Ҳаммаси шаҳардан қишлоққа борганимдан кейин бошланди. Биласизми, мен табиатан меҳнаткаш одамман. Бир ишга бел боғладимми, тамом, охирига етказмагунимча қўймайман. Ишлаётганимда на ейман, на ичаман. Ана шунақа: иш деса, томдан ташлайдиганлар хилиданман.
Адашмасам, ўтган йилнинг май ойлари эди. Қишлоққа борсам, иккита укам оёғини чайла қилиб ётибди. Салом-алик қилиб ўтирмадим.
— Бу нима аҳвол?! — дея бақириб бердим ҳовлига киришим билан.
Укаларим аввал бир-бирига қарашди. Сўнг ўринларидан сапчиб туриб, мен билан кўришмоқ учун олдимга югуришди.
— Мен сенларга ўхшаган танбаллар билан кўришмайман! — дедим ғўдайиб. — Одамлар меҳнат қилаяпти. Ер тимдалаб, бирон нима экиш тараддудида юрибди. Сенлар бўлсаларинг… Сенларни… Очиғи, укам дейишгаям уялади одам. Ётишларингни қара… Ялқовлар, тебса тебранмаслар!..
— Ака, ҳозир айни пешин маҳали, — деди катта укам безовталаниб. — Ҳозиргина даладан келдик. Тушлик қилиб олмоқчи эдик.
— Тушлик қилиб олмоқчи эмиш!.. Тушлик қиламан, деб атайин келдиларингми уйга? Эрталаб нонингни бошингга тугиб кетсанг бўлмайдими?! Дала бошида нонни сувга ботириб еб, қоринни тўқлаб кетаверади-да. Ҳар дақиқа ғанимат бўлса. Бир кунни бекор ўтказсанг, ҳосилнинг ўн куни кечикади.
Бир пайтлар отам менга шундай деб танбеҳ берарди. Мана энди мен укаларимга уқтираяпман.
— Ака, шундоғам саҳардан бери тинганимиз йўқ. Озгина дам ҳам олиш керак-ку! Иш экан деб, жонимизни жабборга берамизми? — деди кичик укам.
Худди шу гапларни мен отамга айтгандим. Ёш эдим, ғўр эдим. Ҳозиргидай меҳнатсевар эмасдим. Аммо бунақа гапни бошқадан эшитсанг, оғир ботаркан.
— Қани, эски кийимларни опкелинглар, ўзим сизларга ишлаш қанақа бўлишини бир кўрсатиб қўяй, — дедим ғайрат отига миниб.
— Ака, қўйинг шу гапларни… Олдин кўришайлик. Бир пиёла чой ичиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашайлик. Шаҳарга бормаганимизгаям анча бўлди. Шаҳарда нима янгиликлар бор, айтиб беринг. Эшикдан кирар-кирмас…
— Сен бола жа маҳмадона бўп кетибсан, — деб катта укамга ўдағайладим. — Мен сенлар билан кечқурун гаплашаман. Олиб чиқ эски кийимлардан.
Укаларим сувга тушган мушукдай бўлиб қолишди. Каттаси бир лаҳза жим тургач, кичигига имлади. Кейин айтганимни бажо келтиришди.
Шаҳарда жисмоний меҳнат кам, шунинг учун озгина тўлишганман, шекилли, илгари ўзимга кенг турадиган кийимлар анчагина тор келди. Лекин ғайратим жўшиб турганлиги боис бунга эътибор ҳам қилмадим. Кетмонни елкамга олдиму далага йўл олдим. Укам тўхтатди.
— Ака, жа далада ишлагингиз келаётган бўлса, манави бир челак макка дониниям олиб кетинг. Ерни текислаб қўйганмиз. Дон ивитилган, борибоқ экаверасиз, — деди.
— Ҳаҳ, ишёқмаслар, — дея унинг қўлидаги челакни юлқиб олдим.
Дон ивитилгани боис челак хийла оғирроқ экан. Лекин билдирмадим, укаларимга ўзимни кўрсатиб қўйишим керак эди-да.
Аммо са-а-л адашибман, қишлоқдан чиқар-чиқмас, челак сими қўлимни қийиб юборди. Ён-веримга, ортимга аланглаб, челакни чап қўлимга олдим. Битта-яримтанинг кўзи тушиб қолса, “Шаҳарда юравериб, хомлаб қопти”, деган иснодга қолмайин, дедим-да.
Еримиз қишлоқдан узоғи билан ярим чақирим нарида. У ерларда ўйнаб катта бўлганман. Шу боис кўзимни юмиб, бемалол топиб боришим мумкин.
Йўлда қишлоқдошларимга дуч келаман. Кичиги салом беради, каттасининг иззатини жойига қўяман. Боягина уйга келаётганимни кўрганлар:
— Намунча, ҳозиргина уйингга кетаётувдинг-ку?! Ёки укаларинг: “Ишламасанг, уйга кирмайсан”, дейишдими? — дея ҳазиллашишади.
— Йўғ-эй, — дейман илжайиб. — Дала ишини соғинибман. Шунга уйда ўтиргим келмади.
Далага етиб борганимда тузуккина ҳансираётганимни сезиб қолдим. Илгари битта аравани унча-мунча жойгача судраб борсам-да, чарчоқ нималигини билмасдим. Шаҳар мени анчагина нозиклаштириб қўйибди-да. Аммо чарчаганимни укаларимга сездирмаслигим керак. Бунинг учун, челакни ерга қўйишим билан кетмонни ишга солишим лозим. Шундай қилдим ҳам.
Шомгача астойдил ишладим. Кейин кетмон шўрликка ҳам дам бериб, қулочимни кенг ёздим-да, чуқур нафас олдим. Ўзиям ҳавомисан, ҳаво-да: сипқорганинг сайин танинг яйрайди, кучингга-куч қўшилиб, далада жавлон ургинг келади. Аммо чатоқ томони: қоронғи тушиб қолди-да…
Ноилож ишни тўхтатдим.
Агар ичидаги дони яримлаган челакни яна уйга кўтариб кетсам, ғирт аҳмоқлик бўлар эди. Шу боисдан чуқурча қазиб, уни кўмиб қўйдим.
Ювиниб, дастурхон бошига ўтирганимда, укаларим ҳиринглашди.
— Ҳим-м, бормаганларингга хурсанд бўлаяпсанларми? — дедим кесатиб.
— Йўқ, унгамас, ака, сиз келиб, ишимиз анча енгиллашди. Ҳовлида юмушлар кўпайиб қолган эди. Бир йўла шуларниям тугатиб олайлик, деб бормадик-да. Кўзингиз юмилиб кетаяпти, бу аҳволда овқат ҳам ея олмайсиз чоғи, — деди катта укам оғзининг таноби қочиб.
У ҳақ эди. Ҳақиқатан ҳам силлам қуриганди. Лекин мени биласиз, бўш келадиганлардан эмасман. Дарров ҳужумга ўтдим.
— Сенларга қўшимча ер ҳайф, яхшиям таътилга чиқиб келибман. Маккани ўзим экиб, ўзим ўстираман, — дедим.
Ундан кейин яна нималар деганим эсимда йўқ, ухлаб қолибман.
— Ака, жойингизни солиб берайликми? — деди укам.
Унга жавоб қайтаришга-да ҳолим йўқ эди.
Эртасига, индинига… Ўн кун тинмай меҳнат қилдим. Ишонасизми, илк қадаган уруғларим кўкариб чиқди. Ҳатто барглари сўлиб, сувга келиб қолганини сездиришди. Бироқҳали-бери суғора олмасдим. Чунки охирги экилганлари ҳали ернинг ҳидиниям олиб улгурмаган эди-да. Шу гапларимнинг ўзиданоқ ерга қанчалик меҳр бериб ишлаганимни сезган бўлсангиз керак. Ахир тўрт сотих ер ҳам унча-мунчамас-да, тўғрими? Агар мендан бошқа одам бўлганда бир ой экарди. Тўғри, ярим кунда чала-чулпа қилиб сепиб чиқишлариям мумкин. Лекин унда… Билсангиз, мен ҳар битта уруғни қўлимга олиб, авайлаб, артиб, юзимда табассум билан ерга қададим. Меҳр-муҳаббат кўрсатдим. Шунинг учун маккажўхорилар кўзимни қувнатиб, кўкариб чиқди.
— Кўриб қўйинглар, — дея ғўдайдим уйга бориб. — Мен эккан маккалар бўй чўзди. Ҳализамон тиззага урди.
— Ака, тўрт сотих ерни ўн кун эрмак қилдингиз, — деб кулди шумтака кичик укам. — Шу, боши кўкариб, охиргиси нима қиларини билмай турган бўлса керак.
— Сен аканг билан ҳазиллашма. Нима бўлгандаям гап ҳосилда. Менинг маккаларим шунақанги ҳосил берсинки, ҳовлингга сиғмай кетсин.
Укам жим бўлди. Бошқа иложи ҳам йўқ, менга гап топиб бўлармиди?..
Кунлар ортидан кунлар, ҳафта ортидан ҳафта ўтди. Маккаларим ҳақиқатан ҳам кўкка бўй чўзди. Улар бўйига қараб саф тортган аскарларга ўхшарди. Бошидагилари томга тенглашса, адоғидагилари тиззамдан келарди. Лекин мен қайғурмадим. Чунки гап унинг сўтасида. Сўтаси қанча катта бўлса, дониям шунга яраша бўлади.
Бир куни саҳармардонда, соат тахминан ўнлардан ўтганда даламизга борсам, маккаларим орасида тўрт-бешта бузоқни аллақачон дунёга келтириб, елинини сутга тўлдириш учун келган говмиш юрибди. Жон-поним чиқиб кетди. Ахир бу маккаларни одам қилгунимча озмунча тер тўкдимми? Ҳаттоки ишхонамдан қўшимча яна бир ой таътил ҳам олдим. Говмиш бўлса, шунча заҳматимга тупуриб, маккаларни босиб, янчиб, еб юрибди. Бундай кўргиликка қандай чидайсан?!
Бир хаёл уни ҳайдаб чиқиб, обдан калтакламоқчи бўлдим-у, дарров шаштимдан тушдим. Сигир ҳайвон бўлса, у нимани ҳам тушунарди? Яхшиси, эгаси келсин, ана ундан кейин гаплашаман.
Нақ бир соат ер бошида у ёқдан-бу ёққа бориб-келиб юрдим. Оёқларим оғриб кетди. Лекин дам олмадим. Бориб келавердим. Ўзимча говмишнинг эгасига айтадиган бир-биридан аччиқ гапларни ҳам режалаштириб қўйдим. Албатта, бу вақт ичида сигир ҳам бўш тургани йўқ. У худди отасининг пайкалида юргандай, макка баргларининг энг сараларини териб ер, поясини эса ер билан битта қилиб янчаётганди. Жоним ҳалқумимга келди. Бироқ сабр-бардош билан чидадим. Ниҳоят, сигирнинг бефаросат эгаси келди. Бу пайтда сигир макканинг ярмидан кўпини пайҳон қилиб бўлган эди.
— Ҳов! — деб бақирдим эринибгина келаётган одамга. — Анави сигир сеникими?!
У мен кўрсатган томонга қаради. Говмишини таниди.
— Сеникими?! — сўрадим қайта дағдаға билан.
— Ҳа, лекин узр…
— Қанақа одамсан? Эрталабдан бери сигиринг макка ичида юрибди, ҳаммасини пайҳон қилиб ташлади! Биласанми, бу маккаларни одам қилгунимча қанча меҳнат қилганман? Одам ҳам шунчалик бефаросат бўладими?! Ана келар, дейман, йўқ, мана келар, дейман, йўқ…
— Ака, — деб гапимни бўлди у, — эрталаб келган экансиз, дарров ҳайдаб чиқармайсизми?
— Ҳой, инсон, ҳайдаб чиқарганимда, сигиринг менинг маккамга тушганига ишонмасдинг-да!..
Говмишнинг эгаси менга анграйганча қараб қолди. Кейин ҳеч нарсага ақли етмай, югурганча маккапоя ичига кириб кетди…
Орадан бир-икки кун ўтди. Қишлоқда ким кўрса, кулиб, менга ишора қиладиган одат чиқаришди. Кейин билсам, “Фалончи макка келаяпти”, деб орқамдан кулишаркан. Алам қилди менга. Бор-эй, қишлоғингни елкамнинг чуқури кўрсин дедим-да, бошимни олиб, шаҳарга қайтиб кетдим…