Тирикдайсан гўё, бардамсан гўё,
Ҳаёт ҳам у қадар эзмас елкангни…
Хўш, қаердан келди бу қайғу?
В.Цойнинг қўшиғидан
Метронинг Н. бекати. Кечги соат олти.
Чеккадаги ўриндиқларнинг бирида, сумкамни тиззам устига қўйганча, ярим соатдан бери сени кутяпман. Кечиккудай бўлсанг, зинҳор кетиб қолмаслигимни илтимос қилгансан — бугун ишхонангда маош бериладиган кун, ўтган ой олган қарзингни қайтариш ниятидасан. Яна қанча ҳаяллашинг мумкинлигини билмайман-у, лекин ҳозирча мўлжалим — тағин ярим соат кутиб, кейин уйга жўнайвериш.
Бекатда одам сийрак. Бу бекатда доим ҳам шундай. Ора-сира яккам- дуккам йўловчи тушиб келади, баъзилар ўриндиқлардан жой олади, баъзилар тик турганча кутади. Дам у, дам бу томондаги туннел ичидан гувиллаб вагонлар чиқиб тўхтайди, “дув” этиб тўкилган оломон бирпасда ҳар ёққа тарқаб кетади — бекат яна сийрак тортиб қолади…
Мармар деворлардаги оловранг, тутунранг, кулранг ва яна аллақанча хил тушуниксиз ранг доғларнинг ажабтовур қоришмасини, бошқа бекатлардагидан фарқли — безаксиз, оқ гумбазсимон шифтнинг тарновда қотган баҳайбат сумалак бўлакларини эслатувчи шиша қандилларини обдон томоша қилиб бўлганман, у ёғига хаёлимни нима билан банд этишни ўйлаганча туннел тепасидаги электрон соатга қараб-қараб қўяман.
Бугун ўттизинчи май. Баҳорнинг охирги куни. Шунинг учунми, билмадим, эрталабдан хаёлим паришон. Ҳеч нимада диққатимни тутиб қололмайман, ўйларим тутун каби ёйилиб кетаверади… Юрагим эса тош солиб қўйгандай оғир.
Ўриндиқнинг нариги четида хушрўйгина малласоч қиз ўтирибди; келганимда қай ҳолатда бўлса, ҳозир ҳам шу — ҳар гал қаршимизда эшиклар очилганидагина бошини кўтариб, одамлар орасидан кимнидир излайди, сўнг нигоҳи яна ер чизишда давом этади.
У ҳам кутяпти…
Қизнинг енгсиз, этаклари узун оқиш сидирға кўйлагига, платформа пошнали қора ағдарма чарм туфлисига жуда-жуда ҳавасим келади, кўйлак бичимини эслаб қолишга ҳаракат қиламан. Кейин унинг касб-кори ҳақида бош қотираман — аввал, халқаро йўллар бўйича аэропорт нозими, деб кўраман, лекин бу тахминим дарров ўзгаради — нозимларда ҳам, худди сартарош ва котибалар каби, бу қиздаги оқсуякларга хос нимадир етишмайди… Хорижлик сайёҳлар учун гид-тилмоч… Қўлида скрипка ғилофи бўлганида-ку, консерватория талабаси дердим-қўярдим. Ўйлаб-ўйлаб, охири шундай хулосага келаман — қиз-фотомодель! Ҳали бирор ерда унинг суратига кўзим тушмаган бўлса-да, шу фикрга маҳкам ёпишиб оламан. Балки, у бошловчи моделлардан — фаолияти ҳозирча “Модалар уйи”да кийим намойиш этиш билан чеклангандир. Эртага эса, худо билади — эҳтимол “Vogue“нинг муқовасида кўриниб қолар. Э-э, ким бўлмасин, менга ўхшаш кундузи ўқиб, куннинг иккинчи ярмида ишлайдиганлардан эмасдир, ҳар қалай. Туфлисига шу қадар ҳавасим келадики, ҳатто бир зум бу ойги маошимга стипендиямни қўшиб, битта шунақа туфли олсаммикан, деб ҳам ўйлайман, бироқ қишга этигим йўқлиги, пальтом ҳам эскириб қолганини эслашим билан бу ширин хаёл капалакдай учади-кетади. Кейин, бундай туфли кийганингга яраша, қолган уст-бошинг ҳам шунга мос бўлиши керак — қизнинг эгнидаги каби кўйлак олиш учун эса, менинг уч-тўрт ойлик маошу стипендияларим ҳам озлик қилади. Ҳа, чўнтагимиз ҳаммавақт ҳам дидимизга тўғри келавермайди, деган одам қанчалар ҳақ…
Сен ҳақингда ўйлай бошлайман. Дарров маъюс тортаман — августда сен турмушга чиқяпсан. Атиги икки ойдан сўнг. Атиги икки ойдан сўнг сен йўқ бўласан. Яъни, мен учун йўқ бўласан — икковимиз бошқа-бошқа оламларда яшай бошлаймиз гўё. Эҳтимол, яна қанчадир вақт қўнғироқлашиб, ҳатто баъзи-баъзида учрашиб ҳам турармиз, балки бир умр ҳам дугоналигимиз йўқолмас, лекин барибир… ҳаммаси бошқача бўлади энди. Сен турмушга чиқасан — мени болалик билан боғлаб турган сўнгги ип узилади… На илож. “Вақтга тобемиз баримиз бирдек…”
Қўшни ўриндиққа беш-олти нафар ўсмир қизлар келиб ўтиришади, дарров ўша томон ўгирилиб, қизларга бошдан-оёқ разм солиб чиқаман — вақтни ўтказиш учун бундан яхшироқ машғулот борми…
Кишининг иқтисодий аҳволини унинг биргина оёқ кийимидан билиб олиш мумкин, дейишади. Менимча, бу у қадар тўғри эмас. Мисол учун, бой одам бахиллиги сабаб ва ё бозор-ўчар деган жойларга кетаётиб, азбаройи яхши пойафзалини аяш ниятида ҳам эскироқ, “бундайроқ” туфли кийиб олган бўлиши мумкин ва… аксинча. Менинг бир синфдош дугонам бўларди, у айни вақт қўшним ҳам эди, еттинчи синфдалигимда тоғам менга чет элдан ўша пайтлар энди расм бўлаётган “лодка” туфли олиб келганди, ҳалиги дугонам бирор ерга борадиган бўлса, — бу дегани ҳар уч куннинг бирида ўша туфлини сўраб чиқаверарди. Тоза безор қилганди ўзиям. Бермайман десам, хафа бўларди тағин… Мендан туфли, бошқа бировдан кўйлак, яна бировдан сумка… Ҳатто атирни ҳам кимлардандир олиб сепарди. Ўша дугонамни кўча-кўйда кўрганлар, бирор амалдорнинг қизи деб ўйлашармиди, балки, ваҳоланки, унинг оиласини ўртамиёна деб ҳам бўлмасди…
Рўпарамдаги қизлардан тўрттовининг оёғида бир хил — ҳозир тижоратчилар Араб амирликларидан келтириб сотишаётган қора лак шиппак. Қолган иккитаси ўзимизнинг ширкатлар ишлаб чиқарган, ёздан кўра кузги мавсумга мосроқ туфлида; бирининг эгнида бундан уч-тўрт йил аввал урф бўлган “вариант” — қора гипюр юбка билан оқ гипюр кофта, наригисида — арзонбаҳо “варёнка”. Айни кунда эса қуйидаги хил либослар “мода”га кирган: қора ранг сунъий ипакдан кофта-юбка қилиниб, ўша рангли шифондан узун, кенг-мўл енг ўрнатилади, кофтанинг олдига тижорат дўконларида тўлиб-тошиб ётган ялтироқ тугмачалардан беш-олтитаси қадалади: шунингдек, ёқага шифондан “пирпирак” ўрнатиш ёки юбканинг ўзини ҳам шифондан тиктириш мумкин. Охирги пайтлар “ипак-шифон” комбинацияси учун фақат қора эмас, оқ, пушти, бинафша, ҳатто сариқ ранглар, гулдор, йўлбарс териси нусхали матолар ҳам қўлланиляпти. Яна бир усул: йўл-йўл ё хол-хол ва ё ранг-баранг геометрик шакллар тасвири туширилган ипакдан костюм-юбка қилиб қўя қолинади — бу яна ҳам арзон тушади. Савдо расталари турли-туман сунъий ипагу шифонларга тўлиб-битган — одамларнинг чўнтагига энг тўғри келадигани ҳам бугун шу-да; матонинг бошқа турлари нисбатан анча қиммат, тайёр кийим-кечакнинг нархи ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Шундай қилиб, бу йил баҳорги мавсумда, қизларнинг ўрта табақага мансуб қисми тахминан бундай кўринишга эга: энгилда “ипак-шифон”нинг бир тури, оёқда қора лак шиппак, қўлда Туркияда ишланган сунъий чарм сумка… Мана, қаршимдаги қизларнинг учтаси ҳам ўшанақа “ипак-шифон”дан кийган, бири эса янгилик ихтиро қилиб, намозшомгулли атласнинг енгига қизил шифон ўрнатиб олибди… “Варёнка”ли қиз ҳаммани оғзига қаратиб нималарнидир тинмай бидирлаяпти. Бир томондан, бундай қизларнинг тиришқоқлигига қойил қолиш керак — энгилнинг “камтаргина”лигига сир бой бермай, қайтага унинг ўрнини бошқа “майда детал”лар билан тўлдиришга уринишади, яъни: сочлар ҳафсала билан жингалак қилинади, юз-кўз обдон бўялади: қўлда қандай бўлмасин, ишқилиб электрон соат, кўзда арзонгина офтоб тўсғич кўзойнак, туркча сумканинг ўрнига “Мarlboro” ёки “Camel” ширкати тамғаси босилган елим халта ҳам ўтаверади, агар топилса, шақир-шуқур жез зирак-мунчоқлардан ҳам тақиб олишади — тамом-вассалом, шунақа нарсаларнинг “фони”да “варёнка”лининг эскилиги ҳам, туфлининг едирилганлиги ҳам унчалик билинмай кетаверади. Бироқ “варёнка”лининг қўлидаги сумка қимматбаҳо — тимсоҳ терисидан ясалган, кўрибоқ кўнглимдан “ўзиники эмас”, деган ўй ўтади, дарров анави синфдош дугонамни хотирлайман… Йўқ, кийим-бош одамнинг моддий аҳволидан кўра ҳам унинг шахсияти ҳақида кўпроқ хабар берса керак… Шу пайт, тўрва-халтасининг оғирлигидан ёнбошига эгилиб, инқиллаб-синқиллаб бизнинг ўриндиқ сари келаётган тўлагина аёлга кўзим тушади, энди диққат-эътиборим у томон кўчади. Аёл кела солиб, зилдек сумкасини “гурс” этиб ерга қўяди, оёқларини кериб ўтириб олади-да, дастрўмоли билан терлаб кетган юз-бўйнини арта бошлайди. Сумкасининг тутқичлари икки ёнга оғиб, ичидаги тунука мой бўёқ идишлар кўриниб қолади… Бу аёлни танийман — эски ҳовлида турган кезимиз бизнинг маҳаллада манзил шифокори эди. Эгнига тор келиб қолган ғижим крепдешин кўйлагига, пошналари қийшайиб кетган сарғиш туфлисига нохуш назар ташлайман. Тарам-тарам ёрилган товонлари, кир, ўсиқ тирноқларини кўриб эса батамом таъбим тирриқ бўлади. Бу киши шифокор эмиш тағин… Ўзим ҳам анчадан бери тирноқларимга қарамай қўйганимни эслайман. Илгари тирноқ пардозламай сира кўчага чиқмасдим. Ҳаммаси шундай майда-чуйдалардан бошланса керак — бу кетишда ҳадемай, ёнимдагига ўхшаш — бозорларда оғир тўрва-халталар кўтариб терлаб-пишиб юрадиган, уст-боши палапартиш аёлларнинг бирига айланиб қолишим ҳеч гап эмас. Эй худойим, мана шунисидан бирам қўрқаманки…
Туннел ичидан гувиллаб вагон чиқиб келади. Аёл тиззаларига таяниб оғир қўзғолади… Ўриндиқда яна малласоч қиз икковимиз қоламиз.
Сендан ҳамон дарак йўқ…
Хаёлларим айланиб-айланиб ишхонага — университет радиосига қайтади. Эртага оғир кун. Беш пара дарс, бешинчи пара соат учда тугайди, ишга роппа-роса икки соат кечикиб бораман. Кейин бир эмас, тўртта факультет орасида зир югуриб, деканлардан бу йилги кириш имтиҳонларига тайёргарлик ҳақида интервью олиб улгуришим керак — келгуси эшиттиришга кетади. Уйга боргач эса, эҳтимол ярим кечга довур мук тушиб дарс тайёрларман — индинга биринчи парада “Махсус курс” бўйича семинар. Эрталаб яна ўқишга югур, ундан чиқиб ишга… Яна ҳам муҳарриримиз яхши, кунда-кунора кеч қолиб келишларимга индамайди — айтган ишини вақтида битказиб берсам бўлгани. Очиғи, бизнинг серсоқол Маратга “муҳаррир” деган ном унча “ўтиришмайди”. Ўзи ҳам у қадар “муҳаррир” эмас-да. Марат — бизнесмен. Шаҳарнинг қаеридадир елим халта ишлаб чиқарадиган кичик корхонаси бор. Ректорат биносининг иккинчи қаватида жойлашган торгина хонамиз ҳам расмангина университет радиоси, аслида у Маратнинг корхонаси учун идора сифатида хизмат қилади, келиб-кетувчилар орасида ҳам талабаю-доцентлардан кўра Маратнинг тижоратчи таниш-билишлари кўпроқ. Асосий ишни тўлиқ ставкада ишловчи Алфия деган татар қиз икковимиз бажарамиз, Марат фақат йўл-йўриқ кўрсатиб, эшиттириш матнини текшириб, таҳрир қилиб бериб туради.
Марат — хунуккина йигит. Бўйи узун, елкалари туртиб чиққан, юзидаги ҳуснбузарларни яшириш учун соқол-мўйлаб қўйиб юради. Лекин кийинишни боплайди, тагида яп-янги “09”и бор, топиш-тутиши жойида. Шу боис ректоратдаги жамики турмушга чиқмаган котибаю ҳисобчилар Маратни “илинтириш” пайида. Алфия — яхшигина “олибсотар”; ундаги латта-путталарни кўриш баҳонасида қизлар бирлари олиб, бирлари қўйиб хонамизга кириб келаверишади, кириб келаверишади… Марат уларнинг ниятини билади, остонада қизлардан бирови кўриниши билан дарров қовоқ уйиб олади… Бироқ яқиндан бери иқлимда ўзгариш сезила бошлади. Икки ойча аввал, оқ шим, зангори кофта кийган калта сочли бир қиз туш пайти Алфияни йўқлаб келганди. Марат қизни бошдан-оёқ кузатиб қолганини кўриб, Алфия икковимиз дарҳол кўз уриштириб олгандик. Қиз чиқиб кетиши биланоқ Марат Алфиядан унинг кимлигини сўраганида эса “вой” деб юборишимга оз қолди. Ректоратдаги қанчадан-қанча ундан кўра ёшроқ, чиройлироқ қизларни назар-писанд қилмаган одам… Ҳамманинг диди ҳар хил-да. Масалан, менга, қизнинг юзи қаримсиқ ва совуқ кўринганди. Алфиянинг айтишича, кадрлар бўлимига яқинда ишга келган у қиз ректорнинг жияни экан, иқтисод факультетида сиртдан ўқиркан.
Қиз ўша бир келганича қорасини кўрсатмай кетувди, лекин ўтган ҳафта, адашмасам, кунора Алфияни сўраб кирадиган бўлганди. У ҳар кирганида, Марат ўзини гарчи парво қилмагандай тутса-да, юраги тўкилиб кетгудай бўлаётгани кўзларидаги бесаранжомлик, қовушмаган хатти-ҳаракатларидан шундоқ сезилиб турарди. Кеча Алфияни “турткилаб” кўрувдим, “ҳеч кимга айтмаслик” шарти билан бир сирни очди.
Қиз хонамизга биринчи марта ташриф буюрганидан ўн кунларча ўтиб, Макснинг (Алфиянинг холаваччаси, Маратнинг фирмасида ишлайди) туғилган кунида, кайфи ошиб қолган Марат Алфияга ёрилибди… Пойтахтга эндигина келган кезлари, (Марат асли пойтахтлик эмас, С. вилоятининг қайсидир шаҳридан) эрталаблар университетга қатнаётиб, кўпинча трамвайда мактаб либосидаги ҳалиги қизга кўзи тушар, ўшанданоқ уни “ёқтириб” қолган экан… Бир иложини топиб, қиз билан “таништириб” қўйишни Алфиядан ўтиниб сўрабди. Қулай пайт келишини пойлаб юрган Алфия, аввалги ҳафта қизнинг серқатнов бўлиб қолганидан дадилланиб, илмоқли гап ташлаб кўрган экан хонимпошшанинг жони-пони чиқиб кетибди. Кейин нима дебди денг… Ойнинг боши Алфия бетоб бўлиб икки-уч кун ишга келмай қолганида, Марат тушмагур, кадрлар бўлимига бориб, қиздан беш-олти бет “зарур” бир нимани машинкада кўчириб беришни илтимос қилибди. (Иш баҳона, дийдор ғанимат-да — йўқса котиба дегани қаватимизнинг ўзидаёқ тўлиб ётибди.) Қиз дарров кўчириб берибди ҳам… “Энди радиоларингни елкамнинг чуқури кўрсин, — дебди у Алфиянинг гапини эшитиб. — Фақат анави қишлоқи олифталарингга айт, марҳамат қилиб, машинка ҳақини тўлаб қўйсин. Мен унга текин хизматкор эмасман. Ё ҳаммани ўзига ўхшаб бебилиска пул топяпти, деб ўйлайдими? Ана тўлайди, мана тўлайди, деб шунча кутдим, мени кўриб зора эсига тушса, деб хонасига шунча кириб-чиқяпман… Бу кишим бўлсалар нима хаёлга борибдилар. Соқол босган башарасига қарасам кўнглим озадию…” Вой худо, вой худо… Алфия қизнинг айтганларини шундоқлигича етказгудай бўлса, Маратнинг афт-ангори не тусга киришини тасаввур қиляпман… Бечора Марат! Чиндан ҳам ўзича нима хаёлларда юрганийкин-а…
Ёнгинамдан “adidas” спорт кийимидаги, сочини тап-тақир олдирган новча йигит ўтиб кетади, қўлидаги ёпиқ шамсиядан сув томчилаётганини кўраман. Ташқарида ёмғир ёғяпти… Малласоч қиз “уҳ” тортиб бошини хиёл ортга ташлайди. Бўйнидаги ингичка тилла занжирга кўзим тушади, яна сени эслайман — яқинда сен ҳам шунга ўхшаш занжир сотиб олгандинг. Албатта, биржанинг маоши редакцияники каби эмас…
Онам ҳам анчадан бери бошқа тузукроқ ерга, масалан, сенга ўхшаб бирорта биржа-миржага ўтиб ишлашимни маслаҳат берарди. Мен эса, дорилфунунни битиришимга оз қолгани, кейин бир йўла тўлиқ ставка билан ўшанақа биржалардан бирига боришим мумкинлигини айтиб, ишни пайсалга соламан. Аслида ўзимнинг кетгим йўқ. Туркча қаҳва ҳиди ўрнашган тинчгина хонамизга, кундалик юмушларимга, баъзан Алфия, Марат уччовимиз ўтириб, бир пиёла чой устида ўтган-кетганлардан ғийбатлашишларимизга… умуман, шу ернинг муҳитига жуда қаттиқ ўрганиб қолганман. Эрта-индин ўқишим битгач, барибир бу ердан кетишим кераклигини ўйласам, ҳалитдан юрагим зирқирайди. Дунёда менчалик муқимтабиат кимса бормикан ўзи…
Бугун одатдагидай, ўқишдан чиқиб, ректорат биносининг мармар зинапояларидан кўтарилаётган эдим. Бирдан қулоғимга Виктор Цойнинг таниш қўшиғи чалинди. Қўшиқ бизнинг хонадан эшитиларди. Кўнглим шундай орзиқди — бундан тўрт йил аввал, радиога ишга янги келган пайтларим ёдимга тушиб кетди… Ўшанда Виктор Цой роса машҳур бўлган кезлар, хонамиздаги магнитафонда ҳам фақат унинг касеталари айланарди. Унда муҳарриримиз бошқа — ҳар куни ярим соатгина кўриниш бериб, кейин ғойиб бўлиб кетадиган бир рус доценти; Марат эса яқингинада ўқишни битирган, ҳозиргига қараганда соддароқ, сергапроқ, ҳазилкашгина йигит эди. Ҳали бутунлай “бизнесмен”га айланиб улгурмаган — фаолияти фақат “йирик чайқовчилик” доирасида; баъзан бизга адабиётдан “маърузалар” ҳам ўқиб турарди ҳатто. “Ээ-ҳҳҳ… — дерди у чуқур надомат билан, — Катта адабиётнинг вақти ўтди энди…” (“Катта адабиёт” деганида романларни эмас, санъат даражасидаги бутун адабиётни назарда тутади.) XXI асрда Катта адабиёт қирилиб битмиш тамаддундан ёдгор тош лавҳа каби бўлиб қолади гўё. XXI аср кишиларида эса, лавҳадаги ёзувни ўқиш учун қобилият ҳам, имконият ҳам, хоҳиш ҳам топилмайди. Тош лавҳа, ўлик тиллар мафтуни бўлмиш жуда озчиликнигина қизиқтириши мумкин… Мени айтди дерсиз, янги асрда одамлар олди-қочди романларни-да ўқишмайди, э-э, улар нима, бора-бора ҳатто газета ўқимай қўйишса керак. Фақат… фақат телевизор кўришади. “Агар қаламнинг орқасида нон емоқчи бўлсанг, сенга маслаҳатим, — дейди у, гарчи ундан маслаҳат сўрамаган бўлсам-да, — Голливуд учун сценарий ёзишни машқ қил”. Кейин сценарий қандай ёзилиши кераклиги ҳақида батафсил тушунтириш бера бошлайди. Голливуд фильмлари орасида энг харидоргири, тайинки — “ур-ўлдир” фильмлар. (Буларни юмшоқроқ қилиб, “қочди-қувди” деса ҳам бўлади.) Яъни, Сталлоне, Шварценеггер, Мел Гибсон, Брюс Уиллис, Стивен Сигал ва ҳоказолар иштирокидаги, расман “воқеабанд фильм” деб аталган — бош қаҳрамони мафия билан орани очиқ қилаётган собиқ полиция офицери ё давлат миқёсидаги жиноий операцияни фош этаётган хавфсизлик хизмати ходими, ё ҳақиқатни юзага чиқариш йўлида жон тиккан, фавқулодда зийрак-зеҳнли, фавқулодда эпчил-уддабуро ва ишонарсиз даражада омадли репортёр ва ё Жеймс Бонд ёки Рембо — хулласи калом, шунча отди-қувди, ур-ўлдир, ёндир-куйдирдан сўнг ҳам тирик қоладими-йўқми, ишқилиб, охирида албатта ғалаба қозонадиган шахс бўлмиш фильмлар. Бироқ, бу ёғлиқ луқмага кўз тикиб хомтама бўлмаганим маъқул — буниси Голливуддаги “наҳанг”лардан ортмайди. “Спорт — карате” фильмларнинг ҳам бозори чаққон, лекин, бу ерда ҳам “ёриб чиқиш” мушкул; бир ёқда Сталлоне ва Ван-Даммларнинг ўзи сценарий ёзиб ётган бўлса. Сталлонени ёқтирмаса-да, Марат “Rocky” серияларини Голливуднинг энг яхши фильмларидан ҳисоблайди. (Марат у ёки бу фильмнинг муваффақияти қайсидир даражада унинг мусиқасига ҳам боғлиқлигини таъкидлаб ўтади, масалан, “Rocky V”нинг финалидаги қўшиқ, фильмнинг ярми даражасидаги кучга эга эмиш.) Комедия ҳам яхши нарса, аммо бу борада омадим чопиши даргумон — Маратнинг фикрича, менда умуман юмор ҳисси йўқ эмиш. Унинг навбатдаги ақлли маслаҳатига риоя қилган ҳолда, дедектив, саргузашт-фантастика, драма ва яна тарихий мавзудаги фильмларни ҳам четлаб ўтганим дуруст. Шу ерга келганда у истеҳзоли жилмаяди: “Компьютер асрида Гюго ва Дюманинг номини инсоният фақат Голливуд фильмлари титрида кўрса ажаб эмас. Табиийки, оригинал “истеъмолчилар” дидига мос равишда сурбетларча “такомиллаштирилган” бўлади, бечора классикнинг исм-шарифи эса, титрда костюм дизайнеридан ҳам кейинга қўйилади”. Шундай қилиб, унинг назарида менга энг мос келадигани — “психологик триллер”. Бироқ, сценарий муваффақиятли чиқиши учун персонажлар орасидан одамхўр ёки ваҳший садист жой олишига асло зарурат йўқ, дейлик, қаҳрамонларнинг — бири иқтидорли руҳшунос олим (бу қаҳрамон ўрта ёшлардаги хушсурат аёл бўлақолгани яхши), яна бири — оғир депрессия ҳолатидаги миллионер ё машҳур кинопродюсер, учинчиси эса — олимни таъқиб қилаётган руҳий хаста ўспирин… Марат бирпасда сценарийнинг хомаки нусхасини чизиб беради. Юрак қоқувчи ваҳима, кўнгил фожеаси, кутилмаганлар вазиятлар ва… умидсиз севги мелодрамасидан иборат мудҳиш мозаика… Худо ҳаққи, воқеалар шу қадар қизиқ, кутилмаган йўналишларда ривожланади, айниқса, фильмнинг охирги эпизодлари шу қадар таъсирли, жозибадор чиқадики, беихтиёр ҳаммамиз чапак чалиб юборамиз — гўё кино кўриб роса мазза қилган одамлардай. Алфиянинг кўзидан ёш думалайди ҳатто. “Эҳ, агар вақтим бўлганидами…” — дейди ўз-ўзига қойил қолган Марат, кафтларини ишқалаганча… Лекин шу нарсага жиддий қўл урмоқчи бўлсам, ҳаммуаллифлик қилишга бажонидил рози.
Марат хаёлпараст эмас — сценарийларимни кимдир сотиб олишини истасам, аввало ўзим Голливудга яқинроқ ерга кўчиб боришим лозимлигини эслатиб ўтишни унутмайди. Шунингдек, то бирор продюсернинг диққатини тортгунга қадар, балки ҳатто идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлаб туришимга тўғри келиши, бу лавозимда бир умр қолиб кетмаслик учун эса, “керакли одамлар”ни хира пашша мисол таъқиб қилмоғим зарурлигини ҳам…
Маърузаларини, Марат ҳар гал, албатта, бирор кутилмаган хулоса билан якунларди: “Янги асрда Катта адабиётнинг бўлмаслиги бир томондан яхши”, — дерди, масалан. Чунки Катта адабиёт, баъзиларнинг яшаш қобилиятига салбий таъсир ўтказармиш…
У пайтлар Алфия билан ярим моянада Зарина исмли қадди-қомати ниҳоятда келишган чечен қиз ишларди. Заринанинг орзуси — фотомодель бўлиш; шаҳарда ўтказиладиган кўрик-танловларнинг бирортасидан қуруқ қолмаса-да, негадир ҳануз омади келмай турарди. Маратнинг ҳам орзуси бор эди — Австралияга кетиб, бир умр ўша ерда яшаб қолиш. (Нега энди Америкага эмас — ҳайронман.) Заринанинг иш столи тепасида суратли тақвим бўларди, суратда дарё қирғоғига тақаб қурилган ярим хитойча услубдаги шинамгина уй акс этган, уйнинг орти — уфққа қадар чўзилмиш ям-яшил қуюқ ўрмон, қирғоқда эса эшкакли қайиқ боғлоқлиқ эди. Марат агар Австралияга бориб катта бизнесмен бўлиб кетса, ўзига худди шунақа манзарали ердан худди шунақа уй қуриб олиши, ҳордиқ кунлари ўрмонга чиқиб ёввойи ўрдак овлаши ёки қайиққа ўтириб дарёда узоқ-узоқ сайр қилишларини айтиб, бизни ҳам бир зум пушти ранг хаёллар оламига олиб кетарди… Мабодо, умрининг охиригача орзуси ушалмай, шу ерларда ўлиб кетгудай бўлса, мурдасини куйдириб, кулини Австралия узра сочиб юборишларини васият қилиб қолдирадиган бўлар, энг қизиғи, бу васиятни у вақтга келиб, жаҳон миқёсидаги фотомодель бўлиб етишган Зарина бажариши лозим эди. (Албатта, уй ва васият ҳақидаги гаплар бизни кулдириш учунгина айтиларди фақат, аммо ўша пайтлар Марат Австралияга кетишни жиддий режалаштиргани рост.)
Орзулар менда ҳам йўқ эмасди. Сценарий ёзиб “Оскар” олишни хаёл қилмасам-да, ҳар қалай…
Кечалари эса магнитофонни пасайтириб қўйиб, хотиржам дарс тайёрлардим. Ташқарида қиш эди, Цойнинг қўшиқларида ҳам. Кўзларим сатрлар узра югуравериб чарчаган маҳал, бир дам бошимни кўтариб деразадан ҳовлига назар ташлардим. Ҳовли юзи, дов-дарахтлар қалин қорга беланган, тун ҳам аллақандай кўкимтир тусда кўринарди… Эрталаб кун ёришмасидан ўқишга отланардим, метродан чиқишим биланоқ ректоратнинг баланд оқ биносига кўзим тушар, эндигина биринчи курс талабаси бўлишимга қарамай, шу бинодаги хоналарнинг бирида менинг ҳам иш столим борлиги, курсдошларим уч-тўрт йиллардан сўнг бажара биладиган ишларни мен аллақачон ўрганиб улгурганим, ўқишни ҳам, ишни ҳам бирдай эплаб бораётганларимни ўйлаб кўнглим кўтариларди. Ўша кезлар аста-секин кичик-кичик ҳикоялар машқ қила бошлагандим, бир-иккитаси босилиб чиққанди ҳатто.
Хуллас, ўша қиш, ҳаётимнинг бошқа ҳеч бир палласида бўлмаган чуқур ва гўзал кўнгил ороми ичра яшагандим…
Энди эса у фараҳлар йўқолган, ҳамманинг хаёлида фақат тирикчилик ташвиши. Ҳали рўзғор, бола-чақа деган нарсалар пайдо бўлса, ташвишлар яна ортади. Орзулар янада узоқлашади. Узоқлашиб-узоқлашиб, кўзимизга кўринмай ҳам кетса керак бир кун. Биз эса кундалик икир-чикирларга ўралашиб-куймалашиб юраверамиз-юраверамиз… Шу тарзда умр ҳам ўтиб кетади. Мана, нималарни эслатганди Цойнинг қўшиғи бу гал…
Соат олтию қирқ… Энди жўнайверсам ҳам бўлади. Лекин яна бир оз кутишга аҳд қиламан. Кейин яна бир оз. Яна бир оз…
Орқада ғўнғир-ғўнғир товушлар эшитилади. Бошимни буриб, ўн қадамча нарида турган қизларни кўраман. Қизлардан бири — у бизнинг факультетни икки йил аввал битириб кетганди, ҳозир адашмасам, телевидениеда маъмур эди шекилли, — бош ирғаб мен билан саломлашган бўлади, мен ҳам худди шундай жавоб қайтараман. Ёнимдагилар ҳам таниш — шарқшунослик факультетининг қизлари, ҳар чоршанба бериладиган “Араб тилини ўрганамиз” кўрсатувида чиқишади. Ҳозир ҳаммалари телевидениедан келишяпти чоғи. Администраторнинг оёғида малласоч шеригимникига ўхшаш платформа туфли. Солиштириб кўраман — барибир шеригимники яхшироқ. Худди шу пайт малласоч мен томон ўгирилади. Фақат шу пайт… қизнинг хушрўйгина эмас, жуда-жуда гўзал эканини пайқайман. Кўзларининг ранги лол қолдиради, бунақасини умрим бўйи кўрмаганман — на кўкиш, на мовий, ва на зангори — ложувард ҳалқа билан ўралган оч настарин рангида. “Шунда мени унинг ҳусни-жамолидан кўра, кўзларидаги ҳеч кимнинг бошига тушмаган ғайритабиий ёлғизлик андуҳи ўзига ром этди…”1 Балки Марат ҳақдир — адабиёт чиндан ҳам яшаш қобилиятини сусайтирар…
Туннел қаъридан гувиллаб шамол эсади, бир оздан сўнг қизғиш чироқлар кўринади. Қиз сумкачасини елкасига осиб ўрнидан туради. Туйқус, бўйнидаги занжирга илиғлиқ хочни кўриб қоламан. Негадир кўнглим хира тортади… Қизнинг қомати жуда чиройли. Бўйи жуда баланд — бунақа бўй фақат фотомоделларга ярашади. Беихтиёр мен ҳам тараддудланаман. Энди тушунаман — боядан бери мени бу ерда ушлаб турган ҳам шу қиз экан.
Поезд яқинлашиши билан қиз бирдан яна ўриндиққа қайтади. Нима қиларимни билмай каловланаман… Вагон сари юрмоқчи бўламан — нимадир елкамдан босади. Яна ҳайкалдай қотган қиз томон жовдирайман… Эшиклар ёпилиб, вагон жойидан жилади… Поезд кетиб бўлгачгина ўз-ўзимдан аччиқлана бошлайман. Ким ўзи бу қиз, нега унга бунчалар ёпишиб олдим? Менга деса, шу ерда тунаб қолмайдими… Ногоҳ электрон соатга кўзим тушиб капалагим учиб кетади — еттидан ўн минут ўтибди! Э-э, кечирасан дугона, кутиш бўлса — шунчалик бўлар. Сен ҳам кечирасан, яхши қиз, сени билмадим-у, аммо менинг сабрим адо бўлди. Ҳали уйга бориб қиладиган ишларим қанча…
Лекин нақадар бемаънилик — нари кетиш ўрнига, мен ҳам жойимга қайтаман… Қиз нимадир дегандай бўлди. Ўгирилиб, лаблари ниманидир унсиз шивирлаётганини кўраман. Дуо ўқиётган каби гўё. Кейин у бўйнидаги хочни пайпаслайди. Бирдан қўли мушт бўлиб тугиладию силтаб хочни узиб олади… Йўқ, сесканиб тушмайман. Фақат ўша дақиқадан бошлаб вужудимда лоҳаслик сезаман. Нафас олишим қийинлашади. Ютинмоқчи бўламан — томоғимни шиша синиғидай бир нима тилиб ўтади. Қулоғим эса том битгандай…
Туннел ичида яна чироқлар кўринади… Тезроқ бу ердан даф бўлишим кераклигини биламан, аммо қимирлашга мадорим етмайди. Гўё ҳамон нимадир елкамни босиб тургандай… Вагонлар келиб кетаверади, келиб кетаверади…
Елкамда қўлнинг тафтини туяман. Сен… Дарров ёнимга ўтириб, бир нималарни тез-тез гапиришга тушиб кетасан. Кўринишинг ҳорғин. Ё менга шундай туюладими… Ора-сира елка қисиб, қўлларингни икки ёнга ёзиб қўясан — нега кеч қолганингни тушунтиряпсан, шекилли? Юзингда ялинчоқ ифода билан бош тебратишларингдан, узр сўраётганингни фаҳмлайман.
Қаршимизда вагонлар келиб тўхтайди. Сен ўрнингдан туриб “кетдикми?” дегандай ишора қиласан. Бир амаллаб қўзғоламан, шу ондаёқ кўзим тиниб, тиззаларим букилиб кетади. Албатта, буни сездирмасликка уринаман. Энг муҳими —қиз томон қарамаслик… Вагонга чиқаётиб ўзимни бўшлиққа қулаб тушаётгандай ҳис қиламан, кўнглим беҳузур бўлади. Эшиклар ёпилгани заҳот кўзимни чирт юмиб оламан. Сен бетоб эмаслигимни сўрайсан. Индамай бош чайқайман. Поезд шитоб билан туннел қаърига шўнғийди…
Ниҳоят ер устига чиқамиз. Кун ҳали ёп-ёруғ. Машина йўлини кесиб ўтишимиз билан, икки четини баланд акас дарахтлари эгаллаган қадрдон йўлка бошланади. Ёмғирдан сўнг қорамтир тусга кирган асфальтнинг у ер-бу еридаги катта-кичик кўлмакларни четлаб-четлаб илгари одимлаймиз. Қулоғимдаги шанғиллаш тиниб, устимизга “дув-дув” сув тўкканча шохдан-шохга сакраб юрган қушларнинг “чирқ-чирқ”ини эшита бошлайман. Бирдан сен “Бойчечак”ка кириб ўтишни таклиф қиласан. “Бойчечак” — ўттиз қадамча наридаги музқаймоқ кафеси, мактаб йиллари бу кафега тез-тез келиб турардик. Дарров бош ирғаб розилик билдираман. Туйқус кўнглим ёришиб кетади… Кеч қолиб бўлса-да, — сенинг келганинг, энди шу хушбўй акаслар остида бирга юриб бораётганимиз, олдинда эса ҳали “Бойчечак” кутаётгани… Ҳозир шулардан бошқаси ҳақида ўйламаслик кераклигини сезаман. Жилмаяман, юзимга тетик тус бериб, ўзимни сени берилиб тинглаётгандай кўрсатаман, ҳатто нималарнидир сўраб ҳам қўяман. Эгнингдаги янги — майда гулли шойи кўйлагингга эндигина назарим тушади. Бу мени бир оз ҳайрон қолдиради — янги кийимларингни фақат тўйдан кейин кия бошласанг керак деб ўйлардим. “Бойчечак”ка кирганимизда, ойна ёнидаги “доимий” жойимиз бўшлигини кўриб севиниб кетасан. Мендан дарҳол столни банд қилишни сўраб, ўзинг пештахта томон юрасан.
Курсини деразага яқинроқ суриб, ташқаридаги кўлмакларни кузатаман. Болалигимда, эски ҳовлида яшаган кезларимиз, ҳар гал ёмғирдан сўнг ҳовли юзида тўпланадиган кўлмакларни томоша қилишни яхши кўрардим. Кўлмакларда кўзни олар даражада кўм-кўк осмон, паға-паға оппоқ булутлар акс этарди; баъзан уларга яқинлашишдан чўчирдим — бехос бир қадам қўйсам бас, ўша осмон қаърига ғарқ бўладигандай… Яна хомуш тортиб қоламан. Ҳеч нима ҳақида ўйлагим келмайди. Тезроқ уйга кетишни истайман фақат.
Қўлингда музқаймоқли ликопчалар билан қайтиб келасан. Ўтиришинг биланоқ сумкангдан юпқагина конвертни чиқариб стол устига қўясан. Санаб кўришимни илтимос қиласан. “Кераги йўқ” дегандай қўл силтаганча конвертни яшираман. Остонада қий-чув кўтаришиб бир тўда қизалоқ пайдо бўлади. Икковимиз ҳам ғамгин кулимсираймиз — “Бойчечак”, турган гап, “мишиқилар”нинг макони…
Кафедан чиққанимизда эндигина ғира-шира қоронғилик тушаётган бўлади. Яна бояги йўлка билан ортга қайтамиз. Чап томонда — Николай II даврида қурилган, деразалари баланд-баланд уйлар. Улардан сўнг Пушкин номли рус мактабининг панжарали девори бошланади… Мактаб дарвозаси ёнида қўл беришиб хайрлашамиз. Хайрлашаётиб, сен яна бир марта бугунги кечикишинг учун узр сўрайсан. Кейин мен муюлишга кириб кетаман, сен трамвай бекати томон чопасан.
Негадир тўхтайман. Ўгирилиб ортингдан қараб қоламан. Сен чиқиб олишинг билан трамвай жойидан қўзғолади. Шу пайт бирдан… вужудимни нимадир тарк этаётгани, бир умрга тарк этаётгани — эрта тонг уйғонган маҳалим ҳаётимда ниманингдир ўрни бўм-бўш бўлишини ҳис қиламан. О, шу қадар аниқ ҳис қиламан буни ва бу мени шу қадар саросимага соладики, қичқирганча тобут… яъни трамвай ортидан югуришни ҳам (гарчи бу билан ҳеч нимани тўхтатиб қололмасам-да — ҳатто… трамвайни) ва ё турган еримда тошдай қотишни ҳам билмайман…
Августгача сен билан яна кўп бор учрашамиз, бир гал “Бойчечак”ка ҳам келиб-кетамиз ҳатто… Табиийки, тўйингда иштирок этаман. Умуман, ёз жуда файзли, осойишта ўтади.
Фалакнинг гардиши — кузда мен хорижга жўнаб кетаман. Ва шу билан сени ҳам, бу ўлканинг ёзини ҳам қайтиб кўрмайман. Лекин ўша оқшом — Н. бекати, малласоч қиз, сенинг шойи кўйлагинг, узоқлашаётган трамвай ва ўша трамвай билан бирга яна ниманингдир узоқлашаётганини кўнглим сезгани… мана шулар бир умр ёдимда қолади… Фақат ҳеч англаб етолмайман — нима эди у, мен билан видолашаётган? Телба кўнгил азобларими? Ёшлик шавқими ё ҳаёт завқи… Бахтмиди ё? Ё бахт соғинчи? Орзуларми, умидларми… илинжларми?
Ва ё шунчаки… тугаётган фаслнинг сўнгги оқшоми?..
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 3-сон