Бозирган чавандоз доғда қолди…
Қизғалдоқнинг адоғидан кўндалангига Тагсарой оқади. Тагсаройнинг кунгай бети қари лалми (эл шундай атайди), қибласи сувот – таёқ суқсанг барг ёзади. Замони чархифалак бўлиб кетган бу кунда қози ҳам, миршаб ҳам, дўхтир ҳам тиш-тирноғи билан ерга тармашган. Ерга етмаганлари молиниям, жониниям бозорга урган. Бозорга бор – бахтингни кўр. Бахтини ниманинг эвазига кўради, бунисини ўзлари билишмаса – биз билмаймиз!
Майдақадам моданинг устида ўз майлида тебраниб бораётган мана бу жинқарча Бозирган чолнинг невараси. Ҳув-в, ана у чайла эса Бозирганга, тўғрироғи, унинг кенжаси – Эшбой эшчига товин. Эшчининг эш чангаллаб косаси оқармаган чоғи рўзғорга томчи деб пиёз эккан. Экканда ҳам сидирғи экмаган, “Аччиқ бўлса, харидорини ўзи топади”, деб дамига ош пишадиган Жолпон хумга уруғ септирган. Аччиқ бўлишини билмадиг-у аммо уруғнинг ярми куйиб кетган чиқади. Сийраккина кўклабди. Сийраклиги Эшчининг умидини янада жонлантирди: “Ҳали кўрасиз, чумчуқнинг калласидек эмас, муштдай-муштдай пиёз бўлади! ”.
Остонаси муборак ошёнидан судралиб чиққан чавандоз шу чайлани ўзига ватан тутган. Неча вақтдирки, неварани айтмаганда исми одам билан гаплашмайди. Кундузлари сояни итга бермайди. Кечалари эса киприк қоқмайди.
Ўғли келди. Ўтинди…
Келини келди. Ёлворди…
Қизи келди. Йиғлади…
Бозирган чол ўзини мисли кўлвор чоғлади. Мезон қуёшида тобланиб, шамолига кўкрак кермоқчи бўлди.
Уйига қайтмади…
Кўкламдан мезоннинг адоғигача пайкалу қишлоқ орасида шу жинқарча сарсон, Майдақадам сарсон.
Чолнинг айтарга баҳонаси бор – пиёз мезонни емаса, шунча тоат-ибодат бир пул. Чириб кетади. Гап пиёзда ҳам, мезон шамолида ҳам эмас, ўғлининг зуваласи бўшлигию келиннинг бироз уқувсизлигида!… Бўлмаса қуш чўқимайдиган, жонлиққа эт битирмайдиган аччиқ пиёзнинг бошида нима бор, бу “иткасал”га!
Ўтган қишда Бозирган чол неварасига тўй бериш тараддудида эди. Оғзидаги тишидай сийраклашиб қолган узангидошларини бозорда кўрадими, мозорда кўрадими, дўқ уриб: “Неварамга тўй бераман! Кўпкариси катта бўлади! Отга қарашинг!… ” дер, бу гапларига кўнгли тўлмай: “Улларни ҳам олиб келинг! Ота қадрдонларни топиштириб кетайлик! Тил топишса, оға-ини бўлиб қолар. Топишмаса, укасининг қорнига! ” дея қўшимча қиларди. Унинг бу гапларини қайта-қайта эшитиб безор бўлган чолларнинг айрими ўзини гарангликка солиб қолганди.
Чавандоз бир сафар ўзини гарангликка олган Ташман туянинг қулоғига:
– Бозирган ўзи битта тўй беради, катта, – дея қичқирди.
– Ҳў, боди. Қулоғимни тешдинг-ку! Сен неварамга тўй бераман деганингда, менинг тишим чиққани йўқ эди, – деб милкини кўрсатди Туя.
– Юким ерда қолди-ку, ошна! Шу йил қор тушсин, тўйни бошлайман, – деди Бозирган ошнасидан ранжиб.
Чолнинг юрагини ҳаприқтириб келган қишнинг аввалида кампири унинг тонгдаю шомда, кундаю тунда тайинлаб келган калимасини канда қилди. Қўзигул Бозирганга маҳрам бўлиб, айтганини бажармаган бўлса, шу бўлар, яна билмадик. “Ортимда қоласан”, деганига қарамай, жонини Жабборга топширди-қўйди.
Неваранинг тўйи қолишга қолди. Аммо кўп ўтмай элда: “Бозирган чол уйланармиш”, деган гап оралади. Улус чавандознинг бошини икки қилишга кўпам шошмаган, гўё Қўзигул кампирнинг кўкаришини сабр билан кутган, кўкламга илҳақ бўлгандек кўринади. Кун қизиган сари гап-сўзлар урчиб кетди…
Чавандоз уйланса уйланибди-да, шунга нима: осмон узилиб ерга тушармиди?! Кампири ўлиб уйланганлар Қизғалдоқда камми?! Биргина Ҳайит ланги учинчи хотини ҳам жувонмарг кетганидан кейин уйланмаган, уйланолмаган. Негаким, оғзига кучи етмаган икки-уч кампир жаназада ўтириб, ёмон бир матал тўқиган. Изига ўзлари тўқиган маталдан чўчиб: “Лангида хотин турмайди”, деб лаб тишлаган. Кампирлар лаб тишлагандан сўнг қайси аёл юрак бетлаб Лангининг ўнгиридан тутсин. Уйи синган аёл бордир, аммо жондан тўйгани, жонидан тўйгани йўқ!…
Яна Ҳалдав посон уйланганидан сўнг соқолини анбарлаб арига талангани-ю, Орол карга ўғиллари қолиб, қизи хотин топгани ҳам бор гап. Яна…
… Яна Эсонбой оқсоқол икки ўлиб, уч уйланган. Эсонбой оқсоқолнинг “ўлиб-тирилишлари” ва уйланиши Бозирган чолнинг кечмишига соя солмайдиган маҳшар қадар гурунг. Ундан кўра хотинининг фориғлик муддатини ҳам ўтказмай уйланган Толмас морбоз эл ичра машҳур, музофотда донгдор.
Толмас морбоз чўгирма телпак кийганича бор экан. Эл оғзига элак тутди. Дангалини айтсак, “Мисқол девдай йигитнинг умрини ўғирлади-я! ”, “Мисқол тумса”, деганларнинг оғзига чўгирмаси билан урди. Мисқол ўғилли бўлиб, чилла тутди. Қолаверса, Морбознинг қулоғи том битганида, оғаларидан кўра Авазнинг: “Тўрт кунлик меҳмоним отам! Меҳмон бўлиб тўймаган, дунёю қўтирда ҳеч вақони кўрмаган, армонлари бағрин тиғлаган… отам-ов, отам! ” деганлари элнинг эсидан чиққанича йўқ.
Гўяндаларнинг гурунг беришича, Аваз қўшиғини кўнгил учун айтмаган. Ҳар “отам-ов, отам! ”, деганида сабзи тишлаган. Билингки, отасини йўқлаётган Авазнинг уртида сабзи бўлган. Ундан ранжиган аканинг кўкайига шу гаплар келди: “Ўв-в энаси қисир! Энам отамнинг қўйнида йўқ эди. Мен отамнинг эсида йўқ эдим. Нега бунча зор қақшайсан?! Мисқол макрзаннинг арзандаси! Отам ўлган бўлсаям, сенинг бошингни силайдиган Макрзан бор-ку! Энамнинг қора босиб ўлганини билсанг, юрагинг ёрилиб ўлар экансан! Эй, садқайи эна кет!… ”
Аммо тилига кўкайи эмас, кибри кўчиб, томоқ қириб, укасига юзланганча:
– Ҳў-в, Аваз! Отамиз-ку ёшини яшаб, ошини ошаб ўтди. Бу ёшда кўчганники тўй! – деди.
– Сизларга тўй бўлса, тўйдир. Бизга аза, – дея Морбоздек босиб тикилди Аваз.
– Авазбой, майли, сенга аза бўлса, азадир! Лекин: “Армонлари бағрин тиғлаган… ” деб бўзлаганинг нимаси! Отамизни доғда қолди, деб ким айтди сен тирмизакка! – деб ториқди ака.
– Эр етган кишига биров айтиши шартми! Отам ҳар оқшом арғамчиқопини томорқанинг этагига қоқарди. Кейин менга най чалдириб, теваракка мордек тикиларди. Мен най чалардим. Отам эса “Мен оёқ узатар бўлсам, сенинг ҳолинг нима кечади, Хунхорнинг султони! ” дерди, – деб ер тепди Аваз.
– Хўп, майлига, сен сари борайлик, Авазбой иним, султон иним! Очдан ўлдингми! Бизни номусга қўйма… Ё сабзи е, ё отам де! – деди ака қаҳрланиб.
– Сабзимниям жиябераман, отам-ов, отам, деябераман! – дея акасига тиззинглади Аваз.
Боланинг бетга чопарлигидан ғазабланган ака қулоқ-чаккасига қўйиб юбормоқчи бўлиб қўл чўзди-ю, титраб кетди. Акага тикилиб турган кўзлар уканики эмасди…
Қўрққанидан майит ётган уйга юзланди. Дафъатан қулоғида отанинг хеш-ақрабларига айтган сўнгги гапи янгради: “Авазқулнинг бурнини қонатманглар! ”.
“Армонлари бағрин тиғлаган!… ” деб бўзлашда давом этди Аваз. Аканинг меҳри ийиб, уканинг бошини силай-силай, “Отам-ов, отам! ” деб жўр бўлди. Ич-ичидан титраб, кўзларидан тирқираб ёш отилди. Чопонининг ўнгири билан улусдан юзини яширди ва Авазга деди: “Нима десанг ҳам сенга можна, Хунхорнинг султони! ”
Чолни уйлантириш Қизғалдоқнинг эсида ҳам йўқ пайтда жинжаклилик: “Бозирган чавандоз соқолини боғлаб нон ёпармиш”, деб айтган экан.
– Чолнинг соқолини боғлаб нон ёпганини биринчи қизи эшитган. Келиб келинини қарғаган, сўнг ўғли эшитиб ҳайрон бўлган. Бозирганнинг ўзи эшитиб, “Шундай дейишибдими-я, қисталоқлар”, деб қаҳ-қаҳ отиб кулган ва индамай уч-тўрт кун ўғлининг оғзига қараган. Ўғли тиш ёрмагач, чол тўнини тескари кийиб олган, – деди билгичлар.
Чавандознинг нон ёпган-ёпмаганини ўғлиям, қизиям билмайди. Гапнинг ростини қайнота-келин ҳеч кимга айтмади.
Бозирганнинг назарида, атрофидагиларга бир бало бўлган. Худди у сағир қолгандек, ачиниб қарашади. Юпатиш учун нималарнидир ўйлаб топади. Ўғли ишдан кеч қайтса ҳам, унинг олдига киради, нималарнидир гапирган бўлади. Ҳеч гап топмаса: “Экология ёмон, иқлим ўзгариб кетди, ҳозирги келинлар нозик”, деб дийдиё бошлайди. У туғилганда онаси азоб тортмагандек. Гўё отасига шулар қизиқдек.
Авваллари саломини тўғри бера олмайдиган келини ҳам энди унга матал айтади. Ҳай-ҳай демаса, бозорга борганию бодини кўрганидан бошлайди. Бир гал шундай ҳам бўлганди:
– Эртага ис куни, – дейди келин қайнота ўтирган сандалнинг бир кунжагига ўзини уриб.
– Шундаймикан? – дейди чол саноқдан адашгандек.
– Бозорга боргандим. Мой олдим, – дейди келин қойил қилгандек сандалга чуқурроқ кириб.
– Яхши-да, яхши-да, – дейди чол кумуш қошларини силаб.
– Бозор куйиб кетибди, – дейди келин бамайлихотир, – мой одамнинг хунига тенг!
Қайнота чуқур уҳ тортди. Тишни-тишга босгиси келди. Бундан сўнг яна шу тахлит суҳбатларга чидай олмаслигига кўзи етди. Сандалдан чиқиб ўтирди.
– Бозорда сенга бало борми?! Эшчи мой олиб келмай номаъқулнинг нонини ейдими? – деб товушини баландлатди қайнота.
Келин ўзини эшикка урди. Чол унинг ортидан: “Яна бозор борсанг, бил, қани, Бозирганнинг хунига қанча мой берар экан”, деб қолди.
Келинидан ранжиганиданми ё бошқа бир сабабданми, негадир хаёлига раҳматли кампири келди. Муштдек момо эди. Ўзини ўтга-чўққа уриб пилдирабгина юрарди…
Қўзигул кампирнинг ажойиб одатлари бор эди. Бундай одатлар… Фақат унга, фақат шу кампирга ярашарди. Чавандоз биров-яримдан дили хуфтон бўлса, бас, тилини ютиб қўяди – ҳеч кимга лаб жуфтламайди. Охири бир куни ичи пишиб, завжасига ёрилади. Агарки у дилозор мардум хеш-ақрабларидан бўлса, албатта келиб Бозирганнинг кўнглини оларди. Ёт бўлса-чи? Ёт бўлса ҳам, кампирнинг жавоби тайин эди. Чолни “қутирган туя қопганда” ҳам шундай бўлганди.
Ўшанда чол азбаройи гузарга Майдақадамга арқон олгани борганди. Нимага боргани ҳам ёдидан кўтарилиб, уйига қайтди. Майдақадамдан тушай деса, арқон йўқ! Модани остонагача ниқтаб бориб:
– Гунафша, – деди чол.
Отанинг овозини эшитиб ташқарига чиққан ўғил худди бошидан мушт егандек гангиб қолди:
– Падарингга лаънат, макимия! Сен уйда курк ёт. Мени қутирган туя қопсин, – деди ота.
Эшчи ҳам анойи эмас. Майдақадамни миниб кўздан панароққа кетмоқчи эди, аммо чол кўнмади, устамонлик қилди. Ўғлини тақимига босиб сўккиси келди:
– Энанг йигирган калавадан олиб чиқ, – деди баттар тутақиб.
Майдақадамни невара миниб турди. Кампир, ўғил ва келин ип пишитди. Чол пишиб келаётган ипни эшди. Агарда кампир: “Ақрабнинг муддаоси ниш урмоқ, хоҳ дўст кўксига, хоҳ душман орқасига”, демаганида, ип пишигунга қадар Ташман Туяни ҳам, унга қўшиб ўғлини ҳам сўка-сўка Бозирганнинг ўпкаси пишарди.
Чол кампирнинг гапидан сўнг юмшади, нафас ростлади. Аввал арқонни қулочлади. Кейин икки-уч ҳатлаб, оёғи билан босиб тортиб кўрди. Пишиқ арқонни маҳсисининг қўнжига уриб:
– Бир тўй берайлик, кўпкарининг завқига нортуялар ҳам маст бўлсин! – деди.
Келин чолнинг бу итфеълини бугун кўргандек, лаб буриб нари кетди. Қирқ йилдан бери отанинг сўкишини эшитадиган ўғилга негадир шу тобда алам қилди.
– Соқолига оқ оралаб ҳам шу одатини ҳеч ташламади-да, момой?! – деди онасига.
Энди, эски дард-да, болам, нима ҳам қилай…
Мазаси йўқми?!
Иткасал-да.
…
Арқоннинг бир учини ўғлига бериб, тортса ҳам бўларди. Аммо бундай қилмайди. Негаки, ўғлига ишонмайди. Тўю катта-а кўпкари беришнинг сабаби ҳам асл шу ишонмаслигида! Кўнглида бир “аттанг”и борлигида! Чол кампирини ўзига қанчалик яқин тутмасин, бу “аттанг”ни унга билдирмайди. Бироқ… бироқ бу “аттанг” кўп йиллардан бери ич-этини ейди; ичига ҳам сиғмайди, бўзлатади! Кексарган сари авжига олади.
Бир гал ошнаси Эсонбойга (ҳа, айтганча, унда оқсоқол – оқсоқол бўлмаган, эл қатори Эсонбой эди): “Зотимдан кўкрак кериб даврага кирадиган чиқармикан? ” деган. Ошна ўзини эшитмаганга олган. “Чиқмайди”, деб Бозирганнинг яна ўзи тирғалган. Эсонбой эса боз устига тиш ёрмаган. Чавандознинг марсингиси, йигитлик даврини эслаб мақтангиси келган, чоғи, бор гапни ўзи айтган.
– Бўз йигитлигимда “чавандоз” деб ном кўтардим. Элнинг олдидан ўтдим. Кўп сулув қизларнинг кўнглигига ғулу солдим.
– Ҳа, шундай бўлганмиди, – дейди ошнасининг гуппайганидан завқланган Эсонбой.
– Кексалар: “Тулпор – биядан, алп – энадан! Полвон, келиннинг дуркунгинасидан олинг”, деса, ўйин билибман! Қўзисига, Қўзигулига ошиқ бўлибман, – деган виқор билан Бозирган.
– Отиям Қўзигулмиди? – дейди ошнасининг баттар завқи келиб.
– Шундай. Ҳар замонда зоту палагимни ўйлаганда оти эсимга келмаса, ёдимдан ҳам кўтарила ёзган.
– Нега?
– Шу қаллиқ ўйинга борганимда эрмакламоқчи бўлиб отини сўрагандим, “Гунафша” деди кўзлари жавдираб. Олдинлари ҳар Гунафша деганимда шу кўзларини кўргим келарди. Кейин ўрганиб қолдим.
– Илгари бир подшонинг арзандаси ҳам бақанинг кўзига ошиқ бўлган экан, – деб ўзини тутолмай кулади Эсонбой.
– Бас, бўлди қил! – дейди кулгига чидай олмай Бозирган.
– Бўлмаса, нега шалвирайсан! Ойпарчасини олганингда ёзиғинг бошқача бўлиб қолармиди? Девникидек гавдангга, мешдек қорнингга Қўзининг эркалиги сиғмабди. Ойпарчанинг эркалигига улоғиб ўлар экансан, чавандоз, – деди ошна.
Шундан буён Бозирган ошнаси Эсонбой (йўқ, энди эл таниган Эсонбой оқсоқол) бор давраларда елкасини қисиб ўтиради. Бу гурунг олис замонда қолиб кетганига ишонмайди. Оқсоқол гапирганда оғзига термилиб туради. Худди унинг қаллиқ ўйинга борганидан айтиб қоладигандек туюлади. Кулганида-ку, минг ўлиб-тирилади. Бўлмаса, оқсоқол оғзига маҳкам одам. Гурунг бергани кўрган-кечиргани ҳам кўп. Барибир, барибир чавандоз ошнасидан “айтиб қўймасмикан” деб чўчийди-қўрқади. Қўрқувки, “Ҳайит ланги ҳақидаги маталдек тус олса нима бўлади”, деб ўйлайди-да!… Ланги ҳақидаги матални шу биргина Ланги билмаслигига фаросати етмайди.
Кампирни чиқарган куни ёмғир аралаш қор ёғди. Азада қари-қартангнинг кўпи қатнашмади. Қиш ўз оти билан қиш-да. Бир кун қор ёғса, икки кун қовоқ солади. Кун йилт этса, Бозиргандан кўнгил сўровчилар келиб-кетиб туришади.
Чавандоз ўзини шу пайтгача қирқ йигитнинг бири чоғлаб, кексаликни бўйнига олмай келарди. Мана, кампири қайтиш қилганидан бери анча сезилиб қолди. Гарданини чўзиб гапирганди. Қиш ўчоғи тор келди. Бурнига сув кириб, маишати танг бўлиб қолди. Таҳорат олай деса, сув йўқ. Ўзининг айтишича, “Олло, демоқ осон бўлмаяпти”. Бир куни аччиқ устига ях сувдан ишлатганди. Тиш оғриғини топди. Сандалнинг бир кунжагида “Ихлос”ни зикр этиб ётганди, кун юмшаган экан, жағини боғлаб ҳовлига чиқди. Қараса, обтова тарновдан тушаётган сув билан тўлиб турибди. Товани олиб, ўчоқ боши томон борди. Ўчоққа ўт қаланмаган. Аммо тандирда ғчаёзган чўғ – иссиқ кул бор экан. “Обтобани қўйсам, асрга тайёр бўлади”, деб ўйлади. Товани жойлаштиргунча, тандирда бир кулчанинг синга бўлиб пишиб турганини кўрди. “Оламан”, деганди, кулча кулга тушди. Кейин бағрини тандирга босиб узалди, кулчани олди. “Пуф-пуф” қилиб кулдан тозалаётганди, унинг қилаётган ишига “ҳанг-манг” бўлиб қараб турган икки кампирга кўзи тушди. Уларнинг тикилиб турганидан хижолат бўлди. Нима қиларини билмай, кулчани тандир устида қолдирди. Катта-катта қадам босиб тиллахонага қараб юрди. Келини чиқиб, кампирларга эгалик қилмагунча кўзга кўринмади.
Уйга кирди. “Шу кунда кампирларга зарурмикан”, деди ўзига-ўзи. Хеш-ақраблари орасида бундай қизаргани йўқ. Қуда-андаларининг ичидан излади, топмади. Бирини танимади, бирини эслади. Жинжаклидан, Ташман ошнасининг, шу ўзимиз билган Ташман туянинг синглиси. Дуркун қиз эди. Моядек кампир бўлибди.
Майдақадам қорни чизгандек, гупиллаган тупроқни чизиб, чангитиб чайлага яқинлаган сари, тобора қишлоқдан узоқлашади. Невара олисдан чайлага термилиб келади. Бобо кўринмайди. Бола бундай пайт ўз билганича ўйин қилади. Эшакка тескари миниб савалайди. Чоптиргиси келади. Майдақадам лақабига муносиб қолаверади. Бола моданинг устида тик туради. Қўлларини лангар қилади. Бу ишидан ҳам кўнгли тўлмай, қўшиқ хиргойи қилади:
“Минган отинг бўз бўлса… ”
Бобо бунинг барини билиб ётади. Ҳар куни унинг келишини интиқ кутади. Қўшиғини эшитиш учун то чайлага етгунча бош кўтармайди. Боланинг келиб бажарадиган биринчи иши бобога “узум” беради. Кейин уйида асал борми-йўқми, ҳисобга олмай, асал еганидан гапиради. Бобоям бўш келмайди. Тарвуз ё қовун сўйиб беради. Доимги гапини такрорлаб қўяди: “Узум”дан Эшчига ҳам узат, тили ёрилсин! ”
Чавандознинг “Эшбойга тил битса! Ота, уйланасизми? деб сўраса”, дея ўйлаб ўғлининг йўлига тикилганида саратон тунлари узун, тонглари олис бўлди. Ўғлини кута-кута ота қушуйқу бўлиб қолди. Мана, кўз юмса ухлайди, ютинса уйғонади. Ухлайди-уйғонади – уйғонади-ухлайди…
Қани, энди унга тил битса! Бозирганнинг уйланиш чоғи ҳам йўқ. Аммо шу одамларнинг гап-сўзи босилармиди?! Гап-сўзи босилмасаям майлига! Шу момоқиз жуссасидан домангир бўлиб кетмасмиди? Ҳеч бўлмаса, “Остонам совчи кўрган”, деб ўзини овутармиди. Қани, энди Эшбой эшчи тиш ёрса! Бу гапни дамғирдалик қилмай, чавандоз айтса ҳам бўлади. Аммо Эшчини “Юрак бетлаб боролмайди”, дея хавотирланади. Гап унинг ўзидан чиқса, бориши мумкин. Чумчуқ бўлса ҳам нари-ку!
Қани, Эшчига тил битса!
Бола кечаги, олдинги кунги, йўқ, аввалги кунги бобо ўргатган: “Бедананинг ётар жойи хас бўлар, мезон кирса, тарғил морлар маст бўлар” қўшиғини айтмади. Бобо: “Чол ўлса, қозон-қозон ош бўлар, кампир ўлса, баланд тоғлар паст бўлар”, деб давом эттира олмай қолди.
Неваранинг қўшиғи бугун ўзгача эди:
“… ўнг жилови соз бўлса! ”. Бобо қўшиқни давом эттира олмади. Аммо олис йиллар ёдига тушди.
… Бола эди. Бобосининг бўз оти бўларди. Уни бобоси ана шу бўз отга миндириб етаклаб юрарди. Бозирганнинг отдан ҳеч тушгиси келмасди. Ўзи тушмагунча бобо ҳам туширмасди… Бозирган чол бола эди…
– Бува, – деди Майдақадамдан тушмай бола. Бобо жим ётаверди. Такрор-такрор чақирди. Дафъатан, онасининг: “Мезон ўтди. Шу ётиши бўлса, иткасал буванг чайлада ўлиб қолади”, деганини эслади. Чинқириб йиғлаб юборди. Ўзини чолнинг устига ташлади.
– Бува-а-а!
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 7-сон