Доимо кайф билан юрадиган одам бир куни ўзига келса, ҳувиллаган қабристонда ётган эмиш. “Кўп ичиб қўйибман-да”, -деган хаёл билан ўрнидан турибди. Қараса, сал нарироқда гўрков гўр кавлаётган экан. “Кел , шуни бир қўрқитай”, -деб ўйлапти. Бошига кийимини ниқоб қилиб, гўрковнинг орқасидан бориб: “Воҳ!” -депти. Гўрков унга ғайрилиб қараб қўйипти-да, индамай ишини давом эттираверипти. Ҳалиги одам гўрковнинг олдига ўтиб, оғизларини қийшайтириб важоҳат билан бақирипти. Гўрков яна парво қилмай, ерни кавлайверипти. “Ҳа, бу кар ва гунг бўлса керак” -дея ҳафсаласи пир бўлган одам уйига қайтмоқчи экан, дарвозанинг олдига етганида гўрков югуриб келиб унинг бошига тешаси билан битта туширипти. Бечора одам теша зарбидан “шилқ” этиб йиқилипти. Гўрков: “Қанча шўхлик қилсанг шу ерда қил, лекин чегарадан чиқма-да!” деб ғудранармиш…
Илгари одамлар ўз таржимаи ҳолида: “Хорижда қариндошим йўқ”, -деб ёзарди. Ҳозир ҳамманинг қариндоши хорижда. Бухоро қушбегисининг Дубайда меҳмонхонаси бор экан. Унинг вориси Қашқадарёдан топилипти. Лекин у ўттиз йил ёзилган «Шоҳнома»га берилган мукофотдан воз кечган Фирдавсийдай ворисликдан воз кечибди. Чегарани билади-да! Илгари хуфёна гаплар қулоққа айтиларди. “Ти член КПСС?” “Нет, я мозг КПСС!” -дея бир-бирларига маъноли қараб кулишарди. Яқинда бир газетада “Америка ва америкаликлар” деган мақолани ўқиб қолдим. “Все ответственност за благосостояние народа возлагается руководству государства и эё членам”, -деб ёзилган экан. Қаранг, қандай олийҳимматлилик. Лекин биттаси шунча ғамхўрликларга қарамай, ҳукумат сиёсатига қарши чиққан экан, баччабозликда айблаб, қамаб қўйишипти. Чегарадан чиққан-да! Кунингни кўриб юравермайсанми баччағар, ойига икки минг доллар ишлаб. Мана, биз Америкага бормасак ҳам худога шукур, ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ! Бир ошнамиз “Ижод юқор
идан келадиган илоҳий нарса, ҳаммаси ёлғиз ўзига аён”, -дейди. “Тўғри, лекин меҳнатни ҳам ҳисобга олиш керак-ку, мана Абдулла Қаҳҳор ўз ҳикояларини 16 мартагача кўчирган”, -десам, “Чегарадан чиқма!” -дейди.
Бир деҳқоннинг қовунполизидан ҳар куни ҳандалаклар йўқолаверипти. Деҳқон ўғрини ушлаш учун кечаси оқ кўйлак-иштон кийиб қовунполизга ётиб олибди. Ярим тунда қараса, ўғри етилган ҳандалакларни қопга солиб тўппа-тўғри деҳқоннинг рўпарасидан келаётган эмиш. Деҳқон оқ кўйлак-иштонда осмондан тушган арвоҳдай ўғрининг рўпарасида пайдо бўлибди. Ўғри тили калимага келмай, дудуқланиб:
– А-а-а-с-саломалайкум Хизир бова, -деб юборибди.
-Вағлайкум ассалом бўтам, ярим тунда бировнинг қовунполизида нима еб журибсан, -сўрабди Хизир бова.
-Сизни бир кўрсам, деб орзу қилиб журибидим, худо шу қовунполизда кўришишға жўллаған-да! -депти ўғри ҳозиржавоблик билан. -Бир дуо қилинқ Хизир бова, худо ишимға барака берсин!
-Манғлайингға берайинма, танглайингға берайинма, -сўрабди Хизир бова сахийлиги тутиб кетиб.
-Манглайимға беринг, манглайимға, -депти ўғри шошилиб. Хизир бова гурзидек мушти билан ўғрининг манглайига тушириб, чаппа қипти, кейин оғзидаги носини танглайига тупурибди. Ўғри чегарани бузган экан-да!
Бир куни махсус идорага чақириб қолишди. Бордим. Юзи металл қиёфали бошлиқ мени роса сўраб-суриштирди, ўлиб кетган катта бобомнинг нечта хотини борлиги ҳам қолмади. Кейин: “Фалончини танийсизми?” -деб сўради. “Танийман”, -дедим. “Нима иш қилади?” “Шеър ёзади!” “Шеърларини таҳлил қилиб берсангиз.” “Мен некролог ва эпитафиялар бўйича мутахассисман, шунақа нарсалар бўлса, майли!” -дедим. “Чегарадан чиқма!” -дейишди.
Қатағон даврида тройка номи билан одамларни даҳшатга солган уч кишилик судлов комиссияси бўлган. Улар хоҳлаган одамини отиб-қамаб кетаверган. Ноҳақ қатағон қилинган одамларнинг номини тиклаётган бир профессор Мухтор Комилдан, “Мени танияпсанми?” деб сўрапти. “Йўқ, отангизни танийман”, -депти Мухтор унга бақрайиб. Сабаби, унинг отаси тройкада кўпларнинг бошига етган экан. “Чегарадан чиқма!” -депти профессор секингина.
Сиенти телекомпаниясининг Жўжа Алайҳилаъна деган продюсери бор, жуда бало, бўйи бир қарич, ўзи юрмонқозиқдай, ушлаган жойини узиб олади. Бир иккита артистларга продюсерлик қилиб, уларни ҳам худораҳматли қилиб юборди. Ўша юрмонқозиқ бир куни ёғ-мой комбинатига кўрсатув тайёрлашга борипти. “Жўжа ака, ўтган ой келган эдингиз, кейинроқ келсангиз”, – дейишипти. Продюсер “шунақами?” дея шартта микрофонни олиб, корхона дарвозаси олдидаги кўлмакка оёқяланг бўлиб тушиб олипти. Раҳбарлар бир амаллаб ялиниб-ёлвориб уни мошинасига ёғ ортиб жўнатишибди. “Матбуот эркинлиги бор! – депти Жўжа Алайҳилаъна кета туриб. -Мени бўғолмайсанлар. Чегарадан чиқмаларинг!”
Яҳё Тоғанинг уйига бир куни номонгонлик курсдоши ёнида шопири билан меҳмон бўлиб келиб қолди. Пиёла айланаяпти, гапдан-гап чиқиб, бояги шопир: “Шоир Жондош Саъдулла менинг қайнатам бўлади”, -деди. Уни танимасам ҳам одоб юзасидан ҳайрат ва эҳтиром билдирдим. Бу ёғини Мухтор илиб кетди. “Олинг бўлмаса, -деди у пиёлани кўтариб, -келажагингиз олдинда экан. Илойим олдингиздагини орқангизга етказсин!” “Раҳмат-раҳмат!” -деди шопир тўлқинланиб. Бу гапни эшитиб “Ҳиқ” этдим-у, ароқ томоқнинг ўртасида қолиб кетди. На у ёққа ўтади, на бу ёққа ўтади занғар. Чегарадан чиққандан кейин шундай бўлади-да!
Умр Чидам деган шоир бор. Ҳаётнинг барча азобларига чидаб юрганлиги туфайли донғи бутун дунёга кетган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг мустақил эксперти Қаҳрамон Сайидо бир гал унинг ижодига, чидам ва матонатига юксак баҳо бериб: “Умрнинг чидами шундан иборат бўлса, умрдан кечдим”, – деганди. Шу шоир ногирон бўлса ҳам коммунистик мафияга қарши ўз норозилигини билдириш мақсадида бир ҳафта обком биносининг ёнида очлик эълон қилиб ётиб олди. Ҳеч ким уни ўрнидан қўзғатолмади. Охири эътибор бермай қўйишганидан кейин ўзи тахта-ўқлоғини йиғиштириб уйига жўнади. “Ҳа”, -дейишса, “Энди соғлар турсин, мен халқимга, ижодимга кетдим!” -депти. Умр Чидамнинг ҳар бир шеъри атом қувватига эга бўлганлигидан ундан бомбадан қўрққандай қўрқишади. Қўлёзмалари аланга олиб, чегарадан чиқиб кетмаслиги учун ҳатто ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказишди. Яқинда бир халқаро ташкилот унинг номзодини Нобел мукофотига тавсия қилипти.
Сиз ҳам Нобел мукофотини орзу қилаяпсизми? Оғзингизни юминг! Эшитиб қолишса, халқаро мафиячилар сизни ҳам уриб майиб қилишади. Чегарадан чиқдинг, дейишади. Нобел мукофоти европаликлар учун, сенга йўл бўлсин, дейишади. Майиб қилишганидан кейин ҳа майли, Нобел мукофотига очиритга турақолинг, дейишади. Шунинг учун чегарадан чиқмаган маъқул!