У қишлоқнинг чеккасидаги кулбада жияни билан туради. Ота-онаси ўтган йили олдинма-кейин қазо қилишган. Ёлғиз қолиб, кенг ҳовли ютадигандек туюлавергач, қўшни қишлоқда турувчи синглисининг қизини сўраб олганди.
Ҳар ҳолда таянч-да!
Синглиси соғинган кезлари қизини олиб кетади. Уч-тўрт кун бағрида сақлаб, ўзи айтмишли, обдон дийдорига тўйгач, ноилож яна қўйиб кетади. Келганида бир гапни айтишни канда қилмайди: “Турмуш қилсангиз яхши бўлармиди, опа!” Қизиқ, ота-онаси тириклигида, бу ҳақда сира оғиз очмасди. Яхшиям сиз борсиз, эмасам, қарияларнинг аҳволи не кечарди, дерди нуқул уни алқаб. Энди эса… У гоҳида синглисининг афтига синчков тикилади, наҳотки, бахтимни ўйлаётган бўлса? Йўқ, унинг бахти билан синглисининг мутлақо иши йўқ. Ҳамма гап қизи важидан. Шунда унинг зардаси қайнайди: “Олиб кетавер қизингни! Ёлғизликдан ўлиб қолмасман!”
Синглиси ҳушёр тортади. Вой, нега унақа дейсиз, сизни ўйлайман-да, опажон, дея бир дунё чучмал гапларни қалаштириб ташлайди. У бундан баттар ғижинади, бурчакдаги кўзгуга кўз ташлайди. Кўзгудан ўзига аламнок боқиб турган аёлнинг бўлиқ ва кўркам қоматини илғамайди, ҳали оқ оралашга улгурмаган қуюқ, тим қора, узун сочларининг гўзаллигини пайқамайди, юзидаги хунук чечак изларини кўради, холос. Бу рухсори билан ҳеч ким хотинликка олмаслигини ич-ичидан ҳис этади. Кўнглидан, ини — ота, сингил — она бўлолмас экан-да, деган аламли ўй ўтаркан, кўзгуни уриб синдиргиси келади. Базўр ўзини босади. Бу қўтир дунёда кимга нимани исботламоқчи ўзи? Бугун иккинчи кундирки у ёлғиз.
Одатдагидек, уйқуси келмай, анчагача тўлғаниб ётди.
Кўзи энди илинган экан, бирдан ҳовлида нимадир дупурлаб қолди. Чамаси, кимдир девор ошиб тушгандай бўлди. Ҳақиқатдан ҳам даҳлиз эшиги тирмаланиб, аста ғийқиллаб очилди.
У хаёл билан бўлиб, эшикни тамбалашни унутганини эслади. Кейинги вақтда анча ҳардамхаёл тортиб қолган. Меровсирамай ўл, дея ўзини янишга ҳам улгурди. Сўнгра тунлари ёнида олиб ётадиган қўшоғиз милтиғини қўлига олиб, ўрнидан турди. Отасидан қолган бу яроғни ҳудуд нозирига бериб юбормаганидан илк бор чинакамига суюнди.
Кутилмаган “меҳмон” милтиққа рўбарў келишини кутмаган шекилли, қоронғидан қўрқув тўла шикаста овоз эшитилди.
— Отма… Отма, Чаманой! Илойим, болагинангни кўтарай, отма!
Тунги чироқ нуридан хира ёритилган хона ўртасида милтиқ ўқталиб турган аёл очиқ эшикдан қоронғу даҳлизга беҳуда тикиларкан, овоз эгасини дабдурустдан танимади.
— Кимсиз?! — деди милтиқ милини ўша томонга тўғрилаб.
— Бу мен… Қиличбекман!
— Қиличбек?! — Аёл ҳар қанча ажабланса-да, ҳолатини ўзгартирмади. — Ярим тунда нима қилиб юрибсиз бу ерда?!
— Қочдим, Чаманой, қочдим! Жоҳил ва нодонлар тўдаси мени дўппослашмоқчи эди, жонимни олиб қочдим! Уйингга… бекингани кирдим.
— Бекингани менинг уйимдан бўлак жой қуриб қолганми?
— Ёзда уйинг ортидаги тўқайзорда жон сақлардим. — Кимса чуқур хўрсинди. — Ҳозир ҳаво салқин… Тўғриси, бу гал негадир шошиб қолдим. Ана, ортимдан қувлаб келишаяпти.
Қадам товушлари яқинлашмоқда эди. Ҳозир улар уйга бостириб киришаётгандек, аёлнинг юраги орқасига тортиб кетди. Тунда ёлғиз эркак билан кўришса, нима деб ўйлашади? Эртан қишлоқда қандай бош кўтариб юради?
Ҳайтовур таъқибчилар дарвоза ёнида тўхташмади, дупурлашганча тўқайзор томонга ўтиб кетишди.
Бутун диққат-эътибори ташқарида бўлган аёл ҳануз кўриниш беришни истамаётган даҳлиздаги кимсани бир зумга унутди. Қишлоқ адоғи катта йўлгача қалин тўқайзор. Тунда тўқайзордан бировни қидириб топиш пичан ғарамидан игна излашдек бир гап. Таъқибчилар ҳақиқатдан ғирт нодонга ўхшайди.
Даҳлизда кимса шивирлаб ўзидан дарак берди.
— Ана, қайтиб кетишаяпти.
— Унда сиз ҳам секин чиқиб кета қолинг!
— Шу салқинда қаёққа бораман?
— Қаёққа боришингизни мен қайдан билай? — Аёлнинг жаҳли қўзиди. — Нима, мени гапга қолдириб ўлдирмоқчимисиз! Қани, жўнанг!
— Шу кеча даҳлизингда тунаб қолай, Чаманой.
— Тушингизни сувга айтинг! — Аёл овозини хиёл биландлатди. — Отаман лекин!
— Отма, Чаманой!
Орага бир сония жимлик чўкди.
Бир пайт “меҳмон” сўраб қолди.
— Милтиғинг ўзи… ўқланганми, Чаманой?
Аёл жавоб қайтармоқни лозим топмади. Қўлидаги яроқни жойлироқ тутиш билан чекланди. Оқшом печка ёқилганига қарамай, хона анча совуқ эди. У ўрта эшикни қуриб бераман деб, ҳануз сўзининг устидан чиқмаётган қўшни эркакни ичида янаркан, таҳдидли оҳангда деди:
— Агар чиқиб кетмасангиз, ҳозир нақ манглайингиздан отаман!
— Биламан.
— Қаердан биласиз?
— Қўлингга яроқ тутибсанми, демак, отасан-да.
— Ҳозир ҳазилнинг ўрни эмас, ака!
— Мен ҳазиллашаётганим йўқ, — деди кимса ёруққа чиқишни хаёлига ҳам келтирмай. — Улардан калтак егандан кўра, сенинг қўлингда ўлганим яхши.
— Ҳушомадга бало борми!
— Отанг қадрдоним, онанг меҳрибоним эди, — қоронғудаги кимсанинг овози тўлқинланиб, ниманидир эслагандай бир муддат жим қолди-да, сўнг маҳзун оҳангда яна гапда давом этди: — Қўлингдан неча марталаб чой ичганман ота-онанг тириклигида. Кимлигингни яхши биламан, Чаманой! Бугун нимагадир оёғим шу томонга тортди. Негалигини ўзим ҳам билмайман. Тўқайзордан кўра, инсон меҳрини истадим шекилли. Сенга нисбатан хаёлимда ёмон ўй йўқ. Тузингни тотганман ахир, Чаманой! Ёмон хаёлга бориб ўлибманми! Сен баҳузур ухлайвер, мен… бирпасдан сўнг чиқиб кетаман. Қаттол душмандай менга бундай тикилма! Кўзинг тешиб юборай деяпти!
Ота-онаси эслатилган Чаманойнинг кўзларида ёш айлана бошлади. Қўлидаги яроғини беихтиёр пастга тушираркан, кутилмаганда ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Йиғлама, Чаманой! — деди ҳануз кўриниш беришга ботинолмаётган “меҳмон”. — Ҳозир чиқиб кетаман. Совуқда қотиб ёки анову жоҳилларнинг калтагидан ўлсам ҳам майли! Фақат сен йиғлама! Йиғласанг, кетишим қийин бўлади.
Аммо аёлнинг қулоғига гап кирмасди. Ота-онасини қумсаб йиғида давом этди. Йиғлай-йиғлай… мадордан кетди.
Тонгда хуррак овозидан уйғониб кетди. Бошда ҳайрон бўлди, сўнг қўрқди. Қоронғу шифтга, тонг ёғдусидан ёришган деразага аланг-жаланг боқиш баробарида ёнидаги милтиққа қўл чўзди. Бармоқлари муздек совуқ яроққа теккачгина, тундаги воқеа эсига тушди. Кўнгли андак хотиржам тотиб, кўрпа остидан сирғалиб чиқди. Бўйнини чўзиб, даҳлизга мўралади. Яланг шолча устида совуқдан ғужанак бўлиб ётган кимсани кўрди. Аввалига қаҳри қўзиди, сўнг раҳми келди. Кишилар турмасдан, тезроқ жўнай қолинг дея, турткилаб уйғотмоқчи бўлган жойида, негадир фикридан қайтди. Уйғотишга кўзи қиймади. Тахмондан кўрпа олиб, авайлаб устига ёпди. Кейин кундалик юмушига уннади.
Ҳовлида иш дегани сероб эди. Қўрадаги молларга қараш, соғиш, тагини тозалаш каби майда-чуйда ишларнинг ўзиям унинг кўп вақтини оларди. Ота-онасининг ўлимидан сўнг бу юмушлар аёлнинг ягона халоскори бўлиб қолганди. Тунлари ҳам тек ўтирмайди. Жун титиб, ип йигиради. Кўрпа, кўрпача қавийди. Оппоқ сочиқлар четига эрмакка кашталар чатийди. Синглиси эса ҳайрон, ёлғиз бошингизга шунча давлат не чикора, дейди. Унинг очкўз нигоҳи аёлнинг ғашини келтиради: “Эримни бой қилмоқчиман”, дейди. Синглиси унинг молу давлатини йўқ эрдан қизғанади. Ўзича алланималар дейди. Мерос талашиб жанжал кўтаргиси келади-ю, лекин опасидан ҳайиқади.
Аёл иш билан бўлиб, тундаги воқеани ҳам, даҳлизда уйқуни ураётган кимсани ҳам унутган экан, ўчоққа ўтин қалаётганда бирдан эсига тушиб қолди. Шошиб уй томон юрди. Бироқ даҳлизда ҳеч ким йўқ, қалин кўрпа бир четга чиройли қилиб тахлаб қўйилганди.
Аёлнинг кўнглида хижолатга ўхшаш нимадир уйғонди. Юрагинг ёрилмай, одамга ўхшаб кутиб олсанг ўлармидинг! Акадай бир одам эди-ку у сенга! Яқинда томингни ёпиб берган… Эсида, ўшанда Қиличбек деганлари ҳарчанд зўрласа-да, пул олмаган, лекин бурчакдаги каттакон қўғирчоқни сўраб олган. Аёл ҳайрон бўлган. Биладики, Қиличбекнинг қизи йўқ, бақироқ, жанжалкаш хотини Тўлғонойдан иккита ўғли бор. Унинг ажабланганини сезган эркак кунботишдаги шаҳар томонга ишора қилиб: “У ёқда менинг қизларим кўп. Буни олиб борсам, хурсанд бўлишади” деганди.
Қиличбек ғирт етим. Шаҳардаги болалар уйида вояга етган. Бўйи етгач, марҳум Асқат темирчига шогирд тушиб, унинг қизи Тўлғонойга уйланган. Темирчининг қизи битта, аммо ўғиллари кўп эди. Бари бир-биридан баттар жоҳил, нодон. Жанжални пулга сотиб олишади. Бирига тегсанг, ҳаммаси ёпирилиб келади. На уятни билишади, на андишани. Тўлғоной ҳам оға-иниларидан қолишмайди. Эрига зуғум қилишни яхши кўради. Етимлигини рўкач қилиб, ҳаромидан олиб ҳаромига солади. Бу камдек, салга додлаб, ака-укаларини бошига йиғади.
Чаманой оғзидан сақич тушмайдиган йўғон бу аёлни жинидан ёмон кўради. Унинг ёш боладай жонсарак эрига раҳми келади. Қани энди қўлидан келса-ю, ундан яхшилигини аямаса. Аммо яхшилик қилиш у ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Кеча тунда уйига қочиб кирганида, дардига малҳам бўлиш ўрнига милтиқ ўқталиб ўтирибди. Энди билса, эркакдан эмас, гап-сўздан қўрққан экан.
Бугун тунда у негадир эркакни қўмсади. Кечагидай айвонда тунашини истади. Тонгда туйган ҳиддан нафас олиш учун даҳлизга чиқди. Бироқ тонгда хонани тўлдирган эркак ҳидидан дарак йўқ, ачиган хамир иси анқирди, холос.
Аёл маҳзун ҳолатда хонага қайтиб кираркан, ихтиёридан ташқари бир ишга қўл урди. Даҳлизга қалин қилиб жой солди. Янги кўрпа, янги болиш қўйди. Эшикни тамбалашни гўё унутган киши бўлди. Лекин милтиғини биқинидан жилдирмади. Ахир милтиқни ундан олиб қўймоқчи бўлган ҳудуд нозирига уни “эрим, тунги посбоним”, деган-да. Демак, эр дегани хотин кишининг қаватида, биқингинасида ётиши керак. Ҳудуд нозири яхши йигит эди, уни тушунган: “Лекин қонунни бузяпман-да, опажон”, деган. Аёл уни эркалаб елкасига қоқаркан: “Опанг учун қонунни бузсанг, бузибсан-да, укажон, — дея аламнок жилмайган. — Тунда мендай ёлғиз бир аёлга эрдай гапда бу! Ёмон ниятда остонамни хатлаган одамни нима билан чўчитаман? Шуни ўқталиб қўрқитаман-да!”
Аёл тунда зийрак ётди, алланимани кутгандай, илҳақ ётди. Қани энди, ҳокисор нигоҳли эркак яна бир тунгина даҳлизида тунаса, яланг шолча устида эмас, қалин тўшакда ухласа, уйини эркак ҳидига тўлдирса! У шуни истади. Бундан ортиғини хаёлига келтирмади.
Тонгда эса боши ғовлаб, карахт уйғонди. Даҳлиздаги тўшакни бўш кўриб, хўрлиги келди. Кўзига ёш айланди ва бу ҳолатидан ўзи ҳам ажабланди. Тентак бўляпман шекилли, деган ўйга борди. Лекин негадир тентак бўлгиси келди. Бироқ қўрадаги томдек тарғил сигири бунга изн бермади. Мўраб овоз берди. Унга бошқа жониворлар жўр бўлди.
У қўра томон ошиқди. Яхшиям иш бор — юмуш бор дея суюнди. Шунинг билан эркакниям, ўй ва истаклариниям унутди. Одатдагидек, ишга шўнғиди.
Бу кеча эса ўзини ёмон қарғади. Кеча тундаги хоҳиш ва хаёллари бугун жуда эриш туюлиб, ўзига ўзи туҳмат қилди: “Эрсирамай ўл, мегажин!” Бунга қаноат этмай, оппоқ, бўлиқ сонларини аямай чимчилаб-чимчилаб олди. Оғриқдан жони роҳат топди. Шу йўсинда истагига чек қўйган бўлди. Бу тун даҳлизга жой солмади. Эшикни очиқ қолдирмади. Бироқ яроғини ёнига қўйиб, тўшакда чўзилган ерида яна бирдан ўрнидан сакраб туриб кетди. Ички бир тўлқинга бўйсиниб, тахмон ёнига борди. Кўрпа қатига қўлини тиққанча узоқ туриб қолди. Сўнг шалвираб изига қайтаркан, ерда ётган милтиққа қоқилиб, бармоғини қайириб олди. Оғриқ миясига тепди. Бармоғини тутиб, тўшак устида тўлғанаркан, истамаса-да, негадир тағин эркакни ўйлади: “У шўрлик яна қувғинга учраса, бу совуқ тунда қайси тешикка бошини уради?” Аёл оғриқниям унутиб, шу ўй заптида эшикка югурди. Аввал илгакни туширди, сўнгра тамба-тутқич орасига қистирилган йўғон ўқловни суғуриб олди. Кейин эса фикридан қайтиб қолишдан қўрққандай, энтикканча ўзини кўрпа тагига урди.
Ўраниб-чирманиб, бамисоли гувалага айланди.
Аслида у айниб қолишидан эмас, истагидан уялганди.
Тонг саҳарга яқин таниш хуррак овозидан уйғониб кетди. Қулоқларига ишонмади. Сўнг қалби адоқсиз қувончга тўлиб, даҳлизга деярли чопиб чиқди. Титроқ бармоқлари билан деворни пайпаслаб, чироқни ёқди. Кўзи қоқ шолча устида ёш боладай ғужанак бўлиб ётган Қиличбекка тушди. Аёлга у эркак киши эмас, ташландиқ, ҳимоясиз бир гўдак бўлиб туюлди. Меҳри жўшиб, ичи туздай ачишиб, ичкаридан кўрпа ва тўшамча кўтариб чиқди. Тўшамчани бир четга улоқтириб, йигитнинг устига кўрпа ташлаб қўя қолди.
Қиличбек кўрпа тагидан уйқусираб ғудранди.
— Улар мени уришди, Чаманой!
Аёл индамади. Худди онадек, унинг бошида чўнқаяркан, илк бор эркакнинг юзига синчков разм солди. Ўнг яноғи ва иягида калтак изларини кўриб, юраги эзилди. Кўнгли бузилиб, сассиз йиғларкан, унинг манглайига қўл юборганини сезмай қолди.
Силаб туриб йиғлади, йиғлаб туриб силади.
Йигитнинг аллақачон уйғонгани-ю, ёш боладай ҳузур қилиб ётганини кейин, қачонки, эркак унинг кафтини тутиб, бармоқлари учидан ўпгандан сўнггина пайқади. Қошида ҳимоясиз сабий эмас, ростмана эркак киши чўзилиб ётганини, гўё шундан кейингина англагандай бўлди. Эркакнинг бу ўпичида меҳрталаб инсоннинг миннатдорчилигию тушуниксиз яна алланималар қоришиқ эди. Аввалига аёл бундан қаттиқ уялди, сўнг ранжиди. Қўлини илкис тортиб оларкан, ширин ниманидир йўқотгандай, унга ёмон қаради. Ўз навбатида, Қиличбек ҳам шуни сездики, хиёлгина ошиқча ҳаракати ёқимли тушдек лаззатли онни пароканда қилиши мумкин. У қўлини ошиғич кўрпа остига яшириб, аёлга мўлтираб боқди. Узр сўрагандай ғўлдиради.
— Яна нима гап? — деди аёл, ҳаддингиздан ошманг, дегандай.
— Ҳеч гап, — эркак қулт ютиниб, кўрпани иягига тортди. Кейин бу ётиши ўзига эриш туюлиб, ўрнидан турмоққа чоғланди-ю, устига азза-базза кўрпа ташлаган аёл бу ишидан хафа бўладигандек туюлиб, фикридан қайтди. Айвонда учиб қолган кезлари ўз аёли бу хил меҳрибончиликни хаёлига келтирмаслигини эслаб, ичдан ўксинди: — Ҳеч гап, Чаманой!
— Ҳеч гапга ўхшамаяпти-ку? — аёлнинг овози мулойимлашди.
Эркак аёлнинг боши узра шифтдаги номаълум нуқтага хаёлчан термуларкан, дардчил, ғоят дардчил оҳангда деди:
— Сен ўз отангга… ҳеч адоватла боққанмисан, Чаманой?
— Нималар деяпсиз?! — аёлнинг ранги-қути учди. — Ҳатто кўзига тик қарамаганман!
— Менга эса худди заҳарли илондай боқишади. — Эркак нигоҳини бошқа нуқтага олди. — Эрта-индин нодон тоғаларига қўшилиб, менга қўл кўтаришдан ҳам тойишмайди. Ўзимча тарбиялашга кўп уриниб кўрдим. Аммо ота деган жонивор ҳар икки гапнинг бирида лойга қорилиб турганидан кейин… Раҳматли қайнотам, сен бизга тўғри келмайсан деганда, мен аҳмоқ хафа бўлган эканман, етимлигимни назарда тутаяпти деб. Энди билсам, мен нодонни аяган экан. Муҳаббатдан кўзим кўр бўлиб, жоҳил тўдага интилган эканман. Мана энди, ўзим пиширган ошни айланиб, ўргилиб ичиб ётибман.
Аёл унинг “диёдиё”сини ёқтирмай бошини бурди. Ўзининг бу алфозда ўтириши-ю, эркакнинг бемалол чўзилиб ётиши энди таъсир қилгандай, айбни ундан қидиришга тиришди.
— Етим болаларга ҳадеб нарса ташийверсангиз, албатта хотинингизга ёқмайсиз-да, — деди.
— Қанақа нарса?! — эркакнинг нигоҳи тўсатдан оловланиб, устидан кўрпани итқитиб ташлади. — Болаларга олиб борадиганим топганимнинг бир урвоғи, холос. Гап нарсада эмас, нарса нима… У ердаги болалар мени қанчалик интиқ кутишини биласанми ўзи? Агар билганингда, бунақа гапирмасдинг! Мен Жаҳон гуппидай қўш-қўш иморат солмайман, Олим чиноқдай топганимни ўмганимга тортмайман, қайниларимдай хасис эмасман. Кучим етганча етимчаларнинг кўнглини овлайман! Шуларни биласанми сен ўзи? Қаердан ҳам билардинг, — эркак ўтирган жойида оғир сўлиш олади.. — Отанг қошингда, онанг доим биқинингда бўлган. Мен эса на отамни биламан, на онамни! Худди осмондан тушгандайман.
— Энди улар йўқ… — Аёлнинг кўзларида ёш халқаланди.
Улар бошларини эгганча жим туриб қолишди.
Аёл энди ўрнидан қўзғалмоқчи эди, эркак хижолатомуз оҳангда:
— Чаманой, агар қаттиқ гапириб юборган бўлсам, кечиргин, — деди. — Шу… сенга кичкина бир илтимосим бор. Бугун менга озгина қарз бериб турсанг. Кеча тундаги жанжал пайтида анави ёсуман чўнтагимда борини қоқиб олди. Сўрамасдим-у, лекин шу… ҳафта болалар уйига бир қизалоқ келтирилган. Кўзлари оҳуникидай катта-катта, ширингина қизалоқ. Шўрлик уззукун дарвозадан кўз узмай ўтиради. Бугун вақтим бор, ўша қизчага бирор нима обормоқчи эдим. Агар имконим бўлганида, уни ўзимга қиз қилиб олардим-у, ўзим уйимга сиғмай турибман-да. Фақат “йўқ” дема. Қўлимга пул тушиши билан қайтараман.
Аёл энди ўзига ёш боладай жовдираб қараб турган эркакни яхши кўриб қолганини дафъатан ҳис этаркан, бирдан юраги гупуриб, нафас олиши қийинлашди. Уни силаб-сийпагиси, ҳеч бўлмаса, кўйлагини ювиб бергиси келди. Бу телбанома истак шу қадар кучли эдики, Қиличбекнинг, лавлагидай қизариб, “йўқ-йўқ” дейишига қарамай, эгнидаги кўйлагини сидириб олди. Яғир пахталигига ўраниб, ўзига ҳанг-манг тикилиб қолган йигитга бир қараб қўйиб, ташқарига интиларкан, ошхонага етиб-етмай, қўлидаги кўйлакни димоғига олиб борди. Тўйиб-тўйиб ҳидлади. Эркак ҳидидан боши айланиб, тандир четига беҳол суяниб қолди.
Тўлғоной бақирганча дарвозани тепиб кириб келганида, кун аллақачон пешиндан оққан, аёл ҳовлида кундалик юмуш билан банд эди.
— Эримни йўлдан ураяпсанми, манжалақи!
Аёл негадир ундан ҳайиқмади. Шунингдек, қўни-қўшнилар олдида шарманда бўлишдан ҳам чўчимади. Бир тундаёқ энг азиз одамига айланиб улгурган инсонга беҳад азоблар бериб келаётган бу жувонга шу қадар ўтли нафрат билан қарадики, унинг башарасига эркакчасига мушт туширганини сезмай қолди.
Тўлғонойнинг тили, аёлнинг мушти зўр эди. Шаллақилиги билан қишлоқда донг чиқарган жувон Чаманойнинг зарбаларига бардош беролмай, охири ўзини кўчага урди. Кўп ўтмай оға-иниларини бошлаб келди. Уларнинг важоҳатига қараганда, Чаманойнинг тирик қолиши гумондек эди. Аммо аёл зиғирча довдирамади. Пўписага узилган биринчи ўқ дарвозанинг юқори тахтасини учириб юборди. Иккинчи ўқни узишга ҳожат қолмади. Тўда қандай келган бўлса, шундайлигича қорасини ўчирди.
Ўша кеч улар бор аламини Қиличбекдан олишди.
Аёлдан қарз олган пулига қўғирчоқ, бир талай ширинлик харид қилиб, оҳу кўзли қизалоқнинг кўнглини чоғлаб қайтган Қиличбек бу сафар қочишнинг эвини қилолмади. Ака-укалар уни думалатиб тепишди. Шунга қарамай, у барибир бир амаллаб қочиб қолди. Бу галги хужум Чаманой туфайли бўлгани боис, уникига кирмай, тўқайзорга бекинди. Ака-укалар обдон хумордан чиққан эмасми, уни ортиқ таъқиб қилиб ўтирмадилар.
Қоронғу тунда Қиличбекни аёлдан ўзга қидирувчи бўлмади. Чаманой уни ҳовлиси адоғидаги қалин буталар орасидан топди. Шу ердалигингизни кўнглим сезувди дея, ғамга чўмиб ўтирган йигитнинг бошини бағрига тортди.
Шу алфозда сўзсиз ва сассиз узоқ туриб қолишди.
— Сизга азоб берганларнинг барини отаман! — деди ниҳоят аёл тилга кириб. — Битта қўймай қираман!
— Умрингни хазон қилишга арзимайди улар, Чаманой! — деди эркак унинг қайноқ бағрида мумдек эриб. — Баъзан мениям шайтон қитиқлаб қолади. Доим бир илож қилиб ўзимни босаман. Муҳими, мен сени топдим, Чаманой! Бу азоблар бўлмаганида, сенга етмоқ қайда эди. Сени ўйласам, азобниям, оғриқларниям унутаман!
Чаманой кафтлари орасидаги бошни бағрига маҳкам босиб, уни ортиқ сўзланмоғига қўймади.
Эртаси қизи оғриб қолганини баҳона қилгани кирган сингил уйдан Чаманойни тополмади. У гўё қўшниникига бирровга чиққандек, эшик ва дарвоза қия очиқ эди. Бироқ бу хонадонда нимадир рўй берганини жувоннинг кўнгли дарров сезди. Эшик-тешикка бош суқиб, кийим жавоннинг бўшлигини кўрди. Лекин қолган ҳамма нарса жой-жойида эди. У ҳовлиқиб қўрага ўтди. Моллар тугал, негадир бўш қўйилган бузоқлар оналарини эмаверганиданми, қоринлари дўмбирадек шишиб кетганди.
Қўрадан лолу ҳайрон чиққан жувон ҳовлида бақироқ Тўлғоной билан ҳудуд нозирига дуч келди. Бетиним қарғанаётган Тўлғонойнинг гап-сўзларидан шуни англадики, тунда опаси унинг эри билан қочибми, бош олибми кетибди. Бироқ бу хабардан жувон унчалик қайғурмади. У эгасиз қолган ҳовли-жой ва мол-ҳолнинг ташвишига тушган, бу ҳақда тезроқ эрига хабар етказишни ўйларди.
Ҳудуд нозири аёлларнинг гап-сўзларига эътибор бермай, хоналарни бирма-бир синчков кўздан кечираркан, норози оҳангда тўнғиллади.
— Опам тушмагур “эри”ниям ўзи билан олиб кетибди-да.
— Қанақа эр? — Тўлғоной баланд овозда бобиллаб берди. — Нега энди у шум етим унга эр бўларкан! Ҳали у хотинбоз қўлимга тушсин, суякларини битталаб синдираман!
Ҳудуд нозири пешонасини тириштириб, ўзича минғирлаб қўйди.
— Илойим, ҳеч қачон қўлингга тушмасин!
Чамаси, Тўлғоной қўшни кампир етказган хабарни ҳали-ҳануз тўла идрок этмаганди. Яроғли аёлдан чўчиб, ҳудуд нозирини эргаштириб келаркан, эрини Чаманойнинг қўйнидан ёки уйининг бирор бир бурчагидан топишига имони комил эди. Ва қачонки кўзи бўш жавонга тушгачкина, не воқеа юз берганини англади. Аламидан бақириб йиғлаб юборди. Қолган иккиси эса унинг дардига бутунлай бефарқ — ҳудуд нозири Қиличбекнинг бу балодан қутулганига, сингил эса шунча молу давлат ёлғиз ўзига қолаётганидан мамнун эди.
Тўлғоной эса “қочоқ”ларнинг гўрига ғишт қалаб, қишлоқни бошига кўтарарди.