Қадим-қадимдан, мезазой эрасими, неолет ёки полеолет даври, тош асри, бронза асридами, бундан қатъий назар одамзод табиат олдида ожиз қолганида қўрқувдан турли хил афсоналар, эҳромлар яратган, нималаргадир сиғиниб, паноҳ излаган. Жамиятдаги тарихий эврилишлар даврида шундай жараён юз беради. Одамлар ғайри табиий нарсаларни излай бошлайди. Бир даврга келиб ҳар турли полтергейс, кўзбойлағич, экстрасенслар юзага чиқиб қолди. Айниқса Кашпировскийни айтмайсизми? Бир дам урса ухлатади, бир дам урса уйғотади. Яралар ўз-ўзидан битиб кетади, касалликлар йўқолади. Яна унинг олдида айланиб юрган ўзимизнинг маҳаллий лайчаларни кўрсангиз. Ҳаммаси Кашпировскийга тақлид қилишади. Россия телевидениесидан Чумак деган экстрасенс ҳар куни эрталаб чиқиб, қўли билан одамларнинг ичак-чавоғини уёқдан бу ёққа ағдариб, тортқилагани-тортқилаган.
Ўзимизда дуппадуруст юрган касбли-корли одамларда ҳам сеҳрли қувват, биоенергиялар пайдо бўлди. Биттаси халқаро экстрасенслар уюшмасининг президенти бўлди, қолганлари фалон пул билан унга аъзо бўлиб, одамларни “даволай” бошлади. Басрулло деган окахон бир думалаб полтергейс бўлди-қўйди. Ризамат деган ёрдамчиси билан гастролга бормаган жойи қолмади. Йўқ, охири уч йил чиллага ўтириб, ҳозир яна тинчгина тирикчилигини қилиб юрибди.
Яхшигина ҳофиз экстрасенсга айланиб, йиллаб сеанс ўтказди. Гуррос-гуррос одамлар изидан чопган, сеансга патта тополмай сарсон бўлганлар қанча. Ҳофиз-экстрасенс шундан данғиллама иморатлар қурди, ҳовлисини ҳайвонот боғига айлантирди. Ҳозир унинг ҳам бозори касод бўлди. Яна битта экстрасенс нуқул туғмайдиган аёлларни даволай-даволай охири “Демократия” газетасининг мухбири бўлиб олди. Шундан бери хотинлар ҳам туғмай қўйди. Дуппадуруст юрган Ёнбош Хушбек деган шайир экстрасенс бўлганига нима дейсиз? Уч-тўрт киши бир журнал идорасида шахмат ўйнаб ўтирган эдик, ўша шайир келди-ю, гап яна экстрасенсликка боғланиб кетди:
-Мана ишонмасангизлар, -деди у олд томонидан чочи тушган шеригимизни кўрсатиб, -икки ойдан буён даволаяпман. -Кейин унинг телпагини бошидан олди. -Кўраяпсизларми, кам-кам соч чиқаяпти. Икки ойда олдинги ҳолатига келади. Тўғрими? -шеригимга мурожаат қилди шайир -экстрасенс.
-Ҳа, энди, иҳҳи, иҳҳи, -деди шеригим бурнини тортиб, ўнғайсизланиб, -шундай.
-Мен масофадан ҳам таъсир қилаоламан, – рағбатланиб кетди шайир -экстрасенс. -Кечаси ликопчага шакар қўйиб, дардингизни ўйлаб ётинг-да, эрталаб шакарга қаранг, бармоқ изларим қолган бўлади.
-Суратга қараб ҳам даволайсизми? -сўради содда шерикларидан бири.
-Ҳа, суратингизни келтириб берасиз, кейин ликопчага шакар қўясиз. Лекин албатта форточка очиқ бўлиши керак. Усиз киришим қийин бўлади…
Бу гаплардан ҳаммамиз бағоят таъсирландик ва албатта форточкани очиб қўямиз, деган қарорга келдик. Шайир-экстрасенс Ёнбош Хушбек ўртага чўккан сукунатдан фойдаланиб, гапида давом этди.
-Хоҳлайсизларми, ҳозир сизларни ортиқча стресслардан халос қиламан…
-Хоҳлаймиз, хоҳлаймиз, -деган овозлар эшитилди.
-Ундай бўлса, ҳаммаларингиз кўзларингизни юминглар, ҳеч нарсани ўйламанглар. Сеансни бошладим.
Ҳаммамиз кўзимизни юмиб турибмиз. Ёнбош Хушбек бир нарсаларни пичирлаб ўқияпти, рўпарамга келиб қўлларини кўтариб -тушираяпти, кўзимни очишга қўрқаман-ҳурматсизлик бўлмасин, дейман. Бир пайт у:
-Бўлди, кўзларингизни очинглар, -деб буйруқ берди. -Қандай, ўзларингизни аввалгига қараганда яхши сезаяпсизларми?
-Яхши, яхши, раҳмат сизга, -деган олқишлар айтилди. -Анча енгил тортдик.
-Мана сизга Ҳожи буво, қўл назри, -дея Жамол унга беш сўм узатди. Олти кишининг ҳаммаси қўл назри, деб Ёнбош Хушбекка пул узатди. Мен ҳам чўнтагимдаги охирги тушлик пулини унга бердим.
-Ўзи, мен пул олмайман, -деди Ёнбош Хушбек камтарлик билан. -Энди қўл назри бўлгандан кейин, -деб пулларни йиғиб олди.
Шу шайир-экстрасенс яна катта-катта йиғинларда, залларда анча йил ўз саноатини намойиш қилди. Ҳозир эса бинойидек шайирлигига қайтди. Энди Ватан, демократия, уйғониш ҳақида ажабтовур шеърлар ёзяпти. Кўз бойлағичлик билан одамларни ухлатиб юрган шайирнинг уйғониш ҳақида шеър ёзиши қизиқ бўларкан Ҳа, барибир шеър улуғ-да!
Бир режиссёр дўстимиз бор, Давронали Ҳайдарий Ҳусниддинхўжа ўғли деган. Бу касаллик унга ҳам тегибди.
-Ўзим ҳеч ош қилмаганман, бир куни ош егим келиб қолди, -деди бир куни у. -Ёлғиз ўзимман, сабзини тўғраб, пиёзни қовуриб, гўштни қўшиб, ҳаммасини қозонга солдим-да, кейин сув солиб:
-Ё пиру авлиёлар, ўзларингиз қўлланглар, -деб қозоннинг қопқоғини ёпиб қўйдим. Қирқ беш дақиқадан кейин қопқоғини очсам, худонинг каромати билан ош пишибди. Ошни суздим, чойни дамладим, ота-онам арвоҳини хотирлаб, “Ота бу чой сизга, она, бу чой сизга”, -деб қўйдим. Кейин, қани олинглар, бисмилло деб ошни едим. Бир лаган ош, худоё тавба, ҳаш-паш дегунча тамом бўлса бўладими, -деди.
-Шу ерда бегона қўлларни сезмадингизми, -деб сўрадим.
-Нега бегона қўл бўлади, -ҳайрон бўлди Давронали Ҳайдарий.
-Чунки бу уй қурилмасдан бурун унинг ўрнидаги “обший двор”да кўпгина ўрис кампирлар яшарди-да. Уларнинг руҳлари ҳам адашиб келиб, ошга шерик бўлган бўлиши мумкин-ку!
Бу гапимдан албатта, Давронали Ҳайдарий хафа бўлди. Тўғри-да, одам кўнглидаги гапини тўкиб солса-ю, уни ҳазилга йўйсанг, ҳар қандай одам хафа бўлади-да!
Ҳозир замон ўзгараяпти, барқарорлик бўлаяпти, ҳамма нарса изга тушаяпти. Полтергейст, кўзбойлағич, экстресенсликлар барҳам топаяпти. Бу ҳаётимизнинг гуллаб яшнашидан, келажагимизнинг буюк бўлишидан далолатдир.