Нормурод Норқобилов. Айрилиқ қувончи (ҳикоя)

Бола дўнгда бобоси Норбой чолни кун қайтгандан бери кутади. Чолдан эса ҳануз дарак йўқ.
Бола бундан сиқилса-да, лекин ажабланмайди. Ора-сира қишлоқ томонга кўз ташлаб, Бозор тоғам қўймаётган чиқар, деб ўйлайди. Нега деганда, Бозор тоғаси жаҳлдор одам, чолнинг дўнгда қўнқайиб, қотган нон шимиб ўтиришини ёқтирмайди. Кишилар олдида номусга ўлдираяпсиз мени, дейди. Унинг гапида жон бор, қишлоқ аҳли бўлак мавзу қуриб қолгандай, кейинги пайтда нуқул чолнинг ғийбатини қиладиган бўлишган.
— Норбой чол ўлибди, куни қотган нонга қолибди.
— Нонни ўғли, келинидан бекитиб еркан.
— Айтдим-а, бунча озиб-тўзиб кетди деб. Боқувнинг мазаси йўқ экан-да?
— Қариганингдан кейин шу-да, нафас олишинг ҳам бировга малол келиб қолади.
— Кампир ўлдию чолдан путур кетди.
— Унга қийин, тенгқурлари йўқ, бойўғлидай бўзрайиб бир ўзи қолди.
— Ўлса, изидан изиллаб йиғлагандан кўра, ҳозир дуосини олиб қолиш керак чолнинг.
— Бу гапингни бориб Бозорга айт.
— Айтаман, керак бўлса, қизигаям айтаман.
Чолнинг эса бу хил паст-баланд гаплар билан иши йўқ. Куннинг тафти сал пасайиши билан ҳассасини дўқиллатиб, қишлоқ биқинидаги дўнгликка чиқиб келади. Ерга чўкиб, оғир уҳ тортаркан, ўзича ғудраниб қўяди: «Вой жоними-ий, тозаям сиқилиб кетдим-а уйда». Сўнг ҳассасини тиззалари орасига олиб, ошиқмай қўйнига қўл юборади. Тимирскиланиб, чўнтагидан нимадир қидиради. Четдан кузатган одамга носқовоғини излаётгандай туюлиши мумкин. Йўқ, чолнинг қўлида носқовоқ эмас, ҳамиша суви қочган бир бўлак нон бўлади. У нонни оғзига олиб боришдан аввал обдон ўнгу терсига разм солади, пуф-пуфлаб гарду гурддан тозалаган бўлади, сўнг тишсиз милклари орасига олиб, кўзларини ярим юмганча, тамшаниб-тамшаниб шимишга тушади. Намланган нон увоқларини ямламай ютади. Қаватида тиззаларини қучиб ўтирган болага гоҳида шундай деб қўяди.
— Қотган нон юракнинг селини олади, улим.
Чол емак билан андармондек кўринса-да, аслида икки кўзи кунботишга чўзилган тошйўлда бўлади. Йўлда бирор қорани илғаши билан нон шимишдан тўхтаб, сергак тортади.
— Қара-чи, анаву келаётган Мусо тоғанг эмасми?
Мусо — чолнинг иккинчи ўғли.
У узоқ шаҳарда туришига қарамай, чолни кўргани тез-тез қишлоққа келиб туради. Энасининг ўлимидан сўнг чолни шаҳарга олиб кетмоққа кўп уриниб кўрди. Бироқ Норбой чол деганлари ҳалимдек юмшоқ, мусичадек беозор кўрингани билан ўзига етганча қайсар — кетишга унамади. Шунинг учун Мусо аввалгидан кўра серқатнов, гоҳида ўзидек камсуқум, хушрўйгина аёли билан келади. Ҳар қишлоққа келганида чолни ўзи ювинтириб, ўзи кийинтириб кетади. Оғзига тансиқ емаклар тутади. Боланинг назарида, чол кўринишиёқ одамнинг иштаҳасини қўзғайдиган ширин таомларга нисбатан қотган нонни афзал кўрадигандай. У лабларини чўлпиллатиб, қотган нон бўлагини шу қадар узоқ, шу қадар ҳузур қилиб шимийдики, зерикканидан боланинг юраги тарс ёрилай дейди. Баъзида дўнгликка тўрсиллаб-гурсиллаб Бозор тоғаси чиқиб келади.
— Ота, нима ўтириш бу, а?! — дейди аччиқланиб. — Кўрган кўз нима дейди? Қишлоқда бош кўтариб юролмай қолдик-ку! Туринг, уйга боринг!
— Йўқ, — дейди чол саркаш оҳангда. — Укангни кутаяпман.
— Кечагина келиб кетди-ку, — Бозор унинг эгнидаги оҳорли либосига ишора қилади. — Кеча сизни ўзи ювинтириб-кийинтириб, фасон қип кетди-ку. Нима, дарров эсингиздан чиқдими?
Кечаги кунни чол унутган, бугуни билан яшайди. Шунинг учун бошида ғўддайиб турган ўғлининг гап-сўзларига ортиқ эътибор бермайди. Уфққа санчилган тошйўлга илҳақ термулиб ўтираверади. Фақат нон шимимоқдан ўзини тияди, худди қўлидагини биров тортиб олиб қўядигандай, емакни кафтлари орасига яширади. Тоғасининг дағдағаси чолга таъсир қилмаслигини яхши билган бола унинг тезроқ кетишини истайди. Тоғасининг қораси ўчиши билан у бобосига суйкалиб, эгнидаги оҳорли либосини тўйиб-тўйиб ҳидлайди. Чол қотган нонни суйгандай, у янги газмол ҳидига ўч. Бироқ икки-уч кундан сўнг бола севган ҳиддан асар ҳам қолмайди. Чолнинг кийимлари униқиб, ундан тер иси анқий бошлайди. Бу ҳолдан Мусо тоғасининг қаттиқ азият чекишидан бохабар боланинг юрагига ташвиш оралайди. Чолни алдаб-сулдаб наридаги пастак қир ёқалаб ўтган Тошлисойга олиб тушади. Уни қуёш тафтида қизиган тошлардан бирига ўтқизиб қўйиб, эгнидаги жийдаси-ю яктагини сидириб олади. Қуёш нури чолнинг кексайган суягига хуш ёққандек, унинг бу ҳаракатларига кўпда монелик қилмайди. Қитиғи келгандай қиҳ-қиҳлаб кулиб қўяди, холос. Бола тер ҳиди ўтириб қолган кийимларни ўта уқувсизларча юваркан, ўзига калакаомуз илжайиб қараб турган чолга кўз қирини ташлаб, беихтиёр унинг тезроқ ўлишини истайди. Кири малол келганидан эмас, кўҳнарган буюмдек яқинларининг эътиборидан мосуво бўлганидан ўкиниб, шу хаёлга боради ва сўнг бу ўйидан ўзи қўрқиб кетади. Унга ортиқ қарамасликка тиришади. Чол эса териси ҳалвираган оқ баданини қоқсуяк бармоқлари билан қашлаб, силаб-сийпалаб яна қиҳ-қиҳлайди. Эпсизларча кир юваётган боланинг ҳаракатларини масхаралаб кулишда давом этаркан, дейди:
— Бу ишинг бўмади. Ундан кўра мени бирор жар-парга олибор-да, итариб юбор.
Бола қовоқ осиб, тўнғиллайди.
— Йўқ, ҳеч қачон!
— Мендан энанг безор, тоғанг безор, ҳамма безор, нима қиласан киримни ювиб. Биратўла қутулиб қўя қоласан дейман-да.
— Мусо тоғам сизни яхши кўради.
— Сен-чи?
— Ёмон кўраман.
— Э, нечун? — чол баттар қиҳ-қиҳлайди.
— Жардан итариб юбор деганингиз учун.
— Итариб юбормайсанми?
— Йўқ!
— Итариб юборақол, — чол бу сафар эрмаклаб эмас, эркаланиб кулади.
— Йўқ дедим-ку сизга! — бола чинқириб юборади.
— Ўзимнинг улимдан-да!
— Мен сизга ул бўлмайман энди, — бола тумшайиб тошлардан бирига чўкади. — Кирингизниям ювмайман.
— Эя, нимага энди? — чол ажабланган бўлади.
— Ўша… ўша гапингиз учун, — бола беихтиёр қўлидаги кирни эза бошлайди. — Мусо тоғам келсин, барини айтиб бераман.
— Мусо тоғанг қийналиб кетди-да, улим, — чол жиддий тортиб, баданини сийпалашдан тўхтайди. — Бола бечора мени деб ҳамма билан қирқпичоқ бўлаяпти. Узилишиб кетмасин деб қўрқаман.
Бола нима деярини билмай бошини эгади. Мусо тоғасини тинимсиз қақшатадиган Бозор тоғасини-ю энасини ёмон кўриб кетади. Уларни қўлидаги суви силқиб турган кир яктак ўрнида тасаввур этиб, обдон эзғилагиси, қоқиб-суқиб, эсларини киритиб қўйгиси келади. Кейин бу иш қўлидан келмаслигини англагандай, чолга гуноҳкорона жовдираб қарайди. Чол эса энди уни унутган, тошлар оралаб оқаётган сувга хаёлчан термулиб қолган, гўё умрнинг ўткинчилигини, оқар сувдай тезоблигини энди фаҳмлаб етгандай, маҳзун хаёлга ботган бўлади. У ака-укалар жиққиллашган кезлари ҳам мана шу тарзда хаёлга чўмади. Лаблари четида эса эрмакловчи бир табассум қанот қоқай-қоқай деб туради. Бироқ бу табассумни боладан ўзга ҳеч ким пайқамайди. Негаки, бу пайтда Бозор тоғаси пайқайдиган аҳволда бўлмайди: «Ота фақат менга керакми, а? — дея бақиради қўлларини пахса қилиб. — Ана, қизиям қарасин, ясаниб-тусаниб, тўйма-тўй юргунча! Ахир бир янганг қай бирига бўсин, рўзғорга қарасинми, ё… Қийналиб кетди-ку у шўрлик!» Мусо тоғаси энасига рўпарў келганида, унинг зардаси Бозор тоғасиникидан ошса ошадики, кам бўлмайди: «Отам бечоранинг нафақаси яхши-ю, ўзи ёмон бўп қолдими, — дейди қалин қошларини чимириб. — Қарасин, белига тош тегмаган ўша Ойсанам семиз…» Энаси сўзга чечан аёл, гап деганларини тандир бошидаги ўтиндай қалаштириб ташлайди. Шунда Мусо тоғасининг бошига кутилмаганда бир оғриқ киради, ҳар ҳолда болага шундай туюлади. У бу оғриққа чидаёлмай, бошини чангаллаганча у ён-бу ён тебранади. Инграшади, инграшгандаям ёмон инграшади, сўнгра бу ададсиз дардга чидамоққа бардоши етмагандек, тўйқусдан қўлларини кўкка кўтарганча, аламли ҳайқириб юборади:
— Жаҳолат! Оҳ-ҳ, қанчалик жаҳолат!
Бола бу сўзнинг маъноси нелигини англаёлмаса-да, туси ва совуқлигини бутун вужуди билан ҳис этади. Назарида, сўзга жамланган ҳарфлар тоғасининг кўкка ёйилган бармоқлари орасидан ситилиб, сочилиб, қишлоқ узра маҳобатли қорамтир қоя янглиғ қад ростлагандек туюлади. Ҳарфлар шаклидаги бу даҳшатли қоялар ҳализамон нақ устига қулайдигандек, у нозик елкаларини қисиб, кўзларини чирт юмиб олади. Қулоқлари эса одатдагидан ташқари динг — қудратли бир тўфонни кутади. Бироқ тўфон ўрнига дардчил бир нидони эшитади. Ажабсиниб кўзларини очади ва кўрадики, ҳозиргина ҳовлини бошига кўтариб ҳайқирган Мусо тоғасининг бояги важоҳатидан асар ҳам йўқ — тузалмас бемор қошида ночор қолган одамдек, шалвирабгина турибди. Кейинги ҳаракати эса бундан-да баттар афтодаҳоллик касб этади. Эзилган, эзилиб кетган бир аҳволда аста чўнтагига қўл юбориб дейди: «Ўша зормандани мен берай сизга, опа…»
Опа бўлмиш, керакмас, деб тўнғилласа-да, пулни олади. Бу қилиғини йўқ ердаги баҳоналар билан ҳаспўшлашга уринади. Мусо уни эшитмайди, бошини экканча дарвоза томон юради. Қаршисида поччаси Ёмонқул пайдо бўлади. У қайниси билан илиқ-иссиқ кўришади. Сиз ҳеч алағда бўлманг, бу ишни ўзим назоратга оламан, дейди. Мусо содда, меҳри товланиб поччасининг елкасидан қучади. Бу ғиди-бидиларнинг бир четида аслида поччаси турганини хаёлига ҳам келтирмайди.
Ёмонқул табиатан писмиқ одам. Ўтган йили кўкламда қайноғаси Бозордан калтак еганидан бери аёлининг уруғига зимдан адоват сақлаб келади. Оқшом кўпчиган хамирдай бўлиб, супада ёнбошлаб ётаркан, секингина писиллайди.
— Шу… одамларда ҳеч инсоф қолмаяпти-да, нафақани аканг олса-ю, бобойга сен қарасанг, бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак дегандай… одамлар ёмон бўп кетди, — Ёмонқул бу гапларни шунчаки айтгандай бўлади. Айтгандаям тепасидаги ишкомга тикилиб айтади. Сўнг қўшиб қўяди: — Шу-у бу йил узумнинг сал чўғи пастроқми дейман, хотин?
Аёлни эса узумнинг чўғи эмас, шунингдек, чолнинг нафақа пулини қуртдек санаб олаётган акасининг қилмишлариям эмас, яқинда йиғинда тоғорасига арзимаган мато қўйиб қайтарган янгаси Ойсанам семизнинг қилиғи кўпроқ қизиқтиради, яъни эрининг гапи ҳали эскириб улгурмаган аламини қайта ёдига туширади.
Ёмонқул эса энди гўнг, узуму ишкомниям унутган, чакаги очилган аёлининг гапларини эшитмайди — гўё пинакка кетган. Аёли янгаси Ойсанам семизнинг устига беармон мағзава ағдаришда давом этаркан, орада бўй бермас, қайсар чолниям яниб ўтади: Кўчибгина кела қолса, ўшаларга зор қип қўймасдим. Ўзим қарардим, оқ ювиб-оқ тарардим! Йўқ, келишни хаёлига келтирмайди. Худди қизининг уйидан илон чиққандай, бир пиёла чойимни зўрға ичиб, ҳадаҳа улиникига қочишга тушади. Ана, Мамарайим қийшиқ улиникида эмас, қизиникида турибди-ку. Одамлар гап қилса қилибди-да, нима, бирор ери камайиб қолармиди. Бинойидек яшаб юрибди қизиникида, невараларига қарабгина. Бу кишим эса бизникида туришдан ор қилармиш, қизининг тизза бўйи ёғлиққина ошидан улининг шилдир шўрваси афзал эмиш. Тавба, гўрга кирай деб турган одамнинг ноз қилишига бало борми!»
Ёмонқул аёлининг шанғиллашидан уйғониб кетган бўлади. Анқовсирайди ва кўзларини пирпиратиб, секингина яна оловга керосин сепади: «Ҳа-а, меҳрибонликда сенга тенг келадигани йўқ, топганингни отангнинг оғзига тутасан.» Аёл жигарларидан еган катта-кичик аламларини эсга олиб, баттар саннашда давом этади. Ёмонқул йўлига уни инсофга чақирган бўлади. Аммо аёли энди осонликча тинчимайди — ўзи ёниб, ўзи ўчмагунча ҳовуридан тушмайди.
Бу хил ҳолат кўпроқ қишлоққа Содиқ почтачи оралаган куни рўй беради. У тарқатган нафақа пули Ёмонқулга негадир кўп кўринади. Айниқса, бу пулни қайноғаси Бозорнинг қўлида кўрса, ичи ўз-ўзидан ёниб кетаверади.
Чол эса бу каби аҳмоқона ғиди-бидиларга ҳамиша бепарво, нимтабассум-ла қотган нонини шимиб ўтираверади.
Бола дўнгда чолни кутиб зерикди.
Бир ўйи, нима гаплигини билиш учун тоғасининг уйига бормоқни хаёл қилди. Бироқ энаси билан урушиғли янгасининг совуқ қарашларини кўз олдига келтириб, бу ниятидан қайтди. Керишганча қишлоққа илҳақ тикилди. Бозор тоғасининг ҳовлиси қуюқ дарахтзор ортида, дўнгдан кўзга ташланмайди. Худди шу пайт дарахтзорга туташ кўчада тоғасининг маҳмадона қизларидан бири пайдо бўлди. У ит қувлагандек югуриб келарди. Кўча юзидаги товуқларни ҳуркитиб, «Қўнғироқча» лақабли ушоқ, оппоқ кучукчани акиллатганча, беш уй беридаги каттакон яшил дарвозага етади. Уни куч билан тақиллатади. Ҳамиша қийин очиладиган дарвоза нолакор ғийқиллаб аввал қия, сўнг кенгроқ очилиб, унинг қаршисида аммасининг тажангтоб қиёфаси намоён бўлади. Амма уйидагилар таъсири туфайли кейинги вақтда саломниям йиғиштириб қўйган жиянига ҳайрон тикиларкан, лаҳзанинг юздан бир улушида хаёлидан ўтгани шу бўлади. Шу қиз туғилганида амма сифатида қанчалик қувонмаганди у. Туйғулари марварид янглиғ гўзал ва сержило эди. Ажаб, бу туйғулар устига қачон гард ўтира қолди экан? Гоҳида у ўша ёқимсиз гардни енгил бир ҳимо билан сидириб ташлаб, қалбининг қай бир бурчига яширинган сержило туйғулар ёғдусидан баҳра олгиси келади. Бироқ юрагига қўрғошиндай қуйилган адоват бунга монелик қилади. Ҳозир ҳам у адоватни ўзига эш ва қадрдон билиб, жиянига ўқрайиб қарайди. Дарвозани илкис қоқиб, чўчитиб юборгани учун нордон сўзлар билан сийламоқни ўйлайди. Бироқ ҳализамон уйларида юз бериши эҳтимоли бўлган мусибатдан гангиб қолган қиз унинг қовоқ-тумшуғига қараб ўтирадиган аҳволда эмасди. Аммасини кўриши билан мижжаларига қалқиган кўз ёшларини тийиб-тиймай, «Бобом… тезроқ юринг…», деганча изига бурилади. Қизнинг яноқларига думалаган кўзёшлари аёлнинг юрагидаги адоватни ювиб, қисқа муддатга бўлса-да, қон-қариндошлик туйғусини қайта уйғотади. У охир-оқибати йўқлик эрмиш бу бевафо дунёда жигарлари билан нимани талашиб-тортишганини эслаёлмаётгандай, эслаган тақдирдаям мақсад ва моҳиятини тўла англашга қурби етмаётгандай бир муддат серрайиб тураркан, агар нарида товуқларни ҳуркитиб, кучукчани акиллатиб чопқиллаб кетаётган жиянига етишмаса, ғамдан адойиб-тамом бўладигандек, унинг ортидан югура кетади.
Дўнгда ўтирган болага энасининг аввал йўрғалаб, сўнг лўкиллаб чопиши қизиқ туюлади. Унинг бу қадар ҳовлиқишидан юраги нимадир сезгандай бўлади. Ва беихтиёр бобосининг кечаги гапларини эслайди.
— Момонг чақириб қўймаяпти, улим, — деганди чол. — Мусодан эса дарак йўқ.
— Яқинда кеп кетди-ку, бовожон.
— Мусога тез хабар беринглар, — чол йўлга маҳзун тикилади. — Отангнинг сафари қарибди денглар.
Чол йўлдан кўз узмаган кўйи, қўлидаги нон бўлагини оғзига олиб боради. Тамшаниб, шима бошлайди. Ивиган нон ушоқлари соқолига илашади, ерга сочилади. Уни зимдан кузатиб ўтирган боланинг эса йиғлагиси келади. Мен ҳеч қачон бово бўлмайман, бово бўлиш жуда ёмон экан, деб ўйлайди.
Хаёлини чолнинг жонсарак овози бўлади.
— Анову келаётган Мусо тоғанг эмасми?
— Йўқ, Қаландар амаки, — дейди бола ва ҳар доимгидек изоҳ беради. — Мусо тоғам пиёда эмас, мошинда келади. Ўзининг мошини бор-ку.
— Э-е, Қўзивойнинг улими? — чол ҳар галгидек машина ҳақидаги гапга эътибор бермайди. — Унинг бизга узоқ қариндошлиги бор. Кўришганингда саломингни аяма. Булар ўзи уруғи билан дуруст одамлар. Отангга ўхшаб писмиқ эмас.
Бу гапдан боланинг қовоғи осилди. Лекин индамайди.
Кечаям у, одатдагидек, чолни тоғасининг дарвозасигача кузатиб борган. Ичкарига киришга янгасидан ҳайиққан. Ўзи чўчийдиган хонадонда бобосини ёлғиз қолдириб кетганидан ичи ачиб, энасига ялинган.
— Эна, бобомни уйга олиб келайлик.
— Йўқ, бизнинг уйдан илон чиққан, чаён чиққан, келмайди бобонг, — деган энаси бобиллаб.
Отасига айтишдан фойда йўқ. Бу тўғрида гап очилиши билан негадир у ҳали боғдан, ҳали тоғдан кела бошлайди ва жуда бўлмаса, болани бирор юмушга буюради.
— Кўп бидилламай, бор, молларга қара!
Бу сафар бола ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмади. Энаси гавдасига мос бўлмаган лўкиллашда дарахтлар ортида кўздан ғойиб бўлиши билан оёғини қўлига олди. Қоқилиб-суқилиб чопди. Бовом ўлиб қолган бўлса-я, деган ҳадикда йиғламсираб чопди.
Ланг очиқ дарвозадан учиб кирди.
Ҳовли сув қуйгандек жим-жит эди.
У ҳовли этагидаги ҳужра томон ошиқди. Остонага қоқилиб, мункиб кетаркан, тўрда чўзилиб ётган чолга-ю, уни тевараклаб ўтирган хешларига кўзи тушиб, бақириб юборди.
— Бовожон!
— Мусо! — чол шовқинни эшитиб ингранди. — Келдингми, болам!?
— Хабар бердик, ҳадемай етиб келади, — деди Бозор тоғаси ғўлдираб.
— Мусо! — чолнинг овози бу гал жуда заиф чиқди. — Мусо-о!
Чолнинг бошига боришига болани қўймадилар. Қўрқасан, мумкин эмас, деб ҳайдаб солдилар.
Эртаси тонг-азонда қишлоқ сукунатини йиғи овози бузди.
Бола юзини чала-чулпа юва солиб, тоғасиникига ошиқди.
У гангиб, супада тўп бўлиб йиғлаётган хешлари сафига бориб қўшилганини сезмай қолди. Кимдир секин шипшиди.
— Изиллаб йиғла! Овозинг борича йиғла!
— Эмасам, одамлар уят қилади, — деди бошқа бири. — Ахир бовонгни яхши кўрардинг-ку. Қани, бир бовомла-чи!
Чолнинг хеш-ақробалари-ю неваралари жуда кўплиги ўша куни билинди. Таёқ тутганлар сероблигидан супада жой етишмайди. Қисқаси, кенг ҳовлининг деярли чорак қисмини таёқ тутганлар эгаллади. Бироқ улар орасида фақат икки кишигина чинакамига ёш тўкарди. Бири — Мусо, иккинчиси эса, бола. Аммо у Мусо тоғаси каби айрилиқдан эмас, қувончдан йиғларди. Мана энди бовосини ҳеч ким жеркимайди, силталамайди, уятга қолдиряпсиз, деб қўлидаги бурда нонини тортиб олмайди.
Бола эзилиб-езилиб, қувониб-қувониб йиғларди. Айтиб-айтиб, ичида эса кимларнидир яниб-яниб йиғларди.
Дераза рахида эса кеча чолнинг қўлидан тортиб олинган нон бўлаги ётарди. Аллақачон унга эга чиққан чумолилар бандаларнинг бу ёлғон уввослари билан ишлари йўқ, нон увоқларини бир жону бир тан бўлиб, ими-жимида ўз инларига таширди.