Қовун-тарвуз пайкалининг ясси қирга туташ қисмида Нормат қоранинг чайласи қўнқаймагунга қадар жонсарак дала сичқон – Дўнгкалла ўзича қув, ўзича бахтиёр эди. Қувлиги шундаки, кўкдаги ва ердаги турли ғанимларни ўз вақтида пайқаб, ҳамиша яшин тезлигида бекина билар, сўнг эса гўё уларни боплаб доғда қолдира олганидан қувонгандек, рақибининг қораси ўчиши билан оҳистагина чийиллаб қўярди. Бахтиёрлигига келсак, сертармоқ йўлак ва йўлакчалардан иборат мўъжазгина ҳудуди даштнинг овлоқ кунжагида, яъни податуёқлардан холи ерда жойлашган: бир томони тик жарлик, бир тарафи баланд тепалик, қолган қисми эса ҳар йили қовун-тарвуз экиладиган кенг лалми даштга туташ бўлиб, маконини топтайдиган пода тугул, адашган-улоққан эчки-улоқ ҳам дорий олмасди бу ёққа.
Дўнгкалла, чивиндек жонига қарамай, фавқулодда тиришқоқ, ҳайратли даражада меҳнаткаш. У ҳар тонг ёввойи ўсимликлар оралаб, чор-тарафга чўзилиб, тармоқланиб кетган катта-кичик йўлакларини бирин-сирин кўздан кечириб, ўта ҳафсала билан саришталаб чиқади. Албатта, унинг бу қадар жонбозлиги бежиз эмас, негаки, саришталик бу турдаги жониворлар учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб, бирор ёт жисмнинг йўлакда туриб қолиши муқаррар ўлим демакдир, яъниким кўкдан ёхуд ердан кутилмаганда ҳамла қилган ғанимдан қочиш пайтида ушбу “тўсиқ” туфайли осонгина ўлжага айланиши мумкин. Шунинг учун Дўнгкалла нўхатдек тошу кесакни ҳам йўлакда қолдирмасликка уринади.
Бу серйўлак ҳудуд унга она сичқондан мерос бўлиб қолган. Дарвоқе, онасидан хийла эрта жудо бўлган Дўнгкалла тирик қолишнинг хилма-хил сир-синоатларини қисмангина онасидан ўрганган, қолганларини эса дашт сичқонларига хос бўлмаган дўнг манглайини минг бир тошга уриб-уриб, секин-асталик билан ўзи ўзлаштира борган. Шунинг учунми, ҳудудида пишиқ-пухта ҳимоя тизими – йўлакларни яратиш борасида онасидан кўра омилкорроқ чиқди. Онаси тириклик пайтида эҳтиёт инлар саноқли бўлганидек, йўлаклар тармоғи ҳам у қадар сероб эмасди. Дўнгкалла, мустақил ҳаётга қадам қўйгач, заҳирадаги инлар сонини ошириб, уларни қўшимча йўлак ҳамда тўйнуклар билан таъминлабгина қолмай, теваракдаги қоятош уюмларини ҳам ўз тасарруфига олди. Масалан, илгари жануб томонга чўзилган асосий йўлаклардан бири каврак остидаги эҳтиёт ин оғзида ниҳояланарди. Аммо Дўнгкалла бунга қаноат этмай, ин тўридан қўшимча тўйнук очиб, мазкур йўлакни наридаги тошқаламага қадар чўзди. Боиси, қоятошлар орасидаги чалкаш тирқишлар ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг жонига ора кира олади-да. Кейин у аввалига ковул остидан, сўнгра тошқалама пойидан икки ёнга янги йўлаклар, яъни туташтирувчи йўлакчалар тизимини бунёд этди. Хуллас, эндиликда унинг ҳудуди худди ўргамчик тўридек сертармоқ йўлаклардан иборат бўлиб, онаси ёхуд бошқа турдошлари икки дунёда ҳам бу хилдаги мураккаб тизимни ярата олмаслиги мумкин эди.
Дўнгкалла элбурутдан вояга етиб, аллақачон мустақил яшаш кўникмасига эга бўлган эса-да, ҳали-ҳануз онасини қумсайди. Боиси, она сичқон ҳаддан зиёд ғамхўр эди. Жигаргўшасини аксарият ҳолларда қўзиқулоқ тубидаги илиқ инида сақлаб, уни тезроқ қаторга киритиш ўйида тинмай парваришларди. У онасининг серҳадик хатти-ҳаракатларидан ер юзаси у қадар осойишта эмаслиги-ю, ғанимлари бисёр эканлигини ўша пайтдаёқ идрок этишга улгурганди. Табиатан худди онасидек ўта зийрак, ўта эҳтиёткор эди. Бироқ, шу хусусиятларга эга бўлишига қарамай, онаси кунлардан бирида барибир тулкига ем бўлди. Онаси ғаним чангалида қай тарзда ўлим топди, буни тасаввур этмоққа Дўнгкалла жуда ожиз. Негаки, мазкур фожеа ҳақида унинг бирдан-бир билгани шу – ўша куни онаси, дамингни чиқармай, тек ўтир, дея тулкини чалғитиш ниятида йўлак бўйлаб чопқилаб кетди-ю, шу билан бошқа қайтиб келмади.
У онасини икки кун кутди.
Охири очликка чидай олмай, ҳар сафаргидек, астагина тишга мўралади. Тумшуқчасини олдинга чўзиб, бир майдон ҳид олди, яъни ўзича ташқи оламдан бохабар бўлган бўлди. Сўнг ўпка-гина ва соғинч қоришиқ оҳангда чийиллаб, онасини йўқлади. Ҳализамон онаси югуриб келиб қоладигандек, ўт-ўланлар оралаб кетган йўлакка умидвор тикилди. Аммо зор-интизор кутишлари бесамар кетди – ҳар қанча чорласа-да, онасидан дарак бўлмади. Бу орада кўзи қўзиқулоқ япроқларидан бирига қўниб турган яшил тусдаги ҳашоратга тушиб қолиб, ортиқ очликка тоқат қилолмай, жон ҳалпида унга ташланди.
Бу унинг биринчи ови, илк ўлжаси эди.
Биринчи ўлжа чап ичагига ҳам юқ бўлмагач, емак илинжида, минг бир ҳадик ва қизиқишда она мерос мулкини секин-аста кўздан кечирмоққа тушди. Унинг учун ташқи дунё ҳам завқли, ҳам ғоятда хатарли эди. Ҳозирча бирор хавфни илғамаётган эса-да, аммо ҳар қадамда хавотир ҳис этган кўйи ғоятда сергаклик билан ҳаракатланар экан, турган гап, бу нарса йўлакка тўкилган ўсимлик уруғлари ва бошқа дон-дунларни паққос туширмоққа асло монелик қилмасди.
Кўкда қирғий кўланкаси пайдо бўлганда, у иккинчи йўлак муюлишига етиб қолганди. Қушнинг бежо қанот қоқишидан хавфланиб, ура қочаркан, азбаройи ҳовлиққанидан, йўлакка кўндаланг тушиб ётган сўлиган қўзиқулоқ япроғига тўқнашиб, умбалоқ ошиб кетди. Ҳолбуки, салгина бурун унинг устидан бемалол юриб ўтган, теварагида сочилиб ётган уч-тўрт донни тергилаб еганди. Ушбу қоқилиш асносида йўлакни тоза тутиш лозимлигини, акс ҳолда, оқибати жуда хунук бўлишини яшин тезлигида идрок этаркан, онаси йўлакда бу хил ёт нарсаларнинг ётмоғига сира изн бермаслиги ялт этиб ёдига тушди. Бу пайтда у онасидан ёдгорлик бўлиб қолган қўшимча инлардан бирига биқинишга улгурган, тумшуғини хиёл олдинга чўзганча, қулоқларини динг қилиб турарди.
У хавфнинг нари кетганига тўла ишонч ҳосил қилгач, тағин инидан бош чиқарди. Бу сафар йўлакдаги япроққа адоват-ла назар ташлади, уни зудлик билан йўлдан олиб ташлаш чорасини ўйлади. Бироқ ҳали банди узилмаган япроқ жуда қайишқоқ чиқиб қолди. Аввал тумшуқчаси билан турткилаб, сўнгра тортқилаб кўрди – бўлмади. Ана шунда унинг бирдан фаҳми ишлаб қолди ва япроқ бандига ўзгача бир жаҳд билан оғиз солди. “Қайсар” япроқ унинг ўткир тишчаларига бардош беролмай, чирт узилиб тушди. У бундан баттар руҳланиб, баргни йўлак четига суриб ташлади. Кейин тозаланган йўлак бўйлаб нари-бери юриб ва югургилаб кўраркан, ич-ичидан мамнунлик ҳисини туйди.
Шу-шу, йўлакларни саронжам-саришта тутиш унинг асосий юмушига, ўзи эса кенггина серйўлак ҳудуд эгасига айланди. Онаси ҳамда ўзининг саъй-ҳаракатлари туфайли юзага келган қатор инлар ҳамда чалкаш йўлаклар уни турли бало-қазолардан асрабгина қолмай, тинчлигини таъмин этиб келарди. Афсуски, пайкал бошига туси учган кажавали мотоциклини тариллатиб Нормат қора кўчиб келди-ю, унинг тинчига путур етди. Сирасини айтганда, унинг ҳаловатига Нормат қора эмас, унинг ўн бир яшар камгап, кўзлари ўйчан невараси миниб келган кулбет эшак рахна солди.
Бу хил шалпангқулоқ жониворни умрида кўрмаган Дўнгкалла дастлаб уни даҳшатли ғаним фаҳмлаб, инларидан бирига биқиниб олди. Унинг тезроқ даф бўлишини тоқатла кутди. Боиси, онда-сонда тепалик ёқалаб келиб қоладиган малла тулкиям, қуйидаги дўнглик бағрини макон тутган типратиканлар оиласи ҳам, аҳён-аҳёнда бир кўриниш берадиган ёвуз эчкиэмар ҳам, гоҳида кимгадир нимадир демоқчидай орқа оёғи билан ер тепиниб қоладиган қўшни кулранг қуён ҳам, ҳаттоки сусткаш тошбақалар ҳам, одатда, бу манзилда ортиқ даражада ҳаяллаб қолмас, аксарияти қандай келган бўлса, шундай қорасини ўчирарди-да. Аммо, мана, кун яримлаяптики, манави ярамас шалпангқулоқ ҳеч кетай демасди.
Охири Дўнгкалланинг сабр-бардоши тугаб, инидан сирғалиб чиқди-да, ҳар лаҳзада қочмоққа шай ҳолда, эшакка яқинроқ келди. Кўп ўтмай шуни фаҳмлаб етдики, дам-бадам баланд овозда ҳанграб қўядиган бу баҳайбат жониворнинг ғанимлик сиёҳи йўқ, келганидан бери ердан бош кўтармай, хас-хашакни карт-куртлатиб чимдигани-чимдиган. Шунга қарамай, аниқлик киритмасдан туриб, бирор хулоса чиқариш қийин. У, одати бўйича, ҳушёрликни асло унутмаган кўйи, аввал аста, сўнг бор овозда атайдан чийиллаб кўрди. Бироқ эшак деганлари унга қайрилиб ҳам қарамади. Бундан янада дадил тортиб, тағин яқинроқ борди. Мўйловини қимирлатиб, қўшимча йўлак бўйлаб нари-бери бориб келди. Аммо шунча уринса-да, барибир “ғаним” диққатини ўзига жалб эта олмади. Эшак уни ерда ётган тош ўрнида ҳам кўрмади. Бундан у хийлагина ботирланиб, худди беозор тошбақа ёхуд ҳуркак чумчуқлар галасидан чўчимаганидек, ортиқ ундан ҳайиқмай қўйди.
У эшак билан андармон бўлиб, нарида ўзига ҳайрат-ла тикилиб турган болага кўпда эътибор бермади. Болага келсак, “дала сичқони” деб аталмиш бу жонивор ўзининг узунчоқ тумшуғи, тўқжигарранг боши, очсариқ туси ҳамда ўзи кўрган ва билган уй сичқонларига нисбатан уч баравар катталиги билан жуда қизиқтириб қўйганди уни. Шу боис болаларга хос қитмирлиги қўзиб, уни бироз чўчитиб қўйгиси келди. Бироқ бу тур жониворлар, табиатан, одам боласидан кўпда ҳайиқавермайди, агар индамасанг, гўё мазах қилгандай, кўз узмай тикилиб тураверади. Аммо қўлингни салгина бежо сермашинг билан, худди ерга киргандай, бирдан йўқ бўлиб қолади.
Бола ўнг оёғини ерга тап-тап урди.
Сичқон қилт этмади.
Бола эгилиб ердан кесак олди.
Сичқон ҳолатини ўзгартирмади.
Бола қўлидаги кесакни отмоқ бўлиб қулочини ёзди.
Сичқон бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Бола уни қайта кўрмоқ истади.
У боя сичқонга кўзи тушиши билан кавшанишни унутган қўлидаги бодрингдан озгина ушатиб, сичқон кириб кетган ин яқинига ташлади.
Сичқон кўп куттирмади.
У инидан мўралаш асносида узунчоқ тумшуғи билан ҳавони ҳидлаб кўрди-да, сўнг хўрак ёнига дадил югуриб келди. Уни панжалари орасига олиб, худди олмахондай чўнқайган кўйи, жағларини кулгили қимирлатганча, кирт-кирт ейишга киришди.
Жониворнинг бу қилиғи болани бутунлай лол қилиб қўйди. Қаршисида дала сичқони эмас, ҳақиқий олмахон тургандай, унга маҳлиё бўлиб қолди. Қани энди, бу жониворни тутиб олса-ю, уйига олиб кетса, қафасда сақлаб, жўраларига кўз-кўз қилса! Аммо бу осонликча тутқич берадиган жонзодга ўхшамайди. Бу ёқда эса бобоси, қани, уйингга жўна, дея қисталанг қилиб турибди. Бола сичқондан кўнгил узиб-узолмай, ноилож эшагини минди-да, овули томон жўнади.
У кетгач, Дўнгкалла аламдан чийиллаб юборди. Буни қарангки, ҳудудининг ўндан бир қисмини ярамас шалпангқулоқ бутунлай яксон қилиб ташлабди.
Бу не бедодлик!
Бутунлай саросимада қолган Дўнгкалла бир неча муддат узун-қисқа чийиллаб турди-да, сўнг тақдирига тан бергандай, эшак туёқлари остида аёвсиз топталган йўлакларни қайтадан саришталашга тушди. Бошда иши бироз дуруст кўчгандек эса-да, аммо йўлакларни тўлдирган гўнг уюмларига рўпарў келгач, не қиларини билмай шўрликнинг боши қотди. Бир ўйи тезаклар уюмини ўзидек тиниб-тинчимас гўнгқўнғизлар ихтиёрига қолдирмоқчи ҳам бўлди. Бироқ қўнғизлар қачон пайдо бўлади-ю, қачон гўнгни юмалоқлайди. Агар унинг ўрнида бошқа жонзот бўлганида борми, бу тарзда аламнок чийиллаб турмаган, ҳудудининг бутун қолган қисми билан қаноатланиб қўя қоларди. Бироқ у осонликча жон берадиган жонивор эмасди. Ҳатто яқингинада ҳудудига эга чиқмоқчи бўлган зўравон бир турдошига ҳам осонликча бўй бермаган, олиша-олиша уни жар томонга суриб ташлаган эди. Шу боис у меҳнатдан қочмади, чоғи ва кучи етганча ҳудудининг яксон бўлган қисмини эпақага келтиришга киришди.
Бироқ орадан икки кун ўтиб, бола тағин эшагини миниб келди-ю, барча қилган меҳнатларининг кўкка совурилиши хавфи туғилди. Устига устак, бу гал бола хас-хашакнинг мўллигини кўзда тутиб, эшагининг қозиғини янада ичкарироққа – Дўнгкалла ҳудудининг қоқ марказига қоқди. Аммо чайла томонга бир неча одим юришга улгурмай, безовта чий-чийдан хаёли бўлиниб, ортига ўгирилди. Қарасаки, кечаги ғаройиб сичқон каврак ортидан бўйнини чўзганча, эшагига норози, ўта норози боқиб турибди. Ана, у жойида тек туролмай, кавракнинг бу томонига ўтди-да, янада баландроқ овозда чийиллади. Қани энди, чоғи етса-ю, эшакка ҳамла қилса, уни еридан ҳайдаб солса. Табиий, бу сафар ҳам бола ҳеч нарсага тушунмади ва бунинг сабабини бобосидан сўрашга мажбур бўлди.
– Эшагингни унинг ерига қантарибсан-да, – деди Нормат қора одатига хос бепарво йўсинда, – шундан норози у.
– Ия, сичқонларнинг ҳам ери бўладими? – бу бола учун кутилмаган янгилик эди.
– Тирик жон борки, барининг ўз ери, ўзи мулки бўлади.
– Нима қилай унда? – деди бола эшагини бошқа ерга жилдиришни назарда тутиб.
– Ҳеч нарса, ўзи тиниб, ўзи тинчиб қолади.
Бола жониворнинг чорасиз ва жонсарак ҳолатини қайта кўз олдига келтираркан, бу фикрга қўшилмоқни истамади. У йўлга ҳозирланаётган бобо кўнглида сичқонга нисбатан андаккина бўлса-да, илиқлик уйғотиш умидида деди:
– Лекин ўзини тутиши худди олмахонга ўхшаб кетаркан…
– Ўхшамай кетсин, – дея тўнғиллади Нормат қора, – ҳадемай пайкал оралаб, қовун-тарвузларни тешиб, тоза гаранг қилади бизни у.
– Одамга худди тушунгандай тикилиб тураркан… – деди бола бўш келгиси келмай.
– Унда бир-бирингга тикилиб ўтираверинглар…
Нормат қора мотоциклини тариллатиб, энсиз йўлдан қуйига эниб кетгач, бола эшаги ёнига қайтди. Шўрлик сичқонни ўша-ўша бесаронжам ҳолатда кўриб, пича ўйга ботиб турди-да, сўнг ички бир ундовга бўйсиниб, эшакни жойидан жилдириб, тошқалама ортидаги чоғроқ сайҳонликка обориб қантарди. Кейин ўзи секин изига қайтиб, бўйланганча, жониворнинг хатти-ҳаракатларини қизиқиш-ла кузатмоққа тушди. Кўп ўтмай ҳайратдан оғзи ланг очилиб қолди. Боиси, унинг қаршисида ғаройиб бир олам юз очган бўлиб, ўтган сафар олмахонга ўхшашлиги билан эътиборини тортган бу мўъжазгина олам эгаси эндиликда фавқулодда ишчанлиги ва тиришқоқлиги билан унинг ақлини шошириб қўйганди. Бола олди-ортига қарамай, ғоятда эпчилик билан йўлак тозалаётган жониворнинг ўзига хос чапдаст хатти-ҳаракатларини ҳанг-манг кузатаркан, беихтиёр пичирлади: “Вуй, кўзингдан, буям иш қилишни биларкан-а!”
Кейинги сафар бола эшагини қуйига қантариб келди.
Эскиган чакки халтани дон-дунга тўлдириб олганди.
– Бу нимаси? – Нормат қора ҳайрон бўлди.
– Бундан кейин у сизнинг қовун-тарвузингизга тегмайди, – деди бола халтани чайла кунжагига жойлаштириб.
– Дориланганми?
– Йўқ.
– Унда қанақасига?..
– Мен… у билан келишиб олдим.
Нормат қора, ҳазил қилаяптими бу, деган маънода у томон ўгирилди. Йўқ, камгап невара, одатдагидек, жуда жиддий эди.
У салдан сўнг чўнтагига бир чимдим дон солганча, Дўнгкалла ҳудуди томон жилди. Нормат қора эса болакайнинг изидан ҳайрон термулиб қолди.
2016 йил
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 6-сон