Уйқусиз тунларимнинг бирида эшик қаттиқ тақиллади. Очганимда унинг ранг-рўйи аввалгидек эмасди: кўз ости салқиган, қуюқ сочлари тўзғиган, кўк галстуги бўйнидан бўшатилган, бир аҳвол. Икки йил аввал ўзига бино қўйган олифта йигитчага солиштирганда ер-у осмонча фарқ бор эди. Таним музлаб қолгандек бўлди.
– Нега келдингиз? – салом ўрнига савол бердим.
– Хайрият, кўчиб кетмапсан, – у таклиф кутмай ичкарига кирди.
Уни ҳайдаб юборгим келмади. Гарчанд неча марта унинг остонамга қайтиб келишини тасаввур қилган ва ҳар сафар эшикни тарс ёпиб қўйишни тилаган бўлсамда, ихтиёрсиз ортидан ошхонага кирдим.
– Тамадди қилишга бирор нима бер, – у музлаткични очиб разм солди. Афтидан кўнгилдагидек нарса тополмади, шекилли, қайтиб ёпди. – Пастдаги дўкон ишламаяпти экан. Узр, қуруқ келдим.
Унинг ҳар гал тўлиб-тошиб келган кунларини эсладим. Албатта, гул ҳам бўларди. Мен севган мойчечаклар билан келарди.
– Мен уйда овқатланмайман, – дедим ростини айтиб.
– Бекорга озиб кетмапсанда, – қоматимга кўз югуртириб, стулга беҳол чўкди. – Ўша ерда ишлаяпсанми?
– Йўқ. Нашриётдан кетдим. Яхши ойлик тўлайдиган хусусий фирма топдим.
– Мен кетганимдан сўнг ишлагинг келмаптида… – у столдаги вазада турган қизил олмани қўлига олди. – Эрга тегмаган кўринасан?
Жавоб бергим келмай дераза томон юрдим. Қишлоққа – уйимизга келаётган, ишхонамга келиб суриштириб кетадиган совчилар ҳақида ўйладим. Уларнинг бирортасига розилик беришга қалбим тўла топширганим – шу инсоннинг хотиралари йўл қўймасди. Ташқарида ёз оқшоми ҳукм сурар, тўққизинчи қаватдан, айниқса, манзара гўзал кўринади. Бир вақтлар бу ерда байрам кунлари отиладиган мушакларни бирга кузатар ва ёш бола каби завқланардик.
– Тегмагансан… – деди у ёнимга келиб елкамга қўлини қўяркан. – Мени кутгансан.
– Нега келдингиз? – саволимни такрорладим қўлини елкамдан туширарканман.
– Сенсиз ёзолмаяпман. Бирор сатр ҳам, – у оғир уҳ тортди. – Охирги асаримни ўшанда бирга ишлаган кезларимиз ёзгандим. Эсингдами, пешма-пеш чиққан китобларим… ҳаммаси дўконларда тез сотилиб кетарди.
Мийиғимда кулдим. Ўша китобларни асосан мен ёзганимни, албатта, иккимиздан бошқа биров билмасди. Биргаликда бахтли кунларимиз у ёзувчи бўлишни орзу қилишини кўп айтарди. Бир нечта ҳикоялари газета юзини кўрган, аммо омма эътиборига тушмаганди. Мен нашриётда кўплаб китобларни таҳрир қилганим, шунингдек, бўш вақтим кутубхонада ўтгани учун адабиётни яхши тушунар, аммо ёзувчиликка даъвойим йўқ эди. Илк учрашган кунларимиз унга хаёлимга келган сюжетлар, воқеаларни сўзлаб беришни ёқтирардим. У эса мени диққат билан тинглаб, эртасига оққа кўчириб келарди. Уларни ўқиб кўнглим тўлмасди. Кейин устидан ўзим қайта ёза бошлардим. Бир неча кунда тайёр ҳикояни қўлига тутқазардим. У ёш боладек суюниб, таҳририят томон чопарди. Завқланишини кўриш менга ёқарди. Ҳикояси чиққан журнални менга олиб келганида, машқларим унинг номидан эълон қилинганидан суюнардим, чунки уни ҳамиша ўзимдан ҳам ортиқ севардим. Мени бағрига босиб, қулоғимга ҳамиша бирга бўламиз, бирга ёзамиз, бирга ўламиз, деб пичирларди.
– Бирга ёзган дамларимиз зўр эди-да, – у хаёлларимни сезгандек кўзларимга боқди. – Илк китобим чиққанида ҳам ёнимда эдинг. Ўзинг ном танлаб бергандинг унга. Олган қалам ҳақим-чи… Сенга деб тақинчоқ олиб бергандим.
Ўша тақинчоқ қутичамда анчадан бери тегилмай турарди. Адабиётдан топган биринчи ва охирги буюмим сифатида. Кейинги қалам ҳақларини у деярли маишатга сарфлаб юборди. Уч йиллик яширин ҳаётимиз давомида у адабий оламда ўз ўрнига эга ёзувчи бўлиб шаклланди. Галдаги асарини ўзи ёза олади, деб ҳамиша ишонардим. Лекин иштирокимсиз уддалай олмаётганини кўриб, иш столи ёнига келар ва сочларини силаб, ухлаб олиши кераклигини, ўзим давом эттиришимни айтардим. Телбаларча унга ишонганим, ўзимни топширганим, бирга яшаганим, тунлари унинг учун ёзишим – ҳаммаси ҳозир аҳмоқликдан бошқа нарса эмасдек кўринарди.
– Мен ҳам ёзмай қўйдим, – дедим унга тик боқиб. – Сизга бу оқшом бирор нима ёзиб беришга истагим ҳам, вақтим ҳам йўқ.
У менга норози боқди.
– Тўғриси, сени соғиндим. Кулгичларингни, узун сочларингни, исингни… – яқин келиб қўлимдан ушлади. – Унутмаганингни кўзларинг сотиб қўйди. Барибир меҳр билан боқади улар менга. Ҳа, тўғри, айбдорман. Сени ташлаб кетдим. Номардларча. Уйланаман, деб сўзимда турмадим. Лекин мана… қайтдим барибир. Улоқиб-улоқиб ёнингга қайтдим.
У билан ўтган сўнгги ойларимни хотирладим. Уни халқаро адабий журналга ишга чақиришди. Нашриётда ёнма-ён хоналарда – у ёрдамчи муҳаррир, мен мусаҳҳиҳ бўлиб кўп йиллардан бери ишлаб келардик. У кетгач, нашриёт ҳам ҳувиллаб қолгандек бўлди. Замонавий услубда ижод қиладиган ёш ёзувчи сифатида ҳамма танирди уни. Тадбирлар кетидан учрашувлар, телесуҳбатлар, мулоқотлар давом этарди. Халқаро адабий танловларда мен ёзган ҳикоялар билан ғолиб бўлиб қайтаркан, бутун ижод аҳлига унга ишонч билдирарди. Уни фақат четдан кузатар, муваффиятларини бирга тотмасдим. У обрўсига путур етмаслиги учун муносабатларимизни ҳамиша сир сақлашимни истарди. Тўй қилсак, ҳаммаси яхши бўлишини ўйлаб кутардим.
Бир куни уни ишхонасига излаб борганимда, боғда бир қиз билан қуюқ суҳбатлашиб турганини кўрдим. Юрагимдан нимадир узилгандек бўлди-ю, жим ортимга қайтдим. Ундан изоҳ сўрашни истамадим. Ўзи ташкил қилган шоираларнинг тўгарагига бош бўлиб юришини билганим учун ўткинчи ҳиссиёт эканига ўзимни ишонтирдим.
Аммо аёл руҳан сезади. Ундан зерикканларини, истамай қолганларини қалби билан англайди. Мен ҳам унинг ўзимдан узоқлашиб кетаётганини билиб турардим. Ёнимга келмас, келса ҳам телефонидан ортмасди. Мийиғида жилмайиб ижодкор дўстлари билан хабар ёзишиб ўтирганида, уни йўқотмаслик учун галдаги қиссани тугаллаш билан банд бўлардим. Нашриётда ҳам таҳрирдан ортган бўш вақтим унинг янги китобларини нашрга тайёрлаш билан ўтар, аммо аввалги қувонч йўқ, дилим жуда ғаш тортганди. Иккимизнинг адабий оламимизда у мени ёлғиз ташлаб, ном таратган адибалар, ёзувчилар, шоира қизлар даврасига интиларди. Ижтимоий тармоқларда унинг шундай давраларда мағрурона турган суратини кўриб, рашким кучайиб борарди. Охири портладим.
Бир куни уйга келиши билан қаршисида таом эмас, талаб қўйдим. Ё мени, ё уларни танлашини сўрадим.
– Сен… ижодий муҳитни тушунмайсан, барибир. Мен адабиётга дахлдор одамман, дўст-у ёрларимдан воз кечмайман, – деди.
Янги чиққан китобини тап этиб столга қўйди-да, эшикни ёпиб чиқиб кетди. Бир ҳафта соғиниш билан қийналиб ўтди кунларим. Уни адабий муҳитдан тортиб олиб, фақат ўзим билан қолишини талаб қилишим худбинлик эканини англадим. Ишхонасига бордим: йўқ экан. Сўнг ижара уйига излаб бордим. Эшикни у доим ҳамкасбим деб атайдиган бир аёл очди. Ортидан тугмаларини қадаганча у кўринди.
…Сочларимни силаётган илиқ қўллар тафтидан сеҳрланиб кўзларимни бир зум юмдим. Қалбим илиди.
– Ҳа, тан оламан. Сенгача ва сендан кейин ҳам ҳаётимда кўпчилик бўлган. Лекин… ягона муҳаббатим сен экансан. Буни англаб етишим билан ёнингга чопиб келдим. Ҳа, югуриб… Ишхонамдан пиёда келдим, сенга етиш йўлидаги машаққатни англаш учун.
Газга чой қўйдим. Овқатга уннай бошладим. У эса меҳмонхонага ўтди. Тўғри китоб жавоним сари юрганини тахмин қилдим. Китобларнинг варақланаётгани эшитилди. Энг тепада унинг китоблари тизилиб турарди. Неча марта ҳаммасини йиғиштириб ташламоқчи бўлганман. Лекин китобларга меҳрим баланд эди. Ҳар бирига юрак қўрим сингганди.
Овқатнинг тагини паст қилиб димлаб, ёнига кирдим. Диванда ўй суриб ўтирарди. Мени кўриб юзи ёришди.
– Кел, ўтир… Адабий муҳит жуда зерикарли бўп қолди. Нашриёт билан ҳам ҳамкорлигимиз йўқолди. Ишхонам бераётган янги уйлардан харид қилгандим, кредитга. Ижарада сарсон юришдан чарчадим. Шуни бошланғич тўловини тўлай деб нашриётдан тарихий роман учун буюртма олдим. Қалам ҳақининг ярмини олдиндан тўлашди. Энди шу десанг, романни топшириш учун икки ой вақтим қолди.
– Ким ҳақида ёзаяпсиз, мавзуси нима? – анчадан бери ёзмай қўйганим учун беихтиёр қизиқиб сўрадим.
– Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортидаги ўзбеклар ҳаётини. Бош қаҳрамон йигитнинг отаси урушга кетади, онаси эса раис билан ҳалигиндек… Кейин отаси қайтиб бошқасига уйланади. Яна кўп воқеаларни қўшяпман.
– “Икки эшик ораси”га ўхшаб қолмаяптими ишқилиб?
– Шунақами? – у хижолат бўлгандек пешонасини қашлади. – Ўткир Ҳошимов асарларини ўқиб катта бўлганмизда… балким. Ёки урушдан қочган йигит ҳақида ёзсамми?
– Саид Аҳмадни ҳам кўп ўқигансиз, – дедим кулгим қистаб.
– Ўзинг бирор сюжет берсанг-чи, азизим… Сен сюжетлар конисан-ку. Мени илҳом фариштамсан. Кўрдинг, сенсиз аҳволимни…
Ҳа, икки йил давомида унинг журналларда бирор ҳикоясини ҳам, дўконларда янги китобини ҳам кўрмагандим.
– Ўйлаб кўраман… Уруш – ўлмас мавзу. Табий сюжет топиш керак.
– Икки ой ичида ёза оласан-а? Сенга ишонаман. Ҳар куни ишдан сўнг ёнингга келаман, яна бирга яшаймиз.
Бу гапдан негадир хурсанд бўлмадим.
– Икки ойдан сўнг-чи?
– Кейин ҳам… яна буюртмалар оламан. Бирга ёзаверамиз. Бир умр.
– Кредитни ёпгач, янги уйингизга кетасизми? Ким билан яшайсиз у ерда? – сўрадим истеҳзо билан.
У оғир уҳ тортди.
– Биласанми, жоним… қишлоқда ота-онам қўймаяпти уйлан деб. Қўшнимизнинг қизига мендан сўрамай фотиҳа ҳам қилиб қўйишибди. Кузда тўй. Сендан буни яширмоқчи эмасман. У ота-онамни ёнида хизматини қилиб юраверади, сен эса…
– Ўйнашим бўласан, деб қўя қолинг.
– Йўғэ, севгилим, маҳбубамсан-у…
Ичимда умид билан кутганим – “ўз уйимга олиб кетаман, тўй қиламиз, рафиқам бўласан, бир умр бирга ижод қиламиз”, деган сўзлар унинг тилидан янграмади. Ўрнимдан туриб китоб жавонимдан унинг китобларини йиғиштира бошладим.
– Илтимос, шуларни ўзингиз билан ола кетинг.
– Лекин… нега, ҳаётим, у бизнинг биргаликдаги асарларимиз-ку, биз уларнинг ота-онасимиз, ахир!
– Бошқа китоб туғишни истамайман! – кутилмаганда йиғлаб юбордим. – Мен оила қуришни, сиздан фарзандлар кўришни, уларни бирга тарбиялашни орзу қилардим! Ҳа, фақатгина орзу! Амалга ошмас орзулар… Институтни қандай тоза ниятлар билан битирган эдим-а? Нашриётга ишга олишганида ота-онамга юзингизни ёруғ қиламан деб пойтахтда қолишга аранг кўндиргандим-а? Сиз дугоналаримдан ажратиб олиб шу квартирани топганингизда ҳам тез орада совчи юборишингизга гўлдек ишонган эдим-а? Уйқусиз тунлар сизнинг асарларингизни ёзаётганда бир умр ёнимда бўлишингизга ишонгандим-а? Ҳа, абадий муҳаббатга ишонгандим… жудаям ишонгандим. Шунчалар ишондимки, ўзимни топширдим… Виждон азобида қолдим мени оқ ювиб-оқтараганлар олдида. Ёзган ҳикояларим каби охири ҳаммаси бахтли якун топишига амин эдим… Аммо сиз мен тасвирлаган қаҳрамонларга сира ўхшамадингиз. Улардек мард, садоқатли, меҳрибон чиқмадингиз. Орзулар ўша китобларда қолиб кетди. Ҳаётда аксига дуч келдим: алдандим. Ҳамма ҳурмат қилиб ардоқлайдиган азиз ёзувчим мени ташлаб кетди.
Шалвираганча чўкдим. Энди кўзларимдан ёш оқмасди. Назаримда, улар тескари оқар: ичимга, юрагимга томарди. Қалбим оғирлашиб кетди. Зилдек…
Аста ёнимга келиб елкамга қўлини босди. Энди улар совуқ туюларди.
– Кетинг! – дедим кўзларига тик қараб.
– Мендан воз кечолмайсан, азизим… севасан-ку ахир. Икки йилки, шу ерда кутгансан мени. Китобларимиз билан дардлашиб. Энди сенга… ким уйланарди, ахир, ўйлаб кўр. Хуллас… асарни ёза бошлагач қўнғироқ қил. Дарҳол етиб келаман. Мени йўқотсанг ҳеч киминг қолмайди.
У пешонамдан аста ўпиб қўйди. Сўнг столга визиткасини қўйиб, индамай чиқиб кетди.
Китоблар сочилиб ётган гиламда узоқ вақт сассиз, қимир этмай ётдим. Болалигимда қўғирчоқ ушлаганча унга алла айтганларимни, ўсмирлик пайтларим оқ отдаги шаҳзодам ўз қасрига олиб кетиши ҳақдаги хаёлларимни, талаба бўлгач, энг зўр ношир бўлиш ҳақидаги мақсадларимни эсладим. Икки йилки, кўнглимда бирор орзу ҳам, тилак ҳам йўқ. Фақат кун кечирардим. Яшамасдим. Эҳтимол… уни интизор бўлиб кутардим.
Қачон ухлаб қолганимни билмайман. Уйғонганимда қуёш нурлари хонани ёритар, бугун ҳам кун қаттиқ қизишидан дарак бериб турарди. Ўрнимдан туришим билан ниҳоят, қатъий ишонч билан ташқарига чиқдим. Газета шохобчасидан эълонлар рўзномасини олиб, ижарага уй излай бошладим…
Шип-шийдам қилиб бўшатилган хонадон калитини эгасига топширарканман, умримнинг беш йили ўтган уйга сўнгги бор назар солдим.
– Полда китоблар уюлиб турибди, – деди ичкарини кўздан кечирган хонадон эгаси. – Унутибсиз, чоғи.
– Улардан воз кечдим, – дедим жилмайиб. – Энди ўз китобларимни ёзаман. Фақат ўзимникини!
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 7-8-сон