Нортўхта Қилич. Жумбоқ (ҳикоя)

Ўқиган хабарига ишониб-ишонолмай, Шоир, кўлида газета, бир мудцат ҳайронсираб қолди: бунга ишонмаслик — ғирт мутаассиблик бўлар… Шу асно, хаёлида ўтмиш бир хотирот ҳам ғужғон ўйнайвериб, баттар донг қотди: ёпирай!.. Демак, ҳаммаси рост экан-да!.. Кейин, тўшакка чўзилиб, такроран хабарга кўз югуртира бошлади.

ЯНА НОМАЪЛУМ ОБЪЕКТ ҲАҚИДА

Австралиялик бир оила номаълум учувчи предмет ҳужумига дуч келганлиги ҳақида маҳаллий полицияга шикоят қилган. Аниқроғи, ҳужумга одамлар эмас, балки уларнинг машинаси учраган.
Аёл машинани очиқ жойда тўхтатиб, уч ўғли билан машинадан тушган. Шу пайт тўсатдан учувчи объект машинага яқинлашиб келган ва уни ердан кўтариб, роса силкиган, Ниҳоят, ғилдираклардаги ҳавони чиқариб, машинани ерга қўйган. Машина эгалари буталар орқасига беркиниб, объект жўнаб кетгунгача кузатиб турганлар. Объект кўздан ғойиб бўлгунча, она-болалар овози худди секин айланаётган магнитофон товушига ўхшаб чиққанини полициячиларга айтиб беришган.
Яроқсиз бўлиб қолган машинани кўздан кечирган полициячилар унинг кулга ўхшаган модда билан қопланганлигини аниқлаганлар.
Ҳозир бу модда билан номаълум учувчи объектлар ҳақидаги маълумотларни тадқиқ қилувчи халқаро  Марказ мутахассислари шуғулланмоқдалар. Тадқиқот натижалари келажакда эълон қилинади.

Шоир хаёлчанлик билан газетани чеккага қўяётиб, даҳшат, деб ўйлади: агар шу рост бўлса, барча тоату ибодатлар бир пул-ку!..
Номаълум учувчи объект ҳақида олдин ҳам бир неча бор эшитган, газеталарда ўқиган, лекин ҳеч қайсиси манави хабарчалик фавқулодда таъсир қилмаган эди. Негадир, тобора нохуш бир ҳайратга тушяпти. Назарида, бугунми-эртами, муқаррар бир нимадир рўй берадигандек.
Дарвоқе, анави воқеа эса!..
Ҳаммаси худди ҳозиргина содир бўлгандай ёдида, ўшанда, — бундан йигирма беш йил аввал, — отасига айтганида ишонмай, билъакс, қўл силтаб, калламни қотирма, тушингга кирган бўлса керак ёки кўзингга кўрингандир, деган эди.

* * *

Ногоҳ, нимадир кўз ўнгида ҳарир парда янглиғ титраётгандай туюлди. Орадан ҳаял ўтмай, ғижжак ноласидай инжа бир сас оҳиста қулоғига чалина бошлади. Кейин, дабдурустдан қош-қовоқлари оғирлаша-оғирлаша, уйқуси келаётганлигини сезди.
Айни пешин чоғи. Иссиқ… Атроф-теваракда ҳеч бир зоғ кўринмайди. Ота ҳамда ука уйга кетган. Адоқсиз узумзорнинг кунботаридаги шийпон айвонига осиғлиқ тўрқовоқлардан аҳён-аҳёнда сайроқи беданаларнинг хониши эшитилади.
Ўрнидан турди. Ён-верига аланглади: бийдек узумзорнинг кунчиқар теграси олмазор боғ. Ундан нари эса пахтазор — оппоқ оқариб ётибди. Боғ билан узумзор этаги Мажнунтепа қабристонига туташиб кетган. Қабристоннинг у ер-бу ерида темир панжаралар билан ўралган қабрлар, қалин юлғун буталари, ўскин қамишлар кўринади. Камишзордан берирокда эса турфаранг аламлар хилпирайди… Ҳеч ким йўк. Гўё, жимжитлик. Лекин, ҳамон узумзор узра симобий нимадир бетиним титраётгандек, ғижжак ноласига менгзаш инжа бир сас эса тобора авжланаётгандай эди. Беихтиёр, — гўё, шундай қилса қулоғига чалинаётган сас тиниб қоладигандек, — беҳиштий ишком-чайла тепасига ўрнатилган тунука шақилдоқ чилвирини силтаб тортди. Бирдан ҳаммаёқни жаранглаган товуш тутиб кетди. Шу баробарида гур этиб, ғарқ пишган узумзорнинг қабристонга туташ этагидан бир гала майна, чуғурчиқ ҳавога кўтарилди. Лекин, сас тинмади, бўшлиқлар бағридаги аллатовур симобий титроқ ҳам ўша-ўшалигича қолаверди. Кейин, ҳафсаласиз картга чўзилиб, узумзорнинг кунботар томонидан ўтган кумлоқ йўл бўйидаги адл тераклар оша осмонга мудроқли бир назар ташлади. Ва, ихтиёрсиз кўзлари каттариб кетди: булутми, тутунми, — баайни ҳалқа-халқа бўлиб, — яқкрл кўриниб турарди. Худди биров атай қўл билан ясаб кўйгандек.
…ёпирай, осмонда-я?!
Ҳайратланиб қаддини тикларкан, бетоқатлик билан ишком-чайла буталарини суриб, ғаройиб ҳалқаларга синчков тикилди, кўзларини юмиб очди, киприкларини пирпиратди: йўқ, хаёлида эмас. Ана, аниқ-тиниқ кўряпти. Қизиқ!.. Шартта кунботар тарафга ўгирилиб, янаям таажжубланди: ана, бир ҳалқа оҳиста ерга яқинлашяпти. Қизиқ, ниманинг оқибатийкин бу?! Ҳали отасига айтиб беради, нима эканлигини сўрайди. Отаси билар бунинг сирини.
Айни пешин. Иссиқ. Ишком-чайлада эса ҳаво янаям димроқ. Ҳарчанд ҳайратга тушмасин, тобора уйқуси зўраяётган эди. Картда кулала бўлиб ётди. Хаёлида ғаройиб ҳалқага дохил фикрлар чарх урган кўйи, алланечук мубҳам бир хавотир билан кўзларини юмди. Орадан ҳаял ўтиб-ўтмай, вужуд-вужуди бўйлаб таралаётган аллақандай ҳузурбахш бир титроқни сезди. Кейин… бир маҳап, қумлоқ йўл бўйидаги Тегирмонариқдан бахмалдек майин овоз эшитила бошлади: Шоир… Шоиржон, қаердасан? Тезроқ келмайсанми ахир, сени кутяпман-ку, жоним?!
Беихтиёр ҳайрат аро Тегирмонариқнинг чоғроқ бир айланмаси сари оёғи ерга тегиб-тегмай югуриб бораркан, мана мен, деб жавоб бергиси келди-ю, лекин, туйқус онасининг бир ўгити ёдига тушиб, таққа тўхтади: асло ариқ бўйида ўйнаманглар, болам! Сув тагидан Сувпари отингни айтиб чақирадию, оқизиб кетади. «Сувпари кейин бизларни нима қилади, она?» «Руҳингни сув остига олиб тушади… Этинг балиқларга ем бўлади. Тушундингми?» «Она, руҳ нима?» «Руҳ — одамнинг жони…»
Тисарила-тисарила, Шоир ортига қайтди. Қоча бошлади. Ногоҳ, Мажнунтепа кабристони пастқамлигида базм қурган ўликларни кўриб қолди. Ўртада гулхан гуриллаб ёняпти. Гулхан теварагида кафани увада ўликлар, одамсиёқ суяклар… Кафани увада ўликларнинг сочлари тўзғин, тирноқлари ўсиб кетган, кўзлари қозиқ ўрадек қорайиб кўринади. Одамсиёқ суякларнинг эса тишлари иршайган. Қай бирлари жазаваси қўзиб қийқиришади, яна бирлари эса, бурғую балабон садолари остида жунунваш рақс тушаётирлар.
Шоир баттар қўрқиб кетди. Кескин ортига бурилиб, ишком-чайла томонга югурди. Ичкарига кира-сола, эшик тепасидаги шолни туширди. Сўнг, шартта картга чиқиб, тағин кулала бўлиб ётиб олди.
…энди чирт кўзни юмиб, ўликка ўхшаб ётиш керак. Қимир этмай!.. Сувпариси, — қизиқ, қанақа бўларкин ўзи? — шаклу шамойили расмлардаги ярим аёл, ярим балиққа ўхшармикан? Узоқдан мўралаб кўрса бўларди. Аҳ, майли!.. Тинчиб қолди ишқилиб. Унинг овози бунчаям майин, бунчаям ширали экан… Ий-э, борган сари бургую балабон товуши авж оляпти-ку!.. Ана, кимдир ичкарига кирди! Аҳ, шу тобда Бўйноқ бўлганда эди! Зоҳир тирмизак келсин ҳали, Бўйноқни эргаштириб кетгани учун боплаб адабини бериб қўяди… Ана, ким бўлсаям аста яқинлашяпти. Узум ўғрилагани келган болаларданмикан-ё?..
Яқинлашаверсин. Қўрқаётганлигини сездирса бўлмас. Ўликка ўхшаб ётаверса, кайтиб кетар ахир. Йўқ, қайтиб кетмоқчи эмас шекилли. Ана, секин кўлидан ушлади. Кафти, бармоқлари иссиқ, юмшоқ. Ана, нимадир деяпти.
— Тур деяпман!
…ий-э, бу… одамнинг кўнглидан кечаётган гапларниям бехато билади чоғи.
— Бўлмаса-чи! — деди, ҳамон кўлидан ушлаб турган кимса. Унинг овози сал бошқачароқ — аллатовур чўзиқ эди. — Оч кўзингни. Ўзингни ўликка солиб ётганинг етар.
Шоир:
— Нима дейсиз менга?— деб, кўзини очди-ю, рўпарасида бўйи картдан сал тикроқ, сочлари жингала, юзлари тиниқ, кўзлари бениҳоя чақноқ бир одамчани кўриб, беихтиёр ҳайратдан донг қотди: ким ўзи бу?! Ёши нечада бунинг?.. Қизиқ, лекин жудаям танишдек — бирор кинода кўрганми ё тогасидан эшитган эртакларида шунақа одамча ҳақида гап бормиди?.. — Ким керак сизга?
— Сен кераксан.
— Мен?
— Ҳа, сен.
Ёши нечадалиги номаълум, дам ёқимтой болакайдек, дам навқирон йигитдай бўлиб туюлаётган, бўйи паканагина бу Одамчанинг кафти аллатовур юмшоқ ҳам хийла иссиқ эди.
Шоир қўлини тортиб, картда оёқларини тушириб ўтираркан:
— Мен сизни танимайман-ку? — деди.
Одамча сўзларни чўзиброқ ширадор талаффуз этиб:
— Сени танишинг шарт эмас,— деди. — Кетдик!
— Қаёққа?!
Одамча, янаям кўзлари чақнаб, осмон сари ишора қилган кўйи:
— Аршу аълога-да! — деди.
— Э, мен нима қиламан у ёқда?
— Бу ерда нима қилмоқчисан?
— Узумзорни қўриқлайман.
Одамча бир сапчиб, картда оёқларини осилтириб ўтиргач, беписанд кулимсираб:
— Бемаъни… беҳуда! — деди. — Ана, кўр. — Одамча шундай деб, ишком-чайла эшиги ёнидаги ғарқ пишган шивирғони узум томон кўрсаткич бармоғини чўзди. Бирдан узумнинг тилларанг барглари ловуллаб ёна бошлади. — Кўряпсанми?
Беихтиёр таҳликаданми, кўзлари каттариб, Шоир шарп этказиб, Одамчанинг кўлига урди:
— Ўчир!
— Қўрқма, — деди Одамча кулиб. — Хўш, кетдикми?
— Йўқ… Ўзинг кетавер. Одамча тағин ғалати жилмайиб:
— Одамзод умр бўйи осмонга талпиниб яшашини сен ҳали билмайсан-да! — деди. — Осмон қаватларида қандай мавжудотлар борлигини, улар нима ишлар билан машғуллигани одамларнинг жуда-жуда билгилари келади, лекин ҳеч қачон билолмайдилар. Агар ҳозир мен билан равона бўлсанг, кўп сирларга ошно бўласан, учиб-кезиб юрасан. Маза!
— И, ота-онам-чи? Укамла-чи? Опаларим-чи? Нима, уларни соғинмайманми?
— Ҳеч қачон!.. — деди Одамча. — Заминдан узилганинг сайин, осмонга кўтарилганинг сари, бепарво… беғам бўлаверасан.
— Кейин, мени тополмай, ота-онам йиғлаб юрадилар-а, шундайми?
— Кўрқма, жасадингни қолдириб кетамиз. Ўзлари кўмишади.
— Э, йўқ!.. — деди Шоир, кескин бош чайқаб. — Кетмайди бунақаси.
— Билиб кўй, бари бир эрта бир кун оборишади. Лекин, унда қаёққа тушишингни Худо билади.
Шоир ялт юзланиб:
— Худо борми ўзи? — деб сўради. Одамча янаям дилкаш жилмайиб:
— Билиб турибман, бор десам ҳам, йўқ десам ҳам ишонмайсан, — деди. — Чунки одамсан-ку!.. Одамзод ҳар хил шубҳаю хавотирлар билан бири-бирининг бошини еб юраверади. Эй, инс… инсон, тушуняпсанми гапларимга?!
Шоир индамади.
Одамча аста кифтига қоқиб:
— Ҳозир энг беғубор пайтинг, ҳали дунёнинг кўп кирдикорларидан бехабарсан, — деди. — Эрта бир кун даврадошларингдан ўзиб кетаверсанг, олайиб қарашади. Агар қолиб кетаверсанг, бурун жийиришади. Кейин, бот-бот виждонсизларга дуч келиб ўртанаверасан. Дардманд дилингга ҳамдаму дардкаш излайсан, лекин, тополмайсан. Дўст деб билганларингнинг деярли бари охир-оқибат манфаатпараст, таъмагир бўлиб чиқади. Кейин, не қиларингни билолмай, бош чангшшаб қоласан.
— Йўқ… йўқ!
— Йўқ, дема, болакай… Айтмоқчи, уканг қани — уйга кетганми? Унинг нописанд гап оҳанги, тағин алланечук ўсмоқчилаётгани малол келиб:
— Кимсан ўзинг? — деди Шоир.
— Айтдим-ку, осмондан тушган фариштаман, — деди Одамча, яна жилмайиб.
— Гапимга ишонавер!..
— Фаришта эмассан. Сен — шайтонсан!
— Майли, шайтон бўла қолай. Лекин гапларимга ишон: бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз ўрни, ўз қадри бор. Аммо, Худо ҳаққи, қасам ичиб айтаманки, бу оламда фақат одамзод ўз ўрни, ўз қадрини тополмай, нима учун келганию нима учун кетиб бораётганлигини билолмай ўтади. Шу боис одамзоднинг боши умр бўйи ҳар хил ғалваю туганмас таъқиблардан чиқмайди. Мен эса сени муқаррар уқубатлардан, қайғулардан халос қилмоқчиман… Хўш, кетдикми?
Одамча сакраб пастга тушди-ю, Шоирнинг қўлидан тортди. Шоир картдан учиб тушаркан, жонҳоври Одамчанинг оёғига ёпишди.

* * *

— Шавкат!.. — деб қичқирди хотини, тажанглик билан. Сўнг, қизига буюрди. — Нодира, тур, қўл-бетини ювиб, укангни уйга олиб кир. Лойда ўйнамасин. Ана, зор қолгур ҳаво янаям айнияпти.
Шоир, хаёли тўзғиб, беихтиёр уф тортди: хотин касал. Айниқса, мана шундай беқарор баҳор кунлари қўл-оёғининг бармоқлари, бўғимлари кақшаб оғригани оғриган. Ўғилчанинг ҳам соғлиги чатоқ… Ҳаммасига шу… қафасдайгина ҳовлича сабаб. Қуёшга терскайлигию жарлик этагида жойлашгани учунми, қишин-ёзин заҳхона. Мудом даҳлизнинг деворларию хоналар шифтидан ачимсиқ бир рутубат уфуриб туради.
Аслида бу икки хоналик ҳовлини олиш фикри ҳатто хаёлида ҳам йўқ эди-ку, лекин ижарахона учун тиш қўпортиргандай ҳар ой сайин фалон сўм тўлагандан ташқари, бадфеъл ижарагирнинг қош-қовоғига мутеларча қараб яшаш азоби ҳам роса жонига теккан эди; кейин, бу ховлича учун пулни ўша кунларда меҳмон бўлиб келган ота тўлаган — у пайтларда ўзи аспирант эди, илми толибда пул нима қилсин!.. Хуллас, яхшими-ёмонми, бошпаналик бўлганларига эр-хотин бениҳоя суюнган эдилар. Аммо, орадан уч-турт йил ўтар-ўтмас, севинчлари оғриқли бир ҳасратга айланди — аввал хотин бедаво дардга чалинди, яқинда эса ўғилчанинг ҳам хасталиги аён бўлди.
Туйқус, ҳув ўшанда Одамчанинг чўзиб-чўзиб айтган бир ситамкор гапи Шоирнинг кулоқлари остида акс-садо бериб жаранглаётгандай туюлди: гапларимга ишон — бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз ўрни, ўз қадри бор. Аммо, Худо ҳаққи, қасам ичиб айтаманки, бу оламда фақат одамзод ўз ўрни, ўз қадрини тополмай, нима учун келганию нима учун кетиб бораётганлигини билолмай ўтади.
Шоир, ҳамон хотини дилтанг койинаётганлигини эшитгиси келмай, хаёлчанлик билан кўзларини юмди: қизиқ, Одамча ўшанда тушига кирганмиди ёки… Агар туш бўлса, нега бари бу қадар равшан хотирида муҳрланиб қолган? Мана, шу тобда ҳам Сувпарисининг майин, ширали овозини аниқ эшитаётгандек; Мажнунтепа қабристони пастқамлигидаги ўликлар базмини аён кўраётгандек… Ундан кейинги ғаройиб манзаралар ҳам, ана, ясов тортиб кўз ўнгидан ўтмоқда.

* * *

Кимдир кифтига туртяпти.
Шоир аста кўзларини очиб, тумшуғи кирланиб-кўкариб кетган латта этикни кўрди: тагин ким бўлдийкин бу? Одамча… қип-яланғоч эди шекилли. Ана, тағин кифтига нуқияпти.
— Тур, ўғлим.
Шоир отасининг овозини таниди: ий-э, этик ахир отамники-ку!
— Нима учун ерда ётибсан? — деб сўради отаси.
Шоир таажжубланди: чиндан ҳам нега тап-тақир ерда ётибди, картда эди-ку?! Ҳа-я!..
— Уйқунгда босинқирабсан-да, а?
Шоир тураётиб, майкаси ҳамда иштонига илашган чанг-чунгни қоқди:
— Зоҳир қани? — деди.
— Шийпонда, — деди отаси.
Кунботардаги шийпон томондан беданаларнинг хониши эшитилиб турарди. Нима учун Бўйноқни эргаштириб кетдингизлар? — деди Шоир. — Олдимга битта Одамча келди. Бўйноқ бўлганда келолмасди.
— Қанақа Одамча экан у?
— Билмайман… Аршу аълоданман, деди. Фаришта эмиш.
Отаси кулиб:
— Эсинг жойидами, ўғлим! — деди.
— Рост айтяпман, ота. Ишонмасангиз, ана, кўринг ўзингиз!..
Шоир югуриб, ишком-чайла эшиги олдидаги шивирғони узум ёнига борди. Ва, ҳайрат ичра тек қотиб, кифтларини қисди: узум гуруллаб ёнмагандай эди, аслидаги ҳолича барглар хиёл тилларанг тусда товланиб турарди.
— Ҳа, тинчликми? — деди отаси. — Жим бўлиб қолдинг?
— Ўша Одамча ўзининг осмондан тушганлигини менга билдириб қўймоқчи бўлиб, бармоғи учини тўғрилаши билан ана шу узум ловуллаб ёнган эди. Мен, ўчир, деб унинг қўлига ургандим, олов ўчиб қолувди. Кейин, Одамча мени ўзи билан олиб кетиш учун кўлимдан тортганида, картдан учиб тушиб, оёғига ёпишган эдим. Ҳойнаҳой… сизни кўриб қолиб, Одамча қочиб кетган бўлиши керак, ота.
Бир оз жимликдан сўнг, отаси чимирилиб, қўл силтади:
— Қўй, тоғангга ўхшаб эртак тўқима, ўғлим! — деди. — Калламни қотирма, тушингга кирган бўлса керак ёки кўзингта кўрингандир.
— Йўқ, ота… Гапиргани қўймай, отаси:
— Бас қил, ўғлим, — деди. — Ўзинг туппа-тузук боласан-у, лекин, баъзан оширворганинг ёмон-да!
Шоир, гаплари чинлигига отасини қандай ишонтирарини билолмай, энса қашиди. Кулди. Эх, ота, деди… Кейин, Сувпариси чақирганини ҳам, ўликлар базмини кўриб қўрққанлигини ҳам айтмади — бари бир, отаси ишонмайди.
— Шийпонга бор, — деди отаси, сочларини силаб. — Ўсиб кетибди, покида олдиришинг керак… Уканг овқат келтирди. Қоринларингизни тўйғазгандан кейин, ўт теринглар.
Шоир хаёлчан алфозда шийпон томонга юриб кетди.

* * *

Намозшом чоғи ҳовлига қайтганларидан сўнг, ҳаммалари сўрида давра қуриб овқатланишгач, негадир, Шоир бемаҳат уйқу элитаётганлигини сезди. Кейин, эсу хушдан бегона, кўрпачага чўзилиб, ухлаб қолганлигини билмади.
Бир маҳал, гангур-гунгир овозлар олис-олислардан қулоғига чалинаётгандай эшитила бошлади:
— Уйғотма, онаси, ухлайверсин… Бошига ёстиқ қўй, устига кўрпа ташла.
— Ўзингиз билан бирга олиб кетмайсизми?
Беихтиёр Шоирнинг кўзлари хиёл очилди: юлдузлар!.. Томга тегай-тегай деб турибди. Тонг отяпти…
— Бугун пешин пайти беҳиштий узум ишком-чайлада ухлаб қолган экан, туш кўриб, картдан йиқилиб тушибди.
— Вуй-эй!.. Отаси, кўрқмаптими ишқилиб?
Ногоҳ, Шоир вужудида оний бир роҳатбахш титроқни туйди-ю, ўзини юлдузлар сари парвоз қилаётгандай ҳис этиб, яна ухлаб қолди.
Алламаҳалда роса уйқуга қонгандай кўзларини очди: юлдузлар кўтарилиб кетибди. Тепага келган тўлин ой эса ҳаммаёқни сутдай ойдин нурга чулғаган. Дафъатан қаерда ётганини билолмай, секин қаддини тиклаб, ён-верига сергак кўз югуртирди: сўрининг чап томонида онаси, опаси, у ёқда укалари қатор ухлашяпти. Ўзи эса… Нега онасининг оёқ учида тунаб колган? Ахир, отасининг ёнида бўлиши керак эди-ку? Қизиқ, нима учун отаси бирга обкетмабди?
Тағин тўшакка чўзилиб, ёстиққа бош қўйди.
Яхши — узоқ ухлаган каби уйқуга қонган. Руҳи тетик. Ажаб, нимадир қилгиси келаётгандай эди. Лекин нима қилиши кераклигини билолмаяпти… Энди ҳадеганда ухлаёлмаса керак. Ойга тикилди: ўртасида… тоғми? Ҳа, худди тоққа ўхшаркан. Ойда… одам бормикан-а?
Дабдурустдан осмонга учгиси келиб қолди. Энтикди. Назарида, даст ўрнидан туриб, шитоб қўлларини ёйса — шув этиб учиб кетадигандек… Яна беихтиёр энтикди: учса… учаверса. Юлдуздан юлдузларга қўниб, сайр қилиб юрса… Бугун, пешин вақти, ўша Одамча билан Аршу аълога учса бўларкан. Ойда, юлдузларда нималар борлигини, нималар бўлаётганлигини кўриб тушарди. Йўқ, кейин қайтиб тушмайсан, деди-ку!.. Отаси ишонмади. Майли… бирор кун ўзларига йўлиқиб қолса, сўнгра ишониб қоларла… Ҳозир шийпонга бориш керак.
Шу фикр кўнглидан кечгани ҳамоно, ирғиб ўрнидан турди. Онасига, опасига, укаларига бир-бир қаради: ҳаммаси мириқиб ухлаяпти… Сўнг, сўри чамбарагига чиқиб, қўлларини ёйган кўйи, пастга сакради. Қизиқ, негадир ерга тап этиб тушмади, гўё қушдай оҳиста қўнди. Суюниб кетди. Чамбаракка ҳардамхаёллик билан нигоҳ ташлади. Сўнг, бир зум осмонга орзиқиб тикилди: балааанд… Адоғи бормикан-а?.. Юлдузлар… Улар бунча кўп. Ана, бир юлдуз пизиллаб учиб, яна осмон бағрига сингиб кетди.
Оёқ яланг юриб, дарвозага якинлашаркан, қаердадир бир итнинг ғайирлик билан ҳурганини эшитди, шу аснода, тағин бир гала ит вовуллади. Ва, хиёлдан сўнг, итларнинг уни учди.
Жисму жонини атланечук бир хавотир чулғаётганини ҳис этаркан, бари бир қўрқмаслик кераклигини ўйлаб, секин дарвозани очди. Кўчага чиқди.
Ҳаммаёқ опойдин. Кўчада ҳеч бир зоғ кўринмайди. Жимжитлик. Аммо олисдаги шаршаранинг бўғиқ шовуллаётгани кулоққа элас-элас эшитилади.
Дарвозани маҳкам ёпгач, майда тошлар товонига қадалаётганини сезиб-сезмай, заранг кўча ўртасидан илдам юриб кетди. Зипиллаб бораркан, совқатаётганини сезди. Жунжикди. Майкаси устидан кўйлак киймаганига афсуслангандай бўлди.
Шу пайтда…
…ана… Одамча!
Одамча кўча адоғидаги кенг майдонлик ўртасидан газлама дўкони томонга шамолдай елиб ўтди.
Ё кўзига кўриндимикан-а?
Аллақачон Шоир ҳайкалдай тек қотган эди. Иккилана бошлади: анча юриб қўйган, ортига қайтгиси йўқ. Бироқ олдинда хавф борга ўхшаяпти. Қайтса-чи? Йўқ, қўрқмаслик керак. Нимадир ғуруллади!
Шоир илкис майдонликнинг нариги бетидага тор кўчага тикилиб қаради: қоронғироқ… Китоб дўконининг сояси кўча ярмини эгаллаган. Олдинда дарахтлар қорайиб кўринади. Дарахтлар оҳиста шовуллаяпти.
…э, ғурулласа — ғуруллар! Қўрқмаслик керак. Онаси рост айтади: қўрққанга қўша кўринар. Қўрқмай, дадил юриш керак.
Беихтиёр қўлларини мушт қилган кўйи, секин жойидан жилди. Кейин, агар бирор кори ҳол рўй бергудай бўлса, зувиллаб қочажагини ўйлаб, тобора чаққонроқ юрди. Айни майдон ўртасига яқинлашаётганида, тунқус бир ит яна ғайирлик билан вовуллади.
Гўё Одамча итга айланиб ташланмоқчи бўлаётгандек, Шоир кескин ўгирилиб каради: бир гала кўппак тут соясида бир қанжиқни ўраб олган экан. Тапашишяпти.
…уф-ф! Боя дўкон томон елиб ўтган ҳам… Йўқ, Одамча эди. Аниқ!.. Қўрқмаслик керак. Вуй, юракнинг олатасир уришини: дук-дук, дук-дук!.. Қўрқмаслик керак. Буёғи оз қолди энди. Анави дарахтзордан кейин, Тегирмонариқ кўпригидан ўтса — у ёғи боғ.
Шоир, ён-верига аланглаган кўйи, илдам юриб бормоқда эди. Бир зумда майдонлик ортда қолди, кейин чаққон тор кўчадан ўтди.
Дарахтзор оралаган сўқмоқ ой нуридан гўё бехад-беҳисоб кумуш тангалар сочилиб ётгандай бўлиб кўринади. Шабадада оҳиста шовуллаётган дарахтлар орасида нимадир пинҳондек, негадир Одамча қадам-бақадам пойлаётгандай туюлаверади. Қовжироқ ўт-ўланлар бағридаги бедор ҳашаротлар эса кўнгилга янаям ғулу солиб шитирлайди.
Бехос, бир бойқуш тун сукунатини тилкалаворди: қиюв-в!..
Шоир беихтиёр сесканди. Шу аснода, бирдан бир неча қуш потирлаб учди. Шоир ғудраниб сўкинаркан, бирга эргаштириб қайтмаганлари учун дилида отасидан ўксиди… Кейин, Тегирмонариқ кўпригига яқинлашаркан, жисму жонида беором кезаёгган кўркув ҳиссини утгутгандай бўлди: қурбақалар басма-басига сайрашяпти. Еру кўкни жониворларнинг ёқимли бир нагмаси тутиб кетгандай эди. Қирғоқ бўйидаги ўскин қиеқлар бетиним титранади. Қурбақалар чўлп-чўлп сувга калла ташлайди. Тўлиб оқаётган симобий сув юзаси эса қуёш тиғида қолган кумуш лаълидай жимир-жимир ялтирайди. Бунақасини ҳеч качон кўрмаган эди. Ажойиб!.. Ойдин кеча.
Қумлоқ йўл бетидаги адл тераклар ой нурига чўмилиб, майин шовуллайди. Йўлдан нари мевазор боғ. Боғ узумзорга туташиб кетган. Ажаб, атроф-теваракда кўнгилга аллақандай хотиржамлик аралаш завқ-шавқ бағишловчи бир осудалик кезаётгандай эди. Гарчи, ушбу гўзал табиатнинг бир зарраси эканлигини Шоир айни кезда идрок этмаётган эса-да, унга вужуд-вужуди билан қўшилиб-қоришиб кетгандек, энди қўрқув ҳиссини тамомила унутган — то ҳануз фикру ёдини банд этиб келаётган Одамча хаёлидан бутунлай кўтарилган эди.
Бир маҳал, рўпарадан ўйноклаб Бўйноқ кўринди.
— Бўйноқ! — деди Шоир суюниб. — Бўйноқ!
Жонивор, аллатовур ер бағирлаб, оёғига суйкалди, сўнг ялинчоқланаётгандай ғингшиб, қўлларини ялади.
— Мени ташлаб келаверибсан-а, Бўйноқ! — деди Шоир, унинг калласига беозор шапатилаб. — Йўлда бир гала кучукларга дуч келдим. Эҳ-ҳ, Бўйноқ!..
Бўйноқ тағин ихтиёрсизлигидан нолиётгандай чингсиб, қўлларини ялаб, қуриб қўйди. Ногоҳ, безовта бўлгандек, ариқ бўйидаги бостирма остида эшак бир пишқирди. Қўтондаги қўйларнинг ороми бузилди.
Отаси шийпон айвонидаги картда ётган эди, секин қоматини тиклаб:
— Ким? — деди.
— Ота, — деди Шоир.
Отаси, овози алланечук товланиб:
— Қўрқмадингми? — деди.
— Йўқ, қўрқмадим, — деди Шоир.
— Қўрққандирсан-ов, ўғлим… Бу ёққа келганингни онанг биладими?
— Уйғотгим келмади.
Бўйноқ тағин бир суйкалиб, нарида чўнқайди.
Шоир карт чеккасида оёқларини шолга артди, сўнг отасининг қучоғига кирди. Тўшак иссиққина эди. Кифтига отаси меҳрчан қоқиб:
— Ухла, — деди.
Ҳаммаёқ жимжит. Еру осмон оп-ойдин. Юлдузлар ажаб бир сеҳркорлик билан жимирлайди. Терак барглари эса, аллалаётган каби майин шилдирайди. Негадир, Шоирнинг уйқуси келмаётган эди:
— Ота… — деди. — Эрта қанақа кун?
— Нимайди?
— Бозор куни «Алифбе» олиб бераман, девдингиз.
— Бозоргача ҳали уч кун бор.
— Беш кундан кейин мактаб, ота.
— Насиб!.. Энди ухла, ўғлим. Шоир кўзларини юмди.
Кейин, туйқус О д а м ч а ҳамда ў л и к л а р базми ёдиға тушди-ю, шартта кўрпани бошига тортди.
Хиёлдан сўнг, нимасидандир айро тушаётганлигини ҳис этиб-этолмай, тобора уйқу ғолиб келаётганлигини сезди.
Кейин…
…алламаҳалда, тушидами ёхуд хаёлидами, турналар билан осмону фалакда учиб юргандай туюдди. Ва, орадан ҳаял ўтар-ўтмас, бирдан кўнгли айниб, шартта карт чеккасига чўзилар-чўзилмас, қайт қилвораркан, турналар алёри қулоғига бўғиқ чалинди: қур-эй! Қур-эй!..
Аъзойи бадани қалт-қалт титраркан, оғзидан қусқи аралаш сўлак оққанча, беҳол кўкка тикилди: тонг бўзариб отмоқда, осмон бағрида қатор тизилишиб учаётган турналар қатдирғочлардай кичрайиб кўринадилар: қур-эй! Қур-эй!..
Шу пайтда отаси ариқ томондан илдам келиб, муздай кафтини пешонасига босаркан:
— Айтгандим-ку, қўрққансан, деб! — деди. — Ана, лабларингга учуқ тошипти. Тағин бирдан кўнгли айниб, ичак-чавоғи оғзига келгандай бўлди. Лекин, қайт қилолмади.
— Қус! — деди отаси, унинг бошини кафтлари орасида тутиб. — Қуссанг, енгил тортасан.
Шоир янаям қалт-қалт титраб:
— Келмаёпти, — деди. — Совуқ еёбман.
— Иситманики… Ўтиб кетади. — Отаси елкасидаги белбоғни олиб, лабларини артди, юзларини сийирди. Темир чойнакдан пиёлага совуқ чой қуйиб, оғзини чайдирди. Сўнг, тўшакка чўзилгач, кўрпани икки қатлаб устига ёпди. — Худо хоҳласа, яхши бўп кетасан, ўғлим. Ўйлама… ҳеч нимани ўйлама, отдай бўп кетасан ҳали.
Шоир, орадан лаҳза кечар-кечмас, алахсирай бошлади: ана, О д а м ч а… одамсимон с у я к л а р… Ана, кимдир чақиряпти. Ий-э, Сувпариси-ку! Қочиш… қочиш керак!… Ногоҳ, яйдоқ бир қизил от пайдо бўлди… От томон югуриш… Отга миниб қочиш… қочиш керак!..
Кейин…
… жиққа терга ботиб уйғонди.
Чошгоҳ маҳали. Қуёш қиздирмоқда. Тераклар шохида ғуж-гуж чумчуқлар чуғурлашяпти. Шоир секин тўшакда чўнқайиб ўтирди. Хийла бедармон эди. Ён-верига хастаҳол қаради: ота кўринмайди. Ақлу шуурини қуюқ туманми, нимадир ўраб-чирмаб олгандай эди… Нима қилсайкин-а? Секин картдан тушди. Шийпон айвонига туташ хона эшигини очиб қаради: ота бу ерда ҳам йўқ. Қаерда бўлиши мумкин?.. Бўйноқ-чи?
Туйқус, нимадир гурс этди. Тўрқовокдаги беданалардан бири безовта питирлади. Шоир Мажнунтепа томон нигоҳ ташлаб, ишком-чайла ёнида отасини кўрди. Ота қўлидаги алланима қуёш нурида ялт-юлт қилмоқда эди. Отаси томон жилди. Бир оз юргач, чарчади. Намчил ариқча бўйидаги қуруқшаб ётган кесак устига чўнқайди. Бемажол эди. Қулоқлари шанғиллаяпти. Кўзлари тинаётганини сезди. Мажолсизликдан хўрлиги келди. Кейин, нечундир аллакимлардан кўнглида ўксиди. Ва, аста ув тортиб, йиглай бошлади: ота, менга нима бўлди? Отажон!..
Шу пайтда, қаёқдандир Бўйноқ елиб келди. Халлослаб-хансираб оёқларига суйкалди. Сўнг, пойида чўзилиб, қўлларини ялади. Чингсиди.
— Ҳа, Бўйноқ?..— деди Шоир. — Мана… мен нега йиғлаёпман, биласанми? Билмайсан. Ўзим ҳам билмайман.
Бўйноқ тумшуғини чўзди… Сўнг, ўрнидан турди-ю, ариқчадан ошиб, ишком-чайла сари йўл бошлади. Беш-олти қадам нари бориб, ортига қаради. Чўнқайди. Ғингшиди.
Шоир секин ариқчадан ўтиб, ер бағирлаб ётган узумлар оралаган кўйи, ишком-чайла сари юрди. Чайлага яқинлашаётиб, кўраётганларига ишониб-ишонолмай, серрайиб қолди: кечагина пешин чоғи ҳушидами-тушидами токнинг гуруллаб ёнган шохидаги барглар чиндан ҳам гулханда қовжирагандай қувраган; шиғил-шиғил шивирғони шингиллар эса пўлқитланиб ётар; отаси уни чопган; чопилган жойдан энди кўз ёшидай суюқлик сизиб оқмоқда эди.
— Нима учун чопдингиз?
Отаси токнинг ёнбетида бир чуқур ковлаётган эди, бирдан сесканиб қарадию:
— Ҳа, Шоиржон?.. — деди. Сўнг, шартта кетмонни қўйиб, кифтидан қучди. — Пешонасидан ўпди. Лабларидаги пўрсиқ учуқларни оҳиста босиб кўрди. —Йиғлабсан-ку, ўғлим. Нима бўлди?
— Ўзим…
— Кап-катта бола-я?! Уят… уят.
— Нима учун уни чопиб ташладингиз?
— Сен… бунга парво қилма, ўғлим.
Назарида, отаси ниманидир пайқаган, нимадандир безовта эди.
— Чопмаслик керак эди.
— Боғда қуриган дарахт, ток… хунук кўринади-да! — Ота шундай деб, бир кундаёқ қовжираб-қувраган токни чуқурга босиб, устидан тупроқ торта бошлади. — Бор, чайлага кириб, дамингни олиб ёт. Ухлаб қолма лекин!.. Бирга қайтамиз.
— Кўмиб ташлаганча, қўйларга берсангиз бўлмасмиди, ота? Отасининг кўйлаги тердан жиққа ҳўл эди, пешонасидаги терларни енгига артиб:
— Сен ҳозир бу ёққа келмаслигинг керак эди, Шоиржон, — деди. — Учингансан ахир, ўғлим.
Туйқус Бўйноқ ирғиб турди-ю, ғаюрлик билан ер таталаганча, негадир қабристонга қараб ҳура бошлади.
Ота шартта бир кесакни олиб отаркан:
— Бўйноқ! — деди ўшқириб. — Ўчир!..
Шоир илкис қабристон томонга ўгирилди, кўзига бирор зоғ кўринмади. Лекин, тағин ажабтовур бурғую балабон садолари қулоғига чалинаётгандай туюлиб, боши айланаётганлигини сезди. Сўнг:
— Эшитяпсизми, ота? — деди.
— Нимани? — деди отаси, кўзлари бежоланиб.
— Балабон товушини.
Ота индамай, ток занга ёнидаги ойболтани белбоғига қистирди-ю, илдам бориб:
— Опич елкамга, Шоиржон, — деди.
— Керак эмас, ота. Ўзим…
— Бўл, гапни кўпайтирма!
Шоир хушлар-хушламас отасининг елкасига опичди. Бўйноқни эргаштириб, ишком-чайладан анча узоқлашганларидан сўнг, ота ўйчанлик билан:
— Ҳадемай, узум узишни бошлаймиз, — деди. — Энди сен боққа келмасанг ҳам бўлади. Мактабга тайёргарлик кўришинг керак.
Шоир индамай, Мажнунтепа қабристони томон ўгирилиб қаради: аллатовур ҳарир парда янглиғ нимадир тағин жимирлаб, кумушрангланиб кўринаётгандай эди.

* * *

Туси учиб кетган вассажуфт шифтга Шоир хаёлчан тикилган кўйи, олис ўтмишни хотирларкан, ҳамон ҳайрону маълул эди: ўшандан кейин, — кўп йиллар кейин, — тапабалик кезларида нимадандир сиқилган, кимнингдир дийдорига илҳақ дамларида, баъзан эса дабдурустдан учиб кетиш учун бот-бот осмонга талпинганлари ёдига тушди. Тағин беихтиёр оташин энтиқци. Қани эди, қулочини ёйса-ю, учиииб кетса!..
Нега… нима учун шундай — ҳануз бирор-бир жўяли жавоб айтолмайди. Аммо, шу армонли истак ҳар гал кўнглидан кечгани ҳамоно, сирли-синоатли само жудаям ёвуқ туюлиб, руҳиятида алланечук сурурбахш бир титратмани ҳис этади. Ва, кўзларини юмадию… қулоқлари остида шамол гувиллаётгандек, жисму жуссаси эса тобора енгил тортаётгандай учиб кетаверади.
Бу ғалати ҳолдан яқин-яқинларгача баҳри дили яйраганлигини ҳали-ҳамон энтикиб эслайди. Ўшандай кезларда: салом, тўлин ой!.. Мана, менман, деб ҳайқиргиси келганлиги ёдига тушиб, ҳали-ҳамон хуррам жилмаяди. Бироқ, бу ажабтовур ҳолни ҳеч қачон бировга айтмаган. Билади: айтса — ҳангоматалаблар эсарига йўйиб қўймасалар ҳамки, албатта кулишлари тайин. Дарвоқе, ўшанда нима учун ишком-чайла ёнидан саросар жўнаганлари боисини билолмаган, отаси эса дабдурустдан саросималанганлиги сабабини айтмаган эди.
Отасининг табиати ўзи шунақа: камгапроқ.
То хануз қўққисдан Бўйноқнинг ғаюрлик билан ер таталаганча, Мажнунтепа қабристонига қараб ёвқур ҳургани-ю, дафъатан отасининг кўзлари бежоланганлиги ҳамда ногоҳ ўзининг қулоқларига аллақандай садолар чалинганлиги сирини билолмайди.
Ҳа, гарчи таҳлика ичра бир кори ҳолни кутган эса-да, орадан бир йил ўтгунга довур ҳеч нима рўй бермаган эди. Кейин, роппа-роса бир йилдан сўнг, айни узум пишиги кунларида бири-биридан даҳшатлироқ бир неча воқеа устма-уст содир бўлган эди.
Ҳамон ўша кунлар ёдига тушган заҳотиёқ, О д а м ч а майдонликни кесиб ўтган ойдин кечадагидек, бирдан юраги олатасир ура кетди.

* * *

Пешин пайти эди, туйкус дарвоза очилиб, ҳовлига аввал қўнғиздек қоп-қора бир кучукча югуриб кирди-ю, тарвақайлаган тут остида мудраб ётган Бўйноқни кўриб, чўчонглаб ҳура бошлади: чав-чав-чав!..
Кучукча таниш эди: оти — Тозигул. Бўйноқ эринчоқлик билан ғуриллаб қўйди. Тозигул ҳуришдан тиниб, оғилхона айвони устунини ҳидлади. Сўнг, орқа оёқларидан биттасини кўтариб, устун пойини ҳўллади.
Шоир боғдан ўт териб келган, энди сўрида ўтириб, қулфак  сомса емоқда эди, онасига қараб:
— Ана, қовоғингиз учиб турган бўлса, жўги холангиз келди, — деди. — Туринг, кутиб олинг.
Зоҳир эса, шишиб кетган хаста оеғини сўри чамбараги устига қўйиб ётган эди, бир инграниб:
— Ана, жўга холангизнинг Тозигули аллақачон иш бажариб қўйди, — деди.
Она ўғилларини беозор койиди:
— Жим бўлинглар-э, мусулмонлар!..
Шу аснода, елкасига хуржун ташлаб, кўлига узун ҳасса тутган, баланд бўйли, қорапаранг, олтмиш ёшлардаги бир лўли хотин дарвозахонага туташ айвондан ўтиб, сўри сари илдам яқинлашаверди.
— Ассалом, Майрам хола!.. — деди она, иешвоз юриб. — Келинг… Хуш келдингиз. Майрам лўли хуржуни ҳамда ҳассасини ерга қўйиб, саломга алик олгач, атроф-теваракка бир қур кўз югуртираркан:
— Адол, молу жонинг соғми? — деди. — Бойингу бачаларинг эсон-омонми?
— Шукр, Майрам холажон. Сўрига чиқинг. Чалоб қилиб қўйибман. Муздеккина.
Майрам лўли қарс уриб:
— Тозигул!.. — деди.
Кучукча бесабр ҳовли исканиб юрган эди, зинғиллаб бориб, хуржун ёнида чўнқайди. Кейин, Майрам лўли сўрига чиқаётиб:
— Чориёрлар ҳақига, азиз авлиёю анбиёлар ҳақига қозон осиб, ис чиқар, Адол! — деди. — Кам бўлмайсан. Тавба гуноҳни йўққилар, садақа-балони!..
— Яратган Қодир эгамга эртаю кеч шукур қилиб юрибман-ку, Майрам хола.
— Ношукурлик — ёмон, лекин яккаш шукронангнинг ўзи камлик қилади. Билдингми?.. Сахий бўл, саховатли бўл.
— Ҳа, энди имкон қадар-да, Майрам хола! — деб, она Зоҳирни озорсиз койиди. — Ҳай, беадаб, нарироқ сурилсанг-чи!
— Қўй, ётаверсин, — деди Майрам лўли сўри чеккасига ҳорғин чўкиб. — Бачанг хаста-ку, Адол?.. Ҳа, туркваччалар! ..
Зоҳир чўзала тушиб ётган кўйи, хиёл сурилган бўлиб, «жўги хола»га алланечук бир қараб қўйди. Қуруқшаган лабларини қимтиди. Майрам лўли кафтларини ёйиб:
— Омин, Худоё худовандо шеримард жиловдоринг бўлсун, Адол… Бола-чақангни роҳатини кўр. Оллоҳу акбар! — деди.
— Илоё айтганингиз келсин, Майрам холажон!..
— Кўчангдан ўтиб кетаётувдим. Тозигулим дарвозангни олдида такқа тўхтаб, кирабиз, деди. Хай, кирсак — кирайлук, дедим.
Зоҳир беихтиёр пиқ этиб кулди. Она тағин унга нохуш чимирилиб:
— Ҳай, Зойир!.. — деди. Сўнг, Майрам лўлига чой қуйиб узатди. — Ҳамиша меҳмон учун дарвозамиз очиқ, Майрам хола. Кейинги пайтларда камдийдор бўлиб кетувдингиз ўзи.
— Бу йил Самарқандда қишлаб, Сурхондарёда амал-тақал билан баҳорни ўтказдук. Биласан-ку, жўги холангни оёғи боқаду, Адол! Мана, ёз… пишиқчилик. Кеча, хуфтон маҳали дайравотга келиб қўнганбиз.
— Олинг, бичак дан енг, Майрам хола, чойни қуруқ ичманг.
— Ейман, — деди Майрам лўли, чойдан ҳўплаб. — Оёғим тортмаган жойга кирмайман, кўнглим тусамаган жойдан туз тотмайман. Лекин, сан яхшисан, Адол. Дастурхонинг манга бегона эмас. Кўчангда ўзингга ўхшаган уч-тўртта дилтортарим бор. Бугун бир-бир дийдорлашиб чиқаман.
— Майли, муродингиз ҳосил бўлсин, Майрам хола.
Майрам лўли чой ичди, сомсадан еди. Сўнг, дабдурустдан бошини сарак-сарак қилиб:
— Айтсам — тилим куяди, айтмасам — дилим!.. — деди, негадир Зоҳирга бир неча бор суқ билан нигоҳ ташлаб. — Нега қош-қавоғинг беқўним учишини, юрагинг така-пукалиги сабабини айтайми, Адол?
— Рост, икки-уч кундан бери юрагим нимадандир безиллайдиган бўлиб қолган, — деди она. — Агар… агар ёмон гап бўлса айтманг, Майрам хола, керак эмас.
— Ёмонни билмай, яхшига етолмайсан… Бу дунёсига ҳаммамиз омонатмиз. Лекин, ман санга ҳакки рости айтар бўлсам, анави туркваччанг… санга омонат, Адол.
Бирдан ранг-рўйи бўзариб:
— Илоё тилгинангизга чипқон чиқсин-а, Майрам холажон! — деди она. — Бас қилинг!.. Ўзим сизга бир кўйлаклик асл либосдан олиб кўйибман. Битта қора товуқ ҳам бераман. Болагиналаримни дуо қилинг. Шугиналарим униб-ўссин, ўзидан кўпайсин.
— Қўрқма, бу дунёсининг ўзи аслида омонатхона, — деди Майрам лўли, парвосиз қўл силтаб. — Омонатини биров эрта топширади, биров кейин…
Она, юз-кўзлари асабий пирпираб:
— Агар яна битта ёмон гап айтсангиз, қарғайман лекин! — деди.
— Сўкавер, қарғайвер, Адол, — деди Майрам лўли, майин кулимсираб. — Сўксанг битим тўкилади, қарғасанг — гуноҳим… Лекин, ман — эсини танигандан бери тўғри гапини айтиб келаётган жўги холангман. Париларим шу пайтгача мани алдамаган, шу пайтгача чилтонларим манга панд бермаган. — Шундай деб, Майрам лўли тағин Зоҳирнинг жароҳати боғлаб қўйилган оёғига узоқдан разм солди. — Кўриб турибман, туркваччангнинг оёғига кизил жангалнинг тикани кириб, синиб қолган. Тўғрими, бачам?
Зоҳир илкис қаддини тиклаб, ихтиёрсиз ағраяркан:
— Рост… рост! — деди. — Ана, она, сизга айтувдим-ку! Майрам лўли эса шартта онага юзланиб:
— Адол, дарров бир тоғорача намакоб тайёрла! Хамирдан кил суғургандай қилиб, тиканни қўлингта олиб бераман ҳозир.
Зоҳир кескин бош чайқаб:
— Йўқ-йўқ, керак эмас! — деди — Қўрқаман… Она, керак эмас, оғритади.
— Э, жон десанг-чи, Зойиржон!.. — Она илдам ошхона томонга ўтаркан, Шоирга буюрди. — Бор, таванхонадан эски тоғорачани олиб чиқ, ўғлим.
Майрам лўли чакқон ўрнидан туриб, бахмал нимчасини ечди, рўмолини қайта турмаклаб боғлади, сўнг енгларини шимарди. Ҳаял фурсат ўтар-ўтмас, она намакоб тайёрлаб, ерга шолча ёзди, кўрпача тўшади, сўнг Зоҳирни чақирди:
— Кел, ўғлим… Имиллама!
Зоҳир инқиллаб сўридан тушаркан:
— Она, оёгимни ўзиз ушлаб турасиз, — деди эланиб.
— Қўрқма, бачам. — Майрам лўли кўрпачага Зоҳирни чалқанча ётқизиб, оёғидан докани ечди. Оёқнинг ҳам ости, ҳам усти шишиб, жароҳат маддалаб кетган экан. — Бай-бай, қандай чидадинг-а, турквачча?! — дея Майрам лўли жароҳат теварагини силаб-сийпалади. Сўнг, секин оёқни намакобга ботира бошлади. — Куйдирмаяптими?
— Йўқ, билинмаяпти, — деди Зоҳир.
Бир оздан сўнг, оёқни намакобдан чиқариб, Майрам лўли алланималарни пичирлаган кўйи, жароҳатга куф-суф қилгач, тағин намакобга соларкан:
— Адол, энди сан жиндай кийиз куйдириб кел, — деди.
— Ҳозир опкеламан, Майрам холажон, ҳозир!.. Тағин орадан хиёл фурсат ўтди.
Майрам лўли авайлабгина Зоҳирнинг оёғини кафтига қўйиб, такроран жароҳатни силаб-сийпалай бошлади. Мадда янаям шишиб, янаям билқиллаб қолган эди.
— Оғриёптими, бачам?
— Йўқ, сезмаяпман, — деди Зоҳир.
Майрам лўли хониш қилаетгандек босиқ оҳангда пичирлаб:
— Мани қўлим эмас, Луқмони Ҳакимнинг қўли, мададкор биби Гулёр паримнинг қўли… Куф! — дея бармоғи билан тилиб юбордими ёки мадданинг ўзи ёрилдими, тоғорачага йиринг аралаш қон чакиллаб тома бошлади. — Ана бўлди… Яна бирпас жим ётасан.
Ҳамон Шоир киприк кокмай, барча хатти-ҳаракатни кузатиб ўтирган эди, анграйиб қолди: Зоҳир лоақал қилт этмади-я!
Шу пайтда она шошилинч пилдираб, бир парча дока ҳамда темир товоқчада кигиз сўхтаси келтирди:
— Мана, Майрам холажон…
Ногоҳ, Зоҳир тишларини ғич қилиб, бақириб юборди:
— Во-аҳ-ҳ-х!..
— Жим, турквачча, жим!.. Ана, томоша тамом. — Майрам лўли тишковлагачдан хиёл нозикроқ бир тиканни бармоқлари учида тутиб онага узатди. — Ма, кўриб қўй акун.
Тиканни қўлига оларкан, беихтиёр пешонаси тиришиб, она бош чайқади:
— Болам бечорагина-я! Роса азоб ебсан-ку, Зойиржон. Умригинанг узоқ бўлсин-а, болажоним!..
Зоҳир маънодор, меҳрчан қараб қўйди. Индамади. Майрам лўли жароҳатга сўхта босиб, дока билан боғлаб қўйгач:
— Манга чап қўлингни чўз, — деди. Ва, унинг кафтига узоқ тикилиб, негадир паришон бош ирғади. — Акун шу офтобрўяда ухла. Юм кўзингни!
Зоҳир итоаткорлик билан кўзларини юмди.
Хиёлдан сўнг Майрам лўли вазмин ўрнидан туриб, сўрига яқинлашди. Омонат чўнқайди. Онага саволчан тикилди: айтайми, Адол?
— Ҳа, нима учун жим бўлиб қолдингиз, Майрам хола?
— Адол, ман санга айтсам… шу ҳафта ичи бошингда бир кўргилигинг бор.
— Яна бошладингизми, Майрам хола!.. Шошманг ахир, Майрам холажон, нафасимни сал ростлаволай.
— Гапимни бўлма акун!.. Кулоқ сол: кўзимга бир боғ кўринаёпти. Боғ ўртасида бир ишком-чайла…
Бирдан Шоир ҳаяжонланиб:
— Она, рост! — деди. — Ахир, у — ўзимизнинг чайла-ку!
— Ман санга айтсам… ана ўша чайла ёнида ўғлингга бир фариштанинг назари тушган.
Беихтиёр Шоир энтикди, жим қолди.
— Тикан ҳам ўша ерда оёғига кирган, — деди Майрам лўли. — Ана, ишонмасанг ўғлингдан сўра.
Дабдуруст бесабрлик билан она:
— Зойир? — деди. — Зойиржон?!
— Ўғлинг ухлаёпти, Адол, — деди Майрам лўли алланечук кулимсираб. — Уйғонганидан сўғин сўрайсан.
Чиндан ҳам Зоҳир аллақачон ухлаб қолган, бир маромда пишиллаб нафас олмоқда эди. Негадир она шитоб Зоҳир ёнига борди, бир зум термилиб турди, сўнг чаққон уйга кираётиб:
— Шоиржон, югур, катакдан битта қора товуқ тутиб чиқ! — деди. Оғилхона ортига Шоир югуриб ўтди-ю, зумда бир қора товуқни қақоғлатиб кўтариб қайтди.
Майрам лўли товуқни қўлига олиб:
— Дидинг бинойи-ку, турквачча! — деди. Сўнг, шартта дастурхон четида турган пичоқ билан товуқнинг шалпайган тожисини тилиб, Зоҳирнинг жароҳати боғланган докага бир неча томчи қон томизди. Кейин, кафтига бир оз қон оқизиб, аввал Зоҳирнинг бошига, сўнгра, қўярда-қўймай, Шоирнинг ҳам бошига суртди. — Бунинг кароматини кейин биласан, нодон!..
Шу пайтда она уйдан иккита нон ҳамда бир кўйлаклик газлама чиқариб узатаркан:
— Мана, Майрам холажон, бу пулниям олиб кўйинг? — деб, эланди. — Болаларимни дуо қилинг! Шугиналар ортимизда қолсинлар, илоё доғу ҳасратларини кўрмайлик.
— Арзингни Оллоҳ эшитгай, Адол, — деб, Майрам лўли газлама билан нонни ҳамда товуқни хуржунга солди. Сўнг, нимчани кийиб, тағин кафтларини ёйди. — Адол!.. Омин, азиз авлиёю анбиёлар сани кўллаб, фарзандларинг умрини зиёда қилсин. Бойинг билан қўша пиру бадавлат бўлғайсан. Оллоҳу акбар!..
— Омин, илоё айтганингиз келсин, холажон!.. Агар йўлингиз тушса, эртагаям киринг!
— Майли… — Майрам лўли хуржунни елкага осиб, ҳассасини дуқ-дуқ ерга урди. — Агар эртага келолсам, санга бир ривоят айтиб бераман. Зўр ривоят!
Беихтиёр Шоир бетоқат бир ҳаяжон билан:
— Ҳозир айтинг, жўги хола! — деди ялиниб. — Айта қолинг, жўги холажон?
— Эртага, турквачча, эртага!.. Адол, Худойим бачаларингди барининг умрини зиёда қилсин, лекин ман санга айтсам, шу ўғлинг зўр одам бўлади. Кўрасан!.. Хайр, омон бўл, Адол!
— Хайр, Майрам холажон!..
Майрам лўли Тозигулни эргаштириб, шахдам ховлидан чиқиб кетди. Аммо, нима учундир Майрам лўли эртаси келмади. Индини, чошгоҳ махали ота эшакка икки челак мева-чева юклаб, лайравотга йўл олди.
Ота қўналғага борса, бузиб кетилган чайлалардан қолган парча-пурча лахтагу коғозлар шамолда тўзғиб, ўчокдарда чала ёнган ўтинлар тутаётганмиш.

* * *

Ҳа, ўша куни, — Майрам лўли чиқиб кетганидан сўнг, — ниҳоят, ҳушига келгандек, она бир мудцат Зоҳирга ўйчан термилиб турди. Зоҳир жиққа терга ботиб ухламоқда эди. Она шолчага мунграйиб чўкди. Сўнг, унинг пешонаси, юзларидаги терларни оҳиста артаётиб:
— Шоир, бор, болам, — деди. — Жўги холангдан эшитганларингни оширмай-яширмай отангга етказ. Ҳаяллама!.. Намозгар эртароқ қайтинглар.
Шоир дастурхонга ўроғлик қулфак сомса, бир машрапа айрон олиб, боққа жўнади. Саросар етиб боргач, ҳамма гапни отасига айтди. Ота, бирдан юрак-бағрига ўт кетгандек, муздек айрондан симириб:
— Уканг ҳалиям ухлаб ётибдими? — деб сўради.
— Ухлаяпти, — деди Шоир.
Бир оз жимликдан сўнг, ота ғудраниб:
— Ақл бовар қилмайди-я!.. — деди. Кейин, таъкидли назар билан тикилиб, тайинлади. — Укангни ёлғизлаб қўйма, ўғлим!
Шоир бош ирғади: хўп бўлади!..
Ота ойболтани белбоғига қистириб, қўлида токқайчи, бошини қуйи эгганча, Мажнунтепа томонга секин юриб кетди.
Шоир дастурхонни айвон ҳавозасига осгач, беданаларнинг сувдонига сув куйди. Кейин, ўрокли олиб, бокқа кирди. Ўт тераётиб, отасининг негадир хавотир билан тайинлаган тошнирига хаёлидан кечди: демак!.. Ва ногоҳ, атиги бир йил эмас, гўё аллазамонлар тушидами ёхуд хушидами рўй берган ўша ғаройиб воқеа ёдига тушиб, яна кўз ўнгида таниш манзара ёрқин намоён бўлди: ана, майин овозда кимдир чақиряпти… Ана, қабристон пастқамлигида ўликлар базми. Ана, Одамча!..
Бехос қулоқлари остида Одамчанинг алланечук чўзинчоқ овози эшитилаётгандай туюлди:
— …Одамзод умр бўйи осмонга талпиниб яшашини сен ҳали билмайсан-да, болакай! Аршу аълода қандай мавжудотлар борлигини, улар нима ишлар билан машғуллигини одамлар жуда-жуда билгилари келади, лекин ҳеч қачон билолмайдилар. Агар сен ҳозир мен билан кетсанг, кўп сирларга ошно бўласан, учиб-кезиб юрасан. Маза!..
Хаёлчан алфозда Шоир ўтларни ариқча бўйида чош қилиб, устига ўтирди. Ҳаво иссиқ, терлаб кетган эди, терларини артаётиб, ишком-чайла томонга қаради. Қарадию, ҳайратдан анграйиб қолди: ий-э, чайла қани?!.
Шоир дик этиб ўрнидан турди: негадир ишком-чайла йўқ…Кўринмайди.
Ота эса ўша атрофда куймаланиб юрарди.
Беихтиёр кўксига бир ваҳм ўрлаб, Шоир:
— Бўйноқ! — деб қичқирди. — Бўйноқ?!
Бўйноқ теракларнинг намчил соясида мудраб ётган эди, бир зумда етиб келди.
— Қарамайсанми ахир, чайлани бузиб кетишибди-ку! Югур!..
Гўё фармойишни тушунгандек, Бўйноқ ариқчадан сакраб ўтди. Шоир илдам итнинг изидан эргашди. Яқинлашаркан, отаси чайла ёғочларини йиғиштираётганлигини кўриб:
— Ҳа, ота, чайлани нима учун буздингиз? — деб сўради.
Ота белидан белбоғини ечиб, пешонасию юзларини ҳорғин сийирган кўйи:
— Ана, шийпон бор-ку, ўғлим, — деди. — Етади ўша.
Жавобдан қаноатланолмай, баттар Шоирнинг таажжуби ортди: нега ахир?! Ё чиндан ҳам бирор нимани пайқаганмиканлар-а?..
— Ота, чалоб келтирайми?
— Кетамиз, — деди ота, узум тўла саватни кўтариб. — Бу ерда қиладиган ишимиз қолмади энди, ўғлим.

* * *

Намозгар она, кўзлари жиққа ёшга тўлиб, маломат билан қарши олди:
— Барака топинг, отаси, кечинг баҳридан ўша боғнинг!
— Эсинг жойидами ўзи!
— Хўп… сиз эслик бўла қолинг, отаси. Ўтган йили Шоирингиз айтганида ишонмовдингиз, Зойир айтганда ишонмадингиз. Ахир, бугун Майрам холаям ўт тушгур ўша беҳиштий ишком-чайлангизни тилга олди-ку!..
— Фолбинда, валақлайверади. Нима, ҳамма гапига ишонаверасанми ахир. Бор, калламни қотирма!
Шоир онасини юпатгиси келиб:
— Она, чайлани буздик, — деди. Негадир, бирдан кўзлари каттариб, она:
— Буздингизлар?!. — деди. Сўнг, юз-кўзларида аллатовур бир майин табассум жилоланди. — Ажаб қилибсизлар!.. Отаси, манга қаранг, энди ўша ерда битта қўй сўйиб, Қуръон ўқитсангиз?
— Э!.. — деди ота, чимирилиб. — Зойиринг яхшими ўзи?
— Яхши. Кўчада ўйнаб юрипти… Отаси, енгмишлик қилманг, битта қўй болаларингизнинг бошу кўзидан садаға. Жон отаси, йўқ деманг?
— Қўйлар сал семирсин хай.
Отанинг пичинг қилаётганини тушуниб, она қаҳр билан: — Билиб қўйинг, бугундан бошлаб болаларимни боққа боргани қўймайман! — деди.
— Йўқ! — деди Шоир. — Зойирингиз бормаса бормасин. Лекин, мен шийпонда отам билан ётаман.
Кейин она ялинчоқ оҳангда:
— Билмайман, ўз-ўзидан юрагим кўйишгани кўйишган, — деди зорланиб.
— Бежиз эмасдир ахир, отаси! Раҳмингиз келсин мундай?..
— Майли, — деди ота, ниҳоят ён босиб. — Агар эртага Майрам холанг келса, боғдан мениям чақиртир. Чилдирмасини чатдириб, ўзим бир фол очтирай қани.

* * *

Пешин. Ота, кеча дайравотдан хомуш қайтганидан сўнг, уйда бамайлихотир ўтиролмай, боққа келган, негадир, кечқурун овқатлангани ҳам бормаган; мана, боягина тушлик қилиб, энди шийпон айвонида мудрамоқда эди.
Зоҳир, Фозил, ўзи — учовлашиб, Бўйноқни эргаштирган кўйи, Тегирмонариқ ёқалаб, қумлоқ йўлдан хандон-хушон гурунглашганча, Мажнунтепа томонга ўт тергани боришяпти. Дабдурустдан Майрам лўлининг қаёққадир ғойиб бўлганлигини билгач, она ҳам, ота ҳам Зоҳирга ёлғиз юришни ман этган, шу боис, бирга ўт тергани Фозил жўрасини ҳамроҳ қилиб келган эди.
Фозил кеча окшом бригаданинг дала шийпонида «Чапаев» киносини кўрган экан: оғир яраланганига қарамай, ўқ ёмғири остида, қондай қип-қизил дарёдан Чапаевнинг сузиб ўтганлигини завқ-шавқ билан ҳангома қилмоқда эди.
Атроф-теваракда дилкаш бир сокинлик ҳукмрон… Адл теракларнинг барглари оҳиста шитирлайди. Аҳён-аҳёнда, у ер-бу ерда чигирткалар эринчоқлик билан чириллаб қўяди.
Бир маҳал…
Ёпирай, ҳаммаси бир зумда рўй берди-кўйди: бирдан Бўйноқ таҳликали ғуруллаб, ура узумзор сари қочди. Айни шу баробарида Зоҳир аллакимгадир дарғазаб ўқталиб:
— Онангни!.. — дея шитоб оддинга югурди. — Ҳозир кўзларингни ўяман сани!.. Дафъатан Фозил нималар содир бўлаётганига тушунолмай-англаёлмай, ҳадик аралаш ялт этиб Шоирга қаради: жин чалдими уни?! Шоир эса жонҳоври:
— Бўйноқ, бос! — деб бақирди. — Бўйноқ!!.
Гўё биров бўйнидан судраётгандек, узумзорда Бўйноқ олдинги оёқларига тираниб, тишларини ёвқур иршайтириб турар, кўзлари хонасидан отилиб чиққудай чақнар эди.
— Зойир, қайт! Орқага қайт, укажон?!
Ногоҳ, жин кўчган каби аллақачон қумлоқ кўчада дуваланг кўтарилган, тераклар эса томир-помири билан қўпорилгудай карсиллаб шовулламоқда эди.
Ҳаял ўтмай, қуюн ичра Зоҳир кўздан ғойиб бўлди.
Шоир жон-жахди билан ўкириб, қуюн томонга отилди. Етиб боргунича, дуваланг тиниб, қуюн босилди. Ва, кўзларига ишониб-ишонолмай, бир лаҳза Шоир ҳайкалдай қотди-қолди: ука қумга беланиб ётар, пешонасида бир томчи қон йилтирамоқда эди.
— Зойир… Зойиржон! — Шоир беҳуд энгашиб, укани кифтидан кўтарди. Зоҳирнинг боши шилқ этиб осилди. — Ука… укажон! — Ва, беихтиёр Шоирнинг бўғзидан аламнок бир инфок отилиб чиқди. — Ота-а!.. Отажооон!..
Кўнгли сезганми, ота, ер багарлаган узумлар оша сакраб-сакраб, елиб келмоқда эди.
— Ота, укам-укам!..
Отанинг ранг-рўйи сурпдек оқариб кетган эди, дафъатан тили калимага айланмай, аста чўнқаяркан, Зоҳирни бағрига босди, қўли қалтираб, юзларини силади, сўнг:
— Ўғлим, оч кўзингни, ўғлим? — деди овози хирқираб. — Зойиржон, болажоним!..
Шу пайтда Бўйноқ гуноҳкорона чингсиб яқинлашди, секин бўйнини чўзиб, Зоҳирнинг оёқларини ялади, сўнг, осмонга қараб, чўзиб-чўзиб увлай бошлади.

* * *

Тун қоронғилиги чулғаётган ётоқ бўлмада Шоир кўзлари жимирлаб, газетага тикиларкан, тағин бот-бот осмонга руҳан талпинган дамларини энтикиб эслаб, одамзод табиатнинг энг олий мавжудотими ёки янаям олийроғи бормикан, деб ўйлади: бор… Бўлса керак. Бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди. Бинобарин, жон — руҳ бор-ку ахир!.. Эҳтимол, руҳлар янаям олийроқ мавжудотлар учун озуқа ёки эрмак манбаидир. Ва ногоҳ, яна хаёлида олис ўтмиш манзаралар ёрқин намоён бўлаверди: ана, О д а м ч а бармоғини ҳавога нуқиши билан токнинг тилларанг барглари ловуллаб ёна кетди… Ана, бирдан укаси аллакимгадир ўроқ ўқталиб, қуюқ қуюн ичра рўедай кўздан ғойиб бўлди… Ана…
Тавба, тушию ҳуши бу қадар қоришиғ-эй!.. Тушми, ҳушми — ҳар не бўлсаям, ҳаммаси аниқ-тиниқ ёдида эканлиги ғалат. Тағин Одамчанинг алланечук чўзиқ овози қулоғида аксу садо бериб жаранглаётгандай туюла бошлади:
— …Эрта бир кун… ёлғончиларга дуч келиб ўртанаверасан, зор-зор қақшаб ҳамдард излайсан-у лекин тополмайсан. Таъмагирлар… манфаатпарастлар… таъқиблар… ғалваю ғурбатлар…
Ажаб, ҳаёт — кун билан тун бетиним чархпалақдай айланаётган қўналғами ёки хиёнату диёнат бетўхтов курашаётган бир томошахонами — нима ўзи? Нега томошахона, кимлар учун томошахона — янаям олийроқ мавжудотлар учун эмасмикан мабодо?.. Наҳотки, одамзод нима учун дунёга келгани-ю, нима учун дунёдан ўтарини билолмай кетса?!
Ўзи шу ёшга етгунига довур, шу даражага эришганига кадар не-не уқубатларга, қанчадан-қанча хиёнатларга дучор бўлди. Агар умрининг давоми ҳам уқубатлару хиёнатлар ичра кечар бўлса… Қарама-қаршиликлар курашининг бирлиги — ҳаётдир, деганлари шуми-ё? Кураш?.. Хўш, кўрар кўзидай, ширин жонидай укагинаси нималарга қарши, кимларга қарши курашда нобуд бўлди? Ахир… қани мантиқ?!. Наҳотки, рост бўлса?!.
Ногоҳ, эшик очилиб, остонада қизи кўринди:
— Дада, овқат пишди. Онам айтдила, пешайвонга чиқармишсиз. Пешайвонда чироқ заъфарон нур таратар, хона ичи эса нимқоронғи эди. Газетани ғижимлаб, хомуш ўрнидан тураркан, Шоир ҳамон хаёлида жавобсиз бир савол беқўним чарх ураётганини идрок этди: наҳотки, рост бўлса — хўш, нима росту нима ёлғон?