Жуда қадим замонларда, емак-ичмак танқислигидан ё бошқа сабабми ишга ярамай қолган қарияларни фарзандларидан бири елкасида кўтариб олиб, олис тоғлиқдаги қузғуну илонлар макон қилган Говургон деган манзилга ташлаб келишар экан. Ўлимтикхўр қушлар, чарх уриб учаётган қузғунлар мурдаларни еб кетишар экан. Бу ўзига хос удум, анъана, қонун даражасида белгиланган мажбурият бўлиб, ҳар бир кишининг уни бажариши шарт экан. Агар кимки бу таомилдан бош тортса, юрт маъмурлари томонидан аёвсиз жазоланар экан. Кунлардан бир кун бир ёш йигит отасини елкасига опичлаб, Говургон сари жўнабди. Йўлда толиққач, четроқдаги бир тош супачага нафас ростлаб олиш учун чўккалабди. Шунда отаси туйқусдан кулиб юборибди. Алланечук паришон ҳолда бораётган йигит отасига: «Нега куласиз, отажон, қитиғингизга тегиб кетдимми?», дебди. Ота жавоб берибди: «Ўғлим, сен ўз ишингни адо этяпсан. Мен ҳам отамни олиб кетаётганимда худди шу тош супа устида дам олган эдим…»
Йигит бу жавобдан лол бўлиб қолибди ва узоқ ўйловдан сўнг режасини ўзгартирибди. Бу иши учун жазодан ҳам қўрқмай орқага қайтибди. Уйга қоронғу тушганда кирибди. Ва ўша кечанинг ўзида каттакон сандиқ ясабди. Пастида туваги, ёнида дарчаси бўлган сандиққа отасини жойлаб ҳар куни бир кулча ва бир коса сув узатиб боқа бошлабди. Орадан олти ой ўтиб-ўтмай, юртда қурғоқчилик бошланибди. Дарёлар қуриган, қудуқларнинг суви тортилиб кетган, булоқлар кўзини қум босган. Ҳеч қанча вақт ўтмай сув танқислиги бошланибди. Моллар, паррандалар, отлар қирила бошлабди.
Шунда бу воқеаларнинг кўпидан бехабар чол ўғлидан нима гаплигини сўрабди. Воқеани билгач, ўғлига «Ҳамма ухлагач, ёнимга кел», дебди. Ўғил отаси айтганидек килибди. Отаси унга шундай йўл кўрсатибди: «Янги қулунлаган бияни мин. Хуржуннинг бир кўзига иккита мешни, иккинчисига бир сон гўштни солиб, фалон тоғдаги фалон жойга бор. У ерда ғор бор. Шу ғорнинг оғзига қулунни онасидан ажратиб, маҳкам боғла. Хуржундаги гўштни бўлаклаб, куннинг кўзига ёйиб ташла. Унга гов замбурлар (катта қизил ари) келади. Улар гўштни ейди, сўнг сувсайди. Сув излаб гала бўлиб учади. Шу пайт сен ҳам бияга миниб, замбурлар ортидан борасан. Қаерда сув борлигини шу қанотли жониворлар билади. У ёғини ўзинг кўраверасан…»
Йигит тонг қоронғусида йўлга тушибди. Отаси айтган жойни топиб, пешин чоғи у ерга етиб борибди. Қулунга арқон солиб, уни бир арчага боғлаб кўйибди. Сўнг қуёш тиғига ёйилган гўштга гов замбурлар келишини кутиб ўтирибди. Кўп ўтмай ҳид олган гов замбурлар пайдо бўлибди. Улар иштаҳа билан гўштга ёпирилибди, сўнг сувсаб бирин-кетин йигит турган жой яқинидаги ғорга гувиллаб кира бошлашибди. Йигит ҳам биясини етаклаб, уларнинг ортидан равона бўлибди. Ғор йўли пастга қараб кетгани учун у зўрға чуқурликка эна бошлабди. Бир пайт оқиб ётган сувнинг шовуллаши эшитилибди. Қоронғи ғор тубидан бир тегирмон сув оқиб ётганини кўрган йигит гов замбурлар ҳужумига ҳам қарамай, муздек сувдан тўйиб ичибди. Биясини ҳам суғорибди. Мешларини сувга тўлдириб биясига ортиб олибди.
Бия эса ташқарида бойлоғлик қолган қулунидан хавотир олганча юқорига талпинибди. У ғорнинг тор ва оғир йўлакларидан бир силкиниб ўтиб олиб, тепага кўтарилибди. Йигит омон-эсон уйига қайтибди. Оиласига, қўни-қўшниларига ҳам сувдан улашибди. Бундан хабар топган маъмурлар буни ким ўргатганини, сувли манзил қаердалигини сўраб, йигитни қистовга олишибди.
Шунда йигит юрт эгаларидан узр сўраб, бўлган воқеани айтиб берибди. Ўша юртнинг подшоси бу воқеаларни эшитиб, маъмурлари билан маслаҳатлашиб йигитни ҳам, унинг отасини ҳам авф этган экан. Ўша кундан бошлаб ҳеч ким кекса ота-онасини Говургонга олиб бориб қўйишга мажбур эмаслигини эълон қилибди. Йигитнинг отаси — ўша донишманд чол бу юртда ўз ажали билан вафот этган биринчи фуқаро экан.
Халқимизда шундай нақл бор: “Бир улоқ — бир туп шувоқ!” Яъни ҳар бир яратиқ ўз ризқи билан туғилади.
Ушбу ривоятни айтиб берган отам раҳматли чуқур тин олганча соқол-мўйлабини силаб шундай дер эди:
— Ҳа, болам, шундай фарзандлар ҳам бўлар экан. Бир кун келиб сен ҳам мозоримга оқ тош-кўк тош кўярмикансан?
Билардимки, у кишига «оқ тош-кўк тош»нинг қизиғи йўқ. Истаги хотира, кўнгилдан ўчмайдиган чироқ. Отам юз ёш атрофида оламдан ўтди. У кишини Аллоҳ ўз раҳматига олсин. Мен ҳамиша падаримнинг кўнглини олишга, бирор-бир ножўя иш ё гап билан ранжитмасликка ҳаракат қилдим. Лекин фарзандлик бурчимни тўла адо этолдимми-йўқми, Худо билади.