Нуриддин Исмоилов. Кечир мени, Раъно (ҳикоя)

…Поездда Самарқандга кетаётгандик. Ҳамроҳим анча гапдон чиқиб қолди. Олис йўлда шундай ҳамроҳ борлиги ҳам яхши-да: зерикмайсиз. Хуллас, ўтмишдан гаплашдик, келажакдан, суҳбатимиз охир-айланиб муҳаббат мавзусига бориб тақалди. Шунда ҳамроҳим купемизнинг очиқ эшиги ёнидан ўтиб бораётган шўх ёшларга ҳавасланиб қараркан:
— О, қани эди, уларнинг ёшлиги менда бўлиб қолса! — деди.
Бу гапни эшитиб кулиб юбордим.
— Вақтида жигарингиздан роса урган шекилли, — дедим.
— Сўраманг, — деди шеригим армон ила. Сўнг жойлашиб ўтириб олгач, қўшиб қўйди: — Келинг, мен сизга ўз муҳаббат тарихимни айтиб берай, баҳолаш ўзингизга ҳавола.
Шундай қилиб, кутилмаганда ғалати севги тарихини эшитдим. Уни сизга айрим исмларни ўзгартирган ҳолда айтиб бермоқчиман, марҳамат.
Мен тўққизинчи синфда ўқиётганимда севиб қолганман. Синфимиздаги энг гўзал, энг аълочи ва бошқа ҳамма энг… энгларнинг эгаси Раънони.
Бу кутилмаганда содир бўлди. Ўша куни нима фалокат босиб математикадан фақат мен уй вазифасини тайёрлаб келибман. Ҳамма синфдошларим мендан кўчирди. Худди тоғни талқон қилиб қўйгандай кўкракни кериб доска олдида юрибман. Шунда… гўзал Раънога кўзим тушиб қолди. У менга сал ҳайрон қолгандай қараб турарди, кўзларида ўзгача ифода зоҳир. Юрагим гупириб уриб кетди. Оёқларим қалтираб, ўз-ўзимдан илжая бошладим.
Ўқитувчимиз биз билан саломлашиб бўлгач, бирма-бир уй вазифани текшира бошлади.
Энг қизиғи, масала нотўғри ечилган, бунинг устига, мисолнинг жавоби ёнига ўзим билмаган ҳолда бир чизиқ чизиб қўйган эканман. Барака топкур синфдошларим ҳам худди шуни такрорлашибди. Ўқитувчимиз бизни ёнига навбат билан чақириб, битта-битта “икки”ни жингалак қилиб қўя бошлади. Мен чиқиб келганимда сабр косаси жуда тўлиб кетган экан.
— Кимдан кўчирдинг? — дея муаллим менга кўзойнаги тепасидан қаради.
— Ҳеч… Ҳеч кимдан, — дедим мен ғўлдираб. Шу ондаёқ ўнг қулоғим қаттиқ қизиб кетди.
У маҳаллари негадир мактабимизда педагогиканинг бунақа усули оммалашган эди.
Бутун синф жим-жит. Ҳамманинг кўзи бир неча дақиқада шолғомнинг қариндошига айланган каминада.
Танаффусда синфимизнинг энг… энг гўзали ёнимга келди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ўзингиз биласиз, тирноғимгача қалтироқ кирди.
— Сиз бутун синфга яхшилик қиламан деб жазоландингиз…
Сир бой бермадим.
— Ҳечқиси йўқ, — ғўдайдим мен, — пашша чаққанчалик ҳам бўлмади.
— Кўзингизда ёш пайдо бўлгандек туюлди менга, — дея ажабланиб сўради қиз.
— Буниси “маскировка” эди. Агар шундай қилмасам, Ботир ака тепиши аниқ эди.
Раъно жилмайди. Унинг ҳусн-жамолини янада гўзаллаштирган табассумини кўрдим-у, довдираб қолиб, сал бўлмаса йиқилаёздим. Шу билан яна қўнғироқ чалиниб, навбатдаги дарс бошланди.
Раънодан кейинги партада ўтираман. Қизнинг силлиқ таралиб, битта қилиб ўрилган қоп-қора сочига термулиб, хаёлан у билан боғ-роғларда сайр қиламан. Унга гулларнинг энг чиройлисини ҳадя этаман… У эса боягидек жилмаяди. Мен яйраб кетаман, кейин…
Кейин қўлидан ушлаб…
— Дафтарни жойига қўй, — ёнгинамдан вишиллаган овоз келди бир пайт.
“Зуҳра қандай қилиб келиб қолди бу ерга?” — дея ҳайрон бўлиб ёнимга қарасам, ўтирибди биқингинамда афтини бужмайтириб.
— Қайдан пайдо бўлдинг?! — деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Қўлимда эса унинг ғижимланган дафтари. Зуҳра кўрсаткич бармоғини пешонасига ниқтаб айлантирди-да:
— Жинни-пинни бўлдингми? — деди.
Бунинг нафаси совуқлигини! Онаси қиш чилласида туққанми?!
— Энди битта дафтар оберасан, — деди Зуҳра.
— Музқаймоқ ейсанми? — дея унинг “чангали”дан қутулиш учун атайин гапни бошқа ёққа бурдим.
— Қаерда сотяпти? — ҳайрон бўлиб қаради у менга.
— Боя танаффусда кўрдим.
— Ейман.
— Бошқа нарса хоҳламайсанми?
— Шоколад ҳам бормикан…
“Қарс” этган овоз келди бир маҳал. Кейин қулоғим қизий бошлади. Билдимки, физика ўқитувчимиз Толиб ака ёнимда. Қўрқа-писа ўқитувчига қарадим. “Мана сенга шоколад!” деди у ғазаб билан. Бутун синф менга зиғирча ачинмади, қайтанга ҳамма қаҳ-қаҳ отиб кулди. Фақат Раъно… Фақат шу қизгина менга ачиниб, кўзида ёш билан қараб турарди. Тарсаки еб-ку, ўрганиб қолганман, аммо биров сенга ачиниб қараб турса ғалати бўлиб кетаркансан…
Танаффусда Раъно ёнимга келди. Ўзини мажбурлаб жилмаяркан:
— Кундан-кунга шўх бўп кетяпсиз, — деди у. — Зуҳра билан бунчалик апоқ-чапоқлигингизни билмасаканман…
— Йў-ў-ў-қ, — дедим кескин бошимни чайқаб. — У менга халақит берди.
— Қанақасига?
— Ёз… ҳа, ёзаётгандим. Адабиётга тайёрланаётувдим.
— Физика дарсида-я…
Ёлғоним ошкор бўлмаслиги учун “ҳм” деб қўя қолдим.
— Тушунарли… агар ўқитувчининг ўрнида мен бўлганимда, бу бетингизга ҳам туширган бўлардим.
Ичимдан “қанийди” деган бир нидо келди. Ахир бу қизнинг чиройли кафти юзимни силайдиган бўлса, кун бўйи ҳамма дарсда бутун синфни бошимга кўтаришга ҳам тайёрман.
Шу пайт қўнғироқ “вой-вой”лаб қолди-ю, гап-сўзни тугатишга мажбур бўлдик.
Дунёда энг оғир фан қайси деб сўрашса, ҳеч иккиланмай “химия” деб жавоб берардим. Очиғи, шу фанга ҳечам тушунмайман. Ўқитувчимиз қанақадир қоришмалар дейдими-эй, яна эквивалент-пеквивалентига бало борми…
— Тўхтасинов! — деди ўқитувчимиз узоқ вақт журналга тикилиб тургач. Бу каминанинг фамилияси. Лекин шарифим айни дамда тилга олинишини ҳечам истамаган эдим. Бироқ… тақдир экан, начора.
— Лаббай, — дедим оҳиста. Жавобимни, менимча, ўзимдан бошқа ҳеч ким эшитмади.
— Тўхтасинов! — бу сафар ўқитувчининг овози асабийроқ чиқди.
— Мен, — дея секин бўй кўрсатдим.
— Қулоғинг том битганми? — ўқитувчининг гапига синфнинг у ер-бу еридан чиққан “пиқ-пиқ” кулги саси қўшилди. Ҳатто кимнингдир “икки қулоқ ҳам кетган”, деган сўзларини эшитгандай бўлдим.
— Доскага чиқ! — буюрди ўқитувчи. Шунда олдинги партада ўтирган Раъно қандайдир қоғозни ғижимлади-да, парта устига, мен ўтадиган томонга қўйди. Миям яшин тезлигида ишлаб кетди. Доскага чиқаётганимда у қўйган қоғозни сездирмасдан олиб ўтдим. Ўқитувчи уйга вазифа қилиб берилган масалани доскада ечишимни буюрди. Хурсандман, зеро, Раънонинг ёрдами билан муаллимнинг чиғириғидан оппа-осон ўтиб кетаман.
Доска томон ўгирилдим-да, суюклимнинг нозик қўллари билан ёзилган уйга вазифани доскага кўчира бошладим. Яна икки дақиқа вақтим бўлганда “беш” олишим аниқ эди. Аммо мутлақо кутилмаганда қулоқ қурғур яна қизиб кетди-ю, мен қаҳр билан боқиб турган муаллимга юзландим.
— Мени аҳмоқ деб ўйладингми?..
Қўнғироқ чалинди. Мен чуқур нафас олдим. Раъно яна ёнимга келди.
— Айбдорман, — деди бошини эгиб, — мен туфайли…
— Йўқ… йўқ, ҳечам унақа деманг. Ўзим сал нўноқроқман. Тайёр ошни тўкиб қўйдим. Бошқа бўлганида…
— Сиз ўқитувчига эътибор бермадингиз-да…
— Ҳа-а, шундай бўлди. Энди пишиқроқ бўламан.
— Ялқовлик қилмай, уйда тайёрланиб келинг-да, — жилмайди Раъно. — Ҳозир яхши ўқимасангиз, ўқишга қандай кирасиз?
— Ўқимасдан яшаб бўлмайдими?
— Ундай ҳаёт чиройли эмас-да, — Раъно жиддийлашди.
“Нима қипти? — хаёлимдан ўтказдим мен. — Ана, ўтган йили мактабни тугатганлардан биронтасиям ўқишга киролгани йўқ. Мен ўқиганимда шохим чиқармиди? Жа, узоқ кетсам, ўқитувчи бўларман. Ҳозир эса, бу касб бўлмай қолди. Муаллимларнинг бари нолигани-нолиган. Маоши каммиш. Ҳатто бир сафар ойлик ўрнига ароқ беришибди. Ўзи мактаб бўйича қолган эркак ўқитувчилар бешта. Шу “маош”ни олишди-ю, бир ҳафта биронтасиям қорасини кўрсатмади”.
— Мен ўқитувчи бўлмайман, — дедим виқор билан.
— Жуда яхши, ўқиб бошқа касбни эгаллайсиз, — деди Раъно.
Яна қўнғироқ чалинди. “Эндиги дарс жисмоний тарбия, насиб этса, бу сафар қулоқнинг “иситма”си чиқмайди”, деган ўй ўтди хаёлимдан.
Ўқитувчи синфга иккита тўп кўтариб кириб келди.
— Хў-ў-ш, — деди у чўзиб ўзига ярашмаган ингичка овозда. — Қизлар воллейбол ўйнайди, ўғил болалар футбол. Ҳамма спорт кийимини кийсин-да, стадионга ортимдан етиб борсин!
Бунақа гап кимгаям ёқмайди, дейсиз. Тезликда бутун синфимиз билан стадионда пайдо бўлдик. Мароқ билан тўп сурарканман, ёнгинамиздаги кичик майдончада спорт кийимида елиб-югураётган, сарвиқомат Раънога қараб-қараб қўяман. Ўзимнинг нималарга қодирлигимни кўрсатиш учун битта-иккита рақиб ўйинчиларни алдаб ўтаман. Гол бўлганда эса, қаттиқроқ бақириб, қўлларимни осмонга кўтараман. Бунинг барисини Раъно кўриб турганлигига шубҳам йўқ эди. Бироқ кутилмаганда қувончим йўққа чиқди. Бектош мени алдаб ўтаман деб йиқилиб тушди-да, оёғини ушлаганча дод-вой сола бошлади. Шу пайт ёнимда ўқитувчимиз пайдо бўлиб қолса бўладими? У Бектошнинг оёғини ушлаб кўрди-да, “Ким қилди?” дея сўради. Жабрланувчи қўлини бигиз қилиб каминани кўрсатгач, менга жуда яхши таниш бўлган овоз янгради: “Қарс!” Қарабсизки, қулоғимга қўшилиб башарам қизил рангга кириб турибди.
“Ишқилиб, Раъно кўрмаган бўлсин-да”, деган ўйда бошимни кўтардим… ва даҳшатдан қотиб қолдим. Икки қадам нарида кўзлари жовдираган алфозда Раъно менга қараб турарди… Энг ёмони, тўсатдан қиз пиқиллаб йиғлаб юборди ва ўқитувчига қараганча:
— Бўлди-да энди, ҳадеб ураверасизларми? — деса бўладими!
Ўлай агар, муаллимлардан шунча таёқ еб, бу қадар изза бўлмагандим… Ахир, ўйлаб кўрсангиз, ғалати-да: тарсакини еган мен-у, йиғлаган Раъно…
Тўғриси, шу пайтгача ўқитувчиларнинг шапалоғига унчалик эътибор бериб ўтирмасдим, назаримда, бу педагогиканинг ажралмас қисми эди. Бугун, кўзлари жиққа ёшга тўла гўзал Раъно, менинг суюкли синфдошим менга ачиниб, мўлтираб қараб турганида илк бор бундай тарбия усули менга, менинг ёшимга энди тўғри келмаслигини пайқадим. Шу англаш таъсирида шартта муаллимнинг қўлидан силтаниб чиқиб кетдим.
Раъно эса, пиқ-пиқ йиғлаганча кийиниш хонаси томон чопиб кетди.
Болалар бирдан жим бўлиб қолишди.
Ҳатто ўқитувчимиз ҳам миқ этолмас, фақат бизга ҳайрон бўлиб қарарди.
Биз эса, эҳтимолки, айнан шу дамда ўсмирлик остонасидан ҳатлаб ўтиб, йигитлик даврига қадам қўймоқда эдик. Бизда энди йигитлик ғурури, шаъни, қолаверса, номуси уйғонмоқда эди. Биз айни шу дамда энди мўйлабларимиз сабза уриб қолганини сездик. Биз айни шу дамда, тўққизинчи синфда ўқиб юрганимизда ўз қадримиз, иззатимиз хусусида ўйлай бошладик. Ҳа, биз, хусусан, мен бир лаҳзада улғайдик. Бунга Раъно, балки менинг унга муҳаббатим, балки (ким билади дейсиз) унинг менга шафқати сабаб бўлгандир…
Дарс тугаб, синфга қайтиб келдик. Аммо биз энди ғўр ўсмир йигитчалар эмасдик. Нимадир ўзгарганди…
Танаффусда Раъно ёнимга келмади, буни ўзим ҳам истамасдим. Зеро, баъзан гаплашмасдан туриб ҳам кўп нарсани гаплашиб олса бўларкан.
Жисмоний тарбия ўқитувчимиз шапалоқ урган қулоғим зинғилларди. Баъзан айрим гап-сўзларни эшитмай қолардим. Буни биринчи бўлиб ўғил болалар англашди. Нимагадир улар бирданига меҳрибон бўлиб қолишди. Ҳатто кейинги соатда ўқитувчи мени доскага чақириб, бир неча савол бера бошлаганида ўша чақмачақар Бектошнинг ўзи биринчи бўлиб ёнимни олди:
— Бунинг қулоғи оғрияпти, — деди.
Шу сўзларни айтаркан, Бектош кўзлари қизариб кетган Раъно томонга гердайиб қараб қўйди, гўё шу қилиғи билан бояги иши учун узр сўраб, қизнинг олдида ўзини оқлагандай бўлди.
Орадан кунлар ўтди. Энди синфдошларимиз бизни Анвар-Раъно деб чақиришарди. Уларнинг ҳаммаси биз иккаловимиз бир-биримизни ўлардай севишимизга чиппа-чин ишонишарди. Ҳатто мен ҳам баъзан бундай гап-сўзларга ишониб қолардим.
Раъно менга меҳрибон эди. У ёнимга яқинлашса бас, синфдошларим, кейинроқ бориб эса, ҳатто мактабдошларим аста-секин, сездирмасдан, бениҳоя одобли кишиларга хос тарзда бизни ёлғиз қолдиришга уринишарди. Улар бу ишлари билан бизга катта марҳамат кўрсатгандай бўлардилар гўё. Бора-бора мен ҳам қизнинг ёнига яқинлашсам, унинг дугоналари секин-аста сирғалиб чиқиб кетадиган бўлишдики, зум ўтмасдан Раъно иккаламиз ёлғиз қолардик.
Бу ҳолни кўриб мен кулардим, Раъно андак хижолат чекарди, аммо бу дўстларча гурунглашиб ўтиришимизга халақит бермасди.
Ишонасизми, биз деярли бир ярим йил мобайнида, яъни, ўнинчи синфни тугатгунга қадар кўпчилик, деярли барчанинг назарида Анвар-Раъно бўлиб юрдик. Ҳолбуки, гурунгларимиз дарслару келажак мавзуида бўларди, жуда нари борса ҳамқишлоқларимиз ёинки синфдошларимиз хусусида гаплашардик.
Мен муҳаббат истардим, назаримда, муҳаббатимга эришгандек ҳам эдим. Аммо бизнинг муносабат¬ларимизга нимадир етишмаётгандек эди. Ўлай агар, бу нима эканлигини ўзим сира тасаввур қилолмасдим, аммо нимадандир тўла қониқмаётганлигим рост эди. Дейлик, ҳар тонг мактабда Раънони кўрардим, бундан қувониб кетишим рост эди, аммо ҳаяжонланмасдим… Буни қандай тушунтирсам экан. Айни пайтда бу кўнгил тўлмаслигига ўзимга-ўзим иқрор бўлишга ҳам чўчирдим, назаримда, бу ношукрликнинг намунаси бўларди, айниқса, қизни қаттиқ хафа қилиб қўйишдан чўчирдим…
Мактабни битирдик. Раънонинг қистови билан политехника институтига ўқишга кирдим. Фақат факултетларимиз бошқа бўлди. Ётоқхонамиз бир-биримизникига яқин эди.
У пайтлари тошкентлик талабалар ҳам пахтага борарди.
Бир куни теримдан қайтаётиб, иккита юқори курс бола билан арзимаган гап устида жиқиллашиб қолдим. Хуллас, биттаси юзимга шапалоқ тортиб юборди, унга иккинчиси қўшилди. Шошиб қолганимдан ўзимни бир амаллаб ҳимоя қилишга тушдим. Худди шу маҳал қиз боланинг қўнғироқдек овози янгради:
— Бўлди-да энди, ҳадеб ураверасизларми?
Янглишишим мумкин эмасди, қаршимизда юқори курсдаги болаларга ўқрайиб қараганча Раъно турарди. Йигитлар тўнғиллай-тўнғиллай нари кетишди…
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: менга яна нима керак эди, ахир? Меҳрибон, оқила, гўзал Раъно ёнимда бўлса…
Аммо кўнгилнинг сирларини тушуниб бўлмас экан…
Мен… мен бошқа бир қизни севиб қолдим.
Телбаларча.
Муҳаббат деганлари бошқача бўларкан.
Одам фақат ўшани, суюклисини ўйларкан, ўшанинг хаёли билан ухлаб, ўшанинг хаёли билан уйғонаркан.
Албатта, гап мен ёниб-куйиб севиб қолган қиз ҳақида эмас. Бунинг устига, у қиз менга насиб қилмади: кетди-борди биттаси билан.
Кейин, асл муҳаббат нелигини англагач, Раъно билан орамиздаги муносабат дўстликдан бошқа нарса эмаслигига иқрор бўлдим.
Гарчанд синфдошларимиз, таниш-билишларимиз, ҳатто ота-оналаримиз аллақачон бизга эр-хотинликни тайин қилиб қўйишган бўлса-да, Раъноникига совчи юбора олмадим…
Раъно уч йил кутди. Ўқишни битирганимиздан сўнг. Унгача бир оғиз сўз айтмаса-да, бир оғиз таъна қилмаса-да, умид билан кутди. Аммо мен бунга журъат этолмадим. Назаримда, мен билан турмуш қурса, Раъно ҳам бахтсиз бўладигандек эди. Мен, биргина ўзим бахтсиз бўлсам майли эди… Аммо Раънонинг бахтсизлигини кўтаролмасдим. Ўқитувчи мени урганда у қанчалик изиллаб йиғлаган, ачинган бўлса, суюксиз турмуш шапалоғи Раънонинг оппоқ юзига тушганида мен ҳам шунчалар ўртанган, азобланган бўлардим…

* * *

Ҳамроҳим оғир “уф” тортди.
— Буни қаранг. Орадан шунча йиллар ўтиб кетди. Кеча Раъно қизини турмушга чиқарди. Таклифнома юборган экан, бордим. Яхшигина тўй бўлди.
Раъно… ҳамон менга ўшандай меҳрибон, ғамхўр. Эрига “Қариндошимиз” деб таништирди. Менга ҳам шу маъқул кўринди.
Назаримда, мен икки жонни бир умр қийналиб яшашдан қутқариб қолгандайман. Чин севги йўқлиги қийноғидан. Яна ким билади дейсиз…
Ҳамроҳим сигарета тутатди.
Мен узоқ ўйланиб қолдим, аммо аниқ бир хулосага келолмадим: ҳамроҳим тўғри йўл тутганми ёки нотўғри…