Нормурод Норқобилов. Яккасув (ҳикоя)

Агар бу гап ўтган куни айтилганида эди, ярим соатча бурун шаҳарга жўнаб кетган Тиркаш тоғаси билан қуюқ хайр-хўшлашиб, эндигина картошга чопиққа тушган Мирза ҳадаҳа ғазаб отига минган ва уни беаёв қамчилаганча, “ким экан у зўр”, дея “наъра” тортган бўларди. Аммо бу сафар ўзини қора тортиб келган жўраларини таажжуб тўрига чирмаб, одатдагидек, “наъра” тортмади, қўлларини мушт қилиб сўкинмади, пайкал четидаги ариқ бўйига, ўрик кўланкаси остига чўка-чўка, гўё энди кўраётгандек, уларга бошдан-оёқ бир-бир назар ташларкан, худди кўпни кўрган катта полвонлардек, ўта босиқлик билан “ҳим-м” деб қўйди. Бу қилиғи билан шусиз ҳам тутаб турган йигитларнинг баттар хунобини ошириб юборди. Ана, бири буйтиб тўнглаб ўтиришинг нимаси, тезроқ қимирласанг-чи, дея сўкиб берди. Бири эса уни кесакка менгзаб, ўзича устидан кулган бўлди. Бироқ у ўз шаънига нисбатан айтилаётган гап-сўзларга эътибор бермади, назарида, қаршисида аллақачон йигирмани ҳатлаб қўйган эса-да, ҳалигача ақлини тўхтатмаган жўралари эмас, бурнидан мишиғи аримаган ёш болалар тургандай ва кўп эмас, жиндеккина сабр ҳамда бир-икки оғиз ширин сўз билан уларни осонгина ҳовуридан тушириш мумкиндек пинак бузмай ўтираверди. Ўз навбатида, ўзининг кутилмаган бу қадар совуққонлигидан ҳайрати ортиб, дам-бадам энсасини қашлаб қўярди. Ахир илгари, уни тезроқ қўзғаш мақсадида, жўралари томонидан кўп ҳолларда атайдан айтиладиган ўша таниш қутқу – “зўринг бўлса, опкелавер деди” ёхуд “дейишди”, деган гапни эшитиши ҳамон ғазаби жўшиб, дарров уларнинг олдига тушарди-да. Ҳозир эса қошида депсиниб турган жўралари қатори, ушбу хитобни айтмоққа журъати етган ғаним томон ҳам унга сабий туюлмоқда эди. Шу боис, юз берган можаро сабабини эмас, ўзидаги ғайритабиий босиқликни назарда тутиб, беихтиёр тарзда тўнғиллади:
– Нима гап ўзи?
– Ия, боядан бери қулоғингга танбур чертаяпмизми? – деди йўқ ердан можаро қидириб, доим жанжал қўзғаб юрадиган Зокир чатоқ деганлари ер тепиниб. – Айтдик-ку, айритомликлар бизни ер қип ташлашди деб. Борсак, Яккасувни бутунлай ўзиники қип олишибди. Бизга тегишли тошўчоққа қозон осиб, ўзларича маёвка қилишаётган экан. Ҳа, девдик, худди кетга тепгандай қилиб, бизни ҳайдаб солишди. Камига, зўринг бўлса опкелавер, истаганинг билан гаплашиб қўямиз дейишди.
Бу гапни такрор эшитгач, Мирзанинг ичига ўт тушган эса-да, тезда ўзини босди. Дам-бадам тилга олинаётган Яккасув тўғрисида эмас, унинг кунчиқиш тарафидаги чўнг тепа бошидан ўрин олган кўҳна қабр ҳамда жанубдаги қўшни тизма бағрида жойлашган тор оғизли, кенг ўзанли қоронғи ғорни кўз олдига келтириб, қишлоқда “тарихчи домла” деган номга эга бўлган Тиркаш тоғасининг саъй-ҳаракати туфайли куни кечагина юз очган кўҳна тарих хусусида ўйларкан, тоғаси каби мийиғида кулимсираб, сокин бир оҳангда, сизлар аввалига буни эшитинг­лар, дея ушбу тарих хусусида сўзлаш истагини туйди. Бироқ қошида гувраниб турганлар унинг ҳикоясини эшитадиган аҳволда эмас, шу тобда уларни на кўҳна қабр тарихи, на элда оддийгина “камар” деб аталмиш, қоронғи ғор қаъридан топилган сир-синоат қизиқтирарди. У босиқлик билан дўстлари юзига таассуф-ла боқаркан, туйқусдан кўнглига шумлик оралади, буйтиб тўнглаб ўтиришимнинг боиси, куни кеча Тиркаш тоғам ҳидини олган камар тубидаги хазинага, у киши қайтиб келмасдан бурунроқ эга чиқиш ўйи ва ташвишидаман, дегиси келди. Агар шундай деяр бўлса, зумда қошида жон асари қолмайди – интиқом ўтида ёнаётган жўралари Яккасувни эгаллаб олган ғанимни паққос унутган ҳолда умрида яқинига йўлаб кўрмаган ўша ғор томон ими-жимида жўнаб қолишлари та­йин. Бунга унинг ишончи комил эди. Ахир кеча тоғаси шу ҳақда сўз очганида, ўзи эмасми, ўпкасини қўлтиқлаганча унга “дум” бўлган.
Бундан аввалги ташрифлари давомида, қитмир кимсалардан бирининг таъбири билан айтганда, ўтган асрнинг йигирма-ўттизинчи йилларига оид “тирик ёдгорлик” сифатида ҳануз тупроқдан ташқарида ғимирлаб юрган айритомлик Санақул оқсоқол ҳамда ёш жиҳатдан ундан сал берида бўлган яна бир-икки чолни ўзига яқин ҳамсуҳбат тутиб, ялтироқ тугмачали қалин, қора дафтарига алланималарни қайд қилиб юрган тоғаси бу гал келишида, тўсатдан бирон-бир кимсанинг хаёлига келмайдиган ғорга бормоқни ихтиёр этиб, ўзига ишончли ҳамроҳ сифатида Мирзани танлади. Бироқ тоғанинг бу истаги жиянига унчалик хуш келмади, манглайи тиришиб, энсаси қотди. Шунда бу каби суҳбатларда ҳар қандай ҳазил-ҳузилни ўзидан ўта йироқ тутадиган тоға тиззаси устидаги қора дафтарни маънодор чертиб, зиёлиларга хос сокинлик билан деди: “Мендаги баъзи бир маълумотларга кўра, у ерда хазина яширилган экан, наҳотки бу нарса сени қизиқтирмаса?” Бу гап тоғанинг оғзидан чиқиши билан Мирза деганларига дарров жон кирди ва айтилган керакли анжомларни бир зумда елкага осиладиган чоққина қопга жойлаб, унга эргашди. Йўл бўйи юраги ҳаприқиб, ғорнинг қоронғи пучмоқларидан бирида уюлиб ётган ялтироқ тилла танга ва буюмларни кўз олдига келтириб, ўзича ширин орзулар уммонида гувраниб борди.
Аммо унинг ғайрати тошган сари, тоға ошиқай демасди. Бу етмагандек, Яккасувга етганда, бир муддат нафас ростлаш ўйида оёқ илишига нима дейсиз. Бу ҳолдан Мирзанинг жисми-жони тутаб, теваракка дилгир-дилгир тикилади, ич-ичидан ғижиниб, ғашланиб-ғашланиб боқади. Аммо меҳмон ҳурмати чарс феълини намойиш этмоқдан ўзини тияди. Боз устига, тоғаси, бошқа хешларидан фарқли ўлароқ, илм одами – ўзига яраша сусти бор, ким билан мулоқотда бўлмасин, ҳамиша андишага жиддий амал қилади, ҳуда-беҳуда гапиравермайди. Мабодо куракда турмайдиган бирор-бир қилиғингни сезиб қолган тақдирда ҳам, бошқалардек тергаб-сергаб, панду насиҳат қилиб ўтирмайди, норозилигини нимтабассум қатига бекитиб, шундай бир қараш қиладики, пировардида, қочгани жой тополмай қоласан киши. Ана, ҳозир ҳам Яккасувнинг ночор рафторидан оғриниб, қошлари тугун тортиб ўтирган эса-да, ҳалигича бу тўғрида бир оғиз чурқ этганича йўқ, бу туришида, этмаса ҳам керак.
Агар шу ўринда, Яккасувга андак таъриф бериб ўтадиган бўлсак, бу сўлим гўша тоғолди кенглиги бўйлаб бир-бирига бақамти тушгани ҳолда шимолий текисликдан жанубий дўнгликларга қадар чўзилиб кетган тўрт чақиримли икки қир орағидаги узун ва энсиз водийнинг қоқ киндигидан ўрин топган. Турли дов-дарахтлар зич ўсган мўъжаз бу макон кўклам ёмғирлари тиниши билан тезда сарғиш тус оладиган қир табиатидан кескин фарқланиб, мисли яшил нуқтадек олис-олислардан баралла кўзга ташланиб туради. Ушбу яшил нуқта марказида қад ростлаган қадим тут пойидаги ягона қайнарбулоқ важидан бу манзил “Яккасув” деб аталади. Дарвоқе, тоғанинг дилтанг тортиб ўтиришига келсак, тут остидаги сайҳонликнинг хийла орасталигини назарда тутмаганда, теваракдаги буталар ораси келиб-кетувчилар томонидан ташлаб кетилган турли елим идишлар, шиша, халта-хулта ва бошқа шу каби майда-чуйда чиқиндиларга тўла эди. Сайҳонликнинг икки чеккасида қўнқайган тошўчоқлар гирдида эса чала ёнган ўтин ва шох-шаббалар сочилиб ётарди. Бу хил нохуш манзарага кўниккан Мирза бундан ранжишни хаёлига ҳам келтирмас, унинг бор ғашлиги булоқ бўйида ҳануз хаёлга чўмиб ўтирган тоғасидан эди.
У ҳадеганда ўрнидан қўзғалавермагач, Мирза бир жойда тек туролмай, бехос димоғига чалинган нотаниш ҳиддан хавотирланиб, ўз ҳудудини кўздан кечираётган айиқдек, майдон бўйлаб изғишга тушди. Сайҳонликнинг жануб қисмидаги тошўчоққа етганда, тўхтаб, бута новдалари орасидан икки чақирим нарида, қирлар оралиғида қорайиб турган Айритом қишлоғига бир муддат адоват-ла назар ташлаб турди-да, сўнг ўнг оёғи учи билан енгилгина турткилаб, ушбу қишлоқ йигитлари томонидан яқиндагина қайта тикланган тошўчоқни бузиб ташлади. Шимолий ўчоққа, яъни ўз қишлоғи Бештошга тегишли тошўчоққа эса қотинмади. Яккасув тенг оралиқда жойлашган бўлишига қарамай, икки қишлоқ ёшлари ўртасида доимо талаш, “бизга, йўқ, сизга эмас, бизга товин”, дея дам-бадам улар орасида чақин чақнаб туради.
Бу орада тоға илкис оёққа қалқиб, тағин жимгина йўл бошлади. Бироқ жиянини ажаблантириб, ғор томонга эмас, қаршидаги чўнг тепалик сари юрди.
Кўп ўтмай улар тепалик яғринидаги гирди ва тепа қисмига япалоқ тошлар терилган кўҳна қабрга рўпарў бўлишди. Мирза қабрдан берида чўккаларкан, паст овозда қуръон тиловат қилишга тушган тоғасининг бу қилиғидан ажабланмай қолмади. Боиси, мазкур қабр ерли аҳоли учун алоҳида эъзоз-эътиборга молик эмас, тепалик пойидаги ёлғизоёқ сўқмоқдан онда-сонда ўтиб қолганлар, таомилга кўра, йўл-йўлакай шунчаки юзига фотиҳа тортиб қўйишларини демаса, бу кимнинг қабри, нечун у ёлғиз, бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўрмайди, яъни кишилар ён-атрофдаги қирлар, қирлар ортидаги виқорли тоғлар ёхуд Яккасувнинг мавжудлигига кўниккандай, бу якка қабрга ҳам кўникишган.
– Ана энди ғорга, жиян.
Қишлоқдан чиқишганидан бери тоғанинг айтган бирдан-бир гапи шу бўлди. Мирзанинг бу кимнинг қабри, деган саволи эса дили ва тили учида қолаверди. Тоғанинг наҳотки, шуниям билмасанг, деб қолишидан хижолат тортиб, соядай унга эргашди.
Бироқ ғорга етиш у қадар осон эмасди. Бунинг учун қирли кенгликдан аразлагандай, тоғларга бақамтироқ қад ростлаган қўшни тизмагача бўлган пасту баландликлардан ошиб ва айланиб ўтиш лозим эди. Бу йўл тоғага ўхшаш жуссадор кишиларга анча қийин, аммо Мирза каби тоши енгилларга осон, айниқса, хаёлида тилла тангалар жилваси ёниб турганида. Энди унинг бор-йўқ ташвиши анжомлар солинган елкасидаги чоққина халтадан эди. Ғордаги хазина унга сиғармикан? Шошганидан каттароқ идиш олмаганини қаранг-а!
– Неча қоп экан, тоға? – деди охири чидаёлмай.
– Нима “неча қоп?”
– Хазинани айтаман…
– Ҳа-а, уми… кўп эмас, бир неча қоп… – Тоғанинг овози чексиз саҳрода ҳадеб саробга дуч келаверишдан чарчаган одамнидек беҳис – завқ-шавқдан йироқ, ғоятда қуруқ эди.
Бу ҳол Мирзага жуда малол келди: “Тавба, хазина топган одам ҳам шунчалик бепарво, шунчалик совуқ ва лоқайд бўладими!” Сўнгра ўзича уни оқлаган киши бўлди: “Қўли очиқ, сахий одам-да, мол-дунё деганини кўпда писанд қилавермайди”. Бу борада у қисман ҳақ эди, Тиркаш тоғаси қишлоқдаги аксарият хешлари сингари режали эмас, ҳар гал қишлоққа бир дунё совға-салом билан ташриф буюраркан, баъзан, катта йигит бўлганингда қайтарарсан, дея жиянлари қўлига пул ҳам тутқазади. Мухтасар қилганда, неча йилдирки, вилоят марказидаги олий ўқув масканларидан бирида ёшларга таълим бериб келаётган бу одам мурувватли ва жигарчил бўлишдан ташқари, онда-сонда тарихий мавзуда катта-кичик китоблар ҳам чоп эттириб туради. Бироқ ночор жиҳати шундаки, қишлоқдаги хеш-ақраболари у ёзган китоблар билан бир-икки кун ўзларича мақтаниб, фахрланишиб юришади-ю, лекин бирортаси ҳам ўқишга ҳафсала қилмайди, жумладан, Мирза ҳам. Тоға буни яхши билади шекилли, ҳеч қачон, ўқидингми, деб сўрамайди. Мирзага ўхшаганлар эса айни шу саволга рўпарў келишдан чўчиб, доимо тоғадан йироқроқ юришга уринади.
– Ўҳ-ҳу! – кутилмаганда тоға нидо қилди.
– Оёқ остидаги турли тиканак ва тепадан қулаган қоятошлар оралаб, унинг изидан келаётган Мирза бошини кўтариб, аввал тоғанинг ташвишманд афтига, сўнг қаршисидаги тик қияликка назар ташлади ва кўзларини аланг-жаланг қилганича, ғор оғзини қидира бошлади. Узоқ-яқиндан кўпам кўзга чалинавермайдиган ғор оғзи тахминан икки юз қулоч тепада, мўжрайган қатрон дарахти тагида ташландиқ бўри инидек қорайиб турарди. Бу яқин ўтган давр ичида одам боласи қадам босмаганлиги рафторидан яққол сезилиб турган қиялик юзи турли бута ва қоятошлар билан безанган бўлиб, ора-сирада иссиқ-совуқдан чатнаган тошлардан юзага келган ва оёқ қўйилиши билан қуйига селдай оқувчи ушоқ тошли майдончалар ҳам кўзга ташланарди. Тоға бежизга ташвиш тортмаган, ғорга кўтарилиши учун катта куч ва эҳтиёткорлик талаб этиларди.
Дастлаб йўқ сўқмоқни кўз билан қидириб, пича туриб қолишди. Сўнг Мирза ташаббусни ўз қўлига олиб, дадил бетга тирмашди, изидан тоға эргашди.
Улар бута новдаларидан тутиб, йўлда учраган қоятошларни айланиб, майда тошли майдончаларда юз бора сирпаниб, бир амаллаб ғор оғзидаги энсиз сайҳонликка етиб келишганда, тоға ғарқ терга ботган, ёш бўлса-да Мирзанинг аҳволи ҳам уникидан пеш эмасди.
Мирза қоядан туртиб чиққан кулранг тошга суянганча, базўр нафасини ростлаётган тоғага ачингандек бир қараб қўйди-да, кейин ўргамчик тўр солган ғор оғзига ҳадик ва қизиқишла кўз ташлади. Энидан кўра бўйи тор бўлган қоронғи тўйнук ваҳимали тарзда қорайиб турарди. Унга бош суқиш тентакликдек туюларди. У ғор оғзидан кўз узиб, қопдан иккита қўлфонар ҳамда дастаси атай кесиб калтайтирилган чоғроқ чўкич ва тешани олиб, уларни бирин-сирин тош устига териб қўйди. Сўнг тоғанинг ишораси билан сув тўла елим идишлардан бирини унга узата туриб, бошланг, дея томоқ қирди. Аммо тоға ошиқмади. Сувдан қониб ичди-да, ғор оғзига имо қилиб, деди:
– Ишқилиб, бунинг ичида чақадиган-пақадиган жонзот йўқмикан?
– Ким билсин… – умрида ғорга кириб кўрмаган Мирза мужмал жавоб қайтараркан, сўнг йўлига деди: – Ё кириб чиқайми?
– Йўқ, ғорга кирмоқни ихтиёр этган сен эмас, мен, – деди тоға кескин оҳангда. – Шунинг учун биринчи мен киришим керак.
– Унда бошланг! – Бу гап унинг оғзидан бехос чиқиб кетди.
Бунга жавобан тоға, бунча бесабр бўлмаса бу бола, деган йўсинда кўз қирида жиддий қараб қўйди-да, сўнг тош устидаги чўкич ва қўлфонардан бирини қўлига олиб, ўтирган ерида ғор оғзи томон сурилди. Бошда ўргамчик тўрини сидириб ташлаб, кейин эмаклаганча ичкарига кира бошлади.
Бир муддатдан сўнг ичкаридан унинг бўғиқ овози эшитилди.
– Келавер.
Сирли ва қоронғи ғор ваҳимаси елкасидан зилдай босиб турган эса-да, хаёлида, худди кинолардагидек, тинмай жилваланаётган уюм-уюм тилла тангалар ҳамда зебу зийнатларга тезроқ етишмоқ ўйида Мирза ғорга дадил бош суқаркан, дастлаб туйгани оғир зах ҳиди бўлди. Бундан юраги ториқиб, бир оз тайсалланди. Боз устига, ғорнинг кириш қисми аввал ўнгга, сўнг сўлга, салдан кейин кес­кин тепага қайрилган тор йўлакдан иборат бўлиб, агар ичкарида одам борлигини туйиб турмаганида, у биринчи буримданоқ изига қайтган бўларди.
У тор туйнук деворларига бош уриб, тирсаклари сидирилиб, сўл қайрилишдан юқорига буримга интиларкан, кўп ўтмай ўзини ғорнинг кенг саҳнида кўрди. Ва кутилмаган бу кенгликдан ҳайрати ортиб, жисми-жони исканжадан халос топгандек, енгил нафас олди.
У ўзи учун тамомила номаълум бўлган ўзга дунё остонасида анг-танг турганча, қўлидаги чироқ нурини ғорнинг турфа тусдаги тошдеворлари бўйлаб юритаркан, тилла тангалар жилвасини бир зумга унутди. Қачонки, ғор ўзани бўйлаб анча ичкарилаб кетган тоғанинг кўланкасини илғагачгина, мақсади қайта эсига тушиб, гўё бор хазинага тоғаси эга чиқиб, у қуруқ қоладигандек, унинг ортидан юрди. Бу пайтда тоға ғор марказида, шифтдан қулаган улкан қоятош бўлаги қаршисида тараддудланиб турарди. Ана, у қоятошнинг ўнг ёнидаги тор оралиқдан сирғалиб ўта бошлади. Орада, келаяпсанми, деган маънода Мирзага қараб қўйишни ҳам унутмади.
Қоятош оралиғига етиши билан Мирза қўлидаги чироқни баланд тутиб, унинг нурини ғор ўзани бўйлаб йўналтираркан, бошда чексиздек туюлган бу ерости салтанати бирор ўттиз одимлардан кейин якун топишига амин бўлди. Силлиқ деворли ғор тўрида бир-бирига елка тираган икки қоятош, асло ошиқма, дегандай бўйланиб турарди. У хаёлини қайта банд этган афсонавий хазинани топиш умидида ҳовлиқишу ошиқишдан тийилиб, худди тажрибали ғоршунослардай, ғорнинг ҳар бир сирли пучмоғини диққат билан кўздан кечиришга киришди.
У қоятош теварагида ўралашиб, унинг қуйи қисмидаги катта-кичик кавакларни назаридан ўтказаркан, боядан бери тўрдаги қоятошлар ёнида ивирсиб юрган тоғасининг ошиғич чўккалагани ва тошлар орасидан нимадир қўлига олганини дафъатан пайқаб қолди-да, юраги ҳаприққанча, ўша томон ошиқди. Борасолиб чироқ нурини тоғасининг қўлидаги нарсага қаратди. Афсуски, тоға, у умид қилгандек, бирор-бир тилла буюмни эмас, туси айниб, четлари титилган алланимани тутиб турарди.
– Нима бу, тоға?
– Нима бўларди, китоб… китоб жилди… – Тоға тағин чўккалаб, тошлар орасидан яна бир нечта увадаси чиққан ўшанақа жилдни қўлига оларкан, таассуф-ла бош чайқади: – Эсиз…
– Китоб… – азбаройи ҳаяжонланганидан Мирзанинг нафаси бўғзига тиқилиб, тиззаланган кўйи тошлар орасига чироқ нурини қаратди. – Унда тиллалар ҳам шу ерда бўлиши керак, тоға!
– Қанақа тилла? – Тоғанинг овозида ҳайрат зуҳурланди.
– Ахир ўзингиз айтдингиз-ку, ғорда хазина яширилган деб.
– Эй-й, ҳа-а… – Тоға, одатига кўра, сокин, аммо ҳазин оҳангда кулди. – Энди, жиян, хазинани ким қандай тушунади, хазина деганда, мен манави китобларни назарда тутгандим. Эсиз, бари ириб-чириб, тамом бўпти.
Бу гапни сира кутмаган Мирза сўл ёнига шилқ этиб тушди. Сўнг алами тошиб деди.
– Лекин… одамни ёмон аҳмоқ қилдингиз-да, тоға!
– Сени аҳмоқ қилиш хаёлимга ҳам келгани йўқ, жиян.
– Эҳ-ҳ, шунча ҳаракат…
– Беҳуда кетмади, – дея унинг гапини бўлди тоға. – Мана, топдик китобларни… Тарихий фактлардан яна бири ҳақиқат бўлиб чиқди.
– Булардан не фойда?..
Тоға бу саволга жавоб қайтармоқни ўзига эп кўрмади.
У кўпда шошилмай чириган жилдлардан яна бир нечтасини тергилаб, саралаб олди-да, гўё ўта нодир буюмдек, уларни авайлаб белбоққа тугди. Сўнг теваракни яна бир сира кўздан кечириб, аста ғорни тарк этишга тушди.
Тоға-жиян, худди етти ёт бегоналардек, Яккасувга етгунга қадар бир оғиз сўзлашмадилар.
Булоқ сувидан чанқоғини қондириб, юз-қўлини ювган тоға қаватида, алданган боладай, ҳануз тумшайиб ўтирган жиянининг авзойига бир қараб қўйди-да, йиллар давомида дилида йиғилиб қолган гапларини бирваракайига тўкиб солмоқчидай бирдан гапга тушиб кетди. У, сен нимани ҳам билардинг, деган йўсинда таъна қилмади, шунчаки билганларини сўзлади. Хазина дея саробга дуч келиб, ранги синиқиб ўтирган Мирза қишлоқнинг эндигина кўзга кўриниб келаётган олди полвонларидан бири эди. Тоға сўзлангани сайин ҳушёр тортиб, ўзини майдонда мағлуб бўлган полвондек ҳис эта бошлади. Сўнг уни бирдан уят чирмади, номусдан ўт бўлиб ёнди. Қарши тепадаги кўҳна қабрга қарашга юзи чидамай, ерга бош эгди. Ана, қабрдан тўни барини белига туккан полвон келбат Ёқуб чўпон бош кўтарди. У қўлидаги залворли заранг таёғини боши узра кўтариб, бор овозда ҳайқирди.
– Ув-в! Етар энди, а! Эгриниям, тўғриниям обориб тиқаверишдан, нима, ҳалиям чарчамадингларми, энағарди болалари! Силарди ким туққан ўзи, энами, ё тўнғизми?! Ҳеч қуриса, ҳурматини қилиб, бу улуғ одамни отга мингазиб олинг­лар, энағарлар…
Қуйидаги сўқмоқдан эгнида оқиш жийда, калта кузалган соқолига қиров қўнган, новча ва қотма кимса – айритомлик Парда муллани олдиларига солиб, яёв ҳайдаб бораётган икки отлиқ милисанинг малла туслисига бу ҳақоратлар оғир ботдими, ё бошқа бирор хаёлга бордими, шартта елкасидан бешотарини олди-да, қандай замонларга қолдик, дея ҳануз чангитиб сўкинаётган Ёқуб чўпонни қоқ манглайидан отиб ташлади. Парда мулла шу кетишда бошқа қайтиб келмади – олис Сибирда изсиз йўқолди. Ёқуб чўпон шаҳид сифатида отилган ерида кўмилди. Бу даҳшатли воқеага Яккасувда туриб, тасодифан гувоҳ бўлган ўн икки яшар бола – Санақул оқсоқол тоға билан бўлган сўнгги гурунгда ғорга яширилган китоблар хусусида гап очаркан, ўша мудҳиш даврдан мерос бўлиб қолган кўнглидаги қўрқув ва ҳадикни енгишга чоғи етмай, бу ҳақда рўй-рост айтмади, гўё ўзича гумонланган киши бўлиб, шундай деди: “Парда мулла сургун аввалида уйидаги бор китобларни қопларга жойлаб, камарга бекитган чиқар, тағинам билмадим…” Тоғанинг саъй-ҳаракати туфайли гумон чинга айланди. Шу куни Мирзага яна бир ҳақиқат аёнлашди, буни қарангки, “Етар энди…” дея туссиз замонга ўзича қарши чиққан Ёқуб чўпон бегона эмас, ота тарафдан ўзларига узоқроқ хеш экан, ундаги овкарлик ва оркашлик Мирзанинг феълида мавжуд эмиш. Яна ким билади, ҳар ҳолда тоға шундай деди. Бу гапларни эшитаркан, Мирза эрталаб ўзи бузиб ташлаган тошўчоққа секин кўз қирни ташлаб қўйди. Буни сезган тоға мийиғида кулиб қўйди-да, сўнг бу сафар ошкора киноя билан, деди: “Балки бу ёзганларимни ўқирсан?” Мирза билдики, тоға бу воқеаларни китоб қилмоқчи…
– Бўлақол энди! – Зокир чатоқнинг сабри тугаб, баттар тутақди.
– Агар юрагинг бетламаётган бўлса, шуни айт! – деди бошқа бири ўзича замзама қилиб. – Бошқа бирор чорасини топармиз. Лекин уларга бўш келиш йўқ.
– Йўқ, бундан ор қочибди! – деди Зокир чатоқ чийиллаб.
– Ор-р! – Мирза илкис бош кўтарди ва кўзлари ўтдек ёниб, интиқом ўтида қоврулаётган жўраларига бир-бир нигоҳ ташлади. Кўрдики, осонликча тинчийдиган эмас улар, бари ўзининг тезроқ қўзғалишини интиқ кутмоқда. Ана, бири синган кетмон дастани қўлига олволибди. Зўр қурол-да, бир урсанг, манаман деган рақибни сулайтириб қўяди… Мирза тиззасига шапатилаб, дик сакраб ўрнидан турди-да, тезда қатъиятли жўрабоши тусига кириб, симтўр ортидаги куркаларга бармоғини бигиз қилиб, деди: – Анави куркалардан бирини опчиқинглар!
– Куркани нима қиласан?
– Ғалабани нишонлаш керак-ку кейин… – деди у овозини атай яна бир парда кўтариб.
– Ура-а, Мирза жўра тирилди, кетдик, дўстлар!
Йигитлар оёқлари чандилган каттакон куркани юкхонага ташлаб, Зокир чатоқнинг шалақ машинасига етти киши бир амаллаб сиғишди-да, Яккасув томон зинғиллашди. Бўлғуси зўр муштлашув олдидан қонлари қайта қизиб, юраклари ҳаприқиб, бор овозда шовқинлашиб боришаркан, улар орасида бир Мирзагина сукутда эди. У боя фавқулодда хаёлига келган қуйидаги режани мия­сида қайта-қайта пишитмоқда эди: ҳозир боради-да, ҳезланиб ўзларига пешвоз чиқишган айримтомлик йигитларга: “Қани, жўралар, мана бу куркани ҳам қозонга босинглар”, дейди. Сўнг эса ҳар икки тарафни бир дастурхон атрофига йиғиб, кеча ўзи бохабар бўлган “тарих” ҳақида сўзлаб беради. Тоға айтгандек, керак бўлса, бўзлаб беради. Ахир, яқин ўтмишда бу манзилда не бир воқеалар юз бермаган, тарихчи тоғаси алоҳида урғу берганидек, Парда муллага ўхшаган ўқимишли одамлар Сибирь қилиниб, Ёқуб чўпон каби марду майдонлар шаҳид кетган ўша мудҳиш даврда бу булоқ суви “юрт” каломини дилига жо айлаган не бир азамат йигитлар қонини ювиб, чанқоғини қондирмаган дейсиз… биз эса… дея ҳикоясини якунлайди. Ўз навбатида, ушбу “биз эса…” ибораси онгу шуурида тинимсиз чарх уриб, қалбини аёвсиз кемиргани сари, Мирза уят ва номусдан қизариб, ўзини қўярга жой тополмай борарди…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 12-сон