Кампир ҳар куни эрталаб тонг ёришмасдан уйғонади. Шу кунга эсон-омон етказгани учун худога шукрона айтиб, катта дока рўмолини узоқ ўрайди. Сирланган челакнинг қолган-қутган сувини ҳовлига сепиб, юз-қўлини ювади-да, бир неча бурда нон олиб булоққа тушади. Юз-қўлини яна қайта ювгач, тушини сувга айтганча нонни ушатиб, булоққа ташлай бошлайди. Кампирнинг келишига ўрганган ва узоқдан қораси кўриниши билан уймалашадиган балиқлар сувни шалоплатиб юзага отилиб чиқишарди. Кампир эса улар билан худди одамдек гаплашиб, увоқ улаша бошлайди.
— Сизлар ҳам кичик бўлгансизлар. Кичикларга ҳам нон беринглар, — деди у катта балиқларни тергаб. — Уялмайсизларми ўз болаларингнинг нонини тортиб олиб ейишга. Одамларга ўхшаб жониворлар орасидан ҳам меҳр-оқибат кўтариляпти.
Сўнг, у катта балиқларни алдаб туриб, нонни майдалаб кичик балиқларга ташларди. Бунга ўрганган балиқчалар катта балиқлар нон бўлагига ташланишганда нон увоқларини кутиб жойларидан жилмай тураверишарди. «Дуо қилинглар, Худо ҳам менга эл қатори невара берсин», дерди кампир сув тўлдирилган челакни кўтариб изига қайтаётганда. Балиқлар эса кампирнинг сув олишига қўймай, челакка кириб чиқаверишади. Кампир зўрға уларни челақдан ҳайдаб чиқарарди.
Лекин бари бир битта-яримта балиқ илашиб чиқар, кампир челакнинг остида қолган сув билан яна қайтариб келиб булоққа қуярди.
Саҳар намозини ўқигач, жойномозни йиғиштириб қўярди-да, ҳовли тўрида мудраётган говмиш билан каттакон оқ эчкига кўз қирини ташлаб дон-дун сақланадиган пастаккина омборхона томон юрарди. Кампирнинг омборхона томонга бораётганидан хабар топган эчки умидвор бўлиб секин маърарди. Говмиш биз ҳам бор, дегандек эринибгина ўқрайиб қўяди. Кампир ўзича уларга дафъи жавоб қайтариб, йўлида давом этади. Узоқ пайсалланиб нимчасининг чўнтагидан омборхона калитини топади. Шу баҳонада чўнтагида яна нималар борлигини билиб қўйиш учун бирма-бир юзига яқин келтириб, кўздан кечиради. Чўнтагида эса ҳамма нарса бўларди. Бир йил бурунги тўйдан олган парвардадан тортиб, чархнинг дугигача. У чўнтагидаги меваларни бежизга асрамайди. Қайси тўй маъракага бормасин, «Илоҳим Худойим мени ҳам шундай кунларга етказсин!» дея бир жуфт парвардами, ёнғокми олади. Сўнг, яна бир парвардани олиб тишсиз милкларида айлантириб сўра бошлайди. Атрофида бир-бирига гап бермай чувиллашаётган хотин-халажлар гапини мутлақо эшитмаётгандек одамларнинг боши узра тоғорти уфқига тикиларкан «Илоҳим етказган кунингга, берган ризқингга шукур», дейди.
Кўриниб турган шу тоғ ортида, Панжакент деган томонда кампирнинг яккаю ёлғиз қизи яшайди. Фарзанд кўрмай турмуши бузилгандан сўнг, ўша ёққа, тоғ ортидан келиб қишлоқнинг молини боқиб юрадиган Эшмурод исмли қўй оғзидан чўп олмайдиган, ўзидан тўрт ёш чамаси кичик йигитга тегиб кетди. Одамлар «қизинг ошиқ-маъшуқ бўлиб, кочиб кетди», дея таъна қилишди. Кампир беғубор ва нажотталаб кўзларини мўлтиратиб, уларнинг гапларини эшитар, лекин ғинг демасди. Худди ҳаммасига ўзи айбдордек иягини тиззасига тираганча жимгина ўтирар, ичида сабрсизлик ва алам билан суҳбатдошининг ёқимсиз гапини тугатишини кутарди. Ичида: «Худо урганни пайғамбар ҳассаси билан туртгандек, мен шўриқисган ёлғизга шу гапларни етказишдан бу инсонлар не муддао топишаркин?» дея ўйлар, ўйлаб ўйига етолмасди.
Якинда кампирга хушхабар келтиришди… У анчагача тушимми-ўнгимми дегандек ўтирган жойида ағрайиб қотиб қолди. Қизининг бўйида бўлган эмиш. Шундан кейин кампирнинг ичига ўт тушди. Кечалари бирдан уйқуси қочиб, қизини ўйлаб кетади. «Ўғил бўлса отини Худойберди, қиз, бўлса Бийфотма қўяман», дерди ўзига-ўзи қувончи ичига сиғмай. Аммо, туғилажак неварасининг ота-оналари болага исм қўйишни ундан сўрашадими, йўқми, буни хаёлига ҳам келтирмасди.
Қулфнинг калит соладиган жойини узоқ қидириб, зўрға очганда ҳам у бир нарсани — қизининг тезроқ бўшанишини ўйлар, юрагининг туб-тубидан буни Худодан ўтиниб сўрарди. Эрта саҳардан шомга қадар ўзича савоб деб билган ишлар билан машғул бўларди.
У чит кўйлагининг енгини тўлдириб буғдой олди-да, яна омборхона эшигини кулфлаб қўйди. Бўлмаса бўшатиб подага ҳайдаганда эчки ўзини омборхонага уради, Кампир эса ҳаллослаб унга етолмайди. Етгунича у бемалол бирор кило буғдойни паққос туширган бўлади. Қопнинг оғзи боғлоқлик бўлса йиртиб ейди. Кампирнинг ҳовлида ғимирлаб юрганини кўрган мусичалар кукулашиб атрофида гирдикапалак бўлиб айланишади.
Кампир пешайвон устунининг таг курсисига ўтирганича мусичалар билан гаплашиб, дон улаша бошлайди.
— Садағанг кетай Бийфотманинг беозор товуқлари.
Қани энди ҳамма одамлар сизларни жаннатдан учиб чиққанликларингни билганда эди. Одамлардан ҳам хафа бўлиб бўлмайди. Уларнинг ҳам ташвиши кўп. Дунё шунақа экан. Инсон қанча қорни тўйиб, бири икки бўлса шунча серташвиш бўлиб қоларкан. Замонанг тулки бўлса този бўлиб қув дегандек, одамлар фақат кунининг орқасидан қувадиган бўлиб қолишди. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Одамларга қанчалик ақл кирган сари жониворларнинг, дов-дарахтларнинг тинчлиги бузиляпти. Магазинларда ун кўпайиб, сизлар ризқ-рўзиларингни териб ейдиган тегирмонни ҳам бузиб ташлашди. Унинг ҳеч кимга оғирлиги тушаётгани йўқ эди-ку?
Мусичалар талашиб дон ейишарди. Уларга теварак-атрофдан чумчуқ, майна ва чуғурчуқлар келиб қўшилишарди. Кампир ҳамма мусичаларни танирди. Мусичалар эса дон талашиб, кампирнинг кийимларини юлқилашади. Кампир уларнинг хатти-ҳаракатидан маст бўлиб кулар, бу ёқимли дақиқаларни чўзиш учун донни олисроққа сочарди.
— Вой садағанг кетай беозор қушлар-ей! Шу доннинг ҳаммасини сизларга бераман! Сизларга бермай кимга бераман? — дерди кампир ҳовучини тўлдириб дон сочаркан.
Сўнгра у қушлар билан астойдил хайр-хўшлашиб, этагини қоққанча боққа қараб юради. Ёнғоқнинг шохига қистирилган эски ўроғини олиб, говмиш билан эчкига уватлардан ўт ўради, печак юлади. Бедадан ҳам ўриб бериши мумкин, лекин у қишга мўлжалланган. Шунинг учун кампир уззу-кун бедапояни қўриқлаб, урчуқ йигириб ўтиради. Унинг ҳам ўғли ёки невараси бўлганда бошқаларникидек қиш учун Тайпоқсой даласидан тўрт-беш қоп сомон келтириб берармиди? Кампир доимо борига каноат ва шукур қилади. Ҳеч қачон нолимайди. У бари бир бир кун эмас, бир кун нолаларим Худога етиб боради деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам шукур қилади.
Ёқимли ҳид анкиб турган барра ўтни говмиш билан эчкига бўлиб солгандан сўнг тандирхонага қараб юрди. Сут соғадиган, ёғи сиртига уриб кетган кадисини олиб келпи. Говмишни ийдириш учун оғилдан бузоғини олиб чиқиб қўйиб юборди. Тарғил бузоқ онасини турткилаб эма кетди. Кампир бузоққа бир оз тикилиб турди-да, сўнг ипини тортди. Ичида унинг она сути эмишдан маҳрум этаётганига ачинди. Шунда бирдан кўз олдига ўша — туғилажак набираси келиб кетди. Назарида уни ҳам биров онаси бағридан тортиб оладигандек туюлди. Шу ўйда қўли бўшашиб, хаёли қочди. Ағрайганича бузоқнинг эмишига тикилиб ўтираверди. Лекин шу алпозда қараб ўтира олмаслигини англади. Ҳадемай сут олувчи келади. Унга камида бир кади сут бериш керак. Бўлмаса у кампирга оз пул беради. Ҳеч кимга гап бермайдиган Сафаргул сутчи кампирнинг сутини ҳаммадан арзонга олади. Кампир буни билади. Қўшнилар тушунтиришган. Биладию, индамайди. Бирор нима дегудек бўлса Сафаргул оғзидан чиққан гапни ёқасига тармаштиради. Сафаргул шартлашилгандек бирор сўм ёки бир неча тийин кам берса ҳам индамай олаверади. «Бари бир, бир ўзимга шунча сут керак эмас. Пул бермасаям майли. Одамлар ичиб алқаса бас. Сут бергандан савоб иш борми дунёда?» — ўйларди ўзича.
— Худо хоҳласа бу пулларни невара тўйига ишлатасиз, — дейди Сафаргул кампирни оғиз очирмаслик учун нозик жойини топиб.
Аниқроғи кампир пул санашни билмайди. Шунинг учун ҳам ким нима берса олаверади. Икки марта Сафаргул берган пулни қўшниси Баҳром оқсоқолнинг ўғлига санатган эди, қанчаям кам деди. Камини Худо берар, шунгаям ташвиш чекиб юрадими? Одамлар сени кам дегани, ерга ургани билан кам бўлиб қолмайсан, ишқилиб эгаси кам килмасин, тақдирингни бошиям охириям бўлмас экан. Уясини йўқотган тўрғайдек ҳавода муаллақ бўлиб қоларкансан.
Кампир шу ўйлар билан говмишни соғишга ўтирди. Кади кўпирганча тўлиб борарди. Сут кунлигидан кам чиқди. Кампирнинг хаёлига «энди мени Сафаргул койийди» деган фикр келди. У яна бузоқни эмишга қўйиб юборди. Ҳар йили эчкини соғин қилиб олади. У говмиш билан басма-бас сут беради. Бузоғи кўпроқ эмган кунлари қарийб иккисининг сути баравар келади. Кадидан ортган сут кампирнинг ўзига колади. У бу сутни пиширади. Бир косасини сап-сариқ каттакон урғочи мушук иккаласи ичишади. Мушук деярли ҳар йили болалайди. Кампирнинг ташвишига ташвиш қўшилади. Шунда мушукларнинг ўзига бир косадан ортиқ сут кетади. Қолган сутни қатиқ қилиб хафтада бир марта куви пишади. Кампирнинг чайир ва бақувват қўллари кувини тезда ёққа келтиради. Сут кадидан ортмаган куни у сутсиз қолади. Пиёлага каллақандни солиб, нон тўғраб ейди. Мушукка эса қолган-қутган овқатлардан беради. Сут мўлжалдагидан озроқ бўлса Сафаргул кампирга ўшқиради. «Ваъдалашиб қўйган одамларимга нима дейман?» дейди у кўзлари олайиб. Ўша сут келишини кутаётган одамлар ва болаларни ўйлаб, кампир бузоқнинг ризқини қиярди. Сафаргул ўзидан олган сутни уч баробар пуллашини эса хаёлига ҳам келтирмайди. «Шунча сутни эшакка ортиб, районга олиб тушишнинг ҳам ўзи бўладими? Сафаргул бечорага ҳам қийин, бошида эри йўқ», дея ўйларди у сут олувчи кўринмай кетгунга қадар орқасидан тикилиб.
Сутни кўтариб олгач, ювиндисига қорни ичига кириб кетган, доимо тўймай юрадиган Олапарга итоши қилади. Токчадан бир косача кепак олади-да, сал мазалироқ бўлсин учун бир ҳовуч қора буғдой унидан аралаштиради. Олапари оғзи куйганига қарамай итошини ялай кетади. Бу пайтда мушук миёвлаб кампирнинг атрофида гирдикапалак бўлаверади. Унинг косасига ҳам бир чўмич сут солиб, икки-уч тўғрам қотган нон ташлайди.
Этакдан маърашиб қишлоқ подасининг тоғ томон ўрлаётгани эшитилади. Кампир қўлини соябон килиб, қуёшнинг кўтарилаётганини кузатади-да, ўзича подаҳайдар маҳали бўлганини фаҳмлайди. Ирғай ёғочдан қилинган чўпонларнинг таёғига ўхшаш ҳассасини қўлига олиб говмиш билан эчкини кўчага ҳайдайди. Эчки эчкилигини қилиб, орқага қочмоқчи бўлади. Кампир унга зуғум қилади.
— Тоғу тошда маза қилиб ўтлаб, ўйнаб келмайсанми шайтондан тарқалган? — дейди ҳасса ўқталиб.
Эчки кампирга ўқрайганча подага қараб юради. «Нега кампир бечорани қийнайсан» дегандек уларни кузатиб турган говмиш эчки олдига тушгач, унга эргашади. У эчкига эргашиб, ўрганиб қолган. Кечқурун подақайтар маҳали бўлгач, у маъраб эчкини топиб олади-да, ортидан қишлоқка қайтади. Эчки қочиб, уйга қайтиб кирса кампир етолмаслигини ҳам билади. Бироқ, бўйнига арқон тушгандан сўнг, кампир уни жазолайди, ҳассасининг учи билан бир-икки нуқиб қўяди.
Қирда эшагига иккита сут идиши солинган хуржун ортган Сафаргул кўринди. У етиб келгунча кампир садақайрағоч шохидаги кадини олиб чиқди. Гап-сўзсиз Сафаргулнинг идишига қуйди. Бирор нима дермикин дегандек кўзлари жавдираб, унинг оғзига тикилди.
Эшагига ўнгланиб ўтириш учун оёғини қайта узангига соларкан:
— Сутингиз кундан-кун суюлиб боряпти, Ойбуви момо, — деди Сафаргул.
— Сигир билан эчкини тузукроқ боқмаяпсиз. Ёки сутга сув-пув қўшяпсизми? Бундай бўлса сутингизни олмай қўяман.
Кампир нима дейишини билмай ағрайиб турарди. Сабаби: Сафаргулнинг бундай дейиши етти ухлаб тушига кирмаган эди.
«Умрида сут соғмагандек гапиради-я, сутга ҳам сув аралаштирадими? Қайси Худодан кўрқмайдиган шундай қилади?» — боши котиб ўйларди кампир. «Нега у уялмай-нетмай шундай дейди? Оёғим гўрга етиб қолган бир ёшда шундай қиламанми? Мен эсимни таниганимдан бери дўзахи иш қилганим йўқ! Бундан буён ҳам қилмайман! Мен чолгинамнинг олдига ўз ажалим билан ҳалол покиза боришим керак!»
Сутчи хотин аллақачон икки кир ошиб кетиб колган эди. Кампир ҳамон қўлида кадиси билан қаққайганича қотиб турарди. Ундан икки қадамча нарида ялпайиб ётган Олапар лаб-лунжини ялаб, эгасининг маъюс ҳолатини кузатарди. Кампирнинг нимадир эсига тушгандек ўзига келиб, шоша-пиша уйга қараб юрди. Мушук еганда сачраган увоқларни доналаб териб, охистагина чумолилар ини оғзига элтиб кўйди. Сўнгра садақайрағоч соясидаги эски сўрига ўтириб нонушта қилган бўлди. Сут ичаётганида яна хаёлига туғилажак набираси келди. «Бўлганда у ҳам сут ичарди», дея ўйлади хомуш бўлиб. «Нега Худо доимо бахтни кечикиб беради?» ўйларди кампир термилиб. «Боланинг қадрига етмайдиганларга беш-ўнталаб фарзанд беради. Менинг қизимга эса…»
Чуғурлашиб садақайрағочга учиб қўнаётган чумчуклар дастурхондага нонга ёпишганда кампирнинг хаёли бўлинди. Енгини силкитиб қушларни учирган бўлди. Дастурхондаги қолган-қутган ушоқларни коқиб оғзига солди-да, нонни ўраб ёстиқнинг остига бостириб қўйди. Сўнгра садақайрағочнинг шохига қистириғлиқ урчуғини қўлга олди.
Соя қайтиши билан яна чап енгини буғдойга тўлдирди-да, урчуғини қўлтиқлаганича уйнинг кун чиқиш томонидаги қирга чиқди. У деярли ҳар куни куннинг иккинчи ярмини шу ерда ўтказади. Кампир қирга чиқиши билан бу ерга Каттажарнинг каптарлари учиб келишади. Каптарлар кир устида бир-бирини турткилаб, бир-икки айланишгач, қўнишади. Улар қирга қўниши билан кампир галага янги қўшилган каптарларини кузата бошлайди. Уларнинг кун сайин кўпайиб бораётганидан ўзича хурсанд бўлади. Лекин, нега хурсанд бўлаётганини аниқ тасаввур эта олмайди. Каптарлар донга тўймай, кампирни турткилашаверса, у яна омборхонага бориб келади. Буғдой эса охирлаб борарди. Куёви кела қолганда эди, бозордан бирор қоп буғдой, ёки ёрма олиб келиб берармиди? Ёки бирорта қўни-қўшнидан от-улов сўрасамикан? Дон тугаб қолса каптарлар қаерга боради?
Кишлоқ болалари аллақачон бу каптарларни бездиришарди. Хайриятки, Олапар бор. Каптарлар учиб келганда у кирга ҳеч кимни ва ҳеч қандай ҳайвонни йўлатмайди. Шу дақиқаларда кампир бу дунёдан мутлақо ажралиб қолади. Шунда у ҳамма нарсани унутади. Назарида ўзини ҳам қушга ўхшаган аллақандай жониворга айланиб қолгандай ҳис қилади. Ҳаракатлари ҳам ғайритабиий бўлиб қолади.
Каптарлар узала тушиб ётган Олапарнинг устида ўрмалашиб юришар, жуни орасидан нималарнидир териб егандек чўқишарди. У эса мудраганича ер билан битта бўлиб ётар, қушларнинг чўқиши унга шу қадар хуш ёқардики, бирпасда кўзи илинарди.
Кампир яна дон олиб келиш учун ўрнидан турганида, ғов оғзига юкини ўзи туширадиган машина келиб тўхтади. Кампир қўлини соябон қилиб, келганларни кузатди. Кабинадан қўнғиз мўйловли ҳайдовчи билан Сафар соқовнинг ўзига ўхшаган тили чучук ўғли Турсунали тушди.
— Ҳорманг, Ойбуви момо! — деди у шипшиган овозда. — Каптарларни боқиб ётибсизми? Дамликкина юрибсизми?
Шукур, болам… Бир нави. Ўзларинг омонмисилар? Ота-оналаринг бақувват юришибдими? Анча бўлди, энангни кўрмадим. Қизимни кутяпман, ҳеч дараги бўлмаяпти…
— Вақт зиқ, момо, сиз билан гаплашадиган гап бор, — ўғри қараш қилди Турсунали.
— Нима гап? Айтақол тезроқ, болам, — унинг оғзига тикилиб ағрайди кампир.
— Сизга буғдой керак эмасми?
— Керак, болам, қани энди уни олиб келиб берадиган одам?
— Мана бу машинанинг кузови тўла буғдой. Олсангиз, арзон гаровга сотамиз. Кўп эмас, саксон сўм берсангиз бўлади, — бидиллаб кетди Турсунали.
— Вой! Бир машина буғдойни нима киламан, бўтам! — ҳайрон бўлди кампир.
— Худо берганига шукур килиб олавермайсизми? Омборхонангизга ўн машина буғдой сиғади. Шу билан бир неча йил буғдой олмайсиз. Ўзимиз ташиб берамиз.
Кампир уларни алқаб-алқаб рози бўлди. Буғдойни омборхонага ташиш учун иккита халта олиб чиқди. Шофёр билан Турсунали терлаб-пишиб, бир зумда буғдойни омборхонага ташиб киритишди. Кампир рўмолчага тугиб, кўрпанинг орасига қистириб қўйган пулини олиб чиқди. Турсунали пулнинг ярмидан кўпроғини олгач, улар шоша-пиша машинага ўтиришди.
— Бирор кишига бу ҳақда оғиз очиб юрманг, тағин, — тайинлади дудуқланиб Турсунали кетаётганида, — биласиз-ку, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, оғзи билан юради.
Кампир индамай ағрайиб турарди. Унинг нега бундай деганини тушунмади. Сўнг, рўмолчасида қолган пулга қаради. «Ярмидан кўпроғи саксон сўм бўлса, қолгани қанча экан!» дея ўйларди у пулни қайта тугаркан. Бироқ Турсуналининг 150 сўмга яқин олганини хаёлига ҳам келтирмасди. «Дунёда қандай яхши одамлар бор-а? — дерди ўзига-ўзи. — Худонинг ўзи етказаман деса, ҳеч гап эмас экан. Кизим билан куёвим буғдойни кўриб суюнишади, — беихтиёр хаёлидан ўтказди кампир қувончи ичига сиғмай. — Каптарларим билан мусичаларим Худо деган экан». — Кампир энди мусичалар ва каптарларга кўпроқ дон беради. Улар қанчалик талашиб дон ейишса, кампир яйраб кетар, куйиб-пишиб улар билан ўзича сўзлашарди.
У қирда каптарларга дон сочиб ўтирган эди. Урчуғи ёнида юмалаб ётар, каптарларни қорни тўйиб, ўзи билан ўйнашишни истаётган Олапар уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан кўз-қўлоқ бўлиб, чўнқайиб ўтирарди. Кун пешиндан оққан, машриқ томондан салқин шабада эсарди. Кампирнинг хаёлини машинанинг бўғиқ овози бузди, Ғов олдига усти ёпиқ кичкина машина келиб тўхтади. Ундан кишлоқ советида ишлайдиган Хўжатўпи маҳаллалик Турдибек билан шапкали одам тушди. Кампир уни доимо шапка кийиб, қишлок болаларини тергаб юрадиган Холбек тоғбега деб ўйлади. Диққат билан тикилгач, милиционер эканлигини пайқади. Улар ўзаро нималарнидир сўзлашишди. Сўнгра милицпионер ҳовли томон, Турдибек қирга қараб юрди. Кампир енгида қолган-қутган буғдойни уймалашаётган каптарларга тўкиб, ўрнидан қўзғалди.
— Ҳорманг, Ойбуви момо! — деди Турдибек кампирга яқинлашаркан. Негадир унинг салом бермагани кампирнинг кўнглига келди. «Турсунали ҳам салом ўрнига, ҳорманг, деб келган эди. Бу ҳам ҳе-бе йўқ шундай деб келяпти. Одамлар саломни унутишяпти. Охири бахайр бўлсин», ўйларди кампир Турдибекка синчковлик билан тикиларкан.
— Ассалому алайкум, бўтам!
— Салом, момо!
Кампир саломдан сўнг нимадир демоқчи эди, унутиб қўйди. Тилига калима келмай Турдибекнинг оғзига тикилиб тураверди.
— Каптарларга дон беряпсизми? — хижолатомуз жилмайиб сўради Турдибек.
— Ҳа, болам, шундоқ эрмак қилиб…
Шу пайт Олапар ириллаб ўрнидан қўзғалди. Кампир ўгирилиб қараган эди, думини қисиб нарироқ кетди. Каптарлар гуриллаганча осмонга кўтарилишди. Турдибек сочилиб ётган буғдойни кафтига олиб кўра бошлади.
— Пастга тушайлик, момо! — деди овози аллахил товланиб, буғдойни сиқимлаганча сойликка қараб юраркан.
Кампир индамайгина унинг орқасидан эргашди. Милиционер ҳовлини айланиб юрарди. Кампир билан совуққина сўрашгач, омборхонанинг эшигини очишни буюрди. Кампир узоқ пайпасланиб, эшикни очди. Буғдойни кўриб иккиси ҳам анчагача жимиб қолишди.
— Буғдойни сизга ким олиб келиб берди? — дона-дона қилиб сўради милиционер.
— Сафар соқовнинг ўғли билан яна бир мўйловли шопир, — деди кампир алланима сезгандай.
— Қачон олиб келишди?
— Ўтган куни.
— Улар билан қачондан бери алоқа қиласиз?
— Қанақа алоқа?
— Ўзини гўлликка соляпти, — Турдибекка қараб деди милиционер,
Бу кишининг улар билан алоқаси йўқ. Улар олиб келишган, кампир сотиб олган, — деди Турдибек тўғрисини айтиб.
Сиз ишни пачава қиладиган кўринасиз, шекилли. Қаердан биласиз алоқаси борми, йўқ? — Турдибекка ёвқараш қилди у.
Турдибекнинг дами ичига тушиб, жимиб қолди. Кампир зўрға ютиниб қўйди. Ютинганда кўзлари йилтиллаб кетди.
— Энг муҳими калаванинг учини топдик, буёғи ҳеч гап эмас, — ўзича гапириниб, нималарнидир ёзарди милиционер. Ёзуви тугагач, кампирга ручка бериб қўл қўйдирди.
— Эртага эрталаб районга, милицияхонага борасиз. Бозорнинг шундоққина рўпарасида, — деди милиционер кампирнинг қўлига тўрт бурчак шаклидаги қоғоз тутаркан.
— Буни нима қилай, бўтам? — қоғозни кўрсатиб сўради кампир.
— Бу чақириқ қоғози. Шуни олиб борасиз. Агар бормай қолсангиз, ўзингизга қийин бўлади, — таъкидлади у.
Кампир нимадир деб, жавоб бермоқчи бўлди. Бироқ, тилига ҳеч қандай сўз келмади. Меҳмон кузатгандай улар билан илиққина хайрлашди. Сўрига таклиф қилганди милиционер кўнмади. Улар кетгандан сўнг ақл-ҳушини жойига қўйиб, воқеанинг мағзини чақа бошлади. Охири ўзича ниманидир тушунди-ю, кўзлари катта-катта бўлиб кетди. Изтиробда бутун вужуди ёнарди.
Подақайтар маҳали бўлиб қолган эди. Кампир эчки билан сигирни ажратиб келиш учун поданинг йўлига чиқмоқчи бўлди. Лекин туролмади. Бир амаллаб судралиб уйга кирди.
…Шу куни илк бор говмиш билан эчки бойлоқсиз қолди. Кампирнинг кўзини шамғалат қилиб, ўзини бедапояга урадиган эчки остонадан жилмади. Елини тўлиб кетганидан оёқлари тарвақайлаб, бор овози билан маъради. Шу куни илк бор бузоқ ҳам онасини эмолмади. Мушук ухлаб ётган кампир атрофида ўрмалашарди. Говмиш оғил билан остона ўртасига бориб келарди. Улар шу алпозда тонг оттиришди.
Эрталаб балиқлар булоқда ғужғон ўйнаганча қолаверди. Мусичалар остонада тўпланиб, ниманидир кутишарди. Эчки эрта-индин кампирнинг еттисига сўйилишини билгандек, ҳовлини бошига кўтарарди…
Сугни олиб кетиш учун келган Сафаргул аввал кампирни чақирди. Жавоб бўлмагач, эшагидан тушиб, мусичалар галасини учирганича уйга кирди. Кирди-ю, додлаганча қайтиб чиқди.
Қуёш машриққа оғиши билан беғубор осмонни тўлдириб учиб келган каптарлар галаси қирга қўнмади. Улар ярим тунда ҳам уяларига қайтмай, қишлоқ устида айланиб учишарди.