Нортўхта Қилич. Осмон йиғлаган кун (ҳикоя)

Энажоним, йилама-ё, йилама…

Қўшиқдан

I

Бешинчи май!.. Ё пирай, эслаганингиз ҳамоно, ажабтовур энтиктирадиган, тобора олис ўтмишга айланаётган бир замонларда ушбу кун байрам ҳисобланар эди. Лекин, асли ҳаётда байрамнинг оти бор-у, ўзи йўқ шекилли.
Юзаки қаралганда анави рақамлар ҳам ўз-ўзича ҳеч нимани англатмайди – шунчаки бир таъкид. Бироқ, авра-астарини кўтариб қарасангиз, бун­дан аввал ўтганларига кўзларингизни юмиб син солсангиз… ҳаммаси арзимас чақадай туюлиб, кўксингиз ҳувуллаётгандай бўлаётганлигини сезасиз.
“…Ё тавба, бугун ҳам айни кечагина кечган куннинг ўзи. Умр деганимиз эса ­сувилондай шитоб сузиб ўтаяпти”. Ҳар гал ушбу фикр кўнглида яшиндай чақнаган заҳоти, Шоди Шариф оташин хўрсинади ва ўспиринлик йилларида – бундан эллик йиллар аввал ҳайратларга чўмиб кузатган бир ғаройиб манзара: пишқириб оқаётган анҳор бағрида калласи бош бармоқдан сал йўғонроқ, кўзлари кўзмунчоқдай қоп-қора сувилоннинг оқим бўйлаб, малларанг, бўтана тўлқинлардан тўлқинларга ­сакраб-сакраб, ўқдай сузаётгани кўз ўнгида намоён бўлади. Ўша асно, беихтиёр дилидан тилига бир афғон кўчади: “Ўтди умрим, во дариғ!”
У ўспиринлик кезларидаёқ умрнинг тезоблигини, бетакрорлигини билган. Билган… Билган-у, лекин, яхшидан-да яхшироқ яшаяжагига, кўпдан-кўп хайрли ишлар қилажагига, жўралари, улфатлари жуда кўп бўларига ва уларнинг бариси ҳар қандай риёлардан, хиёнатлардан йироқ туражакларига – эсиз-а!.. – муқаррар ишонган; кўнглида эса ҳеч кимникига ўхшамаган ҳаяжонлари, ҳамиятпарварлиги, шижоатлари бениҳоя эди. Хайриятки, ҳали-ҳануз шундай. Энди… энди озми-кўпми мулоҳаза бирламчилигини демаса, ҳамон ҳаммаси ўша-ўша. Бироқ, афсуски, машҳур бир сатрда янграганидек, “меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим”… Майли, начора!.. Ишқилиб, жон била кирган жафокаш, қадрдон туйғулари чап бермаса бўлгани. Умрнинг бир куни ҳам умр.
Ҳаво салқин. Йўқ, бирмунча аёзроқ. Осмонни қуюқ кулранг булутлар қопламоқда. Эрталаб ёмғир хиёл севалаган эди. Ҳали-ҳануз ҳавода ёмғир ҳиди анқиётир.
Негадир Шоди Шарифнинг кўнгли ҳам ёғолмаган булутдай тунд. Аллазамонлардан бери… Кўп йиллар бўлаётир… Лекин ҳеч кўниколмаяпти. Энг ёмони – яна қанча давом этади – бир йилми, уч йилми, кўпроқми, билмайди. Айни мавҳумият, мужмал тушуниксизлик Шоди Шарифни кўпроқ ўртайди… Ночор… ноилож ўртанаётганлигининг сабаблари ўзигагина боғлиқ эмас.
“Тўғри-да, ҳамма ҳалол яшаса, ҳамма бир-бирига меҳру оқибатли бўлса, ҳеч ким ёлғон гапирмаса, хушомадгўйлик қилмаса, бозору мозорнинг ҳам, қулфу калитнинг ҳам кераги йўқ, – деб ўйлайди Шоди Шариф, бошини хаёлчан ирғаб. – Одамнинг ўлгиси келмай қолади: дунёси гўзал, дунёси жони жанон.”
Гавжум йўл бўйидаги ошхонанинг кенг йўлаги устига қатор қўйилган бўм-бўш столлардан бирига хомуш яқинлашиб, устахонага рўпара ўтирди. Боя машинанинг куйган чироқларини янгилатди, энди то аккумулятор қайтадан қувватлантирилгунигача яна икки соатдан мўлроқ кутиши керак. Ҳалигина ошнаси уста Пиримбет билан гаплашганида шундай деган. Устахонада ошнаси иккалови гурунглашиб, вақтнинг кулини кўкка совурмоқчи эди. Бўлмади: токка улаб қўйилган аккумуляторлар ичида вижир-вижир қайнаётган кислотанинг ўткир, қўқиндай аччиқ ҳиди бирпасда димоғини куйиштириб, миясини бижғитворди. Кейин келбати паҳлавонларникидай ошнасининг бемаҳал, ихтиёрий якунга маҳкумлигини ўйлаб, раҳми келди… Устахонадан чиққач, бир-бир атрофдаги магазинларни айланган: сайр ҳам саёҳат, саргардонлик ҳам…
Афсуски, магазинларга кирмаса бўлар экан. Қайтага, бетайин нарху навони кўриб, баттар куфури қўзиди: учу бешлик гиламнинг баҳоси фалон пул!.. Бирин-бирин невараларнинг ёши етиб келаяпти. Ҳадемай, уйлантиришлари керак. Битта гиламга чолу кампирнинг бир ойлик нафақаси етмаса-я!.. Қўлда тўқилган жун гилам бўлса ҳам майли эди, қамишсифат бўйрага ўхшаган кўримсиз бир хитойи бало.
Томоқ қириб, ошхонанинг дастёр йигити яқинлашди. Ориққина, паст бўйли. Қўлида қалам, дафтарча. Бугуннинг навқирон ўзбеги: ёқасида қоп-қора, капалакнусха бандак!.. Эгнида калта енгли, оқ кўйлак. Сочлари сарғиштоб. Ёши ўн олти… ўн еттиларида. Лекин, кўзлари!.. Кўзлари бевош… беғам болаликни четлаб ўтган йигитчаларникидек.
– Саломалайкум, дода, – деб, дастёр йигит нима олиб келишни сўради. – Паловми, шашликми, сомсами?
Ҳар учала таомни ҳам Шоди Шариф яхши кўради. Айниқса, паловни!.. Агар палов серсабзи бўлса, устига бир паррак шўртаккина қази ҳамда бир сихгина қўй гўштининг кабобидан қўйилган бўлса. О-о-о! – ана маза-ю мана маза!.. Лекин, айни тобда тушлик маҳали эса-да, очиқаётганлигига қарамай, овқат емайди: овқатдан ўн-ўн беш дақиқа олдин дори ичиши керак. Дорилари эса уйда қолган.
– Майли, бир чойнак қора чой келтира қол, – деди Шоди Шариф, бир камбағалнинг ибратангиз гапини эслаб: қора чой – чарчаганга мадор, чанқаганга – чанқовбости шарбат.
Яхши бўлди: гарчи ошхона ҳувуллаётган эса-да, столни беҳуда банд қилиш ноқулай; энди, ҳар қалай, беминнат – бемалол ўтириб, бетакрор ва лекин, беқадр вақтнинг бошига хотиржам сув қуйиши мумкин.
Ҳаял замон ўтмай, дастёр йигит бир чойнак чой ҳамда иккита пиёла келтирди.
Шоди Шариф чойни шопирмади, танга кўмди қилиб чой қуйди.
Йўлнинг ошхона жойлашган томони кета-кетгунча – то бозор олдидаги ғалағовур майдонга довур, машина таъмирлаш устахонаси. Баъзи усталар мижоз пойлашаяпти, баъзилари эса иш билан машғул.
Бир маҳал, қизил жужунча ҳамда қизил юбка кийган, сўлқиллама, йигирма уч ёшлардаги бўйчангина бир гўзал қизми… жувонми, шоирлар мадҳ этганидек, хиромон айлаб, йўл бўйидан ошхона сари яқинлаша бошлади. Жужунча билан юбканинг ораси қарийб бир қаричдан мўлроқ очиқ. Яп-яланг!.. Жувоннинг хандонпистадай киндикчаси, зардолиранг қорни, мўрчамиён бели: ана – ман, мана – ман, деяётгандай ўз-ўзини кўз-кўзламоқда; ярим яланғоч елкаси узра мавж урган қўнғироқдай сочлари… соч эмас, айни мастонавор фарёду фитнанинг ўзгинаси: қараганни ҳам қаратади, қарамаганни ҳам.
“Ҳе, сани туққан онангга раҳмат-э! – деб, Шоди Шариф чойдан ҳўплади, лабларини ялади. – Санга тарбия берган отангга балли-е!..”
Уста йигитларнинг иш билан банд бўлгани ҳам, мижоз пойлаётгани ҳам беихтиёр жувондан кўзларини узолмай, бари бир муддат бир тану бир жондай тек қотди-қолди.
Ногоҳ, уста йигитлардан бирови ҳаяжонини босолмай, қони миясига урдими, қийқирворди:
– Ҳа-а-айт, окагинанг айлансин-а!..
Ҳали жувон устахонанинг ярмига ҳам етмаган, тағин ундан-да кўпроқ масофани бир-бир босиб ўтиши керак эди. Кўрдики, жунунваш қийқириқлардан боши айланиб, бир-биридан суқли, бир-биридан ўтлуғ назарлар алангасида аъзойи баданининг гурулламоғи тайин. Шарт бурилиб, мана санларга, дегандай янаям таманно билан катта йўлни кесиб ўта бошлади.
“…Ўҳ-ҳў, қиёмат-ку! – Туйқус, ёддан чиқмас, олис бир ҳангомани эсларкан: – …бўлса кераг-э, ўзбек-ку! – деб ўйлади Шоди Шариф, қадим мақоллардан бири ёдига тушиб: бузоқча кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди. – Биё-биё сузгани шу-да! Ҳалиям йигитларимиз яхши-е!..”
Ўша асно, бундан сал кам чорак аср аввал эшитилган қизиқ бир ҳангома қулоқлари остида жаранглаб, бор тафсилоти-ю тасвироти бир-бир кўз ўнгидан ўтаётиб, Шоди Шариф айни кунларнинг йигитларига дил-дилидан қойил қолмоқда эди. Ул ғаройиб ҳангомани эса кимдан эшитгани, не сабабдан эшитгани ҳамон ҳозиргидай ёдида. Лекин ўшал ҳангомада Шоди Шарифга ноаён бир неча жумбоқ бор. Жумбоқ!.. Эҳтимол, шунча йиллардан бери ул ҳангоманинг ёдидан чиқмаётганлигининг сабаби ҳам шундандир.

II

Авжи саратон.
Айни пешин маҳали.
Осмону фалак тин олмай, саховат билан жазирама ҳовур пуркаётганидан бепоён пахтазор узра сароб жимирламоқда.
Тиқ этган товуш анқога шафе. Ҳатто баҳсма-баҳсига чўзиб, нағмасозлик қилгувчи чирилдоқлар ҳам, чигирткалар ҳам нафас ростлаётган палла.
Кўк тоқида бир бургут оҳиста қанот қоқаяпти.
Ҳув ана, пахтазор адоғида, олислардан ям-яшил ўрмондай кўринаётган қалин дарахтлар ортида деворлари, томлари бир-бирига туташган қишлоқ. Ўртада, шарқираб оқаётган катта анҳор ёқасида деворлари оқланган, деразалари баланд-баланд мактаб бор. Мактаб яна ўн кунлардан кейин очилади. Лекин аллақачон муаллимлар иш бошлаворганлар. Бепоён пахтазорни тенг иккига бўлиб ўтган анави баланд сўқмоқдан сочлари қўнғирранг, юзлари лўппи, офатижон кўзлари кўм-кўк, бели бўғма, енгсиз кўйлак кийган, ёқасидан маммалари тошиб чиқаёзган, ўттиз ёшлардаги дўмбоққина жувон ҳар куни эрталаб тўғалари олтинранг, қизғимтир папкасини қўлида соллантириб мактабга ўтади. Айни пешин чоғи яна ўша алфозда, лаб­ларининг устида, пешонасида маржон-маржон тер йилтиллаган кўйи, сўқмоқдан ортига қайтади. Айтишларича, рус тили муаллимаси эмиш.
Сочлари қўнғирранг, тўлқин… тўлқин, оппоқ бадан, дўмбоққина хоним яқинларда пайдо бўлди. Бирор ўн беш кунлардан бери мактабга ўтиб қайтади. Хонимнинг нозик таманно билан бир-бир одим отиб ўтишининг ўзи ажаб бир томоша.
Лекин дара бўрисиз, ўрмон айиқсиз бўлмас, деганларидек, кимсасиз пахтазорнинг ҳам ўз эгаси бор.
Ана, сўқмоқдан чап томонда, ўттиз қадамларча нарида, пахтазордан бирор икки газлар баландроқ, кенг-мўл чел ўртасида якка гужум. Кўкка бўй чўзган ҳайбатли гужумнинг сербутоқ, тарвақайлаган шохлари атрофга қалин соя тўшаган. Барглари раъно гулининг япроғидай чиройли, қуюқ. Ўзидан кечаю кундуз, айниқса, намозшомдан кейин салқин эпкин таратади. Салқинда, титиғи чиқаёзган палос устига ёйилган кўрпачада Асад қаро ёстиққа ёнбошлаб, ўлжасини пойлаётган шердай кўзлари ёниб, интиқиб ётибди.
Асад қаро – ушбу ўн гектарлик пахтазорнинг сувчиси, мўйлави ўзига ярашган, ғўлабирдай йигит, айни қирчиллама ёшида, мушаклари, пайлари бўртиб-бўртиб чиққан; кўзлари қарочақмоқдай… Эгнида енглари узуқ, кўкимтир кўйлак. Елка тарафи тернинг шўридан оқарган. Бошида куворитозларникидай қийиқча. Иштонбоғининг пўпаги шокиладай осилган. Оёқяланг. Қишин-ёзин қуёш тиғида Ёрмат яланғочдай тер тўкаверганиданми, аъзойи бадани қўнғиртоб. Унинг қаролиги шундан.
Айни кунларда баравж шоналаб, қийғос гуллаётган, ғуж-ғуж кўраклари бодроқдай потраб очилаётган ҳар бир туп ғўза учун бир ҳовуч сув – бир қучоқ пахта. Асад қаро кечаю кундуз ғўзаларга заҳалатиб сув тарайди. Ҳафталаб бирров уйига боролмайди. Бормоғининг сираям иложи-имкони йўқ: пайт пойлаётган қўшни сувчилар дарров сувни тўғондан буриб кетишлари ё пайкалларни сув босиши ҳеч гап эмас. Ҳар куни икки маҳал: эрта тонг чоғи ҳамда намозгар пайти тўнғичи эшагини йўрғалатиб, егулик олиб келади. Боя шаманда паловдан қорнини тўйғазвоган. Косага муштдай новвотни солиб, устидан қора қумғонда қайнаган чойдан тўлатиб қуйиб қўйди. Энди… бетоқат кутаяпти. Юрак жонивор эса бот-бот дукурлаб қўяди. Олислардан кумушранг пардадай жимирлаётган сароб узра ям-яшил ўрмон янглиғ кўринаётган қишлоқ тарафдан кўзларини узолмайди: фикру хаёли Хонимда!.. Ҳадемай, қишлоқ оралаган пастликдаги тошлоқ йўлдан пахтазор сари кўтарилаётиб, Хоним тонг қуёшидай яшнаб, бор бўйи билан кўриниши керак.
Кеча… куни кеча, айни шунақа пайтда зўр бўлди. Жуда!.. Йўқ, аввал бирор ўн кунча шайтонига ҳай бериб, гоҳ узоқдан, гоҳо яқиндан роса кўзларини кўниктирволди: камбағалнинг кўрганиям давлати ахир. Лекин, барибир, жисму жонини ишқолон печакдай чирмаётган оташин бир истак баттар авж олса олдики, сира сусаймади… Кейин, секин-секин Хонимга яқинлаша бошлади.
Вуй… қудратингдан-эй, жудаям бошқача-е!.. Здраствуйте, дейди. Жилмаяди. Ўзининг тилида, майин оҳангда куйлаётгандай бўлади: хирмонга барака, деса керак-да!.. Асад қаро эса бирдан беадад истакданми, ҳаёданми, қизиб-қизариб, спасиба, дейди. Спасиба!.. Уялади. Асли ўзи уятчан. Лекин… Хонимнинг кўзлари… О, худди юлдузнинг ўзими дейсиз!.. Шунақаям жилмайиб термиладики, айни бағрига чорлаётгандай туюлаверади.
Ахийри бўлмади: кеча ёниб кетди-е!..
Пахтазорни тенг иккига бўлиб ўтган сербар сўқмоқ манави намчил ўқариққа туташади. Ўқариқнинг у ёғи ҳам кета-кетгунча – то юлғунли мозористонга етгунга довур пахтазор. Ўқариқнинг устига энсизгина кўприкча қурилган.
Кеча… айни шундай сокин, атроф-теварак кимсасиз дақиқаларда… еру кўкда Асад қарони кўролмай, дабдурустдан қаёқларга ғойиб бўлганлигини билолмай, таажжубданми, таассуфданми, бир муддат Хоним танг қотиб, кўприкчанинг рўпарасида бехуд тўхтади: қани, қаерда у – “мой богатир?”
Худди ана ўша пайтда Асад қаро кўприкча остидан отилиб чиқиб, кўзлари қарочақмоқдай чақнаб, аллатовур қутқули кулимсиради: мана ман!
Беихтиёр Хоним ортига тисариларкан, янаям майин, янаям сирлироқ жил­маймоқчи бўлди. Лекин эплолмади. Алланечук хавотирданми, кўзлари бошқача чақнаб, аста сўлим лаблари титранди: “Ай, боженька!..”
Ўша аснода, Асад қаро Хонимни даст кўтариб, зувиллаб ўқариққа тушди. Бир зумда гужум остига етиб, Хонимни ерга қўйди-ю, шартта баланд дўнглик устидан кўрпани тортди: бечорагинанинг кўйлаги оппоқ; устига-устак, ариқча намчил ахир… Аввал эгнидан кўйлак-пўйлагини шилиб олдими ёки ётқизганидан кейин ечдими, эслаёлмайди. Аниқ ёдида қолгани шуки, ё пирай, иштончаси йўқ… йўқ экан.
Хоним эса, маҳкам бўйнидан қучиб, ҳаяжон оташида ловуллаётган юзларини дам у, дам бу бетига босган кўйи, энтикиб-энтикиб шивирлайди: ой, Боже! Ой, Боже!.. Ти – мой багатир. Настояший багатир!.. Што нибуд гавари. Хотяби в уши шепчи: радаст мая!.. Ну, гавари же?!.
…ҳай, содда-я! Ҳай, соддагина-я!.. Аврашни билмаган саҳройи хушомадни қаёқдан билсин.
Кейин…
…О, кўрмаганнинг кўргани қурсин экан!.. Сулайиб қолибди. Бир пайт, ялт кўзларини очса, аср намози маҳали – еру кўк баравар нафас қайтараяпти… Бир ўзи. Ётибди. Шотайлоқ… Таажжубланди: кўйлагини ечмовди-ку!.. Кейин, ўша аснода, ҳали-замон ўғлининг келиб қолари хаёлидан кечиб, шатир-шутур кийинди. Турди. Шартта кўрпачанинг бир парча жойини қумғондан илиқ сув қуйиб, ювди. Намини шимисин, деб, қалин қилиб қум сепди… Сўнг, ўқариқдан чиқмай, илдам Тегирмонариққа бориб, бўғзигача чўмиб, кўзларини юмиб ётди: маза!..
Бугун, эрталаб чоғи лоларанг кўйлакда Хоним гулхандай ловуллаб ишга ўтган.
…Аёллар бало: эркакларнинг кўзиниям, кўнглиниям ёндиришни билади!..
Вақт пешинга яқинлашаяпти. Аллақачон кўриниши керак эди. Лекин, негадир, бугун… кечикаяпти. Ё шундай туюлаяптимикан-а?.. Йўқ, ана!.. Хайрият-э!.. Ҳозир туради. Худди кечагидай… Йўқ, бугун аввалдан ўқариқнинг ичига тўшакни тўшаб қўяди. Кейин, Хоним кўприкчага яқинлашаётганида, кулиб-жилмайиб рўпара бўлади-ю, яна лом-мим демай, худди кечагидай қучоққинасига босиб, яна…
…вуй, юрак жониворнинг дукурлашини-ей!..
Ниҳоят, ўқариқнинг ичида тўшак ҳозирлаб қўйгани Асад қаро секин ўрнидан турди.

III

Орадан кўп ўтмай, ўқиш бошланиб кетди.
Мактабдан ётоқхона берган бўлсалар керак, қайтиб Хоним бу томонларга йўламай қўйди.
Сал кейинроқ аёлу эркак, ёшу қари ёппасига пахта теришга тушди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганлари рост экан. Баъзан, гарчи ваъдалашмаган бўлсалар ҳам, Асад қаро пешин чоғи қаерда бўлмасин, олис далаларни оралаб, ҳаяжонланиб, ҳеч кимга билдирмай, ўн гектарлик пахтазорга елиб боради. Яккагужум тагида ширин, шайдойи хаёллар оғушида орзиқиб, бетоқат кутади.
…келиб қолармикан-а?.. Яна бир мартагина… Бир мартагина-я!.. Яхши кўриб қолдимми-ё?.. Қисталоқ, муҳаббат деганлари шуми-ё?..
Ҳали-ҳозирча кўрпа-тўшакларини олиб кетгани йўқ. Ана, ўраб-чирмаб, гужумнинг шохига осиб қўйибди: ноумид – шайтон.
Кейинчалик – мавсум охирроғига яқин, Асад қаро Хонимнинг бир қадар аламли, бир қадар армонзада гинасини гоҳо ўзбекчадаям: ҳаво биғам со-ву-у-уқ, деб гапиргувчи франсуз тили муаллимаси, кайвонифеъл опайдан эшитиб қолди: да, он – багатир. Настояший!.. Ах-х, хотя би один раз… всего один разочек спрашивал бы: как меня завут!..
Буни эшитиб, ўшанда Асад қаро лов қизарган-у, кўксидан бир хўрсиниқ тошиб чиқиб, хомуш… ғамгин кулиб қўйган.

IV

Ногоҳ, мижоз пойлаётган ўн чоғли уста даврасида тўполон чиқди: жангари хўрозчалардай икки йигит бир-бирига отилиб, бири-бирига тасира-тусур мушт тушира бошлади. На униси, на буниси ўлар-йитарига қараётгани йўқ.
Беихтиёр Шоди Шариф ирғиб ўрнидан турди. Лекин, негадир, ўша заҳоти шашти сусайди, фикридан қайтди: оралиқ масофа кам эмас, қирқ қадамлардан кўпроқ. То етиб боргунига довур, йигитчалар бир-бирини алвон қонига бўяри аниқ. Улгуролмайди. Кейин, қайтага, ўзи мулзам бўлиши ё нохос калтак ейиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бошидан ўтган… Билади.
…нега, нима учун уларни айирмаяптилар? Нима бу – текин томоша хуружими? Ҳай, одамзот-а!..
Ана, йигитчаларнинг қирриқроғи кучи етмаслигини билдими, учиб бориб, деворга осиғлиқ ускуналар орасидан бир қулочдан сал калтароқ, ўқловдан йўғон бир темирни қўлига олдию шитоб боши узра кўтарди.
…тамом: қай еридан тегсаям синдиради! Шундай қилиб, туппа-тузук иккала йигитча ҳам си…на…ди. – Бирдан тишлари ғижирлаб, Шоди Шариф тек қотган кўйи, тавалло қилди. – Ҳай, Қирриқвой, эсингни йиғ, балам, жувонмарг бўп кетасан-а?!.
Хайрият, шартта икки забардаст уста орага тушиб, унисини у ёққа, бунисини бу ёққа кўтариб кетди: тенгсиз олишув, беомон жанг талофатсиз тугади.
Шоди Шариф жойига чўкди. Енгил хўрсиниб, чойдан ҳўплади.
Боягина йўлни тўлдириб, бир-бир таманно билан одим отиб ўтган қизил жужунчали қиз аллақачон барининг, ҳатто, Шоди Шарифнинг ҳам хаёлидан кўтарилган эди.
…шаҳар – чатоқ. Шаҳар – шафқатсиз! – деб, ўйлади Шоди Шариф, бундан уч-тўрт йиллар аввал ихтиёрсиз равишда ўзи иштирокчиси бўлган бир даҳшатангиз воқеани эслаб. – Арзимаган баҳонайи сабаб куйиб кетиш мумкин… мумкин экан… Ўшанда Ўзи бир асради.

V

Кеч кузак кунлари.
Хуфтон маҳали.
Ҳаво аёз.
Севалаб ёмғир ёғаётгани боис, тобора қоронғилик қуюқлашаётир.
Ёмғир ёғаётганигами ё ёмғирдан йўл қорайгани учунми, машина чироғининг нурлари қоронғилик қаърига сингиб, йўлни хира ёритмоқда. Йўлакда шошиб бораётган, ёмғирпўш кийган йўловчилар дафъатан кўзга аллатовур хаёлий рўёдай кўринадилар. Ёмғирда шумшайган, хира чироқлар оғушида жунжикаётган шаҳар ҳам гўё эртаклардаги рўёлар салтанатига ўхшайди.
Шоди Шариф машинасини секин ғизиллатаётган эди. Йўл серқатнов. Олдинда машиналар турнақатор тизилган. Орқада ҳам шундай. Ора-чора елиб ўтаётган машиналар ғилдирагидан сачраган кўлмак суви бир зумда олд ойнани лойқа чаплагандай қилади.
Гавжум бекатдан хиёл ўтганидан сўнг, ногоҳ кета-кетгунча йўлнинг ўртасига қўйилган пастак бетон тўсиқ ёнида нимадир қорайиб кўрингани ҳамоно, беихтиёр Шоди Шариф янаям тезликни сусайтирди. Яқинлашаётиб, ўтиб кетмоқчиям бўлди. Лекин, ҳалиги қорайиб кўринаётган нимадирнинг одам эканлигини билиб, йўл қоидасини бузаётганлигини билса-да, таққа машинасини тўхтатди.
…бирор машина уриб кетгандир. Йўл чеккасига чиқариш керак.
Шоди Шариф машинадан тушди. Совуқ. Майда-майда ёмғир томчилари юзларига, бўйнига муздай санчилмоқда. Жунжикиб, аста яқинлашди. Энгашиб қаради: ёши эллик­ларидан ўтган бир ўрис киши. Соқоллари Асвенсум концлагерининг маҳбуслариникидай ўскин. Юзлари, сочлари увада, кийимлари шалаббо. Сал нарида шапкаси увиб ётибди. Ярим юмиқ кўзлари касалманд қўйнинг кўзларидай совуқ ялтирайди. Мастми ё… юрак касали хуружидан чўзала тушиб ётибдими, билолмади. Қўлингиздан тутиб турғазсам, ўзингиз юроласизми, деган эди, рус нимадир деб ғўлдиради… Шартта жўнаворгиси келди. Бироқ, ундай қилолмади. Бир муддат совуқда, севалаб ёғаётган ёмғир остида ҳардамхаёлланиб турди. Кейин йўл бўшаганидан сўнг, илдам йўлак томонга ўтди. Сузанғоч буқачадай хиёл бошларини хам қилган кўйи, рўпарадан шитоб келаётган талабасифат, йигирма ёшлардаги икки йигитга дадил юзма-юз бўлиб, муддаосини тушунтирди. Йигитларнинг бўлдамлироғи умуман парво қилмади, ҳатто, Шоди Шарифга қиё ҳам боқмади. Иккинчиси эса, жиннига қарагандай бир қараб, яна ўша алфоз йўлида давом этаверди. Салдан сўнг мардикорнамо биров секин яқинлаша бошлади. Шоди Шариф тавозе билан қў­лини кўксига босиб, унинг йўлини тўсди:
– Ука, илтимос, – деди салом бериб. – Манави ерда биров йиқилиб ётибди. Кўмаклашворинг, йўл чеккасига чиқариб қўяйлик?
Мардикорнинг ёши, чамаси, қирқларига етган эди. Индамай йўлни кесиб ўтди.
…ўзимизнинг қишлоқи мўминлардан-да! – деб ўйлади Шоди Шариф. – Одамгарчиликни тушунади.
Кейин ўликдай оғир ўрисни йўл чеккасига чиқариб, тақир ерга, севалаб ёғаётган ёмғир остига ётқизганларидан сўнг, Мардикор ўрисга ишора қилиб:
– Уни ўзингиз машинангизда урворган бўлсангиз-чи? – деди, нохос Шоди Шарифнинг елкасидан қамчи тортгандай совуқ, дўриллаган овозда. – Тўғрими?
Бирдан юраги шув этиб, Шоди Шариф:
– Мусулмонсиз-ку, Худодан қўрқинг-э! – деди. – Агар ман бу одамни урворган бўлсам, у ер-бу ери қонаган бўлмасмиди?
…хайриятки, қон-пон йўқ.
Мани алдаёлмайсан, дегандек, Мардикор:
– Битта ароққа пул чўзинг! – деди. Худди чўзмасангиз, ҳозироқ мелисани чақириб келаман, дегандек.
…битта арақ?.. Сал кам ўн литрча бензиннинг пули. Чўзинг, деяптими?.. Битлиқи!
– Инсоф қилинг-э, бу одам манга ҳеч ким бўлмайди-ку!
– Майли-да!..
Шоди Шариф билдики, пачакилашишнинг фойдаси йўқ. Унга барибир: бегона тугул, бошқа бир биродарини тириклайин кўмдирворсангиз ҳам майли – ҳақини берсангиз бўлгани… Ноилож, тутақиб-тўнғиллаб, битта беш юзликни узатди.
Мардикор, пулни олишга шошилмай:
– Яна битта қўшинг? – деди.
Шоди Шариф жаҳл билан пулни Мардикорнинг қўлига тутқазганидан сўнг, шитоб ортига қайтиб, кескин машинани жойидан қўзғаркан, барибир, жудаям тўғри иш қилганлигига ўзини ишонтиргиси келди.
…ўн литр бензиннинг пули куйиб кетганлиги майли, невараларнинг бош-кўзидан садақа. Ҳар не бўлгандаям, муқаррар фалокатдан бировни… Борди-ю, аллақачон фожиа рўй берган бўлса-чи?!. – Ногоҳ рўй бериши мумкин бўлган бошқа бир даҳшатангиз манзара кўз ўнгидан ўтаркан, беихтиёр Шоди Шарифнинг жисму жони жимирлаб кетди. – Агар ўша тобда аллақайси гўрдан бир миршаб пайдо бўлиб, Мардикорнинг тилидан ҳалиги гапни эшита қолса!..
Бироқ, барибир Шоди Шариф ўшанда кўнгил амрига бўйсуниб, жуда тўғри иш қилганлигига ҳамон қайсарларча ўзини ишонтиргиси келади. Ва биладики, айни кунларда ҳам ўшанақа ҳолатга дуч кела қолса, ҳеч иккиланмай, шартта машинасидан тушади-ю, ёрдамга муҳтож бечорани юклаб, шитоб касалхонага жўнайди.
…шу кунларда-я!?. Тобора турфа таъмаю манфаатлар қадриятларни қуртдай емираётган, тобора ўктам ақллар бир-бири билан беомон ёвлашаётган шу кунларда-я!?. Албатта-да, одам ўз-ўзини алдаёлмайди-ку! Жон билан бирга кирган феълу мизож ўлганда чиқар. Замонасозлик – риёкорнинг иши, муттаҳамнинг аъмоли.

VI

Пиримбет ошнаси устахонадан чиқиб, секин, ҳорғин одим отиб, ошхона томонга яқинлаша бошлади.
…бечора, – деб ўйлади Шоди Шариф, узоқдан ошнасига син солиб. – Худди дунё ғуссасини елкасига ортмоқлавоган ғуссақулдай карахт-эй! Қирқига чиқмагандир. Лекин… эллигидан ўтганга ўхшайди.
Ошнаси рўпарасига келиб ўтирди. Ҳали аккумулятор тайёр бўлмаганлигини, яна бирор соат кутиши кераклигини айтди. Ўша аснода, дастёр йигитга палов буюрди.
Хиёлдан сўнг дастёр йигит пиёладан сал каттароқ косачада, – бунақасини кундуз куни чироқ ёқиб қидирсангиз ҳам тополмайсиз. Лекин, қисталақлар то­падилар-эй! – палов ҳамда бир тақсимча аччиқ-чучук, яримта нонни столга қўйди.
Пиримбет шартта нонни икки бўлак қилиб, бир бўлагидан каттароқ тишлагач, – нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма! – косани ўзига яқинроқ тортди, қошиқни тўлдириб, оғзини катта очди.
Суқини туширмасликни ўйлаб, Шоди Шариф назарини четга бурди. Иккинчи пиёлага тўлатиброқ чой қуйиб, ошнаси томонга суриб қўйди.
…қўлда олса, косачадаги палов, жуда кўпи билан, икки-уч чўқим чиқар. Қурсоғига урвоқ ҳам бўлмайди-ку!
Бирпасда палов тугади. Бир бурда нон билан ошнаси косадаги ёғ юқини сийириб, оғзига солди. Бир кўтаришда чойни сипқориб, пиёлани чойнакка яқин қўйди: қуйинг!
Шоди Шариф пиёлага чой қуяётиб:
– Оролга сув кираяптими? – деди.
– Йўқ! – деди Пиримбет, кескинроқ оҳангда. – Кам!.. Кимда ким Оролга сув кираётир, деса, ишонманг. Ёлғон!.. Ёлғон сўллийди. Орол қуриётир.
– Оролда балиқ борми?
– Бор, – деди Пиримбет. – Бор!..
Орол балиғининг таъми жуда шўрлигини тахмин қилиб, Шоди Шариф:
– Мазалими? – деди.
– Дим мазали! – деди Пиримбет. – Туз сепмий, хомлай есангизам бўлаваради. Тузсиз қавурсангиз ҳам… Дим мазали. Бир тўйиб есангиз, кун бўйи сув ичиб, узун-узун гакириб юраварасиз.
…Сувиям шўр-шарава бўлса керак-да!
Пиримбет чойни ичиб, пиёлани нари сурди. Соатига қаради. Сўнг, бир ерда дим зарур иши бор­лигини, устахонада жияни қолаётганлигини, жиянига тайинлаб қўйганлигини айтиб:
– Ман тураман, – деди. – Хизмат ҳақини бераверинг?
– Қанча?
– Олти минг.
Гарчи ошнаси аста, бепарво айтган бўлса ҳам, бирдан Шоди Шарифнинг қулоқлари шанғиллаб кетди:
– Э!.. – деди. – Икки минг эди-ку?!
– Ўтган йилнинг охирроғида шундай эди, – деди Пиримбет. – Янги йилдан берли икки-уч марта нарх ошди-ку! Хаварингиз бор, кун сайин дўллир кўтарилиб бораётир.
– Беш минг, – деди Шоди Шариф. – Пиримбет, беш минг, жўра?..
Бир зум жим қолиб, Пиримбет:
– Яхши, – деди. – Сиз – пастаянний клиентимсиз. Ман рози.
Шоди Шариф беш мингни санаб, столга қўйди.
Пиримбет пулни олаётиб, дастёр йигитга ишора қилди: бу ёна гал!
Дастёр йигит столдан сал нарида қўл қовуштириб:
– Икки мингу икки юз сўм, – деди.
…Ў, бунча! – деб, ўйлади Шоди Шариф, беихтиёр. – Бозорда бир кило яхши Хоразм гуручининг баҳоси – минг сўм. Бир кило гуручни булар камида ўн косача… Бировнинг чўнтагидагини аҳмоқ санар эмиш. Санга нима!.. Қандини урсин. Замоннинг зайли шу: от – минганники…
Шоди Шариф ошнаси билан хайрлашганидан сўнг, негадир зерика бошлади. Атрофга, йўлдан ўтиб бораётганларга, ҳув анави магазин олдида осиб қўйилган – қиммат-қирон! – гиламларга, чалақурсоқ бўлволиб, энди тобора ғуссақулдай узоқлашиб бораётган ошнасига, сал нарида чала ташлаб қўйилган темир-бетон иморатга, сокин шовуллаётган ям-яшил дарахтзорга хаёлчан кўз югуртираётиб: “Ҳаёт – яхши. Ҳаёт – гўзал. Гўзал-э!..” – деб, умидбахш, қувончбахш ўйлар сургиси келди. Лекин, негадир, ичида аччиқ кулиб, кўчага отланаётганида уйдан бирор китобми, журналними қўлтиғига қисиб чиқмаганига пушаймон бўлди. Йўқ, аслида ўқиётган китобини олиб чиқмоқчи эди. Бироқ, кўнглида ўзи ҳурмат қилиб юрган бир туппа-тузук муаллифнинг урушни ёқлаб ёзгани ёқмади. Сира!.. Беихтиёр таассуфдан ёқасини ушлаб ўқиган жумлалари, мана, айни кезда ҳам сўзма-сўз ёдида: “Все время войны и горя я стоял за войной до победного конца. И никакие жертвы не пугали меня”.
…Ў, Ницше бўп кет-э! – деб ўйлади Шоди Шариф, айни жумлаларни ўқиётган пайтидаги каби ҳам таажжуб, ҳам таассуфни яна қайтадан шууридами, кўнглидами ҳис этиб. – Ўзи-ку, шундоқ ҳам, дунёси туф деган тупукка арзимаса, бандаси не учун келганию не учун кетиб бораётганлигини билолмаса!.. Уруш баҳона милён-милён қурбон бермоқдан не маъни! Эмишки, миллат тозарармиш, миллат ёшарармиш… Йўқ… йўқ… йўқ!.. Ё уруш баҳона майиб-мажруҳлар, боқимандалар, текинхўрлар ёппасига қирилиб кетишини назарда тутишармикан-а?.. Уларга қўшилиб аллақанча соғлом кучларнинг нес-нобуд бўлиши-чи?.. Йўқ… йўқ!..
Шоди Шариф ҳар қандай урушга қарши. У ҳақда ўқиш тугул, ҳатто, эшитишни ҳам истамайди. Анави муаллиф ёзган урушдан чорак аср кейин­роқ бошланган иккинчи жаҳон урушида тоғасидан, амакисидан айрилган. Раҳматли онагинаси то сўнгги нафасларига довур шаҳид кетган акаларини бот-бот қўмсаб, ярадор жонивордай чингсиб ўтдилар.
…Тавба, урушмиш-а!.. Тожу тахт эгалари – юҳолар, қурол-аслаҳа хўжайинлари урушнинг касофатидан бойлигини орттиришар. Лекин, туппа-тузук ақл эгасининг урушни ёқлаши…
Хаёлпаришонлик билан Шоди Шариф соатига қаради: мана, ниҳоят, тағин ўн беш дақиқалардан сўнг, айтилган вақт ҳам тугайди. Шундай қилиб, – қўзичоқни ўрмонда, еб қўйибди бўри шарманда! – азиз умрнинг қарийб ярим куни яна куйиб кетди.
…Ола-а, азизмиш-а!.. Қисталақ муаллиф ҳам ҳақ шекилли!.. Бунақаси кетмайди… Кетмайди. Кўнгил учун бирор эрмак топиш керак. Китобхонлик – қорни тўқ, усти бут, ғуссадан йироқ Тўравойнинг эрмаги. Ер ҳам, кўк ҳам миннатдор бўладиган бир фойдали эрмак топиш… Топаман… топаман… то… па… ман – нам… ап… от.
Шоди Шариф битта юз сўмликни чойнакнинг остига қўйиб, ўрнидан турди. Ва секин ховос устахона сари кета бошлади.
Ҳали уч-тўрт қадам юришга улгурмаган ҳам эдики, ортидан дастёр йигитнинг аллатовур титроқ овози эшитилди:
– Дода-а?!.
…момангни кўрмаганман-ку, бўтам. Бунча?!. Худди елкасидан қамчи егандай чинқирайди-я! Пулни кўрмади чоғи…
Шоди Шариф ортига ўгирилди. Чимирилди: нима дейсан?
– Яна юз сўм!.. – деди дастёр йигит. – Чой бизда икки юз…
…ё Худо! Олмадай бир чойнакчанинг чойи – сал кам бир яримта бўлканинг пулига тенг. Бу қанақаси – қани мантиқ, қани маъни!? Ҳўй, нодон, бемаъни ҳаётдан маъни излашнинг ўзи бемаъниликдир. Қачон эс киради сан саҳройига – ўлганингдами?
Шоди Шариф индамай, яна битта юз сўмликни узатиб, тағин бояги алфоз йўлида давом этди.
…бу дунёда мен бир йўловчи, шодон менга қўл силки, эркам. Худди шундай тинч эркаловчи зиё тўкар куз фасли ой ҳам. Бу дунёда мен бир йўловчи… Ҳар қанча чиранмасин, бандасининг шундан бошқасига қилар даъвоси – охир-оқибат беҳуда шекилли.

VII

Пиримбетнинг жияни ориққина, бўйчан, ёши ўн саккизларда, малласоч, кўзлари қўнғирранг йигитча экан.
Салом-аликдан сўнг Шоди Шариф устахонага кирмай, эшик ёнидаги уринганроқ курсига омонат чўнқайиб, жияннинг отини сўради.
– Шер! – деди жиян.
– Шералимисан?
– Шеримбет.
– А-а!.. – деди Шоди Шариф, тушунарли дегандек, қошларини бир кериб. – Яхши… Шер!..
Аккумуляторнинг тўла-тўкис қувват олишига ҳали яна ўн беш дақиқадан кўпроқ вақт бор экан. Ёдда қоладиган бирор янги гап эшитиш илинжида Шоди Шариф Шерни – Шеримбетни суҳбатга тортди.
…Қадимгилар айтганларки, гапдан – гап чиқар; бекор ўйлаганча, бекор тингла.
Шеримбет Пиримбетнинг опасига иккинчи ўғил экан. Бир акаси, бир опаси ҳамда бир синглиси бор эмиш. Опаси эрга чиққан. Лекин, оиланинг тўнғичи бўлса-да, ҳали акаси уйланмаган.
Қорақалпоқ томонларда қиз узатиш осон. Борса-Келмас деган юрт ҳам ўша тарафларда. У ёқларда ўғил уйлантириш… қийин, ҳаддан жафо қийин: куёв томон келин бўлмиш қиз томонга олтиндан зару зевар – бўйнига занжир, – йўғонроғидан! Қулоғига сирға, бармоғига қўша узук, – оғирроғидан! Харид қилинганларидан ташқари, йилнинг тўрт фаслига мослаб қўша-қўша кийим-кечак, аллақанча этикчаю кавушчалар олиши керак. Бир совлиғу бир қўчқор, тағин бир сигиру бир бузоқ келинга атаб тортиқ қилиниши шарт. Албатта, қалин пулиси никоҳ ўқилишидан аввал нақд берилади: аллақанча милён. Камида!.. Милён сўм деганингиз йиллаб боғлиқда боқилган филдай бир ҳўкизнинг пули, тағин ҳимматингизга ҳавола, кўпроқ бўлса, янаям яхши – обрўйингиз. Ҳа, келин бўлмиш ҳурилиқонинг ота-онасига, яъни – қайнотаю қайнонага бош-оёқ сарпо!.. Шуниси ҳам борки, етти уруғ-аймоқ ёғилиб-ёпирилиб келадиган, камида ўн-ўн беш яшик ароқ-шароб ҳавасакка ичиладиган никоҳ тўйининг барча сарфу харажатлари бу ҳисобга кирмайди.
…уйланмоқчимисиз – марҳамат, қаро терга ботиб, жавлон уринг… Лекин буларнинг бари эски гаплар-да!
Янги дейишга арзийдигани шуки, уйланмоғи учун акаси пул ишлагани Украинага – Дон дарёси бўйларига – қарийб ўн минг чақирим йироқларга улоқиб кетган эмиш. Ой сайин опасига, – уларда онани опа дейдилар, – икки юз, баъзан икки юзу эллик дўллир жўнатиб турар экан.
…икки юз дўллир – бизнинг сўмда… Ўҳ-ҳў!.. Яхши… жудаям!.. Лекин нима учун отасига эмас-у, опасига жўнатади? Бу ерда бир гап бор. Бор.
Шеримбетнинг ўзи баҳор кунларидан то эрта қиш кунларигача Чимкентда– йўл қурилишида йўлчивойлик қилар экан.
– Шимкент бир қадам яқин, ҳам яхши, дейди. – Ўн минг чақирим олисдаги бегона, бепоён Дон дарёси бўйларида ҳам кун кўрмоқнинг, ҳам уйга узлуксиз пул жўнатиб турмоқнинг ўзи бўларканми!.. Бу-де бир қаҳраманлиқ, – дейди.
Лекин, нима учундир, ўша ёқлар акасига ёқиб қолган эмиш. Опаси эса бундан ёмон хавотирда: шам-ширағим ўше яқлерде бир хахўлға уйлениб, гадой тапмес юртлерде қалиб кетеми!? Пайманам тўлиб, куним битгенде, совуқ дийдаримни кўриб, табутимни кўтармак несиб этеме?..
– Аммо, ҳар жиҳатдан Шимкент қулай, – дейди. – Минг қилсеям ўзингизнинг мусулманингиз. Қозоқша суйлеб, мусулмонша қуллуқ қилиб турсенгиз, ютқазмейсиз, оғай… Ҳар ойда меҳнат ҳақига уч минг танга есть!..
Қаранг-а, ётоқхона текин эмиш. Мунтазам опасига икки минг тангадан кўпроқ жўнатиб турар экан.
…ий-е, нега буям опасига жўнатади, отасига эмас? Нима бало, ҳалиям буларда матриархатми-ё?!
– Отанг нима иш қилади?
– Акам йўқ менинг! – деди Шеримбет. Уларда онани опа, отани ака дейилар. – Қартайиб ўлиб кетген. Икки-уш йил бўла гелди.
– Отанг неча ёшида ўтган?
– Олтмисин-де!
…ё навзамбиллоҳ!.. – Бирдан Шоди Шарифнинг дил кўзи ярқ этди. – Бунча?!..
– Опанг неча ёшида?
– У-де қартайған, – деди Шеримбет. – Алли бесинде.
…ё тавба, элик беш ёш ҳам қарилик ҳисобланса?!..
Шеримбетнинг айтишига қараганда, пашти овулларида ишимлик сув жўқ. Суви тинитиб ичилармиш.
…шўр-да!..
Отаси тўрт-беш йил буйраги оғриб, бору йўқ молу ҳолни дорига, касалхона харажатларига совурибди-совурибди-да, барибир ўлиб кетибди. Энди опасидаям шунақа оғриқ хуруж қилаётган эмиш.
– Нима учун овулингда, опангни ёнида ишламайсан?
– Ис йўқ-ку! – деди Шеримбет. – Исни топгенинг билен, фермер ойликни икки-уш ой ўткезиб бере.
– Ойлиги яхшими?
– Ис йўқ дедим-қу! Исни ўзинг топувинг керек, – деди Шеримбет, яна қорақалпоқчасига ҳамсуҳбатини сансираб. – Ойлиғи қириқ минг… Ну, сал кўпрак бўлуви мумкин. Уни-де кешиктириб бере. Шунинг ушун аёллерде шиғиб гетаётир, олис ёқларға юмус излеб.
– Шу ерда дойинг билан бирга ишласанг бўлмайдими?
Хоразм, Қорақалпоқ томонларда дойи деб тоғани айтадилар.
…демак, доҳий дегани дойидан олинган экан-да!..
Жон-жон деб ишларкан-у, лекин, ёз ойлари тоғасининг ёнида иш жуда кам бўлар эмиш. Ёзда аккумулятор кўп бузилмайди, дейди. Қишда у томонларда қаттиқ совуқ бошланиб, йўл ишлари камайган паллада тоғасининг ёнига қайтади. Ана ўшанда – қаҳратон қиш кунларида, тоғасининг устахонасида аккумуляторлар қалашиб ётади; иссиққина устахонада қўли-қўлига тегмай ишлайди; пули кўп, жуда кўп бўлади.
Навбатдаги беражак саволи бир қадар қўрсдай туюлиши эҳтимолини англаётган эса-да, барибир, яна бирор янги гап эшитиш умидида Шоди Шариф:
– Шер, тўғрисини айт! – деди. – Ҳаётингдан шодмисан?
Шеримбет, йигитчасига мағрур, мамнун ишшайиб:
– Канешна! – деди. – А как же?! – Лекин, чиндан ҳам деганича бор: оёғида, – қўлингга гул битгур хитой шилдирларининг! – “Адидас” фасонига ўхшатиб бутлаган кедаси; эгнида ҳам ўшаларнинг тиккан тўрт чўнтакли жинси шими ҳамда қўша киссали, пагонли жинси кўйлаги; билагида зобитларникидақа ясама соат; камарида сўнгги русумдаги қўл телефони; албатта, қўйнида бели букланмаган даста-даста гулқоғози ҳам бўлиши керак. Бўйдоқ йигитга шу-да!.. – Уже еките профессиям бор: атменний дарожник, суппер аккумуляторшик! Дунё кезаётирман: Қорақалпоқ… Тас­кент… Шимкент. Бизнинг атес есе, овулдан шиғмей, қаро зеҳметдан бошқасини билмей, апамдан бошқасини кўрмей-нетмей, ўтди-гетди.
Шеримбетнинг ниятлари бир-биридан яхши: тезроқ ўзларининг овулларидан оғасини уйлантиришда опасига кўмаклашмоқчи. Кейин, опасини даволатганларидан сўнг, пулини йиғиб-йиғнаб, дойисидай Тошканнинг гавжум гузаридан бир устахона очишни мўлжаллаган. Энди овулга қайтиш йўқ. Опасини кўчириб келади. Битта учқур иномарканинг зўридан минишни режалаб қўйибди. То ўшангача, ўттизига чиқса ҳам, уйланмоқчи эмас. Ахир, у ўзини беҳуда Шер атаётгани йўқ.
…илоё, тезроқ… тезроқ ниятингга ет, Шер! Бахтларингизга опагинангнинг боши омон бўлсин, Шер!..
– Ина, акумляторингиз тайёр, оғай! – деди Шеримбет, қувват ўлчагич найчани бир-бир аккумуляторнинг туйнукчаларига тиқиб. – Гўрдингиз-а?.. Энди то қишгача ҳаз этиб минасиз.
Шоди Шариф, ростиси, айни чоғда аккумулятори кўнглидагидай қувватлан­тирилганидан ҳам кўра, кўнглида ғайрати мавж урган, дили пок, нияти холис, онасига, бари эмикдошларига меҳру оқибатли Шер йигит – Шеримбет билан танишганига, суҳбатлашганига жуда… жуда хурсанд эди. Дил-дилидан ишонаяптики, энди узоқ вақт Шер йигит ёдидан чиқмайди.
…Йўқ, асло! – деб, ўйлади Шоди Шариф, кўп замонлардан бери бунақа ўтли-шудли йигитни учратмаганига иқрор бўлиб. – Яхши… яхши бўлди. Умридан барака топадиган йигит экан.
Шеримбет аккумуляторни жойига ўрнатиб, бир-бир бўлтакларни қотиргач:
– Завадит этинг, оғай! – деди. – Давай!..
Шоди Шариф калитни ярим товлаши биланоқ, мотор гуруллаб ишлади.
– Ўчиринг! – деди Шеримбет. Ва ўша заҳоти яна буюрди. – Давай!..
Иккинчи гал эса аккумулятор янаям кучини кўрсатди: зўр!
Шоди Шариф Шеримбетнинг кифтига қоқиб, хушҳол хайрлашди. Сўнг, секин катта йўлга тушволгач, тобора тезликни ошира бошлади: ҳозир тўғри уйга боради; ана кейин, маза қилиб овқатланади.

VIII

Ҳали Шоди Шариф катта йўл муюлишига етганича йўқ эди, бирдан осмон буржлари қасир-қусур ёрилиб-ўпирилаётгандек устма-уст момақалдироқ гумбурлади. Ва бори ваҳшати била қалдираётган товуш тинар-тинмас, жала қуя бошлади.
Умрида бунақа жала ёққанини Шоди Шариф кўрмаган. Йўқ!.. Дунёсининг аллақайси олис юртларида рўй бераётган тўфонни, қуюнни, сув босқинини, торнадаю сунамиларни бот-бот телевизорда кўрган чоғлари беихтиёр ёқа ушлаб, она-диёрини бало-қазолардан Яратганнинг Ўзи асраётганига дил-дилидан шукроналар айтган… Лекин, бунақасини, ҳатто, хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Ана, бир зумда ҳаммаёқни узлуксиз оппоқ сел… Йўқ, қалин жала пардаси қоплади. Шоди Шариф энди бир қадам, ҳатто, бир қарич ҳам жилолмаслигини билди: машинасини тўхтатди. Атроф-теваракда нималар бўлаётганлигини кўриш… маҳол. Йўқ, кўролмайсиз. Тунука томлар дўмбирадай дарангламоқда. Дарахтлар шовуллаб-юлқиниб, таг-тубидан томир-помири билан қўпорилгудай қарсиллаяпти. Осмон… кўринмайди. Лаҳза сайин кучаяётган жала пардасидан ҳаммаёқ оппоқ. Осмон бўғриққан шишадай оппоқ. Еру кўк эса тобора дилларга даҳшат солиб гувулламоқда.
Ҳаял-замон ўтиб-ўтмай, ариқчалардан тошиб чиқаётган бўтана кенг-мўл йўлни тўлғазиб, пастқамликлар сари тўлқинланиб-чайқалиб оқа бошлади. Йўлда, йўлакларда бирор бир йўловчи йўқ. Ҳамма ўзини дуч келган панага урган.
Ногоҳ йўлак бўйидаги баланд эски пахса деворнинг катта бир қисми сўнгги маротаба оғир ҳансираётгандай гуп этиб қулади. Ўша аснода, кенг йўлак ёқасидаги қари теракнинг катта бир шохи аянчли ғичирлаб, остидаги қора “Мers”нинг устига гурсиллаб тушди. Ва, шунинг баробарида, жонивор машина, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ушбу фалокатдан олам-жаҳонга жар солаётгандай чинқирворди: вай-вай-вай-вай!!
Айни ўша лаҳзада тағин момақалдироқ аввалгиларидан-да узоқроқ, аввалгила­ридан-да даҳшатлироқ гумбурлаб, янаям жала кучайди.
…йўқ, бу… бу – жала эмас, бу – тўлиққан осмоннинг кўзёшлари!.. деб ўйлади Шоди Шариф, анг-танг ёқасини ушлаган кўйи, қалин жала пардасидан кўзларини узолмай. Ҳеч нимадан, ҳеч кимдан нажот тополмай, еру осмон аро маҳв бўлиб турганингизда она-табиатнинг энг мўрт, энг ожиз бир зарраси эканлигингизга имон келтириб, беихтиёр Ўзига тавалло қилар экансиз: Ҳақ – дўст, ё Оллоҳ! Ҳақ – дўст, ё Оллоҳ!
Хайрият, жала қандай бирдан бошланган бўлса, ўшандай тинди-қолди.
…қанча вақт ёғди – беш дақиқача қуйдими? Шундан кўп эмасдир.
Ана, тарновлардан шовуллаб қуйилаётган бўтананинг товуши тобора сусаяётир. Жалага ғарқоб ариқчалар, йўлакларнинг гоҳ у ер-гоҳ бу ерида лойқа сув билқ-билқ пуфак отаяпти. Абжағи чиққан “Мersedes” эса ҳануз боягидай фарёд чекмоқда: вай-вай-вай!!.
Шоди Шариф кўзларида беадад бир таажжуб ва хаёлчанлик билан осмонга тикилди. Ё пирай, осмон артилган ойнадай тип-тиниқ!.. Ҳаммаёқ баҳор қуёшининг мўл-кўл нурларидан бениҳоя нурафшон.
Бир маҳал Шоди Шариф ўскин дарахтлар, баланд томлар оша ғаройиб камалакни кўрди. Кўрдию, шартта машинасини йўлак бўйига аста жилдирди. Тўхтатди. Тушди. Қачонлардир бунақа ёрқин камалакни кўрган-кўрмаганлигини эслаёлмади… Ўша асно, кўзни қарақтиргудай рангин камалакдан сал пастроқда… йўқ, Ҳасан-Ҳусан ёйининг қарийб тенг ўртасида оппоқ чорсуни бошига елвагай ташлаган бир нуроний момони кўрди.
…ким у – Биби Марямми ё… ё… ўзимнинг онамми? – Ушбу савол кўнглидан кечаётгани ҳамоно, бирдан Шоди Шарифнинг кўкси бир қалқиб, юраги гупурди. – Фақат ман кўраяпманми ё бошқалар ҳам кўраётганмикан-а?!. Она… онажон! Илоё?!.
Ажаб, Шоди Шариф ўзини аллатовур бир тозаргандай ҳис этмоқда эди. Енгил энтикди.

Хотини эшикни очаётиб:
– Вуй-й! – деди. Бошини лиқиллатди. – Сел ёққанини кўрдингизми?
– Сел эмас, жала эди у, – деди Шоди Шариф. – Жала!.. Камалакни кўрдингми?
Хотини эшикни ёпаётиб, кўзларини пирпиратди, бошини чайқади: йўқ.
…атта-а-анг!.. Демак?..
– Мани онамни-чи?..
Хотини:
– Қаерда?.. – деди оғзини юмолмай.
– Камалакнинг ўртасида.
– Ҳазиллашаяпсизми?..
Шоди Шариф хотинининг ишонмаётганига дилида ўкинчга мойил ниманидир туйди… Индамай, бошини чайқади… Сўнг бирпас нафас ростлагани курсига оғир чўкиб, бола онасига деяётганидек, оч қолганлигини айтди.
– Кўчада овқатлансангиз бўлмасмиди?
…э, айтасан-да! Наҳотки… наҳотки-а?!
Нима учун эри кўчада овқатланмаганлиги сабабини хотини яхши билади. Бир зумда очил дастурхон тузаб:
– Кофеям ичасизми? – деди.
Шоди Шариф камалакни… камалак ўртасида биби Марямми… онасиними кўриб бир яйраганлигини демаса, анча толиққан эди, жиндай мизғимоқни ўйлаб:
– Йўқ, – деди.
Шу қадар очиққан эканки, ҳатто, дориларидан битта-битта ичиш ҳам хаёлига келмабди. Овқатланганидан сўнг, ҳазмига асалчой ичаётганида, хотини тўлиб турган экан, дабдурустдан арзу додини бошлаворди: туман электр тармоқлари идорасидан назоратчи келиб, ток ўлчагични йўлкадан уйнинг ичига – даҳлизга кўчиртирганликлари учун жариманома ёзиб кетибди, жарима миқдорини эртага идорада каттаконлари белгилар экан.
…бир ками шу бошоғриқ эди, деб ўйлади Шоди Шариф асалчойнинг ҳам таъмини сезмай. Агар эртагаёқ каттаконга учрашиб, дарҳол жаримани тўламасалар, пешиндан кейин чироқчилари токни кесиб кетармиш. – …нима учун тушунмайдилар-а?! – Ток ўлчагични даҳлизга кўчиртирганликлари бир неча йиллардан бери сурилиб келаётган можаро эди. Ахийри, жонига тегиб, назоратчининг жариманома ёзиб жўнаворганлигини ўйларкан, Шоди Шарифнинг боши қотди. – Ахир, ток ўлчагични биз ўз ихтиёримиз билан эрмакка кўчиртирганимиз йўқ-ку!
Ток ўлчагични даҳлизга кўчиртирганликларининг асосий сабаби шуки, охирги қаватда яшаётганликлари учун, томдан қор, ёмғир сувлари сизиб-сирқийверганлиги боис, симларнинг туташтирилган жойларидан учқун сачрайвериб, ўт чиққанлигидан рўпарадаги қўшниларининг ток ўлчагичи куйиб кетган эди… Энди овораю сарсон бўлиб бориб, тушунтириши керак. Жариманома ёзиб кетган йигитча, негадир, бу гал эшитишни ҳам, тушунишни ҳам хоҳламабди.
Айвонда ўтирган эдилар.
Шоди Шариф хомуш-ховос катдан тушди. Беҳуд тўнғиллаган кўйи, секин ётоқхонаси томонга юрди.
Хотини дастурхонни йиғиштираётиб:
– Чойингизни ичмайсизми? – деди.
Шоди Шариф тўхтамай:
– Бирпас чўзилай, – деди ортига қарамай, жуда чарчадим, дегандай оҳангда. – Кейин ичарман.
Лекин, Шоди Шарифнинг асаббозликлардан, бетайин можаролардан чарчаганлиги рост эди.
…мудраб бўларканми энди?.. Кўзларимни юмиб, ҳеч нимани ўйламай… Ахир, ҳеч нимани ўйламаслик ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам… Азоб-э!.. Кимдир биров айтган эмиш: оғриқсиз бош ҳам бошми, деб… Аслида, эртаю кеч хотинининг ғишавасидан тўйиб кетганлигидан Суқрот айтган бўлиши керак.
Хотини чой тўла чойнакни ҳамда катта пиёладаги совиб қолаёзган асалчойни столга қўйгач, индамай, ортига қайтди.

X

Эшик қўнғироғи устма-уст, бетоқат жиринглади.
Шоди Шариф мизғиган-мизғимаганлигини билолмай, ҳамон назоратчи йигитчанинг қилмиши хаёлини банд этган кўйи, хиёл бир кўзини очиб, девор соатга қаради: беш бўлаяпти.
…невараларнинг тўнғичи мактабдан… Ҳадемай, ўртанчасиям… Кейин… Энди мудраб ҳам, мизғиб ҳам… – Шоди Шариф кўзларини очди. Оёқларини катдан туширди. – Айтишларича, бунақа пайтда ухлаётган одамнинг дами қирқилармиш. Туриш керак.
Хотини паст овозда неварани огоҳлантирди:
– Бобонг дам олаяптила!..
…дам?.. Хомтама бўлма, хотинжон, бу дунёсида дам олиш…
Эртага туман электр тармоқлари идорасига хомуш, хаёлчан кириб боражагини ўйлади.
…Борганидан сўнг, назоратчи йигитчанинг кўзлари совуқ чақнагувчи каттакони билан гаплашаётиб, ақл бовар қилмас бир англашилмовчиликка йўлиққанларига ишонолмай, номаълум муддатга чўзилажак овораю сарсон-саргардончиликлар қанча давом этишини, охир-оқибат, натижа нима билан тугашини билолмай, идораю уйи орасида бўзчининг мокисидай қатнайвериб, гангиб-гарангсиб қолади.
Бироқ, ҳали, ҳозирча Шоди Шариф буни билмайди; ҳатто, бемаъни, беаёв саргардонлик исканжасида ўртанарини хаёлига ҳам келтиролмайди.
Шоди Шариф бугун Шер отлиғ бир шердай йигит билан учрашганига; қисқа ва лекин, ёддан чиқмас, қувончбахш гурунг қилганларига; кейин, рангин, ажабтовур ёрқин камалакни… камалакнинг ўртасида Биби Марямними… жойи ростонлари тоабад илоҳий нурлар ила мунаввару нурафшон бўлгур онасиними кўрганига хурсанд.
…қандай яхши… қандай соз: Шернинг кўнгли тўла умид, тўла ишонч!.. Хайриятки, дунёсининг шунақа кунлариям бор-а!.. Лекин… бугун осмон роса йиғлади-ей!..”
Ноумид – шайтон, айни чоғда эртанги куни янаям нурлироқ ўтаридан Шоди Шариф жуда-жуда умидвор.
Ана, эртанинг нурафшон бўларидан ёрқин дарак бериб, уфқ томонларда оловранг булутлар ловулламоқда.

“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 8-сон