Ғофуржон Алимов. Фарзанд (ҳикоя)

— Салоти жаноза!
Намоз тугаган заҳоти масжид сўфисининг овозини эшитган намозхонлар бирин-кетин ҳовлига чиқиб, сафлана бошладилар.
Беҳзод сафнинг олд қаторида турар экан, қулоғига ҳеч нарса кирмас, бўлаётган ҳодисалар худди тушида кечаётгандек эди. Бир маҳал қараса акаси Ботир имомнинг ёнида турибди.
— Иним, — оҳиста гап бошлади имом, — бандалик. Оллоҳ отангизни ўз раҳматига олган бўлсин. Энди, мабодо отангиз тириклик чоғида кимдандир қарздор бўлиб, вақтида пулини тўлай олмаган бўлса, у одам ҳужжат ҳамда гувоҳлар билан келса, қарзни тўлашни ўз гарданингизга оласизми?
Ботир «ҳа» дегандек бошини қимирлатди. Шундан сўнг унга сафдан жой олишни кўрсатди.
— Сафларни тўғри олинглар, биродарлар, — йиғилганларнинг рўпарасига келиб турган имом томоқ қириб олди-да, баланд овозда сўз бошлади:
— Алҳамду лиллаҳи роббил оламин, вал-оқибату лил-муттақин вас-солату вас-салому аъло расулиллоҳ! Ассалому алайкум, муҳтарам жамоат. Мана, яна бир биродаримиз бизни тарк этиб кетмоқда. Энди бир фикр қилиб кўрайлик. Хўш, бу банда шунча йил яшаб, уй-жой қуриб, бола-чақа орттириб ўзи билан у дунёга нима олиб кетаяпти?..
Фотиҳанинг учинчи куни келувчилар сал сийраклашгач, Беҳзод акасининг ёнига ўтирди.
— Ака, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, — у шундай деб жим бўлди.
Беҳзод табиатан шунақа эди. Бир гапни бошларди-ю жим бўлиб қолар, болалигидан қизиққон бўлган Ботирнинг бундан фиғони фалакка чиқарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди.
— Нима демоқчисан? Гапирақол тезроқ.
— Шу, — Беҳзод гап тополмай чайналди.
— Нима, шу? — асабийлашди Ботир.
— Адамни қўйганимизга ҳам уч кун бўлди. Сиздан сўрамоқчи бўлганим, бизам эҳсон қилиб, ош берамизми?
— Нима, ош? Менга қара, шу шартмикан?
— Билмасам, — Беҳзод елка қисди. — Сиз нима десангиз, шу ака!
— Ие, гап бошлаган ўзинг-ку, энди билмайсанми? — Акаси бирдан тутоқиб кетди. — Сен билмасанг, мен билмасам, ким билади унда?
— Ака, менга қолса-чи, ош берганимиз маъқул-ов! Адам раҳматлик «Маҳалланинг ошини кўп еганман, аммо бирор мартаям дастурхон ёзмадим», деб кўп гапирардилар. Эсингиздами?
— Ўйлаб гапираяпсанми ўзи? Ҳам отамизни кўмиб, ҳам ош берамизми? Йў-ўқ, укагинам, ош берсанг, ўзинг беравер. Мени ортиқча пулим йўқ.
У шундай дея ўрнидан туриб нари кетди-да, шу заҳоти қайтиб келди: — Менга қара, бу ош беришга қанча пул кетишини биласанми ўзи? Топганинг рўзғорингга зўрға етиб турган бўлса, шунча пулни қаердан оласан? Ҳали уйланишинг керак, тўғрими? Ёки адамдан анча-мунча қолгани борми?
Беҳзод акасининг қизиққонлигини, ортиқча харажатга-ку умуман тоби йўқлигини яхши биларди. Шунинг учун бўлса керак, нима деб жавоб беришни билмай қолди.
— Бўлмаса, гап бундай, назаримда адамдан ростдан ҳам яхшигина мерос қолганга ўхшайди, — деди акаси унга синовчан тикилиб, — Шундай экан маҳаллага ош берасанми, шўрва ичирасанми, сени ишинг. Мени тинч қўй. Пул ҳам сўрама…

* * *

Эҳсондан сўнг уч-тўрт кун ўтар-ўтмас, акаси Беҳзодни чақиртириб қолди. Ботир гапни чўзмай мақсадга ўтди-қўйди:
— Менга қара, кеча кечқурун адамнинг болаликдаги ўртоғи бор-ку, Тоир ака, ўша келибди. Ўнида иккита гувоҳи ҳам бор. Айтишича, бундан олти ойча олдин адамга юз минг сўм берган экан. «Бу пул сўрашга ҳам арзимайди, кечиб ҳам юборар эдим-ку, аммо охиратда отангнинг жавоб бериши қийин бўлмасин деб келдим-да», дейди. Ёмон жаҳлим чиқди. Арзимаган пул бўлса, келиб сўрашинг шартмиди? Кечвормайсанми ўша пулдан, хасис? Ҳайронман, қайси бет билан келди экан? Кап-катта одам, ўйламайдими, булар кечагина отасини тупроққа қўйган бўлса, қанақа қилиб пул сўрайман деб?
Акасининг борган сари асабийлашаётганини кўриб Беҳзод ўзини ноқулай сеза бошлади. Нимаям дерди. Ўйлаб кўрса Тоир ака ҳақ. Аммо акасининг ҳам гапида жон бордек…
Бир маҳал Ботир гапдан тўхтади-да укасига ўгирилди:
— Майли, ўтган ишга саловат. Энди мени эшит. Бошида кеннойинг айтганда ишонмагандим. Эҳсон қилмайлик десам кўнмадинг, ошдаги дастурхонни, мендан бир тийин сўрамаганингни кўриб, ростдан ҳам адамдан сенга анча-мунча пул мерос бўлиб қолганини билдим. Ҳаммасини ошга ишлатмагандирсан? Тўғрими? Энди, гап бундай. Тоир ака пулни олиб кетишга эртага келади. Ҳозир уйга бориб, ўша ортган пулдан юз мингини олиб келасан.
Беҳзод ўтирган жойида қотиб қолди. Нима десин? «Адамдан пул қолмаган. Ошга онам тўйимга деб йиққан пулни ишлатдик», десинми? Акасининг феъли маълум-ку! Деёлмади. Андиша қилди.
У зўрға «Хўп, ҳозир олиб келаман», деди-да, «Беҳзод, қаёққа кетаяпсиз? Ҳозир овқат сузаман», — деб ясама манзират қилаётган кеннойисига ҳам қарамай чиқиб кетди.
Беҳзод кўчага чиққач, қаерга боришни билмай узоқ туриб қолди. Уйда пул қолмагани боис у ерга боришдан фойда йўқ. Қарз олсинми? Кимдан? Ким ҳозир қўш-қўллаб шунча пулни қўлига тутқазади?
Шундай хаёллар оғушида турган Беҳзод тўсатдан янграган машина сигналидан чўчиб тушди. Шоша-пиша ўзини четга олар экан, шундоқ ёнида тўхтаган «Жигули»да кулимсираганча ўтирган синфдоши Шавкатни кўриб ҳайрон бўлди.
— Ҳа, Бек, хаёл суриб кетаяпсан? Эҳсонни яхши ўтказиб олдингларми? Амакимни Оллоҳ раҳмат қилсин.
— Раҳмат, ўтказиб олдик. Ўзинг нима қилиб юрибсан?
— Бозорга. Дўконда моллар камайиб қолибди. Ўрнини тўлдириб қўйиш керак-ку!
— Тирикчилик дегин?
— Ҳа энди… Ўтир машинага. Уйингга ташлаб ўтаман.
— Қўявер, ўзим етиб оламан. Йўлинг бошқа томонда бўлса…
— Нима қилибди, ўтир, — Шавкат Беҳзодни зўрлаб машинасига ўтқизди.
— Менга қара, Бек, — Шавкат машина катта йўлга чиққач, Беҳзодга юзланди, — Кайфиятинг йўқ, нима бўлди?
— Тинчлик.
— Қўйсанг-чи! Нима қиласан яшириб? Сени билмасам экан.
— Шу-у, — Беҳзод гап бошлади-да, жим бўлиб, чуқур уф тортди.
— Гапиравер.
— Адам раҳматликнинг биттасидан қарзлари бор экан. Ўша одам келиб, қарзни сўраб турибди.
— Хўш, пулни бериб юбордингми?
— Йўқ, ҳали.
— «Проблема» нимада бўлмаса?
— Қўл калталик қилиб турибди-да, жўра! Бўлмасам…
— Ҳм-м, — Шавкат шундай дея кўкрак чўнтагидан сигарет олиб лабига қистирди, — қанча экан?
— Юз минг.
Орага жимлик чўкди. Шавкат машинани Беҳзодларнинг дарвозаси олдида тўхтатиб, моторни ўчирди-да, ўтирган жойида орқа ўриндиқдаги целлофан пакетни олди. Ичидан икки боғлам пулни олиб, Беҳзоднинг қўлига тутқазди.
— Нима бу?
— Пул. Юз мингини ўша пулини сўраб келган одамга олиб бориб бер. Қолганини рўзғорга ишлатиб турарсан.
— Мен сендан пул сўрамадим, шекилли.
— Э-э, нима фарқи бор? Ўзим бераяпман-ку! Олавермайсанми! Топганингда қайтарарсан…
Беҳзод Шавкатга раҳмат айтиб, машинадан тушди-да, ўзини худди уйига кириб кетаётгандек қилиб кўрсатди. Аммо машинанинг қораси кўринмай кетган заҳоти акасининг уйига йўл олди…

* * *

Мана уч ойдирки, Беҳзод ишдан бўш вақтларида киракашлик қилади. Бу ишда отасининг эскироқ бўлса-да, яхши тутилган машинаси анча қўл келди. Тўғри, у бу юмушга баъзилардек боши билан шўнғиб кетгани йўқ. Эрта билан чиқиб, иш пайтигача, кечқурун эса яна икки-уч соат айланса, етади. Гоҳ ундай, гоҳида бундай. Рўзғори ўтиб турибди. Ортиқчасининг кераги йўқ. Ахир уйда онаси билан ўзи бўлса. Бугунги тушум баракалироқ бўлгани учун уйга эртароқ қайтаркан, дарвоза олдида ўйнаб юрган болаларга кўзи тушди.
— И-э, жиянларим-ку! Акам келибди-да, — дея чеҳраси ёришди. Отаси тирик пайтлар ҳовлилари қандай гавжум эди-я! Аммо акаси кўчиб кетди-ю, у кунлар ширин хотирага айланди.
Ҳозир ҳам «амаки»лаб ёнига югуриб келган жиянларини эркалади-да, машинанинг орқа эшигини очиб, уларни ўриндиққа ўтқизиб қўйди.
У дарвозага яқинлашаркан, ичкаридан кеннойисининг шанғиллаган товуши эшитилди. «Оббо, уям келганга ўхшайди-ку!», деган ўй хаёлидан ўтиб, юраги ғашланди. Шу аёл уларнинг остонасини ҳатлади-ю, барака йўқолди. Тинч-тотув яшаб келаётган оиланинг ҳаловати бузилди. Сал нарсага лов этиб ёниб кетадиган Машкурага, баъзилар айтганидек, бир гап кам, иккитаси кўп эди. Начора, «бурним сассиқ» деб кесиб ташлаб бўлмас экан. Охир-оқибат, уйда кунда-кунора бўлиб турадиган бундай ғалвалардан чарчаган ота, қарз-ҳавола қилиб, шаҳар четидан уч хонали квартира олди-да, катта ўғли Ботирни чиқариб юборди.
Беҳзод ичкарига кирар-кирмас, акасининг «Бўлди опа, ўғлингиз келгандан кейин ўзи билан гаплашаман», дегани қулоғига чалинди. Шу заҳоти яна кеннойисининг овози эшитилди. Беҳзод зўрға остона ҳатлади. Онаси билан акаси сўриток остидаги темир кароватда ўтиришар, кеннойиси эса бир қўли белида, иккинчисини пахса қилганча бир нималар деб бидирларкан, Беҳзодни кўрди-ю жим бўлди.
— Ассалому алайкум!
— Келақол болам! Яхши келдингми? — онаси афтидан йиғлаган бўлса керак, қизариб кетган кўзларини енги билан яширганча, ўрнидан енгил қўзғалиб қўйди. Акаси лом-мим демай, ўтирган жойида қўл узатди. Кеннойиси бўлса, «Ҳм, яхшимисиз», деб стол устидаги чойнакни олди-да, ошхона томонга йўналди.
Беҳзод уларнинг ёнидан жой олди. Қисқагина ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин ўртага сукунат чўкди. На онаси, на акасидан садо чиқмади. Ниҳоят кеннойиси эрига ер остидан қараб, «гапирмайсизми» дегандек имо қилди. Ботир бир хотинига, бир онасига қаради-да:
— Менга қара, Беҳзод, — деди одатдаги тўнг овозда, — келганинг яхши бўлди. Ойим билан бир нарсани маслаҳат қилиб ўтирувдик…
— Нимасини маслаҳат қиласиз-а? Нимасини? Ҳамма нарса ҳал бўлган бўлса! Энг «главний»си ойим рози бўлдиларми, бўлди-де! Тавба…
Хотинининг тўсатдан гапга қўшилишидан Ботир тутоқиб кетди:
— Ўчир овозингни! Биров сендан гап сўраяптими?
— Нимага ўчирар эканман? А? Нимага? Бу уйнинг-чи, ҳув анави икки хонаси менинг маҳримга тушган, билдингизми? Ё эсингиздан чиқдими? Нимага шундоқ ҳовли-жой бўла туриб, уч хоналик домга тиқилиб ўтиришим керак. Болаларингиз катта бўлаяпти, ахир! Буёғини ўйлайсизми? Бир гап бўлса, «овозингни ўчир, овозингни ўчир!». Менам-чи, шу оиланинг тенг ҳуқуқли аъзосиман! Билмасангиз билиб қўйинг.
Машкура охирги гапларини йиғи аралаш айтаркан, хотинининг феълини яхши билган Ботир энсаси қотганини яширмади. Ўзи бу хотинга тегиш кераг-у қочиш керак! Минғиллашни бошласа, чакаги тинмайди.
— Хуллас, гап бундай, Беҳзод, — гап бошлади Ботир. — Кеннойингни гапларини эшитиб, «маслаҳат» нима ҳақдалигини тушунгандирсан. Эсингда бўлса керак, адам охирги пайтда Машкура билан чиқиша олмай қолгани учун домга чиқиб кетган эдик. Анув куни кеннойинг битта гап айтиб қолди. Ўйлаб кўрсам, гапи тўғри. Биласан, учта бола билан анча тиқилиб қолдик. Бу ерда бўлса фақатгина ойим билан сен. Уч хона уй бемалол етади. Шунинг учун сизлар домга чиқсанглар, биз эса буёққа келардик.
Беҳзод секингина онасига қаради.
— Ойим розилар. Фақат сизниям олдингиздан ўтмоқчи бўлиб турган эдилар. Тўғрими, ойи? — Машкура ҳали қайнонаси тасдиқ ишорасини қилмасиданоқ, гапида давом этди:
— Ана кўрдингизми, у киши розилар. Сиз ойимнинг гапларидан чиқмасангиз керак? Хўш-ш, — у шундай деб, бироз ўйланиб турди-да, бу ёғига буйруқ оҳангида давом этди:
— Эртага шанба. Мен кеча уйдаги нарсаларни тугиб, тайёрлаб қўйгандим. Бугун сизларга ёрдам бергани келдик. Индинга эрталаб машина келади. Сиз ҳам нарсаларингизни тайёрлаб қўяверинг!
Онаси бояқиш индамагандан кейин Беҳзод нима ҳам қила оларди? Икки-уч кунда акаси оиласи билан ҳовлига кўчиб келди. Беҳзод онаси билан «дом»га чиқиб кетди.

* * *

Икки ҳафтадирки, онасининг тоби қочиб, Беҳзоднинг юриш-туришида ҳаловат йўқолган. Юрак билан ўйнашиб бўлмас экан. Қайси врачга учрашмасин, операция қилиш керак, дейди. Отасининг вафотидан кейин анча юрак олдириб қўйган Беҳзод қанча кетса ҳам, онасини даволатишга аҳд қилди. Сўраб-суриштириб, кўпчилик қўли енгил деб мақтаган врачга учрашди. Онасини текшириб кўрган врач, операция қилиш кераклигини, бунга эса бир ярим миллион сўм кетишини айтди. Бу гаплардан Раҳима холанинг хабари йўқ эди. Агар эшитганидами, операцияга ўлақолса рози бўлмас, ўғлини шунча пулга асло туширмасди.
Қаердан пул топишни билмай мияси қотган Беҳзод, ўйлай-ўйлай машинани сотмоқчи бўлди. Буни онасидан яширди. Аммо отасидан қолган ёдгорликдан ажралишга кўзи қиймасди. Начора! Энди ҳовлиси йўқ, машина кечаси кўчада қаровсиз қолади.
Шанбада кун бўйи машина билан андармон бўлди. Ҳаммаёғини ювиб-тозалаб, бозорга тайёрлади. Кечки пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Чиқса, акаси экан.
Ака-ука залга киришлари билан Ботир гап бошлади:
— Менга қара Беҳзод, нима ишлар қилиб юрибсан, ўзи?
Беҳзод ҳайрон бўлиб қолди.
— Машинани сотмоқчи эмишсан! Шунақами?
— А, уми? Ҳа, шунақа бўлиб қолди.
— Нимага?
— Ойимланинг юракларини операция қилиш керак экан! Дўхтирлар тахминан бир ярим миллион бўлади, дейишаяпти.
Ботир индамай ёнидан сигарет олиб тутатди. «Чой қўяман», деган укасини имо билан тўхтатди:
— Беҳзод, машина кимники?
— Кимники бўларди, бизники! Адамдан қолган ёдгорлик.
— Тўғри айтасан, адамдан қолган. Машинани эртага бозорга олиб чиқмоқчимидинг? Олиб чиқавер. Нархини кўр. Аммо сота кўрма, тушундингми? Нархини аниқласанг бўлди. Соққаси бор, тайин харидор бўлса, манзилини олиб қол. Қолганини кейин гаплашамиз…

* * *

Машина бозори одатдагидек гавжум. Олувчидан сотувчи, сотувчидан томошабин кўп. Беҳзоднинг машинаси нисбатан эски бўлгани билан камроқ ҳайдалгани учун яхшигина сақланган эди. Шунинг учун бўлса керак, атрофини зумда ўраб олишди. Бири олиб, бири қўяётган харидорларнинг саволларидан Беҳзод аввалига шошиб қолди. Яхшиямки бунақа бозорларга чиқавериб, кўзи пишиб кетган оғайниси Шавкат бирга келган экан. Акасининг гапидан у ҳам хабардор эди, бўлмасам, Беҳзод аллақачон машинани бериб, пулини санаб олармиди? Анча тортишувлардан кейин машинани уч миллионга баҳолашди. Беҳзод харидорга «акаси билан маслаҳатлашиши кераклигини» айтиб, унинг манзилини ёзиб олди.
Кечқурун Беҳзод акасиникига борса, Ботир кўча эшик олдида қўшнилар билан гаплашиб турган экан. Укасини кўриб, дарров четга чиқди. Уйга таклиф ҳам қилмай нима бўлганини сўради. Беҳзод чиқарилган нархни айтгач, мийиғида кулиб, «Яхши», деб қўйди-да, «Буёққа юр-чи» деб уйга бошлади. Ҳовлига киришгач, шундоққина дарвозанинг ёнида тўхтаб, укасига ўгирилди:
— Уч миллион нарх қўйишди, дегин? Яхши! Харидор нақдми ишқилиб? Манзилини ёзиб олдингми? Буям яхши бўлибди. Энди, кечаги гапим эсингдами? Ҳа, машинада менинг ҳам ҳаққим бор, деганим! Эсингда бўлса, энди гапимни эшит, демак машинанинг тенг ярми меники ҳисобланади. Шунақа экан, уч миллионнинг ярмини менга берсанг, ора очиқ бўлади.
Кечадан буён акасининг машина тўғрисидаги жумбоқли гапларининг маъносига энди етган Беҳзод титраб кетди. Ким-ким, аммо акасидан бундай гапни кутмагани учун, аламдан нафас ололмай ҳам қолди. Ўзини зўрға босиб, тишини тишига қўйганча, зўрға:
— Майли, — деёлди, холос.
— Ана кўрдингми, вой «маладец!». Мени тўғри тушунишингни билардим. Кеннойинг бўлса, «ўша укангиз бўлса, ҳеч нарсани тушунмайди», деб ўтирибди. Ҳозир эшитса, сенга беш кетиб, оғзи очилиб қолса керак! Хўш, келишдикми?
Беҳзод нима ҳам дея оларди? Ичидан зил кетса-да, сездирмай розилик билдирди. Эртасига Ботир пулни олиб кетди. Машинани зумда расмийлаштиришди. Ҳафтанинг охирида эса Беҳзод онасини касалхонага ётқизди. Икки кундан кейин операция қилишди. Врачлар ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, Раҳима холанинг куни битган экан, шекилли, операциядан яхши чиқса-да, эртасига жони узилди…

* * *

Бозордан қайтаётган Беҳзод маҳалланинг оқсоқолларидан бири бўлмиш Ғани амакини учратиб қолди.
— Бандалик болам. Бир йилда ҳам отадан, ҳам онадан жудо бўлишнинг ўзи бўлмайди. Ишқилиб, ўзи раҳматига олган бўлсин! Сизларга сабр берсин, болам. Айтмоқчи, кеча аканг Ботирни кўрувдим. Бироз суҳбатлашдик. Аммо-чи, тилла аканг бор-да! «Амаки, онамнинг барча хайру-худойисини ҳам худди отамникидек қилиб ўтказаман», дейди. Умридан барака топсин, ишқилиб. Бола-чақасини роҳатини кўрсин. Қани энди ҳамманинг ҳам фарзанди акангга ўхшаган танти бўлса…