Нурали Қобул. Кечиккан турналар (ҳикоя)

Кўрган эдим ўрвангни,
Таги тешик тўрвангни.
Халқ сўзи

I

Сафардалик пайтимда синфдошим уста Мамарасул дунёдан ўтибди.
Қишлоққа отландим.
Куз эрта киргани боис ёз охирламай ёғингарчилик бошланган эди.
Саратон жазирамасидан сарғайган адирлар, сурув-сурув қўйлар туёғидан тақири чиқиб кетган тоғ этаклари, ангор ва яйловларга яна жон кирди. Бўзқирларда майсалар нишлаб, илк баҳор рангини ола бошлади.
Кейинги пайтларда қишлоққа бормоқчи бўлсам негадир хаёлим қочиб, оғир ўй босади. Ғамгин ва паришон тортиб қоламан. Авваллари эса акси бўларди. Ойқор тоғини кўриш, далаларда яйраб кезмоқ, ҳамқишлоқлар билан дардлашмоқдан завқ туярдим. Хаёлим қатидаги хотираларни қайта-қайта жонлантирганча, сабрсизлик билан эртак каби кечмишда қолиб кетган гўшага ошиқардим.
Раҳматли дадамнинг қайтишлари, бирга ўниб-ўсган дўстим, ўқитувчи ва журналист Шавкатнинг оддий кўричакдан бевақт вафот этиши кўнглимда ҳануз яшаб келаётган романтик туйғуларга бирдан нуқта қўйди. Оиланинг каттаси бўлганим учунми, бир неча кунда чўкиб, бошқа кишига айландим. Ота-она айрилиғига кўниқмоқ қийин кечаркан. Ота-она қайтмоғи мерос деган ақидани эшитганинг билан бошингга тушгани орасида осмон билан ерчалик фарқ бўларкан. Ҳаёт кўз ўнгингда ўзгача рангга кириб, тоғдай кўксинг дарз кетаркан. Умр бўйи йўлдошдай ёнгинангда юрган ота-онангнинг ғанимат эканлигини бағринг ўртаниб туяркансан. Ва бирдан улар олдидаги бурчимни ҳали ўтай олмаган эдим-ку деган афсус, надомат туйғуси борлиғингни эгалларкан. Бироқ бошингни қайси деворга урма, ҳаёт ҳукми қатъий. Инсон ўлимни бўйнига олиб туғилади.
Узоқ чўпон билан олтинчи синфгача бирга ўқигандик. Олтмишинчи йиллар бошидаги мажбурий кўчирма бизни Нурота тоғларига туташ Жиззах даштига элтиб ташлади. Отасини эрта тупроққа берган Узоқ бир этак ука ва сингиллари билан қишлоқда қолди. Саккизинчини битирар-битирмай чўпонлик қила бошлади. Шунинг учун уларнинг оиласига кўчирма пайтида тегишмади. Сўнгра у қўй боқиш учун биз томонларга келди.
Минг тўққиз юз олтмиш саккиздан олтмиш тўққизга ўтар йилдаги қаҳратонда амаким Эргаш чўпонга қарашгани борганимда уни отарда учратдим. Машаққатли кунлар бизни яна яқинлаштирди. Яхши кўриб юрган қўшнисининг қизига Раҳмон рабочкомнинг Тошкентда ўқийдиган ўғли уйланганида кечалари қўтоннинг томига чиқиб йиғлагани ҳали эсимда. Уни юпатамиз деб, Эргаш амаким иккимизнинг она сутимиз оғзимизга келган.
Онаси Турсунтош хола кўзига қилқон, хас-чўп тушганларни тили билан оладиган табиб эди. Икки гапининг бирида эркалаб: “Ҳаҳ, санга ман ўлайин, дардигинанг урсин, кўзгинангнинг оғриғи урсин, ошгинамнинг қайласи, бетгинамнинг ойнаси”, – дер эди сўз ила ифодалаб бўлмас меҳрли ва ёқимли оҳангда. Галахирмонжойдан сомон ташиётганимизда чап кўзимга қилқон кирганда, энам у кишининг олдига эргаштириб боргандилар. Турсунтош хола айланиб-ўргилиб, жонимни ҳалқумимга келтираётган буғдойиқ қилқонини тилининг учи билан олиб ташлаганини кечагидек эслайман. У киши мен каби мижозларнинг оғирини енгил қилганида воқеадан хабар топган қўни-қўшнилари Турсунтош фалончининг кўзига тилини солибди дейишарди.
Қишлоқда Узоқларнинг, Энача хола ва Хумор момо, Қудрат тоға, Шодибек бобо ва Отабек ўнбошининг боғларидагина ёнғоқ дарахти бўлиб, икки кўзимиз шуларда эди. Хазонлар орасини титкилай-титкилай битта ёнғоқ топиб олсак, дўппимизни осмонга отардик. Дарсдан кейин Узоқларнинг ҳовлисидаги ёнғоқ остида ўйнаб, этакдаги Каттасойда чўмилардик.
Энди ўйлаб қарасам, каттагина қишлоғимизда олти тупгина ёнғоқ борлиги, ёнғоқ эксанг, мевасини ўзинг емайсан, деган гапнинг одамлар онгига ўрнашиб қолганида экан. Обидага айланган бу дарахтлар остида хаёл суриб ўтирарканман, беғубор болалик хотиралари энамнинг эртаклари каби кўз олдимда жонланади. Дарвоқе, умр ҳам бора-бора эртакка айланар экан…
Йўлга чиққанимдаёқ беихтиёр ёдимга Узоқ чўпон тушди. У Ғаллакон тарафларда Тоғвой чўпоннинг ёнида чўлиқ эди. Хўжайини билан гапи тўғри келмай, қишлоққа қайтиб келибди. Ўн беш-йигирма чоғли қўйини қўни-қўшниларникини қўшиб, Каттасойда айлантириб юрганмиш.
Темур дарвозасидан сўнг йўл Сангзор дарёси ёқалаб кетади. Тепаликлар оралаб кўприкдан ўтишингиз билан дарё кичик-кичик ирмоқларга бўлиниб, кенгиш майдонни эгаллаб ёйилиб оқади. Туя ўркачлари каби пасту баланд тепаликлар, сўнгра парқу булутларга оҳиста ёнбошлаган Ойқор тоғига туташиб кетади. Унинг изғиринларга кўкрак керган азамат қоялари, йил-ўн икки ой қор аримас юксак чўққилари, наъматак ва маймунжон терганимиз шарқироқ сойлари, учи-қуйри йўқ тоғолча ва бодом даралари кўз очиб юмгунча ўтиб кетган умрни эслатади, бугунги ҳаёт ҳақиқати ва умиднинг муждаси каби мени ўзига чорлайди.
Тоққа туташ, кечмишдан ёдгор Дунётепа ва Қўрғонтепа қалбимга шу тупроққа меҳр туйғусини солган илк манбалар эди. Эндиликда мана шу икки тепалик орасидаги қишлоғимиз қабристонида мунғайибгина турган қабрлар менга бобом, энам, отам ва опамнинг сиймоларини эслатади ва мен жуда кўп нарсаларни қайта мушоҳада ва мулоҳаза эта бошлайман.
Масжидинг узоқ бўлса ҳам, мозоринг яқин бўлсин дегандек, қўйинди ҳам шундоққина қишлоқнинг биқинида.
Замонида бу чексиз дара ва адирларга сиғмай от сурган ман-ман деган ҳамқишлоқларнинг энди бир қабристон бўлиб, совуқ мармар тошлардан маҳзун термилганча сассиз-садосиз ётибдилар.
Дўппайган қабрларда бот-бот юмалоқ хат ёзиб бир-бирини қаматган амалдорлар, бу ҳайҳотдай ҳовли-боғларга сиғмай ер учун бир-бирини пичоқлаган ака-укалар, Ойқор тоғида ўрмалаган жонивор борки, қирон келтирган, какликнинг кўзидан урадиган овчиларнинг қазойи қадари етиб, ер билан битта бўлиб ётибдилар.
Гапига қош қайирган одамни таъқибу қувғин қилиб, керакли жойга тиқтириб қўядиган, бутун бошли қишлоқни ётқизиб-турғазиб, охир-оқибатда Мирзачўлга кўчирмага тўғрилаб юборган, ғазабидан барча бирдек зир титрайдиган Отабек директордан тортиб, қўни-қўшниларнинг қўлига қараб, улар берадиган ярим коса ёвғон пиёва ва бир бурда нони билан кунини кунлаган опа-сингил Майрам ва Чинни момоларгача энди бирдек қора тупроққа айланиб ётибдилар.
Тупроқ одам ажратмайди.
Буни ҳаёт дейдилар.
Инсон боласи самодаги чақин каби бир чақнаб ўтиб кетаверади.
Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон дерлар. Вақт, замон кечиши билан кишилар кўп нарсаларни унутиб яшайдилар. Зотан араб тилида инсон дегани унутувчи демакдир.
Бу дунёда гўзал ҳаёт бор, гўзал ўлим йўқ…
Охир-оқибат бир газ ер, икки газ бўз…
Шу хаёллар билан икки четига ўрик, бодом ва жийда экилган Ўсмат йўлидан ўрлайман. Мол-ҳол кўпайиб кетганидан яйдоқ яйловларда қўзи тилига илинар майса кўзга ташланмайди. Куз ёмғиридан ўзига келган анҳордан намиққан хас-хашак ва қуруқ тупроқ ҳиди кўтарилади.
Отамерос уйимизга етиб келишим билан қишлоқбоп кийинаман-да, дадамдан қолган қадрдон ирғай таёғимни олганча адир ёхуд сой бўйлаб тоғ томон шошаман. Ўлим бўлган уйларга кириб, кўнгил сўрайман, болалигимда келиб юрган эшикларга бош суқаман. Дуч келган ёшу қари, хотин-халаж, бола-бақра билан гурунглашаман. Энг юксак тепаликка чиқиб, болалигимизда бир марта бориб кўришни орзу қилганимиз, уфққа ёнбошлаётган қуёшнинг оловранг тафтида ёниб кўринаётган Самарқанд томон тикиламан. Болалигим шундоққина кўз ўнгимда намоён бўлади.
Вужудида эзгулик туйғуси барқарор кишилар табиат қўйнида болага айланади. Киши ёшликда не қадар тезроқ улғайиб, бирор манзилга етмоқ учун тиришса, ёш бир ерга бориб қолгач, беихтиёр болалиги томон талпинади. Табиат бағрида киши ўз ҳис-туйғуларини бошқара олмайди ва унинг салобатини борича туяди. Фикр – бу кўринмас табиат, табиат – бу кўринувчи фикрдир деган-ку буюклардан бири. Фақат фикрлай олмоқ, мушоҳада эта билмоқ хислати бўлган кишиларгина табиатнинг нозик фалсафасини англаб етишлари мумкин.
Ёғингарчиликдан ўйдим-чуқур бўлиб қолган кўчаларда қўлда таёқ, дилим тўкилган, руҳим сўкилган бир аҳволда ғамгин ва паришон кезишимни доимий суҳбатдошим, адабиёт ўқитувчиси Сафарали муаллимдан бўлак кимса англаб етмайди.
Тоғ этаклари, ёнбағирлари, даралар, сойлигу адирлар, изғиринларга кўкрак керган тепаликлар… Одам оёғи етган ер борки, тартибсиз ва қонунсиз равишда эгалланиб, ўраб олинган. Кўримсиз ва режасиз бинолар қуриб ташланган.
Сойларнинг ўзанини сағноқ, санглоқ дейишади. Бу тошлоқ демак. Бироқ бу санглоқлар ҳам эгалланиб, иту қушга отар тош тополмайсиз. Ташиб кетишган. Ҳатто қоя ва тепаликларни портлатиб, парчалаб шағал қилиб пуллайдилар. Бу аҳволда тоғ ҳам ҳадемай пасайиб, чўкиб қолса кераг-ов дея ўйлайсан, хаёлинг қочиб. Хайриятки, юксак қоялар ва тик чўққиларга қўллари етмайди.
Инсоният шу тариқа табиат мувозанатини бузиб, ўз оёғига ўзи болта уриб яшайвераркан. Шарқираган сойлар суви аллақачон қувурларга солинган. Яйловлар экин-тикин майдонларига айланган.
Дадамнинг Ирғайчи маҳаллалик болалик дўсти, математика ўқитувчимиз Абдуражаб домланинг узоқ йиллар чет элларда ишлаб келган, олти тилни биладиган, Тошкентда яшаб, университетда дарс берадиган Худойқул Жўраев деган фан доктори амакиси бўларди. Домла ҳар йили ёз таътилида Ўсматга келар, ўзига тўқроқ қариндош-уруғи, ёр-дўстлари қўйми, эчкими сўйиб, топган-тутганини олдига қўйиб, навбат билан меҳмон қилишарди. Жўраев домла бизникига ҳам келар, боғимиз тўридаги ўрик остига, бедазорга тўшак солдириб, йиғилганларни оғзига қаратиб, тонготаргача ҳангома берар ва ётиб қоларди.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, Абдуражаб, – дер эди меҳмон дамсар уриб. – Бу боши юмалоқ, бути айриларинг ҳали-бери одам бўлмайди. Булар учун ўзингни ўту чўққа урганинг бефойда!..
Ота авлод ақрабомиз Абдурасул ака пайғамбар ёшида оламдан ўтди. У қишлоғимизга электр олиб келмоқ учун раҳматли Вафоқул тоға билан бирга елиб-югурган ягона инженар эди. Электр идораси раён газетаси биноси билан қўшни бўлиб, биз кўпинча ишга бирга қатнардик. Унинг нохос ўлими укаси Мамарасулга қаттиқ таъсир этди чоғи, у ҳам кўп ўтмай омонатини топширди.
Уларнинг отаси раҳматли мулло Раҳматуллоҳ бобо қишлоқда ўттиз еттинчи йиллар қатағонидан омон қолган, эскичани биладиган ягона одам эди. Бобом мулла Қобулни олиб кетиб, Сибир сургунига жўнатганларида уй тўла китоблари қолган. Кимнингдир маслаҳати билан Шаҳзода энам бу китобларнинг ярмини токчада тахлаб суваттирганлар. Қолганини эса тун яримдан оққанда Раҳматулла бобога элтиб берганлар. Тўққиз ёшли дадам энамга ёрдамлашиб, қоронғи қиш кечасида Хўжатўпи маҳалласига ит азобида қандай бориб келганларини кўзда ёш билан ҳикоя қилиб берардилар.
Тўқсонинчи йиллар бошида одамлар дину иймонга қайтиб, масжидлар қурила бошлаганида уч-тўрт оқсоқолимиз бир ой чамаси овора бўлади. Кимсадан садо чиқмайди. Шунда фақат Абдурасул инженер томорқасининг ярмини масжид учун ажратиб беради. Ўша жойда қад кўтарган масжид эндиликда мулла Раҳматуллоҳ номида…

II

Эртаси куни бутун қишлоқ уста Мамарасулнинг худойисига йиғилди. Дарвозанинг икки ёнида қўл қовуштириб турибмиз. Ўнг томонимда хомуш ва паришонхотир Узоқ ўтирибди. Сўл тарафимда – биздан ёши каттароқ Бозорвой чўпон.
– Ҳа, жўра, шаштинг паст? – аҳвол сўрайман Узоқдан.
– Шу ёшда ишсиз қолдим, жўра. Умр бўйи сурувнинг ортидан эргашиб юрган одам уйда ўтириб қолса сиқилиб, жинни бўларкан. Ҳатто икки қўлинг ҳам ортиқчага ўхшаркан, – сўник овозда жавоб қилди Узоқ чўпон.
– Тоғвой билан ораларингдан қил ўтмас эди-ку?..
– А-а-а-й, Тоғвой чўпон уйни қотирганда, қиззиғар! Қаср дейсан, қаср! – дабдурустдан суҳбатимизни бўлди Бозорвой. – Қандингни ур, азамат! Раёнда биринчи бўлиб қўйини мингга етказган ҳам Тоғвой! Худо беришдан қисмаса, ҳеч гап эмас экан! Икки ўғлини юрпакда ўқитди…
Орага ёқимсиз жимлик чўкди. Беихтиёр Бозорвойнинг юзига қарадим. Соқоли бир ҳафта чамаси олинмаган, устида яғири чиққан фуфайка, оёғидаги ботинка кийилганидан бери артилмагандек. Унинг назарида энг зўр ва ақлли одам, барча бирдек бўйсунадиган, ҳаммадан амали катта киши эди. Қўйи кўп бўлиб, юртни тўплаб катта кўпкари берган, янги марка машина олиб, данғиллама иморат солган, хонадонига каттаконлар келиб турганни барчадан обрўли одам санайдиган Бозорвой учун нон пайғамбар, ош худо эди. Пойинтар-сойинтар сўзлари билан у аллақачон ҳазил-мутойибанинг мавзусига айланган, қовун тушираверганидан ҳамқишлоқлар бир маъракага айтса, бирига айтмас эди. Ўзининг ҳам минг чоғли қўйи бўлиб, давраларда ҳеч кимга сўз бермасди. Минг қўйли бойлар сирасига кирса-да, уйида тайинли қозон қайнамас, эшигидан биров кириб-чиқмас, кийим-кечаги яғир бўлиб, тўкилмагунча янгисини олмас эди.
– Нархи беш чақалик одам саройдек уй қургани ёки қўйини мингдан оширгани билан унинг баҳоси ўн тийин бўлиб қолмайди, – Бозорвойнинг гапини бўлди қишлоқ мактабининг тарих ўқитувчиси Саид муаллим. – Одамлар оғзим бор экан деб, ҳар гапни бир гап деб саннайвермаса-да!
– Етар-эй. Аравакаш тавба қилибди! – гурсиллатиб ўнг қўлини кўкрагига урди Бозорвой. – Гапиришни худо фақат маллимларга чиқарган, қиззиғар! Ўқитган ўнта боласидан тўққизтаси ўқишга киролмайди-ю, яна тилини саккиз қариш қилиб, одамларга нарх бичади!
– Муаллимларга тил теккизмаган сен саводсиз қолувдинг! Оғзингни кўпиртириб мақтаган ўша Тоғвойнинг отаси Пардавой подачи қўлида челак, елкасида нонхалтаси билан оши ҳалол тўплаб, эшикма-эшик юрганини ҳали кўпчилик унутмаган. Бу чўпонман деганнинг тупроғи бир ердан олинган бўлади ўзи. Сенинг ўша иномаркали бойваччанг ўшанда, оёғида тоштовон, отасининг орқасидан эшагини етаклаб, навбат билан “оши ҳалол” деб бақириб юрарди…
– Сенинг отанг ҳам райком-пайком бўлмаган, ука! Ўзинг ҳам зовучни-повучни қилиб юмалоқ-ястиқ ўқишни питиргансан! Таниганимдан бери устингда шу эски кастим! Яна бировнинг оғзига урасан!
– Айтганингдек яхшими-ёмон бир ўқишни битирганман, – бўш келмай сўзида давом этарди муаллим. – Сен каби Тайпоқсой даштида қийшуносликни эмас.
– Сенинг ҳам ота-бобонг чўпон-чўлиқ ўтган, ука-а! Агар сен културний одам бўлганингда чўпонларнинг устидан кулмасидинг. Ўша Пардавой подачининг жанозасига началник милициялар билан тўртта прокурорини олдига солиб, облас прокурори Мустафоқулов келган. Қўй кўрмасагам қий кўрганмиз, бизам…
– Сен ҳам ҳар ҳафтада битта ширвоз қўзи ёки қирқилмаган улоқни сўйиб, тандиркабобларни совутмасдан элтиб, бўзчининг мокисидек елиб-югуриб хизматини қил. Кўрасан, жанозангга ундан ҳам катталар етиб келади. Энг муҳими, обрў борида ва вақтида ўлиш!
– Ҳе-ҳ-э-э! Содда маллим-эй! Ширвозлар ҳолва бўлиб қолди, оғайни! Энди каттадан кичиги кўкидан келади. Гўёки Ойқор тоғининг бир сойида дўллир мошинаси бордай! Худо берганига шукур қилиб, ўзимизни сўмгинани оловир! Тешиб чиқмайди-ку, қиззиғар! Расходга тушиб дўллирни қаердан топади сенга? Сўмни шотирларингга бер, ғизиллаб бориб алмаштириб келади!..
– Менга қара, Бозорвой, кўпам ўтлайверма! Гирди мактаб ёки гирди сарой деган гап бор. Иккисини ҳам кўрмаганни йўнилмаган таёқ дейдилар! – қўлини пахса қилиб бўш келмасди муаллим. – Қўйсанг-чи шу бемаъни гапларни.
– Аравакаш тавба қилибди дедик-ку! Ҳамма сендек олим бўлаверса қўйни ким боқади? – деди аччиғи чиқиб Бозорвой иягини кўтариб, юзини тескари бураркан. Бу билан у Саид муаллимга “сен ҳам одаммисан” демоқчи эди.
– Сенинг қулоғингга қуйилиб қолган “минг қўйли бой гапирсин” деган замон яна келди чамаси, – ҳамон шаштидан тушмасди Саид муаллим. – Мол топиб, ақл топмасанг, учоворадан чиқиб кетаверасан, оғайни. Тилим бор деб валдирайверма. Сенга насиҳат қилиш бефойда-ку, лекин кези келганда ипингни тортиб туриш керак…
– Ўликни қўйиб тутга югурмайлик. Ҳозир баҳси-мунозаранинг мавруди эмас, домла, – Саид муаллимга юзландим.
Орага яна жимлик чўкди. Узоқ чўпон дамсар урди.
– Тоғвой дўстимизнинг кетига жир битди, жўра, – деди анчадан сўнг чуқур нафас олиб Узоқ. – Бу дунёда оч одамни тўйдирса бўларкан, бироқ тўқни тўйдириш қийин экан. Жўрамиз босар-тусарини билмай қолди. Кўрмаганнинг кўргани қурсин дегани тўғри экан. Қачон кўрсанг, кайфи тарақ, ёнида ҳар хил аёллар. Мен аҳмоқ уни ўша, чориғини судраган Тоғвой жўрамиз деб ўйлаб, насиҳат қилмоқчи бўлибман. Келин-куёвли одамсан. Энди буннай ишлар сенга ярашмайди. Уннай қима. Аяқ-баяғингга қара деппан. Бош ирғаб маъқуллагандай бўлувди. Кейин билсам бошини “ҳа-а, сенми менга ақл ўргатадиган” деган маънода сарак-сарак қилган экан. Менга ўхшаганларнинг қўлидан чўпонликдан бошқа иш келмаса…
– Бекор гапни қўйсанг-чи! Қўлингдан ҳамма иш келади. Сеникидек олмазор кимда бор? Фақат шу касбга ўрганиб қолгансан. Ўттиз-қирқ қўй-эчкини чаканага бериб боқтиришга тоқатинг йўқ. Бошқа бирор иш билан шуғулланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагансан, – унинг гапини бўлдим. – Тўғрими?
– Тўғри! Гапингда жон бор, – юзимга тикилиб қолди Узоқ. – Лекин ёғ еганда ёт яхши, қон ичганда қариндош деганидек, бир пайтлар хизматинг цинган одамларга, қорни тўйгач, керагинг бўлмай қолса алам қиларкан, жўра. Менинг ўрнимга иш тополмай юрган болани арзимаган маошга ёллаб, қорнини тўйғазиб, сурув боқтирмоқ маъқул кўринди жўрамизга. Одамлар фақат ўтар кунини ўйлаб қолди, биродар. Одамгарчилик отангнинг қулими дер эдилар. Шундай бўлди чоғи.
– Камдан кам ҳолатларда бой ва амалдорлар ўзларидан қуйидагиларнинг сўз­ларига қулоқ соладилар. Уларнинг аксарийси мен барчадан ақлли бўлганим учун бойман ёхуд шу мансабга ўтирганман деб ўйлайди. Соддалик қилибсан-да, жўра.
– Ўша гап-сўздан сўнг ҳам уч ой чамаси ишладим. Сурув санаш чоғида бехосдан маошдан сўз очилиб қолди. Ойига битта тўқли беради. Менга озлик қилади дедим. Қўшни Тожикистонда ҳам бир тўқлига чўлиқлик қилишмайди. “Ойлик озлик қилаётган бўлса, майли, ўзинг биласан”, деди шартта жавобимни бериб. “Шошмай тур, жўра, ўйлаб кўрармиз”, деса ҳам бўларди. Ҳаччакалла ёқасига тармашган бўлмасам. Уям бизга ўхшаб чориғини судраган бир чўпон эди. Қайтиб оғзимни очмадим. Ўзинг билган ўша итим Оқтўшни эшакнинг эгарига боғлаб, ўн етти қўй ва тўртта эчкимни сурувдан ажратиб, йўлга тушдим. Ярим йўлда орқамдан етиб келди. “Узоқ, Оқтўшни ташлаб кет. Майли ўша битта тўқлини итинг учун бериб тураман”, дейди йўлимни тўсиб. Индамадим. Ёнида ўтириб келган болага Оқтўшнинг занжирини тутқаздим. Ит бечора менсиз сурувга қайтишни истамайди. Охири аламимдан таёқ билан урдим. Ғингшиб, ингради жонивор. Мен ҳам йиғладим…
Гапи бўғзига тиқилиб қолган Узоқ йиғиси отилиб чиқиб кетмаслиги учун кўзларини юмиб, бошини эгди. Ёш боладек бир неча бор бурнини тортиб қўйди.
– Эслайсан-а, жўра, Оқтўшнинг онаси Ойбетни, – хириллоқ овозда сўзида давом этди. – Қишлоғимизда иккита ит бор эди. Силарда Олапар, бизда Ойбет. Итмисан ит эди-да. Жониворнинг мендан инсондек кўнгли қолганини эслаб ўкинаман. Ундан зот олмоқчи эдим ўшанда. Қанжиқнинг ўзига ўхшаганини олмасанг зоти яхши чиқмайди. Қасдлашгандек ўзига ўхшаган арлон боласи ўлиб қолса бўладими. Гидикнинг ўлиги уч кун похолнинг устида қолиб кетибди. Шуни кўмишга ақлим етмабди-я! Учинчи куни Ойбет боласини тишлаб бориб, чалдевор остига кўмди. Ўша жойга бориб-келиб, уч кун мотам тутди. Ишонасанми, шу воқеадан сўнг менга муносабати ўзгарди. Гапимни кўзимдан биларди, жонивор. Бирорта қўзини жондор тортиб кетса, почасинимас, қулоғиними топиб келарди. Бўлмаса мол эгасига товон тўлардим. Сурувни олдига ўтиб ётар, отар етиб борса яна бир сой олдинга ўтиб ётарди. Отарни бўлиб юборадиган бўрон-чопқин бўлганда айлантириб сурувни тўплайверарди. Сурувга яқинлашаётган жондорни ҳидини
олиб йўлига чиқар, қўшни отар итларини чақириб, қашқирларни етти қир ошириб қувиб қайтарди. Энди бундай бўрибосарларни тушда ҳам кўрмайсан, жўра. Кишига меҳрибонлигини айтмайсанми?..
Ҳасратидан чанг чиқаётган Узоқнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Гапи бўғзида қолди.
– Уч ой бўлди, – деди анчадан сўнг ўзига келиб, бўғриққан овозда. – Ўғли уйга битта тирриқ тўқлини ташлаб кетибди. Нега олдинг деб хотинни сўкдим. Хуллас, шундай гаплар, жўра. Бизни қўявер. Очдан ўладиган замон эмас. Ўзингни ишларинг қалай? Камнамосан? Қишлоққа камқатнов бўлиб қолдинг. Бизни ҳамма унутса ҳам сен унутмайсан деб ўйлайман.
Иккимиз ҳам хўрсиндик. Навбатдаги одамлар тўпи келди. Ўрнимиздан туриб ўтирдик. Киши элликдан ўтгач, танасидан эт қочади чоғи. Узоқнинг иссиқ-совуқдан тиришган юз-қўллари, бўртиб чиққан чакка суяклари, чўзилгандек туюладиган ияги, кичрайган елкасида осилиб турган эски костюми, ҳорғин ва тушкун тортиб қолган нигоҳи бир йигитнинг умри ўтганидан далолат берарди. Бекорга умр икки ўттиз демайдилар.
– Тузукман, жўра, – дедим унинг ранги ўчиб кетган шими ва оёқ кийимига разм солиб. – Бир нави юрибман. Менга қара, Узоқ жўра. Бир каттанинг, бир кичикнинг айтганини қил деган гап бор. Чорва хусусида сенга ақл бўла олмайман. Гапимни диққат билан эшит. Ёшинг ҳам олтмишни қоралаб қолди. Туғилганингдаёқ пешонангга фақат чўпонлик қиласан деган муҳр босилмагандир. Илгари замонларда қўлидан бошқа иш келмайдиган касби-кори йўқ кишилар чўпонлик қилишарди. Ҳозир эса чўпонлар бойиб, боласини юрфакда ўқитиб прокурор ёки милиционер қилишнинг пайига тушган. Чўпонлик қочиб кетмайди. Чўпон зотига ҳар доим ва ҳар замон эҳтиёж бўлган. Кечаю кундуз, қишу ёз демай, бола-чақадан олисда, тошдан ёстиқ, қордан кўрпа қилиб чўлиқлик қилгандан кўра, раҳматли отангдан қолган ўша зотдор бўрибосарларни кўпайтирсанг бўлмайдими? Ахир бу ҳам меҳнат-ку! Ҳар қандай ҳалол меҳнатнинг айби йўқ. Чўпонман деганга бир неча қўйчивон ит керак…
– Э-э, жўра! Хаёлинг жойидами? Энди келиб-келиб ит боқиб, сотаманми? Одамлар нима дейди? – гапимни бўлди Узоқ, ҳайратдан кўзлари ола-кула бўлиб.
– Ўғрилик, ғарлик қилсанг одамлар бир нима дейди. Борингда кўролмаган, йўғингда беролмаганлар билан нима ишинг бор? Отангдан ўнта бўлсанг, оилангда ёлғизсан дейдилар. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ит сотасанми, бит сотасанми, кимнинг нима иши бор?..
– Нега бўлмаса итни сўраган ҳам, бермаган ҳам ит дейишади? – оғзимга қараб ағрайди Узоқ, яна гапимни бўлиб.
– Сўзимни сўнгига қадар тингла, оғайни. Тўғри, шундай нақл бор. Итинг зотсиз, лайчасифат бўлса ялиниб-ёлворсанг-да, устига пул қўшиб берсанг-да, биров олмайди. Катта шаҳарларда дайди итларни қўярга жой топилмайди. Лондону Москвада эса бир донаси юз минг доллар турадиган итлар, бир миллионлик отлар бор. Хўш, шуларни боқиб етиштирганлар сен билан мендан аҳмоқми?..
Узоқ ўйга толганча жимиб қолди. Тушдан кейин ҳам келган-кетганни қаршилаб анча ўтирдик. Тенгдошлар эртаси куни эрталаб яна Мамарасулникига келиб, шу ерда хайрлашадиган бўлдик.
Яна дўстимизнинг бош эгасиз қолган уйида йиғилдик. Орамиздан чиққан ягона имом мулла Тоштемир қуръон тиловат қилди. Негадир Узоқ чўпон билан Бозорвой кўринмас эди.
– Қурмагур Узоқ Тоғвой чўпоннинг отаридаги итини олиб келгани Ғаллаконга кетибди, – деди Саид муаллим. – Бозорвойни ҳоким Амирқул Соатов бозор-ўчар қилиб кегани Самарқандга юборибди. Раёнга нозик меҳмонлар келаркан…

III

Ўсматдан чиқиб, Девқўрғонга етганда тўхтадим. Қаровсиз боғ ўртасидаги тепаликка кўтарилдим. Йўлнинг икки четидаги бодомзорлар оша кузда шудгор қилинмай қолган ўнг ва сўлдаги ангорларга тикиларканман, худди шундай, илк баҳорни эслатгувчи армонли куз кунларининг бирида дадамнинг эски “Москвич”ида иккимиз Ўсматга келганимизни эсладим. Тошкенту Самарқандда ишлаб юрганим боис суҳбат учун бундай қулай дамлар кам бўларди. Ҳаётимда ҳақиқий маънода меҳр-муҳаббатли икки кишини кўрдим. Бириси Шаҳзода энам бўлсалар, иккинчиси дадам эдилар. У кишининг сўзлари беихтиёр қулоқларим остида жаранглайди.
– Бу жойларнинг ўр-қирини яхши биламан. Бу йил ер ҳайдалмай, нафас ололмай қолибди-да, – дедилар дадам ялангоёқ болаликлари кечган, урушдан сўнг опам билан бирга ўроқ ўриб, машоқ терган далаларга армон ва алам билан термилиб.
Сўнгра Девқўрғонда тўхтадик. Дадам олдинда, мен орқада тепаликка чиқдик. Дадам Ғаллакон даштлари, Туятортар даралари ва Сойбўйи соҳиллари томон тикилиб тўймас, йиғламасалар-да, кўзларидан милтиллаб ёш оқарди.
– Чала бойнинг чала уйқуси келмайди, тоза бойнинг тоза уйқуси келмайди. Ҳай-ҳай, камбағалнинг ётса тургиси келмайди, – дедилар йиғига ўхшаш маҳзун овозда. Одам боласининг боши тошга тегиб, астойдил зориқмагунча чин юракдан бир ишга қўл урмайди. Тирикчиликни тирриқчилик билиб юраверади. Оёғимиз остидаги ер шунчаки шудгор эмас, бу ризқ-рўз, эл-юрт дегани. Сени учоворага қўшган эл, етти пуштинг хоки ётган ердан узоқлашма. Оғочидан айрилган шохнинг қисмати шамолнинг ихтиёрида бўлади…
Сибир сургунидан қайтар экан, қозоқ даштларида сувсиз қолиб, ичи куйиб кетган, эски кўрпа парчаси ва ранги ўчиб кетган шолчани устига кийим ўрнида ўраб, ип билан чатиб олган, бир аҳволда қишлоққа қайтган бобом мулла Қобул ҳам худди шу Девқўрғонга тўхтаб дам олганлар. Бир амаллаб қишлоққа етиб келгач, Ойқорнинг музидан келтириб, кўкрагига қўйганича, муз солинган сув ичиб, тўққиз кун яшаганлар. Шодмон ўрис бошчилигидаги тўрт киши тонг саҳарда бобомни олиб кетганларида тирик етим қолган уч бола отаси орқасидан зор қақшаб йиғлаб Девқўрғонга қадар эргашиб келган…
Дадам оталари ҳақида сўзлай олмас эдилар. Бу ҳақда гап очишлари билан кўзлари жиққа ёшга тўлиб, сўзлари бўғзида туриб қолар, кўз ёшларини артганча, ғилт-ғилт юринардилар. Отам оталарини қалбларига кўмган эдилар…
Кечмишнинг оғир ва қайғули хотирасини елкалаганча Девқўрғонга чиқаман. Боболарим ва отам тикилган сайҳонликларга, қир адирларга соғинч ва армон билан термиламан.
Девқўрғондан тўрт тараф кафтдек кўзга ташланади. Зарафшондан ажралиб Сангзорга қуйиладиган Туятортар ирмоғининг кун ботишида кўпчиб ётган Тайпоқсой далалари. Этакда буғдойи белга урадиган Ғаллакон адирлари. Ҳаётнинг ўткинчи ва давомийлигини таъкидлагандек Сангзор буралиб оқади.
Кунчиқишда олисдан қора тасма каби Ғаллаконни Ўсмат билан боғлайдиган йўл кўзга ташланади. Йўл бошида бир уловли киши Ўсмат томон келарди. Эгасининг атрофида гир айланиб ўйнаб чопаётган ит тепаликларга отилиб чиқар ва сакраганча қайтиб тушар эди.
Бу қадрдон кўринишга тикилганча узоқ ўтирдим. Кўз олдимизда жонланган бу манзара болалигимда қалбим ва хотирамда чизилган сурат эди.
Итини эргаштириб Ойқор томон кетаётган киши эса кеча ҳасратидан чанг чиққан жўрам Узоқ чўпон эди. Кечагина кўриб дардлашган бўлсам-да, уни соғиниб қолибман. Ёнига учиб бориб бағримга босиб қучоқлагим, болалигимиз изи қолган адирларни тўлдириб, ўкириб йиғлагим келарди.
Ҳаво очиқ. Шафақ рангига кирган боғлар япроқларини тўкиб, истироҳатга ҳозирлик кўрар, қуёш илмилиқ нурларини ер томон зўрға узатаётгандек. Янги қор тушган Ойқор қоялари ҳам ўраниб уйқуга ҳозирланган айиқдек ҳорғин узанган. Чўққиларни сийпалаб, турли шаклларга кирган булутлар кунчиқиш томон эринибгина сузар, барқут арчазорларини бағрига босган тоғ водийга ғамгин боқарди.
Борлиқни оғушига олган куз қаҳратон қиш келишидан бехабардек заминни илк баҳор рангига бўяр, жануб томон учмоққа кечиккан турналар қурейлашганча иссиқ ўлкалар сари қанот қоқишарди.
Дастлаб қалдирғочлар, сўнгра лайлаклар, ниҳоят, турналар ёзлик ман­зил­ларини тарк этадилар. Улар ўрнини қишдан дарак бериб, чуғурчиқ, майна ва қарғалар эгаллайди.
Куз шамоли олиб келган дилни қитиқловчи сарин бўй кўклам нафасига ўхшарди…

IV

Қиш ичи қишлоққа ўтолмадим. Наврўзда борганимда одатдагидек қишлоқ ай­ланиб, Узоқ жўранинг уйига бош суқдим. Бир кўйлак хотини Бувинор биздан икки синф пастда ўқирди. Ташрифимдан суюнгани боис ўтқизарга жой тополмай қолди. Пар­тибийрон бўлиб чой дамлади. Ўрмакда тўқиган антиқа дастурхонга тегирмон унидан қилинган, энди тандирдан узилган, болаликнинг қадрдон ҳиди анқиб турган тўрт­та нон қўйди. Қанд-қурс олиб чиқди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, ҳисобот бергандек сўз бошлади.
– Тоғвой чўпон келиб жўрангизни қўярда-қўймай яна олиб кетди. Ишда шундай паст-баланд гаплар бўлади-да, жўра, биздан ўтган бўлса кечир деди. Ўзиям сиқилиб кетганди, бечора. Тўртта қўйни ҳайдаса-ҳайдамаса ҳар куни Ўртақирга бир чиқиб келади. Тоққа қараб дамсар уриб, кўзи ёшовлайди. Оқтўшни болаларига ўғилларинг қараса ҳам бўлар. Мени ишим эмас экан дейди. Икки кун бурун эски ҳоким Апсамат Бўтаюп ҳам келувди. Икки отар суруви бор экан. Бир сурувни олсин деб кетди. Жўрангизнинг талабгори кўпайиб қолди…
Бувинор билан болалигимизни эслаб, анча суҳбатлашиб ўтирдик. Эртаси куни уста Ҳамза тиккан тоштовонини судраб, елвагай тўни ҳилпиллаб, ҳаллослаганча Узоқ жўранинг ўзи етиб келди. Кулчатой еб гурунглашдик.
Чўпонлар алаҳсиб, отарлар қўшилиб кетганда сурувдаги минг чоғли қўю қўзини бирорта тўқлию улоқни ҳам адаштирмай ажратадиган Узоқ дадамдан қолган ўттизта қўйни бир у чакана, бир бу чакана отарга қўшиб, боши қотиб юрган тоғбеги укам Собирга чўпон танлаш борасида астойдил маслаҳат берарди.
– Чўпон деган қийбосқоқ билан қорбосқоқдан эҳтиёт бўлмаса ишини мазаси бўлмайди. Қийбосқоқда қўзи онасининг ичида ириб, иссиқда пишиб қолади ва ўлик туғилади. Биласан-ку, қўтонди эски чалмаси кўмирдан зўр бўлади. Сурувди қўтону қўрадан ташқарида ётоқлатганда ҳам қий тўпланиб қоладиган чуқурроқ жойга эмас, ёнароқ, шамолгаза жойга ётқизиш керак. Ёнада қий турмайди. Қўйди қийидан қувурлардан келадиган газдек зўр газ чиқади. Қўзини жинжак қилаверади. Қорбосқоқда қўй қўзисидан ажралгани учун сўйишдан бошқа иложинг қолмайди. Қалин қорда қуёш чарақлаб турганида қўйлар юролмай кўзи қамашиб ҳайкалдек қотиб туриб қолади. Кўзини қор олиб қўяди. Қўй боқишди ўзи бўлмайди, ука. Чўпонди ёстиғи тош, кўрпаси қордан бўганда, бири икки бўлади. Чорвани билганга беру тепасида ўзинг тур. Бўлмаса ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ёмон чўпон бўридан беш баттар бўлади. Жондор кучи етганини, чўпон жонивор эса танлаб ейди. Чўпоннинг қўйи юзга етгунча, териси м
ингга етади. Чорва бир синса, қирқ йилда ўзига келади…
– Ака, сиз айтганингиз ўтган замонларда қолиб кетган. Ҳозирги бойлар керак бўлса бир кунда сурувини мингга етказади, – Узоқ чўпоннинг гапини тўғрилаган бўлади Собир тоғбеги. – Сиз нима деб юрибсиз.
– Бу гапингиз ҳам тўғри, укам Собиржон. Энди сиз ўқигансиз-да, биздан кўп биласиз. Ман сизга яна бир гапди айтай. Ёшингди оширу молингди ёшир дегандай, қўйингизни сонини ҳеч кимга айтманг. Баракаси қочади. Энди, Собиржон укам, бу ёз бизди сурувга Ойқорнинг яхши еридан белат олиб берасиз-да. Кўкқўтонни кўзлаб юргандим, элдан бурун Бозорвой эгаллабди…
Суҳбат қизигандан қизиб, тонгга қадар давом этди…