапириб кетди.

-Келажакда биз иккиламчи чиқиндилардан мошина ишлаб чиқара бошлаймиз, -деди раҳбар тоға-жиянларга ўзининг ташриф қоғозидан битта-битта узатиб. -Мана шу ташриф қоғозига эга бўлганларга  биттадан бепул мошина совға қиламиз…

Чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича хориж технологияси ҳақида бир-икки луқма ташлаган эдим, иккиламчи чиқиндилар раҳбари тоға-жиян қолиб кетиб, мен билан қизғин баҳсга киришди.

-Хориж технологияси бизга тўғри келмайди, -деди у ишонч билан. -Мана тилвизирда кўриб турибмиз, қандай яхши мошиналарни хорижда парча-парча қилиб, кукунга айлантириб юборишаяпти. Шу мошиналар биздаги усталарнинг қўлига тушса, яна 50 йил картишка-сабзи ташийдиган қилиб тузатарди. Қолаверса, хорижда иккиламчи чиқиндиларни кўмиб ташлаб, устини  гулзор қилиб юборишади. Биз уйилиб ётган чиқиндиларни бир ҳафтасиз олмаймиз. Сабаби, тадбиркорларимиз ундаги қоғоз, темир, суяк, плёнка, увада, шиша бакалашка цингари жами нарсаларни йиғиштириб олишиб, бизга тоза чиқиндини қолдиришади. Тоза чиқиндидан тоза маҳсулот оламиз. Мана, ҳозир куз пайтида йиғилган баргларни пресслаб, ёғоч заборлар ишлаб чиқараяпмиз…

Чиқиндилар бошлиғининг эга-кесими йўқ гапларидан бошим оғриб кетди. “Кетамиз”, -дедим. Бошлиқ мен билан  чиқиндилар мутахассиси сифатида қуюқ хайрлашди.

Ҳамма жойда “Биз журналистлар…” -деб гап бошлайдиган, бироқ бу соҳанинг йўлагидан ўтмаган “мухбир” билан бир прокурорнинг ҳузурига кирдик. Ўтирдик, сўрашдик.

-Келинглар, -деди прокурор.

-Келдик, -деди мухбир.

-Ҳа, келинглар, -деди яна прокурор юзига ясама табассум беришга уриниб.

Яна “Келдик”, -деган жавоб олинди.

-Ҳа, келинглар, -деди прокурор учинчи марта нима дейишини билмай.

-Мен Фидел Кастронинг отасиман, -деди мухбир осмондан тараша тушгандай қилиб. Прокурор бу гапдан карахт бўлиб қолди. Аввал ранги оқарди, кўкарди, кейин менга, мухбирга ҳаяжонланиб  қаради. Интервенция бошланаяпти чоғи, деб ўйлади шекилли. Қарасам, гапнинг эга-кесими келишмаяпти. Изоҳлашга тушдим.

-Бу киши фарзандларнинг исмини шундай деб қўйганлар, -дедим. Шундан кейин прокурорнинг юзига қон югурди.

-Ҳа, -ҳа, яхши исм экан, -деди у ўзига келиб…

Ёшлигимда кўп касал бўлиб, мактабда ўқимаган бўлсам-да, уйда тоғамдан сабоқ олганман. ўқишни, пул санашни қойиллатиб ўрганганман. Бир куни тоғам менга иккита беш тийин, битта ўн беш тийин бериб, “Ҳисобла”, -деди. Дарров ҳисобладим, “Беш тийин, беш тийин, ўн беш тийин!”, -дедим. Кейин ёзуви бор дафтарчани узатди. “ўқи!” “Б-л-а-к-н-о-т”. “Нима экан?”- сўради тоғам. “Р-р-асим дафтарчаси!”- дедим ҳеч иккиланмай. “Н-нима-а?!”- бақирди фарёд чекиб тоғам. “Р-р-расим дафтаррчаси!” -дея бақирдим. Тоғам қувонганидан ҳушидан кетди. Шу-шу мени  ўқитмай қўйди. “Нега ўқитмайсиз?” десам, “Саводинг гуллаган экан-ку, жиян, сени ўқитиш шарт эмас”, -деди. Шундан ишга киришиб кетдим. Биров: “Фалон нарсани қилоласанми?”- деса, “қиламан”, -дейман. Бўлса-бўлди, бўлмаса кўприкнинг устидаги гап. Шуғулланмаган соҳам қолмади. Противогаз, эски икона, Паганинининг скрипкаси, доиранинг гардиши, долларфурушлик, Наполеоннинг креслоси, пиёнистанинг уйини барматуха эвазига сотиб олиш, қуй
ма олтин, қизил тилло, қимматбаҳо тош, ажалнинг уруғи…

Бир ҳамтовоғим одам ўлдирганларни қутқариш билан шуғулланади, унинг ёрдами билан биттаси 19 йилга, иккинчиси 20 йилга қамалиб кетди. “Агар гаплашмаганимда 30 йилга қамаларди”, -деди у. Яқинда ўшани кўриб қолдим. “Иш йўқми?”- сўрадим ундан. “Биттасининг ўлиги чиққан эди, эга топилмаяпти”, -деди у.

Бизни товламачи дейишади, йўқ, кечириб қўясиз, товламачи эмас, тадбиркор дейиш керак. Тўғри, товламачи пўрим кийинади, гапирган гапининг эга-кесими бўлмаса-да, сўз билан сеҳрлаб қўяди. Ҳаводан пул ясайди. Қаерга борса, дарров телефонга ёпишади, мингта жойга қўнғироқ қилади. Ҳамма раҳбар унинг оғайниси, ҳатто Оғахон яқин қариндоши бўлиб чиқади. Биттаси “Фалончи оғайним фалон жойда ҳоким”, -деб айтиб қолди. Таништириб қўйишни илтимос қилдим. Олиб борди. Кўришдик. “Бу кишини танийсизми”, -дедим ҳокимга шеригимни кўрсатиб. “Қаердадир кўргандайман, эслолмаяпман”, -деди ҳоким уялиб. “Ҳув уч йил аввал Зарафшон ресторанида бирга ўтирганмиз”, -эслатди шеригим. “Мумкин, мумкин”, -деди ҳоким ўнғайсизланиб, кимлигимизни сўраш ҳам эсидан чиқиб.

Лейтенант Шмидтнинг ўғли Остап Бендернинг 400 та комбинацияси бўлган. Ҳар бир ҳолатда шароитга қараб тўғри келадиганини ишлатган. Бизда 401 та комбинация бор, лекин фақат доим биттасини ишлатамиз. Нурмат деган “журналист” ўн йилдан буён бир хил режа билан сафарга чиқади. Нефтибаза, дон маҳсулотлари комбинати, арақ заводи, матлубот жамияти, ўша жойларда қарорларнинг бажарилишини текширади. Жуда ўзига қараб юради, кийинишни қотириб қўяди. Ҳўкизнинг терисидан тикилган 500 долларлик курткани кийишдан олдин чап энгини икки-уч марта сийпаб қўяди. Нимага бундай қилади, билмайман-у, лекин ҳар гал шундай қилганида, “сен барҳаётсан, терингни ёпиниб, ишингни давом эттираяпман”, -деб ўйласа керак, дейман ўзимча. Уни танимаган одам бу камида ҳоким бўлса керак, деб ўйлайди. Таниган одам эса: “Э, бу ўзимизнинг Нурмат-ку, яна бўшалибди-да”, -дейди.

Шунинг учун жаноб товламачилар, э кечирасиз, тадбиркорлар, гапингизнинг эга-кесими заиф бўлса, яхшиси ҳурпайиб туриб олинг. Шунда обрўйингиз ҳам юз чандон ошади, ҳам ҳисоб-китоб жойида бўлади.