Нурулло Остон. Кибру ҳаво-нафси ҳаво (ҳажвия)

Эркакларга отамерос-аёлларни яхши кўришади. Ғарбда бу борада дунёғараш модернизм шеърияти цингари ривожланиб кетган. Йигит-қиз аввал турмуш қурмасдан яшаб кўришади, жанжал бошланган куни дунёқарашимиз тўғри келмади, деб иккови икки томонга қараб кетади. Жанжални аёл бошлайди, эркак чидамаса аёл уни ташлаб чидаганига кетади. Биридан ажраб иккинчисига, учинчисига, тўртинчисига… тегаверади, тегаверади охири битта мўмин-қобил шўринг қурғур учраб қолгунича. Яхши аёл 25 ёшида тўрттасидан ажрашиб, бешинчисини излаб юрган бўлади. Ҳозир ғарбда хотин алмашиш деган модернизм чиққан-худонинг ўзи сақласин-эркаклар хотинларини алмаштириб туради. Бизда шундай қилса борми, хотин-потинига қўшиб даъюс эркакни сўйиб юборишади. Шунинг учун у ёқда болалар оталарининг кимлигини билмай ҳамма нарсани чалкаштириб юборади-да!

Бизнинг онгимизда «Бу меники» деган мулкка эгалик ҳисси кучли. Биз аёлни уйдаги зарур бир буюмдай, мошинадай, шахсий дастрўмолчадай ҳис қиламиз. Дастрўмолча бурун учун қанчалик зарур бўлса, хотин биз учун шунчалик зарур. Илгарилари мусулмончиликда тўрттагача уйланишга рухсат этилган. Тўртта кундош келишиб, ҳамма ишни ўзи қилган. Эркак яхши муомилада бўлган хотиннинг орқасидан қўйдай эргашиб кетаверган. Қаҳрамон Саид айтганидай хотинларнинг иккитаси юлишиб қолса, учинчиси ажратган, эркак эса тўртинчиси билан чой ичиб  томоша қилиб ўтирган. Ҳозир битта хотин қирқтасининг ўрнига ўтади. Ундан ҳали ҳеч бир эркак зоти қочиб қутулган эмас.

Эркин муҳаббат бозори ҳамиша сотувчи ва харидорлар билан гавжум. Хотиннинг машмашалари жонига теккан эркак тўғри ўша жойга боради. Товар нақд, жанжал йўқ, чўнтаги кўтарса бўлди. Лекин битта хавфли томони бор-барча Онагуллар, қадимий касб эгалари қатъий рўйхатда туришади. Уларни хурсанд қилсанг, сен билан ҳеч кимнинг иши йўқ хотиндан бошқа. Мабодо бу саргузаштларнинг бир учи хотинга етиб борса тамом, сен учун учинчи жаҳон уруши бошланади. Аёл эрининг ўша ёққа бормаслиги учун вабанкка боради-дам солдирилган сув ичиради, дуо ёзилган қоғозни овқатга қўшиб едиради. Фол очтириб, раммолчи айтган қора товуқ билан эрини қоқтиради. Бундай ирим-жиримлар шўрлик эрга биринчи қадаҳгача таъсирини ўтказади. Тўйиб ичганидан кейин қушночнинг дуоси кучини йўқотади.

Лавозимдаги эркаклар бошқа гап-улар обрўсига путур етишидан қўрқишади. Шунинг учун гап-сўзга қолмаслик учун яхши котиба оливолишади. Оқибатда уйда хотин, ишхонада котиба ҳукмронлик қилиб, бечора мансабдорни эзиворади. Кейин у «бор-э», деб учинчисини топиб олади. Котиба билан хотинига оғзидан чиққан нарсасини олиб беради жанжалга қолмай деб. Ана шундан уларда кибру ҳаво пайдо бўлади. Тўйларда қизалоқдай кийинган котиба столнинг бир томонида, сўнгги модада кийинган хотин иккинчи томонда ўтиради. Уларнинг ҳар бири эркакни ўз мулки деб ҳисоблайди. Эркаги тушмагур бу пайтда бировнинг томорқасини чуқур қилиб шудгорлаб юрган бўлади.

Нафси ҳаво кибру ҳавога йўл очиб берганидан кейин хоҳиш-истакни жиловлаш қийин бўлиб қолади. Икки оғайни бир дарахтнинг остида дам олиб ўтирган экан, бир дев учиб келиб шу дарахтнинг ёнига қўнибди. Оғайнилар қўрққанидан дарахтга чиқиб кетишибди. Дев қўйнидан чиройли бир паривашни ёнига олиб қўйиб уйқуга кетибди. Париваш дарахтнинг устида ўтирган оғайниларга кўзи тушиб, уларни ёнига чорлабди. «Айтганимни қилмасаларинг, девни уйғотаман», -деб қўрқитиб, уларни зино қилишга мажбур қилибди. Оғайнилар ноилож паривашнинг шартини бажаришибди. Кейин у ёнидан сон-саноқсиз нина санчилган ёстиқчани олиб, яна иккита нина санчиб қўйибди. «Нимага бундай қилаяпсан?» -деб сўрсашса, париваш: «Дев мени ўз мулки деб ҳисоблайди, менинг мулким сизлар билан икки юзта бўлди», -дермиш…

Дунё пайдо бўлганидан буён аёлга эҳтиром бошқача. Ҳамма жойда адолат тимсоли сифатида кўзи бойлоғлиқ, қўлига тарози ушлаб олган Фемида тасвирланади. Адолат рамзи аёл бўлса, яна кўзи бойлоғлиқ бўлса, тарозининг қаёққа оғаётганлигини у қаёқдан билади, деб сўрайдиган одам йўқ. Шундан бу соҳада адолатсизликлар тўлиб-тошиб ётибди. Ҳеч бўлмаса кўзи очиқ бўлса, тарозининг қаёққа оғаётганлигини кўриб, посангини тўғрилаб қўярди-да!

Ню-Ёркда Ричард Моррис томонидан қурилган Озодлик ҳайкали аёл кишининг тимсолида берилган. Қўлида машъала. Эркакларни қидириб юрибди. Эркаклар ҳам анойи эмас, тутқич бермай қочиб юришибди. Лекин аёллардан қутулиш қийин. Мана, Тарзан ҳақида 23 та роман ёзган Эдгар Берроуз асарига кинофилм ишлашаётганида Тарзан ролини ижро етган Жонни Весмюллерни бўйдоқ қилиш учун унинг хотинига 10 минг доллар тўлашган. Шунда ҳам хотини эрининг орқасидан қолмаган, унинг нархи 10 минг эмас, кўпроқ тўланглар, деб. Хуллас, нафси ҳаво-кибру ҳаво бўлса-да, биз аёлларни кифтимизга кўтарамиз, бошимизга  ўзи чиқиб олади. Зеро франтсузларда: «Агар аёл ноҳақ бўлса, ундан кечирим сўрашингга ҳали имкон бор», -дейишади. Аёллар шунга арзийди!